Click to listen highlighted text!

ИШОНЧЛИ ДАЛИЛЛАР – ҚОНУНИЙ ВА АДОЛАТЛИ ҚАРОР ТАЯНЧИ

photo_2026-09-23_12-11-09

Халқимиз соғлиқ учун кони фойда ҳисобланган маъданларга бой иссиқхона неъматларини ҳамиша севиб истеъмол қилади. Бухоролик Мелс Сайидов ва унинг танишлари ака-ука Шомурод ҳамда Шариф Раҳмоновлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) анча йиллар муқаддам халқимизнинг ана шу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини замонавий ва хорижий технологияга асосланган янги иссиқхона мажмуаларини барпо этиш орқали қондиришни ният қилишганди.

Эзгу ният амалий ишларда ижобатини топди. Бир қатор иссиқхона мажмуалари буюртма асосида улар томонидан етказиб берилган асбоб­ускуналар билан жиҳозланди. Сафарлар ва ўзаро мулоқотлар чоғи орттирилган таниш-билишларнинг кўпи кейинчалик ҳамкор ва буюртмачига айланишди. Бу ҳолат Хоразм вилоятига сафар асносида ҳам намоён бўлди.

Шовот туманида истиқомат қилувчи ишбилармон ака-укалар – “Микрокредитбанк”нинг туман филиали бошлиғи Жамшид Исматов, маҳаллий кластер идораси раҳбари Рамил Исматов айни уларбоп ҳамкорлар бўлиб чиқди. Меҳмонлар ўзларини иссиқхона мажмуалари қуриш билан шуғулланувчи Жанубий Кореянинг нуфузли “SUN ENGINEERING Co LTD” компаниясининг Ўзбекистондаги расмий вакили сифатида таништирди. Арзон нархда сифатли иссиқхона жиҳозларини етказиб бериш мажбуриятини зиммага олишди.

Мазкур компания ҳамда ака-ука Ж. ва Р. Исматовлар таъсисчи бўлган “CHO’QLI AGRO INJINERING” масъулияти чекланган жамият ўртасида 2020 йил 14 июнда тузилган импорт шартномаси, шунингдек, “Микрокредитбанк”нинг Шовот филиали томонидан мазкур жамиятга Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) лойиҳаси ҳисобидан маблағ ажратиш юзасидан 2020 йил 20 июлда имзоланган кредит шартномаси бу борада эришилган аҳдлашувнинг мантиқий ифодаси бўлди. Бу маблағ эвазига Шовот туманида саҳни 5 гектардан иборат янги ва замонавий иссиқхонанинг ҳар бир гектарини 396 минг, бутун бошли мажмуани эса, 1 миллион 980 минг АҚШ доллари ҳисобига барпо этиш назарда тутилди.

Шартнома – кўзда тутилган жамики иш ва режаларнинг бош ҳуқуқий манбаи, ҳаракатлантирувчи кучи. Галдаги вазифа унинг амалий ижросини таъминлаш, ҳуқуқий салоҳиятини намоён этишдан иборат. Буни қарангки, тез орада “SUN ENGINEERING Co LTD” компанияси зиммасидаги шартномавий мажбуриятларни бажаришга киришди. Мажмуа қурилиши билан боғлиқ асбоб-анжомларни компаниянинг Ўзбекистондаги расмий вакиллари Шомурод ва Шариф Раҳмоновлар ҳамда уларга кўмакдош бўлмиш Мелс Сайидов орқали ўзининг хоразмлик мижозларига етказиб бериш тараддудини бошлади.

Бироқ бу пайтга келиб, буюртмачи тарафнинг қадамлари сустлашди. Асл мақсад эса, хиёл кейин ошкор бўлди. Сатҳи 5 гектардан иборат замонавий иссиқхона мажмуини бунёд этиш буюртмачи, хусусан, “CHO’QLI AGRO INJINERING” масъулияти чекланган жамият таъсисчиси, айни пайтда “Микрокредитбанк” туман бўлими бошқарувчиси Жамшид Исматовнинг асл режалари қаторидан ўрин олмагани аён бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай эса, у импорт шартномасида кўзда тутилмаган таклифни илгари сурди.

Ўз муддаосини компаиня вакили Шомурод Раҳмоновга маълум қилиб, шартномадаги 5 гектар ўрнига 4 гектардан иборат иссиқхонанинг ўзи кифоя эканлиги, қолган 1 гектар майдон учун харжланиши мўлжалланган 396 минг доллар маблағни нақдлаштирган ҳолда қайтариб беришни сўради. Бунинг устига, шартномага хилоф бўлган бошқа бир талабни ҳам илгари сурди. Сатҳи озайтирилган ўша 4 гектарлик иссиқхонанинг ҳар гектари учун сарфланиши лозим бўлган 396 минг доллар ҳажмидаги маблағни ҳам кескин камайтириб, миқдорини 260 минг долларга тушириш, ушбу “тежамкорлик”дан ҳосил бўлган жами 520 минг доллар пулни нақдлаштирган ҳолда ўзига қайтаришни дангал таклиф қилди.

Аммо бу таклиф хорижлик ҳамкорга маъқул келмади. Бироқ кейинроқ у муайян шартлар эвазига бюртмачининг талабини қабул қилди.

Компаниянинг Ўзбекистондаги вакили ва буюртмачилари таъминотчининг талаби ва ўртадаги ўзаро келишувга мувофиқ 2020 йил 14 июндаги импорт шартномаси матнини айнан шу сана ва шу рақам билан ўзгартириш: барпо этилажак иссиқхона майдони сатҳини 5 эмас, балки 4 гектар қилиб белгилашга муваффақ бўлди.

Бугина эмас, иссиқхонанинг ҳар бир гектари қурилиши учун сарфланиши зарур бўлган маблағ миқдорини бир йўла 136 минг долларга камайтириш йўлидаги “топқирлик” ҳам ўз “самараси”ни берди. Хорижий компаниянинг Ўзбекистондаги вакиллари ҳамда бюртмачи тарафга етказиб берилган ва ўртада талон-торож қилинган маблағнинг жами миқдори пировардида 580 минг доллар, умуман етказиб берилмаган ускуналар ва кўрсатилмасдан қолиб кетган хизматларнинг жами қиймати эса 1 миллион доллардан ҳам ошиб кетди.

Албатта, бу қилмиш изсиз кетмайди. Тергов органи томонидан рўй берган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиб, суднинг ҳукмига ҳавола қилинди.

Энг ажабланарли ҳолат судгача бўлган ана шу жараёнда рўй берди.

Тергов органи содир қилинган жиддий қонунбузарлик ҳаракати учун Бухоронинг Ромитан туманида туғилиб-ўсган, шу ерда яшаган ва ишлаган 50 ёшли Мелс Сайидовни жавобгар деб топди. Унинг қилмишини Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 4-қисми “а” банди, қалбакилаштиришга доир 228-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда шу модданинг 3-қисми билан малакалади.

Гумонланувчи ўз жиноий кирдикорини шериклари билан тил бириктирган ва гуруҳга уюшган ҳолда амалга оширганликда, 2020 йил 14 июнда расмийлаштирилган шартномани ўзбошимчалик билан ўзгартирганлик ва қалбакилаштирганликда, ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмаган мазкур ҳужжатни турли ташкилотларга тақдим этиб келганликда, пул ювиш ва Хоразмдаги иссиқхона қурилиши учун паст нархли, сифатсиз ва ҳатто яроқсиз ускуналарни “хўжа кўрсин” учун номигагина олиб келиш билан боғлиқ жараёнларда фаол қатнашганликда, умумий қиймати 1 миллион 38 минг АҚШ долларига тенг бўлган бир қанча жиҳозларни етказиб бермаганликда, хизмат кўрсатиш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликда, айрим жиноий қилмишларга воситачилик қилганликда, буюртмачиларни ёлғон ваъдалар билан алдаганликда айбланди.

Аммо гумонланувчи бу айбларни тан олмади. Айни пайтда, ўзини ҳимоя қилган ҳолда айбни ўзгалар устига ағдаришни ҳам лозим топмади. Бироқ суд мажлисида масаланинг жамики мавҳум ва пинҳоналигича қолиб келаётган жиҳатларини очиқ-ойдин ошкор этишга жазм қилди.

Суд у томонидан тақдим қилинган ва томонлардан Ж. Исматов, Ш. Раҳмонов ва ўзи иштирокида Бухоро шаҳрида бўлган ўзаро учрашув чоғи ёзиб олинган аудиоёзувни эътибор билан тинглади. Хорижлик ҳамкор тарафидан етказиб берилган 554 минг доллар миқдордаги нақдлаштирилган пул маблағи буюртмачи Ж. Исматов томонидан нақд ҳолда қабул қилиб олинганини тасдиқловчи жонли овоз жиддий муҳокамага сабаб бўлди.

Бу ҳолатни Ж. Исматовнинг ўзи турлича баҳоналар билан изохлаган бўлса-да, аммо аудиоёзувдаги овоз ўзига тегишли эканлигини инкор этмади. Шу юзадан экспертиза тайинлашни ҳам сўрамади.

Шу тариқа амалга оширилган олди-берди жараёнларида М. Сайидов умуман иштирок этмагани, содир бўлган воқеаларга бор-йўғи гувоҳ бўлганига оид асл ҳақиқат юзага қалқиб чиқди. Ш. Раҳмоновнинг бу ҳақда баён этган ва аудиотасмага жо бўлган жонли овози шубҳага ўрин қолдирмади.

Судланувчи томонидан судга тақдим қилинган бу дастак уни айблардан халос этиш йўлидаги ишончли далилга айланди.

Судда кўрсатма берган бошқа бир қатор гувоҳлар ҳам М. Сайидовни айбдан холи шахс сифатида эътироф қилдилар. Жумладан, содир бўлган воқеаларга дахлдор шахс, “Гурлан пахта тозалаш” очиқ акциядорлик жамияти ҳуқуқшуноси Ф. Ражабов М. Сайидовни танимаслиги, уни умуман кўрмаганлигини баён этган бўлса, хорижий корхонанинг бухоролик вакили Ш. Раҳмонов тергов жараёнида судланувчи шахс Шовотдаги иссиқхона қурилиши билан боғлиқ ҳолатда ҳеч қандай манфаат кўрмагани, нақдлаштирилган пулдан улуш олмагани, шартномавий муносабатларда қатнашмагани, хизмат сафарлари чоғи ҳамроҳлик қилгани, ака-укаларга қарашли оилавий корхонада оддий ишчи вазифасида фаолият юритганини маълум қилди.

Суд бу ҳолатларнинг барини инобатга олди.

Судланувчи М. Сайидов ушбу асосларга кўра, Жиноят кодексининг тегишли модда ва бандлари бўйича тергов органи тарафидан қўйилган барча айблардан халос этилди. У томонидан содир қилинган ҳаракатларда жиноят аломатлари мавжуд бўлмагани боис Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тўлиқ оқланди.

Унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди ва суд залидан озодлика чиқарилди. М. Сайидовга Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддаларига асосан ўзига етказилган мулкий зарарни қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф этиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Кези келганда шуни айтиш керакки, ушбу жиноят иши юзасидан бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо берилиши юзасидан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувга ажратиб олинган. Бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг тергов бўлимлари, албатта, ўзининг ҳуқуқий баҳосини беради.

Мамлакатимиз қонунчилигидаги адолат, одиллик, эркинлик, дахлсизлик ва ҳақиқат тамойили шу тариқа яна тантана қилди.

Иномжон Шарипов,

жиноят ишлари бўйича

Хонқа тумани суди раиси

#thegov_button_6ad543d7dcc94 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ad543d7dcc94:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ad543d7dcc94 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ad543d7dcc94:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!