“МИШ-МИШ” ВА АСЛ ҲАҚИҚАТ ЁКИ ҚОШ ҚЎЯМАН ДЕБ КЎЗ ЧИҚАРИШ ОҚИБАТИ
Бундан бир неча ой муқаддам ижтимоий тармоқларда “Дамас” автомашинасига боғлаб қўйилган вояга етмаган бола ҳақидаги лавҳа ёритилиб, шов-шувларга сабаб бўлганди. Яқинда суд мазкур жиноят содир этган шахсга нисбатан айблов ҳукми ўқиди…
Судда аниқланишича, судланувчи Баҳриддин Бекпўлатов (исм-шарифлар ўзгартирилди) “Qalqon harbiy sport maktabi” нодавлат таълим муассасасида ўқитувчи вазифасида ишлаб келган. Шу йилнинг январь ойи ўрталарида Баҳриддинга таниши Ойбарчин Усмонова учрашиб, Шоҳрух исмли тарбияси ҳаминқадар жияни борлиги, уни мактабга қабул қилиб, тарбиялаб беришини илтимос қилади.
Табиийки, Б. Бекпўлатов бу ташвишни бўйнига олишни истамайди, рад жавобини беради. Бироқ орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи, 22 февраль куни Б. Бекпўлатовга Шоҳрухнинг қонуний васийси Д. Эшмонова келиб учрашади ва жияни болалар колониясида таҳсил олиб келганини, хулқи яхши томонга ўзгарганини айтиб, уни тарбиялашда ёрдам беришни сўрайди.
Шундан сўнг Д. Эшмонова Шоҳрухнинг ҳужжатларини олиб келиб, мактаб биноси бир бўлган 22-сонли мактаб маъмуриятига топширади. Ниҳоят, Шоҳрух ушбу мактабда ўқишга қатнаб, дарсдан сўнг Б. Бекпўлатовнинг ҳузурига келиб, нодавлат таълим муассасасида спорт тўгаракларида иштирок этаётганди.
Лекин вояга етмаган Ш. Бўронов баъзи кунлари мактабга ҳам, спорт тўгарагига ҳам келмай қўяди. Шу йилнинг 12 март куни Б. Бекпўлатовни ички ишлар бўлимига чақиришади. Бориб билса, Шоҳрух бировнинг велосипидини ўғирлаб, хуфёна сотиб юбормоқчи бўлганида қўлга тушган экан. Ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш бериб, Шоҳрухни уйига олиб келади. Афсуски, бола яна қочиб кетади. 15 март куни Б. Бекпўлатовга яна ички ишлар идорасидан қўнғироқ бўлади. Бу гал бола яна бир фуқаронинг электр скутерини ўғирлаб чиқиб, пулламоқчи бўлган пайт далил билан қўлга олинган.
Бундай хурмача қилиқлардан ғазабланган Баҳриддин Бекпўлатов Шоҳрухни уйга олиб келгач, уни қаттиққўллик билан ўз билганича “тарбиялаш”га киришади. Аввал уни уриб-дўппослайди, кейин бармоқларидаги тирноқларини омбур билан қисиб, тирноқлар орасига игна санчади, елим қувур бўлаги билан танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказади. Шу тариқа унга зўровонлик ва шафқатсизларча муносабатда бўлиб, қийнаб “одам қилмоқчи” бўлади.
Ўша куни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган спорт мусобақасида Б. Бекпўлатовнинг ўзи ҳам қатнашиши керак эди. Бундай пайтда аллақачон қўли эгрилиги маълум бўлган Шоҳрухни ёлғиз қолдириб кетиб бўлмаслигини, шундай қилса, яна бир нохуш кор-ҳол рўй беришини ўйлаган Б. Бекпўлатов уни ўзи билан бирга олиб кетишга қарор қилади.
Ўзининг ҳовлисидаги молхона айвонидан темир занжирни олиб чиқиб, “Дамас”нинг юкхонасига қўяди. Шохрухни эса, орқа ўриндиққа ўтирғизади ва оёғини занжирбанд қилиб боғлаб қулфлайди.
Самарқандга етиб боргач, у Шоҳрухга автомашина ичида ўтириб туришини тайинлаб, ўзи спорт мусобақасида қатнашиш мақсадида ичкарига кириб кетади. Автомашина ичида оёғи занжирбанд ҳолда ўтирган Ш. Бўроновни йўлдан ўтаётган бир киши кўриб қолади ва ҳолат ҳақида ички ишлар идорасига хабар беради.
Судда барча ҳолатларга тўлиқ ойдинлик киритилди. Жабрланувчининг қонуний вакили О. Эшмаматова, психолог иштирокида сўроқ қилинган жабрланувчи — вояга етмаган Ш. Бўронов, унинг қариндоши Д. Эшмонова судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, унга нисбатан енгиллик беришни сўрайди.
Амалдаги Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган. Конституциямизнинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак, деб белгилаб қўйилган.
Суд судланувчи Б. Бекпўлатовни Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди ва 138-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида жиноятлар мажмуи тариқасида ана шу тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланди.
Шундай қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган “миш-миш” амалда ҳақиқат бўлиб чиқди. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, хулқи ёмон ўқувчисини тарбиялашда зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлишдек қонунга хилоф қилмиши учун Б. Бекпўлатов қонуний жазога тортилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳар қандай вазиятда тан жазоси қўллашга қонун ҳеч кимга асло йўл бермайди. Донишманд халқимизда “қош қўяман деб, кўз чиқарма” деган пурмаъно нақл бежизга айтилмайди. Албатта, одам боласини тарбиялашдек нозик масала ҳам бундан мустасно эмас.
Жамшид БОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Пахтачи тумани суди раиси