Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-01-13_14-21-31

НУРАФШОН ШАҲРИДА “АДОЛАТ САРОЙИ” ҚАД РОСТЛАДИ

Тошкент вилояти судларининг янги биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

Жамоатчилик вакиллари, суд фахрийлари ва турли соҳа масъуллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида Олий суд раиси Б. Исломов, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров, Судьялар ассоциацияси раиси У. Мингбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, янги суд биносининг очилиши билан барчани қутлади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга оширилиши учун судларга ташриф буюрувчи фуқаролар ҳамда суд процессларининг барча иштирокчилари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, суд тизимини ислоҳ қилиш доирасида судлар моддий-техника базасини янада яхшилаш, соҳада рақамлаштиришни кенгайтириш, ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали одамларга қулайликлар яратиш бўйича қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти судларининг янги маъмурий биноси замон талаблари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди.

Мазкур суд биноси видеоконференцалоқа тизими, аудиофиксация, инфокиоск, корпоратив тармоқ каби энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган бўлиб, бу, авваламбор, суднинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тантанали тадбирда қайд этилганидек, янги бинода фаолият олиб борадиган ҳар бир судья ва ходим давлатимиз раҳбарининг “Суд биносига келган ҳар бир фуқаро Ўзбекистонда адолат борлигига ишонч ҳосил қилиб кетиши керак” деган сўзларини доимо ёдда тутиши керак.

Шунингдек, бу кўркам ва замонавий бинода доимо адолат ҳукм суришига, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланиши тўлиқ таъминланишига ишонч билдирилди.

Тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, ташриф буюрган меҳмонлар суд биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

 

photo_2026-02-24_15-44-27

БОЛАЛАР — ЭРТАНГИ КУНИМИЗ ЭГАЛАРИ

Янги таҳрирдаги Конституциямизда болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишини, иқтидори ва истеъдодини юзага чиқаришни таъминловчи кафолатлар кучайтирилди. Шу асосда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари тобора такомиллаштирилиб борилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Богота ҳаракатлар чақируви”га қўшилган ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс аъзолигига қабул қилинган. “Богота ҳаракатлар чақируви” нафақат болаларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган глобал ташаббус, балки глобал мажбурият ҳамдир.

Президентимизнинг 2025 йил 24 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилган. Фармонга биноан, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб, зўравонликдан жабрланган ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.

Эндиликда болаларга нисбатан уларнинг қонуний вакиллари ёки бошқа қариндошлари томонидан зўравонлик ҳолатлари бўйича ишни судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларидаги барча процессуал ҳаракатларни амалга оширишда васийлик ва ҳомийлик органи вакили мажбурий тартибда иштирок этади. Зўравонликдан жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатмалари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

Бундан ташқари Рақамли технологиялар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суд билан биргаликда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳамда зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни алмашиш ва улар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона электрон платформа ишлаб чиқилмоқда. Бундан мақсад болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этишдир.

Бунда платформа давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда “112” қисқа рақами орқали фуқароларнинг чақирувларини қабул қилиш ҳамда автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини берувчи ягона диспетчерлик хизмати билан “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади. Болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатларининг ягона статистика ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, статистика органларига тақдим этиш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг ҳар бир босқичини кузатиб бориш имконияти яратилади.

Фармонда болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига бўлган муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга доир бир қатор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади.

Дилдора ПЎЛАТОВА,

жиноят ишлари бўйича

Хива шаҳар суди

тергов судьяси

photo_2025-12-26_09-56-10

ОЛИЙ СУД РАЁСАТИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Раёсатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раислигида ўтказилган мажлисда судлар томонидан 2025 йилда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар муҳокама қилинган ҳолда уларнинг ечими бўйича устувор вазифалар ва келгусида амалга ошириладиган режалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда кейинги йилларда аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Мамлакатда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида тан олинмоқда. Ўтган йиллар каби, жорий йилда ҳам судлар фаолияти билан боғлиқ муҳим ислоҳотлар рўёбга чиқарилганлиги таъкидланди.

Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги энг катта ислоҳотлардан бири тергов фаолияти устидан суд назоратини таъминлаш ҳамда “Хабеас корпус” институтини кенг татбиқ этиш мақсадида 241 та тергов судьяси фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштиришга имкон яратилди.

Қарор ижроси бўйича янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишига янада қулайлик яратиш мақсадида видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мазкур ислоҳотлар давом эттирилган ҳолда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида Давлатимиз Раҳбари томонидан жорий йил 21 августда “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли Фармон имзоланди.

Фармон ижроси юзасидан келгуси беш йилда 182 та янги намунавий суд биноси қурилади, 25 таси қайта реконструкция қилинади, 25 таси мукаммал таъмирланади.

Янги йилдан иқтисодий судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида вилоят марказларида ягона туманлараро иқтисодий судлари фаолият юритади, бугунги кунда мазкур судлар фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилди. 

Маълум қилинганидек, йил бошидан бугунга қадар биринчи инстанция судлари томонидан 4 млн. дан зиёд иш кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 31 фоизга ошган.

Танқидий руҳда ўтказилган мажлисда ягона суд амалиётни шакллантириш, суд қарорлари сифатини ошириш, судларда иш юритиш, ишлар ва мурожаатларни ўз вақтида рўйхатга олиниши ҳамда уларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига оид мавжуд муаммолар таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.

Шунингдек, суд ҳужжатларини ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Раёсат мажлисида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

photo_2026-03-18_11-54-56

ЎҒРИЛИКНИ “КАСБ”ГА АЙЛАНТИРГАН ҚАЛЛОБ

Инсон боласи яхши тарбия олиб, ҳалол ризқ-рўз билан яшаса, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Элу халқнинг дуосини олса, асло кам бўлмайди. Ана шундай ҳалол, виждонли инсонлар юртимизда жуда-жуда кўп. Аммо минг афсуски, бу ҳаётда кам бўлса ҳам умрини эгрилик йўлига совурадиган кимсалар ҳам учраб туради.

Шу улуғ ва саодатли кунларда  кўнгилни хира қиладиган мавзу ҳақида, нопок кимсалар ҳақида тўхталгинг келмайди. Лекин начора, буни ҳаёт дейдилар. Ҳаёт давом этар эканки, оқ ва қора ранглар бўлгани каби, жиноят қилишдан тап тортмайдиган қаллоб кимсалардан эҳтиёт бўлишимиз лозимлиги учун ҳам қуйидаги воқеа тўғрисида сўз юритдик.

Албатта, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулкка тажовуз қилиш азалдан энг қораланган иллатлардан бири ҳисобланади. Халқимиз бундай кимсаларни “ғирт ўғри” деб атаб, уларни аёвсиз қоралаган. Афсуски, бундай иллатга мубтало бўлганлар орасида тегишли жазодан сабоқ чиқармасдан, яна жиноят йўлини танлайдиганлар ҳам учрайди.

Қуйидаги воқеа ана шундай шахс — тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган шифокорларнинг пулини ўмарган қўли эгри кимса ҳақида. У ўз жиноятлари билан бир неча тиббиёт муассасаларида ишлаётган ходимларга катта моддий зарар етказган.

1983 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Умар Бобоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ёшлигиданоқ қинғирлик йўлини танлади. Халқимизда “Қон билан кирган жон билан чиқади”, деган гап бор. Унинг ҳаёти ҳам шу нақлнинг тасдиғидек гўё.

Умар илк бор 24 ёшида қамалди. Пойтахтда содир этган ўғрилиги учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди ҳукмига кўра 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ жазо унга сабоқ бўлмади. Озодликка чиққанидан сўнг яна ўғриликка қўл урди. Оқибатда у турли жиноятлари учун олти марта озодликдан маҳрум этилди ва “хавфли рецидивист” тамғасини олди.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида Умар Бобоевга нисбатан яна бир жиноят иши кўриб чиқилди. Бу гал унинг жиноятларидан жабр кўрганлар тиббиёт ходимлари эди.

Жабрланувчилардан бири Ш. В. судда қуйидагича кўрсатма берди:

— Тошкент давлат тиббиёт университетида ишлайман. Ўғрилик юз берган куни эрталаб соат саккизларда ишга келдим. Кийимларимни алмаштириб, кун давомида ўз ишларим билан банд бўлдим. Ҳамкасбим билан тушлик қилиб қайтганимиздан сўнг, у хонасида пуллари йўқолганини пайқаб қолди. Мен ҳам хонамга кириб, кийимларим ва сумкамни текширганимда, 8,5 миллион сўм пулим йўқолгани маълум бўлди.

Шундан сўнг  бу ҳақда ички ишлар органларига мурожаат қилдик…

Қизиғи, пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида содир бўлаётган бу каби ўғриликлар орадан уч кун ўтиб яна такрорланди. Бу сафар манзил — Яшнобод туманида жойлашган Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти эди. Бу ерда ҳам икки нафар шифокор пулларидан айрилди.

Ушбу муассасада ишловчи шифокор Р. М.нинг айтишича, шими чўнтагидаги 600 минг сўм, кўк рангли сумкасида бўлган 10 миллион сўм ва 750 АҚШ доллари йўқолган. У бу маблағни қизининг контракт пулини тўлаш учун ўзи билан олиб келган эди. Яна бир шифокор А. Б.нинг ҳам 650 АҚШ доллари ва 1,5 миллион сўм пули ўғирланган. Кузатув камераларига тушиб қолган кадрлардан маълум бўлишича, ўғрилик шифокорлар кийимларини алмаштириб, беморларни кўрикдан ўтказиш учун палаталарга кириб кетган вақтда содир этилган.

Умар Бобоев ўғриликларни асосан тиббиёт муассасаларида амалга оширган. Гоҳ у, гоҳ бу шифохона “ов” манзили сифатида танланган.

Навбатдаги жиноят туманида жойлашган 1-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасида содир этилди. Бу гал икки нафар шифокор — А. А. ва Ж. М. нишонга олинганди.

Ўшанда кийим жавонидан шифокор А. А.га тегишли 800 минг сўм пул билан бирга Ж. М.нинг автомашинаси пульти ҳам ўғирланганди.

Шифокорлар автотураргоҳга чиққанларида, ҳар қалай, машина жойида турар, пульт эса скамейка устига ташлаб кетилган эди. Улар дарҳол автомобиль салонини кўздан кечиришди: бардачокдаги нарсалар сочилиб ётар, ичидан Ж. М.нинг 850 АҚШ доллари ва 3,5 миллион сўм пули йўқолган эди.

Халқимиз “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” дейди. Изқуварларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида тиббиёт муассасаларида ўғрилик содир этиб юрган шахс қўлга олинди.

Суд мажлисида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ўғрилик содир этганини тан олди, аммо жиноятларни аниқ қачон содир этгани ва қанча маблағни ўғирлаганини эслай олмаслигини айтди.

Судланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, шунингдек, 25-модда билан, яъни хавфли рецидивист томонидан такроран ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ҳамда ўғрилик жиноятига суиқасд қилиш сифатида малакаланди.

Жабрланувчилардан икки кишига етказилган моддий зарар қайтарилган бўлса-да, тўрт нафар жабрланувчига етказилган зарар қопланмади.

Суд ишнинг барча ҳолатларини инобатга олиб, Умар Бобоевни узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. У жазони махсус тартибли колонияда ўтайди.

Қилмиш-қидирмиш. Букрини гўр тўғрилайди, деганларидек, наҳотки ўғриликдек қора иллат, жиноят йўлидан қайтмаган бу кимса бу қилиғини ташлай олмаса? Ўғрилик билан қачонгача ҳаёт кечиради? Барибир, бу оғир гуноҳ жавобсиз, жазосиз қолмайди. Шунинг учун ҳам олтинчи бор панжара ортига равона бўлди. Энг ёмони, бу дунёдаги жазоларни-ку ўтар, аммо кун келиб умри поёнига етгач, бу одам боласи чин дунёда, охиратда қилмишига қандай жавоб бераркин?

Аброр САИДОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Олмазор тумани суди раиси

 

photo_2026-03-12_11-11-39

ОҚ ХАЛАТЛИ ФИРИБГАР

Сўнгги йилларда жамиятда фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолатдир. Деярли ҳар куни оммавий ахборот воситаларида одамларни алдаш, уларнинг ишончидан фойдаланиб пул ундириш каби жиноятлар ҳақида хабарлар берилади. Телевидение ва радио орқали “Эҳтиёт бўлинглар, фирибгарларга алданманглар!” деган огоҳлантиришлар тез-тез эълон қилинади.

Аммо, афсуски, содда ва ишонувчан одамлар ҳали-ҳамон бундай тузоқларга тушиб қолмоқда.

Фирибгарлар турли соҳаларда учрамоқда. Баъзан улар ўзларини тадбиркор, баъзан мутахассис, баъзан шифокор сифатида таништириб, одамларнинг дарди ва ишончидан фойдаланишга уринмоқда. Қуйидаги воқеа эса айнан шундай ҳолатлардан бири бўлиб, оқ халат кийган инсоннинг фириб йўлига кириб кетиши қандай оқибатларга олиб келишига бир мисол.

Али Худоёров (исм-шарифи ўзгартирилган) ўттиз саккиз ёшни қаршилаган бўлса-да, бу вақт ичида икки марта озодликдан маҳрум этилиб, жазони ҳам ўтаб улгурган. Унинг аввалги жиноятлариям айнан фирибгарлик билан боғлиқ эди.

Озодликка чиққач, у яна ўз касби — шифокорлик фаолиятини давом эттириб, вилоят марказидаги нуфузли шифо масканларидан бирида ишлай бошлади.

Оппоқ халат кийиб юргани учун кўпчилик уни ҳурмат билан “дўхтир ака” деб саломлашарди. Илгари унинг тузоғига тушиб, алданиб қолганлар ёки қилмишлари ҳақида эшитганлар бу “шифокор”га дуч келмасликка ҳаракат қилишарди.

Али Худоёров танишларининг ўзига муносабатини яхши билса-да, бундан унчалик ташвишланмасди. Чунки фирибгарлик унинг учун иккинчи “касб”га айланиб улгурган эди. Алдов орқали қўлга киритилган мўмайгина пул уни яна шу эгри йўлга киришга ундайверарди.

Бир куни у ижтимоий тармоқларни кўздан кечираркан, навбатдаги фирибгарлик “режа”си ярқ этиб хаёлига келди. Кўп ўйлаб ўтирмай, дарҳол интернетда саҳифа очди ва унда шундай эълон жойлаштирди: “Ҳиндистондан машҳур шифокорлар келиб, оғир касалликларни даволаш бўйича қабул ўтказади. Мурожаат қилиш учун эса қуйидаги манзил орқали онлайн рўйхатдан ўтинг” деб айнан ўша саҳифани кўрсатди. Эълонга ўзининг телефон рақамини ҳам қўшиб қўйди.

Кўп ўтмай, телефонига бирин-кетин қўнғироқлар кела бошлади. У ҳар бир мурожаат қилувчи билан хушмуомала оҳангда гаплашиб, уларни “рўйхат”га ола бошлади.

— Алло, ассалому алайкум! Сиз Али аками?

— Ҳа, менман, — деб жавоб берарди у.

Мурожаат қилганларга у гўёки мутахассислар қабули учун олдиндан пул тўлаб навбатга ёзилиш лозимлиги, касаллик турига қараб керакли дори-дармон учун олдиндан тўлов қилиш ҳам талаб этилишини эринмай тушунтирарди.

Қумқўрғонлик Жалил Эгамов (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай мурожаат қилувчилардан бири бўлди. У қизининг терисида пайдо бўлган касаллик туфайли кўп шифокорларга мурожаат қилган, аммо кутилган натижани ололмаган эди.

— Али ака, қизимнинг терисида дард бор, ўзимиздан шифо тополмадик, — деди у илтижо билан.

— Ўша жойни расмга тушириб юборинг, — деди дўхтир.

Жалил ака қизининг қўлидаги ярани суратга олиб юборди. Шундан сўнг Али Худоёров ўзича “мутахассислар хулосаси”ни баён қилиб, қабул учун уч юз минг сўм, дори-дармон учун эса икки миллион сўм керак бўлишини билдирди. Пулни ўтказиш учун ўзининг пластик карта рақамини юборди.

Шифога умид қилган одамлар унинг айтганларига ишониб, ана шу тарзда бирин-кетин пулларни ўтказа бошладилар. Али Худоёров эса келиб тушаётган маблағларни ўз эҳтиёжига ишлатиб, тараллабедод қилиб юраверди. Мурожаат қилувчилар қачон хориждан шифокорлар келишини сўрашса, у: “Яқин кунларда келади”, деб алдашда давом этарди.

Кунлар ойларга уланди. Бир куни мижозлардан бири Жалил Эгамов яна қўнғироқ қилиб, шифокорлар қачон келишини сўраганида, Али Худоёров бепарво тарзда:

— Дўхтирлар келмас экан, — деб жавоб берди.

— У ҳолда пулларимизни қайтаринг, — деган талабга эса у:

— Пуллар кетди, энди йўқ, — деди яна совуққонлик билан.

Шундан сўнг Жалил Эгамов алданганини тушуниб етди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Кўп ўтмай, Али Худоёровнинг уйига формадаги ходимлар келиб, уни қўлга олдилар. У ички ишлар бўлимига олиб келиниб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Жабрланувчилар уни аввалдан танимаган бўлса-да, телефон рақами ва пластик карта орқали жиноят излари аниқланди.

Сўроқлар чоғида Али Худоёров қилмишларини яшириб ўтирмади. Илгари ҳам шу каби жиноятлар учун судлангани сабабли у бундай сўроқ-саволларга кўникиб кетган эди. Шўрчи туман судида кўрилган иш жараёнида у айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва қилган фирибгарликларини бирма-бир баён қилди.

Суд унинг аввал ҳам шу турдаги жиноятлар содир этгани боис, уни хавфли рецидивист деб топди ҳамда қилмишига яраша жазо тайинлади.

Бу воқеа барчага яна бир бор сабоқ бўлиши керак: инсон қанчалик ҳурматли касб эгаси бўлмасин, агар у қинғир йўлни танласа, оқибатда қонун олдида жавоб бериши муқаррар.

Зеро, оқ халат инсонни эмас, инсон оқ халатни улуғлайди.

Тўлқин АБДИРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси,

Чори ҚОРАҚУЛОВ,

суд маслаҳатчиси

photo_2026-03-14_11-09-03

НОЎРИН ТАЛАБ АСОССИЗЛИГИ БОИС СУД УНИ РАД ЭТДИ

Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда бу борадаги масъуллик ва жавобгарлик чора-тадбирлари белгиланди.

Бироқ тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора томонидан ўтган йил 29 майда Хонқа туманининг Тома маҳалласида истиқомат қилувчи Чарос Мадраҳимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) хонадонида ўтказилган тезкор текширув-суриштирув тадбири якунлари юзасидан тергов судига тақдим қилинган факт ва далилларга қараганда, жиддий қонунбузарлик ҳолати содир бўлган.

Гап шундаки, айни хонадон соҳибаси 8 нафар вояга етмаган шахсга диний сабоқ бериш жараёнида уларни қийнаб-дўппослаб келган. Бунинг оқибатида вояга етмаган Б. Юнусов, Б. Ибодуллаев, Д. Давронов, М. Каримов ва Ш. Раҳимовларга турли даражада жароҳат етказилган.

Туман ички ишлар бўлими катта терговчисининг ўтган йил 8 августдаги қарорига асосан, Ч. Мадраҳимова Жиноят кодексининг қийноққа тааллуқли 110-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари бўйича қўзғатилган жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб қилинган. Тергов органи эса, расмий илтимоснома орқали содир қилинган қилмиш ижтимоий жиҳатдан хавфли эканини баён этиб, ҳақиқатни аниқлашга халақит бермаслиги учун гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 27-моддасига мувофиқ, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра, йўл қўйилади.

Ишни тергов судида кўриш жараёнида Конституциямизнинг ана шу талаби эътибор марказига кўчди. Ч. Мадраҳимова муқаддам судланмагани, у содир қилган ҳаракат ижтимоий хавфлилик даражаси ва оғирлик жиҳатидан унча жиддий саналмаган қилмишлар тоифасига мансублигига эътибор қаратилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 236-моддасида эҳтиёт чоралари айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, жиноий фаолиятига барҳам бериш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган уринишларга йўл қўймаслик, ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 243-моддасига мувофиқ, судья айбланувчига нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, уни рад қилиш ва уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Ишни дастлабки тарзда кўриш жараёнида гумонланувчи ишга ноўрин шубҳа-гумонлар остида жалб этилгани аён бўлди. Чунончи, у аввал судланмагани, оилавий аҳволи, уч нафар фарзандни тарбиялаётгани, муқим яшаш жойига эга экани, дастлабки тергов органининг чақирувига асосан етиб келгани, бундай ножоиз ҳолат муқаддам кузатилмагани, мажбурий тарзда келтириш тўғрисида терговчи томонидан қарор чиқарилмагани, ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қиладиган ҳоллар рўй бермагани инобатга олинмаган.

Шу боис суд Жиноят-процессуал кодексининг 242-1-моддасига асосан, уни қамоққа олишни мақсадга номувофиқ деб ҳисоблади. Гумонланувчига нисбатан “уй қамоғи” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Уни вақтинча ҳибсда сақлашга қаратилган илтимоснома рад этилди.

Иш қилмишга тўлиқ аниқлик киритилиши зарур бўлган тергов жараёнига кўчди. Бу жараёнда бир қатор ҳолатлар ойдинлашди.

Шундай бўлса-да, тергов олди тадбирлари асносида Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари бўйича гумонланувчига қўйилган айб аслича қолдирилди ва қўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича дастлабки босқич судига тақдим қилинди.

Яқинда судлов жараёни ҳам поёнига етди. Унда тергов органи тарафидан жабрланувчилар Б. Юнусов, Б. Ибодуллаев, Д. Давронов, М. Каримов ва Ш. Раҳимов, М. Мадаминов, Қ. Ботиров, С. Оллоназаров ва уларнинг қонуний вакиллари кўрсатма берди.

Уларнинг баёнотига қараганда, болаларни диний таълим жараёнида қийнаш, уларга тан жароҳати етказиш ҳоллари рўй бермаган.

Қолаверса, Ч. Мадраҳимованинг уйида ўзи ва ота-онасининг хоҳишига кўра, диний таълим олганлар – унга яқин қариндош ёки қўни-қўшни саналмиш хонадонларда камол топаётган фарзандлардир. Бундай яқинлик уларга нисбатан куч ишлатиш ва зўравонлик ҳолларини истисно қилади.

Бу жараёнда Ч. Мадраҳимованинг жиноий қилмишга мойиллигини инкор этувчи ҳолатлар ҳам аниқланди. Айбланувчи араб ёзувини мукаммал ўзлаштиргани, ўқиш ва ёзишни ёшлигида ўргангани, кейинчалик мустақил равишда ўз билимини оширгани, “Қуръон қироати” бўйича “ҳифз” йўналишида ўтказилган қироатхонлар баҳсининг вилоят босқичида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллагани, республика босқичида ҳам иштирок қилгани ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг дипломи билан тақдирлангани айбга доир шубҳа-гумонларнинг аксарини чиппакка чиқарди.

Судланувчининг ўзи эса, тергов органи томонидан қўйилган айбга умуман иқрор эмаслигини билдирди. Амалга оширилган суд текширувлари асносида айбга доир даъволарнинг аксари етарлича асослаб берилмагани ёки мавҳум экани аён бўлди.  

Суд калтаклангани даъво қилинган жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакилларининг Ч. Мадраҳимова ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги боис унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришга доир сўровини ҳамда давлат айбловчисининг айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақидаги хулосасини инобатга олди. Судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга суянди ва пировардида Ч. Мадраҳимованинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас, деган хулосага келди.

Судланувчига нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг реабилитацияга тааллуқли 83-моддаси 1-бандига асосан, оқлов ҳукми чиқарилди. Шу муносабат билан унга нисбатан муқаддам қўлланилган “уй қамоғи” эҳтиёт чораси бекор қилинди.

Ч. Мадраҳимова суд залидан озодликка чиқарилди ҳамда унга етказилган мулкий зиённи қоплаш, маънавий ва бошқа зарар оқибатларини бартараф этиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Ушбу ҳукм куни кеча апелляция судида ҳам кўриб чиқилди ва ўзгаришсиз қолдирилди.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, Ч. Мадраҳимова яшаш хонадонида саккиз нафар вояга етмаган шахсга махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериб келганлиги учун унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан қўзғатилган маъмурий иш туман судининг тергов судьяси томонидан мазмунан кўриб чиқилди. Суд томонидан Ч. Мадраҳимовага у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинланди.

Шу тариқа қонун устуворлиги ва адолат тантанаси яна бир бор таъминланди. Бу жараёнда айрим муҳокамалар, мутасадди шахслар учун сабоқ бўларли ҳолатлар ҳам рўй берди. Яъни инсон тақдири ўйинчоқ эмаслиги, бу борадаги нохолис ва ноўрин хатти-ҳаракатлар замонаси аллақачон ортда қолгани каби ҳақиқатлар яққол ўз тасдиғини топди.

Адилбек Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

 Хонқа тумани суди

тергов судьяси

photo_2026-03-11_11-42-16

ЖАҲЛИНИ ЖИЛОВЛАЙ ОЛМАГАН ҚОТИЛГА АЙЛАНДИ

Косонсой туманида яшовчи Амир Тоҳирхўжаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2 йил илгари Жанубий Корея давлатига ишлагани кетганди. Ўтган йил 25 июнь куни унга акаси қўнғироқ қилиб, мудҳиш хабар етказди. Буни эшитиб, Амир аканинг оёқ-қўли қалтираб, юраги ўйнай бошлади…

…Ҳаётда ота-она учун фарзанд камолини кўриш, хусусан, унинг тўйини ўтказишдан ширин ташвиш бўлмаса керак. А. Тоҳирхўжаев ҳам 2020 йил ёз ойларида уйига совчилар кела бошлаганда буни ҳис қилди. Тўғри, қизи Азимани келин қилиш ниятида хонадон остонасини супуришга тайёр турганлар бисёр эди.

Аммо қизнинг кўнгли туманнинг Тахтакўприк маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳотам Обидовга мойил бўлди. Бинобарин, хонадон соҳиби ва соҳибаси ўзаро маслаҳатлашиб, йигитнинг совчиларига розилик беришди.

Натижада авжи пишиқчилик даври – октябрь ойида тўй бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Ҳотам билан Азима бахтли ҳаёт кечира бошлашди. Елиб-югуриб хизматларини қилгани боис қайнона-қайнотаси ҳам келинни яхши кўриб қолишди. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтиб, фарзандли ҳам бўлдилар.

Турмушларининг учинчи йили, аниқроғи, 2023 йил апрель ойида Ҳотам Жанубий Кореяга ишлагани кетади. Бироқ ўша йили кузда Азима Луқмонхўжаева амакиваччасининг тўйига берухсат боргани боис хўжайини билан жанжаллашиб қолишади. Сўнг ўртага совуқчилик тушиб, ўзаро ишонч йўқолади.

Оқибатда Ҳ. Обидов кунда-кунора телефон орқали рафиқаси билан жанжаллашадиган одат чиқаради. Бу орада иккинчи фарзандлари Асила ҳам дунёга келади. Аммо янги фарзанд ҳам эр-хотиннинг совуқ муносабатига илиқлик бахш этолмайди.

Шундай кунларнинг бирида келин қайнона-қайнотасидан рухсат сўраб, ота-онасиникига боради. Лекин олисдаги Ҳ. Обидов хотини телефон орқали ўзидан рухсат сўраб кетмагани учун ғазаб отига минади. Аҳвол шу даражага бориб етадики, у жаҳл устида “SMS” хабарнома юбориб, хотинининг талоғини беради. Бу эса, шундоғам асаби таранглашиб бораётган Азиманинг сабр косасини тўлдириб юборади. Шу боис у катта фарзандини қайнонасида қолдириб, кичиги Асилани олганча кўч-кўронини йиғиштириб, бутунлай отасиникига кетади.

Доно халқимизда “Кўздан йироқ – кўнгилдан йироқ”, “Меҳр – кўзда” деган гаплар бор. Буни ёдда тутган йигитнинг ота-онаси ўғлидан Жанубий Кореядан қайтишини талаб қилишади. Яъни эр-хотин кўришиб турса, оиласи тикланиб кетар, дея ўйлашади улар.

Ҳ. Обидов кўп ўтмай уйига қайтиб келади. Аммо энди келиннинг онаси Муаттар Камолхонова эр-хотиннинг ярашиб кетишига тўсқинлик қилади.

Қолаверса, заҳарханда гаплари билан куёвининг асабига тегаверади.

Фақатгина куёвининг неваралари билан кўришиб туришига изн беради, холос. Шунда ҳам ўзи хоҳлаган пайтда.

Буни қарангки, қайнонасининг ҳадеганда оилавий ишларига аралашавериши охир-оқибат Ҳ. Обидовнинг жонидан ўтиб кетади. Шу боис ундан ўч олиш нияти пайдо бўлади. Бироқ бунинг учун қулай фурсат келишини кутади.

Ўша куни – 2025 йил 25 июнь куни Муаттар опа Ҳ. Обидовга қўнғироқ қилиб, 3 кун аввал олиб кетган набираси Асилани қайтариб келишини айтади. Аёлнинг қўполлик билан қилган талаби куёвнинг ғазабини келтиради.

– Асила боғчадан чиққач, олиб бораман, – дейди Ҳ. Обидов.

У шундай деб маҳалладаги дўкондан битта ошхона пичоғини сотиб олади. 

Сўнг қизини боғчадан олиб, қайнонасиникига боради.

– Мен хотиним ва болаларим билан яшамоқчиман. Шунинг учун қизим бизнинг уйимизга ўрганиб турса, яхши бўларди, – деб у тушунтиради.

– Қизим энди сиз билан яшамайди, аллақчон унинг жавобини бериб бўлгансиз, – дейди Муаттар Камолхонова жиддий оҳангда.

– Жаҳл устида айтиб юборганман. Қизларимни, оиламни яхши кўраман, – дея ўзини оқлайди куёв.

– Овора бўлманг, мен бунга йўл қўймайман.

Шу тариқа қайнона-куёв ўртасидаги жанжал авж олади. Гап орасида М. Камолхонова Асиланинг отаси бошқа эканлигини айтади. Бу гапни эшитиб, Ҳ. Обидов ортиқ чидаб туролмайди. У ёнидаги пичоқни олиб, қайнонасининг қорнига санчади. Кейин яна ва яна…

Муаттар опанинг бақирганини эшитган овсини, қайноғаси Муҳаммадали Луқмонхўжаев ва қўшнилари ҳовлиқиб кириб келишади. М. Луқмонхўжаев дарҳол “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Бироқ туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида аёлнинг жони узилади.

Ўша куни айни ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилади. Мазкур мудҳиш қотиллик жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судида кўриб чиқилди.

Албатта, суд мажлисида судланувчи ўзини оқлайдиган бир қатор важларни келтирди. Лекин ҳеч бир омил ҳеч кимга ўта оғир жиноят содир этишига изн бермайди. Оқибатда Ҳ. Обидов жазога маҳкум этилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, одатда, ёш эр-хотиннинг ўртасида бирор-бир келишмовчилик юз берса, ота-оналар ёки иккала оиланинг нуронийлари уларга панду насиҳат қилиб, яраштириш чорасини кўришади. Мақсадлари эса, битта – ёш оилани сақлаб қолиш, набираларини тирик етим қилмаслик.

Агар М. Камолхонова қизини яраштирмаган тақдирда ҳам, куёвига босиқлик билан муносабатда бўлганда, эҳтимол, бу фожиа рўй бермасди.

Умуман айтганда, юқорида баён этилган воқеалар ривожига эътибор қаратсак, ҳаммаси ўйламай гапириш, яъни тил келтириб чиқарган жароҳатларга бориб тақалади.

Демак, ўйламай гапириш, андиша-ю масъулиятни ҳис этмаслик кутилмаган фожиаларга сабаб бўлишини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Абдурасул НАРЗУЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой тумани суди раиси

 

photo_2026-01-21_18-09-11

СУД ҚАРОР ҚИЛАДИ: ДАЪВОГАРНИНГ ДАЪВОСИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛСИН!

Яқинда судга “TMS” масъулияти чекланган жамиятининг тугатиш бошқарувчиси Т. Турсунов (корхона номи ва исм-шарифлар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қилди. Унда иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори билан жамият тўловга қобилиятсиз деб топилиб, тугатишга доир иш юритуви белгилангани ва тугатиш бошқарувчиси тайинлангани баён этилган.

Шунингдек, даъво аризасида масъулияти чекланган жамият балансида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесида хонадон мавжуд экани, ушбу хонадон жавобгар Б. Салимов ва унинг оила аъзолари томонидан ноқонуний эгаллаб келинаётгани, у билан ижара шартномаси ёки бошқа турдаги шартномалар тузилмагани, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи берилмагани қайд этилган. Жавобгарга уйни ихтиёрий бўшатиш ҳақида талабнома юборилган, лекин у талабномани қабул қилишдан бош тортиб, суд қарори бўлмаса, уйдан чиқмаслигини маълум қилган.

Бу ҳақда 2025 йил 9 сентябрда маҳалла вакиллари ва гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилган. Даъво аризасида суддан жавобгар Б. Салимов ва унинг оила аъзоларини манзили кўрсатилган хонадондан чиқариш сўралган.

Ўз навбатида, Б. Салимов судга қарши даъво аризаси тақдим қилиб, масъулияти чекланган жамиятнинг тугатиш бошқарувчиси томонидан берилган даъво аризасида келтирилган важлар билан келишмаслигини маълум қилди. Бу хонадон жамият таъсисчиларининг розилиги асосида 2023 йилда тилхат асосида тўланмаган кредитни қоплаш шарти билан 40 000 АҚШ долларига сотиб олингани, низоли хонадонга нисбатан мулк ҳуқуқи жамият номига давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, уй кредит маблағлари эвазига харид қилинганини билдирди.

Б. Салимов қарши даъво аризасида қайд этишича, у масъулияти чекланган жамият раҳбари ва банк ходимларининг розилиги билан ушбу хонадон учун жами 26 000 доллар тўловни амалга оширган, 2023 йил июль ойидан буён турмуш ўртоғи ва 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан бу хонадонда доимий яшаб, солиқ ва барча коммунал тўловларни тўлаб келмоқда. Жамият раҳбарияти томонидан унга эътироз билдирилмаган, мазкур ҳолатлар жамият таъсисчиларининг тилхатлари, гувоҳ ва қўшниларнинг кўрсатмалари, маҳалла маълумотномаси билан тасдиқланган.

Шунингдек, Б. Салимов уйни сотиб олган пайтда нотариал тартибда олди-сотди шартномасини расмийлаштириш имкони бўлмаганини, лекин тўлов ҳужжатлари ҳақиқатда олди-сотди битими тузилганини тасдиқлашини, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат орқали жамият ўз зиммасига хонадонни сотиб олувчи сифатида унга расмийлаштириш мажбуриятини олгани ва уни тўлиқ бажариши лозимлигини билдирди. Қарши даъво талаби дастлабки даъвони инкор қилиши ва рад қилишга асос бўлишини маълум қилди.

Шу муносабат билан Б. Салимов суддан жавобгар “TMS” масъулияти чекланган жамияти тугатиш бошқарувчиси Т. Турсунов ва таъсисчилар зиммасига Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесидаги хонадонни кредит мажбуриятлари билан бирга ўзининг номига мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириш мажбуриятини юклашни сўради.

Суд иш ҳужжатларини муҳокама қилган ҳолда қуйидаги хулосага келди.

Аниқланишича, баҳсли хонадон, Миробод тумани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуси томонидан расмийлаштирилган 2022 йилдаги олди-сотди шартномасига асосан, даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, мулк давлат рўйхатидан ўтказилган. 2022 йил 28 сентябрда банк ва масъулияти чекланган жамият ўртасида кредит шартномаси тузилиб, кредит шартларига кўра, банк қарздорга 8 йил муддатга 60 000 доллар миқдорида кредит ажратган.

Мазкур хонадон 832 500 000 сўмга баҳоланиб, тасарруф этиш ҳуқуқисиз, фақат фойдаланиш ҳуқуқи асосида мулкдорнинг ихтиёрида қолдирилган ҳолда гаровга қўйилган. Шунингдек, ушбу кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида 2023 йил 23 июнда банк, қарздор “TMS” масъулияти чекланган жамияти ва кафил Б. Салимов ўртасида 55 600 доллар миқдорида кафиллик шартномаси тузилган.

Шундан сўнг даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятнинг собиқ таъсисчилари жавобгар Б. Салимовга жамиятга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ва банкка гаровга қўйилган ушбу хонадонни кейинчалик расмийлаштириб бериш шарти билан 40 000 долларга сотган.

Бу пул олингани, суд жараёнлари тугаб, корхонага қўйилган тақиқ ечилгач, ушбу уйни расмийлаштириб бериш ва улар ўртасида 10 000 доллар қарздорлик қолгани ҳақида тилхат ёзиб берилган. Собиқ таъсисчининг 2023 йил 8 июлда ёзилган тилхатида кредит маблағлари эвазига сотиб олинган уйни ўз розилиги билан Б. Салимовга сотиб, эвазига 40 000 доллар олингани, уйнинг кредитини ўзи тўлаши ва тўлиқ тўлов амалга оширилгач, унинг номига ўтказилиши кўрсатилган.

Жамият фаолият юритмагани ва тўловга қобилиятсиз ҳолатига келиб, солиқ ва мажбурий тўловлардан қарздорлиги бўлгани сабабли, суднинг 2025 йил 20 августдаги ҳал қилув қарорига асосан “TMS” масъулияти чекланган жамият тўловга қобилиятсиз (банкрот) деб топилган ва унга нисбатан тугатишга доир иш юритиш белгиланган. Жамиятни тугатиш бошқарувчиси этиб Т. Турсунов тасдиқланган.

Маълумки, “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига асосан, жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчисининг манфаатдорлиги бўлган битимлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз жамият томонидан тузилиши мумкин эмас.

Мазкур қонуннинг 44-моддасига мувофиқ, жамиятнинг кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати жамият мол-мулки қийматининг йигирма бешдан то эллик фоизигачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки жамият бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш жамиятнинг уставига биноан жамият кузатув кенгашининг ваколатига киритилиши мумкин.

Бунда кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун жамиятнинг кузатув кенгаши умумий йиғилиш олдида жавобгар бўлади. Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамиятнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Шунингдек, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг 144-моддасига кўра, қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши, уни инвентаризация қилиши ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши, унинг бут сақланиши чораларини кўриши, қарздорнинг молиявий аҳволини таҳлил этиши, қарздор олдидаги қарзларни ундириш чораларини кўриши, қарздорнинг учинчи шахсларда турган мулкини қидиришга, аниқлашга ва қайтаришга қаратилган чораларни кўриши ва бошқа мажбуриятлар тугатиш бошқарувчисининг зиммасига юклатилган.

Уй-жой кодексининг 70-моддаси иккинчи қисмига асосан, турар жойдан кўчириш суд тартибида амалга оширилади. Қолаверса, Фуқаролик процессуал кодексининг 72-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.

Бироқ жамиятнинг собиқ таъсисчилари қонунчилик талабларига зид равишда, яъни кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган хонадонни гаровга қўйиб, уни кредит таъминоти сифатида нотариал тартибда расмийлаштиришган. Ипотека шартномаси тузилган. Тасарруф этилишига тақиқ қўйилганига қарамасдан, жамиятнинг устави талабларига риоя қилмаган ва жамият кузатув кенгашининг розилиги олинмаган ҳолда, оддий битим шаклида уйни жавобгар Б. Салимовга сотган.

Жавобгар бу хонадон сотувчиларга тегишли эмаслигини билган. Яъни мулкдор бўлмаган шахслар билан олди-сотди битими тузилаётганидан хабардор бўлганлиги ва уй учун пулларни ўз ихтиёри билан бергани ҳолатлари ишни кўриш жараёнида тарафларнинг кўрсатмалари, жавобгарларнинг шахсан тузилган тилхатлари ва тақдим қилинган далил ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топди.

Суд даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамият тугатиш бошқарувчиси Т. Турсуновнинг даъво талабини муҳокама қилиш жараёнида жавобгарлар ноқонуний, жамият ваколатли органининг розилигисиз, рўйхатдан ўтмаган ҳолда жамиятга тегишли уйда яшагани ва уйдан чиқишдан бўйин товлаганини аниқлади.

Хонадондан жавобгарларнинг фойдаланишига жамиятнинг собиқ таъсисчиси рухсат берган. Уларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд эмас. Жавобгар турар жойни таъмирлаш ва коммунал тўловларини қоплаганлиги ҳолати мулк ҳуқуқини вужудга келтирмаслигини, бундай ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг тўлиқ вужудга келишини, жавобгар мулк ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар билан олди-сотди битимини тузиб, унинг ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслигини англаган ҳолда хонадондан фойдаланиб келган.

Суд бу ҳолатлар тарафларнинг суд жараёнида берган тушунтиришлари ва тақдим қилинган ҳужжатлар билан тасдиқланганини ҳисобга олган ҳолда, мулкдорнинг ҳуқуқлари устунлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъво талабини қаноатлантиришни, жавобгарларни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Бешёғоч” мавзесидаги хонадондан мажбурий тартибда кўчиришни лозим топди.

Шунингдек, суд жавобгар Б. Салимовнинг қарши даъво талабини муҳокама қилиб, унда кўрсатилган қонун талаблари тарафлар ўртасида олди-сотди битими тузилганлиги, кредит тўловларини амалга оширганлиги, оила аъзолари билан ушбу хонадонда доимий яшаб, фойдаланаётгани ва коммунал тўловларни қоплагани, жамият томонидан эътирозлар бўлмагани ҳолатлари жамиятда низоли хонадонни мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштириб бериш мажбуриятини вужудга келтириши ҳақидаги важлари билан келишмади.

Ўз навбатида, суд ишни кўриш жараёнида низоли хонадон жамиятнинг таъсисчилари томонидан жавобгарга оддий битим асосида олди-сотди қилингани, хонадонни капитал таъмирлашга ихтиёрий рухсат берилгани ҳолатлари суд жараёнида ўз тасдиғини топганлигига ҳуқуқий баҳо бериб, жавобгар Б. Салимовга оддий битим асосида тўланган 40 000 доллар, кредит учун тўланган пул маблағлари ва хонадонни капитал таъмирлашга сарфланган харажатларни ундириш масаласида тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда судга даъво аризаси билан умумий тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришни лозим топди.

Суд қарорига кўра, даъвогар “TMS” масъулияти чекланган жамиятининг тугатиш бошқарувчисининг жавобгар Б. Салимов ва оила аъзоларига нисбатан уй-жойдан мажбурий тартибда кўчириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.

Хулоса қилиб айтганда, қонун доирасидан четга чиқиш ёки қонун талабларига амал қилмаслик ҳеч кимга манфаат келтирмайди. Демак, ҳар қандай ҳуқуқий муносабатларда, хусусан, ўзаро олди-берди жараёнларида бу ҳақиқатни эсда тутиш ва қонунийликка амал қилиш лозим.

Дилноза ШОМАТОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро

суди судьяси

 

photo_2025-12-16_10-07-20

АФВ – АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК ИФОДАСИ

Афв этиш — бу инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик орқали қонунийлик ва адолатни таъминлашдир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 7 декабрда имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 615 нафар шахс афв этилгани улкан маънавий аҳамиятга эга воқеликдир.

Бу ҳақда сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг судлар томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги фармонлари халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар, аҳоли билан бевосита мулоқотларда оддий одамлар билдираётган миннатдорлик сўзлари бунинг яққол ифодасидир.

Маълумки, илгари ҳар йили юртимизда жиноят содир этган шахсларни кечиришнинг муҳим механизми ҳисобланган амнистия актлари қабул қилиб келинган.

Бироқ амнистияда аввал жиноятлар тоифаси белгиланиб, кейин эса, ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар доираси аниқланган.

Бу эса, қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия таъсирига тушишларига имкон берган ва жиноят содир этган шахсларда жазони ҳис этмаслик каби нотўғри фикрнинг шаклланишига, жабрланган шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу жараёндаги ноҳақликларга барҳам бериш мақсадида мутлақо янгича ислоҳотга қўл урди. Яъни афв этиш ҳақидаги ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим қилиш бўйича махсус комиссия ҳамда ишчи гуруҳлар тузилди.

Кейинчалик афв этишни амалга ошириш бўйича конституциявий ваколатини рўёбга чиқариш механизмлари янада такомиллаштирилди.

Хусусан, 2018 йил 8 майда Президентимизнинг Фармони билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унда афв этиш тўғрисидаги илтимосномани тақдим этиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш, шунингдек, бу масалалар бўйича комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилди.

Низомга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар комиссия билан ўзаро ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг шахсини ўрганади. Шунингдек, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарарнинг қопланганлиги, маҳкумнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, унинг шахсини тавсифловчи ҳолатлар, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи, жабрланганлар, кенг жамоатчилик, маҳкумни яшаш жойи вакилларининг фикри ҳам эътиборга олинади.

Бу, ўз навбатида, ушбу механизмнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминламоқда. Ҳар бир шахснинг озодликдан маҳрум этилиши билан боғлиқ ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг келгусида оила, маҳалла ва ҳудуддаги яшаш шароити ҳисобга олинмоқда.

Статистика маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён 8 мингга яқин маҳкум афв этилган. Куни кеча эълон қилинган Фармон билан бу рўйхат янада ошди.

Янги Фармон асосида афв этилган шахсларнинг 220 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган бўлса, 123 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Шунингдек, 97 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди, 175 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 9 нафарини чет эл фуқаролари, 29 нафарини аёллар, 23 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 264 нафарини ёшлар (шундан 2 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 9 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.

Бу билан қанчадан-қанча адашган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар оиласи бағрига қайтарилди. Уларга жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис қилиш имконияти яратилмоқда.

Мухтасар айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Президентимизнинг “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”, деган сўзлари ҳам тасдиқлайди.

Модомики, шиддатли ислоҳотларимиздан кўзланган асосий мақсад ҳам шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ҳамда улар учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат экан, адашиб жиноят кўчасига кирган, айни пайтда қилмишига пушаймон бўлган ҳамюртларимизнинг тузалиш йўлига кириши, эркин ҳаётга қайтиши ва келгуси тақдирига барчамиз бирдек масъул эканлигимизни унутмаслигимиз даркор.

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани суди раиси

 

photo_2025-12-15_16-56-39

АСОСИЙ МАҚСАД СУДНИ ТОМ МАЪНОДА «АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ»ГА АЙЛАНТИРИШДАН ИБОРАТ

“Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!”. Бу йил Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 33 йиллик байрами ана шундай бош ғоя негизида ўтказилаётгани бежиз эмас. Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий устувор йўналишларини ўзида акс эттирган янги таҳрирдаги Конституция фуқароларимиз, жамиятимиз ҳаётида нақадар юксак аҳамиятга эга эканини амалда намоён этмоқда.

Асосий Қонунимизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ҳамда бирдамлик каби эзгу ғоялар юртимиз ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардаги ифодасини амалий мисоллар — шиддатли янгиланишлар самаралари талқинида яққол кўрсатиб бериляпти.

Ўзгаришларнинг муҳим йўналиши ҳисобланган суд-ҳуқуқ тизимидаги стратегик ислоҳотлар самарасини таъминлашда, албатта, Конституциямизнинг норма ва принциплари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бош Қомусимизга суд ҳокимиятига бағишланган алоҳида XXIII боб киритилган бўлиб, унинг 130-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритадиган суд ҳокимиятининг Конституция даражасида институционал механизмлари белгилаб берилди.

11-моддасидаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади” деган конституциявий принцип амалда бўлишини таъминлайди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг суд ҳокимиятига бағишланган бобидаги 11 та моддада одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши, суд ҳокимиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд қарорлари барча учун мажбурийлиги, судья ва оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш, судьянинг муайян ишни кўришдаги ваколатлари ҳамда судлар фаолиятини молиялаштириш каби 30 дан зиёд муҳим конституциявий нормалар мустаҳкамланди. Буларнинг барчаси судьялар мустақиллиги, одил судлов тизимини демократлаштиришнинг конституциявий асослари қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шартлари сифатида сезиларли даражада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Тизим мустақил бўлмаса, жамиятда ривожланиш бўлмайди

Таъкидлаш жоизки, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлашга, тизим ходимларининг моддий-техника базасини яхшилашга юксак даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари “Суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди” деган фикрни ҳамиша такрорлаши бежиз эмас. Чунки суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим.

Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Бу борада судлар томонидан конституциявий нормалар тўғридан-тўғри ва бир хилда қўлланилиши орқали инсон ҳуқуқларига оид кафолатларни тўлақонли таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шу ўринда Конституция нормалари қўлланиб кўрилган суд ишлари статистикасига эътибор қаратинг: 2023 йил 1 майдан 2025 йилнинг ўтган 10 ойигача бўлган даврда судлар томонидан жами 426 мингдан ортиқ иш ва материалларда янги таҳрирдаги Конституция нормалари тўғридан-тўғри қўлланилди. Хусусан, шу қисқа муддат ичида 67 157 та жиноят иши ҳамда материалида, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 149 665 та иш ва материалда, 75 549 та фуқаролик ишида, 112 149 та иқтисодий ишда, шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 21 535 та маъмурий ишда судлар томонидан бевосита янгиланган конституциявий нормаларга таяниб иш кўрилди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Бугунги кунда ушбу қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш барча босқичдаги судларнинг бош вазифасига айланган.

«Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили

Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2022 — 2025 йилларда Олий суд томонидан 60 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 30 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Бу ҳужжатлар билан “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматининг самарали ҳимоясига йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришилмоқда. Шу орқали халқимиз, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, “Янги Ўзбекистонда — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, соҳага илғор халқаро мезонларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам суд тизими учун “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишида 18 та аниқ вазифа белгилаб берилди.

Суд ислоҳоти доирасида ҳал қилувчи аҳамият касб этган яна бир муҳим ҳужжат — “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан 2023 — 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Унинг доирасида тизим фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя этишга йўналтириш бўлиб, унда адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқ, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш каби 40 та аниқ вазифа белгилаб берилди.

Судларнинг молиявий мустақиллиги кучайтирилди. Суд ҳокимияти мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти фаолияти янада такомиллаштирилди.

Қолаверса, суд ишларини юритишда янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари лавозимлари киритилди, жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.

Хусусан, жиноят иши юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий этилиши билан инсон ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилиниши кафолатланди.

«Электрон одил судлов» тизими ва рақамлаштириш

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 21 августда имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий ҳужжат бўлди. Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ жорий этиш назарда тутилди.

Ушбу технологиялар бюрократик тўсиқларни камайтириш, айниқса, сунъий интеллектга асосланган “ақлли” технотизимлар орқали аризаларни электрон тарзда қабул қилиш, ҳужжатларни автоматлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ва суд қарорларининг шаффофлигини таъминлайди.

Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, жорий йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил қилинади. Тажриба натижалари асосида концепция 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.

Шунингдек, 2023 — 2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, бугунги кунда судларни рақамлаштириш ишлари халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда.

Судлар фаолиятига замонавий технологиялар кенг жорий этилмоқда.

Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими татбиқ қилинди.

Эндиликда судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувда қайд этиб бориш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш каби замонавий ёндашувлар одил судлов самарадорлигини оширишга замин яратмоқда.

Ҳозирда судларнинг ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумотларни электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилди. Бугунги кунда Олий суднинг Интерфаол хизматлар портали ишга туширилиб, у орқали фуқароларга 14 турдаги интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда.

Сингдирилган мезон самараси

Умуман, янгиланган Асосий Қонунимизга сингдирилган “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” мезони бугун амалда ўз ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбари суд соҳаси вакиллари учун энг муҳим вазифалар сифатида белгилаб берган, халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга суд ходимлари таркибини шакллантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш, одил судловга эришиш бўйича мунтазам иш олиб бориш мутлақо янгиланаётган Ўзбекистон шароитида давр талабидир.

Бахтиёр ИСЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

(“Халқ сўзи” газетаси,

2025 йил 2 декабрь)

#thegov_button_69cb71185b79c { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb71185b79c:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb71185b79c { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cb71185b79c:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!