Click to listen highlighted text!

ОҚ ҚАНДЛАРДАГИ ДОҒЛАР ЁХУД ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТОМОНИДАН СОДИР ЭТИЛАЁТГАН ЖИНОЯТЛАР ОҚИБАТИ

photo_2024-02-22_14-28-18

“Ёш бола эмасман-ку?!..”

Болалигимда ота-онамнинг ҳадеб тергаши, мактабдан сўнг уйга салгина кеч қайтсак ҳам қаттиқ гапириши, ҳар қадамимни назорат қилишидан ўзимча хафа бўлардим. “Ёш бола эмасман-ку, нега бунча ишонишмайди?..” деб ўзимни ҳимоя қилгим келарди.

Буни сезган бувим мени секин ёнига олиб, эринмай тушунтирарди: “Фарзанд оппоқ қоғозга ўроғлик оқ қанд кабидир. Уни асрамасанг, доғ бўлади. Доғни эса бир умр кетказиб бўлмайди. Сизлар қалбимиз қўридаги оппоқ қандларимизсиз”…

Йиллар ўтди, қанча сувлар оқди. Бугун ўзимиз ота ё онамиз. Ён-атрофга назар соламиз, турли воқеа-ҳодисаларни эшитиб ёки гувоҳ бўлганда “яхшиям ўшанда бизни қаттиқ назорат қилишган экан”, дея ота-оналаримиздан хурсанд бўламиз. Энди ўзимиз дилбандларимизнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, хуллас, ҳар қадамини назорат қиламиз. “Оқ қандларимизга доғ тушмасин”, дея минг бир хавотирда асраймиз. Улар эса, гоҳ пинҳон, гоҳ ошкора биздан ранжийди: “Ёш бола эмасманку?!”.

Дунёни ларзага солаётган “криминал маданият”

Бугунги кунда катта ёшдаги шахслар томонидан вояга етмаганларни ноқонуний қилмишлар – ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилиш ва жиноят содир этишга жалб этиш каби ҳолатларнинг кўпаётгани бутун дунёда энг оғриқли муаммога айланиб бормоқда. Оқибатда оғир ва ўта оғир жиноятлар, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, бола порнографияси каби жиноятлар статистикаси кундан-кунга ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, вояга етмаганлар жиноятларининг 30 фоизга яқини катта ёшдаги шахслар таъсири остида содир этилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, вояга етмаганлар ҳали руҳий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ шаклланмагани боис, уларни алдаш ва таъсир ўтказиш осон. Ҳаётда эгриликни касб қилиб олган кимсалар уларнинг беғуборлиги, соддалигидан фойдаланган ҳолда ўзларининг ғаразли мақсадини амалга ошириш учун бошқариш, йўналтириш, жиноят қилишга жалб этишга уринишади. Борди-ю ёшлар ота-она томонидан эътиборсиз қолдирилса, ғараз ниятли кимсалар нопок ниятига эришишга улгуради ҳам. Шу жиҳатдан қаралса, вояга етмаганлар доимий равишда муҳофаза ва эътиборга муҳтож экани ойдинлашади.

Хавфли жиҳати шундаки, вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш билан боғлиқ жиноятлар ижтимоий қадрият ва анъаналар, жамиятнинг ҳуқуқий асосларига зарар етказади. Ўсиб келаётган авлод салоҳиятини бузғунчиликка йўналтиради, вояга етмаганларни “криминал маданият” турмуш тарзига ўргатади. Шунингдек, жамиятда қонунга ҳурмат руҳи тўлиқ шаклланишига салбий таъсир ўтказмай қолмайди. Бундан ҳам даҳшатли томони шундаки, вояга етмаганлар содир қилаётган қилмишнинг қай даражада ижтимоий хавфли эканини тўлиқ англамай жамиятга катта зарар етказиши мумкин. Масалан, портлатиш қурилмасини ўрнатиш, бирон-бир объектга ўт қўйиш, номусга тегиш, гиёҳванд воситаларни ташиш сингари жиноий қилмишларни олиб кўрайлик. Бундай хавфли қилмишлар уларнинг онгида ва дунёқарашида муҳрланиб қолади ва вояга етганида ҳам бу иллат ахлоққа зид ҳаракат ёки жиноят содир қилишга ундаши эҳтимолдан холи эмас. Вояга етмаган вақтида жиноят содир этганларнинг келажакда рецидивист бўлиш эҳтимоли бир неча баробар ортади. Бу ўз навбатида, вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга, жиноят содир этишга жалб этганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчиликни янада такомиллаштириш, ушбу турдаги жиноятлар профилактикасида фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик иштирокини янада кенгроқ таъминлашни рағбатлантириш зарурлигини кўрсатади.

Жиноятга жавобгарлик муқаррар

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бундай хатти-ҳаракатлар учун қонунчилигимизда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси кўра, вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддалар ёки воситаларни истеъмол этишга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, шахс шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг содир этса, жиноий жавобгарликка тортилади, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 1-қисми).

Вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар истеъмол этишга жалб қилиш уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 2-қисми).

Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш, шунингдек, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ғайриқонуний равишда муомалага чиқариш билан боғлиқ ҳар қандай жиноятни содир этган шахс томонидан;

б) икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан;

в) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, студентлар ўқув-тарбия, спорт ёки жамоат тадбирлари ўтказадиган бошқа жойларда содир этилиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми).

ҳаётий мисол

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Учтепа туманида яшовчи Элмурод Қаюмов (19 ёш), Қосим Нусратов (19 ёш), Усмон Ҳомидов (20 ёш) ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш ва моддий манфаат кўриш мақсадида ўзаро тил бириктиришади. Бу жиноий қилмишга вояга етмаган Абдуҳалим Риёзовни ҳам жалб этишади.

Уларнинг режа ва кўрсатган йўл-йўриқларига биноан А. Риёзов Амирбек Аминов билан интернет орқали танишиб, уни учрашувга таклиф қилади. А. Аминов учрашув жойига етиб келгач, А. Риёзов уни ҳамтовоқларининг машинасига мажбуран ўтқазади. Сўнгра жиноий гуруҳ А. Аминовни куч ишлатиш билан қўрқитиб, унинг 100 АҚШ доллари, 700 000 сўм ва қўл соатини тортиб олишади. Шундан сўнг пулни ўзаро тақсимлаб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.

Уларнинг жиноий ҳаракати шу билан тўхтаб қолмайди. Аниқроғи, ҳамтовоқлар ўша куни А. Аминов билан нозик масалада савол-жавоб қилишади ва бу суҳбатни телефонда тасвирга олишади. Эртаси куни унга қўнғироқ қилиб, 100 АҚШ доллари талаб қилишади. Агар ушбу шартни бажармаса, видеолавҳаани интернетда тарқатиб юборишни айтиб, қўрқитишади. Уларнинг фирибидан қутулиб бўлмаслигини сезган А. Аминов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Суд аниқланган барча ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчилар Э. Қаюмов, Қ. Нусратов, У. Ҳомидов ва А. Риёзовнинг жиноий қилмишлари Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а” банди, 166-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари, шунингдек, судланувчилар Э. Қаюмов, Қ. Нусратов, У. Ҳомидовнинг жиноий қилмишлари кодекснинг 127-моддаси 3-қисмида ифодаланган жиноят аломатлари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади.

Суд вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этган уч нафар товламачига 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мактаб ўқувчиси А. Риёзовга тайинланган 1 йил 25 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан ўзгартириб, 1 йил синов муддати белгилади.

Бундан ташқари унга вояга етгунига қадар жамоат тарбиячиси тайинланиб, бу вазифа маҳалла фуқаролар йиғини раиси зиммасига юклатилди.

Огоҳлик шарти

Эътиборсиз қолган гул сўлиб-сарғайиб, қуриб қолиши тайин. Ёш ниҳол парваришлаб турилмаса, ўниб-ўсмайди. Фарзанд ҳам бамисоли гулга ўхшайди. У маънавий ва жисмоний кучга тўлиб, ҳар томонлама мустақил фикрга эга бўлмагунча эътиборсиз қолдиришга ҳақ­қимиз йўқ. Бугунги шиддатли ахборот асри, маънавий таҳдидлар бўрони барчани ҳар лаҳза ҳушёр бўлишга ундайди. Акс ҳолда кеч бўлади. Зеро, сўнгги пушмон ўзимизга душмандир.

Бобомурод Каримов,

жиноят ишлари бўйича

Учтепа тумани суди судьяси,

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

#thegov_button_6759f82319105 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6759f82319105:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6759f82319105 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6759f82319105:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!