Click to listen highlighted text!

МАЪНАВИЙ ЗАРАР ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ҚОПЛАНАДИ?

photo_2024-07-12_16-55-08

Амалдаги қонун талабига кўра, ҳар бир киши ўзига етказилган маънавий зарарни суд орқали ундиришга ҳақли.

Бу ҳақда фикр юритганда, шундай ҳақли савол туғилади: хўш, аввало маънавий зарар нима?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, маънавий зарар деганда, жабрланувчи содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати оқибатида ўз бошидан кечирган маънавий ва жисмоний азоблар тушунилади.

Яқин қариндошини йўқотиш, жумладан, унинг ўлими сабабли қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш; оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш; шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш; ҳар қандай ҳуқуқларни вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш каби бир қанча маънавий азоблар натижасида кишига маънавий зарар етиши мумкин. Қонун талабига асосан маънавий зарар пул билан қопланади.

Шу ўринда айтиш керакки, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъий назар, фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан, фуқарони қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиши, маъмурий жазо қўллаш ва ушлаб туриш натижасида ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда қопланади.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Кармана туманида яшовчи Икром Ҳасанов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, туғруқхона ходимларининг айби билан турмуш ўртоғи Комила Ҳасанова ва туғилажак фарзанди вафот этгани учун бир миллиард сўм миқдорида маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Она-боланинг ўлими бўйича тайинланган экспертиза хулосасида ушбу ҳолат даволаш тартибига риоя қилинмагани ва ўз вақтида тиббий чора-тадбирларнинг кўрилмагани натижасида рўй бергани қайд этилган.

Қонунчиликда туғилиб яшаб кетиш имкони бўлган ва жавобгарларнинг айби билан она қорнида нобуд бўлган гўдак учун ҳам товон пулини талаб қилиш мумкинлиги белгиланган.

Қисқаси, суд қонун талаби ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, Комила Ҳасанова ва унинг ҳомиласи ўлими туғруқхона ходимларининг ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани оқибатида содир бўлганини аниқлади. Бунинг оқибатида И. Ҳасанов ва уч нафар вояга етмаган фарзанди жисмоний ва маънавий азобларни бошидан ўтказганини инобатга олинди. Шу сабабли даъво аризасини қисман қаноатлантириб, етказилган маънавий зарар учун жавобгарлардан солидар тартибда 200 миллион сўм товон пули ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонунчиликда кишига етказилган маънавий зарар қопланиши кафолатланган. Бу инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қонун ҳимоясида эканидан далолатдир.

Насиба ТЎРАЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Кармана туманлараро суди судьяси

#thegov_button_675c7413c2f3b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675c7413c2f3b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_675c7413c2f3b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_675c7413c2f3b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!