Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-01-13_23-04-06

ТАДБИРКОРНИНГ СУДГА МУРОЖААТИ ТАФТИШ ИНСТАНЦИЯСИДА ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Мамлакатимизда 2024 йил 1 январдан буён судларда иш юритиш жараёни билан боғлиқ бир қатор янги таомиллар ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, ишларни тафтиш тартибида кўриш институти жорий этилди.

Бу ўзгаришларнинг асосий мақсадларидан бири суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишдан иборат. Бунда, шунингдек, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, пировардида қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш орқали халқимизнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш кўзда тутилган.

Натижада низоларни тафтиш босқичида кўриш жараёнида қуйи инстанция судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлиги ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлиги иш материаллари бўйича текширилиб, тарафлар суддан рози бўлиб чиқиб кетишларига эришилмоқда. Андижон вилояти маъмурий судининг тафтиш инстанциясида кўриб чиқилган қуйидаги иш ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи “W F” (фирма номи қисқартирилган) масъулияти чекланган жамияти судга ариза билан мурожаат қилиб, вилоят солиқ бошқармасининг 2022 йил 30 ноябрдаги, шунингдек, Солиқ қўмитасининг 2023 йил 26 декабрдаги тегишли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган. Андижон туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 27 июндаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантиришдан рад қилинади.

Андижон вилоят маъмурий судининг кассация инстанцияси ҳам 2024 йил 11 сентябрдаги тегишли қарори билан қуйи судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиради. Масъулияти чекланган жамият вакили бу гал энди тафтиш шикояти билан суднинг эшигини қоқади. Хўш, тадбиркор нимадан норози эди?

Аниқланишича, Андижон вилоят солиқ бошқармаси биринчи ўринбосарининг 2022 йил 3 октябрдаги буйруғига асосан, юқорида номи тилга олинган масъулияти чекланган жамиятда 2021 йил январь-декабрь ойларидаги 12 ойлик фаолиятида қўшимча қиймат солиғи, фойда солиғининг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши бўйича камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган. Текширув муддати 2022 йил 3 октябрдан 3 ноябргача деб кўрсатилган.

Солиқ бошқармасининг 2022 йил 6 октябрдаги яна бир буйруғи билан юқоридаги буйруқнинг 1-бандига 2021 йил январь-декабрь ойлари фаолиятидаги қўшилган қиймат солиғи, 2021 йил январь – 2022 йил август ойлари фаолиятидаги жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ, 2022 йил январь – сентябрь ойлари фаолиятидаги фойда солиғи, 2021 йил январь – декабрь ойлари фаолиятидаги фойда солиғи, шунингдек, 2022 йил январь – сентябрь ойлари фаолиятидаги қўшилган қиймат солиғи, деб ўзгартиш киритилган. Шунингдек, камерал солиқ текшируви муддати 2022 йил 15 ноябрга қадар узайтирилган.

Қолаверса, масъулияти чекланган жамиятда сайёр солиқ текшируви ўтказилиши ҳам белгиланган. Сайёр солиқ текшируви далолатномасида жамиятга қарашли омбор мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Бошқарманинг 2022 йил 15 ноябрдаги буйруғи билан камерал солиқ текшируви муддати 16 ноябрга қадар узайтирилган.

Солиқ бошқармаси томонидан ўша йилнинг 15 ноябрь санасида тадбиркорлик субъектига йўлланган хабарномада солиққа оид ҳуқуқбузарлик далолатномаси лойиҳаси билан танишиш ҳамда имзолаш учун эртасига – 16 ноябрь куни солиқ органига келиши сўралган. Айни санада камерал солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш юзасидан далолатнома расмийлаштирилган бўлса-да, бироқ масъулияти чекланган жамият раҳбари томонидан имзоланмаган.

Қолаверса, 17 ноябрь куни масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботларига тузатиш киритиш ҳақида бошқарманинг талабномаси юборилган. Талабномада:

• камерал солиқ текширувида жамият томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларида тафовутлар, яъни хатоликлар аниқланиб, камерал солиқ текшируви натижаси бўйича қўшимча солиқлар ҳисобланганлиги;

• 2022 йил 1 январдан 30 сентябрь ойлари учун қўшилган қиймат солиғи бўйича 32 миллион 240 минг 118 сўм, 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 август ойлари учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ бўйича 1 миллиард 849 миллион 993 минг 440 сўм ҳисобланганлиги маълум қилинган.

Жами тафовут суммаси 1 миллиард 882 миллион 233 минг 558 сўм эканлиги кўрсатилган. Талабнома олинган кундан эътиборан 5 кунлик муддат давомида аниқланган тафовутларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда асослантириш ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозимлиги маълум қилинган.

Шундан сўнг солиқ бошқармаси томонидан 2022 йил 30 ноябрда камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, ушбу масъулияти чекланган жамиятга нисбатан 1 миллиард 882 миллион 233 минг 558 сўм миқдорида солиқ ва тўловлар қўшимча ҳисобланган.

Тадбиркор Андижон вилояти солиқ бошқармасининг бу қароридан норози бўлиб, Солиқ қўмитасига мурожаат қилади. Аммо қўмита томонидан унинг мурожаати қаноатлантирилмайди.

Кейинчалик солиқ органи қарорларидан норози бўлиб судга киритилган ариза, юқорида қайд этилганидек, биринчи ва кассацияси инстанцияларида қаноатлантиришдан рад қилинади. Низо бўйича тафтиш инстанциясига қадар бўлган жараённинг асосий тафсилотлари шу.

Шу тариқа Андижон вилояти маъмурий судининг тафтиш инстанцияси тадбиркорнинг шикояти асосида зикр этилган масалани атрофлича кўриб чиқди. Бу жараёнда тўпланган ҳар бир ҳужжатни синчиклаб ўрганди ва якунда судлов ҳайъати бир қатор асосларга кўра, қуйи судларнинг хулосалари билан келишмаслик хусусидаги тўхтамга келди.

Тафтиш инстанцияси томонидан тайинланган суд-бухгалтерия экспертизаси хулосасига кўра, масъулияти чекланган жамиятнинг 2021-2022 йиллардаги фаолияти юзасидан камерал солиқ текшируви солиқ қонунчилиги ва амалдаги қонунларга асосан солиқ органига жамият томонидан тақдим этилган баланс, молиявий, солиқ ҳисоботлари, банк маълумотлари, электрон ҳисобварақ фактураларининг ўзаро таҳлили асосида ўтказилган.

Масъулияти чекланган жамиятнинг устав фондининг камайтирилиши масаласини ўрганишда, жамият ташкил топган 2018 йил 22 майдан, текшириш ўз ичига олган давригача барча ташкилий ҳужжатлар, устав фонди белгиланиши, иштирокчилари, уларнинг ҳақиқатда қўшган улушлари тўлиқ ўрганилмаган, деб ҳисоблаш мумкин.

Солиқ органи камерал текшириш далолатномасини тузиш ва қарор қабул қилишда жамиятнинг баланс маълумотларида ўзгаришлар асоси ҳисобланган бошланғич ҳужжатлар ўрганилмасдан, солиқ ва тўловлар қўшимча ҳисобланиши юзасидан барвақт тўхтамга келинган.

Маълумки, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан, жамият иштирокчилари жамиятнинг устав фондидаги ё устав капиталидаги ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу қонунда ва жамиятнинг уставида назарда тутилган тартибда мазкур жамиятнинг бир ёки бир неча иштирокчисига сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш ва жамият бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, ушбу қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда жамиятдан чиқишга ҳақлидир.

Солиқ кодексининг 304-моддасига асосан иштирокчилар таркибидан чиқиш (чиқиб кетиш) чоғида устав фондига (устав капиталига) қўшилган ҳисса доирасида олинган ёки иштирокчининг улуши миқдорини камайтириш, шунингдек, тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулкини иштирокчилар ўртасида тақсимлаш чоғида олинган маблағлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди. Бироқ солиқ органининг низолашилаётган далолатномасида ва қарорида жамиятга нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 1 миллиард 882 миллион 993 минг 440 сўм ҳисобланганлиги тўғрисида ҳуқуқий асос кўрсатилмаган.

Солиқ кодексининг 165-моддаси тўққизинчи қисмида “Солиқ органи текширув далолатномаси кўриб чиқиладиган сана, вақт ва жойи тўғрисида солиқ тўловчини кўриб чиқиш бошланадиган кунга қадар камида икки иш куни олдин хабардор қилади” деб белгиланган. Шундай бўлса-да, солиқ бошқармаси томонидан 2022 йил 16 ноябрь куни жамият раҳбарининг солиқ органига келиши ва далолатнома лойи­ҳаси билан танишиши, уни имзолаши тўғрисидаги хабарнома бир кун олдин юборилган.

Бошқача айтганда, Андижон вилоят солиқ бошқармаси Солиқ кодексининг 165-моддасида белгилаб қўйилган талабларига риоя қилмаган. Оқибатда солиқ бошқармасининг далолатномаси жамият раҳбарининг иштирокисиз кўриб чиқилган ва далолатнома жамият раҳбари ёки унинг вакили томонидан имзоланмаган.

Эътибор бериш зарур бўлган яна бир жиҳат: солиқ бошқармаси далолатномасининг 9-бандидаги “Текширилган солиқлар номи ва қамраб олинган даври” графасида масъулияти чекланган жамиятда қамраб олинган солиқ даври нотўғри кўрсатилиб, солиқ бошқармасининг 2022 йил 6 октябрдаги тегишли буйруғи билан ўзгартириш киритилган солиқ даври далолатномада ёзилмаган.

Бундан ташқари солиқ текшируви материаллари 2022 йил 30 ноябрда кўриб чиқилиб, шу сана билан баённома расмийлаштирилган. Аммо баённомадан кўринишича, ўша куни масъулияти чекланган жамият вакиллари солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишда қатнашмаган.

Шунингдек, Андижон вилоят солиқ бошқармасининг 2022 йил 30 ноябрдаги қарорида масъулияти чекланган жамиятнинг солиқ органига юборган жавоблари ва жамиятнинг фикри акс эттирилмаган. Бу билан Солиқ кодексининг 166-моддаси талаблари бузилган.

Солиқ кодексининг 157-моддаси учинчи қисмига кўра, солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу Кодексда белгиланган талабларга риоя этмаслик юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Тафтиш инстанцияси суди ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, қуйи судларнинг қарорларини бекор қилди. Андижон вилояти солиқ бошқармаси ва Солиқ қўмитасининг тегишли қарорларини ҳам ҳақиқий эмас, деб топди.

Мухтасар айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга бўлган ишончини қозониш ниҳоятда муҳим. Чунки тадбиркорлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинишига ишонган жамиятда иқтисодиёт барқарор ривожланади. Бундай барқарорлик эса, халқнинг турмуш даражаси юксалишига ҳамда юрт тараққиётига хизмат қилади.

Ойбек Баракабаев,

Андижон вилояти

маъмурий суди раиси

photo_2025-05-06_15-55-43

ШАРТНОМАВИЙ МАЖБУРИЯТГА ЭЪТИБОРСИЗЛИК ҚИММАТГА ТУШДИ

Аввало шуни айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 353-моддасига биноан, шартнома икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишувидир. Табиийки, шартнома имзолангач, тарафларда ўртасида мажбурият юзага келади.

Бинобарин, Фуқаролик кодексининг 234-моддасида “Мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабат бўлиб, унга асосан, бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи, мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади” дея қайд этилган.

Бу ҳақда фикр юритганда, шартнома тарафларидан бири зиммасидаги мажбуриятни талаб даражасида бажармаса, табиийки, ўртада низо келиб чиқади. Ўз навбатида, шартномавий низолар иқтисодий судларда кўриб чиқилиб, ҳал этилади.

Масалан, “Фарғона кластер” масъулияти чекланган жамият мутасаддилари ҳам зиммаларидаги шартномавий мажбуриятга эътиборсиз қараши оқибатида низо келиб чиқди. Бу ҳақда батафсил фикр юритганда, 2023 йил 15 сентябрда “Фарғонадон кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси билан Қўштепа туманидаги “Ферузбек нурли замин” фермер хўжалиги ўртасида бошоқли дон харид қилиш бўйича 33-сонли фьючерс шартномаси тузилган. Шунга кўра, фермер хўжалиги деҳқонлари куз ойидан то 2024 йил июнь ойига қадар тер тўкиб меҳнат қилишади. Натижа кўзланганидан ҳам зиёда – 320 тонна ҳосил етиштирилиб, корхонага топширилади. Бироқ “Фарғонадон кластер” масъулияти чекланган жамият мутасаддилари маҳсулотнинг бир қисми ҳақини тўлашади, аммо асосий қарз — 301 миллион 58 минг сўм тўланмай қолиб кетади. Ҳатто фермер хўжалиги раҳбарининг қарздорликни бартараф этиш юзасидан йўллаган талабномаси ҳам оқибатсиз қолдирилади.

Шу ўринда юқорида қайд этилган шартноманинг 4.2.-бандига эътибор қаратсак, унда етказиб берилган маҳсулот ҳақи ўз вақтида тўланмаган тақдирда, корхона ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи, лекин 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорида пеня тўлаши белгиланган. Шу боис фермер хўжалиги раҳбари Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгардан асосий қарз ва пеняни ундириб беришни сўради.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Фарғона вилоятидаги “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамият раҳбари ҳам хоразмлик ҳамкори — Гурлан туманидаги “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги раҳбари билан тузилган шартнома шартларига амал қилмайди.

Маълум бўлишича, 2024 йил 26 апрель куни имзоланган шартномага кўра, “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамият фермер хўжалигига томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияси материаллари ҳамда ускуналарини етказиб бериши, қолаверса, хўжалик ер майдонларида монтаж ишларини сифатли бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шартномада белгиланган иш ҳажми 127 миллион сўмни ташкил этган. Бунинг учун фермер хўжалиги шартноманинг 6.1-банди талабига риоя қилиб, шу куннинг ўзидаёқ дастлабки бўнак тариқасида 87 миллион 500 минг сўм маблағни ўтказиб берган. Шартноманинг айни бандига мувофиқ, пудратчи тўлов амалга оширилган кундан эътиборан ишларни бажаришга киришиши шарт эди.

Афсуски, “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамият шартномавий мажбуриятини буткул унутиб қўяди. Ҳатто фермер хўжалиги раҳбари унга расмий равишда мурожаат ҳам қилади. Лекин тадбиркор ваъдасининг устидан чиқмайди. Бинобарин, Гурлан тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамиятдан фермер хўжалиги фойдасига 87 миллион 500 минг сўм маблағни пеня билан бирга ундириш ва пудрат шартномасини бекор қилиш юзасидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Фуқаролик кодексининг 357-моддасида эса, шартнома тузилган пайтдан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади, дея қайд этилган.

Суд юқорида қайд этилган қонуний асосларга таяниб, иккала даъво аризани ҳам қисман қаноатлантирди. Яъни “Фарғонадон кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси ҳисобидан “Ферузбек нурли замин” фермер хўжалиги фойдасига 301,5 миллион сўм асосий қарз, 18,5 миллион сўм пеня: “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамиятдан “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги фойдасига 87,5 миллион сўм асосий қарз, 12,8 миллион сўм пеня ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бошқача айтганда, шартнома шартларига нисбатан беписандлик билан қараш жавобгарларга қимматга тушди. Шунингдек, суд қарорида “Vodiy maxsus texno montaj” масъулияти чекланган жамият ва “Soliy Xorazchi” фермер хўжалиги ўртасида 2024 йил 26 апрель куни имзоланган 1/107/1-сонли пудрат шартномасини бекор қилиш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида айтганда, иқтисодий судлар фаолиятидан тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимояланган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Жамиятимиз тараққиётини таъминловчи катта куч — тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий судининг раиси

photo_2025-03-28_11-14-48

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ: ҚОНУНЧИЛИК НАЗАРИЯСИ ВА СУД АМАЛИЁТИ

Айнан шу долзарб мавзу бугун Олий судда бўлиб ўтган конференцияда кенг муҳокама этилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов конференцияни кириш сўзи билан очар экан, бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш йўлида қатъий қадамлар қўйилаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни халқаро принциплар ва андозалар асосида такомиллаштириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2022 йил 28 октябрда янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Кодексда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар белгиланди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар ўз аксини топди.

Жумладан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун камситишларга йўл қўймаслик, ҳар бир ходимга меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, энг асосийси, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги янгиланган Конституцияда қатъий муҳрланди.

Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар туфайли мамлакатда фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Ўз навбатида, 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш бериб ўтилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф. Эшматова, Бош прокурор ўринбосари С. Артикова, Адвокатлар палатаси раиси Ш Садиков, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқшунос олимлар ва адвокатлар, қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этган бугунги анжуманда маълум қилинганидек, ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларига оид 13 065  та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан даъво аризаларининг 7 913 таси ёки 60,6 фоизи қаноатлантирилган. 91,8 млрд. сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан 6 965 та суд буйруғи чиқарилган.

Судларда кўрилаётган меҳнат низоларининг аксариятини ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик, меҳнат таътили билан боғлиқ низолар, пулли компенсация ундириш ва бошқа низолар ташкил этади.

Меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштиришда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан прокуратура органлари томонидан моддий зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида судларга 2024 йилда 94 та даъво ариза киритилган бўлиб, уларнинг 88 таси қаноатлантирилган.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ўтган йилда кўрилиб, тамомланган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклашга оид ишлар умумлаштирилди. Умумлаштириш натижаси бўйича Фуқаролик процессуал қонунчилигига меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни умумий тарзда бир ой муддатда кўриб чиқилиши юзасидан таклиф берилди.

Бугунги тадбирда йиғилган тажрибали мутахассис ва экспертлар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўриш амалиёти, мехнат қонунчилигига риоя қилинишида прокурорнинг роли, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби, давлат ташкилотларини қайта ташкил этиш ва уларнинг бўйсунувини ўзгартиришда меҳнат қонунчилигини тўғри қўллаш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама қилди.

Шунингдек, анжуманда Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнат-ҳуқуқий муносабатларда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат текширувларини ўтказиш ва ходимларга интизомий жазоларни қўллаш тартиби ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш асослари, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларига оид масалалар ҳам кўтарилиб, ўзаро тажриба алмашилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат қонунларини қўллашда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва бу борадаги янгича назарий қарашлар, меҳнат соҳасида қонунчиликни таъминлаш, амалиётда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

photo_2026-03-11_11-49-10

ЭКСПЕРТНИ ЧАЛҒИТГАН ДАЛИЛ НОҲАҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАНИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Инсон тақдири – ўйинчоқ эмас. Айбсиз одамга айб тўнкаб, ноҳақ жазога тортиш муқаддас динимизда оғир гуноҳ сифатида қораланади. Конституциямизда эса, инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Чунончи, Конституция ва қонунларимиз ҳар бир шахсни ҳимоя қилади, ҳеч кимнинг асоссиз ва адолатсиз жазога тортилишига йўл қўймайди.

Қуйидаги жиноят иши тафсилотлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Чунки маъмурий ҳуқуқбузарлик иши номақбул далил туфайли жиноят ишига айланиб кетган ва судланувчига ноҳақ жазо тайинланишига сабаб бўлган.

Ҳаммаси бир-бирини танийдиган, тўй-маъракаларда бирга қатнашадиган одамларнинг арзимас сабаблар билан ораларига совуқчилик тушганига бориб тақалади.

Элёрнинг оиласи билан Ф. Ҳақбердиевлар (жабрланувчи ва гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) ўртасида аввалдан келишмовчилик бор эди. Фахриддин 2024 йил 10 июнь куни ўзи ижарага олган боққа ишлагани борса, Элёр қорамолларини боғлаб қўйибди. Ўртада жанжал чиқади. Э. Усмонов уни аввал ҳақоратлайди, кейин қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказади.

Шу куни уларнинг ҳар иккаласи Когон шаҳар шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилган. Ф. Ҳақбердиевнинг бурнида синиш аниқланмаган. 

Ички ишлар бўлими профилактика инспектори Элёрни маҳалла биносига чақириб, ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгар бўлишини айтган. Бор-йўқ гап шундан иборат.

Бироқ орадан эллик кун ўтиб, 30 июлда ички ишлар бўлими терговчиси Элёрга қўнғироқ қилади-да, устидан жиноят иши қўзғатилганини айтади.

Қисқаси, тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши судга ўтказилади.

Биринчи босқич суди Э. Усмоновни Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлайди.

Судланувчи Э. Усмонов суд ҳукмига нисбатан ҳимоячи иштирокида вилоят судига апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилади. Апелляция шикоятида жиноий жазога тортилишига асос бўлган жанжал чоғида жабрланувчининг бурни синмагани, иккала тиббий экспертиза хулосаси ҳам бир эксперт томонидан берилгани, жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, жиноят ишини тугатиш ва оқлов ҳукми чиқариш сўралади.

Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган. Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Судлар адолатли, қонуний ва асосли ҳукм чиқаришларида қонунчилигимизда белгилаб қўйилган юқоридаги мезонларга қатъий амал қилишлари зарур. Бу борада Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарорида ҳам раҳбарий тушунтириш берилган.

Бироқ иш ҳолатларидан аниқ бўлдики, биринчи босқич судида қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмасдан, Э. Усмоновга нисбатан асоссиз ҳукм чиқарилган. Бунга ҳар иккала экспертиза хулосалари бир эксперт томонидан берилганига эътибор қаратилмаганини кўрсатиш мумкин.

Шунингдек, биринчи босқич суди судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги важларини қайта ва комиссион суд-тиббий экспертиза хулосаларини олиш орқали ўрганиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаган. Жабрланувчида тан жароҳатларининг мавжудлиги, уларнинг оғирлик даражасига аниқлик киритмасдан Э. Усмоновни жавобгарликка тортган.

Гувоҳ С. Рўзибоев иш бўйича тиббий экспертизадан ўтказганда жабрланувчининг бурни сингани ҳақида хулоса берган. Э. Усмонов жабрланувчининг бурни синганига эътироз билдиргач, Когон шаҳар ички ишлар бўлими тергов гуруҳи терговчиси Ш. Мамадиёровнинг қарори асосида қўшимча тиббиёт экспертизаси ўтказилган. Бухоро вилоят шифохонасида рентген қилиниб, Ф. Ҳақбердиевнинг бурун соҳаси синганлиги аниқланган ва бу ҳолат эксперт хулосасида ёзилган.

Аммо бемор Ф. Ҳақбердиевни кўрикдан ўтказган ва даволаган шифокорларнинг судда берган гувоҳликлари экспертиза хулосаларига мос эмас, аксинча, уларни инкор қилади. Хусусан, туман поликлиникаси шифокори М. Ҳайитмуродова жанжал бўлган куннинг эртасига, яъни 11 июнь куни тиббий кўрикдан ўтказганида бемор Ф. Ҳақбердиев унга бурни синганини айтган.

Агар бурун синганида унинг устида шиш бўлиши керак эди. Лекин бурун синиши аниқланмаган, кўз атрофи кўкарган бўлган. Қарийб 30 йиллик иш тажрибасига эга М. Ҳайитмуродова беморга бурни синмаганлигини айтиб, уни травматолог кўригига юборган. Травматолог шифокор А. Раҳимов рентген расмида Ф. Ҳақбердиевнинг бурнида синиш аломатини кўрмаган.

Жарроҳ шифокор С. Эрйигитовнинг гувоҳлигини келтирадиган бўлсак, у Ф. Ҳақбердиевни тиббий кўрикдан ўтказиб, касаллик варақаси очган, ўнг кўз лат ейиши енгил тан жароҳати ташхисини қўйган. Беморда бурун синиши бўлмаган, чунки бурун соҳасидан қон келмаган.

Шундан сўнг апелляция судлов ҳайъати судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги важларини текшириш, ҳақиқатни аниқлаштириш учун қайта суд-тиббий экспертизаси тайинлади. Бу иш Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали экспертлари томонидан амалга оширилди. Улар томонидан берилган қайта экспертиза хулосасидан Ф. Ҳақбердиевда ”бурун суяклари эски синиб битиши” ҳолати мавжудлиги маълум бўлди.

Орадан узоқ муддат ўтганлиги сабабли бурун синиши айнан қачон юзага келганлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Рентгенологлар томонидан бурун суяги синиши эски эканлиги кўрсатилмаганлиги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали Когон пункти давлат суд-тиббий эксперти С. Рўзибоевни чалғитганлиги мазкур қайта экспертиза хулосасида қайд этилган.

Судлов ҳайъати экспертиза хулосалари ўртасидаги тафовут ва жиноят ишидаги қарама-қаршиликларни бартараф қилишда холисликни таъминлаш, қонуний ва асосли якуний хулосага келиш мақсадида қайта комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинлади. Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг қайта комиссион суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳақиқатни тўлиқ ойдинлаштирди.

Хулосада билдирилишича, бирламчи экспертиза тиббий текширувида бурун суяги синишининг клиник белгилари, яъни пайпаслаганда оғриқ, бурун шакли ўзгарганлиги, бурундан нафас олиш, нафас йўлларида қон излари борлиги ҳақидаги маълумотлар қайд этилмаган. Рентген суратида аниқланган бурун суягининг синиш четлари силлиқлашган, учлари тўмтоқлашган бу эски синиш белгилари ҳисобланади. Бемор жароҳат олгач, тўрт кунда бундай ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас.

Судлов ҳайъати биринчи босқич суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда Э. Усмонов боши билан бурнига уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги жабрланувчининг нотўғри кўрсатмасини ҳамда РШТЁИАМ Бухоро филиали Когон пунктининг Ф. Ҳақбердиевга оид 2024 йил 25 июндаги ва 2024 йил 15 июлдаги асоссиз қўшимча экспертиза хулосаларини мақбул далил сифатида баҳолаб, хатоликка йўл қўйган, деб ҳисоблади ва номақбул далилдан иборат ушбу экспертиза хулосаларини инобатга олмасликни лозим топди.

Апелляция судлов ҳайъатининг ҳукми билан биринчи босқич судининг Элёр Усмоновга оид ҳукми бекор қилинди. У айбсиз деб топилди ва оқланди.

И. Усмоновнинг жабрланувчига енгил тан жароҳати етказганлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор. Шу сабабли суд унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан жиноят ишининг ушбу қисмини алоҳида иш юритувига ажратиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш ва мазмунан кўриб чиқиш учун Когон шаҳар Ички ишлар бўлимига юборди.

Мухтасар айтганда, томонлар ўртасида аввалдан давом этиб келган ўзаро келишмовчилик, адоват ва хусумат ана шундай дилхираликларга сабаб бўлди, номақбул далил экспертни чалғитгани туфайли маъмурий иш жиноят ишига айланди. Бироқ апелляция судлов ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида биринчи босқич судида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди, иш қонун талаблари асосида синчковлик билан, ҳар томонлама, чуқур ўрганилгани одил судловни таъминлади, адолат ва ҳақиқатни юзага чиқарди.

Бу каби ҳаётий мисоллар – инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият саналган мамлакатимизда ҳеч бир шахс ноҳақ жиноий жазога тортилмаслигининг ёрқин далили, деган хулосага келишга асос бўлади.

Суҳроб ҲАМРОҚУЛОВ,

Бухоро вилояти судининг 

жиноят ишлари бўйича судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

photo_2026-05-04_18-04-04

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУРИЯТИ АМАЛДАГИ ҚОНУНЛАРГА ТЕГИШЛИ ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШНИ ТАҚОЗО ЭТАДИ

Ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш жараёнида қонун устуворлиги ва жамоат тартибини таъминлаш муҳим вазифалар сирасига киради. Бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс алоҳида ўрин тутади. Зеро, ушбу кодекс жамиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органлари фаолиятини тартибга солишда муҳим ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимизда кенг қамровли ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Жамият ҳаётининг жадал ўзгариши, иқтисодий муносабатларнинг мураккаблашуви ва рақамли технологияларнинг ривожланиши амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Аввало, дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, маъмурий жавобгарлик тизимида шаффофлик, рақамлаштириш ва профилактикага алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, ҳар бир давлат ўзининг миллий хусусиятлари, анъана ва ижтимоий шароитларини ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчилигини шакллантиради.

Шу нуқтаи назардан, илғор халқаро тажрибани миллий қонунчиликка мослаштирган ҳолда жорий этиш муҳим вазифалардан биридир. Зеро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни такомиллаштириш — фақат қонун нормаларини ўзгартириш эмас, балки жамиятда адолат, тартиб ва ҳуқуқий онгни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли жараёндир.

Жазо тизимини адолатли шакллантириш, рақамлаштиришни кенг жорий этиш, профилактикага устувор аҳамият бериш ва инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш орқали ушбу кодексни янада самарали ҳуқуқий воситага айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, айрим моддаларни такомиллаштириш орқали ушбу кодекснинг самарадорлигини янада ошириш мумкин.

Хусусан, кодекснинг 41-моддасида маъмурий жазо турлари, жумладан, жарима қўллаш тартиби белгиланган.

Бироқ айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича белгиланган жарималар миқдори бугунги иқтисодий шароитга тўлиқ мос келмайди. Масалан, майда безорилик ёки жамоат жойларида тартиб бузиш ҳолатлари учун белгиланган жарималар баъзан ҳуқуқбузар учун сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Натижада бундай ҳуқуқбузарликлар яна қайта содир этилиш ҳолатларига дуч келинмоқда. Шу сабабли:

• жарималарни базавий ҳисоблаш миқдорига боғлиқ равишда автоматик индексация қилиш;

• такрорий ҳуқуқбузарликлар учун жазони кучайтириш;

• ижтимоий ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, дифференциал жарима жорий этиш таклиф этилади.

Бундан ташқари кодекснинг 183-моддаси амалиётда энг кўп қўлланиладиган нормалардандир. Ушбу моддада белгиланган жазо чоралари айрим ҳолларда ҳуқуқбузарликнинг оғирлигига нисбатан етарли даражада эмас.

Шу боис ушбу моддани қайта кўриб чиқиш лозим. Айниқса:

• жамоат жойларида ҳақоратли хатти-ҳаракатлар;

• тинчликни бузиш ҳолатлари учун жазо чораларини кучайтириш зарурати мавжуд.

Шу билан бирга, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолатларда огоҳлантириш ёки жамоат ишлари каби муқобил чораларни кенг қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.

Шунингдек, судларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси бўйича ишлар сони бирмунча юқори. Бу эса, соҳада рақамлаштириш имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали самарадорликни ошириш мумкин деган хулосани беради. Чунки:

• автоматик фото ва видео қайд этиш тизимларини кенгайтириш;

• жарималарни онлайн кузатиш ва тўлаш имкониятларини соддалаштириш;

• ҳайдовчилар учун ягона электрон тарих (рейтинг) тизимини жорий этиш чоралари инсон омилини камайтириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу кодекснинг 245­250-моддаларида маъмурий иш юритиш тартиби белгиланган. Амалда эса, ушбу жараёнлар ҳали-ҳамон кўп жиҳатдан қоғозбозликка таянилади. Бунинг ечими:

• мажбурий тарзда электрон баённома тузишни жорий этиш;

• суд ва ваколатли органлар ўртасида ягона электрон ахборот алмашинувини жорий этиш;

• фуқаролар учун онлайн шикоят бериш ва уни кузатиш тизимини яратиш зарур ҳисобланади, деган фикрдамиз.

Инсонпарварлик тамойили, маълумки, қонунларимизнинг туб мағзини ташкил этади. Шунга кўра, кодекснинг 21-моддасини кенг қўллаш зарур.

Амалда эса, 21-моддага мувофиқ, ҳуқуқбузарлик аҳамияти кам бўлган ҳолларда шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш мумкин.

Бироқ амалиётда ушбу норма етарли даражада қўлланиляпти, деб бўлмайди. Шу боис:

• биринчи марта содир этилган енгил ҳуқуқбузарликларда ушбу моддани кенгроқ қўллаш;

• огоҳлантириш институтини янада кенгайтириш;

• профилактикага йўналтирилган ёндашувни кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида баён этилган таклифлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан ўрин олиши жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада оширишга самарали хизмат қилади, деган фикрдамиз.

Дилшод ЭШМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтачи тумани суди тергов судьяси

photo_2026-05-04_17-22-12

БИТИМ ҚАЧОН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛАДИ?

Битимлар – жисмоний ва юридик шахсларнинг онгли, аниқ мақсадга қаратилган, эрк-иродаси асосидаги хатти-ҳаракатлари бўлиб, уларни амалга ошириш орқали муайян ҳуқуқий оқибатлар вужудга келади.

Масалан, қарзга пул бериш қарзга пул берган шахсда, яъни қарз берувчида қарзни қайтариб олиш ҳуқуқи, қарзни олган шахсда – қарздорда эса, қарзга олган пулини ёки ашёларни қайтариш мажбуриятини вужудга келтиради.

Қонун доирасида амалга оширилган битим натижасида юзага келган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама таъминланади. Бунда фуқаролик ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган усуллар орқали ҳимоя этилади.

Албатта, битимлар ҳар доим ҳам қонунчилик талабларига, тарафларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига мувофиқ келавермаслиги мумкин.

Бундай пайтда низоли битимлар ва уларни ҳақиқий эмас, деб топиш масалалари кун тартибига чиқади.

Битимларни ҳақиқий эмас, деб топиш Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”, “Гаров тўғрисида”, “Ипотека тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимдан фарқли равишда, низоли битим битим тузилган пайтидан бошлаб эмас, балки низоли битим суд қарори бўйича уни тузиш ёки суд қарорини чиқариш пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас, деб топилади. Битим қуйидаги ҳолатларда, яъни:

– ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахс томонидан;

– муомала лаёқати чекланган фуқаро томонидан;

– ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқаро томонидан;

– янглишиш таъсирида;

– алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши ёки оғир ҳолатлар юз бериши таъсирида;

– юридик шахс ҳуқуқий лаёқатидан ташқарига чиққан ҳолда;

– тузиш ваколатларини чеклаш оқибатида тузилганда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади.

Битимни ҳақиқий эмас, деб топиш учун икки элемент бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлиши талаб этилади. Бунда, биринчидан, асоснинг мавжудлиги, иккинчидан, талабнинг унга ҳуқуқи бор шахс томонидан илгари сурилганлиги тақозо этилади.

Низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги талаб фақат Фуқаролик кодексида кўрсатилган шахслар томонидан тақдим этилиши мумкин. Агар суд муҳокамаси давомида даъвогарда низоли бўлган битимни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида даъво тақдим этиш ҳуқуқи мавжуд эмаслиги аниқланса, даъвони қаноатлантириш рад этилади.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, масъулияти чекланган жамият фермер хўжалигига шартнома асосида вақтинчалик фоизсиз молиявий ёрдам сифатида пул маблағи ўтказиб берган. Кейинчалик масъулияти чекланган жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижаларига кўра, солиқ қарздорлиги мавжудлиги аниқланган ва у тўлов қобилиятига эга бўлмаганлиги учун банкрот деб эълон қилинган.

Аниқланишича, масъулияти чекланган жамият солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарзи борлигини била туриб, қонун ҳужжатларига зид равишда фермер хўжалигига фоизсиз моддий ёрдам сифатида пул маблағи ўтказган. Бу қонун талабига зид ҳолат саналади.

Шу боис тугатиш бошқарувчисининг талабига кўра, иқтисодий суд томонидан масъулияти чекланган жамият ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган битим ҳақиқий эмас, деб топилди.

Ваҳоланки, агар юридик шахс ўзида банкротлик аломатлари мавжудлигини била туриб, бошқа юридик шахсга қайтармаслик шарти билан молиявий ёрдам кўрсатса ва бу ҳақда у билан битим тузса, бундай битим манфаатдор тарафнинг аризасига асосан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилади.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, кўчмас мулк олди-сотди шартномасига асосан хусусий корхона масъулияти чекланган жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига тегишли миқдордаги пул маблағини ўтказиб берган. Бироқ кўчмас мулкка таъқиқ солинганлиги ва суднинг ҳукми билан зарарни қоплашга қаратилганлиги учун олди-сотди шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва кўчмас мулк хусусий корхонага номига расмийлаштириб берилмаган.

Ўз навбатида, бундай ҳолат хусусий корхонанинг кўчмас мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллаш ҳақидаги талаб билан иқтисодий судига мурожаат этишга сабаб бўлган.

Фуқаролик кодексининг 366-моддаси иккинчи қисмига кўра, нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган шартнома нотариал тасдиқланган ёки рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан, нотариал тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши зарур бўлганда эса, шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан шартнома тузилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 111-моддаси биринчи қисмига кўра, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар, хусусан, бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар давлат рўйхатидан ўтказилиши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 112-моддаси биринчи қисмига кўра, битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Шунга кўра, кўчмас мулк олди-сотди шартномаси хусусий корхона талабига асосан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилди, тўланган пул маблағларини қайтариш ҳақида қарор қабул қилинди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, қонун талабларига асосан тузилган битим тарафларга бирдек манфаат келтиради, ортиқча оворагарчилик ва асаббузарликка сабаб бўлмайди. Буни доимо ёдда тутиш лозим.

Хуршиджон Умаров,

Наманган туманлараро

иқтисодий суди судьяси

photo_2026-03-24_16-59-21

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАСЛИК ОҚИБАТИ

Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр  экан, аввало, бахтли турмуш кечиришни ният қилади. Аммо бунинг учун фақат ният ва истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт ҳамиша ҳам рисоладагидек бир текис кечмайди. Бу эса, эр ва хотиндан сабр-тоқатли, аҳилиноқ бўлишни, оиланинг масъулиятини чуқур ҳис этишини талаб этади. Йўқса, арзимаган гап-сўзлар, ўткинчи келишмовчиликлар боис оилавий муносабатлар боши берк кўчага кириб қолиши мумкин.

Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчи Равшан Муҳсинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) яхши орзу-ният билан Шарофатга уйланади. Орадан йиллар ўтиб, улар ўғил ва қизли бўлишди. Аммо фарзандларнинг дунёга келиши оила риштасини мустаҳкамлай олмади. Оиладаги майда-чуйда гап-сўзлар охир-оқибат оилани ажралиш остонасига олиб келиб қўйди.

Оила бузилгач, Шарофат анча муддат фарзандларини ёлғиз ўзи тарбия қилди.

Суднинг буйруғига асосан Р. Муҳсиновга вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун ҳар ойда ойлик ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ у алимент тўлашдан қасддан бўйин товлади.

Ўз навбатида, фарзандлари таъминотидан қасддан бўйин товлаш тегишли жавобгарликни келтириб чиқарди. Алимент пулларини қасддан тўламай келган Р. Муҳсинов суднинг ҳукмига кўра, айбдор, деб топилди.

Аниқроғи, суд фарзандлари таъминотига панжа орасидан қараган отага бир йил  бир ой  муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ота-онанинг фарзанд олдидаги мажбуриятидан бири вояга етмаган болаларига таъминот беришидир. Бу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота қонуний жавобгарликка тортилади. Ҳаётда ўз фарзандлари тақдирига бефарқ қарайдиган оталар учраб туриши  афсусланарли ҳолат, албатта.

Оила жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланиб, унинг мустаҳкамлиги юртнинг келажагини белгиловчи омилдир. Шундай экан, муқаддас даргоҳ — оила бутунлигини сақлаш ва фарзандлар таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмайлик.

Баҳодир ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани суди судьяси

photo_2026-02-24_13-02-20

ЖАМОАВИЙ АРИЗА БЕРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ ?

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хорижий давлатлар тажрибасидан муваффақиятли ўтган институт ва тамойилларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун кўплаб хорижий давлатлар маъмурий судларида жамоавий ариза бериш институти кенг қўлланилади. Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам маъмурий судларда ушбу тартибда ариза беришни жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Хўш, судларга қандай тартибда жамоавий ариза билан мурожаат қилинади? Бунинг қандай қулай ва афзал жиҳатлари бор?

Айтиш керакки, хорижий давлатлар суд амалиётида жамоавий аризаларнинг бир нечта тури мавжуд. Жумладан, маъмурий судларда, асосан, қурилиш-архитектура билан боғлиқ, атроф-муҳитга зарар етказилишига тегишли ва маълум бир ҳудудда яшовчи фуқароларнинг жамоат манфаатларини ҳимоя қилишга тааллуқли низолар кўриб чиқилади.

Бундай низо турлари орасида идоравий-норматив ҳужжатлар билан боғлиқ жамоавий низолар алоҳида ўрин тутади. Чунки мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш кенг доирадаги ҳуқуқий нормалар ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Аксарият хорижий давлатларда жамоавий тарзда ёзилган аризани судга тақдим этиш билан иш шакллантирилади. Масалан, АҚШ федерал қонунчилигига кўра, жамоавий аризалар суднинг ташаббуси билан судга тақдим этилган бир нечта аризани бирлаштириш орқали ҳам шакллантирилиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: судга жамоавий ариза тақдим этишда аризачилар сонини белгилаш керакми? Негаки, аризачилар сони аниқ белгиланмаса, 3-4 нафар шахс томонидан берилган ариза ҳам жамоавий ариза, деб топилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, аризалар билан жамоавий аризаларнинг фарқини ажратишни қийинлаштиради.

Шу маънода АҚШ қонунчилигида жамоавий аризачилар сони 100 нафар ва ундан кўп бўлиши талаб этилади. Россия қонунчилигида эса, 20 нафардан кўп фуқаронинг аризага қўшилиши назарда тутилган.

Шунингдек, АҚШ тажрибасига кўра, аризачилар сони 100 нафар ва ундан кўп бўлган ҳолларда ҳар бир фуқаро гуруҳларга бириктирилади ва фақат бу гуруҳларнинг вакиллари судда иштирок этади. Фуқаролар ўзлари хоҳлаган вақтда ушбу гуруҳдан чиқиши ёки бошқа гуруҳга қўшилиши мумкин. Суднинг қарори ҳам умумий жамоа манфаатларини инобатга олган ҳолда қабул қилинади.

Албатта, миллий суд амалиётимизга ушбу тартибнинг жорий этилиши фуқароларга янги қулайлик ва имкониятлар яратиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу мавзуга доир мавжуд суд амалиётлари таҳлил қилинганда, жамоавий ариза беришнинг шундай ўзига хос жиҳатлари кўзга ташланади: жамоавий ариза беришда барча аъзоларнинг бир хил ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказилган бўлиши керак.

Мабодо аъзолардан бирининг бошқа ҳуқуқлари ёки манфаатига зарар етказиладиган бўлса, у ҳолда, бундай ариза жамоавий ариза деб эътироф этилмайди. Суд иши юритилаётган вақтда юқоридаги ҳолат аниқланса, тегишли шахсни жамоавий аризадан чиқариш ваколати судьяга берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки жамоавий ариза билан боғлиқ суд ҳужжати барча учун бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятни келтириб чиқаради. Бироқ ушбу суд ҳужжати кенгроқ доирада ўз таъсирини кўрсатади, айрим ҳолларда жамият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Маъмурий суд ишларини юритиш кодексига “127-1-модда. Жамоавий ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби” деган янги ҳуқуқий нормани киритишни таклиф этамиз. Ушбу моддада қуйидаги нормалар ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўларди:

Жамоавий аризалар йигирма ва ундан кўп аризачиларнинг умумий аризасига асосан ёки айни бир асос ва айни бир предметдан иборат бир нечта аризачиларнинг аризасини бирлаштириш орқали шакллантирилади. Бунда аризачилар шахсан иштирок эта олмаган ҳолларда, ушбу аризада ўз вакилларини кўрсатишлари лозим. Ўз навбатида, ушбу вакилнинг ҳам бошқа аризачилардек ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган бўлиши шарт ҳисобланади.

Жамоавий ариза судда кўрилаётганда, бошқа шахс томонидан алоҳида худди шундай талаб, асос ва предмет билан ариза берилса, суд томонидан ушбу шахсга жамоавий аризага қўшилиши мумкинлиги тушунтирилади, тегишли шахс рози бўлмаса, унда унинг аризаси кўрилмайди ва жамоавий аризага чиқарилган қарор қонуний кучга киргунича тўхтатиб турилади. Судда жамоавий ариза юзасидан иш мавжуд бўлса ёки суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, шу жамоанинг иштирокчиси томонидан қайтадан худди шундай асос ва предмет бўйича судга индивидуал тарзда ариза бериш мумкин эмас.

Мухтасар айтганда, жамоавий ариза бериш хорижий суд амалиётида кенг қўлланилмоқда. Унинг афзалликлари шундаки, барча иштирокчилар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эга бўлибгина қолмасдан, балки далилларни тақдим этиш, иш ҳолатларга аниқлик киритишда биргаликда ҳаракат қилишлари суд харажатларини камайтиришга олиб келади. Натижада қимматли вақт ва маблағ тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Ситора Садриддинзода,

Самарқанд вилояти маъмурий суди

судьяси катта ёрдамчиси

 

photo_2026-02-11_11-02-51

ДАЪВО МУДДАТИ: ТАЛАБ, ЗАРУРИЯТ, ЭҲТИЁЖ

Бугунги шиддат билан ривожланаётган даврда вақтнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Чунки вақтдан унумли фойдаланиш инсонга фойда келтирса, вақтни беҳуда ўтказиб юбориш уларнинг зарарига ишлайди. Чунончи, вақтнинг ўтказиб юборилиши қонунчилигимизда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаатларини қаноатлантиришни рад қилишга асос бўлади.

Фуқаролик кодексининг 5-кичик бўлими даъво муддати, муддатларни ҳисоблаш масаласига бағишланган. Унга кўра, даъво муддати бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Амалдаги қонун талабига кўра, умумий даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби, даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек, суд томонидан тайинланадиган муддат тақвим сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Даъво муддати ўтганидан сўнг мажбуриятни бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар, бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.

Асосий талаблар бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати ҳам ўтган ҳисобланади.

Қонун талабига кўра, даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

• шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

• омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

• фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга.

Даъво муддати ўтганидан сўнг қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

• жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;

• мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, шу жумладан, эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига;

• мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;

• қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.

Шу ўринда хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, Англияда фуқаролик даъволари билан боғлиқ масалалар 1980 йилда қабул қилинган “Чеклаш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ва унда ҳар бир иш бўйича алоҳида муддатлар белгиланган.

Жумладан, агар қарз берувчи ҳеч қандай тўлов олмасдан олти йил ўтишига йўл қўйган бўлса, қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинади. Шунингдек, болаларнинг олган жароҳатлари учун етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддатини ҳисоблаш улар 18 ёшга тўлганларидан сўнг бошланади.

Туҳмат қилганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддати 1 йил ҳисобланади.

Бундан кўринадики, Англияда даъво муддати алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Ўзбекистон қонунчилигида эса, бундай ҳужжат мавжуд эмас, лекин бунга катта эҳтиёж бор.

Гарчанд Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида даъво муддатининг умумий тушунчаси ёритилган бўлса-да, Меҳнат кодексида даъво муддати алоҳида, Оила кодексида алоҳида белгиланган.

Бу борада барча қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлаштириб, ягона қонун ҳужжати, яъни “Даъво муддати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари қонунчилигимизда даъво муддати турлича бўлиб, баъзида улар бир-бирини истисно қилиб келади. Масалан, Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси шундай таърифланган: “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир”.

Оила кодексининг 27-моддасида эса, никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 28-бандига кўра, Оила кодексининг 27-моддаси тўқ­қизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозимлиги (Фуқаролик кодексининг 154-моддаси биринчи қисми) кўрсатилган.

Айни вақтда Оила кодексининг 23-моддасига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра, мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам, эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Фуқаролик кодекси билан мулк ҳуқуқи муддатсизлиги белгиланган бўлса-да, Оила кодексининг мазкур нормаси мулкдорнинг мулк ҳуқуқлари чекланишига олиб келмоқда.

Шундай қилиб, фикримизча, қонунчилигимиздаги бир-бирига зид бўлган нормаларни мувофиқлаштириш учун Оила кодексининг 27-моддаси 9-қисмини никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, деб баён қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Нодирбек ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилояти суди раисининг ўринбосари

 – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

 

photo_2026-02-05_18-40-45

КЎНГИЛ ТУБИДАГИ ҒАРАЗ ВАҚТ ЎТИШИ БИЛАН ЯНА ГАЗАК ОЛДИ ВА БИР ОДАМНИНГ БЕВАҚТ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛДИ

… Хонқалик Пирназар ва Дониёр ўз касб-кори боис таниш эди. Дониёр хонанда, Пирназар эса, унинг овозини аудио тасмаларига муҳрлаш билан шуғулланарди. Аммо кейинчалик уларнинг ораларидан “ола мушук” ўтди, бир-биридан аразлашди. Пирназарнинг айтишича, Дониёр билан оралари бузилишига унинг бежо қилиғи сабаб бўлган.

Аниқроғи, у мижоз сифатида Пирназарни йўқламай қўяди, хизматидан воз кечади. 2023 йилнинг январь ойида яқин танишларидан бирининг хонадонидаги базмда эса, Дониёр тилини тиёлмай ножоиз гапларни айтади. Қисқаси, оддийгина араздан бошланган келишмовчилик кейинчалик кек ва ғаразга айланади. Бироқ улар кўнгилларидаги ғаразни бир-биридан сир сақлашган. Хонқа тумани марказидаги тўйда улар яна бир-бирига рўпара келишади ва иккаласи ҳам сир бой бермай худди эски дўстдек бир-бирига қучоқ очиб, кўришишади.

Тўй қизигандан-қизийди. Собиқ ҳамкорлар ўзаро “ярашув”ни ана шу тариқа нишонлашади. Тўйдан сўнг Дониёр даврадошлари: Даврон Болтаев, Зафар Қиличев ва Пирназар Абдуллаевни уйига таклиф этади.

Улар ҳам унинг таклифини рад этишмайди. Тун алламаҳалида Дониёрнинг уйида зиёфат янада авжига чиқади.

Ичкилик таъсирида улар буткул маст бўлиб қолишади. Шу мастлик боис бир неча йилдан буён Пирназар ва Дониёрнинг кўнгил тубида пинҳона қолиб келаётган кек ва ғараз яна жунбушга келади. Шу пайтгача ўзаро ҳурмат юзасидан бир-бирини “сиз”лаб келган рақиблар тўсатдан сенсирашга ўтишади. Бу “сенсираш” тез орада ўзгача ўзанга кўчади.

Томонлар бир-бирини спортча “тирсаклар жанги”га таклиф қилишади. 

Унда Дониёрнинг қўли баланд келади. У ўз “ғалабаси”ни ошкора равишда рақибидан кўра анча кучли ва чапдаст эканлиги билан изоҳлайди. Унинг бундай оҳангдаги маломатли дашномидан, табиийки, Пирназар баттар ғазабга минади. Шу боис “қўл жанги” ростмана кураш, кейин эса, даҳанаки олишувга айланади. Уйда кўтарилган шовқинни эшитиб, Дониёрнинг онаси ва турмуш ўртоғи хавотирга тушганча етиб келишади. Бироқ бу мажорани четдан туриб кузатаётган Даврон ва Зафар она ва келинга ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, шунчаки ҳазил, дейишади.

Аслида, Дониёр ўзини йўқотиб қўйгудек даражада маст эмасди. Шундай бўлса-да, анча вақтдан буён қасд ва ғараз ўтида ёниб келаётган Пирназарнинг важоҳати олдида барибир ожиз қолади. Пирназар эса, пайт пойлаб, унинг орқа тарафидан келиб, бўйнидан бўғиб олади. Фақат орадан бироз фурсат ўтгач, қўлини рақибининг бўйнидан олди. Дониёр эса, ҳушини йўқотиб, “шилқ” этиб ерга қулайди. Пирназар эса, бамайлихотир кийиниб, ҳамроҳларига қарата ғолибона оҳангда сўз қотди.

Ерга чўзилиб ётган Дониёрга ишора қилиб, унинг бўйнидаги уйқу томирини топгани ва тинчлантириш ниятида ухлатиб қўйгани, уйқу эрталабки соат 10 гача давом этиши ва шундан сўнггина кўзини очишини айтади. Бунга нафақат Дониёрнинг ошналари, балки унинг онаизори ва турмуш ўртоғи ҳам ишонишади. Улар тунги соат 3 ларда уй-уйларига тарқалишади.

Уйига келиб, уйқуга кетган Пирназарни эса, тонгги соат 5 ларда ички ишлар ходимлари уйғотишади. Маълум бўлишича, меҳмонлар тарқалгач, онаси ва умр йўлдоши Дониёрни ўзининг хонасига ўтиб, ўрнига ётишга уннашган. У эса, она ва келиннинг сўровига жавоб қайтармаган. Унинг нафаси сўнганини ана шунда пайқашган. Ҳаялламай етиб келган “Тез ёрдам” шифокорлари аллақачон рўй берган ўлим ҳолатини қайд этишган.

Пирназар судда ҳам, терговда ҳам Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга доир 97-моддаси 1-қисми бўйича ўзига қўйилган айбни тан олмади.

Албатта, жиноий кирдикорлар, айниқса, жиддий ва оғир оқибатли қилмишларни шахснинг зиммасига асоссиз равишда юклаш мумкин эмас.

Бундай мазмундаги даъво айбловга оид жиддий фактлар, далил-исботларни талаб қилади. Мавҳум ва тўлиқ текширилмаган, охиригача аниқланмаган факт ва далиллар айблов учун асос бўла олмайди.

Конституциямизнинг 27-моддасида таъкидлаганидек, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Суд ва тергов органлари масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишди.

Суд жиноят қонунчилигининг бу борадаги талабларига қатъий риоя этди.

Факт ва далилларнинг мақбуллиги тамойилига суянди. Жабрланувчининг қонуний вакили У. Искандарова, гувоҳлар М. Зарипова, Д. Болтаев, З. Қиличевнинг кўрсатмалари далил сифатида инобатга олинди. Шу янглиғ текширувлар, аниқлов тадбирлари асносида асл ҳақиқат юз кўрсатди. 

Д. Исмоиловнинг ўлими у ва гумонланувчи П. Абдуллаев ўртасидаги азалий низо, қасд ва ғараз боис келиб чиққан жанжал натижасида юз бергани, бу ҳодиса ичкилик таъсирида содир бўлгани тўлиқ ойдинлашди.

П. Абдуллаев ўз рақибини қасддан ўлдириш мақсадида унинг учун ҳаётий муҳим саналган бўйин қисмини билаги билан бўғиб, нафас йўлларини буткул бекитиб қўйгани, ушбу қилмишни ўз хатти-ҳаракатининг ижтимоий хавфли оқибатларини англаган, унга кўзи етган ҳолда амалга оширгани яққол маълум бўлди.

Инсон ҳаётига суиқасд, чиндан ҳам, ўта оғир ва кечирилмас жиноят.

Конституциямизнинг 25-моддасида қайд қилинганидек, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади.

Суд айбланувчи П. Абдуллаевга нисбатан жазо тайинлашда ана шу тамойилга қатъий амал қилди. Судланувчининг оилавий аҳволини, муқаддам судланмаганини — жазони енгиллаштирувчи, қилмиш мастлик ҳолатида содир этилганини эса оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолади. Жазо Жиноят кодексининг юқорида баён этилган 97-моддаси 1-қисми талабига монанд тарзда тайинланди. Судланувчи 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчининг қонуний вакилига эса, жиноят натижасида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Инсон – жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси. Таъкидланганидек, уни ҳаётдан маҳрум этиш, соғлигига рахна солиш ёки ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини бошқача тарзда бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йуқ.

Тафсилоти юқорида баён этилган жиноий ҳодиса ва унинг аянчли интиҳоси одамларни ҳушёр торттирмоғи, бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши, яна бир шахснинг узоқ йиллик умри ҳибсда ўтиши билан боғлиқ ачинарли қисмат ҳаммага сабоқ бўлмоғи лозим. Инсон ҳаёти ва турмуши шундагина ўз ўзанини топади, чинакам ҳурлик ва бахтиёрлик умр мезонига айланади. Бу янглиғ дориламон ҳаётга не етсин?!

Шуҳрат Раззоқов,

Хоразм вилояти судининг

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

#thegov_button_6a123d66a26d4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a123d66a26d4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a123d66a26d4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a123d66a26d4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!