Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-07-04_17-17-25

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўрта бўғин судларида суд қарорларини кўриб чиқиш ва қонуний, адолатли ҳамда асосли бўлишини таъминлаш орқали фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти вужудга келди. Бу, ўз навбатида, тафтиш институтини ривожлантириш йўналишида давр ва жамият талабларига жавоб берадиган ўзгаришларни амалга ошириш масаласини кун тартибига қўйди.

Тафтиш – суд ҳужжатларини юқори инстанцияда ҳуқуқий жиҳатдан текшириш ва қайта баҳолаш жараёни бўлиб, суднинг қонуний кучга кирган қарорларига нисбатан қўлланилади.

Мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб суд ҳужжатларини қайта кў­риб чиқишнинг янги механизлари жорий этила бошланди. Бироқ узоқ изланишлар ва хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, 2024 йилдан янгича тартиб — бевосита тафтиш инстанцияси жорий қилинди.

Бу янгилик “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилди. Натижада ўтган қисқа даврда одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилди.

Бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Биринчи ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан қабул қилинган қарор ёки ажримда моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилинганлиги тафтиш тартибида ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.

Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда қуйи инстанция судлари иш юритувига ва ишнинг қонуний ечимига баҳо бериш билан бирга суд амалиётини бир хилда шакллантиришга эришилаётганини қайд этиш лозим.

Бошқача айтганда, тафтиш инстанция судлари судьяларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинди. Айни шу омил ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.

Соҳага татбиқ этилган янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтирмоқда. Шунингдек, иш бўйича барча ҳолатлар суд инстанциялари томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончи янада ошишига хизмат қилмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексининг янги таҳририда суд ҳужжатларини қайта кўриш учта босқич орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни, бу жараён:

• апелляция – биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан;

• кассация – қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг суд ҳужжати устидан;

• тафтиш – апелляция ёки кассация (тафтиш) инстанциясининг ажримлари устидан берилган шикоятлар юзасидан амалга оширилади.

Тафтиш институтида асосий урғу ҳуқуқий хато ва процессуал бузилишларни бартараф этишга қаратилган. Шу билан бирга, янги очилган ҳолатлар асосида ҳам суд ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Судлар томонидан тафтиш инстанциясида 2024 йилда кўрилган ишлар таҳлилига қараганда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан 4 минг 525 та тафтиш шикояти кўриб чиқилган. Бунда қуйи судларнинг 422 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 109 таси ўзгартирилган.

Олий судда ўтган йили 227 та шикоят юзасидан 89 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 26 таси ўзгартирилган. Яъни суд ҳужжатларининг қарийб 12 фоизи тафтиш тартибида ўзгаришга учраган.

Бу ҳолат суд қарорларини қабул қилишдаги хато ва камчиликлар ҳали ҳам мавжудлигини англатади. Шу боис, тафтиш институти фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини тиклашда муҳим механизм бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, тафтиш инстанциясида иш бўйича нафақат моддий ва процессуал қонун нормалари тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд муҳокамасини иш материаллари асосида ўтказиш орқали аниқланган камчиликни бартараф этиш ёхуд қайта апелляция ёки кассация инстанция судига юбориш ваколати ҳам берилгани жуда муҳим.

Бундан мақсад суд қарорлари барқарорлигини таъминлашдир.

Бу борадаги халқаро тажрибани мухтасар тарзда таққослама таҳлил қилиб кўрамиз.

Масалан, Францияда тафтиш вазифасини Кассация суди амалга оширади.

Бу суд моддий ҳуқуқ нормаларини эмас, фақат процессуал ҳуқуқ бузилишларини текширади. Россияда эса, назорат (“надзор”) институти мавжуд бўлиб, у ҳам прокурор ёки юқори суд раисининг протестига асосан, ишга қайта баҳо бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистондаги тафтиш институти, ушбу тажрибалардан самарали жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, миллий ҳуқуқий амалиётга мослаштирилган. Айниқса, суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш механизми қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлайди.

Ўз навбатида, тафтиш тартиби амалиётида айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда. Жумладан:

• ишга тараф сифатида жалб қилинмаган шахсларни тафтиш инстанциясида ишга жалб қилиш имконининг мавжуд эмаслиги;

• суд ҳужжатларининг етарли даражада асослантирилмаганлиги;

• шикоятларни кўриб чиқиш муддатларининг жуда қисқалиги;

• тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмаслиги ва кўриб чиқмаслиги каби омиллар шулар сирасига киради.

Қолаверса, тафтиш инстанциясининг судида:

• ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги;

• талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги;

• ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар мавжуд эмас. Шунингдек, қонунда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмаслиги каби ҳолатлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шу муносабат билан тафтиш инстанциясини такомиллаштириш бўйича айрим таклифларимизни билдирамиз.

Биринчи таклиф: судьялар малакасини ошириш курсларида республикадаги тафтиш амалиётини ўргатиш ва таҳлил қилиш.

Иккинчи таклиф: суд қарорларининг таҳлиллари ва статистик маълумотларини оммавийлаштириш, доимий суд амалиёти обзорлари базасини тайёрлаб, электрон шаклда шакллантириб бориш ишларини ташкил қилиш.

Учинчи таклиф: суднинг ҳар қандай босқичида, жумладан, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида ишга жалб қилинмаган тарафларни ишга жалб қилиш имконини берувчи “агар ушбу ҳолат ишни тўғри ҳал қилиш учун зарур ва шарт бўлса” деган аниқ қоидани қонун нормаси сифатида киритиш.

Тўртинчи таклиф: тафтиш тартибида шикоят бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддатни тиклашда узрли ҳолатларнинг аниқ рўйхати ва энг узоқ муддати чегарасини белгилаш.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш институти фуқаролик судловининг мустаҳкам пойдеворларидан бири сифатида шаклланди. Тафтиш инстанцияси орқали суд қарорларида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, суд адолатини таъминлаш мумкин.

Амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан ушбу институтни такомиллаштириш фақатгина суд тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиб, жамиятда қонун устувор бўлишини таъминламоқда ва адолатли суд тизимига ишончни мустаҳкамламоқда.

Ушбу омил, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг вақтлари ва судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилмоқда.

Икром АЛМАНОВ,

Омон САТТОРОВ,

Тошкент шаҳар судининг

 фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьялари,

Камолиддин Жалилов,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

photo_2025-07-04_16-05-25

36 ЙИЛЛИК ОРЗУ СУД ҚАРОРИ АСОСИДА УШАЛДИ

Маълумки, айрим юртдошларимиз ҳаётида узоқ йиллар мобайнида ечимини кутаётган муаммолар ҳам учраб туради. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Учкўприк туманида истиқомат қилувчи Ниғматулла бобо Умаровни узоқ йиллар бир муаммо қайнаб келарди. Гап шундаки, бобонинг фарзандлари қўшни республикада яшашади. Уларни кўргани борай деса…

Ниғматулла бобо 1938 йил 5 августда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Тожик қишлоғида туғилган. Кейинчалик қўшни Қозоғистон Республикасига кўчиб кетган. 1961-1979 йилларда Қозоғистоннинг турли идора ва хўжаликларида электромонтёр ҳамда инспектор вазифаларида ишлаган.

Бу даврда уйланиб, 8 нафар фарзанд кўрган. 1979 йил 5 март куни унга “И-КТ № 667795” рақамли собиқ иттифоқ паспорти берилган.

1989 йилда эса, Н. Умаров яна Учкўприк туманига кўчиб келган. Аммо собиқ Иттифоқ паспортини Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортига алмаштиролмаган. Бинобарин, шунча йил мобайнида туғилган қишлоғидан ташқарига чиқмаган.

Н. Умаров ҳужжатсиз бўлгани боис фарзандлари ҳар йили келиб, унинг ҳолидан хабар олиб туришади. Аммо улар Қозоғистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.

Учкўприк тумани адлия бўлими ходимлари Тожик маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги билан бирга “Ҳар бир уйга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси доирасида уйма-уй юришган пайтда Ниғматулла Умаровни 36 йилдан буён қийнаб келаётган муаммо аниқланди. Шу боис туман адлия бўлими томонидан Н. Умаровнинг 1989 йилдан буён Учкўприк тумани Тожик қишлоғида доимий яшаб келаётганлик фактини белгилашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Таъкидлаш лозимки, Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

2020 йил 13 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Ўзини Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади” дея белгиланган.

Суд ушбу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди: Н. Умаровнинг 1989 йилдан буён Учкўприк тумани Тожик қишлоғида доимий яшаб келаётганлик факти белгиланди.

Шундан сўнг Н. Умаровга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти (ID карта) берилди.

Бундан ташқари шу куни Учкўприк тумани давлат хизматлари маркази орқали Ниғматулла бобо Умаровнинг номидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимига қилинган мурожаат натижасида ёшга доир пенсия ҳам тайинланди.

Бир сўз билан айтганда, суд қарори асосида Ниғматулла бобо Умаровнинг 36 йилллик орзуси ушалиб, унинг бир йўла иккита ҳуқуқи тикланди. Энди у бемалол Қозоғистон Республикасига соғинган фарзанду невараларини кўргани бориб-келиши мумкин.

Бош Қомусимизнинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” деб, 138-моддасида эса, “Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир” дея қайд этилган.

Бугунги кунда судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг амалий ифодаси таъминланмоқда. Зеро, Президентимиз томонидан биз, судьялар олдига қўйилаётган талаб ҳам, аслида, шундан иборат.

Байрамали НОРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро суди судьяси

photo_2025-05-29_11-26-31

ҚИНҒИРЛИК БАРАКА КЕЛТИРМАЙДИ

Ҳаётда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар қайта-қайта жиноий қилмишга қўл уришига қарамай бундан тегишли хулоса чиқариш, тўғри йўлни топиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Масалан, В. Набижоновани шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Чунки у қирқ ёшга тўлгунга қадар бир эмас, икки эмас, нақ йигирма тўққиз марта жиноий қилмишга қўл урган. Аниқроқ айтганда, у кимнидир алдов йўли билан чув туширган, ниманидир ўғирлаган. Бунинг оқибатида “хавфли рецидивист” деб топилган.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, В. Набижонова 2023 йил 13 август куни, тахминан, соат 17.40 да алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида, пойтахтдаги йирик савдо мажмуасига бориб, телефон аппаратлари сотиладиган дўконга киради-да, сотувчидан “Samsung S22” телефон аппаратини кўрсатишни сўрайди. Ўз навбатида, сотувчи ёрдамчисига у сўраётган телефон аппаратини кўрсатишни буюради. В. Набижонова телефон аппаратини қўлига оларкан, атайдан уни айлантириб кўргандай бўлади-да, сотувчи ёрдамчисидан аппаратнинг қувватловчи USB симини ҳам кўрсатишни сўрайди. Уни ҳам қўлига олиб, синчиклаб кўраверади.

Аслида, у сотувчиларнинг бошқа ишга чалғиб қолишини — ўзига қулай фурсат пайдо бўлишини пойларди, шундай имкон бўлган заҳотиёқ қўлидаги телефоннинг пулини тўламай қочиб қолади. Буни кўриб, сотувчилар дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришади.

Судда маълум бўлишича, В. Набижонова ўғирлаган телефон аппаратини пойтахтимиздаги “Малика” бозорида нотаниш кишига 250 АҚШ долларига сотиб юборган экан.

Орадан уч ой ўтгач, аниқроғи, 2023 йил 20 ноябрь куни у яна жиноий қилмишга қўл уради: ўша куни соат 15 ларда у ўғли билан бирга тилла тақинчоқлар билан савдо қилувчи дўконда пайдо бўлади ва ўзининг 30 граммлик тилла буюмини сотиш ниятида эканини айтади. Сотувчи аёл унинг тилла буюмини ўлчаб кўради ва ҳар бир граммини 410 000 сўмдан сотиб олишини билдиради. Бунга В. Набижонова рози бўлгач, сотувчи жиянига қўнғироқ қилиб, 12 миллион 300 минг сўм олиб келишини тайинлайди. Орадан кўп ўтмай сотувчининг жияни пулни олиб келади. В. Набижонованинг ҳийла-найрангини қарангки, у пулни санаб олгач, шошиб ташқарига чиқади-да, аллаким билан телефон орқали гаплашиб, яна дўконга қайтиб киради. Сўнг дўкон эгасига юзланиб, узр, укам зарур бўлган пулни топибди, энди тилла буюмни сотишга ҳожат қолмабди, дейди. Шунинг учун пулни олиб, тилла буюмни қайтариб беришни сўрайди. Сотувчи унга эътироз билдирмайди ва тилла буюмни қайтариб беради. Буни қарангки, айни шу пайт В. Набижонованинг кутилмаганда яна фикри ўзгариб қолади, у сотувчига тилла буюмни узатиб, “бояги пулни бера қолинг, тиллани сотаман”, дея яна 12 миллион 300 минг сўмни олиб, шошиб дўкондан чиқиб кетади.

Дўконда В. Набижонованинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган сотувчининг жияни кўнглида шубҳа пайдо бўлади, у холасидан мижоз қолдирган тилла буюмни кўрсатишини сўрайди. Шунда улар тилла буюмни тарозига тортиб кўришса, В. Набижонова бошқа — аввалгисидан ҳажми анча кичик тилла буюмни бериб кетган экан. Шундан сўнг улар ҳам дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади.

Халқимиз “қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деб бежизга айтмаган. В. Набижонованинг қилмишлари ҳам тезда ошкор бўлди. Судда судланувчи В. Набижонованинг айби ўзининг қисман иқрорлигидан ташқари жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, юзлаштириш, нарсани қабул қилиб олиш ва кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси, ашёвий далил деб эътироф этиш ҳақидаги қарор ҳамда бошқа объектив далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топди.

Суд судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57, 59, 61-моддаларига асосан жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 68 000 000 сўм жарима ва 5 йил 11 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар ким пешона тери тўкиб, ҳалол яшаса, рўзғорига ҳам барака киради, ҳам кўнгли хотиржам бўлади. Афсуски, В. Набижонова бу йўлдан бормади, аксинча, ўзига — аёл шаънига қинғирликни раво кўрди. Қинғирлик эса, ҳеч қачон барака келтирмайди.

Буни эсдан чиқармаслик лозим.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани суди раиси

photo_2025-04-15_18-28-32

ОИЛА-НИКОҲ ИНСТИТУТИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ҳар бир жамиятнинг равнақида унинг бирламчи бўғини бўлмиш оиланинг ўрни беқиёсдир. Оила институти фуқаролик жамиятининг муҳим таянч нуқтаси ва барқарор пойдеворидир. Зеро, айни шу муқаддас даргоҳда инсон дунёга келади, улғаяди, маънан ва ахлоқан тарбия топади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги кафолатланган. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятлари, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқликка асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратади.

Ўз навбатида, Оила кодексига кўра, никоҳ фақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар эр ёки хотиннинг аризасига биноан судлар томонидан ҳал этилади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратиш бўйича жами 4 минг 505 та иш кўриб, тамомланган. Шундан 4 минг 134 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, айни кўрсаткич 2023 йилда 4 минг 232 тани ташкил этганди.

Бошқача айтганда, кўрилган ишлар сони 2024 йилда 2023 йилдагига нисбатан 154 тага, судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш белгиланган ишларнинг сони эса, 182 тага камайган.

Судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш, фарзандларнинг келажагини таъминлаш ва оиладаги вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбурлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига кўра, улардан бундай таклиф чиқмаган ҳолатда эса, ўз ташаббусига кўра, ишнинг кўрилишини кейинга қолдиришга, эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача муҳлат белгилашга ҳақли.

Бу муҳлат мобайнида ҳам оилани сақлаб қолиш масаласи барибир судларнинг эътиборидан четда қолмайди. Қонунчиликка биноан, суд яраштириш учун берилган муддатда эр-хотинни яраштириш мақсадида жамоатчилик асносида қўшимча чора-тадбирларни кўриш учун суд ажрими нусхаларини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинларига юбориши лозим.

Судлар томонидан якуний қарор қабул қилишда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосаларини олиш ҳам муҳим ўрин тутади.

Судьялар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда асосий эътиборни имкони борича оилаларни сақлаб қолиш билан бир қаторда, бу борада профилактика чора-тадбирларини татбиқ этишга ҳам қаратадилар.

Кейинги пайтда жамиятимизда аёлларнинг оилавий зўравонликка учраши ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтмоқчиманки, оилавий зўравонлик кўринишларига нафақат жисмоний зўравонлик, балки иқтисодий ва маънавий зўравонликлар ҳам киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Афсуски, бир жиҳатдан, ҳуқуқий маданият даражасининг етарли бўлмаганлиги оқибатида жамиятимизда аксарият қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари қўпроқ содир этилмоқда. Ваҳоланки, қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган бўлади.

Ўз-ўзидан, бу тоифадаги аёллар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оила мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли никоҳни расмийлаштиришда, албатта, қонунга риоя қилиш муҳим.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, қонун томонидан яратилган имкониятлардан бири — никоҳ шартномасини тузишдир. Оилани мустаҳкамлаш кафолати саналувчи ушбу шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мол-мулкига доир ҳуқуқий тартиботни аниқлаштирувчи муҳим ҳужжатдир.

Оилаларни мустаҳкамлаш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида 2024 йил февраль ойидан бошлаб, “Оила судьялари” ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан соҳага оид қонун нормалари, ҳуқуқий ҳужжатлар ва суд амалиётини ўз ичига олган 500 дан зиёд нусхада ҳуқуқий қўлланмалар чоп қилиниб, барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилди. Бундан мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, оилавий низоларнинг олдини олиш, никоҳ ва оила муносабатларини мустаҳкамлашдир.

Бу борадаги ишларни келгусида янада кучайтириб борамиз. Зеро, мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом муҳитни вужудга келтириш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиш воситасида жамиятимиз равнақига ҳисса қўшишдан иборат.

Бахтиёр Алимжонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси

photo_2025-04-01_17-14-28

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ЖАВОБГАРНИНГ ЎЗАРО ЯРАШИШИ, МАЪМУРИЙ ИШНИНГ ЭСА ТУГАТИЛИШИГА АСОС БЎЛДИ

Инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик ва йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларни ўзида мужассам этган ярашув институти бугунги кунда миллий қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган эзгу мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим вазифа – ўтмиш асоратларидан имкони борича тезроқ халос бўлиш, шахс, унинг яқинларига жисмоний ва маънавий азоб берадиган, унинг қадр-қимматини камситадиган жазо турлари, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида амалда қўлланишини таъминлаш зарур эди.

Шу мақсадда ривожланган демократик давлатларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган тамойил ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга янги қоидалар киритилгани, айниқса, бу борада 2001 йил 29 августдаги жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ҳақидаги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ушбу қонун асосида миллий қонунчилигимизда илк бор ярашув институти жорий этилди, Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилгани муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилди.

Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён ўтган қарийб йигирма уч йил давомида қонунчилик янада такомиллаштирилиб, уни амалда қўлланиш доираси тобора кенгайиб бораётгани — унинг вақт синовларидан муваффақиятли ўтаётгани, жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилаётганидан дарак беради.

Мазкур институт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам қўлланила бошланганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”даги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қонунга асосан, ярашилгани муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, А. Даминов кундуз куни ўзи ёқтирадиган қизнинг яшаш уйи ёнига келиб, уни пойлаб турган. Қиз уйдан чиқиб, автомашинасига ўтираркан, эшигини ёпаётган пайтда А. Даминов унга тўсқинлик қилган. Бу ҳам етмагандек, у қизга тегажоқлик ҳам қилган. Қиз ундан нега бундай қилаётганини сўраганида, у телефон рақамини беришни сўрайди. Қиз эса, телефон рақамини бермайди, аксинча, бу ердан кетишни, уни тинч қўйишни талаб қилади. Аммо А. Даминов ўз билганидан қолмайди, қизга тегажоқлик қила бошлайди.

Шундан сўнг қиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга мажбур бўлади…

Суд терговида А. Даминов ўзининг қилмиши оқибатини тушуниб етгани, қаттиқ пушаймон эканини билдириб, кечирим сўради.

Судда жабрланувчи А. Даминов ўзидан астойдил кечирим сўрагани учун унинг узрини қабул қилганини, улар ўзаро ихтиёрий ярашганини, ҳуқуқбузар билан ўзаро ярашиб олишгани муносабати билан маъмурий ишни тугатишни сўради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасига мувофиқ, ушбу кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс, агар у ўз айбига чин дилдан иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Суд А. Даминов ва жабрланувчининг ярашганлик тўғрисидаги аризаларини инобатга олиб, маъмурий ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-10-моддаси 1-бандига мувофиқ, ҳаракатдан тугатишни лозим топди.

Шунингдек, жабрланувчига ушбу иш юзасидан такроран судга шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотганлиги тушунтирилди.

Буни баён қилишдан кўзланган мақсад шуки, агар ярашув институти амалга жорий этилмаганда, А. Даминов ҳуқуқбузар сифатида қилмишидан қанчалик пушаймон бўлмасин, барибир жазо олар, натижада оиласи, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлиб қоларди.

Ярашув институти уни ана шундай хижолатпазликдан халос этди ва ҳаётда ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмаслиги тўғрисида тасаввур уйғотди.

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман судининг

тергов судьяси

photo_2025-03-25_11-54-09

БОСҚИНЧИЛАР ҚИЛМИШИ ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Бу ҳаётда дастлаб тасодифдек бўлиб туюладиган қайсидир воқелик вақт-соати келгач, аслида, қисмат синови бўлиб чиқади. Шунда бу воқеа иштирокчиси нафс қутқусига учиб, бировнинг мулкига кўз олайтириш нечоғли тубанлик эканини англаб етади. Афсуски, бу пайтда кеч бўлади — хатони тузатишнинг имкони қолмайди.

Мисол тариқасида айтсак, Ўткир (исм-шарифлар ўзгартирилган) пойтахтда ишлаб юрарди. Бир куни кунлик иш бозорига чиққанида, “BMW” русумидаги автомашинада бир кекса киши келиб тўхтади-да, иш борлигини айтди: уйни бир сидра тозалаш керак экан.

Ўзаро келишиб олгач, Ўткир машинага ўтирди. Улар Ҳамид Олимжон номидаги метро бекати яқинидаги кўп қаватли уйлардан бирининг тўққизинчи қаватига кўтарилишди.

Ўткир тезда ишга киришди, ҳадемай буюрилган ишни бажарди. Хизмат ҳақини олгач, кейинчалик иш чиқиб қолса, айтарсиз, деб телефон рақамини уй эгасига қолдирди. У жабрланувчи билан шу тариқа танишди.

Халқимиз “Меҳнат икки кўздан иссиқ” деб бежизга айтмаган. Чиндан ҳам, астойдил меҳнат қилиб, ишингни битирган киши кўзингга яқин кўринади, у билан ўзаро таниш-билишчилик ришталари боғланади. Бу гал ҳам шундай бўлди: уй эгаси Эркин аканинг Шайхонтоҳур туманидаги ҳовлисида мавсумий ишларни бажаришга тез-тез ишчи кучи керак бўлиб турарди.

Унга яқинда танишган Ўткир маъқул туюлди: оёқ-қўли чаққон ишчан йигит экан. Шундай хаёлга борган уй эгаси бир куни Ўткир билан боғланиб, уни ҳовлисига олиб бориб, мўлжаллаган ишларни кўрсатди. Ўткир бу гал ҳам ҳамма ишларни виждонан бажарди. Буни кўриб, хонадон соҳибининг унга ишончи ортди.

Тез орада улар ўртасида мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. Шу боис Эркин ака Ўткирнинг ижарада туришини эшитгач, уни уйига яшашга таклиф қилди. Шундан сўнг Ўткир ҳовлида яшай бошлади.

2019 йилнинг охирларига келиб, Ўткир махсус курсда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди ва Эркин аканинг ҳовлисида турган носоз автомашинани бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олди.

Шундан сўнг орадан ўтган 5 йил ичида улар бир-бири билан янада қадрдон бўлиб кетишди.

2024 йилнинг кузида Ўткир Чирчиқ шаҳрида таниши Саидни учратиб қолади. Ўзаро гурунг чоғида Ўткир Эркин ака ҳақида гапириб қолади: пули кўп экани, лекин ишлаган пулларини тўлиқ бермаганини айтиб, ёзғиради.

Шундан сўнг иккаласи Эркин аканинг пулларини ўғирлаш ҳақида ўзаро жиноий режа тузишади.

Кейин эса, икковлон жиноий режани амалга оширишга киришади. Аввало, Ўткир Саидга Эркин аканинг ҳовлисини ташқи томондан кўрсатади. Саид эса, ўйланиб туриб, бу иш иккаласининг қўлидан келмаслигини, бунга таниши Ҳамдамни ҳам жалб қилиш зарурлигини айтади. Ўткир ҳам бунга рози бўлади.

2024 йил 5 сентябрь куни Ўткир, Саид ва Ҳамдам учрашишади. Улар ўзаро тил бириктириб, Эркин аканинг ёши ўтиб қолгани, бунинг устига, эр-хотин алоҳида-алоҳида яшашини муҳокама қилишади, сўнг уйдан ўғирланган нарсаларни тенг бўлиб олишга келишади.

Эртаси куни соат 20.00 лар атрофида Ўткир билан Саид автомашинада Чирчиқ шаҳридан Чилонзор туманига етиб келишади. Уларни Ҳамдам ва унинг укаси Норбек кутиб олади. Сўнг Ўткир уларни Эркин аканинг уйига бошлаб келади. Ҳовли эшигини Эркин ака очади ва Ўткир бегона кимсалар билан бирга келганини кўриб, бирдан авзойи бузилади. У Ўткирнинг қўлига ишлаган пулининг қолган 75 минг сўмини бериб, энди кетинглар, дейди. Улар ҳовлидан чиққач, дарвозани ёпиб қўяди.

Буни кўриб, жиноий режалари чиппакка чиққанидан тўртовлон баттар дарғазаб бўлишади. Ўзларича Эркин аканинг ҳовлиси дарвозасини очишга уриниб кўришади, аммо бундан бирон-бир натижа чиқмайди.

Шунда Ҳамдам ғалати таклифни айтиб қолади: “Эркин акани эшикни очишга кўндириш учун қизлардан фойдаланиш керак!”

Буни эшитиб, Саид дарҳол Умида ва Севара исмли таниш қизларга қўнғироқ қилади. Қизлар етиб келишгач, уларга жиноий режани айтишади.

Аввалига қизлар иккиланишади, аммо ўғирликдан улуш олишни эшитгач, рози бўлишади.

Эртаси куни кечки пайт соат 20 ларда Ҳамдам билан Севара яна Эркин аканинг ҳовлиси қаршисида пайдо бўлишади: олдиндан келишилган режага кўра, эшик қўнғироғини Севара босади. Кутилганидек, эшикни Эркин аканинг ўзи очади.

Аммо у нотаниш кишиларга кўзи тушиб, бирдан авзойи ўзгаради ва бақир-чақир қилиб, бу ердан кетишни талаб қила бошлайди. Шу пайт Ҳамдам вазиятдан фойдаланиб, Эркин акани ҳовли ичкарисига судраб олиб киради-да, унинг юзига бир неча марта мушт туширади: уй эгаси бу зарбларга бардош бера олмай ҳушидан кетади. Шундан сўнг у шерикларига қўнғироқ қилиб, тезда етиб келишни буюради. Шериклар етиб келишгач, Умида билан Севара автомашинада қолади, қолганлар босқинчиликни амалга ошириш учун ичкарига киришади. Босқинчилар бир зумда ҳаммаёқни тинтиб чиқишади. Улар ертўлага тушишганда, сейфга кўзлари тушади. Аммо сейф қулфланган, уни очишнинг иложи йўқ эди. Шу боис босқинчилар Эркин акадан сейфнинг калитини беришни талаб қилишади. Эркин ака эса, ҳеч нарсани айтмайди. Шу пайт Ҳамдам қўл телефони ёритгичини ёқиб, нариги хонага ўтганида, қандайдир аёлга кўзи тушади. Аёл қаттиқ қўрқувга тушгандан дағ-дағ қалтирарди. Ҳамдам уни кўрган заҳотиёқ бирдан дўқ уради, бойлигини беришни талаб қилади.

Буткул қўрқувга тушиб қолган аёл шоша-пиша сумкасидан 500 АҚШ доллари ва 700 минг сўмни чиқариб беради.

Шундан сўнг Ҳамдам аёлдан сейфнинг калитини топиб беришни талаб қилади. Аёл буткул саросимага тушган кўйи калит қаерда сақланишини билмаслигини айтади. Шунда Ҳамдам аёлнинг қўлидаги тилла билакузукка кўзи тушиб, уни ҳам тортиб олади.

Айни шу пайт Ҳамдамнинг укаси Норбек ҳовлиққан куйи Эркин ака ҳушига келгани ва кўчага қочиб чиққанини айтиб қолади. Буни эшитиб, босқинчилар бирдан ҳушёр тортишади ва шоша-пиша воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

Эртаси куни Ҳамдам “Авиасозлар” бозорига бориб, босқинчилик йўли билан қўлга киритган тилла билагузукни нотаниш аёлга 10 миллион сўмга сотиб юборади.

Ўткир билан Саид эса, Чирчиқ бозорида ўғирланган тилла тақинчоқларни сотаётган маҳал ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинади.

Умуман айтганда, босқинчилар жабрланувчиларга жами 60 727 600 сўм миқдорида моддий зарар етказишган эди.

Бундан ташқари боқинчилар суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Эркин Шамсиевга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказишган.

Судда айбланувчилар қилмишларига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдиришди. Суд “жиноятга жазо — муқаррар” тамойилига қатъий амал қилди. Бинобарин, Ўткир Ҳасанов, Саид Турсунов ва Ҳамдам Тўйчиев Жиноят кодексининг 164-моддаси ва 127-моддаси тегишли бандлари билан айбдор деб топилиб, узил-кесил — 11 йил, ушбу жиноий қилмишнинг бошқа қатнашчиларига эса, 7 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, ўзганинг мулкига тажовуз қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаган. Чунки бировнинг ризқ-насибаси бошқа бировга буюрмайди. Ушбу мудҳиш жиноий қилмиш иштирокчилари ҳаётнинг шу ҳақиқатини вақтида англаб етганларида гулдек умрини темир панжара ортида ўтказишга мажбур бўлишмасди. Демак, ҳаётда инсонни фақат ҳалоллик улуғлайди, нопок қилмиш эса, бадном қилади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Акмал Мирзахонов,

жиноят ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туман

судининг судьяси,

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман

судининг тергов судьяси

photo_2025-03-14_16-53-21

СУДНИНГ АДОЛАТЛИ ҚАРОРИ НОҲАҚЛИК ВА ДИЛХИРАЛИКЛАРГА БАРҲАМ БЕРДИ

Қўшработлик Икром Мардиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ташвишли бир воқеани бошидан ўтказди.

Гап шундаки, у туманнинг “Оқтепа” ҳудудидан ўғлининг номига янги уй-жой қурганди. 2024 йил 11 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими мутахассислари мониторинг ўтказиб, 5567-контурда 348 квадрат метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, деган хулосага келишади ва ушбу ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишади.

Аммо И. Мардиқулов қўлидаги мавжуд ҳужжатларни кўрсатиб, мулк эгаси унинг ўғли Олмос Бердиқулов эканлигини қанча тушунтирмасин, унинг сўзларига ҳеч ким қу­лоқ солмайди. Аксинча, 2024 йилнинг 26 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи Б. Суюновнинг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорига асосан И. Мардиқуловга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми бўйича 56 миллион 250 минг сўм жарима жазоси тайинланади.

Албатта, бундан И. Мардиқулов норози бўлади ва судга мурожаат қилади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, ким ҳақ, кадастр агентлиги мутахассисларими ёки ҳуқуқбузар деб топилган И. Мардиқулов?

Бу саволга судда тўлиқ ойдинлик киритилди.

Бу ҳақида фикр юритганда, шуни айтиш керакки, 2020 йилда Самарқанд вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ эгаси сифатида И. Мардиқуловнинг ўғли Олмос Икром ўғли номига кадастр йиғма жилди тайёрланган. Ҳужжат ўша пайтдаги филиал раҳбари Ф. Қўчқаров, филиал бош муҳандиси С. Эшмаматов ва ижрочи М. Абдуазизов томонидан имзоланган ҳамда филиал муҳри билан тасдиқланган. Кадастр йиғма жилди тайёрланган пайтда ушбу ер майдонида бир хонали уй ва битта ёрдамчи хона бўлган.

Судда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бош инспектори, гувоҳ Н. Толибованинг кўрсатмаси масалага янада аниқлик киритди.

2020 йилда ушбу кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган бўлса-да, ушбу ҳужжатдаги ер участкасининг кадастр рақами электрон дастурга киритилмаган. Мониторинг ўтказиш пайтида ҳужжатда ёзилган кадастр рақами базада мавжуд бўлмаган. Шу сабабли, бино ноқонуний қурилган деб топилган. Иморатлар расмийлаштирилган кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди ҳужжати доирасида қурилган, четга чиқилмаган.

Маълумки, амалдаги қонунчиликда ерга нисбатан ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, ҳуқуқбузар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар содир этаётганини англайди ва бу ҳаракатни содир этишни хоҳлайди.

Мазкур кодекснинг 11-моддасида эса, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайриҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланиши қайд этилган.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, И. Мардиқулов ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширмаган. Чунки 2020 йилда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган ва 2024 йил 11 ноябрь куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилганига қадар И. Мардиқулов ушбу ерни ўғли О. Бердиқуловники деб ҳисоблаган ҳамда қурилиш ишларини амалга оширган.

И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширишга қаратилган қасд, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.

Шу сабабли, суд Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими раҳбарининг 2024 йил 26 ноябрдаги QSAM 2424105697037-рақамли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси биринчи бандига асосан, иш юритишдан тўхтатди.

Юқорида баён қилинган воқеа давлат идоралари ходимлари ўз фаолиятида ўта эътиборли бўлиши лозимлигини, шошмашошарлик билан иш тутиш оқибати қимматга тушишини кўрсатади.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, И. Мардиқулов бу ташвиш бошига тушганда, довдираб қолмай қонуний йўл тутди, ушбу низога ойдинлик киритишни сўраб, судга мурожаат қилди. Гувоҳи бўлганингиздек, суднинг адолатли қарори ноҳақликка ва бир оила аъзоларининг дилхираликларига барҳам берди.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани судининг

тергов судьяси

photo_2025-02-28_19-21-51

АДОЛАТ ВА ОҚИЛОНАЛИК ТАЛАБИ ИШНИНГ ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПИШИГА АСОС БЎЛДИ

Маълумки, судда низонинг адолатли ечим топиши томонлар манфаатига мос тушади, ҳеч кимда эътирозга ўрин қолдирмайди. Ёки аксинча, биринчи босқич судида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмагани Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддасига кўра, суд ҳужжатини апелляция тартибида ўзгартиришга асос бўлади.

Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, 2022 йилнинг 2 февраль куни Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиали 2-хирургия бўлимига бемор С. Раҳмонбердиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўткир аппендицит ташхиси билан ётқизилган. Афсуски, беморнинг жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтган, шундан сўнг унинг иккала оёғи ҳам ишламай қолган.

Хўш, нега бундай бўлди? Бунга ким айбдор?

Бу саволга Республика суд-экспертиза илмий-амалий марказининг 2022 йил 18 апрелдаги 31-сонли экспертиза хулосасидан аниқ жавоб топиш мумкин. Унда қайд этилишича, операция муолажаси жараёнида анестезиолог шифокор А. Қулмаматов анестизияни техник жиҳатдан нотўғри қўллаган. Орқа мия асаб толалари зарарланиши оқибатида беморнинг оёқлари ишламай қолган. Бу “ўртача оғир” тан жароҳатлари тоифасига киради.

Айтиш керакки, анестезиолог А. Қулмаматов ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 116-моддаси асб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, терговга тортилади. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилади. Судда А. Қулмаматов С. Раҳмонбердиевани соғлиғи тиклангунга қадар тўлиқ даволатишни ўз зиммасига олади.

Шундан сўнг тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ушбу жиноят иши ҳаракатдан тугатилади.

Аммо А. Қулмаматов судда берган ваъдасини унутади, сўзида турмайди, С. Раҳмонбердиевага умуман ёрдам кўрсатмайди.

Табиийки, бундан норози бўлган С. Раҳмонбердиева А. Қулмаматовга нисбатан моддий ва маънавий зарарлар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Воқеанинг давоми шундай кечади: фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2024 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилади. Жавобгар А. Қулмаматовдан даъвогар С. Раҳмонбердиева фойдасига 10 миллион 32 минг 500 сўм моддий ва 30 миллион сўм маънавий зарар, жами 40 миллион 32 минг 500 сўм, шунингдек, 1 миллион 81 минг 300 сўм давлат божи ундирилиши белгиланади.

Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар А. Қулмаматов апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўрайди.

Шу ўринда судда кўрилаётган ушбу иш бўйича амалдаги қонун талабига эътибор қаратадиган бўлсак, Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Буёғини эшитсангиз, даъвогар С. Раҳмонбердиева РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали “Неврология бўлими”да 2022 йил 2 февралдан — 5 апрелга қадар, Гулистон шаҳар шифохонасида 2023 йилнинг 14 апрелидан — 24 апрелигача, 28 августдан — 4 сентябргача, 25 октябрдан — 3 ноябргача ва 2024 йил 22 майдан — 31 майга қадар даволанган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар тиббиёт муассасаларида даволанган вақтида ўзининг ҳисобидан 10 миллион 32 минг 500 сўмлик дори воситаларини сотиб олган. Бу дори-дармонларнинг жами нархи “Дори-дармон” акциядорлик компанияси Сирдарё вилояти минтақавий бўлими томонидан 2024 йил 28 августда тақдим этилган 01-05/187-сонли хатда ҳамда APTEKA.UZ интернет-сайтидаги маълумотда аниқ кўриниб турибди.

Даъвогарнинг маънавий зарар ундириб бериш тўғрисидаги даъвосига тўхталадиган бўлсак, миллий қонунчилигимизда бу борада аниқ мезонлар белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, маънавий зарар уни етказувчининг айби билан содир бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан пул билан қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда, зарар етказувчининг айби даражасига қараб, суд томонидан аниқланади. Муҳим жиҳати, зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.

Биринчи босқич суди моддий зарарни ундиришда даъвогар шифохоналарда даволанган вақтида ўз ҳисобидан дори-дармон сотиб олиш учун қилинган харажатларни шифохона томонидан берилган маълумотдан келиб чиқиб, даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Шунингдек, маънавий зарарни ундиришда жавобгар А. Қулмаматовнинг жиноий ҳаракатлари натижасида даъвогар С. Раҳмонбердиеванинг “ўртача оғир” тан жароҳати олганлиги, бу эса, даъвогарнинг маълум муддат давомида ҳаракатланиши чекланишига олиб келганлиги, ҳозирги кунга келиб ҳам, соғлиғи тўлиқ тикланмаганлиги, даволаниш муддати ҳали давом этаётгани, она сифатида фарзандига ғамхўрлик қила олмаётганлиги, қийинчиликлар вужудга келаётганлиги, шунингдек, эшитиш қобилияти ҳам йўқолганлигини инобатга олган.

Жавобгар А. Қулмаматов ўзининг апелляция шикоятида суд ажрими билан айбдор деб топилмаганлиги, унга нисбатан ҳукм чиқарилмаганлиги, даъвогар томонидан тўлов чеклари тақдим этилмаганлиги, жиноят судининг ажримида моддий зарар қопланганлиги кўрсатилганлигига эътибор берилмаганлиги, иш бир тарафлама кўрилганлиги ҳақидаги важларни келтирган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Фуқаролик процессуал кодексининг 372-2-моддасига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги суд ҳужжатини апелляция тартибида ўзгартишга асос бўлади.

Биринчи босқич суди жиноят ишлари бўйича суднинг ажримида даъвогар С. Раҳмонбердиева зарарлар қоплаб берилганлиги ҳақида кўрсатма берганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, 2022 йил 2 февралдан 2022 йил 5 апрелга қадар бўлган даврдаги харажатларни ундириш ҳақида нотўғри хулосага келган. Шунингдек, маънавий зарар миқдорини бироз кам баҳолаган.

Мазкур ҳолатда даъвогар С. Раҳмонбердиеванинг 2023 йил 14 апрелдан 24 апрелгача, 28 августдан 4 сентябргача, 25 октябрдан 3 ноябргача ва 2024 йил 22 майдан 31 майга қадар даволанган давридаги сарф-харажатлари миқдори 2 миллион 399 минг 500 сўмни ташкил этган.

Апелляция инстанцияси шикоятда келтирилган важларни ва тарафларнинг тушунтиришларини муҳокама қилиб, жавобгар ўзининг ҳаракатлари билан жиноят содир қилганлиги суднинг ажрими билан исботлангани, натижада даъвогар “ўртача оғир” тан жароҳати олганлиги, соғлиғини тиклаш учун даволанганлиги, жисмоний ва маънавий азобланганлигини инобатга олиш лозим, деган тўхтамга келди. Биринчи босқич судининнг ҳал қилув қарорини ўзгартириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2 миллион 399 минг 500 сўм моддий ҳамда 40 миллион сўм маънавий зарар ундиришни лозим топди.

Шунингдек, судлов ҳайъати моддий зарар миқдоридан ва маънавий зарар ҳақидаги талаб учун жавобгардан жами 1 миллион 20 минг сўм миқдорида давлат божи ундирди.

Қонунчилигимизда етказилган зарарни ундириш юзасидан белгилаб қўйилган оқилоналик ва адолатпарварлик талабининг тўлиқ таъминланиши, гувоҳи бўлганингиздек, бир фуқаролик ишининг ҳаққоний якун топишига асос бўлди.

Бекзод ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Сирдарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

photo_2025-02-28_19-04-58

ТАНГ АҲВОЛГА ТУШГАЧ, ҒАРАЗЛИ МАҚСАДГА КЎЧДИ

Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидаси бор. Зотан, ҳамма бирдек амал қилиши талаб этиладиган қонунларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.

Шу ўринда фикримизни судда муҳокама қилинган бир жиноят иши мисолида давом эттирадиган бўлсак, Собир Равшанқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 18 июнь куни соат, тахминан, йигирма иккиларда Пахтакор тумани ҳудудида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, ҳеч қандай ҳужжатларсиз танишига тегишли бўлган “Nexia-2” русумли автомашинани бошқариб келаётганида Жиззах вилояти ИИБ ЖХҲ ЙХҲБ инспектори О. Каримов томонидан тўхтатилади. Ҳайдовчи транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст холда, ҳужжатларсиз бошқарганлиги учун тегишли тартибда баённома расмийлаштирилади, автомашина эса, қонунда белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилади.

С. Равшанқулов эса, айбини тан олиш ўрнига маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолиш чораларини излашга тушади: у шундай мақсадда Пахтакор тумани ИИБ ЙХҲБ маъмурий биносига боради-да, инспектор С. Бобоёровга учрашади. Мақсади — маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан қўлланилаётган жаримани енгилроғига алмаштириш ва автомашинани жарима майдончасидан чиқариб кетиш эди. Бунинг эвазига у инспектор С. Бобоёровга 3 миллион сўмни пора сифатида таклиф қилади.

Ўз навбатида, инспектор унга бундай ҳаракат жиноят эканлигини батафсил тушунтиради. С. Равшанқулов эса, ўз билганидан қолмайди, инспекторга пора таклиф қилиб, уни ҳол-жонига қўймайди. Ҳатто у пора бериши оқибатида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини такрор-такрор эшитса-да, яна масалани пул билан ҳал қилмоқчи бўлаверади. Шундан сўнг С. Бобоёров Жиззах вилоят ИИБ раҳбариятига С. Равшанқуловга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, билдирги билан мурожаат қилади. Натижада Пахтакор туман прокуратураси ҳамда ИИВ ШХББ Жиззах вилояти бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади.

Шундай қилиб, С. Равшанқулов 100 АҚШ доллари ва 1 миллион 800 минг сўмни пора тариқасида С. Бобоёровнинг хизмат хонасидаги иш столининг тортмасига солиб қўйган чоғида тезкор тадбир вакиллари ва холислар иштирокида қўлга олинади…

Айтиш керакки, С. Равшанқуловнинг жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан малакаланади.

Маълумки, Конституциямизнинг 20-моддаси 4-қисмида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган. Ушбу конституциявий қоидани қайд этишдан мақсад шуки, судланувчи С. Равшанқуловнинг соғлиғи яхши эмас. Аниқроқ айтганда, Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг маълумотномасига кўра, у даволанишга муҳтож, қолаверса, оилада ягона боқувчи, шунингдек, қарамоғида ёрдамга муҳтож кекса ота-онаси бор. С. Равшанқуловнинг ўзи эса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олганда, судланувчига нисбатан қилмиши малакаланган модда санкциясидаги озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

Шу боисдан, суд С. Равшанқуловга қилмиши малакаланган Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазосини тайинлашни лозим топди. Ашёвий далил деб топилган 100 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 800 минг сўм эса, тегишли тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтганда, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, 33 ёшли С. Равшанқуловнинг бошига тушган ташвишларга бошқа биров эмас, балки унинг ўзи сабабчи бўлди. Чунки спиртли ичимлик ичиб, ҳеч бир ҳужжатсиз танишига тегишли транспорт воситасини бошқариб, кўчага чиқмаганида бундай кутилмаган дилхираликларга рўбарў келмас, натижада фарзандлари ризқини қийиб, суд ҳукми билан тайинланган 17 миллион сўм жаримани тўлашга мажбур бўлмасди.

Бу қилмиши ҳам етмагандек, у танг аҳволда қолгач, вазиятдан осонлик билан қутулиб кетиш мақсадида, давлат хизматчисига пора таклиф қилди ва ноқонуний қилмишига яраша қонуний ҳамда адолатли жазога тортилди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, ҳаётда қонун талабини ҳурмат қилган, ҳалоллик ва адолатни умрининг мезони деб билган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Қонун талабини бузиш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Ўлмас САТТАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтакор тумани

судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-02-07_16-41-24

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: АМАЛИЁТ ВА ТАКЛИФЛАР

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва шу аснода тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Юртимизда қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Кейинги саккиз йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз борганда, жумладан, тадбиркорлар манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар уларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини ошираётганини таъкидлаш лозим.

Тадбиркорларга кенг имконият ва шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.

Шу асосда қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасида иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш иқтисодий судларнинг вазифаси этиб белгиланган.

Тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган низоларни кўриб чиқиш асосий вазифаларидан бири бўлган иқтисодий судлар низоларни кўриш жараёнида ҳуқуқ ва қонунни қўллаш билан бирга тадбиркорлик фаолияти принципларини ҳам ҳимоя этишлари даркор. Негаки, тадбиркорликни ривожлантиришга замонавий ёндашув мамлакатимиз ва жаҳондаги ўзаро муносабатлар тартибини белгилаб беради.

Бунда, айниқса, “Ўзбекистон – 2030″ стратегиясида мамлакатимизда иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Янада муҳими, 2023 йил 30 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатларни ривожлантириш истиқболларининг тубдан яхшиланишига, тадбиркорлик ҳуқуқи принципларининг самарали ҳаётга татбиқ этилишига қулай имкон яратди.

Асосий қонунимизда давлатнинг барқарор иқтисодий ўсишига ёрдам берадиган конституциявий устуворликларга эътибор қаратилди. Бу ўринда, жумладан, ижтимоий адолат ва бирдамлик, фуқаролар фаровонлигини ошириш, бозор иқтисодиёти ва ҳалол рақобатни ривожлантириш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат эркинлиги принциплари конституциявий ифодасини топгани ҳақида сўз бормоқда.

Агар Наманган туманлараро иқтисодий судлари томонидан тадбиркорлик субъектлари қандай ҳуқуқий ҳимояси қилинмоқда деган саволга рақамлар мисолида жавоб берадиган бўлсак, 2023 йилда 2 минг 286 та иқтисодий низо доирасида тадбиркорлар манфаатига 286,4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириб берилганини таъкидлаш лозим. Бу кўрсаткич 2024 йилда янада кўпайди ва 314,7 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этди.

Ушбу рақамлар аввало иқтисодий судларга бўлган ишончнинг ортиб бораётганидан далолатдир. Қолаверса, бу борадаги ишлар кўлами ва ундирилган маблағ салмоғи иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик фаолияти принципларини янада кенгроқ ҳимоя этиш зарурлигини кўрсатади.

Бунга биргина ҳаётий мисол: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси даъвогар “Kiyahta Import Group 2022” масъулияти чекланган жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Umum Baraka Savdo Invest” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 1 500 000 000 сўм қарздорликни ундиришни сўраган.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо берди. Шу асосда тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантирди.

Айтиш лозимки, иқтисодий низоларнинг юзага келишига асосий сабаблардан бири айнан жавобгар тадбиркорлик субъектлари ёки давлат идоралари томонидан тадбиркорлик фаолияти принципларига риоя қилинмаётгани, қолаверса, бу принциплар судлар қарорларида ҳам етарлича қўлланилмаётгани ва тадбиркорлик фаолияти принциплари бузилганига тизимли баҳо бериб борилмаётгани билан боғлиқдир.

Албатта, бунинг учун, фикримизча, соҳа қонунчилигини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятига янада аниқ ва лўнда таъриф бериш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда мавжуд матнни қуйидаги янги таҳрирда беришни таклиф қиламиз: “Тадбиркорлик – жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳамда тадбиркорлик фаолияти принциплари асосида амалга ошириладиган, ўз таваккалчилиги ва мулкий жавобгарлиги остида тизимли равишда даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятдир”.

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда инсофлилик принципини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш тақозо қилинмоқда. Шу мақсадда Фуқаролик кодексининг 9-моддаси тўртинчи қисмидан “тадбиркорлар эса – иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари” деган сўзларни чиқариб ташлаш ва мазкур қисм матни қуйидаги тушунча билан тўлдирилса, мақсадга мувофиқ бўларди: “тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини инсоф билан, бир-бирининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ҳалоллик ва бир-бирига ишончга асосланган хулқ-атвор қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши шарт”.

Учинчидан, тадбиркорлик субъектларини контрагентларнинг инсофсиз ҳаракатларидан ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш давр талабидир. Шунинг учун Иқтисодий процессуал кодексини қуйидаги мазмундаги янги модда билан тўлдиришни таклиф этамиз: “суд бир томоннинг (томонларнинг) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида бошқа томоннинг қонуний манфаатларига бепарволик билан ёки алдаш ёхуд ҳуқуқни суиистеъмол қилиш йўли билан адаштириш билан ифодаланган инсофсиз хатти-ҳаракати фактини аниқлаб, ўз мажбуриятларини бузган томоннинг айбдорлигининг исботи сифатида инсофлилик принципи бузилиши фактини баҳолайди”.

Тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини тартибга солувчи миллий қонунчиликда ва маҳаллий юридик адабиётларда тадбиркорлик фаолияти принципларининг ягона, яхлит рўйхати мавжуд эмас. Шуни инобатга олиб, Тадбиркорлик кодексида тадбиркорлик фаолияти принциплари тизимини қонунан мустаҳкамлаб қўйиш лозим.

Шунингдек, судлар иқтисодий ишларни кўриш чоғида тадбиркорлик субъектларининг хатти-ҳаракатларини улар томонидан қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти принципларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда баҳолаши масалалари ҳам қонунчилигимизда ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мухтасар айтганда, тадбиркорлик фаолияти принципларини қасддан бузган ваколатли ва мансабдор шахсларга нисбатан судлар томонидан уларнинг ҳаракатларига баҳо берилиши шарт. Бунда судлар томонидан жавобгарлик чораларини кўришнинг аниқ ҳуқуқий механизмини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Шуҳрат Шералиев,

Хуршиджон Умаров,

Наманган туманлараро

иқтисодий суди судьялари

#thegov_button_6a12648ec5238 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a12648ec5238:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a12648ec5238 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a12648ec5238:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!