
АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ: ДАЪВОГАРНИНГ ТУРАР ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТАЪМИНЛАНДИ
Оила — инсон учун меҳр-оқибат, тинчлик ва хотиржамлик маскани. Ҳар бир инсон ўз хонадонида муносиб яшашни, фарзандларини хавфсиз ва барқарор муҳитда тарбиялашни истайди. Бироқ турмушдаги келишмовчиликлар баъзан шундай тус оладики, кечагина бир хонадонда аҳил яшаган оила аъзолари ўртасида уй-жойдан фойдаланиш масаласи ҳам жиддий низога айланади.
Айниқса, эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик сабабли аёлнинг вояга етмаган фарзандлари билан бирга яшаб келган уйидан чиқиб кетиши ёки унга қайта киришига тўсқинлик қилиниши нафақат оилавий муносабатларга, балки инсоннинг қонун билан муҳофаза қилинадиган уй-жой ҳуқуқларига ҳам дахлдордир.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: уй-жойга мулк ҳуқуқи бир шахсга тегишли бўлса, у билан оила аъзоси сифатида яшаб келган бошқа шахслар мазкур турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладими?
Оилавий муносабатлар бузилгани ёки эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келгани бундай ҳуқуқнинг бекор бўлишига олиб келадими?
Саволларга судда кўрилган бир фуқаролик иши мисолида жавоб излаймиз.
Судга даъвогар Ч. Мирзаева уйга киритиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган. Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, у 2022 йил 31 январда Ф. Ҳотамов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Уларнинг никоҳидан 2022 ва 2024 йилларда икки нафар қиз фарзанд дунёга келган.
Дастлаб келин қайнотасининг хонадонида яшаган. Кейинчалик оила Қўшработ туманидаги бошқа уйга кўчиб ўтган ва 2026 йил апрель ойига қадар шу ерда истиқомат қилишган. Бироқ эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли оиладаги муносабатлар издан чиққан.
Даъвогарнинг билдиришича, 2026 йил 3 апрелда турмуш ўртоғи ва унинг ота-онаси уни уйдан чиқариб юборган. Оқибатда у икки нафар вояга етмаган фарзанди билан ижарада яшашга мажбур бўлган, моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган. Шу сабабли аёл суддан ўзини фарзандлари билан бирга аввал яшаб келган хонадонга киритишни сўраган.
Жавобгар Ф. Ҳотамов судда даъвони тан олмади, феъл-атвори тўғри келмаганини айтиб, турмуш ўртоғи уйдан ўз хоҳиши билан чиқиб кетганини ва энди бирга яшаш имкони йўқлигини билдирди.
Жавобгарнинг отаси ҳам ушбу важларни қувватлаб, келинни уйга киритиш тўғрисидаги талабни рад этишни сўради.
Суд иш ҳолатларини ўрганиб чиқиш жараёнида амалдаги Уй-жой кодексининг 32-моддасига таянди. Унга кўра, уй ёки квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар улар кўчириб келинган пайтда ёзма равишда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, турар жойдаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Мазкур моддада бундай шахсларнинг ўз вояга етмаган фарзандларини турар жойга кўчириб киритиш ҳуқуқи ҳам назарда тутилган. Эътиборлиси, қонунда оилавий муносабатлар тугаган тақдирда ҳам, тегишли шартлар асосида турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолиниши белгиланган.
Демак, эр-хотиннинг ўзаро келишолмаслиги ёки бирга яшашни истамаслиги уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини ўз-ўзидан бекор қилмайди.
Бундай низода суд шахснинг хонадонга қандай асосда кўчиб келгани, у ерда доимий яшаган-яшамагани, тарафлар ўртасида бошқача ёзма келишув мавжудлиги ва уй-жойдан фойдаланишга тўсқинлик қилинганқилинмаганини текшириши лозим бўлади. Шунинг учун ҳам, мулкдорнинг ҳуқуқлари билан бирга, унга тегишли турар жойда қонуний асосда яшаб келган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳам муҳофаза қилинади.
Суд ишни кўриш давомида тарафларнинг тушунтиришларини тинглади, никоҳ ва фарзандлар туғилганига оид ҳужжатлар, маҳалла фуқаролар йиғини далолатномалари, кадастр маълумотлари ҳамда бошқа далилларни синчковлик билан ўрганди.
Аниқланишича, даъвогар Ч. Мирзаева 2022 йилда ушбу оилага келин бўлиб келган ва кейинчалик низоли уйда турмуш ўртоғи билан доимий яшаган. Хонадонга келин бўлиб тушган пайтда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини чекловчи бошқача ёзма шарт белгиланмаган.
Иш ҳужжатларидаги кадастр маълумотларида низоли уйга оид ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтмагани ҳам қайд этилган. Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини далолатномалари ва фуқароларнинг тушунтиришлари ушбу уй жавобгар эгалигида экани, у ерда унинг отаонаси ҳам яшаб келаётганини тасдиқлади.
Суд, шунингдек, даъвогарнинг бошқа алоҳида турар жойи йўқлиги, ўзи ва икки нафар вояга етмаган фарзанди билан аввал яшаб келган хонадонга қайта киришига қаршилик кўрсатилаётганини аниқлади. Уй-жой кодексининг 32-моддаси талаблари ва иш бўйича тўпланган далиллар баҳоланиб, даъвогар ҳамда унинг фарзандлари низоли турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга, деган хулосага келинди.
Мазкур ишнинг яна бир муҳим жиҳати бор. Гап фақат эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик ёки келиннинг яшаш жойи ҳақида эмас, балки икки нафар вояга етмаган фарзанднинг ҳам турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақида бормоқда. Болалар ота-онаси ўртасидаги низонинг келиб чиқишига сабабчи эмас. Шунинг учун катталар ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши фарзандларнинг қонуний ҳуқуқларига асоссиз таъсир кўрсатмаслиги лозим.
Шу боис ушбу Уй-жой кодексининг 32-моддасида турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга шахсларнинг ўз вояга етмаган фарзандларини мазкур турар жойга кўчириб киритиш ҳуқуқи белгилангани ҳам бежиз эмас.
Чунки бола учун турар жой оддий бино ёки мулкий объект эмас. У боланинг кундалик ҳаёти, тарбияси, дам олиши ва ривожланиши билан боғлиқ муҳим муҳитдир.
Гувоҳи бўлганингиздек, қонун уй эшигини очди. Хулоса шуки, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билса, оилавий келишмовчиликларнинг мулкий низога айланиши, уй-жойдан фойдаланишда асоссиз тўсқинликлар келиб чиқиши камаяди. Энг муҳими, бундай вазиятларда суд ҳимояси шахснинг фақат ҳуқуқий манфаатини эмас, унинг ҳаёти ва фарзандлари билан боғлиқ муҳим ижтимоий манфаатларини ҳам муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Фахриддин ҚАРШИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Иштихон туманлараро суди раиси,
Мансур МАРДОНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Иштихон туманлараро суди судьяси
фуқаролик ишлари бўйича
Иштихон туманлараро
суди судьяси

