Click to listen highlighted text!

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОНАНИНГ ЎРНИ

photo_2024-07-22_15-23-49

Аввало шуни айтиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 78-моддасига биноан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлиқ ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза этилади.

Бола тарбияси ҳақида фикр юритганда, бу жараёнда онанинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу боис судларда фарзандни олиб бериш билан боғлиқ ишларда онага устуворлик берилиши ҳам халқимизга хос эзгу қадриятларга асосланади.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Муслим Маматов ва Муножатхон Юсупова 2015 йил 12 ноябрда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришган.

Аввалига эр-хотин ва қуда-андаларнинг муносабатлари жуда яхши, ҳамма ҳавас қилгудек бўлган. Чунки ёш келин-куёв бир-бирини тушуниб, қайнона ва қайнотаси уларга тўғри йўл кўрсатган ҳолда яшаб келишган.

Биргаликдаги турмушларида 2017 йил 27 июнда Ҳаётбек Иномжонов ҳамда 2020 йил 24 мартда Диёрбек Иномжонов исм-шарифли ўғилли бўлишган.

Аммо орадан йиллар ўтгач, оиладан тинч-тотувлик ва файзу барака кўтарилди. Бунга М. Маматовнинг тўю-тантаналарда ҳофизлик қилиши сабаб бўлган. Яъни у тўй ва маросимларда кўп ичадиган одат чиқарган.

Оқибатда бу хонадон жанжалнинг уясига айланади. Бинобарин, оиласини сақлаб қолишга кўзи етмаган М. Юсупова 2023 йил апрель ойида фарзандларини олиб, ота уйига кетиб қолади. Шундан буён улар бирга яшашмаган.

2023 йил август ойида М. Маматов фарзандларини дам олиш кунларини бирга ўтказиш учун ўз уйига олиб кетади. Бироқ шундан сўнг Ҳаётбек ва Диёрбекни онасига қайтармайди. Шу боис М. Юсупова фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, фарзандларини ўз тарбиясига қайтариб олиб беришни сўрайди.

– М. Маматов тўйлардан маст ҳолда келиб, болаларимни ҳақорат қилар экан. Қолаверса, отаси тўйга кетган пайтда қаровсиз қолиб кетишган, — деди М. Юсупова суд жараёнида.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, амалдаги Оила кодексининг 75-моддасида “Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганини, боланинг ёшини, ота­онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота­онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади”, дея қайд этилган.

Бинобарин, суд даъвони қаноатлантириб, Ҳаётбек ва Диёрбек Иномжоновларни отаси М. Маматовдан онаси М. Юсупова тарбиясига олиб бериш хусусида ҳал қилув қарори чиқарди. Лекин жавобгар М. Маматов суд қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан мурожаат қилди.

Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 21-моддасига кўра, ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг (кичик ёшдаги болаларнинг) ёки васийликда бўлган фуқароларнинг қонуний вакиллари – ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари яшайдиган жой вояга етмаганлар ёки васийликда бўлган фуқароларнинг яшаш жойи ҳисобланади. Ушбу қонун талабидан келиб чиққан биринчи инстанция суди Ҳаётбек ва Диёрбек ёш бўлгани боис онанинг ғамхўрлиги ва эътибори кўпроқ зарурлиги, улар онасининг қарамоғида камолотга етиши мақсадга мувофиқлигини инобатга олиб, М. Маматовнинг фарзандларини аёлининг қарамоғига қайтаришга тўсқинлик қилганлигини танқидий баҳолаган ҳолда даъво талабини қаноатлантириб асосли хулосага келган.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, суд ота ёки онанинг боласининг тегишлича, тарбиясини таъминлай олиш имкониятлари, ота ёки онанинг боласи билан ўзаро муносабатлари хусусиятлари, боланинг ўз ихтиёрида бўлган шахсларга қанчалик кўнгил қўйгани ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олади.

2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарор қабул қилиши шартлиги белгиланган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ёзёвон тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг 2024 йил 5 февралдаги хулосасида Ҳаётбек ва Диёрбек Иномжоновларни онасининг уйида парвариш қилиш учун барча шароитлар мавжудлиги, фарзандларни онасига олиб бериш учун тўсқинлик қилувчи омиллар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, боланинг ўсиб-улғайишида она меҳри ва тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Миллий қонунчилигимизда ана шу ҳаётий қоиданинг ўз ифодасини топгани она ва бола манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

#thegov_button_675f510c4c96c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675f510c4c96c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675f510c4c96c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_675f510c4c96c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!