Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 721 662 нафар шахсга нисбатан 600 966 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.

420 188 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш ҳамда ҳақ  тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 98 659 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, енгил тан жароҳати етказиш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича 36 911 нафар шахсга нисбатан 36 185 та иш кўриб тамомланган. Шундан 22 139 нафар шахсга нисбатан жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Шу билан бирга транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 30 702 нафар шахсга нисбатан 30 459 та иш кўриб тамомланган. Шундан 29 527 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Апелляция тартибида 13 364 нафар шахсга нисбатан 11 168 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 3 181 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 3 195 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 385 нафар шахсга нисбатан 1 248 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 421 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 186 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 23 нафар шахсга нисбатан 22 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш такроран кўриб чиқилди. 22 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида судлар томонидан биринчи инстанцияда 271 748 та иқтисодий иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 23,5 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп иқтисодий ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Қашқадарё, Андижон ва Самарқанд вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 45 111 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 6,5 трлн. сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва корхоналарнинг банкротлигига оид ишлар, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳсулот етказиб бериш, контрактация ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Апелляция тартибида 8 055 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 151 та қарор бекор қилиниб, 646 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 884 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 485 та қарор бекор қилиниб, 133 та суд қарори ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 95 та иқтисодий иш такроран кўриб чиқилди. 77 та суд қарори бекор қилиниб, 9 та қарор ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 3,6 трлн. cўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 483 617 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 460 308 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг 343 156 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 52 707 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 57 092 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 353 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 158 548 таси битимлар билан боғлиқ, 63 625 таси никоқдан ажратиш, 18 021 таси уй-жой муносабатлари билан боғлиқ, 13 746 таси меҳнат низолари билан боғлиқ, 5 786 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш, 3 387 таси оталикни белгилашга оид ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 34 635 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 20 972 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 5 434 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 584 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

3 269 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 704 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 940 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 534 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 91 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 15 162 та фуқаролик иши кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 811 та қарор бекор қилиниб, 998 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 3 665 та фуқаролик иши кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 486 та қарор бекор қилиниб, 164 та суд қарори ўзгартирилган.

Шунингдек, кассация инстанциясида 65 та фуқаролик иши такроран кўриб чиқилди. 42 та суд қарори бекор қилиниб, 4 таси ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2023-07-27_15-54-45 (3)

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2023 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2023 йил давомида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 15 228 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 7 113 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 9 034 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 3 641 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 1 371 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 4 324 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 566 та қарор бекор қилиниб, 53 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 2 965 та шикоят ва протестлар ўрганиб чиқилиб, шундан 1 644 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 321 таси бекор қилиниб, 3 таси ўзгартирилди.

Шунингдек, кассация инстанциясида 62 та иш такроран кўриб чиқилиб, суд қарорларининг 42 таси бекор қилинди ва 1 таси ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-03-06_11-31-10

МАҚСАД – СОҒЛОМ ОИЛАВИЙ МУҲИТНИ ТАЪМИНЛАШ

Маълумки, Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди негизида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган икки нафар судьядан иборат “Оила судьялари”ни тажриба тариқасида ташкил этиш белгиланди.

Албатта, “Оила судьялари”нинг айнан фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди таркибида ташкил этилиши бежиз эмас.

Чунки кейинги йилларда Наманган шаҳри ҳудудида Янги Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ташкил этилди. Аҳоли сони ҳам 800 минг нафардан ошди. Аҳоли сонининг ўсиши, ўз навбатида, фуқаролик ишлари бўйича судларга келиб тушаётган оилавий низолар билан боғлиқ даъво аризаларининг ҳам сонини ошишига сабаб бўлмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди томонидан кўриб чиқилган оилавий низолар сони 2000-2023 йиллар давомида 1,5 бараварга ошган. Низолашаётган эр-хотинни яраштириш, оилани тиклаш борасида судлар маҳаллий ҳокимликлар, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, прокуратура, ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Судга никоҳдан ажрашиш мақсадида берилган ҳар бир даъво аризаси бўйича эр-хотинларга оид маълумотлар ҳар бир маҳалла кесимида шакллантирилиб, уларни жамоатчилик иштирокида яраштириш чораларини кўриш учун вилоят оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармасига тақдим этиб борилмоқда.

Ўтган йил давомида вилоят миқёсида фақатгина судларнинг иш юритувидаги ишлар бўйича икки мингга яқин низолар тарафларни ўзаро келиштириш йўли билан ҳал этилган, 164 та оилада юзага келган низолар бартараф этилиб, эр хотин ярашган.

Оила жамиятнинг асоси деб бежизга айтилмаган. Энг муҳими, оилада эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгалари — фарзандларимиз ўсиб-улғайиб, камол топади. Шу маънода оилаларнинг мустаҳкамлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш, юксак маънавий муҳитни қарор топтириш долзарб вазифа ҳисобланади.

“Оила судьялари”ни ташкил этишдан кўзланган мақсад, аввало, оиланинг мустаҳкамлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш, юзага келадиган низоларни оқилона ва қонуний ҳал этиш, бир сўз билан айтганда, ушбу масканни том маънода жамиятимизнинг мустаҳкам асосига айлантиришдан иборатдир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилояти судининг

фуқарол

photo_2024-02-22_14-28-18

ОҚ ҚАНДЛАРДАГИ ДОҒЛАР ЁХУД ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТОМОНИДАН СОДИР ЭТИЛАЁТГАН ЖИНОЯТЛАР ОҚИБАТИ

“Ёш бола эмасман-ку?!..”

Болалигимда ота-онамнинг ҳадеб тергаши, мактабдан сўнг уйга салгина кеч қайтсак ҳам қаттиқ гапириши, ҳар қадамимни назорат қилишидан ўзимча хафа бўлардим. “Ёш бола эмасман-ку, нега бунча ишонишмайди?..” деб ўзимни ҳимоя қилгим келарди.

Буни сезган бувим мени секин ёнига олиб, эринмай тушунтирарди: “Фарзанд оппоқ қоғозга ўроғлик оқ қанд кабидир. Уни асрамасанг, доғ бўлади. Доғни эса бир умр кетказиб бўлмайди. Сизлар қалбимиз қўридаги оппоқ қандларимизсиз”…

Йиллар ўтди, қанча сувлар оқди. Бугун ўзимиз ота ё онамиз. Ён-атрофга назар соламиз, турли воқеа-ҳодисаларни эшитиб ёки гувоҳ бўлганда “яхшиям ўшанда бизни қаттиқ назорат қилишган экан”, дея ота-оналаримиздан хурсанд бўламиз. Энди ўзимиз дилбандларимизнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, хуллас, ҳар қадамини назорат қиламиз. “Оқ қандларимизга доғ тушмасин”, дея минг бир хавотирда асраймиз. Улар эса, гоҳ пинҳон, гоҳ ошкора биздан ранжийди: “Ёш бола эмасманку?!”.

Дунёни ларзага солаётган “криминал маданият”

Бугунги кунда катта ёшдаги шахслар томонидан вояга етмаганларни ноқонуний қилмишлар – ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилиш ва жиноят содир этишга жалб этиш каби ҳолатларнинг кўпаётгани бутун дунёда энг оғриқли муаммога айланиб бормоқда. Оқибатда оғир ва ўта оғир жиноятлар, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, бола порнографияси каби жиноятлар статистикаси кундан-кунга ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, вояга етмаганлар жиноятларининг 30 фоизга яқини катта ёшдаги шахслар таъсири остида содир этилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, вояга етмаганлар ҳали руҳий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ шаклланмагани боис, уларни алдаш ва таъсир ўтказиш осон. Ҳаётда эгриликни касб қилиб олган кимсалар уларнинг беғуборлиги, соддалигидан фойдаланган ҳолда ўзларининг ғаразли мақсадини амалга ошириш учун бошқариш, йўналтириш, жиноят қилишга жалб этишга уринишади. Борди-ю ёшлар ота-она томонидан эътиборсиз қолдирилса, ғараз ниятли кимсалар нопок ниятига эришишга улгуради ҳам. Шу жиҳатдан қаралса, вояга етмаганлар доимий равишда муҳофаза ва эътиборга муҳтож экани ойдинлашади.

Хавфли жиҳати шундаки, вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш билан боғлиқ жиноятлар ижтимоий қадрият ва анъаналар, жамиятнинг ҳуқуқий асосларига зарар етказади. Ўсиб келаётган авлод салоҳиятини бузғунчиликка йўналтиради, вояга етмаганларни “криминал маданият” турмуш тарзига ўргатади. Шунингдек, жамиятда қонунга ҳурмат руҳи тўлиқ шаклланишига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Бундан ҳам даҳшатли томони шундаки, вояга етмаганлар содир қилаётган қилмишнинг қай даражада ижтимоий хавфли эканини тўлиқ англамай жамиятга катта зарар етказиши мумкин. Масалан, портлатиш қурилмасини ўрнатиш, бирон-бир объектга ўт қўйиш, номусга тегиш, гиёҳванд воситаларни ташиш сингари жиноий қилмишларни олиб кўрайлик. Бундай хавфли қилмишлар уларнинг онгида ва дунёқарашида муҳрланиб қолади ва вояга етганида ҳам бу иллат ахлоққа зид ҳаракат ёки жиноят содир қилишга ундаши эҳтимолдан холи эмас. Вояга етмаган вақтида жиноят содир этганларнинг келажакда рецидивист бўлиш эҳтимоли бир неча баробар ортади. Бу ўз навбатида, вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга, жиноят содир этишга жалб этганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчиликни янада такомиллаштириш, ушбу турдаги жиноятлар профилактикасида фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик иштирокини янада кенгроқ таъминлашни рағбатлантириш зарурлигини кўрсатади.

Жиноятга жавобгарлик муқаррар

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бундай хатти-ҳаракатлар учун қонунчилигимизда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси кўра, вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддалар ёки воситаларни истеъмол этишга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, шахс шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этса, жиноий жавобгарликка тортилади, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 1-қисми).

Вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 2-қисми).

Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш, шунингдек, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага чиқариш билан боғлиқ ҳар қандай жиноятни содир этган шахс томонидан;

б) икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан;

в) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, студентлар ўқув-тарбия, спорт ёки жамоат тадбирлари ўтказадиган бошқа жойларда содир этилиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми).

ҳаётий мисол

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Учтепа туманида яшовчи Элмурод Қаюмов (19 ёш), Қосим Нусратов (19 ёш), Усмон Ҳомидов (20 ёш) ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида ўзаро тил бириктиришади. Бу жиноий қилмишга вояга етмаган Абдуҳалим Риёзовни ҳам жалб этишади.

Уларнинг режа ва кўрсатган йўл-йўриқларига биноан А. Риёзов Амирбек Аминов билан интернет орқали танишиб, уни учрашувга таклиф қилади. А. Аминов учрашув жойига етиб келгач, А. Риёзов уни ҳамтовоқларининг машинасига мажбуран ўтқазади. Сўнгра жиноий гуруҳ А. Аминовни куч ишлатиш билан қўрқитиб, унинг 100 АҚШ доллари, 700 000 сўм ва қўл соатини тортиб олишади. Шундан сўнг пулни ўзаро тақсимлаб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.

Уларнинг жиноий ҳаракати шу билан тўхтаб қолмайди. Аниқроғи, ҳамтовоқлар ўша куни А. Аминов билан нозик масалада савол-жавоб қилишади ва бу суҳбатни телефонда тасвирга олишади. Эртаси куни унга қўнғироқ қилиб, 100 АҚШ доллари талаб қилишади. Агар ушбу шартни бажармаса, видеолавҳаани интернетда тарқатиб юборишни айтиб, қўрқитишади. Уларнинг фирибидан қутулиб бўлмаслигини сезган А. Аминов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Суд аниқланган барча ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчилар Э. Қаюмов, Қ. Нусратов, У. Ҳомидов ва А. Риёзовнинг жиноий қилмишлари Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди, 166-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари, шунингдек, судланувчилар Э. Қаюмов, Қ. Нусратов, У. Ҳомидовнинг жиноий қилмишлари кодекснинг 127-моддаси 3-қисмида ифодаланган жиноят аломатлари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Суд вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этган уч нафар товламачига 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мактаб ўқувчиси А. Риёзовга тайинланган 1 йил 25 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан ўзгартириб, 1 йил синов муддати белгилади.

Бундан ташқари унга вояга етгунига қадар жамоат тарбиячиси тайинланиб, бу вазифа маҳалла фуқаролар йиғини раиси зиммасига юклатилди.

Огоҳлик шарти

Эътиборсиз қолган гул сўлиб-сарғайиб, қуриб қолиши тайин. Ёш ниҳол парваришлаб турилмаса, ўниб-ўсмайди. Фарзанд ҳам бамисоли гулга ўхшайди. У маънавий ва жисмоний кучга тўлиб, ҳар томонлама мустақил фикрга эга бўлмагунча эътиборсиз қолдиришга ҳақ­қимиз йўқ. Бугунги шиддатли ахборот асри, маънавий таҳдидлар бўрони барчани ҳар лаҳза ҳушёр бўлишга ундайди. Акс ҳолда кеч бўлади. Зеро, сўнгги пушмон ўзимизга душмандир.

Бобомурод Каримов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа тумани суди судьяси,

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

photo_2024-02-16_14-17-56-1

ЖАҲЛИ ЖИЛОВЛАНМАГАН КУЁВ

Халқимизда “Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши”, деган ибора бор. Бу оила бошлиғи ва рафиқаси ўртасидаги ўзаро жанжал қисқа вақтда эсдан чиқиб, яна аввалгидек муомала-муносабат давом этаверишига ишорадир. Аммо… 

Ўзбекистон туманида яшовчи Шаҳзод Жўрақўзиев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ва қўқонлик Нафиса Жўрақўзиева оиласидаги можаролар босилиш ўрнига “газак” олиб кетди.

Гап шундаки, Шаҳзод Қўқон шаҳридаги саноат корхоналаридан бирида ишлаб юрган кезларида Нафиса билан танишиб қолади. Сўнг 2021 йил сентябь ойида икки ёш қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қуришади. Бироқ кейинчалик Ш. Жўрақўзиев рашк туфайли хотини билан тез-тез жанжаллашиб қолаверади. Ҳатто орадан бир йил ўтиб, фарзанд­ли бўлганларида ҳам уларнинг муросаси келишавермайди. Бу орада келин бўлмиш бир неча маротаба онасиникига аразлаб кетади, хўжайини яна қайтариб олиб келади. Ҳар гал Нафисани олгани борганида Шаҳзод қайнонаси Салима Исаева билан айтишиб, тортишиб қоларди. Лекин С. Исаева қизининг тинчлигини ўйлаб, ҳаммасига кўз юмарди. Шу тариқа хаш-паш дегунча 2 йил ўтиб кетади. 

2023 йил май ойининг охирларида Ш. Жўрақўзиев хотинини дўппослайди. Бу ҳам етмагандек, фарзандининг тоби қочиб Н. Жўрақўзиева шифохонага тушиб қолади. Қизи ва набирасини кўргани борган Салима опа эса куёви яна қўл кўтарганидан хабар топади.

Иложсиз қолган Салима опа дори-дармон учун Нафисанинг тилла тақинчоқларини гаровга қўйиб, қарз олади. 

Буни қарангки, 2023 йилнинг 4 июнь куни Шаҳзод қайнонасининг тилла тақинчоқларни олиб кетганини эшитиб қолади. Шу туфайли Нафиса билан ғижиллашиб, унга яна қўл кўтаради. Оқибатда бундан хабар топган С. Исаева қизи ва набирасини уйига олиб кетади. 

Шу кетганича Н. Жўрақўзиева бир ярим ой онасиникида аразлаб ўтиради. 2023 йил 23 июль куни эса Ш. Жўрақўзиев ҳар галгидек хотини ва фарзандини қайтариб олиб келиш учун қайнонасиникига боради.

Аммо Салима Исаева қизининг қайтиб боришига рухсат бермайди.

Натижада қайнона-куёв ўртасида жиддий жанжал юз беради. Жанжал асносида С. Иса­ева Шаҳзодни шундай беҳурмат қиладики, жаҳлини жиловлай олмаган куёв ошхонада турган пичоқни олиб чиқиб, қайнонасининг танасига кетма-кет санчаверади. Аниқроғи, у қайнонасининг баданига 19 маротаба тиғ уради. Бу ҳолатни кўриб, Нафиса бор овози билан бақирганча қўни-қўшниларни ёрдамга чақиради. Сўнг онасини қутқариш учун эрининг қўлига ёпишади. 

– Ҳозир сени ҳам ўлдираман! – дей­ди Ш. Жўрақўзиев хотинига ўшқириб.

Яхшиямки, қўни-қўшнилар ёрдамга чиққани боис куёв қабиҳ жиноятини охирига етказа олмайди.

Шундан кейин жабрланувчи аёлни шифохонага, қаттол куёвни эса шаҳар ИИБга олиб кетишади. Сўнгра Ш. Жўрақўзиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. 

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “ж” банди ва 112-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўқон шаҳар судининг судьяси

#thegov_button_69cb7118044a8 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb7118044a8:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb7118044a8 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cb7118044a8:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!