Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-11-13_17-18-15

ФИРИБГАР ҚИЗГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Кечгача тўрт бурчак “Paynet” будкасида ўтириб мижозларига хизмат қилган Ойсара кечқурун уйига келди-да, апил-тапил овқат тай­ёрлаб, тамадди қилгач, ухлаб қолди. Тун. Алламаҳал. Тонг отгунча анча вақт бор. Тонг отишини эрта сезувчи хўрозлар ҳали қичқирганича йўқ. Шу маҳал негадир у уйғониб кетди. Кечки пайт товадаги иссиқ ёғга колбасани ташлаб қовуриб егани учунми, чанқаган эди. Ошхонага бориб, сув ичди-да, яна жойига кириб ётгач, бирпасда қотиб ухлаб қолди.

Шу ухлаш асносида у ширин туш кўрибди. Тушида ишхонасида эмиш. Мижозлари кўп эмиш. Қараса, охири йўқдек тизилиб, “меникини олинг, меникини олинг” дегувчиларнинг сони кўпаяверибди. У берилиб ишлаб, ҳар-ҳар замонда пешонасидаги терни рўмолчаси билан артиб қўяверибди. Ёнидаги қути мижозлар берган пулларга тўлиб кетганидан, кейинги тушганларини иккинчи қутига солаверибди. Кечгача бу идиш ҳам пулга тўлибди. Биринчи қутидагисини санаб топшириб, бошқасини ўзи билан уйига олиб кетибди. Бориб санаса, анчагина пул бўлибди.

“Ойсара, Ойсара” деб онаси чақиравермаса, ҳали яна қанча қутидаги пулларни тушида санарди. Онасининг овозидан уйғониб кетди. Қараса, бошида онаси: “Қуёш чиқиб кетди, ишга бормайсанми?” — деб турибди.

У ўрнидан туриб, бет-қўлини ювди-да, бир пиёла чойни апил-тапил ича сола, сумкасини олиб, ишга жўнади. Ишхонаси — ихчамгина “Paynet” хона. У йўл-йўлакай кечаги тушини ўйлаб кетди. Ростдан ҳам ҳар куни тушаётган пулларнинг чўғи мўлдан-мўл, кўпайиб бораётир.

Охири ўйлай-ўйлай, “Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битибди” деган нақл эсига тушди. Чунки солиқни ҳамма тўлайди. “Нақд пул кўринишида тўлайдиганлар “темир йўл”дек тўппа-тўғри менга келаётир”, — дея ўйлаб, кечаги тушини ўнгига айлантирди-қўйди. Ўзиям эрталабдан кечгача одамларнинг оқими тўхтамади.

Кимдир уй-жойи, ер-мулк солиғи учун беш юз минг, яна кимдир бир миллион сўм, бошқа бири қариндошининг ер-мулк, уй-жой солиғи учун тўққиз юз минг, хуллас, ҳар куни шундай кўринишда солиқ тўловчиларнинг охири йўқдек келаверар эди.

Улар мол-мулк, ер солиғини тўладик деб эркин нафас олиб юраверишди. “Paynet”чи Ойсара ҳам ўзи билганича тушини ўнгига айлантириб юраверди.

Ҳар куни шу ҳол. Қанчадир кирим кўрингани учун идорадагилар ҳам, солиқдагилар ҳам бори шу бўлса керак-да, деган хаёл билан юраверишди. Ойлар ойларни қувди, йиллар оша йиллар келаверди. Қачонки солиқ тўловчиларнинг уйига: “Солиқдан қарздорсиз, зудлик билан тўланг”, — деган хабар бормаганида, бу “пул йиғиш операцияси” ҳали яна давом этавериши тайин эди.

Солиқдагилар қарздорларнинг узундан-узун рўйхатини тузиб чиқишди. Ҳаммасига махсус идора орқали хабар ҳам йўллашди.

Шундан сўнг ҳалиги алданиб қолган одамлар солиқ идораси томон оқиб келаверди. Уларнинг сони кун сайин ошиб, бир юз етмиш бир нафарга етди. Идорага келган эркагу аёллар қўлидаги “Paynet” чекларининг бари сохта бўлиб чиқди.

Бир юз беш миллион тўрт юз олтмиш тўққиз минг сўмни иккинчи қутига солиб уйига олиб келган, ҳали турмушга чиқишга ҳам улгурмаган Ойсара эса “шум хабар”ни эшитгач, жуфтакни ростлаган эди.

У беркинмоқчи бўлиб, пана-пастқам жойларда ҳам юрди. Айтишларича, машина сотиб олишга ҳам улгурган экан.

Қидирув узоққа чўзилмади. Ойсара Қўлдошева қўлга тушгач, унга сичқоннинг ини минг танга бўлди. Солиқ тўлаб қутулдик деганлар билан юзлаштирилди. У айбини тан олишга мажбур бўлди. “Олдим, ютдим”,  деди-ю жим қолди.

Хуллас, фирибгар қизга суд ҳукми ўқилди.

Нафси ҳакалак отган Ойсара Қўлдошева гул умрини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Тўлқин АБДИРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси,

Чори ҚОРАҚУЛОВ,суд маслаҳатчиси

photo_2024-11-12_10-23-32

НОШУКУРЛИК КАСРИ ЁКИ ЖИНОЯТ КЎЧАСИГА КИРГАН АЁЛ ҚИСМАТИ

Жамиятимизда аёлларга нисбатан алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Аёлга мунис, мўътабар, муқаддас бир зот сифатида қаралади. Минг афсуски, кейинги вақтларда баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, шаънига доғ туширадиган турли хилдаги жиноий қилмишларга қўл ураётганидан кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, аёллар орасида фирибгарлик, товламачилик, ўғрилик, гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиш каби жиноятлар сони ортиб бораётганлиги кишини ташвишга солмай қўймайди.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, Сарвиноз Норова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Эндигина йигирма ёшдан ўтган бу аёл оиланинг қадрига етмади, бир нафар фарзандли бўлгач, эри билан ажрашди. Бунга асосан унинг оиланинг муқаддаслигини англаб етмагани, тўғри йўлдан адашгани сабаб бўлди. Чунки у аллақачон фирибгарлик жиноятини содир этиб, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳукмига кўра, жарима жазосига судланганди. Аммо у суд томонидан тайинланган 2 миллион 700 минг сўм миқдоридаги жаримани тўлашдан ҳам бўйин товлайди. Шу боис ҳибсга олинади.

Шу ўринда тўғри йўлдан адашган бу аёлнинг кейинги жинояти тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг 1 май куни у спиртли ичимликдан маст ҳолатда Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонаси олдидан О. Қўзибоевнинг бошқарувидаги Ласетти “Gentra” русумли автомашинасига йўловчи сифатида ўтиради ва “Темирйўл” деҳқон бозорига олиб бориб қўйишни сўрайди. Йўлда кетаётиб, ҳайдовчи зарур иш юзасидан банкка кириб чиқишини айтади ва автомашинада аёлни ёлғиз қолдиради.

Автомашинанинг калити ҳам ўз ўрнида қолган эди. Буни кўриб, С. Норованинг фикри кутилмаганда бузилади ва у қаровсиз қолдирилган автомашинани олиб қочади. Аммо узоққа қочиб кетолмайди, Самарқанд шаҳридаги Спитамен шоҳкўчасида ИИБ ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушланади. Буёғини сўрасангиз, автомашинанинг олд йўловчи эшиги, ён томон ойнаси ва ҳайдовчи тарафи пачоқланганди. Аниқроғи, С. Норованинг айби билан автомашинага 2 миллион 278 минг сўмлик зарар етказилганди.

Албатта, ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Суд С. Норованинг транспорт воситасини олиб қочишда ифодаланган ижтимоий хавфли қилмиши дастлабки тергов идораси томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Шунингдек, суд судланувчининг жиноят содир этишдаги ҳолатларига баҳо бериб, унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, унинг ушбу жиноятни ғаразли ниятда содир этганини эса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди.

Суд С. Норовага нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 26-бандидаги “Озодликдан маҳрум қилиш жазо тариқасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, шунингдек, судланувчининг шахсини инобатга олган ҳолда — ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони бўлмаса, қўлланилади”, шунингдек, ушбу қарорнинг 37-моддасидаги “Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, Жиноят кодексининг Махсус қисмида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ ёки шу воситада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ жазо тайинланиши мумкин” деган раҳбарий тушунтиришларга таянди.

Суд судланувчининг оилавий шароити, аёллиги, ёши, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар, унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлиги, содир этилган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасига ҳуқуқий баҳо берди.

Суд янги таҳрирдаги Конститутциямизнинг 20-моддаси тўртинчи бандидаги “Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак” деган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имконияти мавжуд эмас, деган қатъий тўхтамга келди.

Суд жараёнида С. Норованинг қарамоғидаги 2023 йил 4 декабрда туғилган фарзанди Э. Норованинг масаласи ҳам муҳокама қилинди. Суд келгусида вояга етмаган Э. Норованинг тарбияси, парваришланишини таъминлаш ва фарзандликка бериш масаласини ҳал этишни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси зиммасига юклатди.

Қисқаси, судланувчи С. Норова Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 18 январдаги ҳукми билан тайинланган 2 миллион 700 минг сўм жарима жазоси ҳам тўлиқ қўшилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, жиноий қилмишга қўл уриш, оила, фарзанд неъматининг қадрига етмаслик ҳамиша ана шундай аянчли якун топади. Ҳолбуки, С. Норова ҳам ҳаётга очиқ кўз билан қараб, аввало оиланинг қадрига етганда, бир хонадоннинг суюкли бекаси, фарзандининг меҳрибон онаси деган юксак номга мушарраф бўларди. Унинг бундай шарафли масъулиятни буткул унутиши, ҳаётга енгил-елпи қараши ўзига жуда қимматга тушди. Бу бошқаларга ҳам сабоқ вазифасини ўташи керак.

Жонибек РАУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

 журналист

photo_2024-11-12_10-13-45

СУД ЖАРАЁНИДА ВАКИЛЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар қатъият билан амалга оширилмоқда. Бу борада адвокатура институти, унинг фаолияти нафақат юридик ёрдам кўрсатиш борасида, балки одил судловни амалга оширишда ҳам муҳим ўрин тутади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қонун устуворлигини таъминлашда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган. Бу ўринда, жумладан, адвокатура институтини ўзини ўзи бошқарадиган тизимга айлантириш, унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш ва адвокатлар сонини 2 минг нафарга кўпайтириш ҳақида сўз бормоқда.

Маълумки, маъмурий суд ишини фуқаролар шахсан ўзлари ёки вакиллари орқали юритишга ҳақли. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Фуқароларнинг суд процессида иштирок этувчи вакиллари икки турга бўлинади. Булар: қонуний вакил ва шартнома бўйича иш олиб борадиган ихтиёрий вакил. Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Малакали юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжни адвокатура институтини ҳар томонлама ривожлантирмасдан туриб таъминлаб бўлмайди. Шунинг учун янги таҳрирдаги Конституциямизга адвокатурага оид алоҳида боб киритилди. Ушбу бобдаги 141-моддага кўра, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

Бу конституциявий нормалар орқали барчага тенг малакали юридик ёрдам кафолатланмоқда. Бинобарин, малакали юридик ёрдам тегишли малака ва лицензияга эга адвокатлар томонидан амалга оширилади.

Таъкидлаш керакки, жорий йил 27 февралда қабул қилинган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун айни соҳадаги ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди. Ушбу қонун қабул қилинганлиги муносабати билан амалдаги айрим қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси аризачига нисбатан юридик ёрам кўрсатилишига оид нормалар билан тўлдирилди. Мазкур нормаларга асосан суд аризачининг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Бунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдириши ва адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак эканлиги ҳам белгиланди.

Шунингдек, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг рўйхати белгиланган. Унда кам таъминланган аризачилар маъмурий ишлар бўйича мазкур ҳуқуққа эга эканлиги кўрсатилган.

Қонунчиликдаги ушбу янгиликнинг аҳамияти шундаки, эндиликда инсон ҳуқуқ ва эркинликларидан бири бўлган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашнинг процессуал ҳуқуқий асослари қонунчиликка киритилди. Зеро, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 29-моддасида инсоннинг шахсий ҳуқуқларидан бири сифатида белгиланган ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши қатъий белгиланган.

Шу ўринда бу борада ўзимизнинг баъзи таклифларимизни билдирмоқчимиз. Гап шундаки, ушбу ҳуқуқ маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларидан бири бўлган учинчи шахсларга ҳам татбиқ қилиниши қонунчиликда белгиланса, мақсад мувофиқ бўларди. Чунки процессуал қонунчиликка кўра, учинчи шахслар икки турга: мустақил талаблар билан арз қилувчи ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган шахсларга бўлинади.

Низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар аризачи ёки жавобгар томонидан ишга киришади. Улар жавобгар томонидан ишга киришган ҳолларда аризачининг ҳуқуқларидан фойдалана олмайди.

Учинчи шахслар – кўрилаётган маъмурий иш уларнинг ҳуқуқлари ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахслардир. Шу омилни инобатга олган ҳолда, уларга ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи назарда тутилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мухтасар айтганда, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида фуқаролик ишлари бўйича кам таъминланган даъвогар ва жавобгарлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлигининг белгиланганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар адвокатуранинг жамиятдаги нуфузини оширишга, одил судловга эришишда тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлиги принципини мустаҳкамлашга, суд ва тергов жараёнида адвокатлар ваколатларининг тўлақонли амалга оширилишига, пировардида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг янада кучайтирилишига хизмат қилади.

Умида Нишонова,

Наманган вилояти

маъмурий суди судьяси

photo_2024-11-12_09-51-31

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ ЯНА ИККИ НАФАР ФУҚАРОНИНГ ҚАЛБИНИ НУРАФШОН ЭТДИ

Ҳазорасплик Баркамол Худойбергановнинг кўнглини ўртаётган пушаймонликнинг адоғи йўқ эди. Ич-ичидан куйинади, ўзини-ўзи койишдан тинмайди. У сўнгги бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида, чиндан ҳам, ана шундай оғир ҳиссиётлар гирдобида яшади. Буниси камлик қилгандай, хорижий корхона билан қонуний асосларда тузилган меҳнат шартномаси асосида ҳалол ишлаб, оиласи юкини енгиллатиш ва шу аснода уй-жойли бўлишга қаратилган нияти ҳам ора йўлда қолди.

Ниҳоят, 2024 йилнинг 8 июль куни ўзини қийнаб келаётган бу изтироблардан халос бўлди. Аниқроғи, шу куни Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация босқич суди адолатни тиклади. 2022 йилда видео тасвирчилик фаолияти билан шуғулланувчи Б. Худойбергановнинг ҳаётида рўй берган кўнгилсизлик шу тариқа барҳам топди.

Ўша куни Б. Худойберганов Ҳазорасп тумани марказидаги “Нур” тўйхонасига анча барвақт келди. Ўзига қарашли тасвирга олувчи воситалар, шунингдек, видеокамера билан жиҳозланган ўзи учувчи ускунани созлаганча тўй маросимини суратга олишга киришди. Аммо унинг бу иши узоққа чўзилмади. Тўй ҳали тугамасдан назоратчилар унга учувчисиз бошқариладиган ускуналардан фойдаланиш амалдаги қонунларга биноан ман этилганлигини тушунтиришди. Пировардида эса, аниқланган ҳолат юзасидан далолатнома тузилди ва иш терговга оширилди. Б. Худойберганов Жиноят кодексининг 244-4-моддаси 1-қисми бўйича ўзига қўйилган айбни рад этмади. Хитой давлатида ишлаб чиқарилган бир дона “Dji RC231” русумли учувчисиз бошқариладиган аппарат ва унинг бутловчи қисмини 2016 йилнинг сентябрь ойидан 2022 йил 7 ноябрь кунигача қонунга зид равишда сақлаб келганини очиқ тан олди. Албатта, суд ва тергов жараёнида ушбу иқрорлик эътиборга олинди. Б. Худойбергановга нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддасини қўллаш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Судланувчига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз қонунчилиги изчиллик билан такомиллаштирилиб борилмоқда. Жазо чоралари мутассил равишда енгиллаштирилмоқда. Бу Б. Худойберганов суд томонидан тайинланган жазони ўтаётган пайтда ҳам намоён бўлди. 2024 йил 15 мартда қабул қилинган “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга асосан Жиноят кодексининг Б. Худойбергановга нисбатан қўлланилган 244-4-моддасидаги жиноий жазо чораси бекор қилинди. Маҳкумнинг ҳаракати жиноий қилмишдан холи эканлиги эътироф этилди.

Жазоланган шахсни оқлаш учун ана шу эътирофнинг ўзи кифоя. Бунга прокуратура органи эътибор қаратди. Мазкур орган тарафидан кассация тартибида судга йўлланган протестда маҳкумнинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқ эканлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Б. Худойбергановга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш юзасидан жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди томонидан 2023 йил 24 январда чиқарилган ҳукмни бекор қилиш ва уни Жиноят-процессуал кодексининг шахсни реаблитация қилишга доир 83-моддаси 2-бандига асосан оқлаш сўралди. Айни шу мазмундаги талаб маҳкум тарафидан кассация тартибида судга йўлланган шикоятда ҳам ўз ифодасини топди.

Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича кассация ҳайъати ана шу талаблар асосида Жиноят кодексининг 244-4-моддасига киритилган ўзгартишнинг мазмун-моҳиятини алоҳида ўрганди. Мазкур ўзгартишга мувофиқ жиноий жавобгарлик ҳолати маъмурий таъсир чораси қўлланилганидан сўнг келиб чиқади. Унга мувофиқ, шахснинг учувчисиз бошқариладиган аппаратдан фойдаланишга қаратилган ҳаракатини маъмурий қоидабузарлик сифатида баҳолаш керак. Бироқ қонунда уни қўллашнинг бошқа чоралари ҳам назарда тутилган. Яъни Жиноят кодексининг 13-моддаси 2-қисмига кўра, қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга. Бинобарин, юқорида қайд этилган қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан, жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисоблансалар, кодекснинг юқоридаги талаби татбиқ этилади. Қонунда, шунингдек, маъмурий жазони қўллаш муддатлари ҳам қайд этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида белгиланишича, маъмурий жазо қўллашнинг бир йиллик муддати ўтган тақдирда, шахсни ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик бўйича жавобгарликка тортиш масаласи муҳокама қилинмаслиги мумкин.

Суд кодекснинг ушбу талаби асосида Б. Худойбергановни маъмурий жавобгарлика тортиш масаласини муҳокама қилмасликни лозим топди.

Жиноят-процессуал кодексининг 492-моддаси ҳам инсоний бағрикенглик намунасидир. Унга кўра, “Қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган қонун кучга кирса, суд ҳукмга зарур ўзгартиришлар киритади ёки уни бекор қилиб, иш юритишни тугатади”. Кассация ҳайъати суди ушбу қоидага асосан, жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг 2023 йил 24 январда Б. Худойбергановга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди. Шу юзадан олиб борилган жиноят иши тугатилди. Кассация протести ва судланган шахснинг шикояти қаноатлантирилди. Бу юртимизда қарор топган адолат ва қонунийликнинг ҳақиқий намунаси бўлди.

Айни шу кунларда инсоний бағрикенгликнинг бундай намунасидан баҳраманд бўлганларнинг сони яна бир кишига ортди. 1975 йили Гурлан туманида туғилган ва вилоят солиқ бошқарамасида масъул лавозимда фаолият юритган Тўрабек Гулмоновни 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида 2016 йил 21 декабрда дастлабки босқич суди томонидан чиқарилган ҳукм, ушбу жазони қисқартириш юзасидан кассация босқичи судининг ажрими ҳамда жазони ўз кучида қолдириш ҳақида 2021 йил 16 июнда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 17 сентябрдаги ажримига мувофиқ бекор қилинди. Иш дастлабки босқич судида аппеляция тартибида кўриб чиқиш учун Хоразм вилоят судига юборилди.

Ишнинг ҳақиқий ҳолати ана шу жараёнда ойдинлашди. Масаланинг моҳияти ва жиноят иши тафсилотлари тубдан ўзгарди. Судга янгидан ва асосли факт ҳамда далиллар асосида тақдим қилинган ҳужжатлар Жиноят кодексининг фирибгарлик, қасддан банкротликка олиб келиш, солиқдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга тааллуқли 168, 28-181-1, 184, 189, 190, 205-моддалари тегишли қисм ҳамда бандлари бўйича 8 йил муқаддам Т. Гулмоновга тақалган айблар асоссиз эканлигини кўрсатди.

Судларда муҳокама этилган ҳолатларга қараганда, Т. Гулмонов солиқ идорасидаги масъул лавозимидан ғаразли мақсадларда фойдаланган.

Хусусан, давлат идорасидаги иш фаолияти давомида яқин қариндошларига тегишли бўлган турли хусусий фирмалар ва жамиятларга раҳнамолик қилиб, ўзининг маслаҳат ва йўл-йўриқлари билан уларга яқиндан ёрдам кўрсатган. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳужжатлар ҳамда ҳисоботларда акс эттирмаслик йўлларини ўргатган. Шу тариқа тўловдан бўйин товлаш орқали кўпроқ даромад олиш, ноқонуний бойлик орттиришга кўмаклашган. Шу аснода 15 дан кўп ҳолатда жиноий қилмишларни содир этган.

Апелляция босқичи суди дастлабки суд ва тергов жараёнида маҳкумга нисбатан қўйилган ушбу айбларни ҳар томонлама ва ишончли манбаларга таянган ҳолда текширди. Факт ва далилларнинг мақбуллиги юзасидан Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги 24-сонли қарори талабларига таянди. Жиноят ишини дастлабки босқич судида кўриш пайтида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар ана шу жараёнда аниқланди. Т. Гулмоновга оид суд ҳукми объектив далиллар билан асослантирилмагани, айбланувчининг важлари, эътирозлари қўшимча маълумотларни тўплаш орқали тўлиқ текширилмагани, судланганлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига етарлича эътибор берилмагани, жиноят содир қилинганлигини тасдиқловчи инкор қилиб бўлмайдиган, ишонарли ва асосли далиллар тўпланмагани, қўйилган айблар қоидага мувофиқ зарурий аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар, айбланувчининг қилмишини фош этувчи маълумотлар билан исботланмагани, судлов ва тергов тадбирлари тахмин ва фаразларга асосланган ҳолда олиб борилгани, Жиноят-процессуал кодексида белгиланган ва барча тергов органлари учун ягона ҳамда мажбурий саналган ҳақиқатни аниқлашга етарлича эътибор берилмагани, айбсизлик презумпцияси талаблари бузилгани маълум бўлди. Бундан ташқари апелляция судида кўпгина гувоҳ ва жабрланувчилар ўшанда ўзларига нисбатан босим ўтказилгани, ҳатто ёлғон тарзда гувоҳлик беришга мажбурлашганини таъкидлашди.

Жумладан, қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркор Д. Эрниёзовнинг гувоҳлик беришича, Т. Гулмонов ўзи харид қилган 600 минг сўмлик маҳсулотни, жиноят иши ҳужжатларида қайд қилинганидек, текинга олиб кетмаган. Маҳсулот учун сўралган пулни тўлаган. Бошқа бир гувоҳ, Гурлан туман солиқ идорасида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи А. Машариповнинг айтишича, Т. Гулмоновга нисбатан ўз қариндошига қарашли хусусий фирманинг 587,1 миллион сўм ҳажмидаги солиқ қарзи–молиявий жаримани яширишга кўмаклашганлик бўйича қўйилган айб ҳақиқатга мос келмайди. Маълум бўлишича, А. Машарипов раҳбариятнинг топшириғи бўйича ана шу фирмада ўтказилган ҳужжатли текшириш тадбирида шахсан қатнашган. Аммо унда юқори лавозимда ишловчи Т. Гулмоновнинг аралашувига гувоҳ бўлмаган.

Апелляция суди бошқа барча гувоҳлар: И. Ҳайитбоев, Ш. Ҳайитматов, М. Мадраҳимов, Ф. Ўринов, И. Тангриберганов, М. Юсупов, Ғ. Эшчонов, Қ. Янгибоев, К. Бобожонов, Х. Пирматовларнинг айни шу мазмундаги баёнотларини ҳам тинглади. Т. Гулмоновнинг айбсиз экани шу аснода равшан тортди.

Суд Жиноят кодексининг юқорида зикр этилган моддалари бўйича юклатилган барча айбларни Т. Гулмоновнинг зиммасидан соқит қилди.

Маҳкум тўла оқланди. Айни пайтда реаблитацияга доир ҳуқуқлари ҳам тикланди. Шу важдан ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зарарларни қоплаш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, адолатни юзага чиқаришга қаратилган. Судларда ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланаётгани ана шу ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

Шуҳрат Раззоқов,

Хоразм вилояти судининг

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,Абдулла Собиров

photo_2024-11-12_09-43-22

МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИГИМИЗДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Халқимиз – болажон халқ. Биз учун фарзанд — оила қувончи, Ватан таянчидир. Юртимизда оила доимо жамият ва давлат муҳофазасида бўлиб келган. Буни кўп йиллик тарихимиз ҳам тасдиқлайди. Шу маънода бугунги кунда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани бежиз эмас.

Фуқаролик ҳуқуқи соҳасида бола ҳуқуқларини таъминлаш учун кенг қамровли қонунчилик базаси яратилган. Ушбу қонунчилик нафақат болаларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, балки уларнинг жамиятда тўлақонли иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради.

Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал янги таҳрирдаги Конституциямизга тўхталиб ўтиш зарур. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 14-моддасига кўра, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади.

Шунингдек, Бош Қомусимизнинг 44-моддаси талабларига асосан, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан, унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

Конституциямизнинг 14-боби эса, тўлалигича оила, болалар ва ёшлар ҳуқуқларига бағишланган. Ушбу бобда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ бир қатор нормалар қайд этилган. Хусусан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради.

Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Оталик, оналик, ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Бола ҳуқуқлари Конституциямиз билан бир қаторда амалдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, Оила кодекси, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам мужассам этилган бўлиб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради. Бу қонунлар болаларнинг яшаш, соғлом ривожланиш, таълим олиш, ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини кафолатлайди.

Бугунги кунда дунёда бола ҳуқуқларини чеклаш, болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни эксплуатация қилиш, уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, зўравонлик ва бошқа салбий ҳолатлар учраб турибди.

Бундай салбий омилларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда бир қатор нормалар ишлаб чиқилган. Шу негизда ҳар бир бола шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, қонун болаларни жисмоний ва руҳий зўравонликдан, шафқатсиз муносабат ва эксплуатациядан ҳимоя қилиши, бу ҳуқуқларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун давлат томонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилганлиги ва амалга ошириб келинаётганлиги эътиборга сазовордир.

Шунингдек, бола ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва бундай ҳолатларга тезкор муносабат билдириш механизмлари ҳам яратилган.

Аниқроқ айтганда, юртимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўп поғонали тизим мавжуд бўлиб, у давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигига асосланган. Бунда асосий механизм ўз ичига суд органлари, бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) институти, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмалари ва бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича нодавлат-нотижорат ташкилотларини қамраб олган.

Ушбу органлар ва ташкилотлар бола ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, бундай ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича фаолият олиб боради. Бу тузилмалар ўртасида мунтазам равишда маълумотлар алмашинуви ва мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Болалар учун ижтимоий ҳимоя дастурлари, Меҳрибонлик уйлари ва оилавий болалар уйлари, инклюзив таълим дастурлари, шунингдек, болалар ҳуқуқи соҳасида халқаро ҳамкорлик ҳам кенг йўлга қўйилган.

Шу ўринда фуқаролик соҳасига ҳам эътибор қаратадиган бўлсак, Оила кодексида бола манфаатлари устуворлиги, ота-онанинг бола олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Фуқаролик кодексида эса, боланинг муомала лаёқати, мулкий ва номулкий ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Фуқаролик кодекси болаларнинг мулкий ва номулкий ҳуқуқларини тартибга солувчи муҳим ҳужжатдир. Кодексда болаларнинг муомала лаёқати, мулкий ҳуқуқлари, шахсий номулкий ҳуқуқлари каби масалалар батафсил ёритилган.

Шунингдек, кодексда болаларнинг ёшига қараб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган. Бу эса, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Хусусан, буни болаларнинг қонун асосида ва васият бўйича мерос олиш ҳуқуқига эгалиги, ота-оналаридан моддий таъминот олиш, мулкка эгалик қилиш, яъни ўз номларига расмийлаштирилган мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, номулкий ҳуқуқ эса, исм-фамилияга эга бўлиш, фикр билдириш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаън, қадр-қимматни ҳимоя қилиш ва бошқа бир қатор ҳуқуқларга эга экани мисолида кўриш мумкин.

Ўзбекистон қонунчилиги болаларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳам кенг кўламда ҳимоя қилади. Бу ҳуқуқлар болаларнинг шахс сифатида шаклланиши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Чунончи, исм-фамилияга эга бўлиш, фикр билдириш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш каби ҳуқуқлар болаларнинг асосий ҳуқуқлари ҳисобланади. Бу ҳуқуқлар турли қонун ҳужжатларида, жумладан, Конституция, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамланган.

Албатта, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий механизмларидан бири – суд ҳимоясидир. Яъни болалар ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бу жараёнда уларнинг манфаатларини ота-оналари, васийлари ёки ҳомийлари ифодалайди, шунингдек, қонунда белгиланган ҳолларда прокуратура органлари ҳам иштирок этади.

Бугунги кунда илғор хорижий таж­риба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилмоқда. Бунинг натижасида бир қатор судларда “Оила судьялари” фаолият олиб бораётгани эътиборга лойиқ воқелик, албатта.

Гап шундаки, “Оила судьялари” корпусини шакллантиришдан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда оилаларни асраш ва мустаҳкамлашдир. Бу ҳам, ўз навбатида, бола ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ЮНИСЕФ билан – болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳалар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан – болалар саломатлигини яхшилаш дастурлари, Халқаро меҳнат ташкилоти билан – болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик, Европа Иттифоқи билан – таълим соҳасидаги ҳамкорлик дастурларини амалга ошираётгани натижасида Ўзбекистон илғор халқаро тажрибани миллий шароитларга мослаштирган ҳолда қўллаётганлиги муҳим самаралар бермоқда.

Бобур ИСЛАМОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2024-09-18_18-09-12

ЕРГА НИСБАТАН МУЛК ҲУҚУҚИ

Ҳар бир давлатда ер жамиятнинг иқтисодий негизларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ер умуммиллий бойлик ҳисобланиши, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат муҳофазасида эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида ерга оид қонунчилик бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда изчил такомиллаштирилди.

Маълумки, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилингунига қадар ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи бериш таъқиқланган эди. Тадбиркорлар ва фуқароларга янада қулайлик яратиш, уларнинг ерга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириш мақсадида бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ерга нисбатан мулк ҳуқуқи берилиши Конституциямизда кафолатланди.

Бундан ташқари фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида бир марталик акция ўтказилди.

Шу билан бирга, яқинда «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун ҳам қабул қилинди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай халқпарвар ислоҳотлар натижасида кўплаб фуқаролар ва тадбиркорлар маълум бир даврда ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларига мулк ҳуқуқи эътироф этилишига эришди. Афсуски, берилаётган имкониятларга қарамасдан, жамиятда ер участкаларини ноқонуний ўзлаштириш, ер майдонларини қонунга хилоф равишда сотиш, шунингдек, бошқа бир қатор ер билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноий ҳаракатлар содир этилмоқда.

Шу ўринда қайси ҳолатларда ер участкалари ноқонуний эгалланган деб ҳисобланиши ҳамда бунинг учун қандай жавобгарлик белгилангани ҳақида тўхталадиган бўлсак, юқорида қайд этилган қонунга кўра, ортиқча эгалланган ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига шундай таъриф берилган: “ортиқча эгалланган ер участкаси — ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан ортиқ бўлган, ер участкасининг чегарасидан ташқарида, унга туташ ҳудудда жойлашган ер майдони;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси — фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан, бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси”.

Маълумки, ер — давлат мулки. Шундай экан, ер участкаларини кўрсатиб ўтилган тарзда ноқонуний равишда эгаллаб олган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига мувофиқ ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга — эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баравари, мансабдор шахсларга — уч юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-1-моддасига асосан, жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунчиликда суғориладиган ер майдонлари алоҳида муҳофазага эга бўлиб, суғориладиган ерлардан фақат Ер кодексида назарда тутилган мақсадлар учунгина фойдаланиш мумкин. Мазкур тоифадаги ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Бундан ташқари Жиноят кодексининг 229-6-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Албатта, ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари жамиятимиз ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб, ердан илмий асосланган тарзда оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатларини тартибга солиш, шунингдек, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши уларнинг бурчи эканини унутмаслиги лозим.

Соҳибжон Бешимов,

Олий суд катта консультанти

photo_2024-09-04_12-59-46

ЕР УЧАСТКАСИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚИНГИЗНИ РАСМИЙЛАШТИРГАНМИСИЗ?

Маълумки, 2018 йилда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди. Бироқ бу имкониятдан ҳамма ҳам ўз вақтида фойдалана олмади. Бунинг сабаби турлича бўлиши мумкин. Лекин бугун муаммонинг ечими битта – янги қонун қабул қилинди ва ҳужжатларни расмийлаштиришга улгурмаганларга яна бир имкон берилди.

Аҳоли даромадларини ошириш ва уларнинг бандлигини таъминлашда ер участкалари ҳамда томорқалардан самарали фойдаланиш устувор аҳамиятга эга. Ўтган даврда қулай шарт-шароитга эга бўлган кўплаб уйлар барпо этилди.

Шу билан бирга, кадастр органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида қонунийликни таъминлаш борасида тизимли хато ва жиддий камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Бунда уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий масалалар, жумладан, яшаб турган жойга рўйхатга қўйиш, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти йўқлиги каби муаммоларни келтириб чиқарди.

Очиғини айтганда, Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони билан берилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаган айрим фуқароларни бугун яна ўша муаммо – ўзбошимчалик билан эгаланган ер участкаларини эътироф этиш масаласи қийнаб келмоқда.

Бу муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш мақсадида яна бир имконият берилди. Яъни “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қонунда ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиблари белгиланган.

Яъни фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларсиз, шу жумладан, бундай ҳужжатлар йўқолган ёки тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳолда эгаллаб келинаётган ёки ортиқча эгалланган ер участкаси – ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси деб эътироф этилади.

Қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишнинг аниқ тартиби белгиланган. Хусусан:

– 2018 йил 1 майга қадар уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотлар;

– ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган майдондан ортиқча эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлар;

– эътироф этиш мумкин, деб топилган, лекин 2018 йил ўтказилган бир марталик умумдавлат акциясида якунига етмаган ҳоллар;

– 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари билан ажратилган, лекин тасдиқлаш масаласи тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ўз вақтида кўриб чиқилмаган ер участкалари;

– фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкаси;

– кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёхуд уларнинг қисмлари жойлашган ер участкаси;

– хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкаси;

– фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилади.

Айни шу ерлар ва уларда қурилган қурилмалар амнистия доирасига тушишида, қонунда назарда тутилган асослар ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.

Қонунда белгиланган шартлар тугал бўлиб, уларни кенгайтириб талқин қилишга йўл қўйилмайди. Бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси суғориладиган ерларда жойлашган тақдирда, ҳуқуқларни эътироф этиш масаласи ер фондининг тоифаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзгартирилганидан сўнг кўриб чиқилади.

Шу ўринда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмларда эътироф этилишини қайд этиш жоиз. Яъни қонунда якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажм­да эътироф этилиши кўрсатилган.

Фуқароларнинг ушбу ҳажмдан ортиқча ерлари уларнинг ўзига деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Бу, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилига мос бўлган адолатли танловдир.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – унда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бирмунча енгилликлар кўзда тутилган. Яъни ҳуқуқларни эътироф этганлик учун бир марталик тўловлар ҳам фуқароларга оғирлик туғдирмайди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланган.

Аҳамиятлиси, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади. Тўлов амалга оширилгандан сўнг электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ижобий хулосалар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияси мажлисида кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорлари 3 ой ичида қабул қилиниши лозим.

Мазкур қонун фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши учун ҳуқуқий асослар яратади.

Энг муҳими, жамиятдаги мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ва шу билан бирга, ижтимоий масалаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ҳам ечим сифатида хизмат қилади.

Бобур ИСЛАМОВ,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2024-08-05_17-08-54

РАСМИЙ АХБОРОТ

Бугун, 2024 йил 5 август куни, С. Саидалиев (Саидазиз Медгородок) ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг раиси М. Мирзажонов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра:

С. Саидалиев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 28,211-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 242-моддаси 1-қисми, 243-моддаси ва 277-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

М. Мирходжаев (1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 277-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Ш. Самиев (1980 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 277-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

А. Акрамов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

И. Сатвалдиев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Ф. Алимов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Р. Бобоназаров (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Л. Шомуродов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 277-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Н. Туляганов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 90 750 000 сўм миқдорида жарима ва иш ҳақининг 10 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой 20 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ш. Қуватов (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида ва 277-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Ғ. Ўринбоев (1980 йилда Фарғона вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари, 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 25,168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 227-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

У. Маҳмудов (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

А. Нурматов (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, содир этилган жиноятнинг жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жазодан озод қилинди.

Б. Эркинов (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

А. Юлдашев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, в” бандлари ва 277-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

С. Усмонов (1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Д. Умирзаков (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 8 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Т. Абдумаликов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 132 000 000 сўм миқдорида жарима ва 2 йил 5 ой 13 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Д. Бадалов (1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

У. Рахимов (1979 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари, 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари, 227-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Д. Хошаков (1994 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

З. Қаюмов (1981 йилда Бухоро вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил 3 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Б. Мўминов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Д. Юнусов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а”, “в” бандлари ва 28,211-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Д. Султанов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил 6 ой 29 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Б. Самадов (1986 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) ва Х. Рискиев (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташлик белгиланди.

Б. Раҳмонов (1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган) Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 105 105 000 сўм миқдорида жарима ва иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой 27 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ё. Сотиволдиев (1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил 4 ой 25 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчилар С. Саидалиев, У. Махмудов, Б. Эркинов, М. Мирходжаев, А. Юлдашев, Д. Юнусов, Р. Бобоназаров, Л. Шомуродов, Ш. Самиев, Б. Муминов, И. Сативалдиев, Д. Султанов, Б. Самадов, Х. Рискиев, А. Акрамов ва Ғ. Ўринбоевдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.

Бошқа жабрланувчилар ва манфаатдор шахсларга жиноят доирасида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлар бўйича ҳамда иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Судланувчи С. Саидалиев томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳисобига орттирилган мол-мулклар тегишли тартибда жиноят оқибатида етказилган моддий зарарларни қоплашга қаратилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2024-11-12_09-20-26

ИШ ВАҚТИ МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИДА МУҲИМ  АҲАМИЯТГА ЭГА

Маълумки, ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда меҳнат ҳуқуқи тушунчасига кўп дуч келамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки жисмоний ва юридик шахслар ўз фаолиятини меҳнат қонунчилиги асосида олиб боради.

Айтиш керакки, меҳнат ҳуқуқида “иш вақти” тушунчаси муҳим ўрин тутади.

Негаки, ходимнинг ишга ўз вақтида келиб-кетиши, тушликка чиқиб-қайтиши, дам олиш ёки байрам кунлари ишга жалб этилиши меҳнат муносабатларида алоҳида аҳамиятга эга.

Бинобарин, Меҳнат кодексининг “Иш вақти” дея номланган 13-боби 181-200-моддаларни ўз ичига қамраб олган. Кодекснинг 181-моддасига биноан, ходим ички меҳнат тартиб-қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ, меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт — унинг иш вақти ҳисобланади.

Иш вақтига ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган муддат, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар, шунингдек, асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти (кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш ва бошқалар) киради.

Шу ўринда иш вақтининг нормал давомийлиги, қисқартирилган давомийлиги ва тўлиқсиз иш вақти каби турларига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Чунончи, ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги шуки, беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда, қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ, меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги — бу ўн саккиз ёшга тўлмаган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга ҳамда уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) мажбурий тартибда белгиланади.

Сўнгги пайтларда кўпгина 11-синф битирувчилари ёки техникум ҳамда касб-ҳунар таълими ташкилотларининг ўқувчилари дарсдан бўш вақтларида ишлаб, ота-оналарига ёрдам беришмоқда. Бундай вазиятда белгиланган иш вақтининг давомийлиги ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун — ҳафтасига йигирма тўрт соатдан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун эса, ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган тартибда белгиланади. Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги ёшига қараб, 24 ёхуд 36 соатнинг ярмидан ошиши мумкин эмас. Бу — ҳафтасига 12 ёки 18 соатни ташкил этади.

Меҳнат кодексининг 185-моддасида қайд этилишича, ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун олти кунлик иш ҳафтасида — етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса, саккиз соатдан ошмаслиги шарт.

Маълумки, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

Биз истиқомат қилаётган минтақада соат 22:00 дан то соат 6:00 гача бўлган 8 соатлик муддат — тунги вақт ҳисобланади. Тунги вақтда ишлаганлик учун камида бир ярим баравар миқдорида иш ҳақи тўланади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг “вақтбай” тизимида — тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун 1,5 ёки ундан ортиқ коэффициентни қўллаган ҳолда, “ишбай” тизимида эса, тегишли разрядга (малакага) эга бўлган “вақтбай” тизимида ишловчининг соатлик тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизи ёки ундан ортиқ миқдорида “ишбай” иш ҳақи ва қўшимча тўлов тўлиқ тўланади. Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш тариф ставкаларига (маошларга) киритилмайди. Тунги вақтдаги, шунингдек, кўп сменали режимдаги иш учун иш ҳақига доир қўшимча тўловнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра, қабул қилинадиган ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ана шу тартиб-таомилларга тўла-тўкис амал қилинган жамоада низоли вазиятлар юзага келмаслигини амалдаги қонунчилигимиз кафолатлайди. Демак, ҳар ким — иш берувчи ва ходим ўз мажбуриятлари ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши билиши — ҳуқуқий жамият талаби саналади. Бунга тўла амал қилганлар асло ютқизмайди.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси

photo_2024-10-07_13-01-17

ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛГАН ҚАРОР

Халқимизда “Меҳнат, меҳнатнинг таги — роҳат” деган пурмаъно мақол бор. Чиндан ҳам, ҳалол меҳнат қилган инсон ҳурмат-эътибор қозонади, обрў-иззат топади.

Дарҳақиқат, халқимизнинг кундалик турмуш тарзида ёши улуғ отахону мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва қадрлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш — бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз ҳамда миллий анъаналаримизнинг ажралмас бир қисмига айланган. Бу, биринчи навбатда, кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан, ёш авлод учун тарбия ва тажриба мактаби вазифасини ўтайди.

Ўтган даврда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, соҳага оид ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Кексалар учун 152 та туман ва шаҳарда «Нуронийлар маскани» мажмуалари ташкил этилди, барча ишловчи пенсионерларга пенсияларни тўлиқ миқдорда тўлаш йўлга қўйилди, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ташкил этилди.

«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар ва нуронийлар ҳолидан доимий равишда хабар олиш тизимини ташкил қилиш ҳамда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш тизими йўлга қўйилди.

Айниқса, Президентимизнинг 2021 йил 4 майдаги “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айни муддаодир.

Мамлакатимизда кексаларга пенсияга чиқишда бир қатор енгиллик ва қулайликлар яратилаётган бир пайтда, айрим жойларда пенсия тайинлашга масъул бўлган органлар томонидан бир қатор тўсиқлар қўйилаётгани ёки ортиқча сансоларликлар оқибатида муаммолар туғдирилаётганига дуч келинмоқда.

Фикримизнинг асоси сифатида айтсак, жорий йилнинг дастлабки етти ойида Навоий вилояти маъмурий судлари томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 5 та иш кўриб чиқилиб, уларнинг 3 таси қаноатлантирилган. Умуман олганда, ўтган етти ой мобайнида жамғарма мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ 211 та иш кўрилган бўлиб, 193 та ариза қаноатлантирилган. Натижада пенсионер отахон ва онахонларимизнинг пенсия олиш ёки пенсия миқдорини ҳисоблашда уларнинг ишлаган иш стажларини ҳисобга олиш билан боғлиқ бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари тикланган. Шу билан бирга, фуқароларнинг овора бўлишига йўл қўйилган 117 та ҳолатда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг мутасадди ходимларига нисбатан судлар томонидан хусусий ажримлар чиқарилган.

Шу ўринда судда кўрилган ишлардан бири мисолида фикримизни давом эттирсак, Нурота тумани адлия бўлими Ойдин Умарованинг манфаатларини кўзлаб, судга ариза билан мурожаат қилган ва жавобгар — бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Нурота тумани бўлимининг 2024 йил 9 январдаги 1637381-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Аниқланишича, О. Умарова ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Нурота тумани бўлимига мурожаат қилган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Нурота тумани бўлимининг 2024 йил 9 январдаги 1637381-сонли қарор билан О. Умарованинг 2016 йил 4 октябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар “Нурота” ширкат хўжалигида ишлаган иш даврлари учун ойлик иш ҳақларидан суғурта бадаллари тўлиқ тўланмагани ва жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бадаллари тўлиқ ўтказилмагани асос қилиниб, унинг умумий иш стажига қўшиб ҳисобланмаслиги маълум қилинган.

Шу сабабли О. Умарова меҳнат ва пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида, судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Айтиш керакки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 46-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига кўра, мамлакатимиз фуқаролари ушбу қонунда назарда тутилган тартибда давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга.

Мазкур қонуннинг 42-моддаси ҳамда Меҳнат кодексининг 125-моддаси талабига кўра, меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 октябрдаги 592-сонли қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 56-бандида ҳам шу талаб қайд этилган.

2004 йил 2 декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси биринчи қисмига асосан, жисмоний шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган даромад солиғининг тегишлича, камайтирилган суммаси ҳисобига жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларини иш берувчи ҳар ойда тўлаб боради.

Мазкур қонуннинг 15-моддаси биринчи қисмига кўра, жамғариб бориладиган пенсия бадаллари киритилганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхасини, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари тартиб рақами, фамилиялар, ҳар бир ходимнинг ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақи суммаси, бошқа даромадлари ва жамғариб бориладиган пенсия бадаллари суммаси кўрсатилган ходимлар реестрини иш берувчи ўзи турган жойдаги “Халқ банки” филиалига ҳар ойда тақдим этиши шарт.

О. Умарованинг 2016 йил 4 октябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар “Нурота” ширкат хўжалигида ишлаган даврлари тўғрисидаги иш ҳақи ва буйруқ китоблари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ сақланмагани, архив маълумотларининг юритилмагани, суғурта бадаллари ўтказилмагани ёки жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўланмаганида О. Умарова айбдор эмас. Чунки юқоридаги қонунчилик талабига кўра, бу вазифаларнинг барчаси иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Шундай экан, бундай камчиликлар учун фуқаро жавобгар бўлмаслиги шарт. Шу талабга кўра, қонун О. Умарованинг ҳақли эканини кўрсатиб турибди. Зеро, 2016 йил 4 октябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар “Нурота” ширкат хўжалигида ишлаган меҳнат даврларига оид маълумотлар унинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан тўлиқ тасдиғини топган. Мазкур ёзувлар тегишли тартибда рақамлар билан қайд қилиниб, иш берувчи ташкилот муҳри билан тасдиқланган. Шу сабабли бу маълумотларнинг ҳақиқийлиги шубҳа уйғотмайди.

Таъкидлаш жоизки, Олий суд Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 9-бандининг учинчи хатбошисида судларга иш берувчининг ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли иш даврини стажга қўшмаганлик билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, бу ҳолат иш фаолияти даврини ходимнинг иш стажидан чиқариш учун асос бўлмаслигини инобатга олишлари лозимлиги ҳақида раҳбарий кўрсатма берилган.

Шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси иккинчи қисмида суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар қонунчиликка зид эканини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши белгиланган.

Суд юқорида аниқланган ҳолатларга кўра, Нурота тумани адлия бўлимининг О. Умарова манфаатларини кўзлаб берган аризасини қаноатлантириб, жавобгар — Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Нурота тумани бўлими томонидан чиқарилган О. Умарованинг ишлаган меҳнат даврларини ёшга доир пенсия тайинлашда ҳисобга олмаслик хусусидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топди.

Шу билан бирга, фуқаронинг пенсия олишида овора бўлишига йўл қўйганлиги учун суд томонидан Бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармаси Нурота тумани бўлимининг мутасадди ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.

Мухтасар қилиб айтганда, нуроний отахону мўътабар онахонларимизнинг пенсия олиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги муҳим вазифа саналади. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш одил судловнинг бош мақсадидир.

Давлат БОБОНОРОВ,

Навоий вилояти

маъмурий суди судьяси

#thegov_button_69cc44d5542b7 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc44d5542b7:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc44d5542b7 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc44d5542b7:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!