Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-03-29_16-49-13

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИНИНГ ЯНГИ ҚАРОРИ СУДЛАР ТОМОНИДАН ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН МЕЪЁРЛАРИНИ ТЎҒРИ ВА БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Аввало шуни айтиш керакки, 2024 йил 1 январдан Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди. Бу ўринда апелляция ва кассация институтларининг такомиллаштирилиши, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизми ўзгартирилиши, апелляция, кассация инстанция судларининг ваколатлари кенгайтирилиши билан боғлиқ янгиланишлар ҳақида сўз бормоқда.

Айтиш керакки, процессуал қонунларга киритилган ўзгартиришлар аввало суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга қаратилган. Натижада инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш имконияти яратилмоқда.

Энг муҳими, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тизими фуқароларнинг судга мурожаат қилиш билан боғлиқ оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида кўрилиши орқали бир томондан, одил судлов амалга оширилаётган бўлса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси таъминланмоқда.

Амалга жорий этилган суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибига кўра:

– биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

– апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни ушбу судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

– тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида, судлов ҳайъатлари томонидан кўрилган ишларни Олий суднинг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

Шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилиниб, уларга якуний қарор қабул қилиш масъулияти юклатилган.

Шу маънода жорий йил 25 март куни Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, ушбу қарорда фуқаролик ишини апелляция, кассация тартибида қайта кўриб чиқишда суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш кўзда тутилган.

Пленум қарори 50-банддан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишдан мақсад — судлар томонидан процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат.

Ҳужжатда апелляция, кассация тартибида суд қарорларини қайта кўришда келиб чиқадиган айрим процессуал масалалар бўйича зарур тушунтиришлар берилган.

Хусусан, унда апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритишнинг асослари келтирилган. Процессуал қонунда апелляция ёки кассация шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати белгиланган бўлиб, шикоят бериш ҳуқуқи ушбу шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ҳам ўтиши қайд этилган.

Бундай ҳуқуқ вояга етмаган, васий ва ҳомийга эга бўлган шахсларнинг қонуний вакилларига ҳам берилган. Шикоят берувчи шахснинг вакилига нотариал тасдиқланган тарзда берилган ишончномада эса, шикоят бериш ва уни имзолаш каби ваколатлар махсус кўрсатилган бўлиши лозим.

Шунингдек, Пленум қарорида шикоят келтирилмайдиган суд ҳужжатлари, апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби, муддатлари, ушбу муддатларни ҳисоб­лаш, тиклаш, суд харажатларига доир масалалар юзасидан ҳам тушунтириш берилган. Шикоятни (протестни) қабул қилиш масаласини ҳал этиш, суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиш, ишни биринчи инстанция қоидалари бўйича кўриш, далилларни текшириш, шикоят (протест) важларига ҳуқуқий баҳо бериш каби бошқа бир қатор масалалар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилган.

2024 йил 1 январга қадар амалда бўлган фуқаролик процессуал қонунчилигига кўра, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш масаласи ишни кўрган суд томонидан амалга ошириб келинган.

Эндиликда бу ваколат вилоят ва унга тенглаштирилган апелляция, кассация инстанцияси судининг судьясига берилди.

Шу сабабли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Пленум қарорида апелляция, кассация шикоятини (протестини) йўллаш ва юбориш, ишни кўрган суд эса, шикоятни (протестни) иш билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судга юбориш тартиби юзасидан аниқ тушунтириш берилгани жуда муҳим. Қарорда суд ҳужжатини қабул қилган суд берилган шикоятни (протестни) процессуал қонуннинг бирон-бир талабларига мос эмаслиги асоси билан қайтариш масаласини ҳал қилишга ҳақли эмаслиги тушунтирилган.

Маълумки, процессуал қонунда апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддатлари бир ва олти ой деб белгиланган. Ушбу муддатларни тиклашни апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси якка тартибда ҳал қилади.

Қонун ҳужжатларида бу муддатларни тиклаш учун асослар, сабаблар ва омиллар келтирилмаганлиги боис бир хил суд амалиётини яратиш қийин кечаётган эди. Шунинг учун қарорда шикоят билан мурожаат қилиш муддатини тиклаш масаласини ҳал қилишда бунга тўсқинлик қилган объектив ҳолатларга қандай омиллар кириши, хусусан, жисмоний шахсларнинг касаллиги, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар узрли сабаблар ҳисобланиши тушунтирилиб, судьянинг муддатни тиклаш ҳақидаги хулосалари шикоятни (протестни) қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримларда асослантирилиши лозимлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган шикоят (протест) бериш муддатларини тиклаш учун уч ой қатъий ҳисобланиши қайд этилган. Ушбу уч ойлик муддат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) бўйича процессуал муддат тикланмайди.

Пленум қарорида шикоят (протест) бериш муддати узрли деб топилган сабабларга асосан тикланганда, иш бўйича бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддатни, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъи назар, тиклаш тўғрисидаги масалани қўшимча равишда ҳал қилиш талаб этилмаслиги ҳам батафсил тушунтирилган. Бундай шикоят (протест) тегишли талабларга риоя этган ҳолда апелляция, кассация муҳокамаси тугаганига қадар шу инстанция судига берилиши мумкин ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Чунки апелляция, кассация инстанцияси суд ҳужжатини шикоятда (протестда) келтирилган важлар доирасида эмас, тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт бўлиб, битта ёки бир нечта шахс томонидан шикоят (протест) берилишидан қатъи назар, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўлиқ текширилади.

Пленум қароридаги асосий тушунтиришлардан яна бири процессуал қонунчиликка киритилган янги процессуал ҳаракат, яъни фақат апелляция, кассация инстанция судлари ваколати ҳисобланган ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш тартибидир. Бу норма бошқа процессуал қонунлар қаторида Фуқаролик процессуал кодексига ҳам киритилган бўлиб, Пленум қарорида айнан шу тартибда иш юритиш қоидалари ёритилган.

Хусусан, қонунга кўра, учта ҳолатда:

биринчидан, билдирилган талаб бўйича суд томонидан қарор қабул қилинмаган бўлса;

иккинчидан, иш судда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахсларнинг йўқлигида кўрилган бўлса;

учинчидан, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масала ҳал қилинган бўлса, ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга йўл қўйилади.

Айнан шундай процессуал хатоликларга йўл қўйилгандагина суд ишни янгидан кўришга юбормасдан, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиши ва бу ҳақида асослантирилган ажрим чиқариши лозим.

Пленум қарорида ушбу процессуал ҳаракатнинг яна бир муҳим жиҳати кенг ёритилган. Яъни ишда иштирок этишга жалб қилинмаган ёки хабардор қилинмаган шахслар апелляция, кассация инстанциясида қатнашганда улар томонидан биринчи инстанция судида муҳокама предмети бўлмаган, жумладан, қарши даъво тартибида келтирилган янги моддий-ҳуқуқий даъво талаблар, шунингдек, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги талаблар қўйилган бўлса, суд томонидан бу талаблар қабул қилиниши ва кўрилиши лозимлиги тушунтирилди.

Шу билан бирга, Пленум қарорида бошқа бир қатор процессуал ҳаракатларга оид тушунтиришлар ҳам берилган. Ҳужжат суд ишни кўришда аниқлаши лозим бўлган ҳолатлар, далилларни текшириш, шикоят (протест) важларини тўлиқ ўрганиш ва уларнинг ҳар бирига тегишли ҳуқуқий баҳор бериш, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаси бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши ҳолатларининг тўғри талқин қилинишига бағишланган.

Мухтасар айтганда, ушбу Пленум қарори фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган. Янги ҳужжат судларнинг процессуал қонунни тўғри қўллаши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Дилбар Исроилова,

Олий суд судьяси

photo_2024-03-29_16-34-10

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Олий суд ва қуйи судлар судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари судларни фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи орган сифатида халққа янада яқинлаштириш билан бир қаторда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ҳамда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берганлиги алоҳида қайд этилди.

Маълумки, жорий йилнинг бошидан судлар фаолиятига суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай янги тартиби жорий этилди.

Янги тартибга кўра, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ваколатлари ва масъулияти оширилиб, уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди, шунингдек, фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқи янада кенгайтирилиб, аҳолининг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилди.

Процессуал қонунчиликка суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби киритилганлиги, ушбу тартиб бўйича ягона суд амалиётини таъминлаш кераклигини инобатга олиб, суд қарорларини апелляция ва кассация тартибида қайта кўришда қонунларни тўғри қўллаш юзасидан тушунтиришлар бериш эҳтиёжи юзага келди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”, “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида” ҳамда “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Конституцияда жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилган. Одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади. Шу мақсадларда Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун 2023 йил 27 сентябрь куни қабул қилинди. Бу каби ислоҳотлардан кутилаётган мақсадлардан бири судларга келиб тушган ҳар бир ишнинг судьялар томонидан ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш ҳисобланади. Суд амалиётида юзага келаётган масалалар муносабати билан, шунингдек, юқоридаги қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қабул қилинган Пленум қарорида биринчи инстанция судининг ҳукми, ажрими устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш), апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритиш масалалари батафсил ёритиб берилган.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлил натижаларига кўра, суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди. Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан 2023 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун билан суд қарорларига нисбатан фуқароларимизнинг апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтириш ҳуқуқи белгиланиб, Конституцияда белгиланган судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. Судлар томонидан ўтган қисқа вақт ичида ушбу қонунга асосан суд қарорларига нисбатан келтирилган апелляция ёки кассация шикоятларини кўриб чиқиш амалиёти шаклланиб, суд амалиётини бир хиллаштириш, қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш зарурати юзага келди. Олий суд Пленумининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция, кассация тартибида кўриб чиқиш суд процесси иштирокчиларининг биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий институт эканлигидан келиб чиқиб, судларга тушунтиришлар берилмоқда.

Президентнинг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш назарда тутилган бўлиб, ушбу Фармон ижроси юзасидан Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида бир қатор процессуал қонунларга, жумладан Фуқаролик процессуал кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Президент томонидан 2023 йил 25 декабрда имзоланди. Ушбу қонун суд қарорларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текшириш механизмларини янада такомиллаштириш, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган. Процессуал қонунларда жорий этилган суд қарорларини қайта кўришнинг янги институти 2024 йил 1 январдан амалга киритилганлиги сабабли Олий суд Пленумининг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Бугунги Пленум йиғилишида қабул қилинган “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорда апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритишнинг асослари алоҳида келтирилган бўлиб, даъво тартибида, буйруқ тартибида, алоҳида тартибда юритиладиган ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар бўйича шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, яъни тарафлар, учинчи шахслар, аризачи ва қарздор, манфаатдор шахс ва уларнинг вакиллари ҳамда ишда иштирок этмаган, бироқ процессуал қонун билан шикоят бериш ҳуқуқи берилган шахслар кўрсатиб ўтилган.

“Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг суд ҳужжатларини қайта кўриш институтига оид нормаларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса, ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўришда Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини тўғри ва бир хилда қўллаш мақсадида Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан иқтисодий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарорини қабул қилишни тақозо этди. Ушбу қарордаги тушунтиришлар ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўриш амалиётини бирхиллаштиришга, Иқтисодий процессуал кодексининг нормаларини қўллашдаги айрим тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кассация ва тафтиш инстанциялари, Олий судда эса тафтиш ва раёсат инстанциялари жорий этилиб, ўрта бўғин судларида иш юритиш тартиби тубдан ўзгарди. Бу эса, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар амалиётини бир хиллаштириш ва тўғри йўлга қўйишга қаратилган раҳбарий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш, шунингдек апелляция ва кассация тартибида иш кўришга оид мавжуд Пленум қарорларини амалдаги процессуал қонунчиликка мувофиқлаштириш заруратини юзага келтирди. Шу тариқа “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қабул қилинган Пленум қарорида процессуал қонунчиликда шикоят келтирилиши мумкин бўлган ва шикоят келтирилмайдиган суд ажримлари назарда тутилганлиги, ушбу ҳолат амалиётда нафақат фуқаролар, балки баъзи адвокат ва ҳуқуқшуносларда ҳам тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкинлиги инобатга олиниб, шикоят бериш назарда тутилмаган ажримда кодексда шикоят қилиш назарда тутилган процессуал масалалар ҳам ҳал этилган бўлса, ажримнинг шу қисми бўйича шикоят қилиниши мумкинлиги тўғрисидаги муҳим тушунтиришлар ўз ифодасини топган.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

photo_2024-05-30_14-09-38

МИСИ ЧИҚҚАН “ТАДБИРКОРЛИК”

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳар ким тадбиркорлик фаолиятининг ўзи истаган тури билан эмин-эркин шуғулланиши мумкин. Аммо пойтахтимизнинг Чилонзор туманида яшовчи А. Митковский (исм-шарифлар ўзгартирилган) гўёки тадбиркорлик фаолияти билан машғулдек бўлиб, аслида ҳамтовоқлари Р. Аҳметдинов, О. Бердиёров ва У. Эгамбердиев билан “ҳамкорлик”да бир қатор хавфли жиноий қилмишларни содир этишди.

Қисқаси, улар ўтган йил пойтахтимиздаги Олмазор тумани давлат хизматлари маркази орқали В. Фоминанинг таъсисчилигида “Star New Pro” масъулияти чекланган жамиятини давлат рўйхатидан ўтказишади. Сўнгра тузилган жиноий режани ниқоблаш, ундан бошқа шахслар хабар топмаслигини таъминлаш мақсадида 2023 йил 28 май куни жамиятни А. Митковский номига қайта расмийлаштиришади. Бундан икки кун олдин ҳамтовоқлар Сирдарё вилояти, “Дўстлик” тумани Давлат хизматлари маркази орқали У. Эгамбердиевнинг таъсисчилигида “High Oil Corp” масъулияти чекланган жамиятини ҳам давлат рўйхатидан ўтказишган эди.

2023 йилнинг июл ойида эса, ушбу корхоналарнинг бири Жавоҳир Ҳасанбоев, иккинчиси А. Митковскийнинг номига расмийлаштирилади.

Шундан сўнг сохта тадбиркорлар 2023 йилнинг 18, 19, 21, 24, 26 июль кунлари “High Oil Corp” корхонасининг банк-ҳисоб рақамига тушган маблағдан 5 миллиард 837 миллион 187 минг сўмни Р. Ахметдиновнинг номидаги пластик карталарга, 25 июлда 1 миллиард 613 миллион 500 минг сўмни Р. Нежелскийнинг номига очилган “Humo” банк пластик картасига молиявий ёрдам тариқасида ўтказган ҳолда нақдлаштириб, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишади.

Солиқ кодексининг 376, 377-моддаларига асосан улар бу қилмишлари билан 894 миллион 82 минг сўм миқдоридаги даромад солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлашган. Қолаверса, сохта тадбиркорлар 2023 йилнинг 8 ойи мобайнида “High Oil Corp” корхонаси омборларига кирим қилинган 6 миллиард 631 миллион 221 минг сўмлик маҳсулотларни терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга нақд пулга сотиб юбориб, тушган маблағ банкка кирим қилинмагани оқибатида 795 миллион 746 минг сўмлик қўшилган қиймат солиғи тўланмай қолади.

Бундан ташқари ҳамтовоқлар “High Oil Corp” корхонасига кирим қилинмаган 11 миллиард 828 миллион 755 минг сўмлик маҳсулотлар олди-сотдисини сохта электрон ҳисоб-фактуралар асосида амалга ошириб, солиқ идорасига ҳисобот тақдим этмайди. Оқибатда 1 миллиард 774 миллион сўм миқдоридаги фойда солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаш жинояти юз беради.

Буни қарангки, А. Митковский ва Р. Ахметдинов томонидан дастлаб ташкил этилган сохта тадбикорлик субъекти “Star New Pro” корхонасига кирим қилинмаган 2 миллиард 248 миллион сўмлик маҳсулот олди-сотдисини ҳам қалбакилаштирилган электрон ҳисоб-фактуралар асосида амалга оширилади ва оқибатда 337 миллион сўмлик фойда солиғи тўланмай қолади.

Халқимиз “кўза кунда эмас, кунида синади” деб бежизга айтмаган. Охир-оқибат жиноий гуруҳнинг кирдикорлари ҳам фош этилди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Дўстлик тумани суди сохта тадбиркорларни Жиноят кодексининг 179-моддаси, 184-моддаси 3-қисми ва 189-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, турли муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Тергов жараёнида банкка топширилган 1 миллиард сўм давлат фойдасига ўтказилди. Бундан ташқари судланувчилардан солидар тартибда 2 миллиард 801 миллион 216 минг сўмлик зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Бош қомусимизнинг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шарт, дея қайд этилган. Ушбу конституциявий бурчни бажармаслик қонуний жавобгарликка сабаб бўлади.

Асқар УМРЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Дўстлик тумани суди раиси

photo_2024-05-30_13-45-35

ЖАЗОНИНГ МУВОФИҚЛИГИ ВА АДОЛАТЛИЛИГИ ҲУҚУҚБУЗАРНИ ҚАЙТА ТАРБИЯЛАШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКНИНГ КАМАЙИШИДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Транспорт воситасини бошқараётган ҳар бир ҳайдовчи ҳушёрлик ва масъулиятни ҳеч қачон унутмаслиги керак. Чунки у нафақат ўзи, балки бошқаларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳам масъулдир. Ҳолбуки, ҳайдовчининг билиб-билмай йўл қўйган биргина хатоси туфайли ўзи ва бошқа бегуноҳ инсонлар ҳам умрбод ногирон бўлиб қолиши ёки ҳаётдан бевақт кўз юмиши ҳеч гап эмас.

Айниқса, автомашинани маст ҳолда бошқариш ана шундай кутилмаган фожиали оқибатларни келтириб чиқаради. Спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик­лар фуқаролар соғлиғи ва жамоат хавфсизлигига тажовуз қилувчи жиддий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12-бандида транспорт воситасини спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёхуд кучли таъсир қилувчи моддалар таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда, сезгирлик ва эътиборни сусайтирадиган дори-дармонлар таъсирида, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид соладиган чарчоқлик ва бетоблик ҳолатида бошқариш тақиқланган.

Қолаверса, ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун қонунчилигимизда тегишли жавобгарлик белгиланган.


Шунга қарамасдан транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётгани афсусланарлидир. Бу эса, ўз навбатида, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликка қарши янада кескинроқ курашишни тақозо этади.

Айтиш керакки, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва фожиали ҳолатларнинг олдини олиш ўта долзарб вазифа эканидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми жазо санкциясини такомиллаштириш зарурияти бор. Чунки ушбу оғир ҳуқуқбузарлик учун тайинланаётган жазо турлари унинг салбий оқибатларига нисбатан мувофиқ эмас. Буни жарима миқдори ва жазо муддатининг камлиги мисолида кўриш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда жарима суммасини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини қаътий равишда 3 йил деб белгилаш зарур.

Бундан ташқари жазонинг муқаррарлиги принципидан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 343-моддасидаги жазонинг ярми ўтгач, жазо муддатини қисқартириш мумкинлиги ҳақидаги қоида ўзгартирилиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар суд томонидан белгиланган жазонинг учдан икки қисмини ўтагандан сўнг қисқартирилиши мумкинлиги ҳақидаги янги талабни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Таклиф этилаётган ушбу ўзгартиришлар транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ҳолатларини камайтириб, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга ҳисса қўшиши шубҳасиз. Зеро, йўл қоидаси — умр фойдаси демакдир.

Шаҳзод Бахтиёров,

Қашқадарё вилояти суди судьяси

photo_2024-05-30_12-19-54

АЛИМЕНТНИ ОЛДИНДАН ТЎЛАШ ЁКИ ГАРОВ ТАҚДИМ ЭТИШ: ХОРИЖГА ЧИҚИШНИ ВАҚТИНЧА ЧЕКЛАШНИ БЕКОР ҚИЛИШ УСУЛЛАРИ

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдир. Бинобарин, фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она, қолаверса, жамият зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифалардан бири саналади.

Аммо ҳаётда ўз фарзандини тарбиялаш ва таъминлашдан бош тортадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Ҳолбуки, вояга етмаган фарзанд қачон имкони бўлса, отам ёки онам алимент тўласа, кейин еб-ичаман, деб кутиб туролмайди. Шу сабабли ўз вақтида моддий таъминлаш боланинг соғлом вояга етишида муҳим омил ҳисобланади. Амалдаги Оила кодексига мувофиқ вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига асосан ундирилади.

Бугунги кунда айрим фуқароларнинг алиментдан қарздорлиги сабабли хорижга чиқа олмаётганига мисоллар кўп. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга асосан, хорижга чиқиш учун чеклов қўйиш – суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси ёки ўз ташаббуси бўйича амалга оширилади.

Айни пайтда амалдаги қонунчилигимизда бундай чекловларни ечиш учун етарлича имкониятлар ҳам яратилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори билан алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб қўйилган. Хусусан, ҳужжатда чекловни ечишнинг икки хил усули кўрсатилган: биринчиси, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментни олдиндан тўлаш бўлса, иккинчиси, вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузишдир.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментни олдиндан тўлашда қарздор томонидан ундирувчига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин. Алимент миқдорини олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмагандагина амалга оширилади.

Алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган мамлакатимиз ҳудудидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.

Алиментни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бироқ алиментни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, тўлов қолган давр учун амалга оширилади. Алиментни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни хоҳлаган қарздор ижро ҳужжатини берган судга ариза билан мурожаат қилади. Аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади. (Масалан, бошқа мамлакатга бориш тўғрисида таклифнома, бошқа давлатда ишга тайинлангани тўғрисидаги буйруқ ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар). Шу билан бирга аризага Мажбурий ижро бюроси томонидан тақдим қилинган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори, шунингдек, баҳолаш ташкилотининг ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, қарздорнинг ушбу мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат нусхалари илова қилинади. Суд ариза якуни бўйича ажрим қабул қилади. Агар ариза ажрим билан қаноатлантирилган тақдирда ажрим ижро қилиш учун тегишли ҳудуддаги Мажбурий ижро бюросига юборилади. Ўз навбатида, давлат ижрочиси алиментни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ажрим қабул қилади. Ушбу ажримда кўрсатилган алимент суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловлар, шу жумладан, мамлакатимиз ҳудудидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.

Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш мақсадида гаров шартномасини тузишда ҳам қарздор тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ижро ҳужжатини берган судга ариза билан мурожаат этади. Бу ҳолатда ҳам тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт. Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.

Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан, ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин (муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш, алимент ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно). Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар ариза суднинг ажрими билан қаноатлантирилса, тегишли ҳудуддаги Мажбурий ижро бюросига юборилади. Давлат ижрочиси ажримни олгач, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловлар, шу жумладан, қарздорнинг мамлакатимиз ҳудудидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади. Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Гаров предмети сотилганда унинг пули Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисоб рақамига ўтказилади. Сўнгра мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.

Амалдаги қонунчиликда алимент бўйича қарздорнинг хорижга чиқишига нисбатан таъқиқ қўйилиши суд ҳужжатларини ўз вақтида тўлиқ ижро этиш ҳамда вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти учун тўланаётган алиментларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида жорий этилган. Шу билан бирга қарздор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний мафаатларини ҳимоя қилиш мақсадида чекловларни қонуний бартараф этиш бўйича имконият яратилгани инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг амалдаги ифодасидир.

Элёржон Исмоилов,

фуқаролик ишлари бўйича 

Ўзбекистон туманлараро суди раиси

photo_2024-05-29_16-51-09

БИРОВГА ТЎНКАЛГАН КАМОМАД: СУДДА ФУҚАРОНИНГ АЙБСИЗЛИГИ ЎЗ ИСБОТИНИ ТОПДИ

Шу йил февраль ойида биринчи босқич суди тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланган Зикир Озодовни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан далил-исботлар етарли бўлмагани сабабли жазо ва жавобгарликдан озод қилди. Бироқ З. Озодовнинг айби фақат шунинг ўзидан иборат эмасди.

Аниқроғи, у Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан ҳам жавобгарликка тортилган эди. Шу боис суд жараёни давом этди. Суд айбланувчига қилмишига яраша иш ҳақининг 10 фоизини ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этди.

Бундай қаралса, тайин­ланган жазо кўпам оғир ва давомли эмас.

Аммо асоссиз тайинланган жазонинг энг ками ҳам кўп ва у аксарият ҳолларда шикоятга сабаб бўлади. Маҳкумнинг суд ҳукмига нисбатан эътирози ана шу аснода юзага келди.

Орадан кўп ўтмай ушбу жиноят иши аппеляция судида кўриб чиқилди.

Маҳкум З. Озодовнинг бевосита иштирокида 2022 йилнинг июнь ойидан 2023 йилнинг февраль ойига қадар содир бўлган воқеа-ҳодисалар мазмун-моҳияти ушбу жараёнда тўлиқ ойдинлашди. Жиноят ишида қайд этилишича, айбланувчи З. Озодов “Хоразмэлектрқишлоққурилиш” махсус монтаж ташкилотида цех устаси вазифасида ишлаган даврда 190,9 миллион сўмлик жуда кўп миқдордаги камомад юзага келган.

Яъни ушбу миқдордаги моддий бойликлар судланувчи З. Озодов ва унинг жиноий шериклари тарафидан ўзлаштириш ҳамда растрата йўли билан талон-торож қилинган. Дастлабки босқич судида тергов органининг ушбу айбловини рад этиш учун етарлича асослар топилмаган. Энг таажжубланарли томони шундаки, биринчи босқич суди ташкилот бош ҳисобчиси Ж. Ортиқовнинг З. Озодовнинг гарданига юклатилган камомад аслида анча муқаддам содир бўлгани, 133,1 миллион сўмлик бетон симёғоч ва 60 миллион сўмлик бошқа мол-мулклар ўша кездаёқ омборга масъул бўлган шахслар тарафидан талон-торож қилингани, бунга айбланувчининг дахли йўқлиги ҳақидаги баёнотини инобатга олмаган.

Қисқаси, аппеляция инстанцияси судида бу ҳолатларнинг барига тўлиқ аниқлик киритилди. Факт ва далилларнинг мақбуллиги алоҳида ўрганилди.

Маълум бўлишича, З. Озодов цех устаси вазифасида бор-йўғи 8 ой ишлаган. Цехдаги мавжуд буюм, жиҳоз ва ускуналарни хатлов асосида қабул қилиб олаётганда корхона омборига кирим қилинган ва цех масъуллари назоратида сақланиши зарур бўлган 86 та бетон симёғоч ва бошқа бир қанча моддий қимматликлар бўйича камомад мавжудлиги аниқланган. Аммо корхонанинг ўша пайтдаги раҳбари А. Сатторов З. Озодовнинг эътирозига лоқайдлик билан қараб, “корхона фаолиятни бошласа, бари ўз ўрнига тушади, ҳаммасини тўғрилаб қўямиз, ишни қабул қилиб олавер”, деган.

Орадан кўп ўтмай З. Озодов зиммасига қўшимча омбор мудирлиги вазифаси ҳам юклатилган. Аммо бу ҳақда тегишли тартибда буйруқ қабул қилинмаган. Албатта, З. Озодов раҳбарнинг сўзини рад этолмаган. Лекин омбор фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни имзоламаган, мулкка доир ҳисботларни ўз қўли билан расмийлаштирмаган. Буларнинг бари ўша пайтдаги корхона раҳбари А. Сатторов томонидан амалга оширилган.

Омборнинг собиқ мудири С. Нурманов эса, амалдаги талаб бўйича ўзининг жавобгарлигидаги мулкни хатлов асосида топшириш борасидаги мажбуриятини бажармаган ҳолда ишдан бўшаб кетган. Натижада омборга янги мудир тайинлаш масаласи ора йўлда қолган. Бунга идора масъулларининг лоқайдлиги ҳам сабаб бўлган. Судланувчи З. Озодовнинг кўрсатмасига қараганда, бир гал омбор қулфи аллакимлар томонидан бузилган.

Албатта, корхона масъулларининг бундай лоқайдлиги изсиз кетмаган.

Аниқроғи, 190 миллион сўмлик камомад ана шу қилмиш оқибатида содир бўлган. Аммо юқорида қайд этилганидек, бошқа шахслар томонидан содир этилган камомад цех устаси вазифасини бажаришга эндигина киришган З. Озодовнинг қилмиши сифатида талқин этилган. Жиноятга далил сифатида 2022 йилнинг 29 июнида ҳам омбор, ҳам ишлаб чиқариш цехига тегишли мол-мулкларни ишлаб чиқариш майдончасининг аввалги бошлиғи И. Раҳимовнинг зиммасидан соқит қилиш ва уни З. Озодовга топшириш юзасидан расмийлаштирилган далолатномани тақдим этишган. Бироқ З. Озодовнинг таъкидлашича, у бу ҳужжатга моддий жавобгар шахс сифатида имзо чекмаган, омбордаги мулкни қабул қилиб олмаган.

Далолатномада унинг имзоси эмас, фақат исм-шарифи қайд этилган, холос. Ҳужжатга ҳатто ишлаб чиқариш майдончасига тааллуқли мулкларни топширувчи шахс – цех бошлиғи лавозимидан озод этилаётган И. Раҳимовнинг ўзи ҳам имзо чекмаган.

З. Озодов суд ва тергов жараёнида ушбу шубҳали ҳолатга аниқлик киритиш ва 2022 йил 29 июнда расмийлаштирилган далолатнома юзасидан хатшунослик экспертизаси тайинлашни сўраган. Афсуски, унинг бу талаби қаноатлантирилмаган. Дастлабки суд жараёнида корхонанинг собиқ бош ҳисобчиси Ж. Ортиқов ҳам кўрсатма берган. Гувоҳ омборнинг собиқ мудири С. Нурмановга 847 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар хатлов асосида топширилгани, у ишдан бўшагач, омборга оғзаки буйруқ асосида З. Озодов масъул қилиб тайинланганини баён этди.

Унинг гувоҳлик беришича, З. Озодов омбордаги мол-мулкларнинг биронтасини ҳам хатлов асосида қабул қилиб олмаган. Корхона омборидаги жиддий камомад З. Озодов ишга келишига қадар ўтказилган хатлов жараёнида маълум бўлган.

Корхона бош ҳисобчисининг кўрсатмасини ҳисобчи вазифасида ишлайдиган Г. Ниёзматова ҳам тасдиқлади. У З. Озодовни омбор мудири қилиб тайинлаш тўғрисида буйруқ мавжуд бўлмагани сабаб унга ушбу лавозим бўйича маош тўланланмаганини баён этди, ҳисоботлар бошқа шахслар томонидан тайёрлангани, айбланувчи бу ҳужжатларга имзо қўймаганини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, айбланувчи З. Озодов ва корхона раҳбари А. Сатторов ўртасидаги аудио­ёзув ҳам эътиборга молик. Аппеляция судида ушбу аудиоёзув муҳим далил сифатида эътироф этилди. Корхона раҳбарининг омбордаги мол-мулклар судланувчининг ихтиёрига топширилмасдан қолиб кетгани хақидаги иқрори ва жамоа мулкига етказилган зарарни ўз ҳисобидан қоплашга қаратилган баёноти З. Озодовнинг айбдорлигига оид шубҳа-гумонларни бартараф этиб, унинг айбсиз эканини тасдиқлади.

Суд муқаддам эътибордан четда қолган 2022 йил 29 июнда расмийлаштирилган ва пировардида З. Озодовни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича айблаш учун асосий далилга айланган далолатнома ва ундаги имзо юзасидан хатшунослик экспертизасини тайинлади. Экспертиза хулосасига кўра, далолатномадаги имзо сохта деб топилди.

Қисқаси, апелляция инстанцияси суди ушбу жиноят ишини батафсил кўриб чиқди. Шу тариқа адолат ва ҳақиқат қарор топди. 2022-2023 йиллар оралиғида “Хоразмэлектрқишлоққурилиш”­ махсус монтаж ташкилотида рўй берган жиноий кирдикорларда З. Озодовнинг айби йўқ экани тўлиқ ўз исботини топди.

Суд шу муносабат билан З. Озодовни бошқа шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жамоа мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топиш учун асослар етарли эмаслигини қайд қилди. Шу юзадан чиқарилган ажримга мувофиқ биринчи босқич судининг З. Озодовга нисбатан чиқарган ҳукми бекор қилинди. Бир сўз билан айтганда, З. Озодов айбсиз деб топилиб, оқланди.

З. Озодов томонидан зиённи қоплаш учун топширилган 190,1 миллион сўм маблағ унга тегишли тарзда қайтариб бериладиган бўлди. Бундан ташқари З. Озодовга ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зарарларни қоплаш учун фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шу билан бирга апелляция суди корхонада ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-торож этиш ҳолати рўй берганини қайд этиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш масаласини ҳал этиш учун тегишли ҳужжатларни прокуратурага юборди.

Шу тариқа эндигина катта ҳаётга қадам қўйиб келаётган З. Озодовнинг юзи ёруғ бўлди. Айни кунларда у Хоразм автомобилсозлик заводида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Қонун унга эркин ҳаёт ва фидокорона меҳнат қилиш имконини берди. Бундай ҳаётнинг қадри-қимматини англамоқ ва қадрламоққа не етсин!

Ойбек МАҲМУДОВ,

Хоразм вилояти

суди судьяси

photo_2024-05-28_13-46-46

ЭГРИ ЙЎЛНИНГ ОХИРИ ЁХУД ГИЁҲВАНДЛИК САВДОСИ ОҚИБАТИ

Пойтахтимиздаги университетларнинг бирида таҳсил оладиган Лола Зайниева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг бошларида интернетдаги Telegram-канали орқали россиялик “Зина” исмли аёл билан танишиб қолади, улар тез орада апоқ-чапоқ бўлиб кетишади. Орадан кўп вақт ўтмай Зина унга мўмай даромад келтирувчи иш билан шуғулланишни таклиф этади.

– Қандай иш экан, сир бўлмаса? – деб сўрайди Л. Зайниева.

– Жуда масъулиятли, аммо сердаромад иш, – дейди Зина. – Агар хоҳишинг бўлса, йўл-йўриқ кўрсатаман…

Қисқаси, Зина “сердаромад иш”нинг номини ёзади ва уни Telegramдан “излов” буйруғи орқали ўзи топиб олишини айтади. Л. Зайниева ижтимоий тармоқдаги профилда рўйхатдан ўтиб, вазифаси, ишлаш тартиби, вақти, хизмат ҳақи ҳақида тўлиқ маълумот олади. Сўнгра профилдаги сирли раҳбарнинг кўрсатмалари асосида иш бошлайди.

Л. Зайниева “наркокурьерлик” — гиёҳванд моддаларини ташиш ва етказиш ишларини бажариши учун зарур бўлган заҳри қотил яширилган жойни аниқлаб берадиган, яшириш жойини белгилайдиган, бир неча суратни битта жойда жамлайдиган, электрон ҳамён каби иловаларни телефони хотирасига юклаб олади. Шундан сўнг сирли раҳбар топшириғига асосан бир хонадонни ижарага олиб, заҳри қотилни қадоқлаш учун керак бўладиган жиҳозларни ҳам харид қилади.

Тайёрлов босқичидан ўтгач, раҳбаридан хабар келади: “Сенинг асосий вазифанг – Telegramдан юборилган манзилларга бориб, яшириб қўйилган “маҳсулот”ни топиш, сўнгра уни турли оғирлик ва ҳажмдаги бўлакларга бўлиб, қайта қадоқлаш ва келгусида интернет тармоғи орқали сотиш учун кўрсатмамиз бўйича белгиланган ҳудудларга қайта яшириб чиқишдан иборат”.

Л. Зайниева бу нопок ишнинг ўта қалтислигини ўйлаб, синглиси Комила ва таниши Даврон Аҳадовни ҳам бу қилмишга жалб этади. Улар мўмай даромад дарагини эшитиб, унинг таклифига дарров рози бўлишади.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар “ҳамкасблари” томонидан яшириб кетилган заҳри қотилни топиб, уни ижарадаги уйига олиб келиб, қайта қадоқлашади. Кейин эса, топшириқ асосида заҳри қотилни янги манзилга яшириб келишади.

Кундан-кунга жўнатмалар вазни ҳам, унга тўланадиган ҳақ миқдори ҳам ошиб боради.

Ҳамтовоқлар ишлари бароридан келаётган ва мўмайгина даромад топишаётганидан жуда хурсанд эди. Қиш фасли бошланиши арафасида уларга яна бир топшириқ келади: Тошкент туманида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинонинг орқа тарафидаги майдонга кўмиб қўйилган 3,9 килограмм миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини олиш керак!

Ҳамтовоқлар белгиланган жойга етиб бориб, заҳри қотилни қазиб олишаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинади. Табиийки, нопок ишга қўл урган ҳамтовоқларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд Л. Зайниевага 11 йил 6 ой, К. Зайниевага 6 йил, Д. Аҳадовга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аср вабоси бўлмиш гиёҳвандлик иллати одам соғлиғи ва руҳиятига путур етказиб, охир-оқибат инсон ҳаётини издан чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, оилаларни пароканда қилиб, жамиятда жиноятчилик, турли оғир касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Юқоридаги воқеа тафсилоти ҳам бунинг исботидир.

Бинобарин, гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Чунки бу келажак авлод тақдирига бевосита дахлдор масаладир.

Ғафур ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нурафшон шаҳар суди раиси,

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА, журналист

photo_2024-05-28_12-04-40

ТУЗАТИЛГАН ХАТО: СУД ТАДБИРКОР ҲУҚУҚИНИ  ТИКЛАДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг ишончли ҳуқуқий механизми яратилди.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ жамиятимизда маъмурий судларнинг мавқеи ортиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айланди.

Масалан, “Elektrokimyozavod” қўшма корхонаси акциядорлик жамияти Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси ва Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармасининг ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, жавобгарлар зиммасига 21:03:06:12:03:3545 кадастр рақамини қўшма корхона номидан чиқариш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Суд муҳокамасида аризада кўрсатилган масалага ойдинлик киритилди.

Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилояти бошқармаси Кармана туман филиали бошлиғининг 2024 йил 24 февралдаги хатида 21:03:06:12:03:3545 кадастр рақамли умумий ер майдони 1 174 619,2 квадрат метр, умумий фойдали майдони 5 177,35 квадрат метр, қурилиш ости майдони 1 749 25 квадрат метр бўлган бино ва иншоотлар маълумотлар базасида техник хатолик сабабли “Elektrokimyozavod” қўшма корхонаси номига бириктирилгани қайд этилган.

Бунинг оқибатида қўшма корхонага тегишли бўлмаган бино ва иншоотлар учун асоссиз равишда мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси 2-бандига кўра, маъмурий судлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Навоий туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 24 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, “Elektrokimyozavod” қўшма корхонаси акциядорлик жамиятининг даъво аризаси қаноатлантирилди. Шу тариқа тадбиркорлик субъектининг бузилган ҳуқуқи қонуний асосда тикланди.

Мухтасар қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Бу уларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириши баробарида маъмурий органлар мансабдор шахсларининг қарорларни қабул қилишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш борасидаги масъулиятини янада кучайтирмоқда.

Давлат Бобоноров,

Навоий вилояти

маъмурий суди судьяси

photo_2024-05-10_14-45-12

НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ СУДДА БЕКОР ҚИЛИНДИ

Навоий шаҳрида яшовчи Дурдона Қиёмова 2019 йил 25 апрелдан Навоий вилояти Транспорт бошқармасига иш юритувчи вазифасига ишга қабул қилиниб, кейинчалик автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспектори, мурожаатлар ва хатлар билан ишлаш сектори бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келган.

Ўтган йил 22 майда иш берувчи томонидан корхона касаба уюшмасига ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш тўғрисида тақдимнома киритилади. Ўз навбатида, касаба уюшмасининг 29 майдаги йиғилиши қарорига асосан Д. Қиёмова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берилади. Иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги 51-сонли буйруғига асосан Д. Қиёмова билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-бандига асосан бекор қилинади.

Хўш, ушбу буйруқ қонун талабларига мос эдими?

Бу саволга бир сўз билан йўқ деб жавоб бериш мумкин. Шу боис Д. Қиёмова ушбу буйруқни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш, шунингдек, мажбурий бекор юрган кунларини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, касаба уюшмаси розилик хати ва баённомаларнинг бир қисмини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади. Аммо биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари рад этилди. Шундан сўнг Д. Қиёмова апелляция шикояти билан мурожаат қилади.

Апелляция судлов ҳайъати ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиққанда, иш берувчи томонидан касаба уюшмасига 2023 йил 22 май куни Д. Қиёмова билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик олиш юзасидан тақдимнома киритилгани, аммо касаба уюшмасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиши баённомасига йиғилиш котиби имзо қўймагани маълум бўлди.

Бундан ташқари иш берувчи 2023 йил 8 июндаги алоқа хати орқали касаба уюшмаси қўмитасининг ушбу баённомасини Д. Қиёмова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш юзасидан овозлар сони тўғри ёки нотўғри саналганига аниқлик киритиш ва баённомани имзолаш учун қайтарган.

Шундан сўнг касаба уюшмаси қўмитаси 2023 йил 8 июнда йиғилиш ўтказиб, ўз қарорида 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баённомасидаги овозлар қайта ҳисоб-китоб қилингани ва иш берувчининг 2023 йил 22 майдаги тақдимномасига розилик берилганини расмийлаштирган.

Суд мажлисида Д. Қиёмова касаба уюшмаси қўмитасининг 2023 йил 29 майдаги йиғилиш қарори тегишли тартибда расмийлаштирилмагани, 2023 йил 8 июндаги йиғилишда ўзи қатнашмагани, йиғилиш амалда бўлмаганини маълум қилди.

Судлов ҳайъати ушбу ҳолатга аниқлик киритиш учун корхона касаба уюшмаси аъзоларини ишга гувоҳ сифатида жалб этди. Улар 2023 йил 8 июнда йиғилиш бўлгани, унда 2023 йил 29 майдаги йиғилиш баёни асосида овозлар қайта ҳисоб-китоб қилингани, аммо Д. Қиёмова иштирок этмагани ҳақида кўрсатма беришди.

Бу эса, иш берувчи Д. Қиёмова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини қонунчиликда белгиланган тартибда олмаганини кўрсатади.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сонли оилавий поликлиниканинг меҳнатга лаёқатсизлик варақасида Д. Қиёмова 2023 йил 6 июндан 13 июнга қадар “сурункали бронхит” касаллиги билан даволангани қайд этилган.

Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2024 йил 19 январдаги хатида Д. Қиёмовага берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилгани, унга нисбатан текширув ва даволаш муолажалари тўғри бажарилгани маълум қилинган.

Ана шу асосга таянган судлов ҳайъати иш берувчи томонидан Д. Қиёмова билан тузилган меҳнат шартномаси унинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги даврида бекор қилинган, деган хулосага келди.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳақиқий ҳолатларини аниқламасдан, тўлиқ ва холисона текширмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, даъво талабларини рад қилиш ҳақида асоссиз хулосага келган. Шу боис апелляция инстанцияси иш берувчининг 2023 йил 8 июндаги буйруғини ноқонуний деб топиб, Д. Қиёмовани ўз вазифасига ишга тиклади. Бундан ташқари Навоий вилояти Транспорт бошқармаси ҳисобидан Д. Қиёмованинг фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 71 389 606 сўм иш ҳақи ва 9 000 000 сўм маънавий зарар ундириб берилди.

Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир кишининг меҳнат ҳуқуқи кафолатланган. Аммо айрим иш берувчиларнинг Конституция ва меҳнат қонунчилиги талабларига эътиборсиз қараши ишчи-ходимларнинг овора бўлишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, бундай ноқонуний хатти-ҳаракат иш берувчиларнинг ўзига ҳам қимматга тушмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Конституция ва қонун талабларига қатъий риоя этиш қонунийликни таъминлашнинг муҳим шарти эканини кўрсатади. Зеро, қонун устувор бўлган жойда ортиқча оворагарчиликка ўрин қолмайди.

Беҳзод Шерматов,

Навоий вилояти

суди судьяси

photo_2024-03-01_16-57-01

СУД БУЙРУҒИ ЁКИ НОТАРИУС ИЖРО ХАТИ: ҚАЙСИ БИРИ АФЗАЛ ВА ҚУЛАЙ?

Маълумки, буйруқ тартибида иш юритиш фуқаролик судларида иш юритишнинг энг содда тури ҳисобланади. Бунда даъво аризаси суд томонидан тарафлар иштирокисиз кўриб чиқилиб, ижро ҳужжати кучига эга бўлган суд қарори қабул қилинади. Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддасида суд буйруғи тартибида иш юритиш асослари белгиланган. Хусусан, талаб нотариал тасдиқланган битим ёки ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, коммунал хизматлар ёки алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорлик ва вояга етмаган болалар учун алимент ундириш, шунингдек, оталикни белгилаш билан ёки учинчи шахсларни жалб этиш зарурати билан боғлиқ бўлмаган талаблар бўйича суд буйруғи берилади.

Арз қилинган талабнинг мазмуни бўйича суд буйруғи ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 3 кун ичида судья томонидан берилади. Суд буйруғи судья томонидан ундирувчи ва қарздорни судга чақирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда, суд муҳокамасисиз қабул қилинади. Агар белгиланган муддатда қарздордан судга эътироз келиб тушмаса, судья ундирувчига суднинг муҳри ёки электрон имзоси билан тасдиқланган буйруқнинг кўчирма нусхасини ижрога тақдим этиш учун беради. Ундирувчининг илтимосига мувофиқ суд буйруғи ижро этиш учун бевосита суд томонидан юборилиши ҳам мумкин.

Суд буйруғи ўн кунлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.

Амалиётда барча фуқаролик судларида коммунал қарздорлик юзасидан суд буйруғи электрон тарзда чиқарилаётгани ортиқча оворагарчиликнинг олдини олмоқда. Бироқ коммунал қарздорлик юзасидан суд буйруғи чиқаришда айрим муаммоли жиҳатлар ҳам йўқ эмас.

Гап шундаки, айрим коммунал ташкилотлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробар миқдорига етмаган қарздорлик суммаси мавжуд бўлса ҳам судга даъво аризаси билан мурожаат қилмоқда. Ўз навбатида, суд томонидан ундирувчи фойдасига қарздорлик ундирилиши билан бирга давлат фойдасига давлат божи тўғрисидаги қонун талабидан келиб чиққан ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида давлат божи ҳам ундирилмоқда. Бу эса, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун айтадиган бўлсак, истеъмолчининг табиий газдан икки юз минг сўм қарздорлиги юзага келган. Ушбу ҳолат бўйича қарздор истеъмолчи (абонент) огоҳлантирилган. Аммо қарздор қарзини ўз вақтида тўламаган.

Шу сабабли ҳудудий газ корхонаси қарздорлик юзасидан суд буйруғи чиқариш учун фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суд икки юз минг сўмлик қарздорлик юзасидан суд буйруғи чиқариб, қарздордан қарздан ташқари базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида давлат божи ундирилишини ҳам белгилайди.

Табиийки, бундан норози бўлган қарздор суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беради.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади; қарздорликни бошқа йўл билан ундириб олиш имконияти борми?

Бу саволга жавобан шуни айтиш жоизки, “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 76-моддасида “қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади” дея қайд этилган. Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида илова қилинган давлат божи ставкалари “ф” кичик бандида ижро хатларини ёзиб берганлик учун ундириладиган сумманинг 1 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, қонунчиликка кичик миқдордаги коммунал хизматлар учун қарздорликни нотариал идора орқали ижро этиш ҳақида ўзгартиш киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳолбуки, нотариус ижро хати ижро ҳужжатига тенглаштирилгани сабабли мажбурий ижро бюроси томонидан мажбурий ижро қилинади. Чунки “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида белгиланган ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари рўйхатида нотариусларнинг ижро хатлари ҳам давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари судга коммунал қарздорлик юзасидан суд буйруғи чиқариш учун ариза беришда қарздорликнинг энг кам миқдорини белгилаб қўйиш зарур.

Ушбу таклиф амалиётга жорий этилиб, кичик миқдордаги коммунал қарздорликни ундириш нотариус ижро хати асосида амалга оширилса, истеъмолчилардан ортиқча маблағ ундирилишининг олди олинади. Бу истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш баробарида судлардаги иш юкламасининг камайишига ёрдам бериши шубҳасиз.

Шерзод Холхўжаев,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

#thegov_button_69cbba7c1981a { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbba7c1981a:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbba7c1981a { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbba7c1981a:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!