Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2026-02-24_17-44-27

ТАЪМАГИРЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, коррозия ҳодисаси — металлни, коррупция эса, жамиятни емиради. Жамиятни емириши шунда намоён бўладики, фуқароларнинг давлатга, амалдаги қонунларга бўлган ишончи сусаяди. Бинобарин, биз, судьялар коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қатъиятлик билан жазонинг муқаррарлигини таъминлашимиз шарт.

Шу ўринда фикримизни бир жиноят иши мисолида давом эттирсак, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Талъат Бекқулов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 1998 йилда ички ишлар органлари тизимига ишга киради. Кейинчалик ИИБ тезкор вакили лавозимини эгаллайди.

Мазкур хизмати мобайнида ошна-оғайнилари, маҳалла-кўй ва бошқа таниш-билишлари ўртасида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонади. Шу тариқа Т. Бекқулов тизимда 18 йил ишлайди. Аммо нафс қутқусига учраб, шунча йил мисқоллаб йиққан обрўсини ўзи тўкиб қўяди. Аниқроғи, 2016 йилда Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш” жиноятини содир этади. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2017 йил 24 январдаги ҳукмига кўра, мазкур модда билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Бироқ 2016 йил 12 октябрдаги амнистия акти қўлланган ҳолда жазодан озод қилинади.

Аслида, амнистия актининг қўлланилиши ўша шахсга қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши ва такроран жиноятга қўл урмаслиги учун берилган имкониятдир. Афсуски, Т. Бекқуловнинг кўзи очилмаган экан.

Ачинарлиси, бу гал ҳам у нафс қутқусига учиб, жиноят содир этади.

Гап шундаки, анчадан буён Т. Бекқулов тумандаги тадбиркорлик субъектларидан бирида ишлаб келаётганди. 2025 йил август ойларида эски бир таниши унга Шаҳноза Нажимовани рўбарў қилади. Аниқроғи, Ш. Нажимова ўзининг шахсий муаммоси юзасидан маслаҳат сўрайди.

— Дугонам сизни илгари ички ишлар идорасида ишлаганингизни айтиб қолди. Шунинг учун менга йўл-йўриқ кўрсатсангиз, — дейди у.

— Сизга қанақа йўл-йўриқ керак? — аёлнинг гапни узоқдан бошлаганидан таажжубланади Т. Бекқулов.

Маълум бўлишича, Ш. Нажимова муқаддам — 2020 йилда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукми асосида судланган эди.

Бинобарин, аёл ўзининг судланганлик ҳолатини олиб ташлаш йўли бор-йўқлигини сўрайди. Бироқ Т. Бекқулов аёлга қонуний маслаҳат бериш ўрнига вазиятдан “унумли” фойдаланиб қолишни ўйлайди.

— Харажатини берсангиз, мен вазирликдаги ҳамкасбларим билан гаплашаман. Судланганлик ҳолатингизни компьютердан ўчириб ташлашади, — дея оғиз тўлдириб гапиради у.

— Қанча беришим керак? — сўрайди Ш. Нажимова бироз иккиланиб.

— Биласиз, электрон база фақат уларнинг қўлида. Ҳар ким ҳам ҳал қилиб беролмайди бу муаммони, — дейди собиқ ходим.

У шундай деб 4 000 АҚШ доллари эвазига ички ишлар органларида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтади. Лекин аёл бу таъмагирликни қабул қилолмайди. Бинобарин, Т. Бекқуловнинг талабидан норози бўлиб, ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Оқибатда мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Унда кўзи очилмаган Т. Бекқулов 2025 йил 11 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчасида жойлашган ишхонаси ёнида Ш. Нажимовадан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.

Шундан сўнг Т. Бекқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди эса, уни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Хулоса ўрнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 27 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги бир фикрига эътиборингизни қаратмоқчиман. Давлатимиз раҳбари “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса — ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади.

Демак, жамиятимизда хавфсиз муҳитни таъминлаш, коррупция иллатига қарши муросасиз курашиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик.

Дилноза ХОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

photo_2026-09-07_12-28-21

ЖИНОЯТНИНГ ИЛДИЗИ ҚАЕРДА? Ёки бир фожиа ортидаги аччиқ ҳақиқат

Бу ҳаётда инсон учун энг катта бойлик мол-дунё эмас, балки унинг виждони, ҳалоллиги ва одамлар ишончидир. Чунки бойлик йўқолса, топилади, мол кўпайиб ҳам, камайиб ҳам туради. Аммо бир марта синган ишончни қайта тиклаш мушкул. Судда кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан ишончнинг суиистеъмол қилиш қандай оғир оқибатларга олиб келишини яна бир марта амалда кўрсатди.

Ҳаммаси оддийгина «Қўйларимни боқиб берсангиз», деган илтимосдан бошланди.

Гап шундаки, судланувчи Жавоҳир Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2023 йил апрель ойидан бошлаб, Паркент туманидаги тоғаси Ё. Шокировга тегишли фермер хўжалигида норасмий равишда чўпонлик қилган. У 2023 йил ноябрь ойида синфдоши Учқун Тоҳировга агар қўй олиб берса, унинг қўйларини ҳам фермер хўжалигига тегишли отарга қўшиб боқиб, кўпайтириб беришга ваъда қилади.

Шундан сўнг у У. Тоҳировдан 9 та қўй, кейинчалик 40 бош қўйни сотиб олиш учун 60 миллион сўм олади. Шунингдек, фуқаро Акбар Худойқуловга ҳам худди шундай ваъда бериб, унинг 31 500 000 сўмлик 9 бош қўйини боқади. Аммо у бўйнида катта миқдорда қарзи бўлганлиги сабабли, 2024 йил декабрь ва 2025 йил январь ойларида бу қўйларнинг ҳаммасини сотиб юбориб, қарзини тўлайди. У бу ҳаракатлари билан ўзининг ихтиёрида бўлган ўзганинг жами 203 миллион сўмлик 58 бош қўйларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир қилади.

Шундан сўнг 2025 йил ёз ойида қўй эгалари ўзларига тегишли қўйларни қайтаришни талаб қилгач, Ж. Тўраев уларни ҳам қасддан ўлдиришни режалаштиради. Шундай ғаразли ниятда у 2025 йил 30 сентябрь куни У. Тоҳиров ва А. Худойқуловни қўйларини кўрсатиш ва қайтариб беришини важ қилиб, соат 23:00 ларда Паркент тумани, “Кумушкон” маҳалласи ҳудудидаги Олтинбел қир-адирлигига бошлаб боради.

Қисқаси, у қоп-қоронғи тун қўйнида кутилмаганда Акбар Худойқуловга ташланади, унинг қўлларини орқага қайириб, бошига ура бошлайди. Аммо А. Худойқулов унга қаршилик кўрсатади. Айни шу пайтда У. Тоҳиров ёрдамга келади. Бироқ Ж. Тўраев уни уриб йиқитиб, бошига тош билан икки марта уради… Яъни унга оғир жароҳат етказиб, қасддан ўлдиради.

Сўнг у яна Акбар Худойқуловга ташланади, бироқ А. Худойқулов ҳодиса жойидан қочиб кетганлиги сабабли, у ўз жиноятини охирига етказа олмайди.

Шу тариқа Жавоҳир Тўраев ихтиёрида бўлган Учқун Тоҳиров ва Акбар Худойқуловнинг мулкини такроран ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек, Учқун Тоҳировни таъмагирлик ниятида ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш ҳамда Акбар Худойқуловга нисбатан ўлдиришга суиқасд қилиш жиноятини содир этган.

Бундан ташқари Ж. Тўраев таниши Б. Икромовни ҳам ёлғон ваъдалар билан алдаб, 2024 йил октябрь ойидан 2025 йил март ойига қадар жами 60 миллион сўм маблағини олган. Аниқроғи, у ушбу пулларга гўёки қўй сотиб олгани ва боқиб келаётганини айтиб, алдаган.

Суд ҳужжатларида акс этган воқеалар таҳлил қилинганда, жиноят бир лаҳзада содир бўлмаганини кўрамиз. Унинг илдизи анча аввал бошланган: дастлаб ўзганинг мулкига нисбатан масъулият ҳисси йўқолган. Сўнгра «кейин қайтариб бераман» деган алдамчи тасалли пайдо бўлган.

Пировардида эса, нафс инсон қалбидаги виждон овозини секин-аста сўндирган.

Бу ўринда ҳам шундай бўлди. Моддий мажбуриятдан қутулиш истаги одамийликдан устун қўйилди. Қарздан қочиш учун ишонч қурбон қилинди.

Кейин эса, содир этилган қилмишнинг оқибатидан қутулишга бўлган ноқонуний интилиш янада оғир жиноятларга олиб келди.

Бу воқеада энг оғир йўқотиш моддий зарар эмас, инсон ҳаётидир. Энг оғир мусибат — фарзандларнинг отасиз қолиши. Энг катта фожиа — бир онанинг фарзанд доғини кўтариши. Энг аламлиси эса, бир пайтлар бир синфда ўқиган, бир дастурхон атрофида ўтирган, бир-бирига ишонган одамларнинг ҳаёти адоват ва кулфат билан якун топганидир.

Суд томонидан қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноятнинг оғир оқибатлари, етказилган моддий зарар ҳамда бошқа барча ҳолатлар атрофлича баҳоланиб, қонун доирасида жазо тайинланди. Жавоҳир Тўраев 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Мазкур суд ҳукми барчамизга битта ҳақиқатни яна бир бор эслатади: ҳалоллик — инсонни ҳимоя қилувчи энг мустаҳкам қалъадир. Виждон  адолат мезонидир. Нафс агар ўз вақтида жиловланмаса, инсонни аввал жиноятга, кейинчалик муқаррар ҳалокатга бошлайди.

Фарҳод ҲАЙИТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Паркент тумани суди судьяси

photo_2026-02-24_13-08-41

АВЕЗОВ АЙБДОР ЭМАС!

Бугунги кунда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилган янгиланиш ва ўзгаришлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Жумладан, судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида давлат ҳамда жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида судьяларнинг хизматини ана шундай эътироф этгани бежиз эмас.

Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судлари томонидан 2024 йилда — 16 нафар, 2025 йилда 19 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ўтган йили 10 нафар шахсга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмлари биринчи босқич судлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, апелляция босқичида — 5 нафар, кассация ва тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатлари суд мажлисларида 4 нафар шахс оқланган.

Суднинг адолатли қарори билан оқланган шахслар орасида “Бухоро қурилиш моллари савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғайбулла Авезов ҳам бор.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ғ. Авезов 2020 йил 14 сентябрда “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти шаҳар филиали билан ичимлик суви етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича тузилган шартномага кўра, ҳар ойнинг 20-25 санаси оралиғида сарфланган ичимлик суви бўйича ҳисобот топшириши, сув таъминоти учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши керак эди. Аммо 2023 йил 25 апрель ҳолатида истеъмол қилинган ичимлик суви учун 15 миллион 256 минг сўмлик қарздорлик юзага келади.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 109-бандига асосан, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли хўжалик юритувчи субъектлар тармоқдан узиб қўйилади. Бироқ улар умумий фойдаланишдаги сув қувури тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2023 йил 15 июндан 19 июнга қадар 88 миллион 561 минг 285,6 сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилган. Бу ўзбошимчалик оқибатида “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиалига жами 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм – жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.

Тергов органи томонидан ана шу ҳисобланган зарар айбловга асос қилиб олинган. Ўз навбатида, масъулияти чекланган жамият раҳбари Ғ. Авезовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга ўтказилган.

Биринчи босқич судининг 2024 йил 7 мартдаги ҳукмига кўра, Ғ. Авезов Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчидан “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият фойдасига 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм етказилган зарарни ундириш белгиланган.

Қонун мезонларига эътибор қаратадиган бўлсак, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун Жиноят–процессуал кодексининг 82-моддасида назарда тутилган талаблар исботланган бўлиши керак. Бунда жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш, шунингдек, жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги, жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари аниқланиши шарт.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 4-бандидаги раҳбарий тушунтиришларга кўра, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин.

Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.

Судланувчининг жиноят содир қилганлигини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят–процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Афсуски, Ғ. Авезовга нисбатан юритилган жиноят ишида юқоридаги процессуал қонун талаблари исботланмаган. Шунингдек, Олий суд Пленуми қароридаги раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмаган.  

Иш ҳолатидан англашилишича, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли бозор ҳудудида 100 га яқин тадбиркорлик субъекти қурилиш моллари савдоси фаолияти билан шуғулланади. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган.

Фойдаланилган ичимлик суви учун назоратчилар тадбиркорлик субъектларидан пул йиғиб чиқишади ва бухгалтерия орқали ёки тўғридан-тўғри “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали ҳисоб рақамига тўлаб берилади.

Судланган Ғ. Авезов иш жойида ичимлик сувидан қарздорлик юзага келганлигидан хабарсиз бўлган. Қарздорликни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро шаҳар бўлимига чақиртирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати олганларида билган.

“Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали томонидан сув қувури муҳри бузилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилганини ҳам ўша ерда эшитган.

Ғ. Авезов судда берган баёнотида таъкидлашича, сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномага у имзо қўймаган. У шартнома шартлари билан ҳам таниш эмас.

Ғ. Авезов ёки у раҳбари бўлган масъулияти чекланган жамиятга сув қувури тармоғидан яширинча фойдаланишдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки сувдан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Ҳар бир тадбиркор ишлатган сувнинг пулини ўзи тўлайди.

Мантиқан олганда, сув қувури тармоғи муҳрларига қасддан шикаст етказиб, ўзбошимчалик билан уланиш ва ундан ноқонуний фойдаланиш Ғ. Авезовга ўзи нимага керак?

Судланган Ғ. Авезовга қўйилган Жиноят кодексининг 185-2 ва 169- моддаларида кўрсатилган жиноятлар эса, қасддан содир этилган ҳисобланади. Нега деганда, ушбу жиноятлар субъектив томондан ҳамма вақт қасддан содир этилади. Бироқ на тергов органи ва на биринчи босқич судида айнан Ғ. Авезов томонидан сув қувурининг муҳри бузилганлиги ва ичимлик сувдан ноқонуний фойдаланилганлиги ҳақида бирор-бир далил тўпланмаган.

Янада қизиғи, сув қувурининг муҳри тўрт марта ким ёки кимлардир томонидан бузилиб, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланилганлиги юзасидан “Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият ходимлари Ғ. Юнусов, М. Юнусов, С. Шоҳимардонов, Ҳ. Товбаев, “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан далолатномалар расмийлаштирилган. Истеъмолчи вакили сифатида Л. Элмуродов баъзи далолатномаларга киритилган, аммо у имзо қўйишдан бош тортганлиги қайд этилган.

Л. Элмуродовнинг далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлигининг сабаби бор. У шу яқин атрофидаги “Когон сардор сервис савдо” жамияти раҳбари вазифасида ишлайди, Ғ. Авезов раҳбар масъулияти чекланган жамиятга алоқадор эмас. Л. Элмуродов уни чақирганлари учун сув таъминоти ходимлари олдига борган, маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳам, сув таъминоти жамиятидагиларга ҳам, гўёки бозорнинг раҳбари Ғ. Авезов эканлигини айтган.

Шу ўринда яна иш ҳолатларига қайтадиган бўлсак, далолатномаларни расмийлаштиришда жамият вакили иштирок этмаган, ушбу қоидабузарлик ҳақида жамиятга маълум ҳам қилинмаган. 2023 йил 19 июнь куни расмийлаштирилган далолатномада қувур муҳри бузилганлиги қайд этилган бўлса-да, ана шу муҳрнинг рақами кўрсатилмаган. Қувур қайтадан муҳрланганда ҳам, қандай рақамдаги муҳр қўйилганлиги ёзилмаган.

Суднинг сўровига “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан бу ҳақда маълумот тақдим этилмаган.

Бухоро вилояти ИИБ ЭКМнинг хатшунослик экспертиза хулосаси сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномадаги имзо бошқа шахсга тегишли эканлигини кўрсатди. Бундай ҳолатда Ғ. Авезов тузилган шартнома юзасидан бирор-бир мажбуриятга эга эмас.

Шу тариқа Ғ. Авезов қувурнинг муҳрини бузиб, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлиги ўз исботини топмаган. Унинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имкониятлари эса, тугаган. Шунинг учун судлов ҳайъати биринчи босқич судининг Ғ. Авезовга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди ва содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан, оқлади.

Хулоса шуки, бировнинг жиноий қилмиши учун айбсиз одам жазоланмаслиги керак. Ғайбулла Авезов жамиятимизда қонун устуворлиги, одил судлов таъминланаётганлиги, жиноятга дахли йўқлиги сабаб оқланди. Оиласи, яқинлари, маҳалла-кўй, таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлишига эришди.

Лекин жиноятни ким ёки кимлар содир этган? Айбдор ёки айбдорлар топилиши, жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланиши керак. Судлов ҳайъати, Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддасига кўра, мазкур жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун ишни прокурорга юборди.

Илёсжон УСМОНОВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2026-09-15_12-01-18

ТАДБИРКОРНИНГ ЙЎЛИ ОЙДИН ЁХУД СУД ТАДБИРКОРНИ НОҚОНУНИЙ КРЕДИТ ФОИЗИДАН ХАЛОС ЭТДИ

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг эмин-эркин фаолият юритишларини рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бунда соҳани ривожлантиришдаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва эскирган тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан суд назорати самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Келинг, ушбу фикрларимизнинг исботи учун бир иқтисодий иш тафсилотларига тўхталамиз. Гап шундаки, бундан 3 йил муқаддам – 2023 йил 20 февралда акциядорлик тижорат “Микрокредитбанк” ва “Garant Sement” хусусий корхонаси ўртасида 18 ой муддатга йиллик 25 фоиз устама тўлаш шарти билан кредит шартномаси тузилган.

Мазкур шартномага асосан, банк томонидан тадбиркорга 3 миллиард 800 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Кредит таъминоти сифатида Нукус шаҳридаги “KKRASI Beton” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бино-иншоотлар гаровга қўйилган. Аммо “Микрокредитбанк” ҳали бир йилга ҳам етмай, асосий кредит қарзи ва фоизларини ундириш юзасидан Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритади.

Суднинг 2024 йил 1 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, “Garant Sement” хусусий корхонаси ва “Urganch Shohruh Savdo” хусусий корхонасидан банк фойдасига солидар тартибда 2 миллиард 753 миллион сўм асосий қарз ва 169 миллион 504 минг сўм кредит фоизини ундириш белгиланади. Ундирув эса, гаровдаги мулкларга қаратилади.

Шундан сўнг Мажбурий ижро бюросининг Нукус шаҳар бўлими томонидан гаровдаги мулклар аукцион савдога чиқарилган. Лекин мулклар белгиланган муддатда сотилмаган.

Бинобарин, давлат ижрочиси гаровдаги мулкларни 10 фоиз арзонлаштирилган қийматда, яъни 4 миллиард 275 миллион сўм ҳисобида банк балансига олиш тўғрисида таклиф хати киритган. Натижада гаровдаги мулклар банк балансига ўтказилиб, ижро иши юритиш тамомланган. Бироқ…

“Микрокредитбанк”нинг Хоразм вилояти филиали бошқарувчиси ижро иши тамомланганидан 3 ой ўтгач, яъни 2025 йил 17 октябрда кредит қарздорлигига ҳисобланган фоиз миқдори 1 миллиард 332 миллион сўмни ташкил қилишини билдирган ҳолда, “Garant Sement” хусусий корхонасига расмий хати юборади.

Хўш, банк филиалининг бундай йўл тутиши қонунийми?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 744-моддасида кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган.

Ана шу ҳуқуқий асосга таянган тадбиркор 2025 йил 31 октябрда юқоридаги хатда қайд этилган кредит фоизини ҳисобдан чиқариш юзасидан банк филиалига талабнома юборади. Аммо бу талабнома оқибатсиз қолдирилган.

Шу боис, Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси “Garant Sement” хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди ва “Микрокредитбанк” зиммасига 1 миллиард 332 миллион сўм миқдоридаги асоссиз ҳисобланган кредит фоизини ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклашни ва адвокатга тўланган 3 миллион сўмни ундириб беришни сўраган.

Албатта, суд ишни холисона ва адолатли кўриш ҳамда банк фойдасига ҳисобланган фоизларнинг ҳаққонийлигини таҳлил қилиш мақсадида, Марказий банкнинг Хоразм вилояти бош бошқармасидан мутахассис жалб этди. Бош бошқарма мутахассиси томонидан тузилган далолатномада эса, банк томонидан 1 миллиард 332 миллион сўм маблағ ортиқча ҳисобланганлиги қайд этилди.

Бинобарин, суд даъвони тўлиқ қаноатлантириб, “Микрокредитбанк” зиммасига асоссиз ҳисобланган 1 миллиард 332 миллион сўм кредит фоизини ҳисобдан чиқариш мажбуриятини юклатиш ҳамда адвокат хизмати учун тўланган 3 миллион сўм маблағни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Нилуфар АЛЛАБЕРГАНОВА,

Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси

photo_2026-07-27_12-55-02

50 МИЛЛИОН СЎМЛИК ТУЗОҚ ЁКИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНГАН ИШОНЧ

Тун. Шаҳар шовқини аста-секин сўниб, одамлар уй-уйларига отланган маҳал. Кимдир ишдан кейин ҳордиқ чиқаришга ошиққан, яна кимдир эртанги кун режаларини тузиш билан банд. Аммо ўша тун кимнингдир ҳаётини алғов-далғов қилиб юборган аламли хотирага айланди.

Суд ҳужжатларида баён этилган воқеаларга назар ташласак, яққол бир ҳақиқат ойдинлашади: жиноят аввал инсон онгида туғилади, кейин ғаразли фикрга айланади. Сўнг бадбин режага ўтилади ва ниҳоят, қонун тақиқлаган амалга кўчади. Яъни 2024 йил 30 сентябридан – 1 октябрига ўтар кечаси Ангрен шаҳри ва Янгиобод маҳалласи орасидаги манзилда содир бўлган воқеа ана шундай тунги жиноятлардан бири бўлди.

Аввалига ҳаммаси оддий кўринган эди. Ёш қиз таниши Санжар Ҳамидовдан (исм-шарифлар ўзгартирилди) контракт пули учун ёрдам сўраб юрарди. С. Ҳамидов унга аввал ҳам бир неча бор қарз берган, кўмаклашган. Ўша кеча ҳам қиз учрашувга чақириб, биратўла кабоб олиб келишини илтимос қилди. Кейин эса, Ангрен шаҳрининг Янгиобод маҳалласи ҳудудида икки кунга ижарага олган хонадонга элтиб қўйишни сўради. С. Ҳамидов бундан ҳеч қандай шубҳага бормади.

Ярим тунда улар уч қаватли уйнинг учинчи қаватидаги хонадонга киришади. Қиз ичкарига ўтади. Санжар қўлидаги пакетларни қўйиб, чиқиб кетишга чоғланади. Шу пайт подъезддан оёқ товушлари эшитилади.

Орадан сониялар ўтиб, ниқобланган шахслар хонадонга бостириб киради.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, ниқобли шахсларлар орасида Азим Холбеков ҳам бўлган. Шу заҳотиёқ улар жабрланувчи С. Ҳамидовга ҳужум қилишади: унинг юзига, бошига, танасининг турли қисмларига устма-уст қаттиқ зарба беришади, аёвсиз тепкилашади.

Ҳатто улардан бири қўлидаги оғир темирга ўхшаш буюм билан ҳам кетма-кет уради. Кейинчалик суд-тиббий экспертизаси жабрланувчи С. Ҳамидов бош мия чайқалиши, оёқ суяги синиши ва соғлиқнинг узоқ муддат бузилишига сабаб бўлган ўрта оғир тан жароҳати олганини тасдиқлади.

Бу энди баъзан одам асабини жиловлай олмаганда рўй берадиган оддий жанжал эмас эди. Бу — ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли зўрлик ишлатган ҳолда мулкни талон-торож қилишга қаратилган, Жиноят кодексининг 164-моддасида назарда тутилган босқинчилик жинояти эди.

Аммо ушбу воқеадаги энг муҳим нуқта бошқа ерда: жабрланувчининг чўнтагида атиги 8,5 миллион сўм қолганди. Автомашинасида эса, 50 миллион сўм нақд пул сақланаётган эди.

Ўша пулларни С. Ҳамидов бир кун аввал отасидан олганди. Улар уй қуриш ишларини бошлаган бўлиб, шунга керакли қурилиш материаллари харид қилишни режалаштирган эдилар. Яъни бу маблағ ортида бир оиланинг меҳнати, режаси ва келажакка бўлган умиди мужассам эди.

Суд материалларига кўра, босқинчилар С. Ҳамидовга ҳужум қилгандан сўнг айнан шу 50 миллион сўм, «IPhone 15 Pro Max» телефони ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан берилган хизмат гувоҳномасини тортиб оладилар.

Шу ўринда савол туғилади: нега ҳужум айнан шу кеча содир бўлди? Нега жабрланувчи айнан ўша хонадонга чақирилди? Босқинчилар унинг қаерга бориши, қайси машинада келиши ва ёнида ким бўлиши ҳақида қандай қилиб олдиндан хабар топган?

Аслида, С. Ҳамидов ўша хонадон эшигини бузиб кирмаган. Уни бу ерга ўзи ҳурмат қилган бир неча йиллик таниш инсонга бўлган ишонч туйғуси бошлаб келган.

Суд йиғилган далиллар, телефон алоқалари таҳлили, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда бошқа ашёвий далилларни батафсил таҳлил қилиб, бу жиноят олдиндан режалаштирилган ҳолда содир этилган деган хулосага келди. Ҳукмда ҳатто вояга етмаган шахснинг жиноятга жалб қилингани ҳам алоҳида қайд этилди.

Суд ўз сўзини айтди — жиноятга ҳуқуқий баҳо берди, айбдорлар жазоланди.

Бу воқеа ёшларга шундай огоҳлик беради: мўмай пул ҳеч қачон осон йўл билан келмайди. Унинг ортида катта меҳнат туради. Ота-оналарга эса, яна бир ҳақиқатни эслатади: фарзанднинг биргина қалтис қадами баъзан бутун оила тақдирига салбий таъсир қилиши мумкин.

Аниқланган ҳолатлардан кўринишича, воқеа тасодифан юз бермаган: ижарага хонадон қидирилган, қулай манзил танланган, алдамчи қўнғироқлар қилинган, қисқача айтганда, барча ғаразли мақсад ва ҳаракатлар мувофиқлаштирилган. Суд бу ҳолатларни олдиндан тузилган жиноий режа сифатида баҳолади.

Албатта, ҳар қандай жиноят ишида жабрланувчи бўлади. Лекин баъзи жиноятларда энг катта жабр икки ўртадаги ишонч зиммасига тушади. Ўша кеча ҳам бир инсон яқин танишига молиявий ёрдам бериш мақсадида, ички ишонч билан йўлга чиққан. У қаршисидаги одамни душман эмас, аввалдан таниш, демакки, ўзаро синашта инсон деб билган. Шунинг учун ҳам, у ҳеч нарсадан шубҳаланмаган.

Ҳеч кимга сир эмаски, 50 миллион сўм — оддий рақам ёки кичкина пул эмас. Зеро, ҳар бир рақамнинг ортида инсон умри, унинг бир неча йиллик меҳнати, оиласининг орзу-умидлари туради. С. Ҳамидов учун бу маблағ келажакда қурилаётган уйнинг деворлари, томи ва оила режаларининг бир қисми эди.

Ўша кеча С. Ҳамидовни ниқоб таққан одамлар ўраб олган эди. Аммо ҳаётнинг қизиқ қонуни бор: ниқоб инсоннинг юзини яшириши мумкин, қилмишини яшира олмайди.

Судда ўрганилган ҳолатлар занжирига назар ташласангиз, баъзи воқеаларнинг ташқи кўриниши билан ички мантиғи ўртасида қанчалар катта фарқ бўлиши мумкинлигини англайсиз. Ўша кеча ҳам ҳаммаси оддий илтимосдан бошланганди. Қиз аввал Санжарга телефон қилади, кейин учрашув тайинлайди. Ижарага олинган хонадон манзилини айтади, йўлни ҳам ўзи кўрсатиб боради. Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган Санжар эса, бу чақирувни яхшиликка йўяди. Унинг хаёлида қарз сўраган танишига кўмак беришдан бошқа ўй йўқ эди.

Ҳукмда қайд этилганидек, хонадонга биринчи бўлиб қиз кирган. Орадан кўп ўтмай, ҳодиса бошланиши арафасида у ҳожатхонага кириб кетган.

Айни шу лаҳзаларда эса, эшик ортида бошқа бир сценарий ҳаракатга келаётган эди. Ниқобли шахслар бостириб кирганидан кейин қиз кўринмай қолади.

Буларнинг бари олдиндан ўйланган жиноий режа эди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур жиноят иши нафақат бир шахсга нисбатан содир этилган босқинчилик ҳолати, балки жамият учун муҳим маънавий-маърифий ва ҳуқуқий сабоқ ҳамдир. Чунки ҳар қандай жиноий хатти-ҳаракат, аввало, қонунга, ҳалолликка ва виждонга нисбатан ҳурмат сусайган жойда пайдо бўлади.

Нафс ва осон йўл билан бойиш истаги ақл ва инсофдан устун келган пайтда эса, инсон нафақат бошқаларнинг мулкига, балки ўз тақдирига ҳам тажовуз қила бошлайди. Бу воқеа яна бир бор шуни кўрсатдики, бир лаҳзалик манфаат деб қилинган ноқонуний ҳаракат оқибатида йиллар давомида тўпланган обрў, эркинлик ва келажак имкониятлари йўқотилиши мумкин.

Шу боис ҳар бир фуқаро қонунга итоат қилиш нафақат ҳуқуқий мажбурият, балки маънавий масъулият эканини теран англаши лозим. Зеро, халқимизда: «Ҳалол меҳнат — давлат, ҳалоллик — саодат», деган ҳикмат бор. Ҳаёт тажрибаси ҳам шуни кўрсатадики, йўқотилган мол-мулкни қайта топиш мумкин, аммо бир марта доғ тушган виждон ва ишончни тиклаш учун баъзан бутун умр ҳам камлик қилади.

Адолат ҲАМРОЕВА,

жиноят ишлари бўйича

Ангрен шаҳар суди судьяси

photo_2026-05-22_19-07-12

ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ СУДЛАРНИНГ ОҚЛОВ ҲУКМЛАРИДА ЯҚҚОЛ НАМОЁН БЎЛМОҚДА

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, судларни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Буни судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ана шу оқланган шахслар орасида фарғоналик Ҳусниддин Пазилов ҳам бор.

Хўш, Ҳ. Пазилов нега ноҳақ жавобгарликка тортилганди?

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ҳ. Пазиловга нисбатан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2017 йил 19 июндаги ҳукми билан айблов эълон қилинган. Суд ҳукмида қайд этилишича, Фарғона вилояти прокуратураси иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида вилоят ички ишлар бошқармасининг хўжалик бўлими бошлиғи Ҳусниддин Пазиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Бинобарин, бўлим бошлиғи хизмат текшируви натижасидан келиб чиқиб, ўз лавозимида қолдириш масаласини ижобий ҳал қилиш эвазига Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси тезкор ходими Б. Ҳакимов ҳамда вилоят ИИБ тезкор вакили С. Карабаевга 20 000 АҚШ долларини пора сифатида берганликда айбланган. Оқибатда суднинг юқоридаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган ва Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори 2-банди татбиқ этилган ҳолда Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси 3-қисмига асосан жазо тайинланмасдан озод қилинган. Аммо…

Аммо суднинг бу ҳукми Ҳусниддин Пазиловни қониқтирмайди. Чунки у ўзини айбсиз деб биларди.

Буни қарангки, кейинчалик Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари унга умид бағишлайди. Шу боис Ҳ. Пазилов ҳимоячиси билан бирга Фарғона вилояти судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этди.

Ҳақиқатан ҳам, кассация инстанцияси судида Ҳусниддин Пазиловнинг айбсизлиги ўз исботини топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги томонидан 2014 йил 23 июнда тасдиқланган “Порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш бўйича Қўшма кўрсатма”нинг 8.1-бандида, ўзига нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган ёки олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг аризаси ҳар бир ҳолатда Жиноят-процессуал кодексининг 22, 95-моддаларига асосан, синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилиши, аризачининг кўрсатмаларидан ташқари бошқа объектив далиллар аниқланмаганида жиноят иши қўзғатилишига, шахс қамоққа олинишига, жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги, жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя қилинмаган ҳолда олинган номақбул далиллар асосида жиноят иши қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги, 8.2-бандида эса, шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби мезонлар билан асослантириш шартлиги қатъий белгиланган.

Шундан келиб чиқиб айтганда, Ҳусниддин Пазилов пора бериш вақтида ушланмаган, пора предмети ҳисобланган пуллар ашёвий далил сифатида олинмаган, жиноят ишида унинг пора берганлигини тасдиқловчи видео ёки аудио ёзувлар, телефон сўзлашувлари мавжуд эмас.

Бундан ташқари Б. Ҳакимовнинг пора олганлиги ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 22 августдаги ажрими билан у Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” бандлари бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан, оқланган. С. Карабаев эса Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими асосида Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (эски таҳрирдаги) ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича реабилитация қилиниб, оқланган.

Албатта, ушбу суд қарорлари ҳозир қонуний кучда. Шундай экан, Ҳусниддин Пазиловнинг 20 000 АҚШ долларини айнан кимга пора сифатида берганлиги очиқ қолган. Қолаверса, жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўриш давомида ҳам ушбу айбловни тасдиқловчи далиллар аниқланмади.

Бу эса, тергов органининг Ҳ. Пазилов 20 000 АҚШ долларини С. Карабаев ва Б. Ҳакимовга пора тариқасида берганлиги ҳақидаги хулосаси тўлиқ тахминларга асосланганлигини, бу хулоса ишончга сазовор эмаслигини тасдиқлаб турибди. Энг муҳими, жиноят ишини кассация инстанциясида кўриш жараёнида Ҳ. Пазиловнинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имконияти тугаган. Ҳолат юзасидан бошқа далиллар тўплаш имкониятлари ҳам мавжуд эмас.

Бош Қомусимизнинг 28-моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.” дея қайд этилган. Ана шу ҳуқуқий асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2017 йил 19 июндаги ҳукмининг Ҳусниддин Пазиловга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади. Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси сифатида белгиланиб, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Бу эса халқни рози қилишдек эзгу мақсадлар рўёбини таъминлайди.

Бурҳонжон МАМАЖОНОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

photo_2026-04-27_15-13-52

ТУН ҚАЪРИГА ЯШИРИЛГАН ЖИНОЯТНИ АДОЛАТ НУРИ ФОШ ЭТДИ

2025 йил 15 июль куни, ярим тун, одамлар ором олаётган пайт, соат 02.46. Бутун шаҳар уйқуга чўмган, кўчаларда ҳам сокинлик ҳукм сураётган маҳалда ҳеч ким кутмаган ғалати бир воқеа рўй берди. Аниқроқ айтганда, айнан шу сокинлик пардаси ортида режалаштирилган жиноят амалга оширилди. Илгари ҳам ўғирлик жиноятини содир этгани учун судланган, ҳали судланганлик ҳолати тугалланмаган Мирза Хурсандов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг қилмишларидан хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Бу гал у ёлғиз эмас, балки Инъом Арзиев ва Дўстмат Жасуров деган танишлари билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилади.

Жиноий шериклар бу қабиҳ қилмишни содир этиш учун олдиндан пухта жиноий режа тузишади: ижарага автомашина олиб, давлат рақамини яширган ҳолда юзларига ниқоб тақиб, ярим тунда ўғриликка қўл уришади.

Қисқаси, жиноятчилар ярим тунда оқ рангли “Каптива” русумли автомашинада Паркент тумани, Сайид ота маҳалласи, Амир Темур кўчасида жойлашган «FLESH MARKET» савдо дўкони олдига етиб келишади. М. Хурсандов дўкон эшиги олдида автомашина юкхонасини очади. И. Арзиев ҳамда Д. Жасуров эса, дўкон олдида турган “MULTIPAY” акционерлик жамиятига тегишли, баҳоси 28 600 000 сўмлик “ID 19912063” рақамли инфокиоск пайнет шохобчасини автомашинанинг юкхонасига юклаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

Ҳамтовоқларнинг назарида, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек, осон кечган, содир этган жиноий қилмишларини ҳеч ким сезмай қолганди.

Шунинг учун ҳам, ҳамтовоқлар хурсанд ҳолда ўғирлик молни Юқори Чирчиқ тумани, Жумабозор қўрғонида жойлашган М. Хурсандов ишлаб келаётган корхонанинг хизмат хонасига олиб келишади. Инфокиоск ичидаги 4 314 000 сўм пулни қўлга киритишади.

Бу жиноий қилмишнинг бошланиши, асосийси ҳали олдинда эди. Аниқроқ айтганда, жиноий шериклар қўлга киритган 4 314 000 сўм пулнинг орасидан 200 000 сўм купюрадаги пулни бир неча марта инфокиоск пайнет хизмати орқали “айлантириб” ўтказиш йўли билан фуқаро Фаррух Боқиев номига очилган банк пластик картасига дастлаб 200 000 сўм, кейин эса саккиз маротаба 14 550 000 сўмдан, жами 116 400 000 сўмни ўтказишади. Кейинчалик эса, бошқа банкомат орқали бу маблағни нақдлаштириб олишади.

Аммо жиноий шериклар хомтаъма бўлганидек, қилмишлари ошкор бўлмай қолмади.

Хавфли рецидивист саналган М. Хурсандов бошқа шахслар билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг 149 314 000 сўмлик мулкини яширин равишда талон-торож қилиш орқали қасддан ўғрилик жиноятига қўл урган. Унинг худди киноларда тасвирлангандек, пухта ниқобланишга оид сафсаталарига ишонган И. Арзиев ва Д. Жасуровлар бу жиноятга бош қўшишган.

Бу оддий ўғирлик эмас, балки иқтисодий тизимга қарши қаратилган жиноят эди. Зеро, инфокиоск ичидаги нақд пулларни қўлга киритгач, ҳамтовоқлар замонавий технологиялардан фойдаланиб, пул маблағларини “айлантириш” орқали янада катта миқдордаги маблағни ноқонуний равишда ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Бу эса, жиноятнинг янада мураккаб ва хавфли тус олганини кўрсатади.

Қисқача айтганда, жиноятчилар тубан қилмиши билан давлатга жами 149 миллион сўмдан ортиқ миқдорда моддий зарар етказишди.

Энг ачинарлиси шундаки, М. Хурсандов илгари ҳам жиноят содир этган бўлса-да, бу унга сабоқ бўлмаган. Аксинча, у янада оғирроқ жиноий қилмишга қўл урган. Бу, ўз навбатида, бошқа бир ҳақиқатни аён қилади, яъни ҳар жиноий қилмиш фақат қонунбузарлик эмас, балки инсоннинг маънавий таназзулидир.

Ажабланарлиси эса, дуппа-дуруст ҳаёт кечираётган И. Арзиев ва Д. Жасуров М. Хурсандовнинг алдови ва қутқусига учиб, бу жиноятга қўл уришган. Демак, бу ерда фақат бир шахс эмас, балки уюшган гуруҳ жавобгарлиги масаласи ҳам ўртага чиқади. Олдиндан ўзаро тил бириктириш — бу жиноятни янада оғирлаштирувчи ҳолатдир.

Буларнинг бари суд жараёнида батафсил муҳокама қилинди ва қонуний баҳо берилди. Суд ҳукми билан Мирза Хурсандов оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган ўғирлик жинояти учун — 6 йилга, жиноятлар мажмуи бўйича эса, узил-кесил 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, суд уни “хавфли рецидивист” деб топиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташини белгилади.

Инъом Арзиев ва Дўстмат Жасуровлар эса, 5 йилдан озодликдан маҳрум этилди.

Хулоса шуки, ҳар бир инсон — ўз тақдирининг меъмори. Қандай бўлмасин, у танлаган йўл — унинг эртанги кунини белгилайди. Агар бу йўл ҳалоллик ва виждондан бошланса, у саодат манзилига олиб боради. Агар у жиноятдан бошланса, унинг борар жойи, афсуски, озодлик эмас, жазо бўлади. Шундай экан, ҳалоллик, тоза виждон ва қонунга ҳурмат — ана шу қадриятларгина жамиятни ҳам, унинг аъзоларини ҳам барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлайди. Аммо кимдир қоронғуликдан фойдаланиб, жиноятга қўл урса, албатта, қонуннинг адолатли нури уни фош этади.

Фарҳод ҲАЙИТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Паркент тумани суди раиси

photo_2026-03-31_11-37-49

МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ: СУД ТИЗИМИДАГИ ЮКЛАМАНИ КАМАЙТИРИШ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ОШИРИШДАГИ ЎРНИ ҲАМДА АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда жаҳонда суд тизими ортиқча юклама, ишларни кўриш муддатларининг чўзилиб кетиши ва қарорларни ижро этиш муаммоларига дуч келаётгани ҳақидаги илмий тадқиқотлар кенг ёритилмоқда. Бундай вазият­да низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари, айниқса, медиация институти замонавий ҳуқуқий тизимнинг муҳим элементи сифатида шаклланаётгани жуда муҳим.

Медиация – низолашувчи тарафларнинг холис воситачи (медиатор) иштирокида ўзаро мақбул келишувга эришиш орқали низони ҳал этиш жараёнидир. Суд жараёнидан фарқли равишда у ихтиёрийлик, махфийлик, процессуал соддалик, тарафлар муносабатини сақлаб қолиш тамойилларига асосланади.

Ўзбекистонда “Медиация тўғрисида”ги қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилиниб, 2019 йилдан амалга жорий этилган. Қонун медиацияни:

— фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар;

— тадбиркорлик ва банк-кредит муносабатлари;

— суғурта низолари;

— меҳнат ва оилавий низолар каби соҳаларда қўллашни назарда тутади.

Медиациянинг энг муҳим устунлиги — “win-win” (икки тараф ҳам ютади) моделига асосланишидир. Яъни судда бир томон ютса, иккинчи томон, албатта, ютқазади. Медиацияда эса, ҳар икки томон ўз манфаатини сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Шу сабабли медиатив келишувларнинг қарийб 90 фоизи ихтиёрий равишда ижро этилади.

Халқаро статистик маълумотларга кўра, медиация орқали ҳал этилган ишларнинг 70-85 фоизи муваффақиятли якунланади. Бундай ишлар суд муҳокамасига қараганда ўртача 3-5 баробар тез ҳал этилади, шунингдек, давлат бюджети ва иштирокчилар харажатлари сезиларли даражада қисқаради.

Тадқиқотларда қайд этилишича, суд тизимига тушаётган ишлар сонининг 20-30 фоизини медиацияга йўналтириш орқали судлардаги навбат ва кечикишларни бартараф этиш мумкин.

Бугунги кунда дунёда Италия, Туркия, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Америка Қўшма Штатлари медиация институционал ривожланган давлатлар ҳисобланади.

Масалан, Сингапурда тижорат низоларининг 80 фоиздан ортиғи медиация орқали ҳал этилади, Буюк Британияда эса, медиация тижорат соҳасида бир йилда миллиардлаб фунт стерлинг иқтисодий самара келтиради.

Японияда судга келган ишлардан катта қисми аввал медиация орқали кўрилади.

Энг муҳими, бугунги кунда медиация жараёнлари халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2019 йилда Сингапур Конвенцияси қабул қилингани халқаро медиатив келишувларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Шу негизда медиация глобал ҳуқуқий механизм сифатида эътироф этилди.

Айтиш керакки, медиациянинг аҳамияти суд тизимидаги ортиқча юкламани камайтириш билан чекланиб қолмайди. Бу институт жамиятда низоларни инсонпарварлик йўли билан конструктив ҳал этиш маданиятини шакллантиради, шахсларни ўзаро мулоқотга, муросага ва ҳуқуқий масъулиятга ўргатади. Бу эса, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим ижтимоий-психологик асосини ташкил этади.

Илмий-социологик тадқиқотларда медиациянинг ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдаги кучли таъсири алоҳида таъкидланади. Шунингдек, медиация шахсларни мулоқотга, муросага келишга, ҳуқуқ ва мажбуриятларни англашга ўргатиши ҳамда низоларни зўравонликсиз ҳал қилиш маданиятини шакллантириши алоҳида қайд этилади.

Бу жараён жамиятда ҳуқуқий онгни оширади ва давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлайди. Тикловчи адолат (restorative justice) концепциясига кўра, медиация нафақат ҳуқуқий, балки маънавий тикланиш воситаси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2021 йилда 4,8 минг та иш медиация орқали ҳал қилинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 7,2 мингтага етган ва ўсиш 50 фоизни ташкил этган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва низоларни инсонпарварлик йўли билан ҳал этишга қаратилган “Ҳуқуқий эксперимент” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа низоларни судгача медиация орқали ҳал этишни, жумладан:

— жиноят ва маъмурий ишларда — тикловчи медиация;

— фуқаро ва давлат органлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш;

— ижтимоий аҳамиятга эга ишларда бепул (про боно) медиация;

— медиатив келишувлар ижросини тизимли мониторинг қилишни назарда тутади.

Тошкент шаҳрида 2023 – 2025 йилларда иқтисодий ишлар бўйича 3 214 та медиация келишувига эришилган. Бу рақам, ўз навбатида, медиациянинг равнақ топаётгани ва самарадорлиги ошаётганини кўрсатади.

Медиация жараёни, одатда, 60 кундан ошмайди. Кўп ҳолларда эса, бир неча кун ёки муайян соатлар ичида якунланади.

Шу маънода, медиация институтининг истиқболларига доир қуйидаги 5 та амалий таклифимизни билдиришни лозим топдик:

биринчидан, қонунчиликда судлар томонидан муайян тоифадаги ишларни кўриб чиқишда медиация тартиб-таомилини қўллашнинг мажбурийлигини жорий қилиш;

иккинчидан, вазирлик ва идораларда, шунингдек, судларда медиация хоналарини ташкил қилиш;

учинчидан, Италия ва Буюк Британия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, апелляция ва кассация босқичларида ишларни фақат ҳуқуқий баҳс нуқтаи назаридан эмас, балки тарафларни яраштириш имконияти нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш, хусусан, апелляция инстанциясида медиатив тартиб-таомилни мажбурий таклиф қилиш (mandatory mediation offer), кассация босқичида эса, тарафлар розилиги асосида ихтиёрий медиацияни қўллаш суд юкламасини камайтириш ва ишларни тезроқ ҳал этиш имконини беради;

тўртинчидан, тарафларни судда “ютқазиш-ютиш” моделига кўра, “келишувга келиш” моделини рағбатлантириш мақсадида апелляция ва кассация босқичларида медиатив келишувга эришилган тақдирда, давлат божи (суд йиғими)нинг бир қисмини қайтариш, иш юритишни тугатишни процессуал жиҳатдан соддалаштириш ҳамда медиатив келишувни ижро варақасига тенг ҳужжат сифатида тан олиш механизмларини кенгайтириш;

бешинчидан, Сингапур ва Хитойда онлайн медиация орқали ҳал қилинган ишларнинг 60-70 фоизи муваффақиятли якунланганлигини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда “Рақамли суд” концепцияси доирасида онлайн медиация платформасини ишлаб чиқиш ва уни:

• апелляция шикоятлари қабул қилиниши билан автоматик равишда таклиф этиладиган босқич сифатида жорий қилиш;

• видеоконференция орқали медиатив учрашувларни ўтказиш;

• электрон медиатив келишувларни суд томонидан тезкор тасдиқлаш механизмини жорий этиш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, медиация институти янги Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида муҳим ўрин эгалламоқда ҳамда келажакда медиацияни кенг тарғиб қилиш ва қўллаш орқали суд тизимида юклама камайтирилади, давлат харажатлари қисқартирилади, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалади ҳамда жамиятда тинчлик ва ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади.

Келгусида онлайн медиация, мактаб ва оилавий медиация, давлат органлари иштирокидаги медиация механизмларини ривожлантириш орқали медиация институти ҳуқуқий адолатни таъминлаш ва жамиятда муроса маданиятини шакллантиришда стратегик аҳамият касб этади.

Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси


 

photo_2026-03-11_12-20-09

КАФИЛЛИК ШАРТНОМАСИ — МАЖБУРИЯТ

Маълумки, кредит ташкилотлари кредит таъминоти сифатида қарз олувчи ёки бошқа субъектнинг мол-мулкини гаровга қўйиш орқали кредит ажратилишини тавсия қиладилар. Қонун талаби ҳам шуни тақозо этади. Аммо кейинги пайтда айрим фуқаро ёки тадбиркорлик субъектлари кафиллик масъулиятини ҳис қилмаган ҳолда кафиллик шартномаларини имзолаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.

Хўш, аслида кафиллик нима?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, кафиллик — учинчи шахснинг бошқа шахс кредитори олдидаги мазкур шахснинг кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича тўлиқ ёки қисман жавобгар бўлиш мажбуриятидир.

Айтиш керакки, кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади. Кафиллик шартномаси бўйича мажбуриятнинг мазмуни қарздор асосий мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафилнинг қарздор билан бирга кредитор олдида жавоб бериш мажбурияти ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беради. Фақат қонун ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмасагина бундай жавобгарлик келиб чиқади.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради.

Жумладан, у фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимлари ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Албатта, кафил кредиторнинг талабларига қарши ўз эътирозларини билдиришга ҳақли. Банкнинг қарз олувчи ва кафилларга нисбатан кредит ҳамда фоизларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан иқтисодий иш кўрилиб, кафилни хабардор қилмасдан шартнома шартлари ўзгартирилгани ва белгиланган муддат ўтганидан кейин даъво қўзғатилганлиги сабабли даъвонинг мазкур кафилга оид қисмини қаноатлантириш рад этилади.

Бу борада статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2025 йилда Андижон вилояти иқтисодий судлари томонидан кредит, кафиллик ва гаров шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларга доир жами 940 та иқтисодий иш кўрилган. Шундан 709 таси қаноатлантирилган, 50 тасини қаноатлантириш рад этилган, 177 таси кўрмасдан қолдирилган ва 2 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Суд амалиётида кредит ундириш билан боғлиқ низолар кўрилганда, тўланмаган кредит ва фоизлар кредит олувчи билан бирга кафил бўлган фуқаролардан, аксарият ҳолатларда, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан ундирилиши уларни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.

Бундан ташқари суд амалиётида белгиланган муддатларда тўланмаган кредит ёки фоиз қарздорликлар гаровга қўйилган мулклар ҳисобидан ҳам ундириб келинмоқда.

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Масалан, “С. И.” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – тижорат банкига нисбатан даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқни олиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Андижон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқини олиш мажбурияти юклатилган.

Ўз навбатида, жавобгар – банк мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан судга мурожаат қилган.

Апелляция инстанция судида ушбу ҳал қилув қарорида кўрсатилган 750 000 000 сўмлик гаровга қўйилган бино-иншоотлар учун фермер хўжалиги томонидан жавобгар – банк ҳисоб-рақамига 750 000 000 сўм маблағ тўлаб берилгани ва шу билан даъвогар, фермер хўжалигинниг гаров шартномасига асосан, ўзига олган мажбуриятлар тўлиқ бажарганлиги аниқланди.

Шу боис банкнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Чунки Фуқаролик кодексининг 283-моддаси биринчи қисми биринчи бандида гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида, гаров бекор бўлиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир шартнома мажбуриятдир. Кредит шартномаси, кафиллик шартномаси ёки гаров шартномасини имзолашдан аввал келгусида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарликни, яъни қарздор билан бирга солидар (шерик) жавобгар бўлиши, гаровга қўйган мулклар ундирувга қа­ратилиб, сотилиб кетиши каби ҳолатларни пухта ўйлаб, шартнома тузилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, шартнома тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида тузилади.

Қонунга зид равишда тузилган битимлар манфаатдор шахснинг даъво аризаси асосида ҳақиқий эмас, деб топилади. Агар битимнинг қонунга хилоф тузилганлиги исботланмаса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилиши мумкин.

Алишер Мадаминов,

Андижон вилояти

суди судьяси

photo_2026-02-24_12-58-19

РАҚАМЛИ АДОЛАТ САРИ: СУД ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР — ХАЛҚ УЧУН

Бугунги глобал рақамли маконда жамият ҳаётининг барча соҳалари чуқур трансформация жараёнини бошдан кечираётгани — давр талаби. Чунки замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга фақат қулайлик эмас, балки янги тафаккур, янги бошқарув ва янги адолат мезонларини тақдим этмоқда.

Бу жараён суд-ҳуқуқ тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Аксинча, одил судловни таъминлашда рақамли ечимлар жорий этилиши бугунги кунда объектив заруратга айланди.

Янги Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани бежиз эмас. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бу соҳада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар судларнинг очиқ, шаффоф ва халққа яқин институт сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда суд тизимида очиқлик ва тезкорликни таъминлаш, бюрократик тўсиқлар ва инсон омилини камайтириш, коррупцияга қарши самарали курашишга қаратилган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий асослар суд ишларини юритишда замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга замин яратди.

Натижада барча суд инстанцияларида ишлар ўз вақтида ва қонуний кўриб чиқилишини таъминловчи самарали назорат тизими шаклланди. Судлов жараёнларида автоматлаштириш даражаси ошди, судьялар фаолиятига оид маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш тизимли равишда йўлга қўйилди. Бу эса, қарор қабул қилишда энг муҳим мезон — холислик ва қонунийликни янада мустаҳкамламоқда.

Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 21 августда қабул қилинган ПФ-140-сонли Фармони суд тизимида рақамли трансформацияни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Унга мувофиқ, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан босқичма-босқич воз кечиш ва “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларни тўлиқ электрон форматда юритиш белгиланди. Бу ёндашув ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш, одил судловда инсон омилини камайтириш ва коррупциявий хавфларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шундай қулайликлар асосида бугунги кунда фуқаролар ўзларини қизиқтирган суд ишлари билан электрон тарзда танишиши, суд мажлиси санаси ва вақти ҳақида онлайн тарзда маълумот олиши, судларга электрон мурожаат йўллаши ҳамда видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб, суд жараёнларида иштирок этиши мумкин. Бу имкониятлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун суд хизматларидан фойдаланишда шу пайтгача мисли кўрилмаган қулайлик ва ошкораликни таъминлаётгани айни муддао бўлди.

Эътироф этиш ўринлики, ушбу ислоҳотлар Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фаолиятида ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, 2025 йилда Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судларида биринчи инстанцияда 517 мингдан ортиқ иш кўрилгани ва бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан икки баробардан зиёд ўсгани билан янада аҳамиятлидир.

Албатта, ишлар сонининг йилдан-йилга ортиб бориши, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва суд тизимига бўлган ишончи юксалиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, судлар зиммасидаги юклама юқори эканига қарамай, ишлар белгиланган муддатларда ва қонун талабларига мувофиқ ҳал этилаётгани тизим самарадорлигини кўрсатади.

Шунингдек, юқори инстанция судлари томонидан амалга оширилаётган апелляция, кассация ва тафтиш ишлари ҳам қонунийликни таъминлашда муҳим назорат механизми сифатида хизмат қилмоқда. Қабул қилинаётган хусусий ажримлар эса, қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш, масъул органлар эътиборини ишда йўл қўйилган муаммоларга қаратишга хизмат қилмоқда.

Мисол учун 2025 йилда Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолияти суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, рақамли трансформация ва замонавий бошқарув механизмлари билан уйғун ҳолда изчил ривожлангани — мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилинишининг амалий ифодасидир. Шу билан бирга, суд амалиёти таҳлили давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан процессуал чоралар кўрилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари жамиятимиз ҳаётида ҳам изчил ва тизимли характер касб этмоқда. Чунки “Рақамли суд” концепциясининг жорий этилиши суд ишларини юритишда шаффофликни таъминлаш, одил судлов жараёнларида инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупция хавфларини пасайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис “Рақамли суд” концепциясининг босқичма-босқич жорий этилиши суд тизими янада очиқ, тезкор ва самарадор бўлишига хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу жараёнлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, судга мурожаат қилишда ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш, адолат ва холислик принципларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилганлиги билан улкан аҳамият касб этади. Янги Ўзбекистонда рақамли адолат сари қўйилаётган бу қадамлар келгусида ҳам суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бобир ИСЛАМОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати раиси

 

#thegov_button_6ab061af7a692 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab061af7a692:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab061af7a692 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ab061af7a692:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!