Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-10-07_10-25-45

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ ВАҚТ СИНОВЛАРИДАН МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТМОҚДА

Инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик ва йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларни ўзида мужассам этган ярашув институти бугунги кунда миллий қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган эзгу мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим вазифа – ўтмиш асоратларидан имкон қадар тезроқ халос бўлиш, шахс, унинг яқинларига жисмоний ва маънавий азоб берадиган, унинг қадр-қимматини камситадиган жазо турлари, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолатларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликка адолат ва инсонпарварлик тамойилларини кенгроқ жорий этиш зарур эди.

Шу мақсадда ривожланган демократик давлатларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган тамойил ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга бир қатор янги институтлар киритилди. Айниқса, бу борада 2001 йил 29 августдаги қонун билан жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ушбу қонун асосида миллий қонунчилигимизда илк марта ярашув институти жорий этилди. Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилгани муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилди.

Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён ўтган қарийб йигирма тўрт йил давомида у янада такомиллаштирилиб, амалда қўлланиш доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, ярашув институти жиноий-ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштириш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилаётганини кўрсатади.

Ярашув институти эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам қўлланила бошланганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу қонунга асосан, ярашилгани муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, 15 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳуқуқбузар Ж. Қиличев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўз автомашинаси билан Д. Давроновнинг йўлини тўсган, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб, ҳақорат қилган. Шундан сўнг Д. Давронов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга мажбур бўлади…

Суд мажлисида Ж. Қиличев ўзининг қилмиши оқибатини тушуниб етгани, бундан қаттиқ пушаймон эканини билдирди. Жабрланувчи Д. Давронов ўзидан астойдил кечирим сўрагани учун Ж. Қиличевнинг узрини қабул қилганини, улар ўзаро ихтиёрий ярашишганини, шу муносабат билан маъмурий ишни тугатишни сўради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасига мувофиқ, ушбу кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс, агар у ўз айбига чин дилдан иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.

Суд Ж. Қиличев ва жабрланувчининг ярашганлик тўғрисидаги аризаларини инобатга олиб, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-10-моддаси 1-бандига мувофиқ, ҳаракатдан тугатишни лозим топди. Шунингдек, жабрланувчига ушбу иш юзасидан такроран судга шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотганлиги тушунтирилди.

Мухтасар айтганда, агар ярашув институти амалиётга жорий этилмаганда, Ж. Қиличев ҳуқуқбузар сифатида қилмишидан қанчалик пушаймон бўлмасин, барибир жазога тортилар, натижада оиласи, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлиб қоларди. Ярашув институти уни ана шундай хижолатпазликдан халос этди ва ҳаётда ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмаслиги тўғрисида тасаввур уйғотди.

Ғиёсиддин Ялгашев,

Навоий вилояти суди раиси ўринбосари

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2025-09-26_17-25-42

ҚИЙИҒИ ЧИҚҚАН ҚИНҒИРЛИК ЁХУД БИР НЕЧА ЙИЛДАН СЎНГ ФОШ БЎЛГАН ЖИНОЯТ

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшаган Иззат Холдоров (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2018 йилда нафс васвасасига учиб, бир неча кишини лақиллатиб, фирибгарлик қилмишини содир этганда кўза кунда эмас, кунида синишини хаёлига ҳам келтирмаган, ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолади, дея хомтама бўлганди.

Ўшанда И. Холдоров Нусрат Самиғовга Қорақамиш даҳасидаги 8 сотих ер майдонини 150 000 АҚШ долларига сотмоқчи эканини айтади.

— Ер майдонининг кадастр ҳужжатларини ҳам ўзим расмийлаштириб бераман, — дея ваъда беради у.

Аммо Н. Самиғов бирдан розилик билдирмайди.

— Майли, таклифингизни бир ўйлаб кўрай-чи, — дея мавҳум жавоб қайтаради.

— Бу ерни беш-ўн минг камига сўраганлар кўп, аммо сотмаяпман. Олиш ниятингиз бўлса, тезроқ ҳаракатингизни қилинг, — дейди И. Холдоров харидорни қўлдан чиқармасликка уриниб.

Орадан кўп ўтмай Нусрат Самиғов ер майдонини акасининг қудаси – Жалол Рўзибоевга олиб бермоқчи бўлади. Бинобарин, у И. Холдоровга олдиндан 35 600 АҚШ доллари закалат беради.

Буни қарангки, И. Холдоров ушбу ер сотиш баҳонасида Н. Самиғовни яна алдайди. Яъни унга Учтепа туманида давлат рўйхатидан ўтган “Nurilla golden house” масъулияти чекланган жамиятини 50 000 АҚШ долларига сотиб олишни таклиф қилади. Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорлари асосида замонавий маҳалла идораси қуриб беришга кўндириб, эвазига Мирзо Улуғбек туманининг Ҳумоюн мавзесида шифохона ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини қуриш учун ажратилган 0,30 гектар ерни кадастр ҳужжатлари билан бирга унинг номига расмийлаштириб беришини айтади. Натижада И. Холдоров анна шундай алдовлари эвазига харидорнинг 50 000 АҚШ долларини қўлга киритади. Аммо фирибгарнинг бу билан нафси қонмайди. Аниқроғи, у Н. Самиғовни яна Мирзо Улуғбек туманидаги “Олимлар” маҳалла идорасининг қурилиш ва таъмирлаш ишларини шерикчилик асосида бажаришга ҳам кўндиради. Бунинг учун эса, Н. Самиғовнинг яна 60 040 АҚШ долларини олади. Аммо унинг ваъдаси ваъдалигича қолиб кетади.

Аслида бу фирибгар кимса туманнинг Ҳумоюн мавзесидаги 0,30 гектар ер майдони ва “Nurilla golden house” масъулияти чекланган жамиятини аллақачон Мастура Абдулҳамидовага 180 000 АҚШ долларига сотиб улгурганди…

Бу ҳали ҳаммаси эмас, нега деганда, Нусрат Самиғов билан бир пайтда фуқаро Толиб Жаъфаров ва Қаҳҳор Буваевлар ҳам Иззат Холдоров усталик билан қўйган фириб тузоғига илинишганди. Аниқроқ айтсак, И. Холдоров 2018 йил май ойида дастлабки терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган жиноий шериги билан тил бириктириб, Т. Жаъфаровга Олмазор тумани Қорақамиш 2-даҳасида жойлашган 0,30 гектар бўш ер майдонини қонуний йўллар орқали олиб беришини айтади ва унинг 35 000 АҚШ долларини олади.

Бундан ташқари у Қ. Буваевни ҳам айнан ер майдони олиб беришини айтиб, 31 минг АҚШ долларига чув туширади.

Орадан 2 йил ўтгач, яъни 2020 йил июнь ойида Иззат Холдоровни яна эски “ҳунар”ининг хумори тутиб қолади. Бу гал у фуқаро Зулфия Арзиевага Юнусобод туманининг 3-мавзесидаги янги уйнинг 2-қаватида жойлашган, 2 хонали хонадонни 45 000 АҚШ долларига сотишини ҳамда 6 ой ичида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришини ваъда қилади.

Табиийки, З. Арзиева унинг ваъдасига ишонади. Бинобарин, олдиндан унга 20 000 АҚШ долларини беради. Аммо у И. Холдоров ўзини лақиллатиб кетганини кейинроқ англаб етади.

Албатта, ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Фирибгар И. Холдоров хомтама бўлгандек, кирдикорлари очилмай қолмади, аксинча, жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди Иззат Холдоровни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу билан бирга, ҳукмда судланувчидан Нусрат Самиғовга 1 миллиард 870 миллион сўм, Толиб Жаъфаровга 449 миллион 547 сўм, Қаҳҳоржон Буваевга 398 миллион 170 минг сўм моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди. З. Арзиевага етказилган зарарни эса, И. Холдоров тергов жараёнида тўлиқ қоплаган экан.

Афсуски, кейинги пайтда фирибгарлик жинояти тез-тез содир этилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Албатта, бунинг бир қатор сабаблари бор.

Жумладан, бунга, бир томондан, И. Холдоров сингари ҳеч қаерда ишламайдиган, пешона тери тўкиб, ҳалол кун кечиришга бўйни тоб бермайдиган кимсаларнинг устомонлиги сабаб бўлса; иккинчи томондан, одамларнинг соддалиги, янада тўғрироғи, қонунни айланиб ўтишга уриниши салбий таъсир кўрсатмоқда.

Демак, ҳаётда амалдаги қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўладиган ва унинг талабларига оғишмай риоя этадиган киши ҳеч қачон кимнингдир алдовига ишонмайди. Бизнинг ҳаётга очиқ кўз билан қарашимиз, ҳушёр ва огоҳлигимиз ўз навбатида, жамиятимизда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши, фирибгарлик сингари иллатлар барҳам топишига хизмат қилишини ҳеч қачон унутмайлик.

Дилноза ХОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

судининг судьяси

photo_2025-07-04_15-56-15

ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ҲАР БИРИМИЗДАН АЛОҲИДА МАСЪУЛИЯТ, ФИДОЙИЛИК ВА ҲУШЁРЛИК ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда болалар тарбиясига давлат томонидан жиддий эътибор қаратилиб, таълим дастурлари йилдан-йилга ислоҳ қилиниб, илғор халқаро андозалар даражасида такомиллаштириб борилмоқда. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Аммо шунга қарамай, вояга етмаган ёшлар орасида жиноят кўчасига кириб, турли хил ҳуқуқбузарликларни содир этиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Пискент туманида жойлашган 1-сонли Оқтепа касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси Асқар Аноров ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилди) билим олиш, касб-ҳунар эгаллаши учун яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етмай ҳуқуқбузарлик содир этди.

Аниқроқ айтганда, А. Аноров 2024 йил 26 ноябрь куни, тахминан, соат 16-00 ларда ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктиради: олдиндан тузилган жиноий режа асосида, вояга етмаган Икром Абдиев билан 2010 йилда туғилган жабрланувчи Файзулла Ашуровга ҳужум қилиб, босқинчилик жиноятини содир этган. Улар жабрланувчининг бозор баҳоси 600 000 сўм бўлган “РЕДМИ-6” русумли телефонини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган.

Бундан ташқари вояга етмаган А. Аноров 2024 йил 26 ноябрь куни, тахминан, соат 17-45 ларда, олдиндан тузилган жиноий режа асосида, вояга етмаган И. Абдиев иштирокида такроран босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, вояга етмаган Шомирза Худойқуловни жиноятга шерик қилган. Улар Бўка туманидаги Агротехнологиялар техникуми биноси ёнида вояга етмаган жабрланувчи Муҳиддин Норбековни пичоқ билан қўрқитган ва босқинчилик йўли билан унинг бозор баҳоси 1 200 000 сўмлик “САМСУНГ А50” телефон қурилмасини қўлга киритган.

Аниқланишича, вояга етмаганлардан иборат бу жиноий гуруҳ илгари ҳам майда безорилик билан шуғулланиб келган. Бироқ улардан жабр кўрган тенгқур болалар ушбу “сир”дан катталар ёки ўқитувчиларини хабардор этишдан андиша қилган. Балки жиноий гуруҳ кўзига ёмон кўриниб қолишдан чўчигандирлар ҳам. Оқибатда зўравонликка ружу қўйган А. Аноров гуруҳи маҳаллий ёшларга отнинг қашқасидек танилиб қолган…

Ниҳоят, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага етиб келган дастлабки хабардан сўнг уларнинг зўравонликка асосланган ўзбошимча хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.

Вояга етмаган Асқар Аноров ва унинг дастлабки жиноий шериги, вояга етмаган Икром Абдиев — Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 164-моддаси 3-қисми “а” банди билан, охирги жиноий қилмишга шерик бўлган вояга етмаган Шомирза Худойқулов эса, Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари билан айбланиб, барчасига иш бўйича “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Суд туман таълим бўлими мутасаддилари билан келишган ҳолда, туманнинг 20 та таълим муассасасидаги ҳуқуқбузарлик ва зўравонликка мойиллиги бўлган жами қирқ нафарга яқин ёшларни очиқ суд мажлисига тўплади. Суд очиқ суд мажлисида А. Аноров бошчилигидаги вояга етмаган судланувчилар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини тинглаб, дастлабки тергов жараёнида ҳамда судда тўпланган далилларни текширди, уларни қонун нуқтаи назаридан батафсил муҳокама қилиб, жиноят ишидаги барча ҳужжатларни таҳлил этди, тарафларнинг музокаралари ва судланувчиларнинг охирги сўзини тинглаб, мазкур жиноят тафсилотларига тўла ойдинлик киритди.

Суд мажлисида барча судланувчилар содир қилган жинояти бўйича айбига иқрорлик билдириб, жабрланувчилардан кечирим сўрашди, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўрашди.

Суд судланувчиларни вояга етмаганини инобатга олиб, Асқар Аноровни — 4 йил муддатга, Икром Абдиевни — 3 йилу 6 ой муддатга, Шомирза Худойқуловни 1 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди, жазо тарбия колонияларида ўталиши белгиланди.

Бу воқеани баён этишдан мақсад — ёшлар тарбияси ҳамиша ҳушёрлик ва масъулият талаб этишини таъкидлашдир. Ҳолбуки, ёшлар тарбиясида йўл қўйилган ҳар бир эътиборсизлик изсиз кетмайди. Шундай экан, бугун биз ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашишимиз, бу борада ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз осойишта ва фаровон келажакка қўйилган пойдевор эканини унутмаслигимиз жоиз.

Шерзод Абдуқодиров,

жиноят ишлари бўйича

Бўка тумани суди раиси

photo_2025-09-26_17-13-18

ОИЛА – МУҚАДДАС МАСКАН

Фарзанд тарбияси ва таъминоти билан боғлиқ жараён ота-она зиммасига алоҳида масъулият юклайди

Дунёда ота-оналик мартабасидан улуғроқ бахт бўлмаса керак. Аммо ҳаётда бундай юксак мартабадан воз кечадиган, ўз дилбандидан юз ўгириб, уларни тирик етимга айлантираётган кимсалар ҳам учраб туради.

Қонунда фарзандига етарлича ғамхўрлик кўрсатмасдан, уларнинг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан бекаму кўст камол топишларига қайғурмасдан келаётган ота-оналар суд тартибида ота-­оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгилаб қўйилган.

Албатта, ота-оналик ҳуқуқи фуқароларнинг энг олий ва дахлсиз ҳуқуқларидан ҳисоб­ланиб, улар бу ҳуқуқдан қонунда бевосита ва аниқ белгилаб қўйилган асослар мавжуд бўлган алоҳида ҳолларда охирги чора сифатида маҳрум қилиниши мумкин. Ота-онанинг болаларга муносабати хусусиятларини аниқлаш мақсадида, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар, қоидага кўра, суд мажлисида жавобгарнинг иштирокида кўриб чиқилади.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, Жавлон Тоштемиров билан Жамила Камолхонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзаро турмушлари давомида қиз фарзандли бўлишган. Аммо Ж. Тоштемиров фарзандини боқиш, таълим-тарбия бериш каби зиммасидаги мажбуриятларини бажариш ўрнига уни онаси билан қаровсиз қолдириб, ташлаб кетади. Ўзи эса, бошқа бир аёл билан турмуш қуриб, фарзандли бўлади.

Афсуски, она бўлмиш Ж. Камолхонова ҳам моддий шароити оғир ва муқим яшаш жойига эга бўлмаганлиги туфайли қизидан воз кечади. Оқибатда вояга етмаган О. Баҳромжонова Юнусобод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, “Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси” ва Тошкент шаҳар Болалар уйи билан тузилган икки томонлама битим асосида Тошкент шаҳар Болалар уйига жойлаштирилади.

Шундан сўнг даъвогар – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокурори вояга етмаган О. Баҳромжоновага ижтимоий мақом бериш, уни таълим олиши, ижтимоий ёрдам ва уй-жой билан таъминланиши учун тўлиқ давлат таъминотига ўтказиш, шунингдек, жавобгар – Ж. Тоштемиров ва Ж. Камолхоновани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраб, судга ариза билан мурожаат қилди.

Судда аниқланган ҳолатларга қараганда, Ж. Тоштемиров ва Ж. Камолхонова 2022 йилда туғилган фарзанди О.Баҳромжоновага таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортиб келган, болага моддий ва маънавий томондан ёрдам бермаган. Ўтган давр мобайнида улар фарзанди Ойдинага нисбатан ота-оналик меҳрини ҳам бермаган, ҳатто унинг турмуш тарзи ва яшаш шароити билан ҳам қизиқишмаган.

Суд мажлисида даъвогар – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани прокурори катта ёрдамчиси Р. Қосимов даъво аризасини қувватлаб, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан жавобгарлар – Ж. Тоштемиров ва Ж. Камолхонованинг вояга етмаган фарзанди О. Баҳромжоновадан воз кечиб, ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бош тортганлик ҳолатлари ўрганиб чиқилганини инобатга олиб, уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва алимент ундиришни сўради.

Судда сўралган жавобгар Ж. Тоштемиров айбини инкор этмади. Аксинча, боласи туғилганидан бери ундан хабар олмаганлигини тасдиқлади.

Жавобгар Ж. Камолхонова эса, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида огоҳлантирилганига қарамай, номаълум сабабларга кўра, судга келмади.

Айтиш керакки, Оила кодексининг 73-моддаси талабига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари лозим. Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 79-моддасида ота-она ё улардан бири ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши белгилаб қўйилган.

Оила кодексининг 80-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Кодекснинг 96, 99-моддаларида эса, ота-она вояга етмаган фарзандларига таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ё онадан суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилиши, алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми миқдорида ундирилиши белгиланган.

Шу асосда Ж. Тоштемиров ва Ж. Камолхонова суд қарори билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Уларнинг ҳар биридан ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида вояга етмаган фарзанди О. Баҳромжонова фойдасига алимент ундириш белгиланди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда инсон учун ота ва она бўлиш, фарзандига меҳр-муҳаббат бериш, уни баркамол инсон бўлиб вояга етказишдан ортиқ бахт ҳам, мақсад ҳам йўқ. Шундай экан, фарзанд — оила таянчи, авлодлар давомчиси эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Назира Узакова,

Тошкент шаҳар судининг

судья катта ёрдамчиси

 

photo_2025-09-19_11-31-19

ҚОНУННИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ — ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораяпти. Шунга мос равишда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қайд этиш керакки, маъмурий орган билан жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги тартиб-таомиллар соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш жараёнида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд. Ушбу муносабатлар ягона қонун ҳужжатида тўлиқ мустаҳкамланмаган. Маъмурий ҳужжатни фақат ёзма шаклда қабул қилиш белгиланган. 

Мазкур ҳолатлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг Конституция ҳамда бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишда маъмурий органлар томонидан кўриладиган чоралар ва кафолатлар етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни турли хил ҳужжатлар билан тартибга солиниши қонунчиликда бир-бирига номувофиқ талаблар белгиланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса маъмурий органлар томонидан тегишли процедураларни амалга оширишда тушунмовчиликлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз фаолиятлари давомида турли давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан ҳуқуқий муносабатларга киришади. Мазкур муносабатлар жараёнида маъмурий органлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга оид ҳужжатлар қабул қилинади. Ўз нав­батида ушбу маъмурий ҳужжатлар оммавий-ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиради, ўзгартиради ёки бекор қилади. Яъни, маъмурий ҳужжат жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқларига дахл қилади. Шу сабабли, ушбу жараёндаги тартиб-таомилларни бирхиллаштириш, фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилиш мақсадида 2018 йил январь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Қонун бевосита маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Яъни, маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунчиликка мувофиқ маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бош­қаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар маъмурий органлар ҳисобланди. Хусусан, маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан, лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан тат­биқ этилади. Таҳлиллар ва хорижий давлатлар тажрибаси қонунни маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилиши доираси тўлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Масалан, Германия Федератив Рес­публикасининг “Маъмурий процедуралар тўғрисида”ги қонунининг 1-моддасида қонун маъмурий органларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятига ҳамда давлат ҳуқуқий фаолиятига нисбатан қўлланилиши белгиланган. Қонун ер соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларга татбиқ этилмайди. Сабаби, ушбу муносабатлар “Ер соҳасидаги маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Фик­римизча, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида қонун татбиқ этиладиган соҳаларни қайта кўриб чиқиш, ривожланган давлатлар таж­рибасидан келиб чиқиб, соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш керак. Қонун қўлланиладиган соҳаларга қуйидагиларни киритиш лозим. Хусусан, солиқ, божхона, давлат назорати ва текшируви, фуқароларнинг пенсия таъминоти, давлат хизматига қабул қилиш, ундан бўшатиш ва лавозимга кўтарилиш (лавозимдан тушириш), ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга чақириш, шаҳарсозликни режалаштириш, ер участкаларини ажратиш ва олиб қўйиш, шунинг­дек, маъмурий органларнинг бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига нисбатан татбиқ этилишини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Сабаби, АҚШ, Германия, Япония, Озарбайжон ва бошқа хорижий давлатлар тажрибаси пенсия, солиқ ва божхона маъмуриятчилиги маъмурий муносабатлар соҳасига киритилган. Давлат хизматига қабул қилиш ва бўшатиш, шунингдек, аттестациядан ўтиш ва хизмат бў­йича кўтарилиш тўғрисидаги қарорлар маъмурий ҳужжат ҳисобланади. Демак, ушбу муносабатларни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун татбиқ этиладиган соҳага киритиш зарур.

Фақатгина давлат хизматининг меҳнат муносабатлари доирасида топшириқ бериш ва уни ижросини ташкил этиш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан қонун татбиқ этилмаслигини белгилаш керак.

Маъмурий тартиб-таомилларни тартибга солувчи қонуности ҳужжатларини ушбу қонунга мувофиқлаштирилмаганлиги ҳам қонунни амалиётда қўллашда муаммоли вазиятларни келтириб чиқармоқда. Шу сабабли, ривожланган давлатлар таж­рибасидан келиб чиқиб, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш, қонун татбиқ этиладиган соҳаларни айнан кўрсатиш ва кенгайтириш лозим. Бундан ташқари, қонуннинг 52-моддасида маъмурий ҳужжат ёзма шаклда қабул қилиниши, ёзма маъмурий ҳужжат маъмурий органнинг ваколатли мансабдор шахси ёки коллегиал орган аъзолари томонидан имзоланиши ва маъмурий органнинг муҳри билан тасдиқланиши белгиланган. Бироқ хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда мавжуд амалиёт маъмурий ҳужжатни бошқа шаклларда, хусусан, оғзаки равишда, белги ва ишоралар билан ҳам қабул қилиниши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Маъмурий муносабатларни тартибга солувчи соҳаларни ягона қонунда бирлаштирсак, у фуқаролар учун ҳам, давлат хизматчилари учун ҳам қулайликлар яратади.Таҳлилларимиз ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг амалдаги таҳрири ҳам маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни тўлиқ ҳал қилиш имконини бермаслигини кўрсатмоқда. Бу эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъект­ларининг бузилган ҳуқуқларини тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга ёрдам бермайди.

Масалан, маъмурий суд ишларини юритиш принцип­лари оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ акс эттирмайди, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари тўлиқ жорий этилмаган. Айниқса, маъмурий органлар билан фуқаролар ва юридик шахс­лар ўртасидаги низоларнинг судга тааллуқлилигига ва судловга тегиш­лилигига оид қоидалар етарли даражада тартибга солинмаган, маъмурий судларга жамоавий аризалар бериш тартиби ва асослари белгиланмаган.

Фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилиш тизими етарли даражада тартибга солинмагани ҳолда етказилган зарарни ундириш тартиб­лари аниқлаштирилмаган.

Ушбулардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни билдираман: 

Биринчидан, маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни, шунингдек, маъмурий органлар мансабдор шахс­ларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган шикоятларнинг тааллуқлилигини аниқлаштириш ва такомиллаштириш лозим. 

Иккинчидан, фуқаролик судлари ҳамда иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни (айниқса, маъмурий орган жавобгар бўлган ишлар) маъмурий судларга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Таҳлилларимиз ривожланган давлатларда айнан маъмурий судлар фуқаро ва тадбиркор ҳуқуқлари билан ижро органлари ўртасидаги низоли муносабатларда, ғайриқонуний қарорлари ёки ҳаракатлар(ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда судлар муҳим ўрин эгаллашини кўрсатди.

Шу сабабли, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда судларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида маъмурий ишларнинг судловга тегиш­лилигига оид нормаларни ва қонунчиликни такомиллаштириш лозим. Бу орқали аҳолининг судларга бўлган ишончи янада ошади. Маъмурий қарорлар бир хил тартибда ва ягона принципларга мувофиқ қабул қилинади. Бу эса турли қонунчилик ҳужжатларига амал қилишдан кўра тезроқ ва осонроқ ишлаш имконини беради. Корруп­цияга қарши курашда ёки коррупция­нинг олдини олишда самарали усул бўлиб хизмат қилади. Қонунга ўзгартириш киритилиши ва такомиллаштирилиши амалиётда юзага келаётган муаммоларни ҳамда ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этади.

Сардорбек МАТНИЯЗОВ,

Хоразм вилоят маъмурий

судининг судьяси

photo_2025-09-02_16-33-55

НОЧОР ҚОЛГАН МУЛК ЭГАСИ СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ ВА АДОЛАТЛИ ҚАРОРДАН КЎНГЛИ ТАСАЛЛИ ТОПДИ

Маълумки, мамлакатимизда мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги ва муддатсизлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, Конституциямизнинг 66-моддасида мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак, деган қоида белгиланганини қайд этиш жоиз.

Мазкур конституциявий қоида амалдаги Фуқаролик кодексида ҳам ўзининг теран ифодасини топган. Хусусан, кодекснинг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб, эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Судда кўрилган бир фуқаролик иши мисолида фикримизни давом эттирадиган бўлсак, Баҳринисо Ражабова (исм-шарифлар ўзгартирилди) Сафарали Ўрозов билан қонуний тартибда никоҳдан ўтиб, уч нафар фарзандли бўлишган. Фарзандлари вояга етганида тўсатдан оиланинг бошига мусибат тушади, оила бошлиғи С. Ўрозов 2011 йилнинг 13 августида вафот этади.

Оиладаги йўқотишдан сўнг уч-тўрт йил ўтгач, Б. Ражабова ва унинг фарзандлари Рустам, Равшан ҳамда Динаралар хорижга ишлаш учун кетишади. Уйдан Баҳринисонинг онаси З. Оллоёрова хабар олиб турарди.

Содда ва ишонувчан онахон ижарада туриш учун жой сўраб келишса, уй эгаларининг рухсатисиз нотаниш оилани вақтинча яшаб туриш шарти билан ҳовлига киритади. Шу тариқа Ф. Аширматов ва унинг оила аъзолари марҳум С. Ўрозовга тегишли уй-жойда яшай бошлайди.

Воқеанинг давоми шундай кечади: Б. Ражабова фарзандлари билан Самарқандга қайтиб келса, С. Ўрозовга тегишли Самарқанд шаҳар, Н. кўчасидаги уйда нотаниш оила яшаётганини кўришади. Энг ёмони, жавобгар Ф. Аширматов “ҳовли меники, сизларнинг ҳаққингиз йўқ” деб уларни уйига киритмайди.

Шундан сўнг Б. Ражабова судга мурожаат қилади. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилади.

Бироқ Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи босқич судининг ушбу ҳал қилув қарори бекор қилинади. Бунга даъвогар Б. Ражабова ва фарзандлари марҳум С. Ўрозовнинг номидаги уй-жойга нисбатан меросхўр деб топилмаганлиги асос бўлади.

Шундан сўнг Б. Ражабованинг навбатдаги даъво аризасини мазмунан муҳокама қилган фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ўзининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантирди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, марҳум С. Ўрозовга тегишли бўлган уй-жойнинг 3/4 қисмига Б. Ражабова ва 1/4 қисмига ўғли Р. Ўрозов қонун бўйича меросхўр деб топилди. Даъвогарлар уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишди.

Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман суди очиқ суд мажлисида даъвогар Б. Ражабованинг жавобгарлар Файзулла ва Фазлиддин Аширматов, Шаҳноза ва Дилшода Аширматоваларга нисбатан уй-жойдан чиқариш ҳақидаги даъво аризаси асосида юритилган фуқаролик иши қайта кўриб чиқилди.

Суд низоли ишни кўришда мақола аввалида келтирилган қонун талабларига риоя қилди. Иш ҳолатидан аниқ бўлишича, Б. Ражабова низоли уй-жойнинг 3/4 қисмига меросхўр деб топилган ва фақат шу қисмининг мулкдори. Қолган 1/4 қисмига Р. Ўрозов меросхўр ҳисобланади.

Бундай ҳолатда суд даъвогарнинг даъво талаби асосли деган тўхтамга келди.

Масаланинг яна бир эътиборли тарафи — жавобгарлар Б. Ражабованинг яқин қариндоши эмас. Низоли уйда улар рўйхатда турмасдан, уй-жой мулкдорининг рухсатисиз 2015 йилдан буён яшаб келишган, холос.

Тарафлар ўртасида уй-жойда яшаш бўйича бирон-бир келишув тузилмаган. Жавобгарлар ўз ихтиёрлари билан низоли уй-жойдан чиқиб кетишмаган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан ушбу даъво аризаси қаноатлантирилди.

Жавобгарлар Файзулла ва Фазлиддин Аширматов, Шаҳноза ва Дилшода Аширматовалар низоли уй-жойдан мажбурий равишда чиқарилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, ночор қолган фуқаро ўзининг мулк ҳуқуқи бузилганини бартараф этиш учун судга мурожаат қилди ва адолатли қарордан кўнгли тасалли топди. Қонун устуворлиги таъминлангани, одил судлов амалга ошгани даъвогар томон ва уларни яқиндан билган, таниган кишиларда мустақил суд ҳокимиятига нисбатан ишончни оширди.

Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Пастдарғом тумани

суди судьяси

photo_2025-08-28_15-59-17

ТАРМОҚДАГИ ҚАРМОҚЛАР

Эндигина ухлашга чоғланган Шаҳло Телеграм мессенжерига дугонаси “тез кўр” дея юборган ҳаволага кўз ташлади-ю, бирдан капалаги учиб кетди. Не кўз билан кўрсинки, ҳавола орқали кирган манзили – Телеграмдаги қандайдир каналда ўзининг суратлари жойлаштирилган ва остига ахлоқсиз сўзлар ёзилган эди. Бу ҳам етмагандек, сал ўтмай Шаҳлонинг телефонига “танишайлик” деган хабарлар-у устма-уст қўнғироқлар кела бошлади.

Шаҳло буткул гангиб қолди: энди нима бўлади? Таниш-билишлари нима деб ўйлашади, ҳамкасблари-чи? Бу хабарнинг қуруқ туҳмат эканини уларнинг қай бирига тушунтиради?! Бунинг устига Телеграм каналнинг бошлиғи кимлигини билмайди, ташкилотчиларга боғланиш учун бирор-бир телефон рақами ҳам илова қилинмаган.

Шу аснода кутилмаганда, Инстаграмга номаълум аккаунтдан овозли хабар келди: “Администраторини танийман, унинг исми “Usmon”.

Шаҳло қидирувдан “Usmon”ни топди:

– Илтимос, каналдан расмларимни олиб ташланг, истаганингизни бераман.

– 2 000 АҚШ доллари.

– Хўп, пулни қаерга олиб борай?

– Сиз овора бўлманг, бориб олишади.

– Мен пулни ўз қўлингизга бермоқчиман, локация ташлаб юборинг?

– Сен мен билан сичқон-мушук ўйнамоқчимисан? – кутилмаганда “Usmon”нинг жаҳли чиқди. – Қўлимга бериб, ушлаб олишни ўйлаяпсанми? Менда ҳали а-анча расминг бор, уларниям жойлаганимда кўраман, қандай аҳволга тушасан?!

– Илтимос, ундай қилманг, майли, сиз айтгандек, бўлақолсин.

– Энди нарх 5 000 доллар! Тамом! Пул қўлимга тегмагунча расмларинг каналимни обод қилиб туради.

Бунча пулни топиш осонми? Албатта, йўқ. У ўзича товламачини қўлга тушириш чораларини излай бошлади. Бошқа телефон рақамини кўринмайдиган ҳолга келтириб, қайтадан каналга кирди. Ундаги “Вип. админ” деган ёзув эътиборини топди.

– Мен сизга дугонамнинг “очиқ” расмларини юборсам, тарқатиб бера оласизми? – деди у “Вип. админ”га.

– Албатта, фақат хизмат нархи 50 доллар. Агар барча каналларимизда айлантирадиган бўлсак, 100 АҚШ доллари тўлайсиз, – дея нариги томондаги кимса пластик карта рақамини юборди.

*    *    * 

Энди гапни Зиёдадан эшитинг. Унга бир таниши аллақайси Телеграм каналда суратлари чоп этилгани ҳақида айтганида, рости гап, аввалига ишонмади. Мен билан кимнинг иши бор, бировга хусуматим бўлмаса, қолаверса, ҳеч қачон ёмон суратга тушмаганман, деди у ўз-ўзига. Лекин таниши юборган ҳавола орқали ўша телеграм каналига кирганида, кўзларига ишонмай қолди: ҳақиқатан ҳам, ўзининг сурати қандайдир беҳаё фильмдаги қирқмага ёпиштирилган, остида ахлоқсиз сўзлар, сўнг изоҳлар, ҳақоратлар ёзилган эди.

– Нега бундай қиласизлар, ахир, бу фотошоп-ку?! Худодан қўрқмайсизларми? – дея Зиёда ғазабини босолмай изоҳ ёзди.

Айни шу пайти нариги томондан хабар ва пластик карта рақами келди:

– 1 миллион сўм тўласангиз, ҳозир ўчирамиз!

Буни кўриб, Зиёда баттар тушкунликка тушди, ҳатто икки ой давомида уйидан кўчага чиқа олмади, ишга ҳам боролмади, оқибатда оғир касалликка чалинди.

*    *    * 

Саида ҳам ижтимоий тармоқда ўзининг чўмилиш ҳавзасида тушган сурати тарқалганини кўриб, ҳуши бошидан учиб кетди. Айниқса, суратга берилган “таъриф” ҳаммасидан ошиб тушганди. Телеграм каналининг кўзга кўринмас юритувчилари унга ҳам 100 доллар берса, суратларни ўчириб ташлашни айтишди. Ростдан ҳам, пластик картага маблағни ўтказган эди, суратларни бирдан ўчириб ташлашди.

Аслида, бу пластик карта Телеграм канали ташкилотчиси 27 ёшли Эмин Шокировга тегишли эди. Э. Шокиров Интернетнинг имкониятларидан ўзининг чиркин мақсадлари йўлида фойдаланиш ва шу қинғир йўл билан бойлик орттиришни кўзлайди. Шундай ғаразли мақсадда ҳамтовоқлари Соли Беҳзодов ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси Нурмат Тўраев билан ўзаро жиноий тил бириктиради.

Қисқаси, ҳамтовоқлар бир гуруҳ бўлиб, ғаразгўйлик ва паст ниятларда, била туриб, бошқа шахсларнинг қадр-қимматини таҳқирлайдиган уйдирма маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида, интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилишда ифодаланган умумий қасдни қамраб олган ягона мақсадда 2022 йил 1 декабрда Телеграм мессенжерида канал ташкил этишади. Инстаграм ва турли ижтимоий тармоқлардаги йигит-қизларнинг суратларини олиб, улардан беҳаё кадр ва видеолавҳалар тайёрлаб каналда эълон қилиб боришади.

Ҳамтовоқлар қарашса, ўзлари ўйлаб топган “лойиҳа” кутганидан ортиқ натижа беряпти – Телеграмда чоп этилган суратларидан хабар топганлар ваҳимага тушганча ўчириб ташлашни, эвазига истаганларини беришни айтиб туришибди! Даромад устига даромад. Кундан кунга ўлжалари ҳам катталаша борди.

Аммо улар бир нарсани унутдилар – шаҳар бедарвоза эмас, эртами-кеч, ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Зеро, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги экспертларининг судга оид комплекс экспертизаси хулосасига кўра, ўша каналдан олинган ва фуқаро Саида Эшмуродовага (жумладан, бошқа жабрланувчиларга ҳам) тегишли материаллар мазмунан ўзаро муносабатларда иқтисодий манфаат ёки тамагирликка оид маълумотлар ҳисобланди.

Гарчи судланувчилар ҳамда уларнинг ҳимоячилари жазодан қутулиб қолиш, айбларини енгиллаштириш мақсадида судни чалғитишга уринишса-да, уларнинг қилмиши тегишли ҳужжатлар билан тўлиқ тасдиғини топди. Жумладан, 50 нафар жабрланувчи (улар шунча инсонни чув туширишган эди) ва гувоҳларнинг кўрсатмаси, аризалари ва унга илова қилинган фотосуратлар, номи зикр қилинган канални кўздан кечириш ва маълумотларни олиш тўғрисидаги баённомалар, фотожадвал, ашёвий далил сифатида эътироф этиш ҳақидаги қарор ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган, тегишли тартибда текширилган ва баҳоланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси барча айбловларни тасдиқлаб турарди.

Суд ҳукмига биноан, жиноятчиларнинг ҳар бирига қилмишига яраша қонуний жазо тайинланди. Жумладан, Эмин Шокиров Жиноят кодексининг 130-моддаси 2-қисми “б” банди, 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари, 140-моддаси 2-қисми, 141-3-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилди. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Соли Беҳзодов 5 йил, Нурмат Тўраев 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Албатта, судланувчиларни, аввало, нафс қутқусига учиш, енгил йўл билан бойлик орттириш каби ҳавойи майллар, қолаверса, инсоннинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилмаслик сингари иллатлар тўғри йўлдан оздирди. Энди қонуний жазони ўташ даврида улар озодлик нақадар бебаҳо бойлик эканини, ҳаётда инсон фақат эзгу ишлар орқали қадр топишини англаб етишса, ажаб эмас.

Жаҳонгир САИДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси,

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

photo_2025-08-28_15-46-59

АСОСЛИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

Сергели туманида яшовчи Ҳабибулло Йўлдошев, тахминан, 2007-2008 йилларда ўғли Аббосбекни уйлантирганда кўп орзулар қилганди. Қатор-қатор неваралар кўришни ва уларни ҳамма ҳавас қилса, арзийдиган қилиб вояга етказишни дилига тукканди.

Афсуски, Ҳабибулло аканинг бу эзгу ниятлари амалга ошмади. Тўғри, 2009 йилда ўғил неварали бўлди ва унга яхши ниятлар билан Асилбек дея исм қўйишди. Аммо ўғлини дунёга келтираётган вақтида Машҳура Йўлдошеванинг руҳиятида жиддий ўзгаришлар юз беради. Шу боис Аббосбек билан Машҳура 2015 йилда қонуний тарзда ажрашиб кетишди.

Бироқ онаси ажрашганига қарамай, Асилбек отаси ва бобосининг қарамоғида қолган. Буни қарангки, ўша йили, аниқроғи, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2015 йил 29 июлдаги суд буйруғига асосан, Аббосбек Йўлдошевдан Машҳура Йўлдошева фойдасига 2009 йил 2 мартда туғилган фарзанди Асилбек Ҳабибуллаевнинг моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

А. Йўлдошев эса, алимент тўламаган. У ҳатто суд буйруғи чиққанидан ҳам бехабар бўлган.

Бу борадаги яна бир муҳим гап шуки, вақт ўтиши билан Машҳуранинг аҳволи оғирлашиб борган. Оқибатда фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлар­аро судининг 2016 йил 1 декабрдаги қарорига мувофиқ, у муомалага лаёқатсиз деб топилган. Ўшанда суднинг ушбу қарори билан унинг синглиси Насиба Акбарходжаева ҳам муомалага лаёқатсиз деб топилган.

Опа-сингилнинг бошқа қариндошлари бўлмаган. Шу сабабли Сергели туман ҳокимининг 2016 йил 29 декабрдаги қарорига асосан, Аббосбек Йўлдошев ва отаси Ҳабибулло Йўлдошев уларга васий этиб тайинланган.

Бинобарин, Асилбек Ҳабибуллаев 2015 йилдан тўлиқ отаси А. Йўлдошевнинг қарамоғида яшаб келган.

Қисқаси, шундай кунларнинг бирида А. Йўлдошев ўзига тегишли автомашинани сотмоқчи бўлганида алиментга оид суд буйруғи туфайли транспорт воситасига нисбатан тақиқ қўйилганидан хабар топади. Шунинг учун у фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзини алимент тўловидан озод қилишни сўради.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 77-моддасида “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея қайд этилган.

Гарчи А. Йўлдошевнинг зиммасига тегишли суд буйруғи асосида алимент тўлаш мажбурияти юкланган бўлса-да, фарзанди Асилбек Ҳабибуллаев унинг қарамоғидан ажралмаган. Буни “Обод турмуш” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 2024 йил 3 апрелда расмийлаштирилган далолатнома ҳам тасдиқлайди.

Айни пайтда Асилбек махсус ҳарбий мактабда ўқийди. Қолаверса, онаси билан кўришиб туради.

Оила кодексининг 146-моддасига биноан, алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра, алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга; алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли.

Ана шу асосларга таянган суд А. Йўлдошевнинг даъвосини қаноатлантирди. Яъни уни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг 2015 йил 29 июлдаги суд буйруғига мувофиқ белгиланган, фарзанди Асилбек Ҳабибуллаевнинг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан озод этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, оила – муқаддас даргоҳ. Фарзандлар тарбияси ва моддий таъминоти эса, ота-она зиммасидаги энг муҳим мажбурият.

Аммо орамизда ўзининг оталик ёки оналик бурчини бажармаётган, ҳатто бунинг оқибатида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлаётганлар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, конституциявий бурчидан бўйин товлашга ҳеч ким ҳақли эмаслигини унутмаслик керак.

Шаҳноза ИБРАГИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Яккасарой туманлараро суди судьяси

photo_2025-08-25_16-41-35

ОЧИҚЛИК ВА ҲАЛОЛЛИК – ОДИЛ СУДЛОВ КАФОЛАТИ

Коррупция – мансабдор шахснинг ёки лавозим эгасининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий ёки бошқаларнинг манфаатлари йўлида қонунга зид равишда моддий ёки номоддий наф кўришга қаратилган ҳаракатидир.

Суд адолат мезонига хизмат қилувчи мустақил ҳокимият органи саналади.

Конституциямизга мувофиқ, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ҳар бир судья фақат Конституция ва қонунга бўйсунади ва унинг ҳалол, виждонан фаолият юритишига ҳеч бир ташқи босим ёки кўрсатма таъсир кўрсатмаслиги кафолатланган. Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлиб, бу одил судлов тамойилининг ажралмас қисмидир.

Судьяларнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, тарафларнинг қонуний манфаатларини суд орқали самарали ва ишончли ҳимоя қилишдан иборат.

Фуқаролик процессуал кодексида ҳам бу борада аниқ талаблар белгилаб берилган: судья ҳар қандай қарорни фақат қонунда кўзда тутилган далиллар асосида чиқариши шарт.

Қолаверса, рад этилган ҳар қандай далил ёки ҳужжатнинг нега ҳисобга олинмаганини суд асослаб кўрсатиши мажбурийдир. Бу одил судловнинг ҳуқуқий кафолатларидан бири ва судга бўлган ишончни мустаҳкамловчи муҳим омил ҳисобланади.

Очиқлик ва шаффофлик — коррупцияга қарши курашишда энг самарали тамойиллардир. Айниқса, суд тизимида бу қадриятларнинг устуворлиги нафақат адолатли судловни таъминлайди, балки жамоатчилик ишончининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Фуқаролик процессуал кодексида белгиланишича, суд мажлислари одатий ҳолатда ошкора ўтказилиши лозим. Бу, ўз навбатида, тарафлар ва фуқароларга суд жараёни қандай кечаётганидан хабардор бўлиш, суд қарорларининг асосланганлигини кузатиш ва уларга қонуний баҳо бериш имконини яратади. Айниқса, суд қарорларининг мажлисда эълон қилиниши ҳамда муайян ҳолларда уларнинг расмий интернет ресурсларида, анонимлаштирилган шаклда эълон қилиниши, суд тизимида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминловчи муҳим воситадир.

Шу нуқтаи назардан, бошқарувда очиқлик — коррупциянинг олдини олиш тамойилининг ажралмас қисми сифатида қонунларда мустаҳкам белгиланган. Бинобарин, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати асосий принциплар сифатида эътироф этилган.

Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, рақамлаштириш жараёнлари ушбу тамойилларни амалиётга изчил жорий этишга қаратилган. Мисол учун «E-XSUD» каби электрон платформаларнинг жорий қилиниши натижасида фуқаролар судга мурожаат қилиш, иш ҳолатини онлайн кузатиш, суд қарорлари билан танишиш ва ҳатто суд мажлисида масофадан туриб иштирок этиш имкониятига эга бўлмоқда.

Бундай рақамли имкониятлар коррупциявий хавфларни камайтириш, норасмий аралашувларнинг олдини олиш ва қарор қабул қилиш жараёнида инсон омилининг таъсирини камайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бу орқали одил судлов тамойиллари мустаҳкамланади.

Судьяларнинг ҳалоллиги ва одоб-ахлоқи – суд тизимида коррупцияга қарши барқарор иммунитет ҳосил қилувчи энг муҳим омиллардандир.

Айнан судья шахсининг поклиги ва хизмат бурчига садоқати фуқаролар ишончини таъминлайди.

Шу боис, судья ўз фаолиятини фақат қонун доирасида олиб бориши, вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, ҳар қандай шахсий ёки бошқаларнинг манфаатларини ўз қарорларига аралаштирмаслиги шарт.

Бу талаблар нафақат қонунларда, балки ахлоқий меъёрларда ҳам ўз ифодасини топган.

Судья шунчаки мансаб эгаси эмас — у адолат тимсоли, жамоат олдидаги масъулиятли шахс. Шунинг учун ҳам, у лавозимини ўзи ёки яқинларининг фойдаси учун суиистеъмол қилмаслиги, қариндош-уруғчилик ёки таниш-билишчиликка асосланган ҳар қандай таъсирлардан холи бўлиши керак.

Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига кўра, агар судьяга нисбатан ҳар қандай босим ёки ноқонуний йўналишлар бўлса, у бундай ҳолатлар ҳақида бевосита масъул ташкилотларга, масалан, Судьялар олий кенгашига ёки Олий судга зудлик билан хабар бериши шарт. Бундай қадам қонунчиликда аниқ кўрсатилган мажбурият бўлиб, судья мустақиллигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Бундан ташқари ҳар бир судья қонуний фаолиятни бошлашдан олдин қасамёд қабул қилади. Ушбу қасамёдда у ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат Конституция ва амалдаги қонунларга асосланган ҳолда амалга оширишга, ҳар қандай таъсирдан холи, холис ва адолатли бўлишга тантанали ва қатъий равишда сўз беради.

Бу қасамёд – судья учун шунчаки маросим эмас, балки умрбоқий тамойилга айланиши лозим бўлган мажбурият. Судьялик фаолиятида қатъият, принципиаллик ва ҳалоллик – шахсий фазилатлар сифатида эмас, балки қонуний талаб сифатида баҳоланади.

Шунинг учун Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексида судьяга нисбатан юқори даражадаги ахлоқий масъулият юкланган: у доимо хатти-ҳаракатида қатъият, ҳалоллик, одилона муносабат ва мўътадилликни намоён этиши лозим.

Замонавий суд тизимида технологик ёндашувлар коррупциявий хатарларни камайтиришда муҳим ўрин тутади. Аввало, суд таркибини автоматлаштирилган ахборот тизими орқали шакллантириш зарур. Яъни ҳар бир ишга электрон тизим орқали тенг асосда судьялар тайинланади ва манфаатдор шахсларнинг таъсири истисно қилинади.

Кейинги даврда суд мажлисларида масофавий видеоконференция алоқа имкониятлари кенгайтирилиб, фуқароларга ўз ишларини уйидан ёки бошқа жойдан назорат қилиш имконияти ҳам яратилди. Буларнинг барчаси судга нисбатан ишончни оширишга хизмат қилади, тизим очиқлигини мустаҳкамлайди.

Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик судларида коррупциявий хавфларни камайтириш — очиқлик, ҳалоллик ва технологик ёндашувнинг уйғун қўлланилиши билан бевосита боғлиқ долзарб жараён.

Гулҳаё ЖУМАЕВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

photo_2025-08-23_10-18-04

«РАСМИЙ ҲУЖЖАТ» ТУШУНЧАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ЖИНОЯТЛАРНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Жиноят кодексининг 209-моддасида мансаб сохтакорлиги, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ғаразгўйлик ёки бошқа манфаатларни кўзлаб расмий ҳужжатларга била туриб, сохта маълумот ва ёзувлар киритиши, ҳужжатларни қалбакилаштириши ёки била туриб сохта ҳужжатлар тузиши ва тақдим этиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабаб бўлгани учун жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, кодекснинг 228-моддасида сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида, муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш учун жавобгарлик белгиланган.

Ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс ўз фаолиятини ҳужжатлаштириш орқали амалга ошириб, бу ҳужжатлар орқали ҳуқуқий, маъмурий ёки ташкилий қарорлар қабул қилинади ва ижро этилади. Ўз навбатида, булар расмий ҳужжатлар деб аталади.

Аммо суд-тергов амалиётида ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноят ишларини кўриш жараёнида қонунчиликда “расмий ҳужжат” тушунчаси батафсил ёритиб берилмагани муайян қийинчиликларни юзага келтираётганини қайд этиш жоиз.

Жумладан, “расмий ҳужжат” тушунчасини Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-модда (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) жиноятларида учратиш мумкин.

Олий суд Пленуми қарорларида ҳам “расмий ҳужжат” тушунчаси аниқ ёритиб берилмаган. Лекин айрим норматив ҳужжатларда унинг баъзи белгиларини кўриш мумкин.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг “Расмий давлат ҳужжатларини тайёрлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, топшириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2000 йил 25 июлдаги 283-сонли қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Расмий давлат ҳужжатларини тайёрлашга буюртма бериш, уларни тайёрлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва топшириш тартиби тўғрисида”ги Низомга иловада расмий давлат ҳужжатлари қуйидагича кўрсатилган:

I. Давлат гербли гувоҳномалари: туғилганлик тўғрисида гувоҳнома; никоҳдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома; никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома; вафот этганлик тўғрисида гувоҳнома.

II. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар: Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти; чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикасида яшашга рухсатнома.

III. Ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари: чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси; ҳарбий билет; офицер ва захирадаги офицернинг шахсий гувоҳномаси.

IV. Маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар: тўлиқсиз ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома; ўрта маълумот тўғрисида аттестат; ўрта махсус таълим ҳамда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида диплом; олий маълумот тўғрисида диплом; фан номзоди (ёки доктори) дипломи.

V. Ҳуқуқ берувчи ёки мажбуриятлардан озод қилувчи ҳужжатлар: меҳнат дафтарчаси; ҳайдовчилик гувоҳномаси; ногиронлик гувоҳномаси; уруш қатнашчиси гувоҳномаси.

Юқоридагилардан кўринадики, агар айбдорнинг шу ҳужжатларга била туриб сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиши, қалбакилаштириши, сохта ҳужжатлар тузиши, тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши жиноий жавобгарликка асос бўлади.

Лекин бу норматив ҳужжат ҳам расмий ҳужжатлар тушунчасини тўлиқ қамраб олмайди. Яъни расмий ҳужжат — ҳуқуқий, маъмурий ёки ташкилотчилик аҳамиятига эга бўлган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган, давлат органлари, ташкилотлар ёки мансабдор шахслар томонидан тузилган ёзма ёки электрон шаклдаги ҳужжат ҳисобланади ва расмий ҳужжатлар маълумотларни аниқлаш, тасдиқлаш, ваколатларни юклаш ёки ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашда асос бўлади.

Расмий ҳужжат қуйидаги белгиларга эга бўлиши лозим:

1) юридик кучга эга ҳужжат қонун, фармон, қарор, буйруқ, шартнома каби ҳуқуқий асосга эга бўлади;

2) давлат тилида, гербли бланкда, рақамланган ҳолда белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилади, ҳужжатда реквизитлар санаси, рақами, имзо, муҳр ва бошқалар тўлиқ акс этган бўлиши шарт;

3) маълумотни аниқ, расмий ва ишончли тарзда баён этади ва муайян мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.

Расмий ҳужжат турлари:

1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси; Ўзбекистон Республикасининг қонунлари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари; вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари);

2) маъмурий ҳужжатлар (буйруқ, баённома, маълумотномалар, иш жойидан расмий хатлар ва маълумотномалар);

3) суд ҳужжатлари (суд ҳукми, ажрим, қарорлари);

4) нотариал тасдиқланган ҳужжатлар (васиятнома, ишончнома, нотариал шартномалар);

5) иқтисодий ҳужжатлар (шартнома, ҳисобот, ҳисобварақ, юк хати, бажарилган ишлар далолатномалари ва ҳужжатлари).

6) лицензия, гувоҳнома, патент ва бошқа рухсатнома ҳужжатлари.

7) ташкилотнинг ички буйруқ ва фармойишлари кабилар.

Қонунчиликда ва Пленум қарорларида “расмий ҳужжат” тушунчаси аниқ белгиланмаганлиги учун айрим ҳолатларда суд-тергов органлари томонидан бу турдаги жиноятларни квалификация қилишда муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.

Шу маънода, расмий ҳужжат тушунчаси алоҳида бир қонун билан таърифланмаган бўлса-да, амалдаги қонун ҳужжатларида унинг ҳуқуқий моҳияти ва турлари аниқ белгиланиши лозим.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қонун ҳужжатлари ёки Жиноят кодекси ва Олий суд Пленуми қарорларига “расмий ҳужжат” тушунчасини киритиб, унда “расмий ҳужжат”га қуйидагича таъриф бериш таклиф этилади:

“Расмий ҳужжат — давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёхуд нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг мансабдор шахси томонидан тузиладиган, ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарадиган ва маълумотларни аниқлаш, тасдиқлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилайдиган юридик кучга эга бўлган ҳамда белгиланган талаблар асосида расмийлаштирилган ёзма ёки электрон шаклдаги ҳужжат.

Расмий ҳужжатларга қуйидагилар киради:

– давлат гербли гувоҳномалари (туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, никоҳдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисида гувоҳнома, вафот этганлик тўғрисида гувоҳнома);

– шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикасида яшашга рухсатнома, хорижга чиқиш паспортлари);

– ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари (чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси, ҳарбий билет, офицер ва захирадаги офицернинг шахсий гувоҳномаси);

– маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар (тўлиқсиз ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома, ўрта маълумот тўғрисида аттестат, ўрта махсус таълим ҳамда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида диплом, олий маълумот тўғрисида диплом, фан номзоди (ёки доктори) дипломи);

– ҳуқуқ берувчи ёки мажбуриятлардан озод қилувчи ҳужжатлар (меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ногиронлик гувоҳномаси, уруш қатнашчиси гувоҳномаси, лицензия, гувоҳнома, патент ва бошқа рухсатнома ҳужжатлари, транспорт воситаси ҳужжатлари ва бошқалар);

– маъмурий ҳужжатлар (буйруқ, баённома, маълумотномалар, иш жойидан расмий хатлар ва маълумотномалар);

– суд ҳужжатлари (суд ҳукми, ажрим, қарорлари);

– нотариал тасдиқланган ҳужжатлар (васиятнома, ишончнома, нотариал шартномалар);

– иқтисодий ҳужжатлар (шартнома, ҳисобот, ҳисобварақ, юк хати, бажарилган ишлар далолатномалари ва ҳужжатлари) ва бошқалар.

Фуқаролар томонидан тузилган ҳужжат (масалан, тилхат, блокнот ёки дафтардаги маълумотлар, ёзишмалар, шартнома кабилар)ни сохталаштириш Жиноят кодексининг 209 ёки 228-модда таркибини бермайди, бунда мазкур ҳужжат бошқа жиноятни енгиллаштириш мақсадида фойдаланилган восита сифатида баҳоланиши мумкин.”

Хулоса қилиб айтганда, “расмий ҳужжат” тушунчасининг қонунчиликка киритилиши ёки белгиланиши суд-тергов органлари томонидан шу турдаги жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларни тўғри ва аниқ квалификация қилишда яқиндан ёрдам беради.

Шерзод Абдуқодиров,

жиноят ишлари бўйича

Бўка тумани суди раиси,

юридик фанлар доктори, доцент

#thegov_button_69cc68ff37d80 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc68ff37d80:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc68ff37d80 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc68ff37d80:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!