
ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ
Гиёҳвандликни бежизга “аср вабоси” деб атамайдилар. Чунки унинг хавфи фақат гиёҳванд моддани истеъмол қилаётган шахснинг соғлиғига зиёни билан чекланмайди. Балки бу иллат соғлом турмуш тарзига хавф солади, оилаларни пароканда қилади, ёшлар келажагини издан чиқаради, уюшган жиноятчиликни озиқлантиради, коррупция ва бошқа турдаги жиноятлар учун муҳит яратади.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси — UNODCнинг 2026 йилдаги Жаҳон гиёҳвандлик ҳисоботи маълумотларига кўра, 2024 йил давомида дунё бўйича, тахминан, 331 миллион киши камида бир марта гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган. Бу 2014 йилга нисбатан 34 фоиз кўп. Фақат каннабис истеъмол қилувчилар сони 256 миллион, тиббий мақсаддан ташқари опиоид истеъмол қилувчилар эса, 63 миллион киши атрофида тахмин қилинмоқда.
Ноқонуний гиёҳвандлик бозори кўламини аниқ пул ифодасида ҳисоблаш осон эмас. Чунки савдонинг асосий қисми яширин ва жиноий тармоқлар орқали амалга оширилади. Лекин UNODCнинг сўнгги маълумотлари вазиятнинг кўламини аниқ кўрсатиб турибди.
Яъни 2025 йилда асосан гиёҳвандлик моддаси савдосига хизмат қилувчи даркнет бозорларининг ўзидаги савдо айланмаси қарийб 2,5 миллиард АҚШ долларига етган. 2024 йилда амфетамин туркумидаги стимуляторларни мусодара қилиш ҳажми рекорд даража — 604 тоннага чиққан.
Бу ўринда гап алоҳида бир мамлакат ёки муайян ёш тоифаси ҳақида бораётгани йўқ.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатимизда 15 минг 412 та гиёҳвандлик моддаси билан боғлиқ жиноят қайд этилган, 3 тонна 775 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган ва 15 та яширин нарколаборатория аниқланган.
2026 йилнинг дастлабки уч ойидаёқ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 4 минг 80 та жиноят иши қўзғатилиб, 872 килограмм гиёҳвандлик воситаси, жумладан, 33 килограмм синтетик модда муомаладан олинган.
Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар бир жиноят ишининг ортида инсон тақдири туради.
Бу хавфли иллат фақат ушбу турдаги жиноятга қўл урган одамнинг ўзигагина эмас, балки кўплаб оилаларни барбод этиши, минглаб кишиларнинг саломатлигига зарба бериши ва жамиятга жиддий зарар етказишини ўйлаганда ташвишланмаслик, хавотирга тушмаслик асло мумкин эмас.
Буни Хоразм вилояти судлари амалиётидан икки жиноят иши мисолида кўриб чиқамиз.
Одил Бердиёров (исм-шарифлар ўзгартирилди) 2003 йилда туғилган, оилали, олий маълумотли, муқаддам судланмаган, 2024 йил 9 июлдан Урганч шаҳар ички ишлар бўлимига қарашли қўриқлаш гуруҳида назоратчи лавозимида ишлаб келган. Албатта, қўриқлаш хизматида ишлайдиган ходимдан қонунларга риоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва мулкни ҳимоя қилиш, фуқароларга виждонан муносабатда бўлиш талаб этилади.
Бироқ суд ҳужжатларида баён этилишича, О. Бердиёров хизмат мавқеидан фойдаланиб, С. Иноятуллаеванинг ишончига кирган ва 2025 йил 21 август куни унинг таниши Ш. Ибодуллаевни ўзи ишлайдиган қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйишга ваъда бериб, бунинг эвазига 1 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Урганч шаҳридаги қаҳвахонада ўтказилган тезкор тадбир давомида О. Бердиёров махсус харидордан ушбу маблағни олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси ва 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Аммо бу воқеанинг энг хавотирли қисми шу билан якун топмаган. Аниқроқ айтганда, тезкор тадбир жараёнида О. Бердиёровнинг яна бир қилмиши ошкор бўлди. У махсус харидорга тамаки қутисида жойланган, соф оғирлиги 0,3 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддасини 700 минг сўмга сотган. Кейин унинг пайпоғидан ҳам 0,26 грамм гиёҳвандлик моддаси топилган. Суд О. Бердиёров ушбу гашиш моддасини кейинчалик сотиш мақсадида сақлаган деб баҳолади.
Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, О. Бердиёровдан олинган ҳар иккала гиёҳванд моддаси таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган рўйхатга кўра, гашишнинг 0,2 граммдан 2 граммгача бўлган миқдори “озгинадан кўпроқ миқдор” сифатида баҳоланади.
Айни вақтда экспертиза жараёнида О. Бердиёровнинг қонидан гиёҳвандлик моддаси қолдиғи топилмаган, у наркологик ҳисобда турмаган ва мажбурий даволанишга муҳтож эмас. Шунинг учун ушбу воқеани “у гиёҳванд бўлган” деган соддалаштирилган хулоса билан эмас, балки гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдоси ва уни сотиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ жиноят сифатида баҳолангани — ҳуқуқий жиҳатдан тўғри.
Суд судланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган деб топди. Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ҳам ҳимоя томонининг қилмишни енгилроқ моддага қайта малакалаш ҳақидаги важларини рад этди.
Мазкур жиноий ишнинг ҳуқуқий томонидан ташқари муҳим ижтимоий жиҳати ҳам бор. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида хизмат қиладиган ходимга давлат ҳам, фуқаро ҳам ишонч билдиради. Унинг вазифаси қонунбузарликка қарши қатъий туриш, қўриқланаётган объектлар хавфсизлигини таъминлаш, қонун талабларига риоя этишда, аввало, ўзи бошқаларга намуна бўлишдан иборат.
Биринчи босқич суди жиноятлар мажмуи бўйича О. Бердиёровга 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 2 йил муддатга ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Хоразм вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ушбу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Судланувчига нисбатан тайинланган қўшимча жазонинг ўзи ҳам жиноят билан хизмат мавқеи ўртасидаги боғлиқликка берилган ҳуқуқий баҳодир.
Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Муаттар Отаниёзовани ёш, етарли ҳаёт тажрибасига эга эмас, деб бўлмайди. 1965 йилда туғилган, оилали, уч нафар фарзанднинг онаси, таълим тизимида узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққан бу аёл қариндошининг илтимосига кўра, Тошкент шаҳридан Хоразм вилоятига героин гиёҳвандлик моддасини етказиб беришга рози бўлган.
У ўтирган “Эпика” русумли автомашина Хоразм томон ҳаракатланиб келаётганда Урганч туманидаги “Чолиш” йўл патрул хизмати постида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилган.
Аёлнинг сумкасидан икки бўлак, жами 985 грамм героин гиёҳвандлик моддаси топилган. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Хоразмга етказилгач, сотишга мўлжалланган. М. Отаниёзова жиноятни содир этишда ёрдамчи сифатида иштирок этган.
Энди бир тасаввур қилайлик: агар гиёҳвандлик моддаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатиб қолинмаганида, нима бўлар эди?
Заҳри қотил манзилга етарди, кейин майда қисмларга ажратилиши, сотувчилар орқали тарқатилиши, ўнлаб-юзлаб истеъмолчилар қўлига тушиши мумкин эди. Қарийб бир килограмм гиёҳвандлик моддасининг муомалага кириши қанча янги қарамлик, қанча оилавий фожиа, қолаверса, қанчадан-қанча саломатлик муаммосига сабаб бўлишини олдиндан ҳисоблаб бўлмайди.
Ушбу жиноий қилмишнинг кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳати бор.
Яъни бу жиноий қилмиш аёл томонидан содир этилганидир. Ҳолбуки, аёл — оиланинг меҳрибон бекаси, фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказадиган зотдир. Айниқса, узоқ йиллар давомида таълим соҳасида меҳнат қилган, уч фарзандни вояга етказган аёлни бундай жиноий қилмишга қўл уришини сира оқлаб бўлмайди.
Биринчи босқич суди М. Отаниёзованинг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлигини, оилавий аҳволи, пенсия ёши, соғлиғи ҳамда муқаддам судланмаганини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолади. Шу сабабли Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинланди.
Суд судланувчининг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 28-моддаси ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми бўйича, яъни кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотишга суиқасд қилишда ёрдамчилик сифатида малакалаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Кассация инстанцияси судлов ҳайъати ҳукмнинг ушбу қисмини ўзгаришсиз қолдирди. Чунки шундай ҳуқуқий ёндашув ўта муҳим: инсоннинг оилавий аҳволи ва ижобий ўтмиши жазони индивидуаллаштиришда ҳисобга олинади, аммо улар содир этилган жиноятни оқлаш воситасига айланмайди. Қонун гиёҳвандлик воситасини фақат бевосита сотувчисини эмас, балки уни ташиш, сақлаш ёки сотишга ёрдам бериш орқали жиноят содир этилишига кўмаклашган шахсларни ҳам жавобгарликдан четда қолдирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик савдосидан олинган ҳар қандай моддий манфаат вақтинчалик. Бундан чиқадиган катта ва ягона сабоқ шуки, гиёҳвандлик воситасини сотиш ёки сотишга олиб бораётган жиноий занжирнинг бир бўғинига айланиш — осон даромад топиш эмас, аксинча, инсон тақдири учун жуда қимматга тушадиган нотўғри танловдир.
Даврон МУРОТОВ,
Хоразм вилояти суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист

