МУЛК ҲУҚУҚИ КАФОЛАТИ ЁКИ ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА СУД ҲИМОЯСИ
Конституциямизнинг 65-моддасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кафолатланган, хусусий мулкнинг дахлсизлиги мустаҳкамланган. Асосий Қонуннинг 55-моддасида эса, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгиланган.
Мазкур конституциявий кафолатларнинг ҳаётдаги ифодаси, энг аввало, судлар томонидан мулкий низоларнинг қонуний ва асосли ҳал этилишида намоён бўлмоқда. Судда кўрилган қуйидаги фуқаролик иши ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Фуқаролар Маҳмуд Ҳикматов билан Олимахон Давлатова (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2012 йил 2 июлда қонуний никоҳдан ўтиб, оила қурган.
Турмушлари давомида икки нафар фарзандли бўлишган. Кейинчалик оилавий муносабатлари бузилиб, 2023 йилдан бошлаб алоҳида яшаганлар.
Биргаликда яшаган йиллари давомида 2010 йилда ишлаб чиқарилган “Дамас” ҳамда 2017 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия-3” русумли автомашиналарни харид қилганлар. Ҳар иккала транспорт воситаси ҳам М. Ҳикматовнинг номига расмийлаштирилган.
Оилавий муносабатлар бузилгач, О. Давлатова автомобилларни эр-хотиннинг умумий мулки деб эътироф этишни ва ўзига тегишли улушни пул шаклида ажратиб беришни сўраб, судга мурожаат қилди.
Жавобгар М. Ҳикматов автомобиллар никоҳ даврида сотиб олинганини тан олди. Бироқ “Нексия-3” автомашинаси кредит маблағи ҳисобидан харид қилингани, кредит мажбуриятлари эса, ҳали тўлиқ бажарилмаганини билдирди.
Шу тариқа суд олдида бир-бири билан узвий боғлиқ икки ҳуқуқий масала пайдо бўлди: автомобиллар эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланадими, улардан бири кредит ҳисобидан харид қилинган бўлса, қолган қарз мажбурияти қандай тартибда қопланади?
Бу саволларга жавоб топиш учун мулк кимнинг номига расмийлаштирилганини аниқлашнинг ўзи етарли эмас. Суд унинг қачон ва қайси ҳуқуқий асосда сотиб олингани, никоҳ муносабатлари даврида орттирилгани, шунингдек, кредит шартномасидан келиб чиққан мажбуриятларни текширишни лозим топди.
Гап шундаки, Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Мазкур қоидага кўра, эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобидан сотиб олинган кўчар ва кўчмас мол-мулклар улардан қайси бирининг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, умумий мулк таркибига кириши мумкин.
Айтайлик, оилада эр тадбиркорлик билан шуғулланади, хотин эса, фарзандлар тарбияси ва рўзғор ишлари билан банд. Никоҳ давомида автомобиль сотиб олиниб, эрнинг номига расмийлаштирилди. Бундай ҳолда хотин мустақил даромадга эга бўлмагани ёки автомобиль унинг номида эмаслиги сабабли ўз улушидан маҳрум бўлмайди.
Чунки қонун оилада меҳнат тақсимоти турлича бўлиши мумкинлигини тан олади. Фарзанд тарбиялаш, рўзғор юритиш ва оила фаровонлиги учун меҳнат қилиш ҳам эр-хотиннинг умумий ҳаётига қўшилган ҳиссадир.
Оила кодексининг 28-моддасида эса, умумий мол-мулк бўлинганда, никоҳ шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг ҳисобланиши белгиланган.
Албатта, ушбу қоида ҳар қандай мол-мулкни тенг тақсимлаш кераклигини англатмайди. Шунга кўра, суд мол-мулкнинг қачон олингани, никоҳ шартномаси мавжудлиги, у шахсий ёки умумий мулк эканини, шунингдек, қонунда назарда тутилган бошқа аҳамиятли ҳолатларни текширди.
Масалан, никоҳгача сотиб олинган ёки никоҳ давомида мерос ёхуд ҳадя тариқасида олинган мулкнинг ҳуқуқий мақоми никоҳ даврида умумий маблағ ҳисобидан харид қилинган мулкдан фарқ қилиши мумкин.
Бинобарин, суднинг вазифаси фақат мол-мулкни бўлиб бериш эмас, аввало, унинг ҳуқуқий мақомини тўғри аниқлашдан иборат.
Энди юқорида баён этилган фуқаролик иши таҳлилига қайтсак, 2022 йил 6 майда жавобгар ва тижорат банки ўртасида тузилган кредит шартномаси асосида беш йил муддатга, йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 76 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу кредит ҳисобига “Нексия-3” автомашинасини сотиб олиниб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган.
Банк маълумотларига кўра, 2024 йил 20 май ҳолатида кредит бўйича 54 миллион сўмдан ортиқ тўлов амалга оширилган, қолган қарздорлик эса, қарийб 57 миллион 698 минг сўмни ташкил этган.
Бу ҳолат мулкни бўлишда фақат автомобиль қиймати эмас, балки уни сотиб олиш билан боғлиқ молиявий мажбуриятлар ҳам ҳисобга олиниши лозимлигини кўрсатади.
Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида мазкур масалада умумий қарзлар ва оила манфаатлари йўлида вужудга келган мажбуриятлар ҳам инобатга олиниши қайд этилган.
Шунингдек, автотранспорт воситасини кимнинг фойдаланишида қолдириш муаммосини ҳал этишда суд автомобилдан амалда ким фойдалангани, унинг техник ҳолатига ким қараб келгани, ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжудлиги каби ҳолатларни ҳам эътиборга олади.
Бундай ёндашувда муҳим ҳуқуқий мантиқ бор. Яъни кредит ҳисобига сотиб олинган мулкни тақсимлашда фақат унинг қийматини ҳисобга олиб, қарз мажбуриятларини эътибордан четда қолдириш тарафлардан бирига асоссиз молиявий оғирлик юклаши мумкин.
Бироқ суднинг эр-хотин ўртасида умумий қарз мавжудлигини аниқлаши банк билан тузилган кредит шартномаси шартлари ўз-ўзидан ўзгаради, дегани эмас. Кредиторнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам муҳофаза қилиниши зарур.
Шу сабабли бундай низоларни ҳал этишда кредит ташкилотини суд муҳокамасига жалб қилиш ва унинг манфаатларига дахлдор ҳолатларни аниқлаш муҳим аҳамиятга эга.
Суд ўзининг ҳал қилув қарори билан О. Давлатованинг даъвосини қисман қаноатлантирди. “Дамас” ва “Нексия-3” автомобилларини эр-хотиннинг умумий улушли мулки деб топиб, ҳар бир тарафнинг улушини тенг миқдорда белгилади.
Жумладан, даъвогарнинг “Дамас” автомашинасидаги ярим улуши 24 миллион сўм, “Нексия-3” автомашинаси бўйича улуши эса, кредит учун тўланган маблағнинг ярми ҳисобидан 27 миллион 30 минг 737 сўм этиб белгиланди. Шу тариқа даъвогарнинг ҳар икки автомобиль бўйича жами улуши 51 миллион 30 минг 737 сўмни ташкил этди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар ушбу маблағни тўлиқ тўлаб бергач, автомобиллар унинг фойдаланишида қолдирилиши белгиланди.
Шунингдек, “Нексия-3” автомашинаси бўйича кредит маблағининг қолган қисми ҳам эр-хотиннинг умумий қарз мажбурияти сифатида баҳоланди. Бу билан, бир томондан, хотиннинг никоҳ даврида орттирилган мол-мулкдаги улуши ҳимоя қилинди; иккинчи томондан, кредит билан боғлиқ мажбуриятлар ҳам эътибордан четда қолдирилмади.
Мамлакатимизда фуқароликҳуқуқий муносабатлар барқарорлиги жамиятда мулк дахлсизлиги, иқтисодий эркинлик ва ҳуқуқий ишонч муҳитини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири, дейишга тўлиқ асослар бор.
Бундай муносабатларда суд ҳимояси алоҳида ўрин тутади. Чунки мулкий ҳуқуқлар бузилган ёки низолашилаётган ҳолатларда уларни қонун асосида тиклашнинг муҳим кафолатларидан бири — судга мурожаат қилиш имкониятидир.
Тожиддин МАДРАҲИМОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Наманган туманлараро суди раиси









