Click to listen highlighted text!

ЭСКРОУ – УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИДА ЯНГИ ТИЗИМ

photo_2024-10-07_16-04-19

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойлар қурилишида алдов, тушунмовчиликларга барҳам бериш учун уй-жой сотиб олиш бўйича кафолатли “эскроу” тизими жорий қилиниши қайд этилди.

Хўш, эскроу нима ўзи? Бу тизим уй-жой қурувчилари билан қурилиши тугалланмаган уйларни сотиб олувчилар ўртасида учрайдиган қандай муаммолар ва низоларга ечим бўла олади? Бу тизим миллий қонунчилигимизга қачон ва қандай тартибда жорий этилади?

Эскроу – инглизча “escrow” сўзидан олинган бўлиб, “пул ёки мол-мулкни сақлаш” деган маънони англатади. У моҳиятига кўра, ишнинг буюртмачиси, хизматнинг буюртмачиси ёки товар олувчиси томонидан тўланган пуллар, иккинчи томондан, ўз мажбурияти лозим даражада бажарилмагунга қадар тўланган маблағлар музлатилган ҳолда учинчи шахс томонидан сақланишини назарда тутувчи ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Бунда ишни бажарувчи, хизмат ижрочиси товарни топширувчида ишни бажарган, хизматни кўрсатганидан ёхуд товарни топширганидан сўнг унинг ҳақини ололмаслик хавфи камаяди. Ўз навбатида, иккинчи томон ҳам пулини тўлаганидан сўнг иш, хизмат ва ашёдан қуруқ қолиш хавфидан узоқ бўлади.

Англо-саксон ва романо-герман ҳуқуқлари оиласида “Escrow” (инглизча) ва “Treuhand” (немисча) механизмлари кенг тарқалган. Германияда эскроу ҳисоб­рақам очиш ва уни юритиш бўйича хизматларни нафақат банклар, балки нотариуслар, солиқ агентлари, аудиторлар ҳамда адвокатлар ҳам амалга ошириши мумкин.

Мисол учун айтадиган бўлсак, нотариус томонидан очилган эскроу ҳисобварағига мувофиқ (Notar-Anderkonto) нотариус олди-сотди шартномасининг бажарилишини назорат қилиб боради ҳамда шартнома шартлари бажарилгандан сўнг пулни сотувчига беради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳали қонунга эскроу ҳисобварағи шартномасига оид нормаларни киритмасдан туриб, бундай шартномани туза оламизми? Албатта. Чунки Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан тарафлар қонунчиликда назарда тутилмаган шартномани ҳам тузиши мумкин. Бинобарин, фуқаролик қонунчилигида қонун билан тақиқланмаган муносабатга киришишга, жумладан, шартномалар тузишга ҳеч қандай чеклов йўқ.

Бу борада хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат этадиган бўлсак, Россия Федерацияси Фуқаролик кодексининг 860-7-моддаси эскроу ҳисобрақам шартномаси ҳақида бўлиб, эскроу ҳисобварақ шартномаси бўйича банк (эскроу агент), агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, ҳисобварақ эгасидан (депозит қўювчидан) олинган маблағларни бошқа шахс (бенефициар)га ўтказиш мақсадида ҳисобга олиш ва хатлаш учун махсус эскроу ҳисобварағини очади. Эскроу ҳисобварағида сақланаётган пул маблағларига нисбатан ҳуқуқлар бенефициарда ҳисобварақдаги пулларни олиш ҳуқуқи пайдо бўлгунга қадар депозит қўювчига тегишли бўлади, ундан сўнг бенефициар ихтиёрига тушади.

Фуқаролик шартномаларини тузиш ва ижро этишда эскроу механизмидан фаол фойдаланиш юртдошларимизнинг мулкий ҳуқуқларининг бузилиши, пул тўлаб, кейинчалик мулксиз қолиб кетиши ва бошқа содир бўлиши мумкин бўлган салбий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш имконини беради. Қолаверса, бу судлар томонидан кўрилаётган низолар сонининг камайишига ҳам хизмат қилади.

Гулруҳ МАМАРАИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро

суди судьяси

#thegov_button_675d11265e64f { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675d11265e64f:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675d11265e64f { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_675d11265e64f:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!