Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-04-27_16-04-55

ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ ТЕГИШЛИ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Бугунги кунда ахборот технологияларининг шитоб билан ривожланиши аҳолига кенг қулайликлар яратиш билан бирга айрим кимсалар ундан ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётгани жуда афсусланарлидир. Масалан, кибержиноятчилик, хусусан, ижтимоий тармоқларда ташкил этилаётган қимор ўйинларида иштирок этган кўплаб фуқаролар ўз маблағларидан айрилиб қолмоқда.

Қарши шаҳрида яшовчи Хўжамберди Қаҳҳоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) гарчи ижтимоий тармоқда қимор ташкил этмаган бўлса-да, бошқача тарзда кибержиноятга қўл урди. Гап шундаки, у Косон туманининг Гулобод маҳалласида жойлашган хўжалик моллари дўконида ишларди. Дўконда ишлаш асносида 2025 йил март ойида “Telegram” мессенжерида қимор ва таваккалчиликка асосланган “1XBET” ўйини фойдаланувчиларининг депозит ҳисобларини тўлдириб берувчи “bot”ларни яратади. Сўнг у дўконда сақлаб келаётган Озода Дониёрова, Сурайё Аширова, Зилола Ботирова, Саида Ботирова, Маҳфуза Шараповага тегишли паспорт нусхаларини таниши, “Xaлқ банки”нинг Косон универсал банк хизматлари маркази бош мутахассиси Ҳ. Тошпўлатовга беради. Ўз навбатида, Ҳ. Тошпўлатов ҳамкасби Ш. Шодмонов билан бирга О. Дониёрова, С. Аширова, З. Ботирова, С. Ботирова ва М. Шарапованинг номига янги банк пластик карталарини очиб беради. Пластик карта очиш учун берилган аризаларга юқорида исм-шарифи қайд этилган аёллар номидан Х. Каримовнинг ўзи сохта имзо қўяди. Оқибатда ҳар бири эвазига ойига 2 миллион сўмдан ҳақ олиб туриш шарти билан янги банк пластик карталарини “Telegram”да “DEZOS” номли профилни юритувчи Н. Муталовга сотиб юборади. Чунки Н. Муталов “Uzb_kassa” номли боти орқали қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар иштирокчиларининг ҳисобини тўлдириш ва ютуқларни чиқариб бериш билан шуғулланарди. Бу ҳаракати билан Х. Қаҳҳоров ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш жиноятини содир этади.

Орадан 2 ой ўтиб, Х. Қаҳҳоров яна шу жиноятга қўл уради. Бу гал у фуқаро Г. Йўлдошеванинг паспортини қўлга киритади ва “Ipak yo‘li banki”нинг Қарши филиали “Косон” экспресс марказида ишловчи таниши И. Жўраев ва банк бош мутахассиси М. Давронова ёрдамида янги пластик карта очишга эришади. Кейин аввалгидек, ҳар ойда 2 миллион сўмдан бериш шарти билан Н. Муталовга сотади. Х. Қаҳҳоров ҳужжатларни қалбакилаштиргани ва улардан фойдалангани етмагандек, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун талабини ҳам бузади.

Албатта, ҳар ойда келиб турадиган мўмай даромад кимга ҳам ёқмайди, дейсиз?! Бинобарин, Х. Қаҳҳоровнинг “иштаҳа”си янада очилиб кетади. Натижада у 2025 йилнинг май, июль ва август ойларида яна 15 нафар фуқаронинг номига банк пластик картасини расмийлаштириб, Н. Муталовга сотади. Бироқ…

Бироқ орадан кўп ўтмай бу қинғир қилмишнинг қийиғи чиқади: республикамиз миқёсида ўтказилган “Долзарб 10 кунлик” махсус тадбирлари доирасида Х. Қаҳҳоровнинг кирдикорлари Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан фош этилади. Аниқроқ айтганда, махсус топшириқ асосида Қашқадарё вилоятига хизмат сафарига юборилган бошқарма тезкор ходимлари томонидан номларига банк пластик картаси расмийлаштирилган 21 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилганда, бу сирларнинг ҳаммаси сув юзига қалқиб чиқади.

Шундан сўнг Х. Қаҳҳоров Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармасига чақиртирилади.

Лекин пойтахтга келгач, Х. Қаҳҳоров калондимоғларча иш тутади: айбини бўйнига олиб, қилмишидан пушаймон бўлиш ўрнига бошқарма бошлиғи Б. Тиллахўжаевга пора таклиф қилади. Буни эшитган бошлиқ пора бериш ҳам худди пора олиш каби оғир жиноят эканлигини унга тушунтиради.

Аммо Х. Қаҳҳоров ўз билганидан қолмайди, у оқ қоғозга ёзиш орқали ноқонуний таклифини такрорлайверади. Охир-оқибат Б. Тиллахўжаев Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Ушбу билдирги асосида тезкор тадбир ўтказилади. Пировардида Х. Қаҳҳоров Б. Тиллахўжаевнинг хизмат хонасида 50 000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ушланади. Натижада Х. Қаҳҳоров ва унинг жиноий шериги Ж. Эгамназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Таъкидлаш лозимки, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди Х. Қаҳҳоровни Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 141-2-моддаси 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари, Ж. Эгамназаровни эса, Жиноят кодексининг 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, уларни тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Пора тариқасида берилган 50 000 АҚШ доллари эса, давлат фойдасига ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса – ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади. Шундай экан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш сингари иллатларга нафақат қонун ҳимоячилари, балки ҳар юртдошимиз ҳам муросасиз бўлиши шарт.

Дилноза ҲОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек

тумани суди судьяси

photo_2026-10-07_09-28-56

ОҚИБАТСИЗЛИК ҚОНУНИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, оила — жамиятнинг муқаддас қўрғони. Унда меҳр, масъулият, садоқат ва фарзандлар келажаги учун жавобгарлик мужассам бўлиши керак. Афсуски, ҳаётда ушбу муқаддас гўшага енгил-елпи қарайдиган, айниқса, фарзандлар олдидаги бурчини унутиб қўядиган кимсалар ҳам учраб туради.

Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Алибек Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан Ю. Файзуллаева 2014 йилда оила қуришган эди.

Дастлаб уларнинг турмуши рисоладагидек кечди. Никоҳлари давомида икки ўғил ва бир қиз фарзанд дунёга келди. Табиийки, ҳар бир ота-она учун фарзанд — ҳаёт мазмуни, келажак ишончи ва энг ката масъулиятдир.

Аммо кунлар ўтиши билан оилада ўзаро келишмовчилик кучайиб борди.

Бунга, асосан, А. Эргашевнинг спиртли ичимлик ичишга ружу қўйгани, оилани моддий жиҳатдан таъминлашга эътибор бермагани сабаб бўлди.

2022 йил февраль ойида оилавий жанжалдан сўнг А. Эргашев уйдан чиқиб кетади ва сўнг умуман қорасини кўрсатмай қўяди. Уч нафар вояга етмаган фарзанд ёлғиз она қарамоғида қолади.

Аммо Ю. Файзуллаева ёлғиз ўзига фарзандлар таъминоти оғирлик қилгач, қонуний йўл билан алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2022 йил 12 ноябрдаги суд буйруғига асосан, А. Эргашевдан уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди.

Айтиш керакки, суд буйруғи фарзандлар вояга етгунга қадар ижро этилиши лозим бўлган мажбурий ҳужжат. Зеро, алимент — ота ёки онанинг хоҳишига боғлиқ ёрдам эмас, балки қонун билан белгиланган мажбуриятдир. Ҳеч қачон фарзандлар ота-она ўртасидаги келишмовчиликдан азият чекмаслиги керак.

Шу ўринда воқеа тафсилотига қайтадиган бўлсак, А. Эргашев ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳужжати талабларига эътибор бермайди: алимент тўловларини тўламайди, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаш бўйича оталик бурчини бажаришдан бўйин товлайди.

Тўғри, Мажбурий ижро бюроси Навоий шаҳар бўлими томонидан суд буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ҳаракатлар амалга оширилади. Давлат ижрочилари томонидан А. Эргашев алимент қарздорлигини тўлаш зарурлиги ҳақида бир неча марта огоҳлантирилади.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишни вақтинча чеклаш чораси ҳам қўлланилади.

Аммо бу чоралар А. Эргашевга асло таъсир қилмайди. У алимент пулларини икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламагани сабабли жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2025 йил 16 июндаги қарори билан унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Қонуннинг талаби қатъий: агар шахс вояга етмаган ёки моддий ёрдамга муҳтож фарзандларини таъминлашдан бўйин товласа, аввал маъмурий жавобгарликка тортилади. Агар маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ҳам у тегишли хулоса чиқармаса ва алимент тўлашдан қасддан бўйин товлашда давом этса, унинг ҳаракати жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Афсуски, шундай бўлди: А. Эргашевга нисбатан жиноят иши судда муҳокама қилинди. Маълум бўлишича, А. Эргашев 2025 йил 1 июндан 2025 йил 31 октябрга қадар бўлган вақт давомида 15 миллион 769 минг 608 сўм миқдоридаги алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Умумий ҳисобда эса, унинг фарзандлари олдидаги алимент қарздорлиги 72 миллион 736 минг 436 сўмга етган.

Бу ўринда гап фақат рақамлар ҳақида эмас. Ушбу маблағ ортида уч нафар боланинг кундалик эҳтиёжи, кийим-кечаги, озиқ-овқати, ўқув қуроллари, даволаниши ва ҳаёт кечириш ҳуқуқи турибди. Ота томонидан тўланмаган ҳар бир сўм, аслида, фарзанднинг ҳуқуқи бузилганини англатади.

Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси томонидан А. Эргашевнинг алимент қарздорлигини ундириш мақсадида, унинг мол-мулкларини аниқлаш чоралари кўрилган. Давлат ижрочиси унинг яшаш манзилига борганида, ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги аниқланган.

Бундай ҳолатлар амалиётда учраб туради: айрим қарздорлар расмий ишга кирмаслик, мол-мулкни ўз номига расмийлаштирмаслик ёки ишсизликни баҳона қилиш орқали алиментдан қочишга ҳаракат қилади.

Бироқ бу ҳолатлар шахсни қонун олдидаги мажбуриятдан озод қилмайди.

Иш ҳужжатларига кўра, А. Эргашевга нисбатан дастлаб муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Кейинчалик у тергов ва суддан бўйин товлаб юргани сабабли ушбу эҳтиёт чораси “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасига ўзгартирилган, унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва у 2026 йил 9 февраль куни ушланган.

Бу ҳолат ҳам суд томонидан унинг шахси ва содир этган қилмишига баҳо беришда эътиборга олинди.

Суд иш бўйича тўпланган далилларни — суд буйруғи, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарор, мажбурий ижро бўлими томонидан юборилган огоҳлантириш хатлари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, судланувчининг ўз айбига иқрорлигини ўрганиб, А. Эргашевнинг айби тўлиқ исботланган деган хулосага келди.

Дастлабки тергов органи ва суд унинг ҳаракатларини моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан малакалади. А. Эргашев муқаддам жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 10 январдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми бўйича айбдор деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 9 ой 10 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган. Кейинчалик у ўталмай қолган 1 йил 2 ой 28 кунлик жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган. Аммо шартли озодликдан кейин ҳам у қонунга хилоф ҳаракат содир этган.

Шу сабабли суд уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш имкони чекланган, деган хулосага келди.

Суд ҳукми билан унга 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддалари тартибида, аввалги ҳукм бўйича ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг бир қисми янги тайинланган жазога қисман қўшилди.

Натижада А. Эргашевга узил-кесил 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. А. Эргашев ҳисобидан жабрланувчи Ю. Файзуллаева фойдасига 72 миллион 736 минг 436 сўм миқдорида моддий зарар, яъни алимент қарздорлиги ундирилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжати билан белгиланган алимент тўлови — ихтиёрий ёрдам эмас, мажбурий ҳуқуқий бурчдир. Уни бажармаслик фарзандлар ҳуқуқларини бузиш билан баробар. Оқибатсизликнинг аччиқ қисмати эса, эртами-кечми, инсонни қонун ва виждон олдида жавоб беришга мажбур қилади.

Баҳодир АЛИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2026-08-11_16-12-30

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ — ТАДБИРКОР ҲУҚУҚИНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

Бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва ишбилармонлар учун эркин иқтисодий муҳит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан муносабатларида қонунийликни таъминлаш, ишбилармонлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Тадбиркор учун энг катта кафолат – бу унинг ҳуқуқи бузилган тақдирда, мустақил ва холис суд орқали ҳимоя қилинишига бўлган ишончдир. Чунки тадбиркор ўз сармояси, мол-мулки ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини ҳис қилгандагина фаолиятини кенгайтиради, янги иш ўринлари яратади ва мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшади. Шу маънода, судлар иқтисодий муносабатларда фақат низоларни ҳал қилувчи орган эмас, балки қонун устуворлигини таъминловчи ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг ишонч­ли ҳимоячиси сифатида муҳим ўрин эгаллайди.

Хоразм вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган навбатдаги иқтисодий иш ҳам бунинг ёрқин мисоли бўлади. Мазкур ишда иқтисодий муносабатларнинг муҳим тамойилларидан бири – шартнома шартларига қатъий амал қилиш ва қонунчилик талабларидан четга чиқмаслик масаласига атрофлича ҳуқуқий баҳо берилди.

Иш ҳужжатларига кўра, “Voha Ne’matlari” масъулияти чекланган жамияти банк томонидан ҳисобварағидан кечиктирилган тўлов учун ҳисобланган пеня мемориал ордер орқали акцептсиз тартибда ечиб олинганини қонунга зид деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилган. Даъвогар банк томонидан амалга оширилган бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топиш, ҳисобварағидан асоссиз равишда ундирилган маблағни қайтариш ҳамда ҳуқуқий ёрдам учун сарфланган харажатларни қоплашни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабларини қаноатлантиришни рад этгач, иш апелляция тартибида қайта кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати иш ҳужжатларини, тарафлар ўртасида тузилган факторинг шартномаси ва амалдаги қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилди.

Таҳлил жараёнида тарафлар ўртасидаги шартномада банкка асосий қарз ҳамда унга ҳисобланган фоизларни белгиланган тартибда акцептсиз ундириш ҳуқуқи берилгани, бироқ кечиктирилган тўлов учун ҳисобланган пеняни мемориал ордер асосида сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи назарда тутилмагани аниқланди. Суд Фуқаролик кодексининг тегишли меъёрларига асосланиб, шартнома шартларини ҳар томонлама шарҳлади ва пеня банкнинг талаб қилиш ҳуқуқи сифатида белгиланган бўлса-да, уни акцептсиз тартибда ундириш учун аниқ ҳуқуқий асос мавжуд эмас, деган хулосага келди.

Судлов ҳайъати, шунингдек, неустойка (пеня) мажбуриятни таъминлаш воситаларидан бири ҳисобланишини, уни ундириш бўйича низо келиб чиққан тақдирда, кредитор ўз ҳуқуқини суд орқали амалга ошириши лозимлигини таъкидлади. Яъни шартнома ёки қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилмаган ҳолда банкнинг тадбиркор ҳисобварағидан пеняни мустақил равишда мемориал ордер орқали ечиб олиши қонунчилик талабларига зид деб баҳоланди.

Айнан шу ҳуқуқий таҳлил натижасида апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ бекор қилиб, янги қарор қабул қилди. Суд қарорига мувофиқ, банк томонидан қўйилган мемориал ордерни ижро этиш мумкин эмас, деб топилди, тадбиркор ҳисобварағидан акцептсиз тартибда ундирилган 63 миллион 80 минг 948 сўм маблағни қайтариш, ҳуқуқий ёрдам учун тўланган 30 миллион сўм ҳамда суд харажатларини жавобгар зиммасига юклаш белгиланди.

Ушбу қарорнинг аҳамияти фақат бир тадбиркорнинг ҳуқуқини тиклаш билан чекланмайди. Энг аввало, мазкур иш судлар томонидан шартнома шартларининг мазмунига ҳуқуқий жиҳатдан пухта баҳо берилаётганини, иқтисодий муносабатларда ҳеч бир тараф қонун ва шартномада белгиланмаган ваколатдан фойдаланиши мумкин эмаслигини яна бир бор намоён қилди. Суд томонидан қабул қилинган ушбу қарор тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши, хусусий мулк дахлсизлиги таъминланиши ва қонун устуворлиги ҳар қандай иқтисодий муносабатнинг асосий мезони эканини яна бир бор тасдиқлади.

Судлар томонидан қабул қилинаётган ана шундай қарорлар ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий мулк дахлсизлигини мустаҳкамлаш, инвесторлар ва тадбиркорларда эртанги кунга бўлган ишончни оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, қонун устувор бўлган жамиятда тадбиркор ўзини ҳимояланган ҳис қилади, ҳуқуқи бузилганда эса, уни тиклай оладиган мустақил ва адолатли суд борлигига ишонади.

Бу Янги Ўзбекистонда инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари энг олий қадрият эканининг, тадбиркор ҳуқуқлари эса, давлат ҳимоясида турганининг яна бир амалий ифодасидир.

Хушнудбек Раҳимов,

Хоразм вилоят судининг

иқтисодий ишлар

бўйича судьяси

photo_2026-05-26_14-27-09

НОЎРИН ТАЛАБ КАССАЦИЯ СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро суди 2025 йил февралида фуқаро Зубайда Латифжонованинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳозирда бирга яшамаётган турмуш ўртоғи Жасур Рўзибоевни ўртадаги фарзанд — 2018 йили туғилган Жамила Рўзибоевага нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги даъво аризасини жавобгарнинг иштирокисиз кўриб чиқди. Зеро, суднинг бунга ваколати бор.

Аниқроқ айтганда, жавобгар хорижда яшайди. Шу сабабга кўра, унинг суддаги иштирокини таъминлаш қийин. Бинобарин, Фуқаролик процессуал кодексининг 164-моддасида суд ишни муайян ҳолатларда жавобгарнинг иштирокисиз кўриши мумкинлиги қайд этилган.

Даъвогар З. Латифжонова судда кўрсатма бераркан, жавобгар 2018 йилнинг январидан то 2024 йилнинг ноябрь ойигача ўтган салкам 6 йил мобайнида зиммасидаги алимент мажбуриятини бажармай келаётгани, оқибатда бу борадаги умумий қарздорлик миқдори 18,1 миллион сўмга етганини баён қилди. Шунга асосан, уни оталик ҳуқуқидан маҳрум этишни сўради.

Судда иштирок этган прокуратура органи вакили даъвогарнинг талабини қаноатлантириш ҳақида фикр билдирди. Аниқланган ҳолатларга қараганда, жавобгар томонидан фарзанди тарбияси бўйича содир қилинган ножўя ҳаракатлар салмоғи анча катта.

Алимент тўловларига бўлган беписандлик ҳолатлари бўйича унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддасига асосан, 2023 йилда икки марта баённома расмийлаштирилган.

Суд ана шу асосларга таяниб, Жасур Рўзибоевни қизи Ж. Рўзибоевага нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилган.

Буни қарангки, суднинг бу қарори жавобгар Ж. Рўзибоевни бефарқ қолдирмади. Аниқроқ айтганда, у шу йилнинг январь ойида хориждан қайтгач, Хоразм вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти билан мурожаат қилди. Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори асоссиз эканлигини таъкидлаб, уни бекор қилиш ва даъвони рад этишни сўради. Сўзининг исботи учун далиллар келтирди.

Шундан сўнг судда кассация шикоятини кўриш жараёнида кўпгина ҳолатлар қайта ўрганилди. Бу жараёнда масаланинг ҳали ойдин бўлмаган янгича жиҳатлари юзага қалқиб чиқди.

Маълум бўлишича, жавобгар Ж. Рўзибоев 2023-2025 йиллар мобайнида хорижда ишлаётган чоғи банк орқали турмуш ўртоғи Зубайда Латифжонованинг номига турли миқдорда пул маблағи жўнатган. Бу пулларнинг ҳужжатларда ифодасини топган жами миқдори 31 миллион 965 минг сўмни ташкил этган.

Бошқа бир ҳужжат: З. Латифжонованинг 2025 йил март ойида Мажбурий ижро бюроси Ҳазорасп тумани бўлими бошлиғи номига ёзган тилхатида эса, жавобгардан жами 22,8 миллион сўм пулни ўз қўли билан санаб олгани қайд этилган. Буни сўнгги суд чоғи унинг ишончли вакили, онаси З. Латифжонова ҳам тан олди.

У кассация судида кўрсатма бериб, ушбу ҳолатни инкор қилмаслигини, қизи 2025 йил май ойида Туркия давлатига кетгани, шундан бери қайтиб келмагани, невараси ўзининг қарамоғида экани, жавобгар Ж. Рўзибоевни алимент мажбуриятларини бажармагани ҳолати бўйича жавобгарликка тортиш юзасидан мажбурий ижро бюросига ёки бошқа ваколатли органларга мурожаат қилинмаганини билдирди.

Мажбурий ижро бюроси Ҳазорасп тумани бўлими бошлиғининг шу йил 4 мартдаги маълумотномасида эса, жавобгарга нисбатан алимент қарздорлигини бартараф этм аганлик бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораси қўлланилмагани маълум қилинди.

Жавобгарнинг чет элга чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўрганилди. Бу масалада қонуннинг ўз йўриғи бор. Унда зиммасига алимент тўлови бўйича мажбурият юклатилган шахсларнинг хорижга чиқиши билан боғлиқ тартиб-қоидалар мавжуд.

Аниқланишича, жавобгар Ж. Рўзибоев бу тартибни бузмаган. Унинг айтишига қараганда, даъвогар З. Латифжонованинг розилиги билан ўзига нисбатан жорий этилган тақиқ 2023 йили бекор қилинганидан сўнг чет элга жўнаб кетган ва хорижда бўлишига қарамасдан, фарзанди таъминоти учун белгиланган пулни мунтазам равишда тўлаб борган, шу аснода 2026 йил январида Ўзбекистонга қайтиб келган.

Яна бир эътибор талаб қиладиган ҳужжат: Ҳазорасп тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директорининг 2025 йил 6 февралда судга тақдим қилган хулосасида Ж. Рўзибоевни фарзанди Жамилага нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос йўқ экани таъкидланган.

Афсуски, ишни дастлабки босқич судида кўриш чоғида масаланинг бу жиҳатларига тааллуқли айрим ҳолатларга аниқлик киритилмаган, юзага келган саволларга тўлақонли жавоб топилмаган. Даъвогарнинг дастакларига ўрин берилган-у, жавобгар тарафнинг иддао ва муддаоларини аниқлаш назардан четда қолган. Қонунни ҳамма жойда бир хил ва ҳаммага бирдек қўллаш принципи унутилган.

Фуқаролар, Конституциямизнинг 55-моддасига биноан, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизликлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Судлар эса, Фуқаролик процессуал кодексининг 15-моддасига асосан, тақдим этилган ҳужжатлар, далиллар, тушунтиришлар билан кифояланмасдан, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунда белгиланган чораларни қўллаши лозим.

Шахсни оталик ёки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш — болага бахт ва иқбол тақдим этиш дегани эмас. Конституция ва қонунларимиз ота ва она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам, боланинг улар билан кўришиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Алқисса, суд Ж. Рўзибоевнинг фарзанди таъминотига бефарқ қарамагани, уни моддий жиҳатдан мунтазам таъминлаб келгани, ҳаракатларида бу борадаги ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун биронта ҳам асос бўлмагани, қолаверса, вояга етмаган қизалоқни отанинг дийдорию ғамхўрликларидан маҳрум этиш ёхуд бебаҳра қолдириш унинг ҳуқуқ ва манфаатларига мос келмаслигини инобатга олди. Шу муносабат билан дастлабки босқич судининг Жасур Рўзибоевни ўз қизи Ж. Рўзибоевага нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида 2025 йил 17 февралда чиқарган ҳал қилув қарорини бекор қилди.

З. Латифжонованинг Ж. Рўзибоевни оталик ҳуқуқидан мосуво этишга доир талаби эса рад қилинди. Кассация шикояти қаноатлантирилди. Бунинг шарофатидан ота меҳридан деярли бебаҳра қолаёзган бир жажжи фарзанд ярим етимлик қисматидан халос этилди.

Бобур Абдуллаев,

Хоразм вилояти суди

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2026-05-04_16-42-55

АЁЛ ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ — ДАВЛАТИМИЗ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса, аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада қабул қилинаётган қонун ва қарорлар жамиятда адолатли муҳитни шакллантириш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ҳар қандай зўравонликка қарши муросасиз муносабатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз томонидан 2026 йил 3 март куни “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон қабул қилингани бу борада навбатдаги муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, эрта никоҳ ва маиший зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилгани жуда муҳим воқеликдир.

Фармонда белгиланганидек, никоҳ ёшига етмаган шахслар билан оилавий муносабатлар боғлаш ҳолатларининг олдини олиш давлат ва жамиятнинг асосий мақсадларидан биридир. Эрта никоҳ кўп ҳолларда ёшларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди, уларнинг ижтимоий ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги масъулиятини ошириш ва жамиятда бу каби ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш вазифаси олдинга сурилган.

Шунингдек, ёшлар ўртасида онгли равишда оила қуришни рағбатлантириш мақсадида, 2027 йилдан бошлаб, ҳар икки томон ҳам 21 ёшга тўлганда биринчи марта никоҳдан ўтган ёш оилаларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилиши белгиланди. Агар бундай оилалар Ижтимоий реестрга киритилса, уларга ажратиладиган субсидия, грант ва ссудалар миқдори белгиланган меъёрга нисбатан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади.

Бундан ташқари оилавий турмушга никоҳ шартномаси орқали қадам қўйиш истагида бўлган ёшлар учун алоҳида имтиёз жорий этилди. Улар никоҳни қайд этганлик учун давлат божини тўлаш мажбуриятидан озод қилинадилар.

Фармонда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилгани, айниқса, диққатга моликдир. Унга кўра, ҳомиладор талаба-қизлар ёки уч ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар “иккинчи имконият” ташаббусидан баҳраманд бўладилар.

Яъни 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, ушбу тоифадаги талабаларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имконияти берилади. Бу эса, ёш оналарнинг таълимдан узилиб қолмаслигини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим қадамдир.

Фармонда эрта никоҳ ва вояга етмаганлар ҳомиладорлиги билан боғлиқ ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳам назарда тутилган. Маҳалла, ФҲДЁ органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакиллари эндиликда 16 ёшгача бўлган эрта никоҳ ёки ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари­ни хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик эса, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Зўравонликка қарши курашни сезиларли тарзда кучайтиришга қаратилган чоралардан яна бири – рақамли технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор масаласидир. Жорий йил 1 апрелдан бошлаб, ҳимоя ордери олган жабрланувчи хотин-қизларнинг телефон ва бошқа қурилмаларига “SOS” чақирув функциясига эга махсус мобил илова ўрнатилади. Бу, ўз навбатида, тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юз берганда тезкор равишда ёрдам чақириш имконини беради.

Шу билан бирга, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича жавобгарлик кучайтирилади. Хусусан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар содир этган шахслар учун жазо чоралари оғирлаштирилиши, айрим ҳолатларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш таклиф этилмоқда. Буларнинг барчаси жамиятда бундай жиноятларга нисбатан муросасиз муносабатни янада кучайтириши тайин.

Фармон ижроси доирасида судлар ва тергов органлари зиммасига ҳам алоҳида муҳим вазифалар юклатилди. Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари, 2027 йилдан бошлаб, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқилиши таъминланади.

Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, Президентимиз Фармони мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Бинобарин, ушбу ҳужжат эрта никоҳ билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларда ҳурмат ва масъулиятни кучайтириш, зўравонликка қарши қатъий курашиш орқали жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни шакллантириш омилига айланади.

Жамила Султонова,

Хоразм вилояти маъмурий суди раиси

photo_2026-04-21_10-16-42

ТИЛ КЕЛТИРГАН АЗИЯТ

Халқимиз бошингга нима келса, бировдан эмас, ўзингдан кўр, деб бежизга айтмаган. Бу ҳикматнинг замирида бошингга тушадиган ташвишларга, одатда, тилни тиймаслик сабаб бўлади, деган фикр бор. Кундалик ҳаётимизда эса, бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, Қарши шаҳридаги Қўрғонча маҳалласида яшовчи Искандар Ҳазратқулов, унинг хотини Зулфия Тўраева ва ўғли Фурқат Ҳазратқулов билан келини Зулхумор Маллаева ўртасида жанжал келиб чиқади.

Натижада улар келинга тан жароҳати етказишади. Бунга чидолмаган З. Маллаева эса, эри Ф. Ҳазратқуловни шаъни ҳамда қадр-қимматини қасддан камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилади.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, З. Маллаева соғлиғининг қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келмаган енгил тан жароҳати олгани қайд этилган. Фурқат Ҳазратқулов бу қилмиши билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисмида, Искандар Ҳазратқулов ва Зулфия Тўраева эса, ушбу кодекснинг 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган. Ўз навбатида, келин бўлмиш З. Маллаевани ҳам тўлиқ айбсиз деб бўлмайди, аниқроғи, у ўз хатти-ҳаракати билан кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Шаҳарнинг “Нефтчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Жасур Суяров ҳам тилига эҳтиёт бўлмагани боис юзшувит бўлиб қолди. Гап шундаки, Ж. Суяров 2026 йил 10 февраль куни кечқурун маст аҳволда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун Қарлиқбоғот кўчасида жойлашган савдо дўконига киради. Бинобарин, дўкон сотувчиси Ш. Усмонова унга олган маҳсулотлари нархини ҳисоблаб беради. Аммо айтилган пул маст аҳволдаги Ж. Суяровга қимматдек туюлади. Шунинг учун у сотувчи аёлдан қайта ҳисоблашни талаб қилади. Аммо Ш. Усмонова электрон ҳисоблаш машинасида қайта ҳисоблагач ҳам, у “қиммат ҳисобладинг” деб бақириб, сотувчининг шаъни ҳамда қадр-қимматини қасддан камситувчи ножўя сўзлар билан ҳақорат қилади. Унинг ҳақоратли сўзлари ва қилиқларига тоқат қилолмаган аёл дарҳол ҳудуд профилактика инспекторига мурожаат қилади. Оқибатда Ж. Суяровга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Албатта, ҳар икки ҳуқуқбузарлик жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд томонидан Ф. Ҳазратқулов ва Ж. Суяровга маъмурий қамоқ жазоси, қайнона-қайнота ҳамда келинга эса, жарима жазоси тайинланди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз Бош Қомусининг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб, 60-моддасида “Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар” дея қайд этилган. Шундай экан, тилга эрк бериш фақат ва фақат ташвиш келтиришини унутмаслик керак.

Сардор БОЗОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қарши шаҳар суди

 тергов судьяси

photo_2026-04-14_10-07-11

СУД ТИЗИМИДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ этиш орқали муҳим амалий ва ижобий натижаларга эришилди. Президентимиз томонидан судьялар орасида гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этиш бўйича Олий суд ва Судьялар олий кенгаши олдига тегишли вазифалар қўйилгани бу борада муҳим ўзгаришларга кенг йўл очди.

Гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги — инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир.

Қолаверса, гендер тенглик — мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор саналади. Гендер тенглик — нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқларининг ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси ҳамдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аёлларни турли масъулиятли лавозимларга тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада аёлларимиз депутат, сенатор, ҳоким, элчи, прокурор, судья, солиқчи каби фахрли лавозимларда самарали фаолият юритмоқдалар.

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида, мамлакатимизда «Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари» қабул қилинган. Ушбу соҳадаги 5-мақсад — гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Бу, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Мазкур вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек, давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъулдирлар.

БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия­Саян 2019 йил Ўзбекистонга ташрифи асносида мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш юзасидан қабул қилинган қонун ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга ижобий баҳо бериб, аёл судьялар сонининг кўпайиши, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти амалга ошираётган изчил демократик ислоҳотларнинг яққол самарадорлигини намоён этишини таъкидлаганди.

Бу ўринда юртимизнинг яқин тарихида ҳуқуқшунос аёллар суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритганлигини қайд этиш лозим. Олий суд раиси сифатида фаолият олиб борган академик Ҳадича Сулаймонова, Адлия вазири бўлиб ишлаган ҳуқуқшунос олима Мамлакат Восиқова ҳамда Олий суд раиси бўлиб ишлаган Ҳалима Муҳитдинова шулар жумласига киради.

Жаҳоннинг етакчи давлатларида, хусусан, Марказий Осиё минтақасидаги давлатларда ҳам бу кўрсаткич анча юқори эканини кўриш мумкин.

Масалан, Латвия давлатида аёл судьялар сони 78,6 фоизни, Руминияда 72,8 фоизни, Россияда эса 66 фоизини ташкил қилади.

Айни чоғда, яқин вақтларгача Ўзбекистон Республикаси Олий судида фаолият олиб бораётган аёл судьялар сони эркак судьяларга нисбатан деярли 24,2 фоизни ташкил этар эди. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда бу борада гендер тенгликка эришиш бўйича яна бир чора — судьяликка номзодларни тайёрлайдиган таълим муассасасига тингловчиларни қабул қилишда гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этишга киришилди.

Давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликни таъминлаш бўйича механизмларни жорий этиш борасида берган топшириқларини бажариш мақсадида Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан алоҳида дастур қабул қилинди. Дастур мамлакатимизда аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судьяларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Янада муҳими, 2025 йил 21 августда Ўзбекистон Президентининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Шу асосда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов академияси ташкил этилди.

2023 йил 5 март куни ҳам Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд томонидан конференция ташкил этилди.

Жорий йил 5 мартида эса, Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан Ўзбекистон Аёл судьялар ассоциацияси ташкил этилди ва бу амалий қадам мамлакатимиз суд тизимида муҳим аҳамият касб этди. Ушбу Ассоциацияга юртимиз суд тизимида фаолият олиб бораётган 245 нафар аёл судья аъзо бўлди.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 31 нафар, Андижон вилоятида 15 нафар, Бухоро вилоятида 10 нафар, Қашқадарё вилоятида 10 нафар, Жиззах вилоятида 4 нафар, Навоий вилоятида 10 нафар, Наманган вилоятида 19 нафар, Самарқанд вилоятида 14 нафар, Сирдарё вилоятида 5 нафар, Сурхондарё вилоятида 5 нафар, Хоразм вилоятида 8 нафар, Фарғона вилоятида 13 нафар, Тошкент шаҳрида 63 нафар, Тошкент вилоятида эса 25 нафар аёл судья фаолият олиб бормоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, келгусида суд тизимида аёл судьялар сонини «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган даражага етказиш тақозо этилади.

Шундай экан, жойларда, олий таълим муассасасиларининг юриспруденция йўналишида таълим олаётган талаба қизлар, давлат бошқарув тизимида фаолият олиб бораётган, олий юридик маълумотга эга бўлган хотин-қизлар орасида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, бу саъй-ҳаракатларимиз орқали мамлакатимизда суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,

Урганч туманлараро

иқтисодий суди судьяси

photo_2026-04-06_18-01-12

АЁЛ ШАЪНИ, БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲАР НАРСАДАН ҚИММАТ

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Бунда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан асраш алоҳида муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги саъй-ҳаракатлар янги босқичга кирганидан далолат беради.

Мазкур Фармон нафақат ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш, балки инсонни эъзозлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Глобаллашув ва ахборот макони кенгайиб бораётган бугунги шароитда турли ижтимоий муаммоларнинг юзага келаётгани ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг нақадар долзарб эканини англатади.

Фармонда балоғат ёшига етмаган шахслар билан никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг олдини олиш, бу борада ота-оналар масъулиятини ошириш, ёшларни оила қуришга онгли ва масъулиятли ёндашишга даъват этиш ва унинг амалдаги рўёбини таъминлаш алоҳида белгилаб қўйилган. Бинобарин, эрта никоҳ ёшларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва мустақил ҳаёт қуришига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.

Аёлларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар таҳлили ҳам ушбу масаланинг долзарблигини яққол кўрсатади. Мисол учун Хоразм вилоятида 2025 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2 минг 701 нафар шахсга нисбатан 1 минг 954 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Бу жараёнда 1 минг 535 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Жабрлангани эътироф этилган 2 минг 373 нафар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Жорий йил январь-февраль ойларида эса, 403 нафар шахсга нисбатан 268 та маъмурий иш кўриб чиқилиб, 231 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Натижада 313 нафар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинишига эришилган.

Таҳлилларга кўра, ўтган йили 92 нафар шахс ана шундай қилмишлар учун суд олдида жавоб берди. Уларга нисбатан 79 та жиноят иши кўрилиб, бу жараёнда 84 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса, 12 нафар шахсга нисбатан 12 та жиноят иши кўрилиб, 10 нафар шахс устидан айблов ҳукми чиқарилди ва жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Мазкур ишлар бўйича судлар томонидан профилактик аҳамиятга эга таъсир чоралари ҳам қўлланилмоқда. Ўтган йили ва жорий йилнинг сўнгги икки ойи мобайнида жами 58 та хусусий ажрим чиқарилиб, муҳокама қилиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун корхона, ташкилот ва муассасаларга юборилди.

Суд амалиётида оилавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриш жараёнида тарафлар ўртасидаги келишмовчиликлар келгусида жиноят ёки ҳуқуқбузарликларгача етаклаши эҳтимоли мавжуд ҳолатлар алоҳида эътиборга олиниши даркор. Шу муносабат билан бундай хавф аниқланган ҳолларда судлар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли хабарномалар юбориш амалиётини йўлга қўйишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Масаланинг бу жиҳати судларнинг доимий эътиборида турибди. Ўтган йили оилавий низолар бўйича кўриб чиқилган суд ишлари якунида ваколатли органларга 347 та хабарнома юборилгани фикримиз далилидир. Бу, албатта, мазкур йўналишдаги профилактик ишларнинг аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради.

Президент Фармонида қонун устуворлигини таъминлаш ва жазо муқаррарлигини кучайтиришга қаратилган нормаларни жорий этиш масаласи кун тартибига қўйилгани бу борадаги қонунбузарликларни профилактик жиҳатдан жиловлашнинг яна бир муҳим омили бўлди. Бош прокуратура, Олий суд, Адлия ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қонунчиликка ўзгартириш киритиш орқали қатор янги тартибларни жорий этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллангани туфайли бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу таклифларга биноан, Жиноят кодексининг жинсий эркинликка дахлдор 118, 119, 121, 128, 128-1, 129-моддалари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари зиммасига юклатилгани аёллар ҳуқуқини таъминлашнинг янада ишончли ва таъсирчан кафолатидир. Бу чора ушбу тоифадаги жиноятларни тергов қилишда ягона ёндашувни таъминлайди, натижада процессуал кафолатларни кучайтириш ва адолатли қарорлар қабул қилинишига асос бўлади.

Шунингдек, вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик ҳолатлари бўйича маъмурий ишлар фақат прокурор томонидан жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейингина судга юборилиши тартиби жорий этилмоқда. Бу эса, ҳар бир ҳолатни пухта ҳуқуқий баҳолаш ва асоссиз равишда енгил тарзда малакалашнинг олдини олиш гаровидир.

Фармонда, шунингдек, жазо ижроси тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, вояга етмаганларга нисбатан оғир жиноятларни содир этган шахсларни манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш, уларга нисбатан жазони енгиллаштиришдан олдин мажбурий равишда психологик тузатиш дастурларидан ўтиш талабини жорий этиш кўзда тутилди.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шуки, вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар яна шундай қилмишларга қўл урган тақдирда, уларга нисбатан умрбод ёки узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш таклиф этилмоқда. Бу чора жиноятчиликка қарши курашда қатъийликни таъминлаш ва жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг муҳим кафолатидир.

Шу билан бирга, қонунчиликда айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, жумладан, вояга етмаган шахсларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни гуруҳ бўлиб содир этганлик учун оғирроқ жазо белгилаш, шунингдек, амалиётдан келиб чиққан ҳолда, ҳуқуқий нормаларни аниқлаштириш масалалари ҳам назарда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш доирасида шаҳвоний шилқимлик, эрта никоҳ ва никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо санкцияларини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда. Бундан ташқари аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини самарали тергов қилиш ва судда кўришни таъминлаш мақсадида комплекс институционал чора-тадбирлар ва уни амалга ошириш йўл-йўриқлари ҳам назарда тутилмоқда.

Шу мақсадда жорий йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда, иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, камида бир нафар терговчи ва судьяни халқаро стандартларга асосланган дастурлар бўйича махсус тайёргарликдан ўтказиш, шунингдек, мазкур тоифадаги ишлар билан бевосита шуғулланишини таъминлаш вазифаси белгилангани айни муддао бўлди.

Бунда, қоида тариқасида, аёл терговчи ва судьяларга устуворлик беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай чора жабрланувчилар билан ишлашда ишонч муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини беради.

Бу янги чора-тадбирлар тергов ва суд жараёнларида инсон ҳуқуқларига риоя этилишини янада мустаҳкамлаш, зўравонлик қурбонларига нисбатан профессионал ёндашувни шакллантириш, ишларнинг сифатли ва адолатли кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бир қаторда, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Одил судлов академиясида халқаро ва миллий экспертлар иштирокида терговчи ва судьялар учун «Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари» номли махсус ўқув дастурини жорий этиш назарда тутилган. Ушбу дастур орқали мутахассисларнинг билим ва кўникмалари оширилиб, халқаро ва илғор тажрибаларни миллий тизим амалиётига татбиқ этиш, профилактика ва ҳимоя механизмларини янада самарали йўлга қўйишга эришилади.

Буларнинг бари, шубҳасиз, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Зеро, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига берилган ҳар қандай зарба, қонуний баҳо ва белгиланган жазо чораси жамиятда ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш гарови эканлигини доимо назарда тутиш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг ушбу Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқади. Унда белгиланган чора-тадбирлар нафақат ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, балки жамиятда адолат, инсонпарварлик ва қонун устуворлиги тамойилларини мустаҳкамлашнинг ишончли манбаини яратади. Энг муҳими, аёллар ва болалар ҳуқуқлари, манфаатлари ишончли тарзда ҳимоя қилинадиган янада барқарор, хавфсиз ва фаровон жамиятнинг том маънода мустаҳкам пойдевори бунёд этилади.

Шуҳрат Камолов,

Хоразм вилояти суди раиси

photo_2026-03-31_12-44-19

«ЎЗБЕКИСТОН – 2030» СТРАТЕГИЯСИ ЭРКИН, ФАРОВОН, ҚУДРАТЛИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛ ХАРИТАСИ

Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий салоҳияти, бугунги ислоҳотлар самаралари, тадбиркорларнинг фаоллиги, хорижий шериклар билан ҳамкорлик ўсиб бораётгани ҳисобига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мўлжалланган бир қатор марраларга муддатидан аввал эришилгани ва бир қатор марраларга жорий йилнинг ўзида бемалол эришиш мумкинлиги ҳисобга олиниб, ушбу Стратегия яқинда қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Бу, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Парламентга ва халқимизга тақдим этган Мурожаатноманинг ёрқин амалий натижаларидан биридир.

Бу борада, даставвал, жорий йил 16 февралда Президентимизнинг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Фармонда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича 2030 йилга қадар бажариладиган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларидан фойдаланиш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улушини 45 фоизгача, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни 3 фоизгача ва аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни ҳам 3 фоизгача камайтириш белгиланди.

Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш улушини 20 фоизга етказиш ва маъмурий судларда ишларнинг келиштириш чоралари орқали ҳал этилиш даражасини 50 фоизга ошириш талаб этилади. Бундан кўзланган мақсад — давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳам олдимизда турган муҳим мақсадлардандир. Бу борада судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш белгиланди.

Ўз навбатида, Президентимиз томонидан жорий йил 16 февралда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича ўта оғир жиноятларга доир ишларни судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши устидан суд назоратини кучайтириб, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш, коррупция, гиёҳвандлик, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш каби устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Шу асосда йил давомида судлар фаолиятига халқаро андозаларга мос янги институтларни жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилади. Бунда жиноят ишлари бўйича суд процессларини халқ вакиллари ­ ҳайъати (jury) иштирокида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, жиноят ишларида халқаро тан олинган «Хабеас корпус» институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилиши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, суд ишларини юритишда ҳимоя институти ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси билан бирга «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш тартибини жорий этиш, жиноят ишида ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ёки жабрланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар ҳамда далиллар билан танишиб, ундан нусхалар олиш, суриштирув ва дастлабки тергов давомида исталган вақтда ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан юритилаётган жиноят ишини қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш ваколатларини бериш бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, қонунчиликдаги коррупциявий омилларни бартараф этиш долзарб вазифалар сирасига киради. Бу борада қонунчиликда коллизиялар, номувофиқликлар, «ноаниқ» қоидалар, «оқ доғлар» ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида давлат хизматчисининг малакасини ошириш амалиётини йўлга қўйиш, очиқ маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашишга хизмат қилувчи дастурий таъминотлар, онлайн платформалар ишлаб чиқиш бўйича танлов ўтказишга қаратилган амалий ишлар аллақачон бошланган.

Бунинг учун, ўз навбатида, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжати хатловдан ўтказилмоқда. Натижада ушбу ҳужжатлардаги коллизиялар, номувофиқликлар, “ноаниқ” қоидалар ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш имкони юзага келади.

Бундан ташқари гиёҳвандлик ва наркожиноятларга, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Айни мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бири, Фармонда белгиланганидек, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ҳисобланади.

Шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали ишлайдиган тизим йўлга қўйилмоқда. Бу борада Президентимиз 2026 йил 3 мартда имзолаган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон билан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашишнинг аниқ янги нормалари белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Қолаверса, жорий йил бўйича Давлат дастурида мажбурий ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий ва технологик шароитлар яратилиши билан боғлиқ вазифалар белгилаб қўйилгани ҳам жуда муҳим вазифа.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекис­тон — 2030” стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилиши, шубҳасиз, шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг орзуларини рўёбга чиқаришга, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишга, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлади.

Шундай экан, ҳар биримиз бу борада зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, айни эзгу мақсадлар ижобати учун хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилсак, албатта, ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришамиз. Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Миллий бирлик жуда муҳим. Бирдамлик кучдир!”

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани суди раиси


 

photo_2025-12-16_10-07-20

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: ИСЛОҲОТЛАР ЗАНЖИРИНИНГ МАНТИҚИЙ ДАВОМИ

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияда гендер тенглиги ва оила ҳимояси нормалари алоҳида мустаҳкамланди. Хотин-қизларни, болаларни таҳқирлаш ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича бир қатор қонунлар ва қонун ҳужжатлари қабул қилинди, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияларида гендер тенглиги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.


 Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 3 март куни имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони ушбу муҳим соҳадаги ислоҳотлар занжирининг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Бу жараён ўлкамизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарди.

Хусусан, Фармонда норматив янгиликлар, уларнинг миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашдаги роли, аёллар ва болалар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришдаги аниқ механизмлар белгиланиб, унда эрта никоҳнинг тизимли равишда олдини олиш, рақамли ҳимоя воситаларини жорий этиш, ёшларнинг мустақил ҳаёт қуришини рағбатлантириш, замонавий жиноят таркибларини миллий ҳуқуққа киритиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш орқали Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши муҳим аҳамиятга эга. 

Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган (18 ёшдан кичик) шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришишни, яъни расмийлаштирилмаган “эрта никоҳ”ни тўхтатишга эришиш мақсади белгиланиб, бунда эрта никоҳ нафақат қиз болаларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди, балки соғлиқ учун ҳам жиддий хавф туғдириши, эрта ҳомиладорлик ўсмирлар орасида ўлимнинг асосий сабабларидан бири эканлиги инобатга олинган.

Мазкур ҳужжат билан молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни давлат томонидан рағбатлантириш орқали 21 ёшда биринчи маротаба никоҳ тузган жуфтликлар учун қўшимча имтиёзлар белгилаб берилмоқда, шунингдек, зўравонликка қарши тизимни мукаммаллаштириш мақсадида аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин қисқартириш, жабрдийдаларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, оила ва хотин-қизларни “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш кабилар назарда тутилмоқда.

Жумладан, никоҳланувчи ҳар иккала тараф камида 21 ёшда биринчи никоҳ тузган оилаларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилиб, унда давлат томонидан солиқ, ижтимоий, молиявий соҳаларда қўшимча имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, ижтимоий реестрга киритилган 21 ёшдан кейин никоҳ тузган оилаларга субсидия, ссуда ва грантлар қонунчиликда белгиланган миқдорлардан 1,5 баравар кўп берилиши, никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш орқали иқтисодий низоларни олдини олиш ва ажралиш чоғида мулкий можароларни кескин камайтириш, аёлларнинг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, аёлларни молиявий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг самарали воситаси сифатида никоҳ шартномаси тузган никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, бош Қомусимизда белгиланган ҳар бир фуқаро таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норманинг кафолати сифатида ҳамда таълимни тарк этишга мажбур бўлган аёлларнинг иш бозорига кириш имконияти чекланишини олдини олиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбиячиларига олий таълимни давом эттириши учун курсдан қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони берилмоқда, аёлларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳомиладор талабаларга академик таътил даврида масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имконияти яратилиши таклиф этилмоқда.

Фармонда вояга етмаган шахс билан никоҳ тузишга даъват этганлик ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.

Ҳужжатда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларини яшириб қолмаслик ва латентлигини олдини олиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар), ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора вакилларига мажбурий хабар бериш вазифаси юклатилиб, ушбу органлар ва шахслар хабар бермаган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилиши асос сифатида белгиланмоқда. 

Шунингдек, ҳужжат матнида 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида хабар бериш учун “Ўсмир-сигнал” модулини ишлаб чиқиш ва бу борада самарали мониторинг ва тез муносабат кўрсатиш имконини бериш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар), ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ва бошқа  идораларнинг ахборот тизимлари ИИВнинг тизимига «Электрон ҳукумат» платформаси орқали интеграция қилиниши, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш белгиланмоқда.

Фармоннинг яна бир асосий жиҳатларидан бири тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш йўналиши бўйича қуйидагилар назарда тутилмоқда: 

– ҳимоя ордери тизимини технологик воситалар билан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига «my.ihma.uz» мобил иловасини уларнинг розилиги билан ўрнатиш орқали «SOS» тугмасида зудлик билан хабар бериш имкониятини бериш;

– масъул идоралар томонидан руҳий бузилиш белгилари мавжуд зўравонлик содир этган шахсни мажбурий амбулатор психиатрик кўрикдан ўтказиш ва руҳий бузилиш аниқланган тақдирда тиббий муассасага жойлаштириш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш;

– ишларнинг ўта нозиклиги ва жабрдийда ҳуқуқларини мустаҳкамроқ таъминлаш, объективлик, одиллик нуқтаи назаридан ва ихтисослашган ёндашув зарурати туфайли 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128-1 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш тартибини белгилаш;

– вояга етмаган шахсга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий иш ҳужжатларини прокурор томонидан жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг судга юбориш тартибини белгилаш;

– бу тоифадаги жиноятларни қайта содир этиш (рецидив) хавфини минималлаштириш учун Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш) ва 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш ва педофилия жиноятини содир этган шахсларни психологик реабилитациясиз жамиятга қайтариш улар томонидан жиноятни такроран содир этиш эҳтимолини оширишини инобатга олган холда ушбу жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан сақлаш шартларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш;

– 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик жиноятлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиш ва судда кўриш;

– 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартлар асосидаги дастур бўйича тайёрланади ва аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилади;

– 2026 йил 1 сентябрдан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ академияси ва Одил судлов академиясида “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” дастури ташкил этиш;

– вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар томонидан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаш;

– 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарлик белгилаш орқали 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) жинояти диспозициясига аниқлик киритиш;

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш;

– аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш;

– профилактик ёндашув, яъни фақат жазолаш эмас, зўравонлик сабабларини бартараф этиш мақсадида зўравонлик содир этган шахслар (агрессор) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш.

Умуман олганда, мазкур Фармон аёллар, болалар ҳуқуқий ҳимояси соҳасида тарихимиздаги кенг кўламли ва комплекс норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий базасини янги босқичга кўтаради. Пировардида, аёллар ва болалар дахлсизлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини давлат сиёсатининг марказида туришини таъминлашга хизмат қилади.

Шерзод Абдуқодиров,

Одил судлов академияси ректори,

 юридик фанлар доктори

 

#thegov_button_6ac89d671a916 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ac89d671a916:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ac89d671a916 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ac89d671a916:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!