photo_2026-11-17_08-58-53

ОТА КЕЧИРИМИ ЁХУД БИР УМРЛИК ПУШАЙМОН ВА ИНСОНПАРВАРЛИККА ЙЎҒРИЛГАН АДОЛАТ

Донишмандлар айтадики, ҳаёт — буюк муаллим. Ҳақиқатан ҳам, инсон ҳаётдан ибрат олиб, умргузаронлик қилади. Бинобарин, баъзан шундай саволларга дуч келинади: ота билан фарзанд ўртасидаги ришталарни қайси мезон билан ўлчаш мумкин?

Бу ришталарнинг қадри, эҳтимол, уларга дарз кетганида, қалблар орасига ранжиш аломатлари тушганида ёки бир лаҳзалик ғазаб йиллар давомида асраб келинган меҳрга соя солганида янада чуқурроқ англашилади.

Халқимиз «Ота рози — худо рози», деган ҳикматли мақолни бежиз айтмайди.

Тошкент туманида содир бўлган бир оилавий можаро ана шу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Суд ҳужжатларида аниқланишича, 2026 йил 28 май куни соат 20:40 атрофида Раҳим Арслонов (исм-шарифлар ўзгартирилди) яшаш хонадонида отаси Ашур Абдувалиев билан ўзаро келишмовчиликка бориб қолган.

Можаро оқибатида у ҳовлида турган белкуракни қўлига олиб, отасининг бош ва елка қисмларига бир неча марта зарба берган. Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, бунинг оқибатида жабрланувчи енгил тан жароҳати олган.

Биринчи инстанция суди Раҳим Арслоновни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ жабрланувчи, яъни зўравон ўғилнинг отаси Ашур Абдувалиев апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, судланувчи унинг фарзанди эканини, уни кечирганини ва унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.

Албатта, бу ўринда отанинг бу илтимосида фақат ота меҳри эмас, балки инсон қалбининг кечиришга қодирлиги, оилавий ришталарнинг қадри ва фарзанд тақдири учун масъулият ҳисси мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Қолаверса, отанинг илтимоси — нафақат судга йўлланган мурожаат, балки фарзандининг виждонига қаратилган маънавий даъват ҳамдир.

Шунга кўра, апелляция инстанцияси суди иш материалларини қайта кўриб чиқиб, биринчи инстанция ҳукмини ўзгартириш учун асослар бор, деган хулосага келди. Хусусан, судланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир этган ҳаракатининг оқибатини англаб етгани, ёшлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ҳамда жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва жазони енгиллаштириш ҳақидаги илтимоси инобатга олинди.

Шунингдек, суд жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига таянди. Жумладан, Жиноят кодексининг 7 ва 8-моддалари мазмунига кўра, жазо шахсни ахлоқан тузатиш ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўлиши, содир этилган қилмишнинг хусусияти, оғир-енгиллиги ва айбдор шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ келиши лозим.

Шу асосда апелляция инстанцияси суди Раҳим Арслоновга нисбатан бир йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Судланувчининг 2026 йил 7 сентябрдан 20 октябрга қадар қамоқда сақланган 43 куни жазо муддатига ҳисобланиб, чегириб ташланди. Натижада ўташ учун 10 ой 17 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Суд қарорига мувофиқ, судланувчининг зиммасига кўнгилочар жойларга бормаслик, жиноятга мойил шахслар билан алоқа ўрнатмаслик, алкоголли ичимликлар ва бошқа тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаслик, назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳар ва вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик сингари бир қатор мажбурият ва тақиқлар ҳам юклатилди.

Содда қилиб айтганда, суднинг қарори жазосиз қолдириш эмас, балки жазо турини ўзгартириш, айни пайтда шахсни назорат остида тузалишга йўналтиришдан иборат бўлди. Судланувчига берилган бу имкониятнинг моҳияти ҳам шунда: у ўз хатосини англаши, жамият олдидаги масъулиятини ҳис қилиши ва келгусида бундай қилмишга йўл қўймаслиги керак.

Зеро, адолат фақат жазонинг оғирлиги билан ўлчанмайди. Адолат — қилмишга муносиб ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорнинг шахсини ва ишдаги барча ҳолатларни ҳисобга олиш, жамият хавфсизлигини таъминлаш билан бирга инсоннинг тузалиш имкониятини ҳам эътибордан четда қолдирмасликдир.

Шу боис инсонпарварлик қонуннинг маънавий қудратини намоён этади, бироқ бу фазилат судланувчини масъулиятдан озод қилмайди. Яъни кечирим унга имконият бериши мумкин, лекин бу имкониятни оқлаш учун унинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши шарт.

Фикримизча, мазкур воқеадан чиқариладиган сабоқ фақат фарзанднинг отага қўл кўтариши билан чекланмайди. У ҳар бир оила аъзосини ўзаро мулоқот маданияти, сабр-тоқат, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва бир-бирининг қадрига етиш ҳақида ўйлашга ундайди. Чиндан ҳам, башарти, қайсидир оилада келишмовчилик пайдо бўлса, унинг ечими бор: дилдан суҳбатлашиш, ўзаро маслаҳатлашиш, яқинлар ёрдамига мурожаат қилиш, зарур бўлса, мутахассислар кўмагидан фойдаланиш мумкин. Аммо зўравонлик ҳеч қачон муаммони ҳал қилмайди, аксинча, у янги муаммоларни туғдиради, ўртадаги ишончни емириб, қалбларда оғриқ қолдиради.

Раҳим Арслоновнинг иши ҳам бир оила доирасидаги воқеа эмас, балки жамият учун огоҳлантирувчи сабоқдир. Зеро, фарзандни фақат моддий жиҳатдан таъминлаш эмас, балки уни ҳиссиётларини бошқаришга, низоларни маданиятли ҳал этишга, катталарга ҳурмат ва кичикларга меҳр кўрсатишга ўргатиш ҳам тарбиянинг муҳим вазифаларидан саналади.

Бу ҳаётий воқеадан чиқадиган энг муҳим хулоса шуки, оиладаги меҳр-оқибатни асраш, ғазабни ақл билан енгиш, инсон қадрини улуғлаш ва адолатга ҳурмат билан муносабатда бўлиш — ҳар биримизнинг бурчимиз.

Чунки отага ҳурмат — фақат фарзандлик бурчи эмас, инсонийлик мезонидир.

Мухтасар айтганда, кечирим — фақат ота қалбининг саховати эмас, фарзанд учун катта масъулият ҳамдир. Адолат эса, фақат жазолаш эмас, инсонни тўғри йўлга қайтаришга хизмат қилувчи маънавий ва ҳуқуқий мезон.

Шундай экан, инсоннинг инсонлиги жамиятда хатосиз яшашида эмас, балки билиб-билмай йўл қўйган хатосини англаб, ундан тўғри хулоса чиқаришида ҳам яққол намоён бўлади. Буни ҳеч ким ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги лозим.

Зафар БОБОНОВ,

Тошкент вилояти судининг

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

#thegov_button_6afc9fa7e62cd { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6afc9fa7e62cd:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6afc9fa7e62cd { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6afc9fa7e62cd:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content