Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-11-05_17-02-14

ЁЛҒОННИНГ ДАСТИ ҲАМ, УМРИ ҲАМ ҚИСҚА

Ҳеч кимга сир эмас, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноий қилмишлар кўпроқ содир этилиши мумкин. Хўш, фирибгарлик нима? Қандай жиноий қилмишлар фирибгарлик деб аталади? Амалдаги қонунларда бундай қилмишларга нисбатан қандай жазо белгиланган?

Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, Жиноят кодексининг 168-моддасига мувофиқ, фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан билиб туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд мулк эгаси ёки бошқа шахсни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.

Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш каби салбий хатти-ҳаракатлар киради.

Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндошлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.

Шу ўринда маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан 2024 йилнинг ўтган олти ойи давомида 79 нафар шахсга нисбатан 60 та фирибгарлик билан боғлиқ жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 1 нафар шахсга нисбатан 1 та иш бўйича — оқлов ҳукми, 74 нафар шахсга нисбатан 56 та иш бўйича айблов ҳукми чиқарилган. Жазо тайинланган шахсларнинг 9 нафарига қўшимча жазо қўлланилган. 36 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, енгилроқ жазо тайинланган. 4 нафар шахсга нисбатан юритилган 4 та жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган.

Мисол тариқасида айтсак, судланувчи Тўлқин Розиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Жиззах шаҳрида чет давлатга ўқиш ниятида бўлган Толиб Суннатов ва Нодир Абдиевнинг ишончини қозониб, алдаш йўли билан уларнинг катта миқдордаги маблағини қўлга киритган.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, у жабрланувчиларни Корея Республикасидаги олий таълим муассасаларининг бирига ўқишга киритиб қўйиши тўғрисида ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайдиган ёлғон маълумотларни айтиб, ишонтиради ва бундан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланади. Натижада Т. Суннатовнинг 7 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Бундан ташқари Т. Розиқов Аббос Салимов ва Нозим Фозиловни Корея Республикасига тадбиркор сифатида ишга юборишини айтиб, алдов йўли билан жабрланувчи А. Салимовнинг 15 000 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини фирибгарлик йўли билан олади.

Албатта, бу фирибгар кимса ўзининг ғаразли мақсадига етолмади, охир-оқибат унинг қилмиши фош этилиб, қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.

Фирибгарликни касб қилган Т. Розиқовга нисбатан суд томонидан жазо тайинлашда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда қилмишининг сабаблари инобатга олинди, судланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят иши бўйича етказилган зарарни тўлиқ қоплагани, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмагани, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этилди ва қонун санкциясида назарда тутилган доирада жазо тайинланди.

Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ­ки, ишламасдан осонгина пул топиш йўлини танлаганлар, эртами-кечми, барибир қонун олдида жавоб беради.

Бировнинг ҳақи ҳеч қачон бошқага буюрмайди. Халқимиз “Барака, кўнгил хотиржамлиги — ҳалолликда”, деб бежизга айтмаган.

Бу ҳикматга амал қилмаслик, тезда бойиб кетиш илинжида нопок йўл билан пул топишга уриниш эса, охир-оқибат юзшувутлик билан тугашини унутмаслик керак.

Шу ўринда жабрланувчиларнинг ишонувчанлиги ва соддалиги фирибгарларнинг жиноий қилмишни содир этишда қўл келаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Демак, фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун, аввало, ҳар биримиз ҳаётга очиқ кўз билан қараб, қонун талабига оғишмай амал қилишимиз талаб этилади.

Намозбой МУХТОРОВ,

Жиззах вилояти суди

судья катта ёрдамчиси

photo_2024-11-05_16-57-02

АСОССИЗ ҲИСОБЛАНГАН ҚАРЗДОРЛИК ЖАВОБГАРГА МАЖБУРИЯТ ЮКЛАТИЛИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда қонунчилик базасининг тубдан мустаҳкамлангани, судлар томонидан ишларни кўришда қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари тўлиқ таъминланаётгани, хўжалик юритувчи субъектларнинг қонуний манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинаётгани амалда ўзининг ёрқин самарасини бермоқда.

Гап қонунчилик хусусида борар экан, даставвал Конституциямизнинг 55-моддасига тўхталиш жоиз. Мазкур моддада қайд этилишича, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга ушбу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Айтиш керакки, Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси юқорида қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, “Ҳалол ризқ” (номи ўзгартирилди) масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга даъво ариза билан мурожаат қилди. Даъво аризасида жавобгар “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти зиммасига даъвогарга нисбатан асоссиз ҳисобланган 35 миллион 816 минг 800 сўм қарздорлик ва 7 миллион 457 минг 266 сўм пеняни “Электр ҳисоб” дастуридан чиқариш мажбуриятини юклаш сўралган.

Ишдаги ҳужжатлардан маълум бўлишича, тарафлар ўртасида 2023 йил 23 январда “Улгуржи истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш тўғрисида”ги шартномаси тузилган бўлиб, унинг 2.2-бандида етказиб берилган электр энергиясининг шартнома тузилган кунидаги нархи 450 сўмни ташкил этиши белгиланган.

Жавобгар вакиллари даъвогарга тегишли умумий овқатланиш шохобчасида ўрганиш ўтказиб, электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолати юзасидан 2023 йил 10 февралда QB 1718000-18206386-сонли далолатнома расмийлаштиришган. Етказилган зарар акциядорлик жамиятининг “Электр ҳисоб” дастурига киритилган.

Аммо масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари 2023 йил 26 июнда жавобгарга хат орқали мурожаат қилиб, далолатнома асосида расмийлаштирилган 35 миллион 816 минг 800 сўм зарар асоссиз ҳисобланиб, “Электр ҳисоб” дастурига киритилганини билдирган.

Ўз навбатида, “Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят бўлими ходимлари томонидан бу ҳолат ўрганиб чиқилган ва ҳақиқатан ҳам, QB 1718000-18206386-сонли далолатнома нотўғри тузилгани, қоидабузарлик ўз тасдиғини топмагани маълум қилинган.

Шундан сўнг даъвогар томонидан жавобгарга асоссиз ҳисобланган қарздорликни ихтиёрий равишда “Электр ҳисоб” дастуридан чиқариш ҳақида талабнома юборилган. Аммо жавобгар томонидан бу талабнома ҳам оқибатсиз қолдирилган. Натижада томонлар ўртасида низо келиб чиққан.

Таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори биринчи иловасининг 57-бандида истеъмолчи Бюро томонидан тузилган далолатнома билан танишиб, уни имзолаши зарурлиги алоҳида қайд қилинган. 60-бандида эса, барча электр энергияси истеъмолчилари (маиший истеъмолчилардан ташқари) ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда ҳисоб-китоб даври тамом бўлгандан кейин ҳар ой беш кун мобайнида фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китобларнинг таққослаш далолатномасини тузишлари шартлиги кўрсатилган.

Мазкур илованинг 122-банди талабига кўра, электр энергиясидан фойдаланишда истеъмолчи томонидан йўл қўйилган қоидабузилишлар Бюронинг вакили ва истеъмолчи томонидан имзоланган икки нусхадаги далолатнома билан расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади. Истеъмолчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, қоидабу­зилиш ҳақида далолатнома тузилиб, бу ҳақда истеъмолчини таништирганлик тўғрисида белги қўйилиши лозим.

Энди юқорида баён этилган низога қайтадиган бўлсак, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти вакиллари томонидан расмийлаштирилган QB 1718000-18206386-сонли далолатномада истеъмолчи вакили сифатида Иномжонов кўрсатилган. Бироқ далолатнома Иномжонов томонидан имзоланмаган. Бундан ташқари далолатномада истеъмолчини таништирилганлик тўғрисида белги ҳам қўйилмаган.

Бундай ҳолатда, суд жавобгар ҳақиқатда истеъмол қилинмаган, асоссиз ҳисобланган 35 миллион 816 минг 800 сўм қарздорлик ва 7 миллион 457 минг 266 сўм пеняни даъвогар ҳисобига асослантирувчи ҳисоб-китобни тақдим этмаган ҳолда “Электр ҳисоб” дастурига киритган, деган тўхтамга келди.

Шу тариқа суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти зиммасига асоссиз ҳисобланган 35 миллион 816 минг 800 сўм қарздорлик ва 7 миллион 457 минг 266 сўм пеняни «Ҳалол ризқ» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан “Электр ҳисоб” дастури орқали чиқариш мажбурияти юклатилди.

Хулоса ўрнида айтганда, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари судларда ишончли ҳимоя қилиниши халқимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади. Шунингдек, жамиятимиз тараққиётини таъминловчи катта куч — тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тўлиқ рўёбга чиқиши мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Улфат ҲОМИДОВ,

Самарқанд шаҳар

иқтисодий суди судъяси

photo_2024-11-05_16-50-50

ОНА ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ СУД ТАРТИБИДА ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Оила — жамиятнинг кичик бўлаги. Айниқса, янги рўзғорни йўлга қўйишнинг ўзига яраша гашти ҳам, синовли қийинчиликлари ҳам кўп бўлади. Шундай экан, вояга етган қиз турмушга чиққач, янги муҳитга мослашиши осон кечмайди, албатта.

Бир хонадоннинг гулдай қизи Дилрабо Ўктамова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 2018 йил март ойида Умидбек Ўктамов билан қонуний никоҳдан ўтиб, оила қуради. Ўша пайтда бу икки ёш бахтдан масрур эдилар. Бир йил ўтгач, тўнғич фарзанди Шаҳина дунёга келади.

Аслида, фарзанд ота-онани бир-бирига боғлаб, оила мустаҳкамлигини таъминловчи ришта саналади. Бироқ Ўктамовлар хонадонида бундай бўлмади. Яъни қизалоқ икки ёшга етар-етмас Умидбек билан Дилрабонинг осуда ва бахтли ҳаёти издан чиқиб кетади. Аниқроғи, келин икки хил фикрли қайн­онаси ва эри билан муроса қилолмай қолади. Чунки У. Ўктамов бўлар-бўлмасга хотинининг кайфиятини бузадиган, ҳуда-беҳуда жанжаллашадиган одат чиқаради. Ёш оиланинг турмуши шу зайлда кечар экан, 2022 йилда иккинчи фарзандлари Муслима туғилади. Бироқ янги меҳмон ҳам аллақачон совуқчилик тушиб, дарз кетган оила қўрғонини сақлаб қололмайди. Охир-оқибат 2023 йил июнь ойида аёл қизларини олиб, ота уйига кетишга мажбур бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Дилрабо туғилиб ўсган хонадонда ота-онаси, беш нафар синглиси ва битта укаси бирга яшашарди. У қизлари билан боргач, оила аъзолари сони 10 нафарга етади. Табиийки, бундай вазиятда рисоладагидек яшаш қийин. Шунинг учун отасиникида икки-уч ой тургач, Д. Ўктамова яна ўзининг уйига қайтиб боради. Лекин хонадон эгалари уни уйга киритишмайди. Фақатгина набираларининг уйга кириши ва қолишига изн беришади, холос. Бундай муносабатни кўриб, Д. Ўктамова қизлари билан яна отасининг уйига қайтиб кетишга мажбур бўлади.

Шунчалик кўнгил хижиллигига қарамай у яна бир неча ой сабр қилади.

Аммо аҳвол барибир ўнгланмайди. Шундан сўнг у фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзи ва 2 нафар фарзандини қайнона-қайнотаси истиқомат қилаётган хонадонга киритиб қўйишни сўрайди.

Тўғри, У. Ўктамов 2023 йил август ойидан буён икки қизининг моддий таъминоти учун алимент тўлаб келмоқда. Бироқ бу Дилрабонинг уй сотиб олиши ёки фарзандлари билан бирга ижарада яшаши учун етарли эмас.

Аслида, қонун ҳам бундай сансалорликка асло йўл қўймайди. Чунки Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга, мулкдор берган турар-жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам, уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Суд шундай қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантирди, Дилрабо Ўктамовани қизлари Шаҳина ва Муслима Мирзаевалар билан бирга қайнотаси М. Тўлқиновга тегишли уй-жойга фойдаланиш учун киритиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, оилада ёки эр-хотин ўртасида рўй берадиган майда низолар, арзимайдиган келишмовчиликлар гулдек бир оиланинг парчаланиб, тўзғиб кетишига сабаб бўлолмайди. Чунки оила —қутлуғ маскан, унда эртанги кун эгалари, авлодлар давомчилари — фарзандлар вояга етишини эътиборга олсак, бу масканнинг ҳар жиҳатдан мустаҳкамлиги ва тинч-тотувлигини таъминлаш оиланинг ҳар бир аъзоси, қайнота, қайнона, эр-хотин ва бошқаларнинг зиммасидаги энг масъулиятли бурчдир. Зеро, ҳар жиҳатдан мукаммал, ҳам ота-она, ҳам бобо-бувиларнинг меҳри устувор оилада комил фарзандлар вояга етишини эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Бу борада йўл қўйилган эътиборсизлик ва хатолар эса, ҳеч қачон изсиз кетмайди.

Дилдора БАБАЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Юқори Чирчиқ туманлараро суди судьяси

photo_2024-11-05_16-42-44

МУЛК ҲУҚУҚИДАН ФОЙДАЛАНИШ БОШҚАЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ БУЗМАСЛИГИ ШАРТ

Аввало, шуни айтиш керакки, уй-жойлар билан боғлиқ низоларни тўғри ва адолатли ҳал этиш, бу борадаги муаммо ва чигалликларни бартараф қилиш, моҳиятан, жуда нозик масала бўлганлиги сабабли судлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Шунинг учун ҳам ушбу тоифадаги ишлар судлар томонидан қонун талаблари билан бир қаторда, инсон қадри ва манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда, атрофлича таҳлил қилиниб, адолатли ҳал этилмоқда. Баъзан бу жараёнда илгари йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам изчил бартараф этилмоқда.

Буни Урганч шаҳрининг Фидокор маҳалласида яшовчи И. Бобомуродовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) оид ҳуқуқий масалалар ва унинг якунлари яққол тасдиқлайди. Аниқроғи, судга И. Бобомуродовнинг ишончли вакили У. Бобомуродов даъво аризаси билан мурожаат қилиб, отасига тегишли уйга эгалик қилишда юзага келган низони бартараф этишни сўраган

Судда аниқланган ҳолатларга қараганда, жавобгарлар А. Солиев, К. Ибодуллаева, Р. Солиев, М. Раҳмонова, П. Солиев, О. Олламуродова ва Г. Солиевлар И. Бобомуродов томонидан 2023 йил 14 январда сотиб олинган уйда таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини амалга оширишга ушбу уй бўйича паспорт рўйхатида туришгани ва унда бир умр яшаб келишаётганини рўкач қилиб, қатъий қаршилик кўрсатишган. Бу даъво шу пайтгача ўтказилган барча суд жараёнлари ва ўзаро оилавий муносабатлар чоғида низо марказига кўчган. Судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ишончли вакил У. Бобомуродов, ушбу эътирозларни рад этган ҳолда, жавобгарлар зиммасига отаси И. Бобомуродов тарафидан сотиб олинган уйда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклашни сўраган.

Туманлараро суднинг ҳал қилув қарори билан ишончли вакил У. Бобомуродовнинг даъвоси қаноатлантирилиб, жавобгар А. Солиев ва бошқаларнинг зиммасига ушбу уйда қурилиш ишларига қаршилик қилмаслик мажбурияти юклатилган. Бу эса, жавобгар фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлган. Натижада иш кассация судига кўчган. Яқинда  бу  жараён ҳам ниҳоясига етди. Унда дастлабки босқич суди ушбу фуқаролик ишини кўришда иш учун аҳамиятга эга ҳақиқий ҳолатларни аниқламагани, моддий ҳуқуқ меъёрларига тўлиқ мос мазмунда қарор қабул қилмагани маълум бўлди. Аниқланишича, биринчи босқич суди низоли уй И. Бобомуродовга мулк ҳуқуқи асосида тегишли экани ҳақидаги қоидага суянган. Қонун талабига кўра, мулкдор чиндан ҳам, ўзига қарашли турар жойга ўз хоҳиши ва манфаатлари асосида эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, мулк ҳуқуқи бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга ва бу ҳолат суднинг ҳал қилув қарорида ўз ифодасини топган.

Бироқ вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича кассация ҳайъати дастлабки босқич судининг бу мазмундаги хулосаси билан келишмади.

2023 йилнинг 14 январида нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан, И. Бобомуродов томонидан сотиб олинган уйга нисбатан А. Солиев ва бошқа фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари эътироф этилган. Суд эътиборни мазкур олди-сотди шартномасининг А. Солиев ва бошқа фуқаролар ушбу ҳужжат имзоланганидан сўнг ҳам ўзлари яшаётган бинодан турар-жой сифатида фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолишлари ҳақидаги бандига қаратди.

Яъни низоли уй даъвогар И. Бобомуродовга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлса-да, ундан жавобгарларнинг ҳам фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолинган.

Маълум бўлишича, даъвогар мақомидаги У. Бобомуродов судга аввал ҳам мурожаат қилган: жавобгарларнинг низоли уйдан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилишни сўраган. Бироқ унинг мурожаати қонун талабига кўра, аввал фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди, кейинчалик эса, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция инстанцияси томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Ваҳоланки, Уй-жой кодексининг 11-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, шахс ўзига тегишли турар жойга фуқаролар ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган ҳолда, ўз хоҳиши ва манфаатларига кўра, эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши мумкин.

Гарчи даъвогар судга юборилган даъво аризасида И. Бобомуродовга тегишли бўлган уйда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришга тўсқинлик қилмаслик юзасидан жавобгарлар зиммасига мажбурият юклаш масаласини илгари сурган бўлса-да, ушбу ишни кўриб чиқиш жараёнида унинг бу турар жойни бутунлай бузиб ташлаб, янгидан қуриш ниятида эканлиги маълум бўлди.

Аниқроқ айтганда, даъвогар И. Бобомуродовнинг ишончли вакили У. Бобомуродов эндиликда ушбу турар жойни бузиб, янгидан қуриш учун ваколатли идоралардан рухсат олган бўлса-да, қурилиш ишларини олиб бориши (бузиб, янгидан қуриши) низоли турар-жойда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган жавобгарларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузишга олиб келади. Бинобарин, Шаҳарсозлик кодексининг 8-моддасига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик фаолияти, агар бундай фаолият чегарадош ер участкалари, реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) ҳамда бошқа кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг, эгаларининг ҳамда улардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалга оширилишига монелик қилса, чекланиши лозим.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 172-моддасига кўра, мулкдорнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт. Мулкдор ўзининг устунлик мавқеини суиистеъмол қилишга, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситадиган ўзга ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Шу боисдан ҳам, судлов ҳайъати қонун талабига биноан, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди, даъвогар И. Бобомуродовнинг ишончли вакили У. Бобомуродовнинг мажбурият юклашга доир талабини қаноатлантиришни рад этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролар судга мурожаат қилганда кўпинча ўз манфаатлари рўёбга чиқишини хоҳлайди. Адолат эса, холислик ва қонунийликка таянади. Шундай экан, ҳар бир ариза асосида қўзғатилган фуқаролик ишларини, тарафлар ўртасида юзага келган низони процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда қонуний муддатда, тўғри ва адолатли ҳал этиш — адолат посбонларининг вазифаси, касбий бурчидир. Бу ҳол жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этишини доимо эътиборда тутиш лозим.

Хушнуд Балтаев,

Хоразм вилояти суди

фуқаролик  ишлари  бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2024-11-05_16-31-19

ХОРИЖЛИК ФУҚАРОЛАР КЎЧМАС МУЛК СОТИБ ОЛИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Мамлакатимиз йилдан-йилга серқуёш иқлими, гўзал табиати, барқарор иқтисодиёти ва бошқа кўплаб кенг қамровли имкониятлари билан хорижий инвесторларни ўзига жалб қилмоқда. Тоғли ҳудудларимизнинг ўзига хос манзараси, сўлим об-ҳаво ва ишлаб чиқариш учун қулай инфратузилмаси сайёҳларни оҳанрабодай ўзига чорлайди. Шу боисдан ҳам, юртимизда туризм жадал ривожланиб бормоқда.

Туризм – давлат учун муҳим даромад олиб келувчи манбаи ҳисобланади.

Шу маънода, Президентимизнинг 2022 йил 8 апрелда қабул қилинган “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиши учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Фармони барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, коррупциявий иллатларни бартарф этиш ва соғлом, рақобатбардош муҳитни ривожлантиришга қаратилган.

Фармон қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотиб олиш учун тўловларни 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилиши имкониятини беради. Бунда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича камида 35 фоиз миқдорида тўлов амалга оширилганда, қолган тўловларни кредит асосида тўлаш мумкин.

Бунинг натижасида хорижий фуқароларга инвестиция киритиш учун кенг имкониятлар яратилади. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 майдаги қарори билан 111 та хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда янги қурилаётган уй-жойлардан сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилди.

Бунда сотиб олинадиган янги қурилаётган уй-жойларнинг нархи Тошкент, Самарқанд шаҳарлари ва Тошкент вилояти ҳудудида – қурилиш даврида бўлган шартномаларга — 150 минг, қуриб битказилган бўлса, 180 минг АҚШ долларидан кам бўлмаслиги лозим. Бошқа ҳудудлардаги нархлар қуриб битказилмаган кўчмас мулк бўлса, 70 минг, қуриб битказилган бўлса, 85 минг доллардан кам бўлмаслиги керак.

Агар хорижий фуқаро Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиши лозим бўлса, кўчмас мулкнинг нархи 300 минг АҚШ долларидан кам бўлмаслиги шарт. Бу ўзгартишлар хорижий инвесторларга жуда кенг имкониятлар яратиб беради.

Яъни инвестиция орқали кўчмас мулк сотиб олиш, қуриш ва кейинчалик уни тасарруф этиш имконияти берилади. Натижада мамлакатимизда жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнимизни қатъий белгилаш, туризмни янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари янада ортади.

Айни тажриба хорижий давлатларда анча олдиндан қўлланиб келинмоқда.

Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси биз ҳам электрон ҳукумат тизимига жадал равишда ўтишимиз лозимлигини кўрсатади. Хусусан, Ўзбекистонда хорижий фуқаролар ва инвесторлар учун ягона кўчмас мулк сотиб олиш ва реализация қилиш агентлиги ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу, ўз навбатида, хорижий фуқаро ёки инвесторларга Ўзбекистонга шахсан ташриф буюрмаган ҳолда ушбу агентлик орқали мулкларни сотиб олиш, давлат рўйхатидан ўтказишда қонуний ёрдам бериши ҳамда маълум бир ҳақ эвазига ушбу мулкни қўриқлаш хизматини кўрсатиш имкониятини яратади. Бундай агентлик хорижий инвесторларнинг иқтисодиётимизга сармоя киритиши учун ишончини янада оширади.

Сунбула Умарова,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

photo_2024-10-25_17-52-43

СОХТА «ИШҚ» МОЖАРОСИ

Ҳаётда ҳар бир инсон учун оиладан муқаддас ва азиз маскан йўқ. Чунки оилада келажагимиз эгалари — фарзандларимиз дунёга келиб, вояга етади, миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар ҳам фақат шу гўшада ривож топади.

Албатта, ҳар бир оиланинг мустаҳкам ва тинч-тотув яшаши, аввало, эр-хотиннинг аҳил-иноқлиги, масъулиятни нечоғлик ҳис этишига бевосита боғлиқ.

Яъни эр ва хотин оила масъулиятини чуқур ҳис этса, ҳар доим бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, бундай оила, табиийки, мустаҳкам бўлади.

Ўз навбатида, эр ёки хотиннинг оилавий қадриятларга беписандлик билан қараши, нафақат ушбу масканнинг хароб бўлишига, балки оғир фожиаларга ҳам олиб келади.

Шоҳиста Бобожонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) оилавий турмушга аввал-бошданоқ енгил назар билан қаради. Бошида кўз очиб кўрган умр йўлдоши турганини назарига илмади. Натижада бир неча йилгина муқаддам яралган оила инқироз­га юз тутди. Орадан яна икки йил вақт ўтди. 2023 йилга келиб, оилани сақлаб қолишга қаратилган уринишларнинг бари зое кетди. Бу орада эр саналмиш Сардор Қурбонов бошқа аёл билан турмуш қурди. Оила қўрғони буткул барбод бўлди, ўртадаги қонуний никоҳ бекор қилинди. Бунинг индаллоси эса, 2019 йили бўлиб ўтган арзимасгина бир воқеадан бошланди. Ўшанда С. Қурбонов бир неча ой муқаддам хонадонига келин бўлиб тушган Шоҳистани “Хоразм Шифо” (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси раҳбари Фарида Жуманиёзованинг ҳузурига бошлаб келади.

С. Қурбонов Фарида Жуманиёзова билан илгаридан таниш, муқаддам ушбу хонадондаги қурилиш-таъмирлаш ишларни бажариб, уларнинг ишончини қозонганди.

Шу боис хусусий корхона раҳбари Ф. Жуманиёзова унинг хотинини тадбиркорлик шохобчаси қарамоғидаги дорихонага сотувчи сифатида ишга олиш ҳақидаги илтимосини ерда қолдирмади. Ш. Бобожонова ҳам тез орада дорихона юмушларини ўрганиб олди. Дастлаб ишлар рисоладагидай кечди. Фарида Жуманиёзова ҳам Шоҳистанинг ишидан мамнун эди, у бир неча марта энди дорихона сотувчига ёлчиди, деб мақтаб ҳам қўйди. Шоҳиста корхона раҳбарининг турмуш ўртоғи Сафарбой ака билан айниқса, тез тил топишди. Улар ўртасидаги муносабатлар қуюқлаша борди. Орадаги “сир”дан деярли ҳеч ким хабар топмади. Фақат Шоҳистанинг сирли қадамларию кун сайин ўзгариб бораётгани эри С. Қурбоновнинг эътиборини тортмай қолмади.

Шу тариқа уларнинг ҳаёти муаммолар гирдобига тушди. С. Қурбонов атиги бир неча ой муқаддам хотинини ишга жойлаштиришни Ф. Жуманиёзовадан илтимос қилган бўлса, энди фикрини ўзгартириб, уни ишдан бўшатишни сўради. Унинг бу талаби, табиийки, хотинига ёқмади. У турмуш ўртоғининг ишдан бўшаш ҳақидаги талабини кескин рад этди.

Бунинг устига Ф. Жуманиёзованинг эри Сафарбой ака ҳам бунга қарши чиқди.

Шу тариқа бу оила боши берк кўчага кириб қолди. С. Қурбонов аччиқ устида бошқа аёлга уйланиб олди. Бунга тоқат қилолмаган Шоҳиста хусусий корхона раҳбари Фарида опага бир неча марта дардини ёрди. У Сафарбой акадан эса, имкон бўлса, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан янги дорихона очиб беришни сўради. Бу таклиф Сафарбой акага ҳам маъқул тушди.

Хусусий корхона раҳбари томонидан ташкил этилган янги дорихона 2023 йилнинг октябрь ойида Урганч шаҳрининг бошқа ҳудудида тадбиркорлик субъектининг 2-шохобчаси сифатида ўз фаолиятини бошлади.

Шоҳистанинг айтишича, хусусий корхона раҳбари Ф. Жуманиёзова билан муносабати ўша кезларда ҳам илиқ бўлган. Лекин бу ҳол узоқ чўзилмаган.

2023 йилнинг ноябрига келиб, Ф. Жуманиёзова ҳам эри билан Шоҳиста ўртасидаги гап-сўзлардан хабар топган ва жанжал кўтарган. Эри Сафарбойнинг Шоҳистага “Бизнинг оилавий турмушимиз яхши эмас, шу сабабли сени иккинчи хотинликка олмоқчиман”, деган гаплари қулоғига чалинганини пеш қилган. Шундан сўнг бу икки аёл ўртасидаги муносабатлар буткул издан чиқиб, низо пайдо бўлган.

Орадан кўп ўтмай навбатдаги жанжал рўй беради. Бунга Фарида Жуманиёзова Шоҳистанинг Сафарбой акага ёзган “Барини хотинингизга айтаман”, — деган “СМС” хабарини ўқигани сабаб бўлади. Ф. Жуманиёзова аламдан ўзини қаерга қўйишни билмай дорихона томон ошиқади. Хотинининг жаҳлини кўриб, Сафарбой ака ҳам унинг ортидан дорихонга етиб келади. Шоҳистанинг онаси ҳам шу ерда эди.

Сафарбой ака қараса, вазият таранг, шу боис кўнглидагини очиқ-ошкор тўкиб солади: у Шоҳистага уйланишини маълум қилади.

Буни эшитиб, Ш. Бобожонова ҳам сесканиб тушади. Эрининг гапини эшитиб, Ф. Жуманиёзованинг эси оғаёзди. У ўзига нисбатан бу ҳақоратни ҳазм қилолмайди, заҳрини эри бир ёқда қолиб, Ш. Бобожоновага сочди.

Буни қарангки, бир-икки йил муқаддам Ш. Бобожонованинг оиласи бошига ёғилган кулфат энди Ф. Жуманиёзованинг хонадонига аросат уруғини сочади. Учовлон ўртасидаги зиддият-келишмовчиликлар одатий тусга киради. Ш. Бобожонова бошқараётган дорихона низо ва ғавғонинг уясига айланади.

2023 йилнинг 30 ноябрь куни улар ўзаро муносабатга “аниқлик киритиш” учун яна Ш. Бобожонова ишлаётган дорихонага йиғилишади. Аммо Ш. Бобожонова қаттиқ жазавага тушиб, эр-хотинга бақиради: “Мени ўлдиринглар, ҳаммасидан қутуласизлар!…”

…Вазият кескин тус олади ва кутилмаганда, мудҳиш воқеа рўй беради. Ш. Бобожонова қаттиқ жазавага тушган кўйи ёнидагиларга “Ҳозир ўзимни-ўзим ўлдираман”, — дея таҳдид солади ва ҳеч иккиланмай стол устидаги пичоқни қўлига олади. У пичоқни даст кўтарганча ҳеч кутилмаганда, ўзига эмас, балки ёнида турган Ф. Жуманиёзовага санчади…

Оғир жароҳат олган аёлни зудлик билан касалхонага олиб боришади.

Судланувчи Ш. Бобожонова судда айбига қисман иқрорлик билдирди.

Дорихонада содир бўлган мудҳиш воқеа тафсилотларига аниқлик киритди, ўзи қўл урган жиноий қилмишни эҳтиётсизликка йўйди. Шифокорларнинг тезкор саъй-ҳаракати боис ҳаёти сақланиб қолган жабрланувчи Ф. Жуманиёзова ва унинг машъум ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган турмуш ўртоғи Сафарбой ака ҳам воқеага айнан шу тарзда аниқлик киритишди.

Судда айбланувчининг бу қилмиш оддий эҳтиётсизлик оқибатида рўй бергани ҳақидаги кўрсатмаси далиллар етишмагани боис инобатга олинмади. Аслида, бу қилмиш қасддан қилинган ҳаракатнинг мантиқий натижаси бўлгани тасдиғини топди. Шу боис тергов идораси томонидан Ш. Бобожоновага нисбатан Жиноят кодексининг баданга қасддан оғир шикаст етказишни назарда тутувчи 104-моддаси 2-қисми “л” банди бўйича қўйилган айб асосли, деб топилди. Айни пайтда Ш. Бобожонованинг қилмишига иқрорлиги, оилавий шароити, қарамоғида бир нафар фарзанди борлиги жиноят учун тайинланиши лозим бўлган жазони сезиларли даражада енгиллаштиришга асос бўлиши қайд этилди. Судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашни тақозо этувчи 57-моддасини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Судланувчи Ш. Бобожонова ана шу ҳуқуқий асосларга кўра, икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, оилавий муносабатларга енгил-елпи назар билан қараш ҳеч қачон хайрли якун топмайди. Чунки оила муқаддас маскан, уни кўз қорачиғидек асраб-авайласак, дахлсизлигини таъминласак, ўзлигимизни, фарзандларимиз келажагини таъминлаган бўламиз.

Руслан Бобожонов,

жиноят ишлари бўйича

Янгибозор тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2024-10-13_15-34-03

БАРҲАМ ТОПГАН НИЗО ЁКИ ҚОНУН МУЛК ЭГАСИНИНГ МАНФААТИНИ ЁҚЛАДИ

Ҳаётда инсоннинг барча ҳуқуқлари ичида мулк ҳуқуқи муҳим ўрин тутади. Албатта, мулк ҳуқуқи ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, балки ҳар ким бунга пешона тери тўкиб, ҳалол меҳнати эвазига эришади.

Шу боисдан ҳам, фуқароларнинг мулк ҳуқуқи кафолатли ҳимоя қилиниши амалдаги қонунларда қатъий белгилаб қўйилган.

Ҳаётда фуқароларнинг мулк ҳуқуқи турли сабабларга кўра бузилиши мумкин. Албатта, бундай вазиятда ҳар бир фуқаро бузилган мулк ҳуқуқини тиклашни сўраб, судга мурожаат қилади.

Хайринисо Латипова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Иноят Ўсаров билан қонуний тартибда никоҳдан ўтиб, уч нафар фарзандли бўлишган.

Болаларнинг олди вояга етганида тўсатдан оиланинг бошига мусибат тушади: оила бошлиғи И. Ўсаров 2011 йилнинг 13 августида вафот этади.

Оиладаги йўқотишдан сўнг уч-тўрт йил ўтгач, Х. Латипова ва унинг фарзандлари Рустам, Равшан ва Динаралар хорижга ишлаш учун кетишади. Уйдан Хайринисонинг онаси Зубайда опа хабар олиб турарди.

Содда ва ишонувчан онахон ижарада туриш учун жой сўраб келишса, уй эгаларининг рухсатисиз, нотаниш оилани вақтинча яшаб туриш шарти билан ҳовлига киритади. Шу тариқа Ф. Аширматов ва унинг оила аъзолари марҳум И. Ўсаровга тегишли уй-жойда яшай бошлайди.

Воқеанинг давоми шундай кечади: Х. Латипова фарзандлари билан Самарқандга қайтгач, ўзларига тегишли Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчасидаги ҳовлида нотаниш оила яшаётганини кўришади. Улар ижарада яшаётган оилага хориждан қайтишгани, энди ҳовлида ўзлари яшашини батафсил тушунтиришади. Аммо ижарада турадиган оила бошлиғи Ф. Аширматов кутилмаганда, тўнини тескари кийиб олади, “ҳовли меники, сизларнинг ҳаққингиз йўқ” деб уларни ичкарига киритмайди.

Узоқ тортишувлардан сўнг ҳам, Ф. Аширматов муросага келмагач, Х. Латипова мулк ҳуқуқини тиклашни сўраб, судга мурожаат қилади.

Унинг мурожаатини кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2023 йил 4 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиради. Бироқ вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 7 ноябрдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Хўш, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори нега бекор қилинди?

Даъвогар ноҳақ эдими?

Гап шундаки, оила бошлиғи И. Ўсаров вафот этгач, даъвогарлар уй-жойга ҳали меросхўр деб топилмаган эди. Апелляция инстанцияси суди даъвогарлар уй-жойга нисбатан меросхўр деб топилмаганини назарда тутиб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилганди.

Шундан сўнг Х. Латипованинг навбатдаги даъво аризасини фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди шу йилнинг 11 январдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирди. Унга кўра, марҳум И. Ўсаровга тегишли бўлган Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси, 25-уй-жойнинг 3/4 қисмига — Х. Латипова, Р. Ўсаров эса, 1/4 қисмига қонун бўйича меросхўр деб топилди.

Уларнинг уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи 2024 йилнинг 26 февралида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Демак, улар уй-жойнинг қонуний эгасига айланишди. Шу боис улар бузилган мулк ҳуқуқини тиклашни сўраб, судга мурожаат қилишди.

Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди очиқ суд мажлисида даъвогар Х. Латипованинг жавобгарлар Файзулла ва Фазлиддин Аширматов, Шаҳноза ва Дилшода Аширматоваларга нисбатан уй-жойдан чиқариш ҳақидаги даъво аризаси асосида юритилган фуқаролик иши кўриб чиқилди.

Конституциямизнинг 55-моддаси биринчи қисмида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлиги белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 66-моддасига кўра, мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.

Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Суд юқорида қайд этилган қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво талаби қисман асосли деган тўхтамга келди. Даъвогар Х. Латипова низоли уй-жойнинг 3/4 қисмига меросхўр деб топилган ва фақат шу қисмининг мулкдори. Қолган 1/4 қисмига унинг ўғли Р. Ўсаров меросхўр ҳисобланади. Жавобгарлар Х. Латипованинг яқин қариндошлари эмас.

Улар низоли уйда рўйхатда турмасдан, уй-жой мулкдорининг рухсатисиз яшаб келишмоқда. Тарафлар ўртасида уй-жойда яшаш бўйича бирон-бир келишув тузилмаган. Бунинг устига, жавобгарлар ўз ихтиёрлари билан низоли уй-жойдан чиқиб кетишмаган.

Суд Х. Латипованинг уй-жойдан чиқариш ҳақидаги даъвосини қисман қаноатлантирди. Жавобгарларни Самарқанд шаҳар, Рудакий кўчаси, 25-уй-жойнинг Х. Латиповага тегишли бўлган 3/4 қисмидан мажбурий равишда чиқариш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Гувоҳи бўлганингиздек, ночор қолган фуқаро ўзининг мулк ҳуқуқи бузилганини бартараф этиш учун судга мурожаат қилди. Суд ушбу мулк низосини Конституциямиз талаблари ва адолатли қонунларимиз мезонлари асосида бартараф этди. Фуқаронинг мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинди.

Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Пастдарғом тумани суди судьяси

photo_2024-09-26_12-55-09

“МИШ-МИШ” ВА АСЛ ҲАҚИҚАТ ЁКИ ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРИШ ОҚИБАТИ

Бундан бир неча ой муқаддам ижтимоий тармоқларда “Дамас” автомашинасига боғлаб қўйилган вояга етмаган бола ҳақидаги лавҳа ёритилиб, шов-шувларга сабаб бўлганди. Яқинда суд мазкур жиноят содир этган шахсга нисбатан айблов ҳукми ўқиди…

Судда аниқланишича, судланувчи Баҳриддин Бекпўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилди) “Qalqon harbiy sport maktabi” нодавлат таълим муассасасида ўқитувчи вазифасида ишлаб келган. Шу йилнинг январь ойи ўрталарида Баҳриддинга таниши Ойбарчин Усмонова учрашиб, Шоҳрух исмли тарбияси ҳаминқадар жияни борлиги, уни мактабга қабул қилиб, тарбиялаб беришини илтимос қилади.

Табиийки, Б. Бекпўлатов бу ташвишни бўйнига олишни истамайди, рад жавобини беради. Бироқ орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи, 22 февраль куни Б. Бекпўлатовга Шоҳрухнинг қонуний васийси Д. Эшмонова келиб учрашади ва жияни болалар колониясида таҳсил олиб келганини, хулқи яхши томонга ўзгарганини айтиб, уни тарбиялашда ёрдам беришни сўрайди.

Шундан сўнг Д. Эшмонова Шоҳрухнинг ҳужжатларини олиб келиб, мактаб биноси бир бўлган 22-сонли мактаб маъмуриятига топширади. Ниҳоят, Шоҳрух ушбу мактабда ўқишга қатнаб, дарсдан сўнг Б. Бекпўлатовнинг ҳузурига келиб, нодавлат таълим муассасасида спорт тўгаракларида иштирок этаётганди.

Лекин вояга етмаган Ш. Бўронов баъзи кунлари мактабга ҳам, спорт тўгарагига ҳам келмай қўяди. Шу йилнинг 12 март куни Б. Бекпўлатовни ички ишлар бўлимига чақиришади. Бориб билса, Шоҳрух бировнинг велосипидини ўғирлаб, хуфёна сотиб юбормоқчи бўлганида қўлга тушган экан. Ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш бериб, Шоҳрухни уйига олиб келади. Афсуски, бола яна қочиб кетади. 15 март куни Б. Бекпўлатовга яна ички ишлар идорасидан қўнғироқ бўлади. Бу гал бола яна бир фуқаронинг электр скутерини ўғирлаб чиқиб, пулламоқчи бўлган пайт далил билан қўлга олинган.

Бундай хурмача қилиқлардан ғазабланган Баҳриддин Бекпўлатов Шоҳрухни уйга олиб келгач, уни қаттиққўллик билан ўз билганича “тарбиялаш”га киришади. Аввал уни уриб-дўппослайди, кейин бармоқларидаги тирноқларини омбур билан қисиб, тирноқлар орасига игна санчади, елим қувур бўлаги билан танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказади. Шу тариқа унга зўровонлик ва шафқатсизларча муносабатда бўлиб, қийнаб “одам қилмоқчи” бўлади.

Ўша куни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган спорт мусобақасида Б. Бекпўлатовнинг ўзи ҳам қатнашиши керак эди. Бундай пайтда аллақачон қўли эгрилиги маълум бўлган Шоҳрухни ёлғиз қолдириб кетиб бўлмаслигини, шундай қилса, яна бир нохуш кор-ҳол рўй беришини ўйлаган Б. Бекпўлатов уни ўзи билан бирга олиб кетишга қарор қилади.

Ўзининг ҳовлисидаги молхона айвонидан темир занжирни олиб чиқиб, “Дамас”нинг юкхонасига қўяди. Шохрухни эса, орқа ўриндиққа ўтирғизади ва оёғини занжирбанд қилиб боғлаб қулфлайди.

Самарқандга етиб боргач, у Шоҳрухга автомашина ичида ўтириб туришини тайинлаб, ўзи спорт мусобақасида қатнашиш мақсадида ичкарига кириб кетади. Автомашина ичида оёғи занжирбанд ҳолда ўтирган Ш. Бўроновни йўлдан ўтаётган бир киши кўриб қолади ва ҳолат ҳақида ички ишлар идорасига хабар беради.

Судда барча ҳолатларга тўлиқ ойдинлик киритилди. Жабрланувчининг қонуний вакили О. Эшмаматова, психолог иштирокида сўроқ қилинган жабрланувчи — вояга етмаган Ш. Бўронов, унинг қариндоши Д. Эшмонова судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўрайди.

Амалдаги Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган. Конституциямизнинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак, деб белгилаб қўйилган.

Суд судланувчи Б. Бекпўлатовни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди ва 138-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида жиноятлар мажмуи тариқасида ана шу тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланди.

Шундай қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган “миш-миш” амалда ҳақиқат бўлиб чиқди. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, хулқи ёмон ўқувчисини тарбиялашда зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлишдек қонунга хилоф қилмиши учун Б. Бекпўлатов қонуний жазога тортилди.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳар қандай вазиятда тан жазоси қўллашга қонун ҳеч кимга асло йўл бермайди. Донишманд халқимизда “қош қўяман деб, кўз чиқарма” деган пурмаъно нақл бежизга айтилмайди. Албатта, одам боласини тарбиялашдек нозик масала ҳам бундан мустасно эмас.

Жамшид БОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтачи тумани суди раиси

photo_2024-07-16_14-46-02

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 37 179 нафар шахсга нисбатан 29 086 та жиноят иши кўриб чиқилди.

465 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Судланган шахслар сони 29 382 нафарни ташкил этиб, шундан 10 287 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 18 579 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 516 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 26 028 нафари эркак, 3 354 нафари аёл, 11 145 нафари ёшлар (шу жумладан 1 068 нафари вояга етмаган) ва 1 105 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

3 432 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 16 624 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 5 620 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 6 976 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

71 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, қасддан баданга енгил шикаст етказиш, безорилик, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 337 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Апелляция тартибида 6 395 нафар шахсга нисбатан 4 798 та жиноят иши кўриб чиқилди. 307 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 311 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 1 636 нафар шахсга нисбатан 1 493 та жиноят иши кўриб чиқилди. 106 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 369 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 2 560 нафар шахсга нисбатан 2 188 та жиноят иши кўриб чиқилди. 45 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 337 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 590 нафар шахсга нисбатан 504 та жиноят иши кўриб чиқилди. 49 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 121 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-07-19_12-29-02

РАСМИЙ АХБОРОТ

Бугун, 2024 йил 19 июль куни, Б. Қудратуллаев (Бахти Ташкентский) ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг раиси Т. Обидов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра:

Б. Қудратуллаев (1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди, 109-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “в” банди, 242-моддаси 1-қисми, 243-моддаси ва 276-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан Б. Қудратуллаев ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ Б. Қудратуллаевга жазони ўташ вақтида гиёҳвандликдан даволанишнинг мажбурий чоралари қўлланилиши белгиланди.

Ш. Курбанов (1964 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Зафаров (1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” банди ва 168-моддаси 4-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ш. Рахимов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” банди, 168-моддаси 4-қисми “в” банди ва 276-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан Ш. Рахимовга жазони ўташ вақтида гиёҳвандликдан даволанишнинг мажбурий чоралари қўлланилиши белгиланди. Тайинланган озодликдан жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Ходжаев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 3 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Д. Шарипов (1980 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, в” бандлари назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 14 йил 10 ой 14 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан Д. Шарипов ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Мирзаханов (1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ш. Сулаймонқулов (1978 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) ва А. Норкулов (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

С. Хатамов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга моддий ва мансаб лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Н. Жуманиязова (1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил 4 ой 24 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Р. Шакуров (1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 6 йил 8 ой 14 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан Р. Шакуровга гиёҳвандликдан даволанишнинг мажбурий чоралари қўлланилиши белгиланди.

Ш. Қудратуллаев (1966 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан Ш. Қудратуллаев ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Т. Турмонов (1966 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ф. Вапаев (1988 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 10 ой 18 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Насырходжаев (1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 166-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан М. Насырходжаев ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Д. Муминхўжаев (1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) ва М. Усмонбоев (1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Шодманов (1969 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Худаяров (1984 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан Б. Худаяров ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Машрафханов (1970 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) ва В. Курбанов (1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Махамадиёров (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 6 ой 21 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Джураев (1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Бакаев (1973 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

И. Қудратуллаев (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Алиев (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси 4-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ж. Солиев (1992 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Турсунбоев (1995 йилда Андижон вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Б. Нармирзаев (1980 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” банди ва 168-моддаси 4-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Тайинланган жазон умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ф. Камалов (1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси 4-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан Ф. Камалов ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Мирзоев (1985 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Н. Багадиров (1965 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазон умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Щелёв (1972 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Курбанов (1982 йилда Тошкент шаҳриджа туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди ва 168-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

О. Исламов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди ва 168-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 7 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

М. Ибадуллаев (1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Судланувчилар Б. Қудратуллаев, А. Ходжаев, М. Курбанов, Ш. Курбанов, А. Турсунбоев, О. Исламов, А. Махамадиёров, А. Машрафхонов, Ф. Вапаев, М. Насырходжаев, Р. Шакуров, Д. Шарипов, Б. Зафаров, Ф. Камалов, Ш. Рахимов, А. Щелёв, Н. Багадиров, А. Мирзаханов, Н. Жуманиязова, И. Қудратуллаев, А. Алиев, Ж. Солиев, А. Турсунбоев ва Б. Нармирзаев жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Бошқа жабрланувчилар ва манфаатдор шахсларга жиноят доирасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Судланувчилар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳисобига орттирилган мол-мулклар тегишли тартибда жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

#thegov_button_69cc43f3be892 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc43f3be892:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc43f3be892 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc43f3be892:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!