Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-02-05_17-28-13

НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ИНСПЕКТОР 15 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ

Мамлакатимиз судлари томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир. Ўтган йили оқланган шахслар орасида Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” божхона пости инспектори вазифасида ишлаган Алишер Абдуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам бор. Гап шундаки, А. Абдуллаев 2008 йил 18 декабрдан 2010 йил июль ойига қадар ушбу лавозимда фаолият юритган.

Аммо шундан сўнг А. Абдуллаевнинг бошига жиддий ташвиш тушади.

Яъни инспектор пора олиш жинояти бўйича эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Аниқланишича, А. Абдуллаев божхона постидаги ҳамкасблари билан бирга 2009 йил апрель ойидан 2010 йилнинг январь ойига қадар “Форд” ва “Мерседес” русумли автомашиналарда картошка ҳамда олма маҳсулотларини Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда, божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кириш эвазига пост ҳудудида хизмат олиб борувчи Фарғона тумани ДСЭНМ врачи ёрдамчилари М. Темиров ва Т. Турдиматов орқали К. Ҳабиловдан ҳар гал 10 000 сўмдан, жами 720 000 сўм, А. Турдалиевдан эса, 200 000 сўмни пора тариқасида олганликда айбланган.

Шунингдек, А. Абдуллаевга Ш. Султоновдан “Зил” русумли автомашинада мева маҳсулотларини Ўзбекистондан Қирғизистонга божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсқинликсиз олиб чиқиб кетиш эвазига М. Темиров ва Т. Турдиматов орқали 160 000 сўм, 2010 йил февраль-апрель ойларида Х. Содиқовдан “Форд” автомашинасида Қирғизистондан Ўзбекистонга картошка ва олма, Ўзбекистондан Қирғизистонга эса, сабзи маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб ўтиш учун ҳар сафар 5 000 сўмдан, жами 120 000 сўмни пора тариқасида олганлик айблови ҳам эълон қилинган.

Оқибатда А. Абдуллаев жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган. У ушбу кодекснинг 45 ва 57-моддалари тартибида 3 йил муддатга божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган.

Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда кечаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Алишер Абдуллаевга ҳам умид бағишлади. Шу боис у Фарғона вилояти судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этди.

Чиндан ҳам, кассация инстанцияси судида собиқ инспекторнинг айбсизлиги ўз исботини топди.

— Тергов давомида тазйиқ ва қийноқлар туфайли менга қўйилган айбловларни бўйнимга олишга мажбур бўлганман. Бироқ ҳеч кимдан пора олмаганман, — дея кўрсатма берди А. Абдуллаев кассация инстанцияси судида.

А. Абдуллаевнинг фикрларини гувоҳлар А. Турдалиев, М. Темиров, Т. Турдиматов, Ш. Султонов ва Х. Содиқовнинг кўрсатмалари ҳам тасдиқлади.

Маълум бўлишича, А. Абдуллаев “Фарғона” божхона постида 2009 йил 1 июндан бошлаб хизмат қилган. Яъни 2009 йил апрель-май ойларида у ушбу постда ишламаган. Бу ҳолат ҳам айбловнинг ноқонуний эканлигини кўрсатади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”, дея қайд этилган.

Ана шу ва бошқа ҳуқуқий асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Алишер Абдуллаевни айбсиз деб топди ва оқлади.

Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, А. Абдуллаев сингари муқаддам ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самарасидир.

Пировардида “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили ҳаётда ўз ифодасини топиб, ҳамюртларимизнинг одил судловга бўлган ишончи ортиб бормоқда.

Феруза СИДДИҚОВА,

Фарғона вилояти суди судьяси

 

photo_2026-02-05_17-24-19

ОТА ФАРЗАНДЛАРИНИ ТАРБИЯСИГА ОЛОЛМАДИ, ЧУНКИ …

Юртимизда вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайишлари учун ғамхўрлик кўрсатиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш миллий қонунчилигимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бегона шахсларгина эмас, ҳатто боланинг ота-онаси ҳам ўз фарзандига нисбатан у ёки бу шаклда зўравонлик қилиши, руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкин эмас.

Акс ҳолда, вазият оғир феъл-атворли ота-оналар ўз фарзандига эгалик ҳам қилолмайдиган ҳолатгача етиб келиши эҳтимоли ортади. Бу фикрни фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судида кўриб чиқилган ҳолат – болани ўз тарбиясига олишга доир даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этилганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аниқроқ айтганда, Жамшид Эрматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга қайнонаси Хосиятхон Собировага нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 13 ёшли Икромжон ҳамда 10 яшар Мубинахон исмли фарзандларини ўзининг тарбиясига олиб беришни сўраган. Суд мажлисида Ж. Эрматов турмуш ўртоғи 9 йил аввал хасталикдан вафот этгани, уч ой илгари болалари бувисининг уйига кетиб қолгани, эндиликда эса, қайнонаси уларни отаси билан бирга яшашига рухсат бермаётганлигини таъкидлаган.

Аниқланишича, кунларнинг бирида тушлик вақтида Икромжон ўгай онасининг топшириғи билан идишларни тоза ювмагани учун отаси унга танбеҳ беради. Мулоқот жараёнида ота ўз ўғлининг кўкрак қисмига туртиб, идишларни қайтадан тоза ювишини буюради. Шу воқеанинг эртасига Икромжон синглиси Мубинахонни олиб, “мактабга кетаяпмиз” деб уйдан чиқади ва тўғри бувисининг хонадонига боради. Ортидан излаб борган отасига жавобан эса уйига қайтишни хоҳламаслигини, бувиси билан бирга яшамоқчи эканлигини маълум қилади. Ўз навбатида, Хосиятхон Собирова куёвига набираларига нисбатан мунтазам равишда салбий муносабатда бўлаётгани учун уларни бермаслигини таъкидлайди.

Бу орада Жамшид Эрматов қайнонаси фарзандларини қайтармаётганлиги юзасидан туман ички ишлар бўлимига мурожаат этади. Бироқ муроди ҳосил бўлмайди: ички ишлар бўлими жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Шундан сўнг судлашишга жазм қилади.

Хўш, суд қандай тўхтамга келди? Бу саволга жавоб беришдан аввал айни мавзудаги халқаро ва миллий қонунчиликка қисқача тўхталсак.

Мамлакатимиз 1992 йил 9 декабрда ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 9-моддасига кўра, иштирокчи-давлатлар бола ўз ота-онасидан уларнинг хоҳишларига зид равишда айрилиб қолмаслигини таъминлайдилар, ваколатли органлар суд қарорига кўра, қўлланилган қонун ва тартиб-таомилларга мувофиқ бундай айрилиш боланинг энг яхши манфаатлари йўлида зарурлигини аниқлаган ҳолатлар бундан мустасно.

Бундай ажрим, масалан, ота-оналар болага шафқатсиз муносабатда бўлган ёки у тўғрисида ғамхўрлик қилмаган ёхуд ота-оналар алоҳида яшаётган ва боланинг яшаш жойига нисбатан қарор қабул қилиши керак бўлган у ёки бу аниқ ҳолатда зарур бўлиши мумкин.

Мазкур конвенциянинг 27-моддасида иштирокчи-давлатлар ҳар бир боланинг жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланиши учун зарур турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этиши белгиланган.

Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.

Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгар, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ушбу кодекснинг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас.

Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.

Суд юқоридаги ва бошқа қонун нормалари талаблари, шунингдек, иш юзасидан туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан тегишли тартибда берилган хулоса, Андижон давлат педагогика институти “Психологик хизмат маркази”нинг суд-психологик экспертиза хулосаси ва ишдаги бошқа ҳужжатларга таяниб, даъвогарнинг талабини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосага келди.

Мазкур иш юзасидан тайинланган экспертиза хулосасида ҳам юқорида номи тилга олинган ҳар икки бола бувиси, яъни иш бўйича жавобгар билан яшашни хоҳлашлари, ҳиссий жиҳатдан бувисига кўпроқ боғлангани, отаси (даъвогар) билан бирга яшаш уларга руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатиши, қолаверса, болаларнинг бувиси билан бирга яшаш истагини билдиришга ташқи таъсир мавжуд эмаслиги, отаси болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши ҳамда ўгай она билан  фарзандлар ўртасида самимий ва илиқ муносабат йўқлиги баён қилинган.

Суд амалиётидан келтирилган ушбу мисолдан хулоса шуки, қонунчилигимизда вояга етмаган болаларнинг манфаатлари ҳамиша устувор. Зеро, ота-она болаларни тарбиялаш ва уларнинг камолоти учун имконият яратишга масъул эканлиги баробарида, оиладаги бирор-бир хатти-ҳаракат манфаатларига зид бўлиши, уларнинг жисмоний ва руҳий камолотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Иброҳим Яқубжонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўрғонтепа туманлараро суди судьяси

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилди.

422 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди.

Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўрилди.

Судланган шахслар сони 63 340 нафарни ташкил этиб, шундан 18 816 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 43 531 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 993 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 55 829 нафари эркак, 7 511 нафари аёл, 23 973 нафари ёшлар (шу жумладан 2 431 нафари вояга етмаган) ва 2 830 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

8 085 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди ва 15 992 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

86 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

35 572 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 421 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини фирибгарлик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ўғрилик, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш, тақиқланган экинларни етиштириш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.

Жиноятлар сабабларини ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 45 323 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Апелляция тартибида 10 423 нафар шахсга нисбатан 7 723 та жиноят иши кўриб чиқилди. 340 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 375 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 6 197 нафар шахсга нисбатан 5 505 та жиноят иши кўриб чиқилди. 379 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 383 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 6 587 нафар шахсга нисбатан 5 573 та жиноят иши кўриб чиқилди. 173 нафар шахсга нисбатан томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 813 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 072 нафар шахсга нисбатан 915 та жиноят иши кўриб чиқилди. 213 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 325 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ўтган йилда туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларнинг тергов судьялари томонидан 825 050 нафар шахсга нисбатан 690 879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 509 146 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.

Хусусан, 415 531 нафар шахсга нисбатан жарима, 91 663 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.  

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 121 906 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 13 031 та тақдимнома чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Апелляция тартибида 8 988 нафар шахсга нисбатан 7 780 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 512 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 565 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 11 437 нафар шахсга нисбатан 10 834 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 5 093 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 415 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 563 нафар шахсга нисбатан 2 441 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 587 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 304 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 трлн. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 1 519 814 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 649 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 135 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 76 138 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 60 373 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 006 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 206 399 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар), 70 535 таси никоҳдан ажратиш, 26 960 таси уй-жой муносабатлари, 19 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 12 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 37 544 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 24 244 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 6 239 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 508 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

3 119 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 356 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 229 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 473 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 61 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

6 452 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 956 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 312 та қарор бекор қилиниб, 757 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 8 457 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 668 та қарор бекор қилиниб, 708 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 5 670 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 482 та қарор бекор қилиниб, 161 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 363 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 171 та қарор бекор қилиниб, 53 та суд қарори ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2025 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 690 750 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,7 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Инвестициявий низоларга оид 144 та иш кўрилиб, 88 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 73 371 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 10,8 трлн. Сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 4 140 та хусусий ажрим чиқарилиб, тегишлилиги бўйича юборилган.

Апелляция тартибида 6 305 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 862 та қарор бекор қилиниб, 450 та суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 3 400 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 658 та қарор бекор қилиниб, 352 та суд қарори ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 2 934 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 357 та қарор бекор қилиниб, 96 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 648 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 237 та қарор бекор қилиниб, 50 та суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-01-13_22-44-14

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

Ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан 17 714 та оммавий низо кўриб чиқилиб, бунинг натижасида 6 999 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 8 646 та ариза (шикоят) кўрилган бўлиб, ҳақиқий эмас деб топилган қарорлар 3 730 тани ташкил этган.

Жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг 2 043 та қароридан 611 таси, солиқ органларининг 1 593 та қароридан 743 таси, кадастр агентлигининг 1 594 та қароридан 449 таси ҳақиқий эмас деб топилган.

Шунингдек, 7 049 та ариза (шикоят) асосида мансабдор шахсларининг 2 750 та ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 3 314 та хусусий ажрим чиқарилиб, маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига юборилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 3 120 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 394 та қарор бекор қилиниб, 22 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 1 417 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 230 та қарор бекор қилиниб, 9 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 1 671 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 141 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 531 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 289 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 125 таси бекор қилинди, 1 та қарор ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

 

photo_2026-02-17_10-49-53

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТНИ ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ҚЎЛЛАШНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида иқтисодий судлар фаолиятига ҳам алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас, чунки иқтисодий адолат таъминланмаган жойда на инвестиция, на тадбиркорлик муҳити ривожланади.

Давлатимиз раҳбари адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар хусусида гапирар экан, 2026 йилдан бошлаб, Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланишини таъкидлади. Жумладан, энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.

Мазкур платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, маҳалладан тортиб, республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туради.

Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратилиши, давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Президентимиз уқтирганидек, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди. Шу боис мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмларни ҳам киритамиз.

Натижада соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади.

Мурожаатномада иқтисодий судларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масаласи алоҳида стратегик йўналиш сифатида таъкидланди. Бинобарин, бу шунчаки техник янгилик эмас, балки “адолатли ва тезкор суд” концепциясини амалга оширишнинг асосий воситасидир.

Айтиш жоизки, “Смарт” иқтисодий судларни, яъни иқтисодий соҳага сунъий интеллектни жорий этишнинг қатор афзалликлари бор.

Биринчи афзаллик – “Big Data” ва ҳужжатларни сонияларда таҳлил қилиш имконидир. Иқтисодий низолар, одатда, минглаб саҳифали бухгалтерия ҳужжатлари, банк кўчирмалари ва шартномаларни ўз ичига олади. Сунъий интеллект эса, ушбу улкан маълумотлар базасини сониялар ичида сканерлайди ва ундаги шубҳали операцияларни ёки қонунбузарликларни аниқлайди. Натижада судья ишни ўрганиш учун кетадиган ҳафталаб вақтини тежайди ва асосий эътиборни ҳуқуқий хулосага қаратади.

Иккинчи афзаллик – суд амалиётининг бир хиллигини таъминлаш билан боғлиқ. Президентимиз бир хил мазмундаги низолар бўйича турли судларда турлича қарорлар чиқарилиши тадбиркорларнинг ишончига путур етказаётганига эътиборни қаратди. Сунъий интеллект тизими аввалги барча суд қарорларини таҳлил қилиб, кўрилаётган иш бўйича “суд прецеденти” ва ҳуқуқий ечимларни судьяга тавсия сифатида тақдим этади. Коррупция ва инсон омили камаяди, суд қарорларининг прогнозуаллиги, яъни олдиндан айтиш мумкинлиги таъминланади.

Учинчи афзаллик – инсон омилини ва коррупция хавфини камайтириш. Гап шундаки, сунъий интеллект пора олмайди ва шахсий манфаатга эга эмас. Ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлашда сунъий интеллект “манфаатлар тўқнашуви” мавжудлигини, масалан, судья ва тадбиркорнинг яқинлиги ҳолатини текширади. Қарабсизки, ишларнинг холис ва шаффоф кўрилиши таъминланади.

Тўртинчи афзаллик – низоларни соддалаштирилган ва масофавий кўришга бориб тақалади. Кўпгина кичик иқтисодий низолар, масалан, қарздорликни ундириш масаласи сунъий интеллект ёрдамида автоматик тартибда кўриб чиқилиши мумкин. Даъво аризаси берилганда сунъий интеллект ҳужжатларнинг тўлиқлигини текширади ва агар эътироз бўлмаса, қарор лойиҳасини тайёрлайди. Натижада судларнинг иш юки 30-40 фоиз камаяди, бу эса, мураккаб инвестициявий низоларга кўпроқ вақт ажратиш имконини беради.

Бешинчи афзаллик – иқтисодий хатарларни прогноз қилиш, яъни олдиндан билиш салоҳияти. Сунъий интеллект тизими қайси соҳаларда ёки қайси корхоналар ўртасида низолар кўпаяётганини таҳлил қилиб, давлатга иқтисодий ислоҳотлар бўйича тавсиялар беради. Бундан мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошади, чунки инвестор ўз мулки сунъий интеллект назоратидаги адолатли тизим орқали ҳимояланишини билади.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий судларда сунъий интеллект судьянинг ўрнини босувчи куч эмас, балки адолат мезонини аниқ кўрсатувчи рақамли кўзойнакдир. У тадбиркорнинг вақтини ва маблағини тежайди, тизимдаги яширин занжирларни фош этади. Энг муҳими, суд жараёнларининг муддатини қисқартиради ва қарорларнинг асослилигини оширади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Президенти суд қарори чиқарилиши билан иш битмаслигини, бу қарорларнинг ижроси таъминланиши шартлигини ҳам қатъий таъкидлади. Бундан кўзланган асосий мақсад – суд қарорлари ижросини назорат қилишнинг электрон тизимини кучайтиришдир. Чунки агар иқтисодий суд қарори ижро этилмаса, бундай салбий ҳолат фақат суднинг эмас, балки бутун давлат тизимининг обрўсига путур етказади.

Сурайё Ганибаева,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси

 

photo_2026-02-05_16-17-24

МУРОЖААТНОМА – ЮКСАК СТРАТЕГИК МАҚСАД, ҚАТЪИЙ МАСЪУЛИЯТ ИФОДАСИ

Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади сифатида белгиланган – ҳар томонлама ривожланган, эркин ва фаровон, замонавий демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини белгилаб берган давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрда Парламентга ва у орқали халқимизга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси бугунги кунгача кенг жамоатчилик ҳамда нуфузли халқаро экспертларнинг юксак эътирофларига сазовор бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг бу сафарги Мурожаатномасида алоҳида қайд этилганидек, бутун инсоният кутилмаган кулфат ва талафотлар, ўта оғир синов ва қийинчиликларни бошидан кечираётган мураккаб геосиёсий вазиятда “содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали” бир замонда яшамоқдамиз.

Энди бевосита ҳуқуқшунослик касбимдан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш, ушбу муҳим органни ташкилий-институционал тартибда тубдан такомиллаштириш, янги жамиятдаги шиддатли ислоҳотлар талабларига мослаштириш мамлакатимиздаги ҳуқуқий сиёсатнинг энг устувор йўналишига айланганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Эътибор қилинг, биргина одил судлов фаолиятини тўлақонли амалга ошириш мақсадида, кейинги 9 йилда 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, унинг ижросини самарали таъминлаш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 26 декабрда йўлланган навбатдаги Мурожаатномада ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш вазифаси белгиланди.

Бунда асосий ёндашув суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, хусусан, одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишни янада такомиллаштириш, эндиликдаги вазифа терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, айниқса, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали инсон омилини қисқартириш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мурожаатномада адолатли суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга қаратилган энг муҳим ғоя ва ташаббуслардан яна бири – 2026 йилдан бошлаб, тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш масаласи бўлди.

Маълумки, 2025 йил 1 январдан мамлакатимизда жиноят ишини судга қадар юритишда тарафлар ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши ва процессуал мажбуриятларини бажаришлари учун бу жараёнда холислик ҳамда беғаразликни таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари таркибида тергов судьяси лавозими жорий этилди.

Айтиш керакки, суд тизимида нисбатан янги институт – тергов судьясининг вужудга келиши одил судловни амалга оширишнинг ниҳоятда муҳим омилларидан бири ҳисобланадиган суд назоратининг самарали амалга оширилиши, инчунин, ишни судга қадар юритишда ҳақиқий ва қонуний тортишув муҳитини яратиш имкониятини янада оширди. Сабаби, айнан ҳимоячининг илтимосномасини ишни судга қадар юритувчи органлар ҳал қилмаслиги туфайли кучлар мувозанати яратилади. Бу эса, жиноят процессида ҳимоячи мавқеининг янада ошишига, унинг исботлаш жараёнида қатнашиш ҳуқуқи таъминланишига амалий таъсир кўрсатади.

Ишончли далилларни топиш ва мустаҳкамлаш юзасидан асосли илтимосномаси рад қилинган ҳолларда, тергов судьяси унга ушбу ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини кафолатлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтганда, Мурожаатномада суд процессида ниҳоятда муҳим аҳамият касб этадиган тергов судьясига қўшимча ваколатлар бериш билан унинг фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси белгиланмоқда.

Эндиликда тергов судьяси ўзи рухсат берган қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров эҳтиёт чорасини ўзи ўзгартириши, қонуний деб топса, уни бекор қилиши мумкин. Шунингдек, айбланувчига нисбатан қўлланилган паспорт ҳаракатини чеклаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқишни тақиқлаш, мол-мулкни хатлаш ёки телефонлар орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш каби процессуал мажбурлов чораларини ҳам бекор қилиши мумкин.

Шунингдек, Мурожаатномада Президентимиз томонидан айни пайтгача миллий суд тизимимизда мавжуд бўлмаган янги бир институтни татбиқ этиш ғояси илгари сурилди. Яъни “энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади”.

Гап шундаки, суд тизимида “халқ вакиллари ҳайъати” институтининг жорий этилиши, биринчидан, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти шароитида судда энг муҳим демократик институтлардан бири шаклланишига эришилади; иккинчидан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунинг баробарида, жамият манфаатларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлаш имконияти ортишига олиб келади; учинчидан, давлат органларининг ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажариши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятини кенгайтиради; тўртинчидан, суд тизимида манфаатлар тўқнашуви (коррупция) ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва уни таҳлил қилиш, бу иллатга қарши самарали курашиш ва унинг олдини олиш механизмлари такомиллаштирилади.

Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттиришга қаратилган ғоя ва ташаббуслар мантиқий изчилликка асосланганлиги ва бир-бирини тўлдириб бораётганлиги яққол кўриниб туради. Зеро, уларнинг туб негизида инсон, унинг манфаатларини таъминлаш, фаровонлигини ошириб бориш сингари инсонпарвар ва адолатпарвар ғоялар мужассам.

Ушбу ғояларнинг ҳаётий ижросини таъминлаш кўп сонли ҳуқуқшунос кадрлар, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг судьялар корпусига, суд тизими ходимлари зиммасига жуда катта масъулият ва юксак вазифалар юклашини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Аҳмад ИСМОИЛОВ,

юридик фанлар бўйича

 фалсафа доктори (PhD)

 

photo_2026-01-21_11-37-01

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ: БАХТЛИ ҲАЁТИМИЗНИНГ ЙЎЛ ХАРИТАСИ

Давлатимиз раҳбарининг парламентимиз ва халқимизга Мурожаатномасида белгилаб берилган энг устувор вазифалар ижроси Янги Ўзбекистон тараққиёти, эл-юрт манфаати учун хизмат қилади. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу бахтли ҳаёт йўл харитасидир.

Мурожаатномада 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани бежизга эмас. Зеро, янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатларини бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланди. Бу эса, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Нуфузли анжуманда Президентимиз барча соҳалар бўйича жамиятимиз ҳаётини, фуқароларимизнинг фаровон турмушини таъминлашга доир муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Яъни одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш бошлангани, эндиликда терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилиши, бунда жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши ва инсон омили қисқартирилиши маълум қилинди. Бу эса, коррупциянинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорларга оворагарчиликсиз тергов жараёни ҳақида тезкор маълумотлар олиш имконини беради.

Бундан ташқари “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлган тергов судьяларига 2026 йилдан санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартиш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилиши, шубҳасиз, судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Давлатимиз раҳбари айнан одил судловда жамоатчилик иштироки ва ролини ошириб бориш масаласига ҳам эътиборни қаратди. Эндиликда жиноят процессига “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилиши, бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Яна бир муҳим масала – суд қарори ижроси билан боғлиқ. Бу борада кенг жамоатчиликда кўплаб эътирозлар билдирилаётгани ҳаммага маълум.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмайди.

Шу боис, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмлар татбиқ қилинади. Ушбу тизимга ҳам сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.

Мурожаатномада кун тартибига қўйилган кейинги муҳим масала хотин-қизлар ва болаларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ.

Президентимиз таъбири билан айтганда, аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам бахтли бўлади, албатта. Шунинг учун барчамиз шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур.

Президентимиз томонидан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгашига барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиш топширилди.

Бундан ташқари коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу ёвуз бало ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратишга, ривожланишга ғов эканлиги уқтирилди. Президентимиз барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозимини жорий этиш ҳақида таклиф киритиб, 2026 йилда ушбу иллатга қарши курашиш бўйича ўта жиддий иш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Мурожаатномада нафақат 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури, балки кейинги беш йил давомида амалга ошириладиган ўнлаб концепция, дастур ва стратегиялар ҳақида аниқ таклифлар билдирилди.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши муқаддас заминимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда халқимиз учун фаровон турмуш шароитларини яратишга, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Шундай экан, ҳар биримиз зиммамиздаги улкан масъулиятни теран ҳис этиб, айни эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилсак, албатта, ўз олдимизга қўйган улкан марраларни забт этамиз. Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда, миллий бирлик жуда муҳим. Бирдамлик кучдир!

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани

суди раиси

#thegov_button_69cb721b7d987 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb721b7d987:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cb721b7d987 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cb721b7d987:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!