ТУН ҚАЪРИГА ЯШИРИЛГАН ЖИНОЯТНИ АДОЛАТ НУРИ ФОШ ЭТДИ

2025 йил 15 июль куни, ярим тун, одамлар ором олаётган пайт, соат 02.46. Бутун шаҳар уйқуга чўмган, кўчаларда ҳам сокинлик ҳукм сураётган маҳалда ҳеч ким кутмаган ғалати бир воқеа рўй берди. Аниқроқ айтганда, айнан шу сокинлик пардаси ортида режалаштирилган жиноят амалга оширилди. Илгари ҳам ўғирлик жиноятини содир этгани учун судланган, ҳали судланганлик ҳолати тугалланмаган Мирза Хурсандов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг қилмишларидан хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Бу гал у ёлғиз эмас, балки Инъом Арзиев ва Дўстмат Жасуров деган танишлари билан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда ҳаракат қилади.
Жиноий шериклар бу қабиҳ қилмишни содир этиш учун олдиндан пухта жиноий режа тузишади: ижарага автомашина олиб, давлат рақамини яширган ҳолда юзларига ниқоб тақиб, ярим тунда ўғриликка қўл уришади.
Қисқаси, жиноятчилар ярим тунда оқ рангли “Каптива” русумли автомашинада Паркент тумани, Сайид ота маҳалласи, Амир Темур кўчасида жойлашган «FLESH MARKET» савдо дўкони олдига етиб келишади. М. Хурсандов дўкон эшиги олдида автомашина юкхонасини очади. И. Арзиев ҳамда Д. Жасуров эса, дўкон олдида турган “MULTIPAY” акционерлик жамиятига тегишли, баҳоси 28 600 000 сўмлик “ID 19912063” рақамли инфокиоск пайнет шохобчасини автомашинанинг юкхонасига юклаб, воқеа жойидан ғойиб бўлишади.
Ҳамтовоқларнинг назарида, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек, осон кечган, содир этган жиноий қилмишларини ҳеч ким сезмай қолганди.
Шунинг учун ҳам, ҳамтовоқлар хурсанд ҳолда ўғирлик молни Юқори Чирчиқ тумани, Жумабозор қўрғонида жойлашган М. Хурсандов ишлаб келаётган корхонанинг хизмат хонасига олиб келишади. Инфокиоск ичидаги 4 314 000 сўм пулни қўлга киритишади.
Бу жиноий қилмишнинг бошланиши, асосийси ҳали олдинда эди. Аниқроқ айтганда, жиноий шериклар қўлга киритган 4 314 000 сўм пулнинг орасидан 200 000 сўм купюрадаги пулни бир неча марта инфокиоск пайнет хизмати орқали “айлантириб” ўтказиш йўли билан фуқаро Фаррух Боқиев номига очилган банк пластик картасига дастлаб 200 000 сўм, кейин эса саккиз маротаба 14 550 000 сўмдан, жами 116 400 000 сўмни ўтказишади. Кейинчалик эса, бошқа банкомат орқали бу маблағни нақдлаштириб олишади.
Аммо жиноий шериклар хомтаъма бўлганидек, қилмишлари ошкор бўлмай қолмади.
Хавфли рецидивист саналган М. Хурсандов бошқа шахслар билан бир гуруҳ бўлиб, олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг 149 314 000 сўмлик мулкини яширин равишда талон-торож қилиш орқали қасддан ўғрилик жиноятига қўл урган. Унинг худди киноларда тасвирлангандек, пухта ниқобланишга оид сафсаталарига ишонган И. Арзиев ва Д. Жасуровлар бу жиноятга бош қўшишган.
Бу оддий ўғирлик эмас, балки иқтисодий тизимга қарши қаратилган жиноят эди. Зеро, инфокиоск ичидаги нақд пулларни қўлга киритгач, ҳамтовоқлар замонавий технологиялардан фойдаланиб, пул маблағларини “айлантириш” орқали янада катта миқдордаги маблағни ноқонуний равишда ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Бу эса, жиноятнинг янада мураккаб ва хавфли тус олганини кўрсатади.
Қисқача айтганда, жиноятчилар тубан қилмиши билан давлатга жами 149 миллион сўмдан ортиқ миқдорда моддий зарар етказишди.
Энг ачинарлиси шундаки, М. Хурсандов илгари ҳам жиноят содир этган бўлса-да, бу унга сабоқ бўлмаган. Аксинча, у янада оғирроқ жиноий қилмишга қўл урган. Бу, ўз навбатида, бошқа бир ҳақиқатни аён қилади, яъни ҳар жиноий қилмиш фақат қонунбузарлик эмас, балки инсоннинг маънавий таназзулидир.
Ажабланарлиси эса, дуппа-дуруст ҳаёт кечираётган И. Арзиев ва Д. Жасуров М. Хурсандовнинг алдови ва қутқусига учиб, бу жиноятга қўл уришган. Демак, бу ерда фақат бир шахс эмас, балки уюшган гуруҳ жавобгарлиги масаласи ҳам ўртага чиқади. Олдиндан ўзаро тил бириктириш — бу жиноятни янада оғирлаштирувчи ҳолатдир.
Буларнинг бари суд жараёнида батафсил муҳокама қилинди ва қонуний баҳо берилди. Суд ҳукми билан Мирза Хурсандов оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган ўғирлик жинояти учун — 6 йилга, жиноятлар мажмуи бўйича эса, узил-кесил 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, суд уни “хавфли рецидивист” деб топиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташини белгилади.
Инъом Арзиев ва Дўстмат Жасуровлар эса, 5 йилдан озодликдан маҳрум этилди.
Хулоса шуки, ҳар бир инсон — ўз тақдирининг меъмори. Қандай бўлмасин, у танлаган йўл — унинг эртанги кунини белгилайди. Агар бу йўл ҳалоллик ва виждондан бошланса, у саодат манзилига олиб боради. Агар у жиноятдан бошланса, унинг борар жойи, афсуски, озодлик эмас, жазо бўлади. Шундай экан, ҳалоллик, тоза виждон ва қонунга ҳурмат — ана шу қадриятларгина жамиятни ҳам, унинг аъзоларини ҳам барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлайди. Аммо кимдир қоронғуликдан фойдаланиб, жиноятга қўл урса, албатта, қонуннинг адолатли нури уни фош этади.
Фарҳод ҲАЙИТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Паркент тумани суди раиси

