Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-03-01_17-04-47

КУНЧИҚАР ЮРТ ТАЖРИБАСИ

Шу йил 8 январдан – 9 февралга қадар JICA ва UNAFEI ташкилотлари томонидан Япониянинг Токио шаҳрида бир ой муддатга ташкил этилган ўқув семинарида иштирок этдим.

UNAFEI – БМТнинг Узоқ Шарқ, Африка ва Америка давлатлари учун филиали ва JICA (Япония халқаро алоқалар агентлиги) халқаро ташкилотлари шафелигида Токио шаҳрида ўтказилган “Жиноий одил судлов ва жиноятчиликнинг олдини олиш сиёсати ва амалиётини такомиллаштириш” мавзусидаги ўқув семинари дастурида дунёнинг 14 та мамлакатидан 17 нафар вакил иштирок этди.

Машғулотларда Япония суд-ҳуқуқ тизими, жиноятлар учун жазо тайинлаш амалиёти, қамоқхоналар ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида маҳбусларни сақлаш тартиби, уларга яратилган шароитлар, шунингдек, маҳкумларни муддатидан аввал ёки шартли озод қилиш тартиби ва жазони ижро этиш тизими ҳамда унинг фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Японияда суд тизими Олий суд, юқори инстанция судлари, округ судлари, умумюрисдикция ва оилавий судлардан иборат.

Умумюрисдикция судларининг сони 438 та бўлиб, улар ҳудудларда, яъни туман ва шаҳарчаларда фаолият юритади ва даъво миқдори 1 миллион иенадан ортиқ бўлмаган барча фуқаролик ишлари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноят ишлари умумюрисдикция суди судьяси томонидан якка ва соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.

Япониядаги округ судлари 203 та бўлиб, уларда барча тоифадаги жиноят ва фуқаролик ишлари биринчи инстанция сифатида кўрилади. Округ суди судьялари ҳам ишларни одатда якка тартибда кўришади, фақат иш тайинлаш босқичида ҳайъатда кўриш тайинланган ёки бир йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноят ишлари ҳайъат таркибида кўрилади.

Оилавий судлар судьяси оилавий муносабатларга оид фуқаролик ишлари, ярашувга оид ишлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ишларини якка тартибда кўриб чиқади.

Японияда оилавий судлар сони 200 тадан ортиқ.

Юқори судлар Япониянинг 14 та йирик шаҳрида жойлашган бўлиб, уларда қуйи судлар, яъни умумюрисдикция, округ ва оилавий судлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан берилган шикоятлар уч нафар судья иштирокида апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Япония Олий суди суд тизимининг энг юқори инстанцияси бўлиб, юқори судларда кўрилган ишлар устидан берилган шикоятларни апелляция тартибида кўриб чиқади. Олий судда раис ва 14 нафар судья фаолият юритади.

Ўқув-семинар дастури давомида Япониянинг жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга яратилган шароитлар билан ҳам танишдик.

Жумладан, Хиросима шаҳридаги вояга етмаган ёшлар махсус мактабида жиноят содир этган вояга етмаган шахсга нисбатан Япония жиноят қонунчилигига мувофиқ содир этган жиноятига мос тарзда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилишига гувоҳ бўлдик.

Японияда вояга етмаган судланувчиларга имтиёзлар бериш, шартли ҳукм сингари ҳолатлар учрамайди. Япон ҳуқуқшуносларининг фикрича, вояга етмаган шахсни жиноятга қўл урган заҳотиёқ қайта тарбиялаш зарур. Шу боис маҳкум жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланган махсус мактабга жойлаштирилиб, уни ўқитиш ҳамда касбга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу ўринда Японияда шахс 20 ёшга тўлгунга қадар вояга етмаган ҳисобланишини ҳам таъкидлаш лозим.

Японияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларнинг қарийб 70 фоизи ўғрилик жиноятини содир этган шахслар бўлиб, ўғриликлар асосан уй ва хонадонларда содир этилар экан. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этган ва тан жароҳати етказгани учун судланиб жазо ўтаётганлар фоизи ҳам бошқа жиноятларга нисбатан юқори. Фирибгарлик жиноятининг салмоғи ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш жиноятидан ҳам камроқ фоизни ташкил этади.

Ўтган аср бошларида жамоат арбоби Мэйзен янги ҳаракатни, яъни озод бўлган собиқ маҳкумларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси этиб қайтариш борасида жамоатчилик ҳаракатини бошлаган. Бу ҳаракатга ҳукумат ҳам эътибор қаратгач, жазо муассасаларидан озод бўлган шахслар учун махсус жойлар – “Hogoshi’s House” ва “Half-way House” фаолияти йўлга қўйилган.

Бу масканларда жазодан озод бўлган шахслар бир неча ойдан 1,5 йилга қадар яшаш ва ҳаётга қайта мослашишлари мумкин бўлади. Ушбу уйларда барча шароитлар мавжуд, шунингдек, бу ерда психолог, тиббиёт ва ижтимоий хизмат ходимлари фаолият кўрсатади. Улар озод бўлган шахсга ҳар томонлама кўмак кўрсатади. Бу судланган шахснинг қайта тузалиши ва келгусида такроран жиноят содир этмаслигига қаратилган самарали халқаро тажрибадир.

Эътиборли жиҳати шундаки, Японияда судьяларга нисбатан ишонч ва ҳурмат жуда юқори бўлиб, япон жамияти суд тизими ва судьялар мустақил равишда ишларни фақат қонун асосида ҳал қилишига тўлиқ ишонади.

Буни 2023 йил давомида биринчи инстанция судлари чиқарган жами қарорларнинг бор-йўғи 11 фоизи устидан шикоят берилганида ҳам кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Япониянинг бутун дунёда энг илғор, етакчи ва тараққий топган мамлакатга айланишида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муносиб ҳимоя қилингани ҳамда суд ва судьяларнинг мустақиллиги тўлиқ таъминлангани муҳим омил бўлган. Шу боис кунчиқар юрт суд-ҳуқуқ тизимининг илғор тажрибаларини ўрганиш фойдадан холи эмас.

Зафаржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси

photo_2024-03-11_11-26-23

ЮЗАГА ЧИҚҚАН ҲАҚИҚАТ

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексига киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳукми, қарори ва ажримининг қонуний, асосли ҳамда адолатли бўлиши, ишларнинг шаффоф ва холисона кўриб чиқилиши, тарафлар тенглиги таъминланиши, шу тариқа одил судловга эришишда муҳим асос бўлмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган йил 23 октябрь куни суд иш юритувига Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбланган Шеҳруз Тоғаев (исм-шарифлар ўзгартирилган)га оид жиноят иши келиб тушган. Айблов далолатномасида қайд этилишича, Ш. Тоғаев “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига тегишли “Нексия-3” русумли автомашинани бошқариб бораётиб, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-банди, 11-банди “г” кичик банди ва 77-банди талабларини қўпол равишда бузиши оқибатида автоҳалокат содир этган.

Аниқроғи, Ш. Тоғаев автомашинаси билан йўлни кесиб ўтаётган пиёда Н. Руминани уриб юборган. Бунинг оқибатида жабрланувчи тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Экспертиза хулосасида қайд этилишича, автоҳалокат оқибатида Н. Руминани биринчи, иккинчи, учинчи бел умуртқа суяклари синиши сингари умумий меҳнат қобилиятининг учдан биридан кўпроғини турғун йўқотишига сабаб бўлган оғир тан жароҳати олган.

Шу ўринда қонуний асосларга мурожаат этадиган бўлсак, Жиноят-процессуал кодексига киритилган дастлабки эшитув институти жиноий иш юритувининг судгача ва судлов жараёни орасидаги масофани белгилайди.

Мазкур процессуал жараён суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олади.

Қолаверса, дастлабки эшитув институти суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш билан бирга жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал муҳокама қилиш учун тайёргарлик кўришнинг энг афзал усулидир.

Дастлабки эшитув институтига тўхталишимизнинг боиси шундаки, 2023 йил 8 ноябрь кунига тайинланган суд мажлиси жараёнида жабрланувчи Н. Румина вафот этгани маълум бўлди. Марҳуманинг синглиси З. Румина судга опаси Н. Руминанинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд қилинган 109-сонли маълумотномани тақдим этди ва ўзини жабрланувчи сифатида эътироф этишни сўради. Бу ҳақда судга илтимоснома киритди.

Илтимосномада Н. Румина 2023 йилнинг 12 октябрида вафот этгани ва марҳуманинг ўлими йўл-транспорт ҳодисаси натижасида олинган тан жароҳатлари билан боғлиқ эканини инобатга олиб, қонун нормаларини тўғри қўллаш учун жиноят ишини прокурорга қайтаришни сўраган.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг 415-1-моддаси 2-қисми талабидан келиб чиқиб, жабрланувчининг илтимосномасини қаноатлантирди. Ш. Тоғаевга оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 416-моддасига асосан айбловни оғирроғи билан алмаштириш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материаллар илова қилинган ҳолда Самарқанд шаҳар прокурорига юборилди.

Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари томонидан тасдиқланган Ш. Тоғаевга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан эълон қилинган айблов иши яна суднинг иш юритувига қабул қилинди.

Мазкур жиноят ишидаги суд экспертиза марказининг 12-сонли хулосаси Ш. Тоғаевни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблаш учун асос қилиб олинган. Яъни экспертиза хулосасида марҳуманинг тан жароҳатлари автомашинанинг ташқи бўртиб чиққан қисмлари урилиши натижасида юзага келгани, ушбу жароҳатлар “оғир тан жароҳатлари” турига кириши, бу ўз навбатида, ўлим сабаби билан бевосита боғлиқ экани қайд этилган.

Жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилаётганда, жабрланувчи З. Румина судланувчи Ш. Тоғаевга нисбатан даъвоси борлигини айтиб, баёнот берди. Чунки йўл-транспорт ҳодисасига қадар опаси соғлом бўлган. Шифохонага ётқизилгач, у олган жароҳатларидан сўнг умуман ўрнидан турмаган. Аммо ҳайдовчи Ш. Тоғаев бирон марта келиб унинг ҳолидан хабар олмаган, моддий ёрдам бермаган.

Жабрланувчи З. Румина судланувчидан жарроҳлик операцияси ва дори-дармон харажатларига сарфланган 16 миллион 930 минг сўмни ундириб беришни сўраб, касса чипталарини ҳам судга тақдим қилди.

Суд мажлисида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси вакили ва фуқаровий жавобгар С. Файзибоевнинг кўрсатма беришича, Ш. Тоғаев корхонага 2021 йилнинг 1 июлида ишга қабул қилинган ва бу ҳақда буйруқ мавжуд. Корхонанинг “Нексия-3”русумли автомашинаси унга бириктирилган. У ҳар куни автомашинани техник кўрикдан ўтказиб, тегишли йўлланма асосида хизмат қилиб келмоқда. Ш. Тоғаев айни вақтда ҳам корхонада ҳайдовчи сифатида ишлаб келмоқда, автоҳалокатдан сўнг автомашина таъмирланган, судланувчига нисбатан даъвоси йўқ.

Суд судланувчи Ш. Тоғаевнинг эҳтиётсизлик натижасида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузгани оқибатида одамнинг ўлимига сабабчи бўлишда ифодаланган жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган, деб топди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари Конституция ва қонун билан ҳимоя қилинади. Хусусан, Конституциямизнинг 29-моддасида “Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланиши ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қопланиши учун шарт-шароитлар яратади”, дея қайд этилган.

Аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, ҳайдовчиси Ш. Тоғаев автомобилларда ташиш хизмати кўрсатиб келиб, фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахс ҳисобланади.

Шунга кўра суд З. Руминанинг 16 миллион 930 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъвосини муҳокама қилишда амалдаги Фуқаролик кодексининг 999-моддасига таянди. Ушбу моддада “фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмаса, тўлаши шарт” деб кўрсатилган.

Суд юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, электр корхонаси ва судланувчи Ш. Тоғаев дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси давомида жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида зарар юзага келганини исботлай олмагани сабабли З. Руминанинг даъвосини қаноатлантирди. З. Руминанинг фойдасига 16 миллион 930 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”ҳисобидан тўлиғинча ундиришни лозим топди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 25-банди раҳбарий тушунтиришларига асосан уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашнинг имконияти йўқ, деган хулосага келди.

Шеҳруз Тоғаевга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди. Унга нисбатан икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа жиноят иши адолатли якунланди. Миллий қонунчилигимиз инсонпарварлик, одиллик ва демократик тамойиллар асосига қурилгани амалда яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари буйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

photo_2024-03-11_11-18-09

СУД БУЙРУҒИ ИНСТИТУТИ ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИДА САМАРАЛИ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА

Фуқаро ва ташкилотлар ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш энг афзал йўл саналади.

Албатта, низоларни суд орқали ҳимоя қилиш муайян харажат ва муддат талаб қиладиган жараён. Қолаверса, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажмининг ортиб бориши судьялар иш юкламаси кўпайишига сабаб бўлиши ҳам айни ҳақиқат. Бу эса, ўз навбатида, суд томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Судьяларнинг иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири судда ишларни соддалаштирилган тартибда ҳал этишдир.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида қонунчилигимизда “Буйруқ тартибида иш юритиш” институти жорий этилган. Ушбу тартиб даъво аризалари ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги жараёнларни янада соддалаштиришга қаратилган.

Суд буйруғи институти амалиётда бир қатор афзалликларига эга эканлиги билан ажралиб туради. Хусусан, фуқаролик судларида кенг қўлланаётган суд буйруғи аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда қабул қилинадиган суд ҳужжати ҳисобланади.

Суд буйруғи Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида кўрсатилган талаблар бўйича чиқарилади ва бевосита ижро ҳужжати кучига эга.

Буйруқ тартибида иш юритиш манфаатдор шахс – қарз ундирувчининг ташаббуси билан бошланади. Талаб кимга нисбатан қаратилган бўлса, у қарздор деб эътироф этилади.

Суд буйруғи қуйидаги ҳолларда берилади:

1) талаб нотариал тасдиқланган битимга асосланган бўлса;

2) талаб ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса;

3) коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қазрдорликни тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган ундириш;

4) вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш тўғрисидаги, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаб;

5) ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш;

6) фуқаролардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш;

7) ижара шартномасида белгиланган ижара тўловлари муддатида тўланмагани сабабли ушбу тўловларни ундириш;

8) кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш;

9) ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаблар арз қилинган бўлса.

Кўриниб турганидек, фуқаролик ишлари бўйича суд буйруқлари қонунчиликда белгиланган қатъий қоидалар асосида фақат мулкий тусдаги талаблар юзасидангина чиқарилади. Мулкий тусда бўлмаган ёки кўчмас мол-мулкларни ундиришга қаратилган талаблар юзасидан суд буйруқлари чиқарилиши тақиқланади.

Суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасида белгиланган судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига амал қилинган ҳолда судга берилади. Шу билан бирга вояга етмаган фарзанднинг таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги талаб ундирувчи яшаётган жойдаги судга, ижро қилиш жойи кўрсатилган нотариал тасдиқланган битимга асосланган талаб эса, ушбу талаб бажарилиши лозим бўлган жойдаги судга тақдим қилиниши ҳам мумкин.

Суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда ва ахборот тизими орқали электрон ҳужжат шаклида ҳам берилади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 177-моддасига асосан, арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кун ичида судья томонидан берилади. Суд буйруғи берилганидан кейин суд унинг кўчирма нусхасини дарҳол қарздорга юборади. Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида юборилиши ҳам мумкин. Суд буйруғи ўн кунлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.

Қарздор арз қилинган талабга қарши эътирозларини буйруқни берган судга суд буйруғининг кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда юборишга ҳақли. Бундай ҳолда судья суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримда судья ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлигини тушунтиради. Суд буйруғини бекор қилиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ажрим берилганидан кейин уч кундан кечиктирмай ундирувчи ва қарздорга имзо қўйдириб топширилади ёки уларга почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади.

Суд буйруғига нисбатан эътироз билдириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддатнинг қарздор томонидан ўтказиб юборилгани суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, суд унинг илтимосномасига асосан ушбу муддатни тиклаши мумкин. Муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилинмасдан туриб, муддат ўтказилгандан сўнг берилган эътирозлар суд томонидан кўрилмайди ва муаллифга қайтарилади.

Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчининг такроран судга мурожаат қилиш ҳуқуқи чекланмайди, балки ундирувчи билдирган талаб билан даъво ишини юритиш тартибида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади. Суд буйруғи фақатгина қарздорнинг эътирози асосида эмас, балки ундирувчининг аризасига асосан ҳам бекор қилиниши мумкин.

Бугунги кунда суд буйруғи институти Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳам кенг қўлланилмоқда. Масалан, 2023 йил давомида қиймати 536,4 миллиард сўмлик 93 минг 538 та ариза суд буйруғи тартибида ҳал қилинган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 52 795 та (130 фоиз)га кўпайган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, суд ишларини юритишнинг соддалаштирилган тартибларидан бири бўлган суд буйруғи институти ҳар томонлама қулай ва фойдалилиги билан одил судлов сифатини оширишга самарали ҳисса қўшмоқда.

Бобур Исломов,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2024-03-11_11-08-46

ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ҲУҚУҚИ СУД ТОМОНИДАН ТАЪМИНЛАНДИ

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасида “Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дея қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ушбу конституциявий қоида муҳим асос бўлмоқда.

Масалан, Риштон туманининг “Гулистон” маҳалласида яшовчи Сулаймон Акбаровнинг ижтимоий таъминот ҳуқуқи таъминлангани бунга яққол мисол бўлади. Аниқланишича, С. Акбаров 2023 йил апрель ойида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Риштон тумани бўлимига ногиронлик пенсияси тайинлашни сўраб мурожаат қилади. Бинобарин, бўлимнинг 2023 йил 2 майдаги 1634557-сонли қарори билан ариза муаллифининг меҳнат стажи ва иш ҳақи қўшиб ҳисобланиб, ногиронлик пенсияси тайинланган.

Аммо мазкур қарорнинг иккинчи қисмига мувофиқ, С. Акбаровнинг 2005 йил 1 январдан 2005 йил 31 декабрь ойига қадар Олтиариқ тумани хусусий маслаҳатхонасида адвокат, 2005 йил 31 декабрдан 2010 йил 15 ноябргача фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг судьяси, 2014 йил 15 мартдан 2016 йил 28 март кунига қадар “Абдураззоқов Фарруҳ” фермер хўжалиги аъзоси сифатида ишлаган даврларини умумий иш стажига қўшиб ҳисоблаш рад этилган. Табиийки, бундан норози бўлган С. Акбаров Риштон тумани адлия бўлимига мурожаат қилиб, 8 йиллик иш стажини пенсия ҳисоблашда инобатга олиниши масаласида амалий ёрдам беришни сўраган.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Меҳнат кодексининг 125-моддаси ва 1993 йил 3 сентябрдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига мувофиқ, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу қоида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом, Олий суд Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган. Бинобарин, Риштон тумани адлия бўлими томонидан С. Акбаровнинг қонуний манфаатини кўзлаб, Фарғона туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилди.

Айтиш керакки, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида жисмоний шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғининг тегишлича камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини иш берувчи ҳар ойда тўлаб бориши белгиланган.

Бироқ суд мажлисида жавобгар сифатида кўрсатма берган бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Риштон тумани бўлимининг ишончли вакили Р. Қурбонов С. Акбаров Олтиариқ тумани хусусий маслаҳатхонасида, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судида ва “Абдураззоқов Фарруҳ” фермер хўжалигида фаолият юритган йилларда иш берувчи пенсия жамғармасига бир фоизли бадалларни ойма-ой ўтказмагани сабабли қайд этилган давр умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмаганини маълум қилди.

Хўш, бу борада қонун талаби нималардан иборат? Аниқроқ айтганда, меҳнат стажининг инобатга олинмагани қонун талабига зид эмасми?

Шу ўринда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга эътибор қаратсак, унинг 189-моддасига мувофиқ, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд қайд этилган қонуний асосларга таяниб, туман адлия бўлимининг даъво аризасини қаноатлантирди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Риштон тумани бўлимининг 2023 йил 2 майдаги 1634557-сонли қарори иккинчи қисмини ҳақиқий эмас, деб топди. Энг муҳими, бўлим зиммасига С. Акбаровнинг илгари инобатга олинмаган саккиз йиллик ишлаган даврини пенсия тайинлашда инобатга олишни, яъни пенсиясини қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу тариқа суд томонидан С. Акбаровнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Бу мамлакатимизда инсонга эътибор ва унинг қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг яна бир ҳаётий ифодасидир.

Нозима ТОЖИЕВА,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

photo_2024-03-06_16-06-02

РАД ЭТИЛГАН ДАЪВО ЁХУД МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Халқимиз “Айтилган сўз — отилган ўқ” деб бежизга айтмаган. Бу ҳикмат замирида инсоннинг лафзи, ваъдага вафоси улуғ фазилат экани ўз ифодасини топган. Аммо Урганч шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу ҳикматга зид иш тутишди.

Аниқроғи, ўтган йилнинг июль ойида улар фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳоким томонидан 2018 йил 24 апрелда чиқарилган 1014 к-сонли қарорни бекор қилишни сўрашди.

Яъни ушбу қарор асосида Алишер Отажоновга шаҳарнинг М. Хоразмий номидаги кўчада савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилиши учун 600 квадрат метр ер майдонини доимий фойдаланиш мақсадида ажратиб берилгани фактини ҳақиқий эмас, деб топиш талабини илгари суришди.

Шунингдек, даъво аризада асоссиз равишда эгаллаб олинган ушбу майдоннинг 120 квадрат метри бошқаларга сотиб юборилганини ноқонуний ҳолат сифатида эътироф этиш ҳақидаги талаб ҳам бор эди.

Биринчи босқич суди ушбу даъво талабларини қаноатлантирганидан норози бўлган тадбиркор А. Отажонов апелляция инстанциясига мурожаат қилди.

Аппеляция инстанцияси суди муҳокамасида маълум бўлишича, шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан ерга эгалик ҳуқуқини қўлга киритган А. Отажонов қурилиш ишларини Урганч шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимининг махсус лойиҳа-смета ҳужжатида белгилаб берилган майдонда эмас, балки айнан ҳокимлик қарорида кўрсатилган ҳудудда амалга оширган.

Лойиҳа-смета ҳужжатларида тадбиркор А. Отажоновга қурилиш ишларини амалга ошириш учун “… шимол томондан мавжуд якка тартибдаги турар жой бинолари, жануб ва шарқ томондан лойиҳадаги ички йўл, ғарб тарафдан М. Хоразмий номидаги кўча билан чегараланган ҳудуд” таклиф қилинган. Бироқ тадбиркор бу талабга риоя этмаган.

Бундан ташқари А. Отажонов 2020 йилнинг 9 июль куни ўзига қарашли 600 квадрат метрга тенг ҳудуднинг 120 квадрат метридаги қурилиши тугалланмаган иморатни нотариал тартибда Озод Машариповга сотган. У эса, орадан кўп ўтмай харид қилинган ер майдони ва ундаги бинони Отабек Қурбоновга сотиб юборган.

Бу орада Урганч шаҳар прокуратураси Урганч шаҳар қурилиш ва архитектура бўлими, Давлат кадастр агентлиги Урганч шаҳар бўлими, Хоразм вилояти қурилиш бош бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмига асосан жиноят иши қўзғатган.

Суд жараёнида шаҳар ҳокимининг қарорига асосан А. Отажоновга қарашли деб кўрсатилган 600,0 квадрат метрли ер майдони чегараларини “Ергеокадастр” агентлигининг “Samarqand aerogeodezia” унитар корхонаси белгилаб бергани маълум бўлди. Бундан ташқари ушбу ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш ва уни лойиҳалаштириш юзасидан шаҳар архитектура ва қурилиш бўлимининг топшириғи асосида “Монолит лойиҳа эксперт” масъулияти чекланган жамияти лойиҳа ҳужжатларини тайёрлагани ва бу шаҳар қурилиш инспекцияси томонидан тегишли тартибда маъқуллангани, шу асосда 801-сонли оммавий оферта шартномаси расмийлаштирилгани ҳам аниқланди.

Шу ўринда қонуний асосларга тўхталадиган бўлсак, Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгилангани, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.

Тадбиркор А. Отажонов бу борада юзага келган ҳуқуқ ҳамда баён этилган ҳужжатларга таянган. У 2020 йилнинг 2 июлида қурилиши тугалланмаган бинони давлат рўйхатидан ўтказиб, ер майдонини сотиш ёки тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлгани сабабли 600 квадрат метр ернинг бир қисмини фуқаро О. Машариповга сотган. Бундай ҳуқуқдан О. Машарипов ҳам фойдаланган. Ўз навбатида, ундан 120 квадрат метр саҳнли қурилиш майдони ва ундаги бинони сотиб олган О. Қурбонов уни ўзи таъсисчи бўлган “Қаландар Қурбон” хусусий корхонаси ва “Қишлоққурилишбанк” филиали ўртасида тузилган 483-сонли кредит шартномага мувофиқ гаровга қўйган.

Шу орада низога “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг “Хоразм магистрал электр тармоқлари” корхонаси ҳам аралашди. Аниқроғи, корхона 2021 йилнинг сентябрь ойида 600 квадрат метр саҳнли ер майдони юқори кучланишли электр симлари тортилган ҳудудда жойлашганини назарда тутиб, ана шу ер майдонини А. Отажоновга ажратиб бериш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш, О. Курбоновга тегишли қурилмани унинг ҳисобидан бузиб ташлаш ва ер майдонини асл ҳолига келтириш ҳақида Урганч туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритади. Бироқ суд электр тармоқлари корхонаси талабини қаноатлантириш учун асослар мавжуд эмас, деган хулосага келади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 65-моддасида хусусий мулк дахлсиз экани кафолатланган. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати иш билан боғлиқ ҳолатларни синчиклаб ўрганиб чиқиб, ана шу конституциявий қоидага таянган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 17 июлдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди. Чунки тадбиркорлар А. Отажонов, О. Машарипов ва О. Қурбонов қонуний тартибда ер-мулкка бўлган ҳуқуқни қўлга киритишган. Қолаверса, архитектура, кадастр ва қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан қўзғатилган жиноят иши низоли олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда 2 нафар фуқарога тегишли бўлган биноларни бузиш учун асос бўла олмайди. Устига-устак, Урганч шаҳар ҳокимининг низога сабаб бўлган 1014к-сонли қарори ҳамон ўз кучида ва у тегишли тартибда ҳақиқий эмас деб топилмаган. Шунингдек, О. Қурбонов ва О. Машариповнинг низоли ер майдони ва ундаги бино-иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқи тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ана шу ҳуқуқ айни пайтда ҳам ўз кучида турибди. Шу боис Урганч шаҳар ҳокимлигининг даъвоси рад этилиб, ҳақиқат қарор топди ва тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинди.

Жамоладдин Қурязов,

Хоразм вилояти

суди судьяси

photo_2024-03-06_11-31-10

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” дея қайд этилган. 76-моддасида эса, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасида экани, давлат оиланинг тўлақонли ривож­ланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши таъкидланган.

Шунингдек, оиланинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, ушбу муқаддас гўшани турли хил иллатлардан муҳофаза қилиш мақсадида 2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун асосида Жиноят кодекси “Оилавий (маиший) зўравонлик” дея номланган 126-1-модда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс эса, худди шу номдаги 59-2-модда билан тўлдирилди.

Албатта, ушбу қонун ҳужжатларининг амалга жорий этишдан кўзланган мақсад — оила муҳофазасини кучайтириш, эр ва хотин зиммасидаги масъулиятни янада оширишдан иборат.

Аммо кейинги пайтларда оилавий зўравонликлар сингари қилмишлар содир этилаётгани, бундан асосан аёл ва болалар азият чекаётгани афсусланарлидир.

Мисол учун айтадиган бўлсак, Қўқон шаҳрида яшовчи Умирбек Ҳайитов (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилавий зўравонлик қилгани сабабли бешинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди. У муқаддам талончилик, безорилик ва икки марта ўғирлик жиноятини содир этгани боис тегишли жавобгарликка тортилган. Унга нисбатан охирги марта тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аввалига ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган. Кейинчалик у бу жазодан ҳам шартли равишда муддатидан олдин озод этилган.

Аслида бундай енгиллик ва бағрикенглик унга ҳаётда тўғри йўлни топиш, қилмишларидан оқилона хулоса чиқариб олиши учун берилган имконият эди. Аммо У. Ҳайитов табиатига чуқур сингиб кетган иллат ва қусурлардан халос бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Аксинча, яна жиноий қилмишга қўл урди. Аниқроғи, ўтган йилнинг 26 июль куни у хотини Ш. Бойқўзиева билан жанжаллашиб қолади. У. Ҳайитов ғазабини босолмай хотинига қўл кўтаради ва қасддан оғир тан жароҳати етказади. Оқибатда Ш. Бойқўзиева шифохонага ётқизилади.

Ўз навбатида, шифокорлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришади. Айни ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Ш. Бойқўзиева ўртача оғир тан жароҳати олгани аниқланади. Шундан сўнг зўравон эрга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди У. Ҳайитовни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, судланувчи муқаддам 4 марта қонуний жазога тортилгани, аммо ҳали-ҳануз тузалиш йўлига кирмаганини инобатга олинган ҳолда жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташи белгиланди. Шунингдек, жабрланувчи Ш. Бойқўзиевага ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, 2023 йил 14 сентябрь куни Лола Жарқинова эри Рамзиддин Жарқинов билан ўзаро гап талашиб қолади. Охир-оқибат оғзаки тортишув жиддий жанжалга айланади.

Жанжал вақтида дастлаб Л. Жарқинова ҳовлида ётган полиэтилен қувур бўлаги билан эрининг бошига уради. Натижада Р. Жарқинов ҳушини йўқотиб, ерга йиқилади. Шунга қарамай, хотини уни яна уришда давом этади. Бу ҳам етмагандек, эрининг ўнг қўлига тергов ҳаракатлари давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган кимёвий моддани сепиб юборади. Бунинг оқибатида Р. Жарқиновнинг қўл териси куяди. Бундан хабар топган жиянлари Р. Жарқиновни зудлик билан шифохонага олиб боришади.

Таъкидлаш лозимки, судга оид тиббий экспертизанинг хулосасида қайд этилишича, калтакланиши натижасида жабрланувчи ўртача оғир тан жароҳати олган. Бинобарин, Л. Жарқиновага нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 4-қисми билан айбдор деб топиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Қолаверса, суд ҳукмида Л. Жарқиновадан Р. Жарқинов фойдасига 6 миллион 515 минг сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланади.

Афсуски, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. 2023 йилда Жиноят кодексининг 126-1-моддасига асосан 203 нафар шахс судланган. Уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Бундан ташқари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасига мувофиқ 8 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарларнинг 5 229 нафарига жарима жазоси, 3 699 нафарига эса, маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Маълумки, оиланинг мустаҳкамлиги аввало эр ва хотиннинг аҳил-иноқлиги, зиммаларидаги масъулият ва мажбуриятни нечоғлик чуқур англашига боғлиқ. Албатта, фарзандлар камоли, ўзларининг тинчлик-хотиржамлигини ўйлаган ҳар бир эр ва хотин аввало оилага эътибор билан муносабатда бўлади, ўткинчи низо ва гина-қудратларни ақл билан енгиб ўтишга интилади. Оилани асраб­авайлаш, оила аъзоларининг бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлиши замирида жамиятнинг тинчлик-тотувлиги, фарзандлар камоли, бир сўз билан айтганда, инсоннинг ўзлиги мужассам эканини унутмайлик.

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар суди судьяси

photo_2024-03-01_16-57-01

“ФАРМАЦЕВТ” ОШПАЗ…

Инсон ҳаёти ва соғлиғига оид фаолият тури билан фақат мутахассислар шуғулланиши керак. Бироқ онда-сонда бўлсада фармацевтика соҳасига бу борада ҳеч қандай билим ва малакага эга бўлмаганлар аралашиб қолиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бунга яқинда судда кўрилган бир ишни мисол сифатида келтириш ўринли. 

Гап шундаки, бири ошпаз, иккинчиси МЧЖда катта назоратчи, учинчиси эса омбор мудири бўлиб ишловчилар ўзаро тил бириктириб, дори воситаларини ноқонуний реализация қилиш режасини тузишган.

Мақсад даромад топиш бўлган. Учовлон ўтган йил 27 сентябрь куни Юнусобод туманидаги 1-сон болалар юқумли касалликлар шифохонаси олдида белгиланган тартибда сақланмаган, аслида инсон иммунитетини оширишга ҳамда бошқа ҳамроҳ касалликларни даволашда ишлатиладиган, Россия Федерация­сида ишлаб чиқарилган ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасаси томонидан расмийлаштирилмаган уч дона дори қутисини 2 100 000 сўмга сотишган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Г. Т.нинг кўрсатмаси асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Чилонзор туманидаги уйида яна уч дона шундай дори ашёвий далил сифатида олинган. Улар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган ”Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низом талабини қасддан бузишган. Ваҳоланки, республика ҳудудида дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналардан ташқарида сотиш ва сертификатсиз чакана реализация қилиш тақиқланган.

Қонун ва қарор талабини бузиб, ноқонуний фаолият тури билан шуғулланган Г. Т. ва унинг икки шериги суд олдида жавоб берди.

Судланувчилар суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, фойда олиш учун қинғир ишга қўл уришганлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдиришди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бирига бир йил синов муддати белгиланди.

Пул топаман, дея “фармацевт”га айланган ошпаз, омбор мудири ва назоратчи бугун афсусда.   

 Азимжон ҲАКИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман судининг судьяси

photo_2024-03-01_16-44-03

ОТАЛИК БУРЧИ ВА МАЖБУРИЯТИНИ УНУТИШ ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Ҳаётда ҳар бир ота-она оилада фарзанд дунёга келса, қувончдан боши кўкка етади. Барча ташвишу юмушини бир четга қўйиб, бутун меҳру эътиборини жажжи фарзандига қаратади. Мабодо гўдак бетоб бўлиб қолгудек бўлса, томоғидан сув ҳам ўтмайди, ҳаловатини йўқотади. Ахир, фарзанд дилбандимиз, наслимиз давомчиси-да!

Аммо ҳаёт йўллари бир текис эмас, у инсоннинг турли вазиятларга солиш билан меҳру муҳаббатини синаб туради. Баъзилар оиласига дарз кетиб, ажрашиб кетгудек бўлса, собиқ турмуш ўртоғи майли, фарзанди олдидаги масъулияти, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз вақтида бажаришни унутиб қўяди. Энг ёмони, бундай кимсалар вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан ҳам бўйин товлайди.

Лекин бундай кимсалар шуни унутмаслиги жоизки, қонунчилигимиз бундай беписандлик ва лоқайдликни асло кечирмайди. Зеро, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдир. Бу янги таҳрирдаги Бош қомусимизда қайд этилган. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Шунингдек, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш бир қатор ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ёхуд маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси).

Агар шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаса, жазо чоралари янада кучайтирилади ва жиноий жавобгарликка тортилади: икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Ўша қилмиш хавфли рецидивист (илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноятни қасддан содир этган шахс) томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бунда ҳам агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади (Жиноят кодексининг 122-моддаси).

Қонун меъёрларидан иқтибос келтиришдан мақсадимиз шуки, ҳаётда ўз фарзандини моддий таъминлашдан бўйин тоблайдиган кимсалар ҳам учраб туради. Суд амалиётидаги кўплаб мисоллар бу фикримизни тасдиқлайди.

Масалан, яқинда жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судида айнан шундай тоифадаги бир иш кўриб чиқилди. Жавобгар Даврон Комилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) қирқ ёш остонасидан ҳатлаганига ҳам 3 йил тўлди. Буни таъкидлаш муддао шуки, қирқ ёшдан ўтган ҳар бир киши ҳаётда аллақачон ўзининг ўрнини топиб, фарзандларини уйли-жойли қилиш каби ширин ташвишлар билан яшайди. Аммо гап ёшда эмас, бошда деганлари тўғри экан, йўқса, Д. Комилов жавобгар сифатида судда бош эгиб турмасди.

Гап шундаки, Д. Комилов 2005 йилда С. Раҳмонова билан қонуний никоҳдан ўтиб, оила қуришади, фарзандлик бўлишади. Лекин оилавий келишмовчиликлар сабабли уларнинг турмуши узоққа бормайди, никоҳлари қонуний тартибда бекор қилинади. Шундан сўнг С. Раҳмонованинг мурожаати асосида фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан Д. Комиловдан 1 нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Аммо Д. Комилов фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бўйин тоблайди. Шу боис 2022 йил ноябрь ойида жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг қарори билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Аммо бу қонуний жазодан сўнг ҳам Д. Комиловнинг сўқир кўзлари очилмади, фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашни хаёлига келтирмади.

Яқинда унинг бу қилмиши судда кўриб чиқилди. Суд мажлисида Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочиси Д. Комилов зиммасидаги мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаб келаётганини таъкидлади.

Гувоҳи бўлганингиздек, жавобгар маъмурий қамоқ жазоси қўлланилганидан сўнг ҳам 2022 йил декабрь ойидан 2023 йил ноябрь ойига қадар 11 945 996 сўм алимент тўловларини тўламаган.

Албатта, суд ишни ҳар томонлама муҳокама қилиб, Д. Комиловни Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди ва 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида Д. Комиловдан жабрланувчи фойдасига 11 145 995 сўмни ундириш қайд этилди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2018 йил 15 мартдаги суд буйруғига кўра, Абдували Ҳомидовдан собиқ турмуш ўртоғи Салима Бобоеванинг фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган. Аммо А. Ҳомидов суд буйруғи билан зиммасига юклатилган мажбуриятни ўз вақтида бажаришни хаёлига ҳам келтирмади.

Бундай беписандлик эса, изсиз кетмади, аксинча, тегишли жавобгарликка сабаб бўлди. Яъни у жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг 2021 йилги қарорига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Бироқ ушбу маъмурий жазодан сўнг ҳам у фарзандини моддий жиҳатдан таъминлаш, қарзини узиш тўғрисида ўйламади, аксинча, икки ойдан ортиқ муддат мобайнида – 2023 йил 1 октябрга қадар 81 008 261 сўм алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлади. Шу боис суднинг ҳукмига кўра, унга 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жабрланувчига етказилган 81 008 261 сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш белгиланди.

Шунингдек, фарзанд олдидаги мажбуриятига лоқайдлик билан қараш, қонунларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш Юқоричирчиқ туманида яшайдиган Н. Даминовга ҳам жуда қимматга тушди. Ҳолбуки, унга нисбатан 2016 йилда туғилган фарзандининг моддий таъминоти учун у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ҳар ойлик даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлашдан бўйин товлагани учун 2021 йилда маъмурий жазо қўлланилганди. Аммо у бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмади. Натижада 2022 йилда жиноят ишлари бўйича Қибрай тумани судининг ҳукмига асосан 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Буни қарангки, бу жазо ҳам унга кор қилмади, яъни 16 ой давомида жами 17 375 984 сўм миқдордаги алиментдан қарздорлик юзага келди.

Охир-оқибат суд унинг моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламасликда ифодаланган қилмишларини муҳокама қилиб, 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ҳукмда Н. Даминовдан жабрланувчи фойдасига ундирилмай қолган маблағ ундирилиши белгиланди. У хавфли рецидивист сифатида жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Юқорида баён этилган мисоллардан ҳам кўринадики, мамлакатимизда болалар манфаати қонунлар асосида қатъий муҳофаза этилади, бу борадаги ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

photo_2024-03-01_16-33-57

ХОДИМНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муносабатларни тартибга солиш, уларни ривожлантириш бевосита қонунчиликнинг мукаммаллигига боғлиқ. Бугунги янгиланиш жараёнларида қабул қилинган қонунлар қайта кўриб чиқилиб, муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бунга Меҳнат кодекси яққол мисол бўла олади. Меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи ушбу асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат фуқароларга меҳнат қилиш ва муносиб даромад олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.

Меҳнат кодексининг 1995 йилда қабул қилинган таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги, шунингдек, ундаги кўплаб нормалар амалдаги бошқа қонунларда ҳам такрорлангани ушбу кодексни такомиллаштиришни тақозо этди. Натижада 581 та моддадан иборат янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ишлаб чиқилди ва 2022 йил 28 октябрда қабул қилинди.

Бунда, муҳими, ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат муносабатларидаги субъектив ҳолатлар янада аниқлаштирилиб, асосий эътибор ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилди. Меҳнат кодексида илгари назарда тутилмаган – иш берувчи ва ходимнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларининг вужудга келиши учун асослар кенгайтирилди. Яъни ишга қабул қилиш бўйича очиқ мустақил танловдан ўтказиш, лавозимга сайланиш, ходимни ваколатли давлат органи томонидан ишга юбориш, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни ишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишга оид ишлаш ҳуқуқини тасдиқлаш каби масалалар ўз ифодасини топган.

Бундан ташқари кодексда ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартиби белгиланди. Кодекснинг 257-моддасига кўра, ушбу кодексда назарда тутилган барча ҳоллар учун ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.

Бугунги кунда судлар томонидан меҳнатга оид низолар Меҳнат кодекси меъёрларидан келиб чиқиб, адолатли ҳал этилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2023 йил давомида 590 та меҳнат низосига оид ишлар кўриб тамомланган бўлиб, бундан ишга тиклаш 171 та, иш ҳақи ундириш 267 та, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга доир 20 та, меҳнат таътили билан боғлиқ низолар 33 та, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисида 1 та, меҳнат муносабатларига доир бошқа ишлар 98 тани ташкил этди.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, даъвогар – А. А. жавобгар – Тиббиёт бирлашмасига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 25 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Яъни Тиббиёт бирлашмасининг буйруғини ноқонуний деб топиш ва бекор қилиш, фуқаро А. А.ни Тиббиёт бирлашмаси шифокори вазифасига ишга тиклаш, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига солиқ ва бошқа барча мажбурий ушланмалар чегирилган ҳолда 5 500 000 сўм иш ҳақи, 3 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Ўз навбатида, жавобгар суднинг ушбу қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва ушбу низо апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Бунда биринчи инстанция судининг даъвогарнинг ўртача иш ҳақини унинг охирги икки ойлик иш ҳақи ҳисобидан ҳисоблаб, мажбурий прогул вақти учун 5 500 000 сўм миқдорида иш ҳақи ундириш ҳақида нотўғри хулосага келгани аниқланган.

Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги ўн икки ойни ташкил этувчи ҳисоб-китоб даври ёхуд агар ходим ўн икки ойдан кам ишлаган бўлса, амалда ишланган давр учун ходимга ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши назарда тутилган.

Биринчи инстанция суди иш ҳақи ундириш ҳақидаги талабга баҳо беришда нотўғри хулосага келгани сабабли апелляция инстанцияси даъвогарнинг мажбурий бекор юрган кунлари учун ҳақ ундириш ҳақидаги талаби юзасидан биринчи инстанция судининг қабул қилган ҳал қилув қарорини ўзгартирди. Шу асосда ходим фойдасига 6 600 000 сўм иш ҳақи ундиришни лозим топди.

Яна бир ҳолатда фуқаро А. С. банкка нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ёки тенг даражадаги иш ўрни билан таъминлаш мажбуриятини юклаш ҳамда маънавий зарар ундириб беришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини муҳокама қилиб, банк билан даъвогар А.С. ўртасида муддатли меҳнат шартномаси тузилгани, шартноманинг тугаш муддати бошқа ходим Н. Н.нинг бола парваришлаш таътилидан қайтгунига қадар қилиб белгилангани, у бола парваришлаш таътилидан қайтиб, ишга чиққани, шу боис А. С. билан тузилган меҳнат шартномасининг бекор қилинмаслиги Н. Н.нинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келишини инобатга олиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилган.

Иш ҳужжатларида қайд этилишича, банк билан А. С. ўртасида тузилган меҳнат шартномасида А. С.нинг меҳнат фаолияти 2021 йил 24 сентябрда бошланиб, Н. Н.нинг бола парвариши таътилидан қайтгунга қадар белгиланган.

Шу боис иш берувчининг 2023 йил 25 майдаги буйруғи билан Н. Н. бола парваришлаш таътилидан ишга қайтган деб ҳисобланган ҳамда А. С. билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг хулосаси билан келишиб, даъвогар билан меҳнат шартномаси иш жойи (лавозими) сақланаётган ходимнинг йўқ бўлган вақтига тузилгани, меҳнат шартномасининг бекор қилинишига Н. Н.нинг бола парваришлаш таътилидан ўз лавозимига қайтгани ва меҳнат шартномасининг муддати тугаганини инобатга олди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳар қандай ташкилотда меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этилса, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмайди. Бу борада янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва бошқа қонун талабларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олиш баробарида судлардаги иш юкламасининг камайишига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Собир Набиев,

Жиззах вилояти

суди судьяси

photo_2024-02-26_11-08-30

ТЎЙ КУНИ ҚОЧИБ КЕТГАН КУЁВ ОЛТИ ЙИЛГА ҚАМАЛДИ

Бугунги кунда жиноят судларида энг кўп кўрилаётган ишлардан бири бу фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаб ёки ишончни суиистеъмол қилиб эгаллаб олиш, сўнг қўлга киритган пулни ёки мулкни қайтариб бермасликдан иборат экани ҳеч кимга сир эмас.

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судида кўриб чиқилган К. Шуҳратов (тарафларнинг исми-фамилияси ўзгартирилган) ҳам бошқа инсонларни алдаб, ўзганинг пули эвазига яшашни касб қилиб олганлардан экан. 

Иш тафсилотларига тўхталсак, фарғоналик Д. Сафарова телевизор кўриб ўтириб “Hop-Shop” рекламасини кўриб қолади ва онасига совға сифатида ушбу реклама каналидан буюм сотиб олмоқчи бўлиб, юқоридаги ТВ-канал рақамига қўнғироқ қилади. Техника жиҳозига буюртма беради. 

Орадан бир неча кун ўтиб Д. Сафаровага нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади. Нотаниш йигит ўзини “Hop-Shop” ТВ-каналида ишлашини, унинг буюртмаси бўйича айрим масалаларни аниқлаб олиши кераклигини айтиб суҳбат бошлайди. К. Шуҳратов суҳбат давомида Д. Сафарованинг ўқишни тамомлаб ишлаётгани, турмушга чиқмагани, оиласи ва бошқа маълумотларни батафсил сўраб олади. Шундан сўнг К. Шуҳратов ўзининг ғараз мақсадини амалга ошириш режасини тузади ва бир неча кундан сўнг Тошкентдан Марғилон шаҳрига келади. 

Д. Сафарова уни ахтариб келган К. Шуҳратовни кўргач гўёки бир неча йилдан буён ўзи кутган инсонни учратгандек бўлади. Чунки бу йигит унга ширин сўзларни топиб гапирар, катта ваъдалар берар, ўзининг уйланмагани ва унга ўхшаган қизни узоқ вақтдан буён қидириб юрганини айтиб, қизнинг бошини айлантиради. Қиз ҳам фирибгарнинг тузоғига осон тушади. “Ширин ёлғонга” учади. Йигитнинг барча талабларини унга ишониб, ҳеч шубҳаланмай бажаради. Жумладан, К. Шуҳратов унга уйланиши учун уйини таъмирлашга деб пул сўраганда тўплаб юрган барча пулларини беради. Йигит уни деб тайёр ишини ташлаб келганини айтиб келгусида “Тошкент – Марғилон” йўналишида кира қилишини айтиб машина сотиб олишга ёрдам сўраганда ҳеч иккиланмай ота-онасидан К. Шуҳратовга бериш учун пул сўрайди. К. Шуҳратов барча талаблари Д. Сафарова томонидан бажарилаётганини кўриб навбатдаги ҳийласини бошлайди. 

Фирибгар йигит қизда унга бериш учун пули қолмагач, кредит дўконларидан ва тижорат банкларидан пул ҳамда турли товарлар олиб беришни “илтимос қилади. Д. Сафарова бу талаб фирибгарнинг яна бир ҳийласи эканини англамайди ёки англашни хоҳламайди, десак тўғрироқ бўлади. Чунки куёв бўлмиш йигит тошкентлик, сўзамол, асло зериктирмайди, худди “Ўтган кунлар” романидагидек Отабек мисол йигит эди-да.

К. Шуҳратовнинг юқоридаги хислатлари қизни тамоман “эсдан оғдирган”.

Ҳатто, фирибгарнинг “тўйгача никоҳ ўқитиб бирга яшаб юрайлик” деган таклифига эс-ҳушли қиз кўнадими? Йўқ, албатта, аммо сохта муҳаббатдан ҳеч нимани кўрмай қолган Д. Сафарова муттаҳамнинг бу таклифига ҳам рози бўлади. Никоҳ ўқитиб ўз уйидан фирибгарга жой беради. Ҳийласини ўйлаганидан ҳам “унумли иш берганидан” хурсанд К. Шуҳратов еб-ичишдан тортиб уст-бошигача бўлган харажатни Д. Сафарова ва унинг яқинлари зиммасига ортиб қўяди. Ҳар қандай қабиҳликнинг ҳам охири бўлганидек, “куёв”нинг хурмача қилиқлари Д. Сафарованинг ота-онаси ва ака-укаларини кеч бўлса-да ҳушёр торттирди. Улар К. Шуҳратовдан тўй қилишни, эл-юртга уйланганини ошкор қилишни сўрай бошлайди. Шундан сўнг К. Шуҳратов сўнги ҳийласини бошлайди. Фарғона шаҳрида “Висол” тўйхонасида дабдабали тўй қилишини, Тошкентдан казо-казолар меҳмонга келишини айтиб Д. Сафарова ва унинг яқинларини ишонтириб, тўй кунини белгилайди. Тўйхона манзили кўрсатилган сохта таклифномаларни Д. Сафарованинг яқинларига тарқатиб, ҳаммани тўйга таклиф этади. 

Шундан сўнг фирибгар К. Шуҳратов келин ва унинг яқинларини тўплаб уларга қимматбаҳо тўйхонада катта тўй қилиш учун анча қарз бўлиб қолганини, ўзига яна бироз ёрдам кераклигини айтиб уларни ишонтиради.

Барчанинг тўёна пулларини йиғиштириб олиб Тошкент вилоятига қочиб кетади. Тўй куни тўйхонага борган келин ва унинг қариндошлари қандай аҳволга тушганини айтиш шарт эмас. 

Кеч бўлсада эсини йиғиб олган жабрланувчи Д. Сафарованинг аризасига мувофиқ К. Шуҳратовга Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Аниқланишича, К. Шуҳратов оилали, икки нафар фарзанди бор экан.

Уларга пул топиб ишлаб келиш учун кетаётганини айтиб Марғилон шаҳрига келган экан. 

Хуллас, тергов якунланиб жиноят иши бўйича суд бўлиб ўтди. Судда ҳам К. Шуҳратов ўзи етказган зарарларни қоплаш ўрнига, жабрланувчи Д. Сафаровани яна алдашга уринди, оиласидан ажрашиб унга уйланишини айтиб, фақат зарарларни қоплангани ҳақида ариза ёзиб уни қамоқдан қутқариб қолишни илтимос қилди. Аммо, “кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади” деганларидек бу сафар Д. Сафарова уни кечирмади ва муттаҳам К. Шуҳратовнинг навбатдаги ёлғонига учмади. 

Суд ҳукми билан фирибгар К. Шуҳратовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, айбдор ўз жазосини олди. Аммо, пулларни айтмай қўя қолай, Д. Сафарованинг йўқотган умидлари ва бахтини қайтаришни имкони борми? У ҳам шам нурини оташ деб ўйлаб куйиб қолганлардан бири бўлганига ачинасан холос. Шунинг учун охирги сўзимиз шу – огоҳ бўлинг, токи жамиятимиз фириб берувчи муттаҳамлардан тозаланмас экан ҳамиша ҳушёр бўлишга, қадримизни, ишончимизни ва мулкимизни асрашга ўзимиз масъулмиз. 

Зафаржон Омонов, 

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси

#thegov_button_69f283af34032 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f283af34032:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69f283af34032 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69f283af34032:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!