photo_2026-11-24_19-26-10

МАНСАБ ВАКОЛАТИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ МУҚАРРАР ЖАЗОГА САБАБ БЎЛАДИ

Маълумки, амалда бажарилмаган ишларни бажарилди деб расмийлаштириш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва молиявий интизомни бузиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.

Ҳолбуки, давлат бюджети маблағлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим молиявий манба саналади. Унинг ҳисобидан мактаблар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий муассасалар барпо этилади, таъмирланади, зарур жиҳозлар билан таъминланади. Шу боис, бюджетдан ажратилган ҳар бир сўмнинг қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши давлат ва жамият олдидаги муҳим масъулият эканини сира унутмаслик керак.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаларига йўналтирилган маблағларнинг ўз ўрнида сарфланиши ортида беморлар саломатлиги, тиббиёт ходимларининг меҳнати ва аҳолининг давлат тиббиёт муассасаларига бўлган ишончи туради.

Жиззах вилояти руҳий асаб касалликлари диспансери раҳбари А. Болибеков (исм-шарифлар ўзгартирилди) айни ҳақиқатни унутиб қўйган кўринади. Нега деганда, унинг “Н. Н.” масъулияти чекланган жамият раҳбари Т. Нурмўминов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзларига берилган мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, содир этган жиноий қилмишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Алишер Болибеков 2015 йилнинг декабрь ойидан 2024 йилнинг июль ойига қадар ушбу диспансерда раҳбар лавозимида фаолият юритган.

Аммо ўтган даврда зиммасидаги масъулиятни унутиб, эгриликка қўл урди.

У муассасанинг маъмурий биносини мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида ўзи содир этган қинғирликлар бир кун келиб, ошкор бўлиши ҳақида ўйламаганди. Бунинг устига “Н. Н.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Толибжон Нурмўминов унга яхшигина гумашта бўлди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу таъмирлаш ишлари давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Пудрат шартномасига асосан, диспансер томонидан масъулияти чекланган жамиятнинг ҳисоб рақамига жами 696 миллион 984 минг 26 сўм ўтказиб берилган. Табиийки, давлат томонидан ажратилган бу маблағлар эвазига муассаса биноси белгиланган лойиҳа ва смета ҳужжатларига мувофиқ таъмирланиши, бажарилган ишлар эса, тегишли тартибда қабул қилиб олиниши лозим эди. Аммо ҳамтовоқларни шунча катта маблағ эсанкиратиб қўйди, чоғи, шундоққина ҳаммасини таъмирлашга сарфлашга кўзлари қиймади.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Жиззах вилоят Давлат молиявий назорат бошқармаси ва бошқа масъул ташкилотлар иштирокида ўтказилган қайта назорат ўлчовлари давомида ҳисоботларда акс эттирилган кўплаб ишлар амалда бажарилмагани ёки лойиҳада белгиланган талабларга мувофиқ бажарилмагани кундай равшан тортган.

Шу ўринда аниқ мисолларга назар ташласак, бино томининг 462 квадрат метр эски қопламасини бузиш, 414 квадрат метр янги том қопламасини ўрнатиш, 150 метр сув оқизиш лотоклари ва 750 метр сув оқизиш қувурларини ўрнатиш ишлари ҳисоботларда кўрсатилган, амалда эса, умуман бажарилмаган.

Бинода металл конструкциялар ўрнатиш, айрим ички эшикларни алмаштириш, 64 квадрат метр гипсокартонли шифт қуриш, ташқи деворларни сувоқлаш ва бўяш, полга керамик плиткалар ётқизиш, зинапояларни таъмирлаш ҳам­да ободонлаштириш билан боғлиқ қатор ишлар ҳам, тегишли ҳисоботларга киритилганига қарамай, амалда бажарилмаган.

Текширув чоғида яна бир эътиборли ҳолат: бино полларига қалинлиги 5 миллиметр бўлган линолеум тўшалиши лойиҳада кўрсатилган бўлса-да, амалда 1,6 миллиметр қалинликдаги материалдан фойдаланилганлиги маълум бўлган. Айрим жойларда эса, линолеум остига тўшалиши лозим бўлган қоплама умуман қўйилмаган.

Демак, қонунбузилиш фақат муайян ишларни бажармаслик билан чекланмаган. Бажарилган айрим ишларнинг сифати ва уларда қўлланилган материаллар ҳам тасдиқланган лойиҳа талабларига жавоб бермайди. Уддабуронларни қарангки, ана шундай ишлар бўйича ҳисоб-фактура ва далолатномаларга 272,8 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги бажарилмаган ишларни ҳам қўшиб ёзишдан ҳадиксирамаганлар!

Суд ушбу ҳолатларга баҳо бериб, диспансер раҳбари ва пудратчи ташкилот раҳбарининг олдиндан тил бириктирган ҳолда бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож этгани исботланган деган хулосага келди. Бундан ташқари бажарилган ишлар ҳақидаги расмий ҳужжатларга атай сохта маълумотлар киритилган.

Пудратчи томонидан тақдим этилган ҳисоб-фактура ва далолатномаларда амалда бажарилмаган ишлар ҳам бажарилган сифатида кўрсатилган.

Айтиш керакки, текширувлар жараёнида жуда кўп пинҳон ҳақиқатлар юзага чиқди. Диспансер раҳбарининг бунгача ҳам анча пихи қайрилиб қолган экан. 2022 йилда муассаса харажатлар сметасига қонунга зид равишда ўзгартиш киритиб, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш учун мўлжалланган 497 миллион 481 минг сўм маблағни бошқа харажатлар тоифасига йўналтирган. Ушбу маблағлар диспансернинг озиқ-овқат таъминоти бўйича кредиторлик қарздорлигини қоплаш учун ўзининг жиноий ҳамтовоғи Т. Нурмўминов раҳбар бўлган “Н. Н.” масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. А. Болибеков 2021 йилда 52, 2022 йилда 81, 2023 йилда 22 ва 2024 йил июль ойига қадар 16 нафар амалда эҳтиёж бўлмаган ходимларни ишга қабул қилганига нима дейсиз? Бу, албатта, белгиланган намунавий штат нормативларининг бузилишига, муассаса маблағларидан фойдаланишда номутаносибликлар юзага келишига, айрим ходимларга моддий рағбат пули тўланмаслиги ҳамда иш ўринлари қисқариши билан боғлиқ эътирозлар келиб чиқишига сабаб бўлган.

Суд муҳокамасида судланувчилар, фуқаровий даъвогарлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди, молиявий текширув далолатномалари, назорат ўлчовлари, қўшимча смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар синчковлик билан ўрганилди. А. Болибеков Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-1-моддаси 2-қисми ҳамда 209-моддаси 1-қисмида; Т. Нурмўминов эса, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 28,209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилдилар.

Албатта, суд жазо тайинлашда уларнинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ва етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олди.

Ҳукм ўқилди. А. Болибековга жиноятлар мажмуи бўйича иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Т. Нурмўминов иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.

Буларни баён этишдан мақсад — раҳбарлик масъулиятини яна бир карра эслатишдир. Ҳолбуки, мансаб шахсий манфаатга эришиш воситаси эмас, балки давлат ва халқ билдирган ишончдир.

Зокир ХУДОЙБЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Шароф Рашидов тумани суди раиси,

Ҳамид ЭГАМ,

журналист

#thegov_button_6b077767c2514 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6b077767c2514:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6b077767c2514 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6b077767c2514:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content