Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-11-10_14-40-12

ЕРТЎЛАДАГИ ФАБРИКА ЁКИ НОҚОНУНИЙ МАЙНИНГ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛГАНИ ХУСУСИДА

Иштихон тумани қишлоқларидан бирида, оддийгина хонадонда четдан қараганда, ҳаёт тинч кечаётгандек кўринади. Девор ортида, яъни ертўлада юзга яқин қурилмалар узлуксиз ишлаётгани ҳеч ким, ҳатто қўни-қўшниларнинг ҳам хаёлига келмайди. Қурилмаларнинг овози кўчага эшитилмайди, чунки ертўла деворлари махсус қоплама билан қопланган: ҳеч қандай товуш ҳам, ёруғлик ҳам ташқарига чиқмайди…

Айтиш керакки, кейинги йилларда ҳаётимизга “криптовалюта”, “майнинг” сингари атамалар кириб келди. Албатта, бу атамалар қандай маънони англатиши кўпчилик учун қизиқ эканини инобатга олиб, қуйида қисқача тўхталиб ўтамиз.

“Криптовалюта” — рақамли (виртуал) пул тури бўлиб, у блокчейн технологияси асосида ишлайди. Унда банк ёки давлат органи орқали эмас, балки ўртада назоратчи органсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилади. Криптовалютанинг Bitcoin (BTC), Ethereum (ETH), Tether (USDT), BNB, Solana, Cardano сингари турлари дунёда кенг тарқалган.

Ушбу виртуал валюталар айрим дўкон ва онлайн хизматлар учун тўлов воситаси сифатида хизмат қилади. Хорижий давлатларда кўпчилик криптовалютани сотиб олиб, қиммати ошганда қайта сотади ва даромад олади.

Криптовалютани ишлаб чиқариш эса, халқ тилида “майнинг” деб аталади. У электрэнергияси ва компьютер ускуналари ёрдамида блокчейн тармоқларини қувватлаш ва мукофот олиш жараёнидир. “Майнинг” фаолиятини ноқонуний амалга ошириш, рухсатномасиз ёки тақиқланган усулда бажариш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

“Криптовалюта” ва “майнинг” ҳақида бироз бўлса-да, маълумот берган бўлсак, энди яна Иштихон туманида рўй берган воқеага қайтамиз.

Бир пайтлар қандолат цехига мўлжаллаб қурилган ертўла охир-оқибат “биткоин фабрикаси”га айланди. Бу фабрика ноқонуний тарзда, шунингдек, электр ҳисоблагичсиз тўғридан-тўғри трансформаторга уланган ҳолда ишлай бошлади. Қишлоқ аҳли учун мўлжалланган электр қуввати энди яширин фирма қурилмаларига сарфланди.

Ёрқин Ҳусайинов (исм-шарифлар ўзгартирилди) — олий маълумотли, Тошкент давлат молия олийгоҳида таҳсил олган. У бироз муддат банкда ишлаган, кейин эса, оилавий корхона ташкил этган. Унинг “Morning Great Milk” деб номланган цехи сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган.

“Қаҳрамонимиз” Telegram мессенжери орқали “майнинг” қурилмаларини сотиш ҳақида эълон берган “Шоҳрух” исмли шахс билан телефонда боғланади. Кейин эса, у билан Тошкент шаҳар “Олмазор” метро бекатида учрашади. Ё. Ҳусайинов “Шоҳрух”дан дастлаб 4 минг 480 АҚШ долларига 14 та “АСИК” қурилмасини сотиб олади.

Кейин у қурилмаларни ертўлага яширин равишда ўрнатади. Ташқарига шовқин эшитилмаслиги учун ертўла деворларига махсус жиҳоз қоплайди.

Қариндошлар номига телефон сим карталари сотиб олади. Қишлоқ аҳолиси фойдаланиши учун мўлжалланган трансформаторга яширинча уланади. Ертўла ичига зарур пайтда токни узиб қуйиш жиҳозини ҳам ўрнатади.

Шу тариқа ноқонуний фаолиятини бошлаган Ё. Ҳусайинов таниши “Шоҳрух”дан сотиб олган “АСИК” қурилмалари сонини 89 тага етказади.

Қисқаси, Ё. Ҳусайинов солиқлар-у, коммунал тўловларни четлаб ўтган ҳолда ноқонуний фаолиятдан катта даромад ола бошлайди.

Аммо охир-оқибат унинг қилмиши ошкор бўлди. Тегишли идора томонидан ўтказилган текшириш жараёнида ертўладаги юзлаб қурилмалар ашёвий далил сифатида олинди.

Ё. Ҳусайиновга нисбатан эса, жиноят иши қўзғатилди.

Судда маълум бўлишича, Ё. Ҳусайинов майнинг фаолиятини олиб бориш учун Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган. У ертўлани рухсат берувчи ҳужжатларсиз майнинг ускуналари билан жиҳозлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сонли қарори талабларига зид равишда электр тармоқлари корхонаси билан шартнома расмийлаштирмаган, умумий фойдаланишдаги электр энергияси тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган.

Бунинг оқибатида туман электр тармоқлари корхонасига 1 миллиард 947 миллион 567 минг 240 сўм жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.

Судда Ё. Ҳусайиновнинг айби тўлиқ ўз исботини топди. Суд жиноят иши бўйича тўпланган далилларга баҳо берар экан, ушбу далиллар жиноят иши учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқлайди, деб эътироф этди.

Шунингдек, суд Ёрқин Ҳусайиновнинг ўғрилик, яъни умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига тижорат мақсадида қонунга хилоф равишда уланиш йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда ҳамда яширин майнинг фаолиятини амалга оширишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва 278-9-моддаси 3-қисми “б” банди билан тўғри малакаланган деб топди.

Суд Ё. Ҳусайиновга саккиз йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан туман электр тармоқлари корхонаси фойдасига 1 миллиард 947 миллион 567 минг 240 сўм ундирилиши белгиланди.

Бир жиноят иши — ертўладаги фабрика воқеаси шу тариқа якун топди.

Жиноятга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Бу ҳақда фикр юритганда, киши кўнглида шундай фикр туғилади: Ё. Ҳусайинов бу фаолиятини қонуний тарзда юритганда, албатта, бошига бундай ташвишлар тушмас, оила, маҳалла-кўй олдида юзи ёруғ бўларди.

Аслида ҳам, қонун талабига беписандлик билан қараш, нафс қутқусига учиш уни бадном қилди.

Демак, ноқонуний қилмиш, эртами-кеч, барибир ошкор бўлади. Қонун талабига риоя этиш эса, нафақат обрў-эътибор олиб келади, балки юз ёруғлиги, кўнгил хотиржамлигини ҳам таъминлайди.

Жонибек РАУПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Иштихон тумани

суди раиси

photo_2025-10-28_15-23-35

ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ ТОМОНЛАРГА БИРДЕК МАЖБУРИЯТ ЮКЛАЙДИ

Ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида бошқа тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга киришиб, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Айни муносабатлардаги аксарият мажбуриятлар тарафлар томонидан инсофли равишда тўлиқ ва сифатли адо этилаётгани ҳуқуқий маданият даражасини кўрсатади.

Афсуски, айрим ҳолларда олинган мажбурият ижро этувчи томонидан бажарилмасдан, эътиборсиз қолдирилади. Натижада бундай эътиборсизлик тарафларнинг ўзаро муносабатига салбий таъсир кўрсатиб, ишончнинг йўқолишига ва ўртада низо пайдо бўлишига олиб келади.

Иқтисодий процессуал кодекси талабига кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади. Бу борада суд амалиётида кўрилган бир низога тўхталамиз.

Даъвогар – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси «REGISTON» хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси билан мурожаат қилган ва жавобгар – «SHIMOLIY PLATINA» масъулияти чекланган жамиятдан 28 854 933 сўм асосий қарз ва 14 427 466 сўм пеня ундириб беришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўртасида олди-сотди шартномаси тузилган. Шартнома шартига кўра, “ижрочи” шартномада қайд этилган жадвалга мувофиқ ёқилғи маҳсулотларини етказиб бериш, “мижоз” эса, ушбу маҳсулотларни қабул қилиб олиш ва унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Даъвогар томонидан шартномавий мажбуриятлар доирасида ёқилғи маҳсулотлари жавобгарга етказиб берилган бўлиб, ҳисоб-фактуралар жавобгар томонидан эътирозсиз қабул қилинган ва қисман тўловлар амалга оширилган. Шундай бўлса-да, 28 854 933 сўм асосий қарз тўланмай қолган.

Шунингдек, бу қарзни тўлаб бериш юзасидан даъвогарнинг талабномалари ҳам жавобгар томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Натижада Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси даъвогар манфаатини кўзлаб, жавобгардан қарзни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан жавобгардан 28 854 933 сўм асосий қарз ундирилиб, тадбиркорнинг манфаати ишончли ҳимоя қилинди.

Жавобгар шартномавий мажбуриятини бажармаганлиги туфайли даъвогар фойдасига асосий қарздан ташқари, тўлов кечиктирилган кунлар учун пеня ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ суд харажатларини ҳам тўлашга мажбур бўлди.

Энг асосийси, ушбу ҳолатлар тарафлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончга салбий таъсир кўрсатди. Зеро, Фуқаролик кодексининг 9-моддасида қайд этилганидек, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Бунда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилиши, фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилишлари, тадбиркорлар эса, иш одоби қоидаларига риоя этишлари шарт.

Хулоса қилиб айтганда, қонун талаблари асосида тузилган шартнома бўйича олинган мажбурият бажарилиши лозим. Мажбуриятнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши, ҳамкорликнинг узоқ вақт давом этиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши ва кенгайишининг муҳим омили ҳисобланади.

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилояти судининг

иқтисодий ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2025-10-28_15-15-54

ШАРТЛИ ҲУКМ ҚИЛИШНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ, МОҲИЯТИ ВА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, жазо тизимини либераллаштириш ва инсонпарварлаштиришга қаратилган.

Амалдаги Жиноят кодексининг 7-моддасига кўра, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши лозим.

Жазолашдан кўзланган мақсадга енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, шахсни жамиятдан батамом ажратадиган озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чоралари кўп жиҳатдан шахснинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясини қийинлаштиради. Шу боисдан, жиноят-ҳуқуқ сиёсатининг асосий вазифаларидан бири — жазолашдан кўзланган мақсадларга, яъни адолатни таъминлаш, маҳкумни ахлоқан тузатиш ва қайта жиноятчиликнинг олдини олишга эришиш ҳисобланади.

Шартли ҳукм қилиш институти айнан шу мақсадларни инсонпарварлик тамойили асосида амалга оширишнинг самарали ҳуқуқий воситасидир.

Биринчи навбатда, адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан шартли ҳукм қилиш — жиноятнинг оғирлик даражаси ва шахснинг ижтимоий хулқини инобатга олган ҳолда жазони индивидуаллаштиришни таъминлайди. Яъни ҳар бир жиноят учун жазо миқдори эмас, балки шахснинг ахлоқан тузалиш эҳтимоли эътиборга олинади. Бу — Жиноят кодексида белгиланган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларининг амалий ифодасидир.

Иккинчидан, шахс шартли ҳукм қилинганда жамиятдан батамом ажратилмасдан, унинг оилавий ва бошқа жамоавий муҳити сақланиб қолади. Бу эса, ахлоқан тузатиш ва қайта тарбия жараёнини табиий муҳитда амалга оширишга ёрдам беради. Синов муддати мобайнида пробация хизмати ва жамоатчилик томонидан маҳкумнинг хулқини назорат қилиб борилиши, шахсда масъулият ва ижтимоий мослашув ҳиссини шакллантиради.

Учинчидан, шартли ҳукм қилиш қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади. Чунки шахс ўз хатосини англаб, жамият ишончини оқлаш учун ҳаракат қилади. Бу ҳолат жазонинг асосий тарбиявий таъсирини қамоқдан кўра самаралироқ кўринишда намоён этади.

Шу тариқа шартли ҳукм қилиш институти Жиноят кодексида белгиланган жазолашдан кўзланган мақсадларни тўлиқ қамраб олади ва уларни инсонпарвар, ижтимоий жиҳатдан мақбул усулда амалга ошириш механизми сифатида намоён бўлади. У нафақат жазолаш, балки жиноятчиликнинг ижтимоий илдизларини бартараф этиш, шахсни яна жамиятга қайтариш вазифасини ҳам бажаради.

Шартли ҳукм қилиш — жиноят содир этган, лекин жамият учун катта хавф туғдирмайдиган шахсларга нисбатан жазо ижросини маълум муддатга кечиктириш орқали, уларни назорат остида ахлоқан тузатишни кўзда тутади. Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида берилган таърифга кўра, шартли ҳукм юридик табиатига кўра, жиноий жазодан озод қилишнинг бир тури ҳисобланади.

Бу институт ўз моҳиятига кўра, жазо ва ахлоқан тузалиш ўртасидаги адолатли мувозанатни таъминлаш, рецидив жиноятчиликнинг олдини олиш ва шахсни жамиятдаги ижтимоий ўрнини тиклашга хизмат қилади.

Шартли ҳукм қўллашнинг ҳуқуқий асослари Жиноят кодексининг 72-моддаси белгиланган. Унга кўра, агар суд айбдор шахсга озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин.

Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Шартли ҳукм қилинганда, башарти, бунга асослар мавжуд бўлса, суд маҳкумга муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин.

Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.

Агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса, суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Қонунчиликда шартли ҳукмни қўллашда баъзи чекловлар ҳам мавжуд бўлиб, у ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга, шунингдек, илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, олтмиш ёшдан ошган шахслар бундан мустасно.

Инсонпарварлик тамойилларига асосланган шартли ҳукм қилиш институти жиноят ҳуқуқининг муҳим профилактик механизми ҳисобланса-да, аммо унинг самарадорлиги фақатгина ҳуқуқий асослар билан эмас, балки ижтимоий институтлар фаол ҳамкорлиги орқали ҳам таъминланади. Шу мақсадда, маҳалла фуқаролар йиғинлари, нодавлат нотижорат ташкилоти ва диний ташкилотларни шартли ҳукм қилинган шахсларнинг ижтимоий мослашувига жалб этиш механизмини қонун даражасида мустаҳкамлаш лозим бўлади.

Шунингдек, шартли ҳукм қилишнинг амалий самарадорлигини таъминлаш учун Жиноят кодекси ва “Пробация тўғрисида”ги қонунда шартли ҳукм ва реабилитация режаси юзасидан аниқ механизмларни (реабилитация режаси, назорат шакли, жамоатчиликнинг ўрни) ривожлантириш зарур деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари қонунчиликда шартли ҳукм қилиш шартларини аниқ белгилаб қўйиш, жумладан, ижтимоий хавфи юқори бўлмаган жиноятлар бўйича аниқ классификация киритиш; синов даврида шартли ҳукм қилинган шахснинг мажбуриятлари қатъий белгиланиши тақозо этилади.

Чунончи, пробация хизмати ваколатларини кенгайтириш, “Пробация тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилиб, шартли ҳукм қилинган шахслар устидан назорат индивидуал реабилитация режаси асосида амалга ошириш белгиланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шартли ҳукм қилинган шахсларга ҳам электрон мониторинг воситалари (браслетлар)дан фойдаланиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, қонунчиликда электрон мониторингни қўллаш тартиби ва унинг кафолатлари, шунингдек, шахснинг шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини белгилаб қўйиш, ижобий тажриба учун пилот лойиҳалар — маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда community-based реабилитация моделларини синовдан ўтказишни ҳам таклиф қиламиз.

Хулоса қилиб айтганда, бу соҳада тизимли ислоҳотлар ва назоратнинг кучайтирилиши шартли ҳукм қилиш институтининг амалий аҳамияти ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Хайруллохон Камолов,

жиноят ишлари бўйича

Чирчиқ шаҳар суди раиси

photo_2025-02-25_12-04-51

ҚИСТОВ ОСТИДА ЁЗИЛГАН АРИЗА: СУД ТОМОНИДАН НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ БЕКОР ҚИЛИНДИ, ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Меҳнат кодексининг 157-моддасида номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек, муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда, тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиниши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо иш берувчи ва ходим ўртасида келишув шартномаси тузилмай меҳнат шартномасининг бекор қилиниши қонун талаблари бузилишига ва оқибатда тарафлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлади.

Мисол тариқасида айтсак, даъвогар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгаши С. Усмонова манфаатини кўзлаб, судга киритган даъво аризасида Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг 2024 йил 25 октябрдаги 4187-9-128-ТВ сонли буйруғини бекор қилиш, С. Усмоновани ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.

Масала моҳиятини билиш учун дастлаб манфаатдор шахс С. Усмонованинг даъво талабларига эътибор қаратсак, у ўзига нисбатан меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинган деб ҳисоблайди. Судда берган кўрсатмасига қараганда, иш берувчи уни ходимлар ўртасидаги муносабат ва ички муҳитни бузишда айблаган. Шу сабабли иш фаолияти юзасидан текшириш ўтказган. Шундан сўнг С. Усмонова ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини 2024 йил 19 сентябрь куни ходимлар бўлими бошлиғи З. Хўжаеванинг босими остида ёзиб, уни катта тиббиёт ходими Ж. Раҳимовга топширган.

Аммо ариза ёзгач, орадан ўн кунча ўтиб, С. Усмонова ишдан бўшаш фикридан қайтади. Шу боис 2024 йилнинг 30 сентябрь куни туман тиббиёт бирлашмаси ходимлар бўлимига ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини оқибатсиз қолдиришни сўраб, ариза билан мурожаат қилади.

Бироқ ходимлар бўлими бошлиғи З. Хўжаева унинг аризасини қабул қилмайди. Шундан сўнг у биринчи аризасини оқибатсиз қолдириш ҳақидаги аризасини кетма-кет икки марта иш берувчига почта орқали юборади. Бироқ бу ёзма мурожаатлари ҳам изсиз кетади, жавоб хати келмайди.

Судга тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлдики, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг 2023 йил 28 августдаги “3175-9-128-ТВ” сонли буйруғи билан болалар реанимацияси бўлими навбатчи ҳамшираси С. Усмонова ўриндошлик асосида болалар реанимацияси бўлимида навбатчилиги сақланган ҳолда Янгиобод оилавий шифокорлик пунктига катта ҳамшира лавозимига ўтказилган. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғи билан С. Усмонова билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йил 19 сентябрда тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилинган.

Ушбу буйруққа Меҳнат кодексининг 157, 171, 172, 234, 254-моддалари, С. Усмонованинг аризаси, тарафлар ўртасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида тузилган қўшимча келишув асос сифатида кўрсатилган.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 157-моддасида меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, деб белгиланган. Ушбу қўшимча келишувда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт. Судга жавобгар томонидан 2024 йилнинг 24 сентябрда тузилган 3715-9-128-ТВ сонли меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги келишув тақдим этилган, бироқ у С. Усмонова томонидан имзоланмаган.

Биз бунга бежизга тўхталмаяпмиз. Чунки Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли қарори 21-бандида меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу ташкилотдаги ишни ҳақиқатан ҳам, ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари керак. Ходимни ариза ёзишга нафақат мажбурлаш, босим ёки тазйиқ ўтказиш, балки ходимда меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланади.

Судда жавобгар вакиллари С. Усмонованинг даъвосини қаноатлантиришдан рад этишни сўрашди. Аммо суд уларнинг важлари билан келишиб бўлмайди, деган хулосага келди.

Негаки, даъвогар С. Усмонова судга тақдим қилган аризасида ўзига нисбатан мунтазам равишда ўтказилган руҳий тазйиқ, камситишлардан ҳиссиётга берилиб, ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлгани, орадан бир неча кун ўтгач, ана шу аризасини оқибатсиз қолдириб, иш фаолиятини давом эттиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилгани, аммо у натижасиз қолганлигини маълум қилган.

Ҳақиқатан ҳам, С. Усмонованинг аризаси почта орқали 2024 йилнинг 30 сентябрида иш берувчига юборилган. Почта хабарномасида унинг мурожаатини тиббиёт бирлашмаси мурожаатлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Ш. Ҳасанбоев қабул қилиб олгани ҳақида имзо мавжуд.

Судда гувоҳ сифатида сўралган Ш. Ҳасанбоев почта хабарномасидаги имзо ўзиники эканлигини тан олди. Бироқ конвертни почта ходимидан қабул қилиб олгач, соғлиғидаги муаммолар борлиги сабабли уни йўқотиб қўйган эмиш. Қизиқ томони шундаки, тиббиёт бирлашмасининг 2024 йил 13 декабрдаги хатида С. Усмонованинг қайта иш жойида қолдириш ҳақидаги аризаси тиббиёт бирлашмаси хатлар бўлимига келиб тушмагани маълум қилинган.

Юқорида қайд этилганлардан кўриниб турибдики, тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг катта ҳамшира С. Усмонова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғини қонуний деб бўлмайди.

С. Усмонова эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови билан ёзган.

Шу сабабли суд даъвогар соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят кенгашининг даъво аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг 2024 йил 25 октябрдаги “4187-9-128-ТВ” сонли буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди. С. Усмонова туман тиббиёт бирлашмаси Янгиобод оилавий шифокорлик пунктига катта ҳамшира лавозимига ишга тикланди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, Меҳнат кодексининг 257-моддасига кўра, даъвогар манфаатига ишламаган 60 кун учун 4 миллион 463 минг 643 сўм иш ҳақи ундирилди. Суд қонун талабидан келиб чиқиб, ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш ҳақидаги қисмларини дарҳол ижрога қаратишни лозим деб топди. Шунингдек, давлат божи ва почта харажатлари ҳам жавобгар ҳисобидан ундирилди.

Иш берувчи ва ходим ўртасида келишув шартномаси тузилмай меҳнат шартномасининг бекор қилиниши оқибати судлашишгача етиб борди.

Судда мазмунан муҳокама қилинган ушбу фуқаролик иши иш берувчиларга сабоқ бўлиши лозим. Меҳнатга оид муносабатларда қонун доирасидан четга чиқмаслик энг тўғри йўл эканлигини унутмайлик.

Жўрабек ХУДОЙНАЗАРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Сирдарё туманлараро суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-02-04_11-02-57

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИНИНГ ЯНГИ ҚАРОРИ ОДИЛ СУДЛОВНИ САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ҳар бир мамлакат ривожида давлат бюджети даромадлари муҳим ўрин тутади. Шундай экан, давлат божини ундириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу борадаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш талаб қилинади.

Шу маънода айтганда, Олий суд Пленумининг 2019 йил 25 октябрда қабул қилинган “Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани жуда муҳим.

Бу ўринда суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликнинг маъмурий судлар томонидан тўғри қўлланилиши ва амалиётни бирхиллаштиришни таъминлаш мақсадида, Пленум қарори замон талаблари ва амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилгани ҳақида сўз бормоқда.

Ҳолбуки, давлат божининг ундирилишига оид амалиёт таҳлили бу борада ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммо ва тушунмовчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Масаланинг жиддийлиги ва долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, қонун нормаларини судлар томонидан ҳар хил талқин қилишга барҳам бериш мақсадида, амалдаги Пленум қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши баробарида, ҳужжат бир қатор янги бандлар билан ҳам тўлдирилди.

Хусусан, тафтиш инстанцияси жорий этилиши муносабати билан Пленум қарорига янги икки банд қўшилди. Шуни таъкидлаш жоизки, айни ўзгаришларга биноан, Олий суд судьяси тафтиш шикоятини ўрганади.

Ўрганиш давомида юридик аҳамиятга молик бўлган бир қатор ҳаракатларни амалга оширади.

Шунга кўра, агар давлат божи олдиндан тўланмаганлиги учун тафтиш шикояти қайтарилмаган бўлса, шикоятни Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатларига кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилганда ҳам, давлат божи умумий асосларда ундирилиши лозимлиги тушунтирилди. Бундай чора эса, Олий судда бу борада мавжуд тушунмовчиликларга ўринли ечим бўлди.

Маъмурий судга мурожаат қилишда кичик тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, ариза қаноатлантирилганда, агар жавобгар давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса, ишни кўриш натижаси бўйича ундан ундириладиган давлат божининг миқдори аризачи томонидан тўлаган сумма билан чегараланиши кўрсатилди. Бу билан судлар ўртасида анчадан буён кечаётган баҳс-мунозараларга чек қўйилиб, амалиётни бирхиллаштиришга замин яратилди.

Бундан ташқари Пленум қарорида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси биринчи қисми 1 ва 11-бандларида назарда тутилган маъмурий судларга бериладиган ариза ва шикоятлар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги боис иш якуни бўйича уларнинг талаблари қаноатлантиришдан рад қилинган тақдирда — улардан, қаноатлантирилган тақдирда эса, жавобгардан давлат божи ундирилиши тушунтирилди.

Шунингдек, қонуннинг ушбу банди билан тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар айнан қайси тоифадаги ишлар бўйича судларга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши ҳолатига ойдинлик киритилди.

Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бир нечта мустақил талабдан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича, ушбу талаб учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича алоҳида ундирилиши, бунда судлар, аризада жавобгар зиммасига муайян мажбурият юклашнинг сўралиши алоҳида талаб эмас, балки ҳуқуқни тиклаш чораси ҳисобланишига эътибор қаратишлари лозимлиги ҳақида тушунтириш берилди. Бу, шубҳасиз, аризачилардан асоссиз равишда ортиқча давлат божи ундирилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, Пленум қарорида бир қатор муҳим раҳбарий кўрсатмалар ҳам қўшимча равишда қайд этилди.

Хусусан, жисмоний шахслар нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувини рўйхатга олиш рад этилганлиги ёхуд ушбу орган мансабдор шахсларининг ҳаракати ё ҳаракатсизлиги юзасидан, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан низолашиш тўғрисидаги ариза ёки шикоят билан судга мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод этилмаганлиги боис, давлат божи ставкаларига асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида давлат божи тўлашлари лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатларини кўзлаб берган аризалар рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, манфаати кўзлаб ариза киритилган манфаатдор шахслардан давлат божи ундирилмайди. Мазкур қоида ариза кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилганда ҳам қўлланилади.

Пленум қарорида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси молия органлари таркибига кириши сабабли “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси биринчи қисми 6-бандига асосан, барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича давлат божидан озод этилганлиги юзасидан ҳам тегишли тушунтиришлар берилди.

Айтиш керакки, Пленум қарорида ўз ифодасини топган тушунтиришлар амалиётда ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, апелляция, кассация ва тафтиш протестлари бўйича тўланиши лозим бўлган почта харажатлари, ишнинг натижасига кўра, тегишли тарафдан ундирилиши лозимлиги ҳақида тушунтириш протестларни асоссиз қайтариш ҳолатларига узил-кесил барҳам беришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Олий суд Пленумининг “Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида”ги қарорига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар судлар учун жуда зарур. Бу янгиланишлар одил судловни самарали амалга ошириш ва суд харажатларини тўғри тақсимлашда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.

Нодиржон Хаджиматов,

Олий суд судьяси

photo_2025-01-31_15-58-05

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИНИНГ ЯНГИ ҚАРОРИ ОДИЛ СУДЛОВНИ ЯНАДА САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аввало, халқ манфаатларини кўзлайди. Зеро, соҳадаги айни янгиланишлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишга, юртдошларимизнинг судга нисбатан ишончи ортишига, суд ҳокимияти обрўсини янада оширишга, унинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган.

Шу ўринда давлат божи бошқа турдаги мажбурий тўловлар қатори Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этишини қайд этиш лозим. Бинобарин, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, судлар давлат божини ундириш тўғрисидаги қонун талабларига қатъий риоя этишлари талаб қилинади.

Бу ҳақда сўз борганда, 2024 йил 16 декабрда Олий суд Пленуми томонидан “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарор қабул қилинганини қайд этиш ўринлидир.

Олий суд Пленумининг шу масалага оид олдинги қарори бундан 15 йил илгари, яъни 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямиз, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингани мазкур қарорнинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

Қарор амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун меъёрларини бир хил талқин қилиниши ва ягона амалиётни яратишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақида янги бандлар киритилди. Хусусан, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун талабидан келиб чиқиб, қарорнинг 6-бандида бир вақтнинг ўзида бири иккинчисидан келиб чиққан талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи фақат асосий талаб бўйича ундирилиши ҳақида тушунтириш берилди.

Бу ўринда, масалан, қурилмани буздириш ва ерни ўз ҳолига қайтариш; кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш; меросхўр деб топиш, меросни тақсимлаш ва мерос улушларини белгилаш; уй-жойга киритиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаш; фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва турар жойдан кўчириш ҳақидаги талаблар ҳақида сўз бормоқда.

Қарорнинг 4-бандида судларнинг эътибори суд ҳужжатларининг суд харажатлари қисмидан норози бўлиб берилган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари бўйича давлат божи умумий асосларда тўланиши лозимлигига қаратилган. Бунда Фуқаролик-процессуал кодексининг 396, 416 ва 419-27-моддаларига асосан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судлари суд ҳужжатларини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шартлигини инобатга олиш тақозо этилади.

Қарорнинг 13-бандида почта харажатларини қайтариш қонунда назарда тутилмаганлигини судлар инобатга олишлари лозимлиги бўйича берилган тушунтириш ҳам ягона суд амалиётини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, “Давлат божи тўғрисида”ги қонун билан белгиланган “Давлат божи ставкалари”нинг фуқаролик ишлари бўйича судларга оид қисмида шартнома олди низолари бўйича тўланиши лозим бўлган давлат божи ставкалари белгиланмаган. Қолаверса, Фуқаролик-процессуал кодексининг 129-моддаси 2-бандида мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси талаб қилинаётган мол-мулкнинг қийматига қараб белгиланиши назарда тутилган.

Шу сабабли Олий суд Пленуми қарорининг 25-бандида шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ёки бекор қилиш ҳақидаги талаб юзасидан низоли шартномада кўрсатилган пул қиймати даъво баҳоси ҳисобланишидан келиб чиқиб, давлат божи мулкий хусусиятга эга даъво аризалар учун қонунда белгиланган ставка бўйича тўланиши лозимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, шартнома шартларини ўзгартиш ёки унга қўшимча киритиш ҳақидаги талаб бўйича сўралаётган қўшимча ёки ўзгартиш шартнома қийматига таъсир қиладиган миқдоридан, қиймат жиҳатидан баҳоланмайдиган талаблар арз қилинган ҳолда эса, номулкий хусусиятга эга талаб учун белгиланган ставкалардан келиб чиқиб, давлат божи белгиланиши лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, битта низо предмети бўйича бир нечта битимлар низолашилганда, даъвонинг баҳоси низо предметининг қийматидан келиб чиқиб, давлат божи белгиланиши лозимлиги юзасидан ҳам тушунтириш берилди.

Пленум қарорини тайёрлаш жараёнида “Давлат божи тўғрисида”ги қонун ва ушбу қонун билан тасдиқланган “Давлат божи ставкаларининг миқдорлари”га ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу Пленум қарорининг қабул қилиниши судлар фаолияти учун ўта муҳимдир. Унда берилган тушунтиришлар суд амалиётини бирхиллаштириш, суд харажатларини ундиришга оид қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш ва қонуний қарорлар қабул қилиш жараёнларида ўз самарасини кўрсатади.

Гулнора Мирзаева,

Олий суд судьяси

photo_2025-01-31_15-52-48

ЯНГИ ПЛЕНУМ ҚАРОРИ ҚОНУНЛАРНИ БИР ХИЛДА ТЎҒРИ ҚЎЛЛАШ ВА ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Маълумки, ер участкасини қонунга хилоф равишда эгаллаш, ер бериш тартибини бузиш, айниқса, суғориладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш билан боғлиқ жиноятлар нафақат ҳозирги, балки келажак авлод манфаатларига ҳам жиддий зарар етказиши билан ўта хавфли ҳисобланади.

Афсуски, суд амалиёти таҳлиллари ер билан боғлиқ жиноятлар турлича малакаланаётгани, айрим ҳолларда талон-торож сифатида баҳоланаётгани, рағбатлантирувчи нормани қўллашда, жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш ва муаммоли ер масаласини ҳал қилиш борасида тафовутлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ер тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш зарурати суд, прокуратура ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун қонунчиликни бир хил талқин қилган ҳолда тўғри қўлланишини таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, бу борада муҳим раҳбарий кўрсатмалар ишлаб чиқишни тақозо этди.

Шу мақсадда 2024 йил 16 декабрда Олий суд Пленуми томонидан “Ер тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорда ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер бериш тартибини бузиш, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноятларининг зарурий белгилари, уларни малакалашнинг ўзига хос жиҳатлари ва ўхшаш таркибли жиноятлардан фарқлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Хусусан, қарорда Жиноят кодексининг 229-1-моддаси диспозициясида назарда тутилган ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш тушунчасига тариф берилди. Унга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган, шу жумладан, реализация қилинган ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан жойнинг ўзида белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилмаган ҳолда фойдаланишда ифодаланиши, ушбу ҳаракатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси билан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтдан бошлаб, бир йил мобайнида содир этилиши жиноий жавобгарликка тортишнинг зарурий шарти сифатида кўрсатилди.

Қарорнинг 5-бандида суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ушбу ер майдонларида ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан қурилиш ишларини амалга оширишда ифодаланиши, жиноят аниқланган пайтдан бошлаб тамом бўлган, деб ҳисобланиши ҳақида раҳбарий тушунтириш берилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, мазкур норма Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисми диспозицияси билан ўхшашдир.

Тергов ва суд органлари томонидан бу каби қилмишларни баҳолашда хатоликларга йўл қўйилишининг олдини олиш учун ушбу ҳуқуқбузарлик ва жиноят ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатиш зарурати мавжуд эди.

Пленум қарорида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида суғориладиган ер участкалари тоифасига кирмайдиган ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ҳамда туташ бўлмаган ерларда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилганлиги, агар суғориладиган ер участкалари уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлса, айбдорнинг ҳаракати Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниши ҳақида судларга тушунтириш берилди.

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, унда қурилиш ишларини амалга оширганлик ҳолатида қилмишни жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилиш ва ўхшаш таркибли жиноятлардан фарқининг аниқ чегарасини белгилаш муҳимдир.

Қарорнинг 7-бандида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган суғориладиган ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилиб, қурилиш объекти сотилса, қилмиш Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисми ва 168-моддаси тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилиниши; 8-бандида эса, ушбу ер участкаси қурилиш ишлари амалга оширилмаган ҳолда ўзга шахсга сотилса, қилмиш фирибгарлик сифатида Жиноят кодексининг 168-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилиниб, Жиноят кодексининг 229-1-моддаси 2-қисми билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмаслиги белгиланди.

Жиноят кодексининг 197-моддасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ижарачилар ўзларига ажратилган ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиши оғир оқибатларга (масалан, балиқ ҳовузини барпо қилган, тупроғини сотган ҳолатда ерни нобудгарчиликка олиб келган ва шу каби бошқа ҳолатларга) олиб келганлиги учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, Пленум қарорининг 9-бандида судларга агар суғориладиган ердан фойдаланувчилар (фермер, деҳқон хўжалиги ва бошқалар) фойдаланиш шартларини бузган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширса, уларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 197-моддаси билан эмас, балки 229-1-моддаси 2-қисми билан квалификация қилиниши ҳақида тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, суғориладиган ер майдонининг эгаси, мисол учун фермер хўжалиги раҳбари бошқа шахс томонидан суғориладиган ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширилишига йўл қўйса, унинг ҳаракатлари тегишли асослар бўлган тақдирда, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича, шу жумладан, ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги факти тўғрисида ваколатли органларни хабардор этиш чораларини кўрмаслик сифатида Жиноят кодексининг 197-1-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозимлиги белгиланди.

Пленум қарорида тушунтириш берилаётган яна бир норма Жиноят кодексининг 229-4-моддаси бўлиб, унинг 12-бандида ер бериш тартибини бузиш деганда, ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш), улардан доимий фойдаланиш ва уларни ижарага беришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этмаслик тушунилиши, суд ҳукмида айнан қайси тартиб бузилганлиги аниқ кўрсатилиши зарурлиги; 13-бандида эса, Жиноят кодексининг 229-4-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти ер бериш тартибига риоя қилиши лозим бўлган шахслар ҳисобланиши, ушбу жиноятни содир қилишда иштирок этган, бироқ жиноят субъекти ҳисобланмайдиган шахсларнинг қилмиши иштирокчилик сифатида Жиноят кодексининг 28,229-4-моддаси тегишли қисми билан квалификация қилиниши зарурлиги кўрсатилди.

Айтиш керакки, 2024 йил 15 ноябрда қабул қилинган қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 229-4-моддаси 2-қисми “в” банд билан тўлдирилиб, унда жиноятни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этганлик жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилди.

Пленум қарорининг 16-бандида ушбу банд билан квалификация қилишда судлар томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар кўрсатиб ўтилди.

Тушунтиришларга кўра, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ер бериш тартибини бузиш жиноятини Жиноят кодексининг 229-4-моддаси 2-қисми “в” банди билан квалификация қилишда, ҳар қайси иштирокчининг жиноятда иштирок этганлик даражаси ва хусусиятини аниқлаш, олдиндан тил бириктириш бўлган-бўлмаганлиги ва улар ўртасида вазифалар ўзаро тақсимланган-тақсимланмаганлигини синчиклаб текшириш лозим, шунингдек, ер бериш тартибини бузишда бевосита иштирок этган ва ер бериш тартибига риоя қилиши лозим бўлган икки ёки ундан ортиқ шахснинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 229-4-моддаси 2-қисми “в” банди билан квалификация қилинади, ер бериш тартиби бузилишида бевосита иштирок этмаган, бироқ ушбу тартибни бузиб, ер ажратилишига кўмаклашган бошқа шахсларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 28,229-4-моддаси тегишли қисми бўйича квалификация қилинади.

Жиноят кодексининг 229-6-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, тергов органлари ва судлар томонидан суғориладиган ер участкасини сотиш ва қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш тушунчасини талқин қилиш, ушбу жиноятни квалификация қилиш, жиноий жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар доирасини белгилашда ягона амалиёт мавжуд эмас.

Амалиётни бирхиллаштириш ва қонуннинг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Пленум қарорининг 17-бандида, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш деганда, уни бошқа шахсларга моддий манфаат ёки бошқа ҳақ эвазига ўтказиш; қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш деганда, суғориладиган ер участкасини ёки унинг бир қисмини ҳуқуқи бўлмаган шахснинг тўлиқ эгалигига, вақтинча фойдаланишга ёхуд бошқача тарзда фойдаланишга топшириш тушунилиши, 19-бандида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотган ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берган ҳар қандай шахс бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Хулоса ўрнида айтганда, Пленум қарорида ер билан боғлиқ жиноят ишларини кўриш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилгани бу тоифадаги ишларни кўриш жараёнида одил судловни таъминлаш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

Элбек Турғунбоев,

Олий суд судьяси

photo_2024-12-16_16-38-47

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суди раиси, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Ер билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”, “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”, “Иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Конституциядан ерга доир алоҳида норма ўрин олган бўлиб, унинг 68-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги, ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Ер билан боғлиқ ҳар қандай муносабат муҳим ва давлат томонидан тартибга солинади. Сўнгги йилларда ер билан боғлиқ жиноят ишлари кўпайиб бораётганлиги, судлар томонидан бу тоифадаги ишларни кўришда жиноятларни квалификация қилиш, жазо тайинлаш, фуқаровий даъво масаласини ҳал қилиш амалиётининг турлича ҳал қилинаётганлиги, ягона амалиётнинг шаклланмаганлиги сабабли, бу тоифадаги ишларни кўришда судларга қонунни амалда тўғри қўллаш юзасидан тушунтириш бериш зарурати юзага келди. Шу муносабат билан Олий суд Пленумининг “Ер билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди. Пленум қарорида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер бериш тартибини бузиш, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш жиноятларининг зарурий белгилари, уларни квалификация қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ва бошқа ўхшаш таркибли жиноятлардан фарқи ҳақида тушунтиришлар берилмоқда. Шунингдек, Пленум қарорида ер билан боғлиқ жиноят ишларини кўриш юзасидан бир қатор тушунтиришлар берилган бўлиб, бу тоифадаги ишларни кўриш жараёнида одил судловга эришишга хизмат қилиш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

Давлат божи бошқа турдаги мажбурий тўловлар қатори Давлат бюджети даромадларини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этиши боис, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, судлар давлат божини ундириш тўғрисидаги қонун талабларига қатъий риоя этишлари талаб қилинади. Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги Қарори суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Шу кунгача амалда бўлган “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарори 15 йил аввал (2009 йилда) қабул қилинган бўлиб, бу давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди, янги таҳрирдаги Конституция, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бу эса мазкур Пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди. Янги қарор амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни келгусида олдини олиш, амалиётдаги айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун нормаларини бир хил талқин қилиниши ва ягона амалиётни яратишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақида янги бандлар киритилган.

Қабул қилинган Олий суд Пленумининг “Иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори ҳам суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликнинг судлар томонидан тўғри қўлланилиши ва амалиётни бирхиллаштиришни таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, мажлисда Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

 

photo_2025-10-17_17-35-35

ЎЙЛАМАЙ БОСИЛГАН ҚАДАМ ТОВЛАМАЧИЛИК ВА ФИРИБГАРЛИККА ЕТАКЛАДИ

Жиноят кодексининг 164-169-моддаларида назарда тутилган “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” номли қилмишлар, содда қилиб айтганда, нафс қутқусига учиб қўл уриладиган айбли хатти-ҳаракатлардир. Баъзи айбдорлар қилмишларининг моҳиятини кеч англаб етса, айримлари бу тоифа жиноятларни “йўргакда теккан касал”дек такрор-такрор содир этаверади.

Бунга, афсуски, ҳаётий мисоллар кўп. Жумладан, Янги Наманган туманида истиқомат қилувчи Оқилхон Мусажонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўйламай босган қадам товламачилик ва фирибгарликни юзага келтирди.

О. Мусажонов тумандаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида шифокор вазифасида ишлар, бинобарин, моддий жиҳатдан жуда ночор аҳволда эмасди. Энг муҳими, маҳалла-кўй ва ошна-оғайнилари орасида ҳавас қилгулик обрў-эътиборга эга эди.

Гап шундаки, 2024 йил 30 сентябрь куни О. Мусажоновга Учқўрғон туманида яшовчи таниши Илёс Исоқов қўнғироқ қилади:

– Икки юз доллар қарз бериб туринг, ака, – дейди у илтимос оҳангида.

О. Мусажонов қарз беришга рози бўлади. Шу боис иккаласи Наманган шаҳрида учрашади.

– Пулим озроқ қолибди, икки юз доллар чиқмайди, – дея О. Мусажонов И. Исоқовга 194 доллар қарз беради.

Аммо қарзни 25 кун муддатда 300 доллар миқдорида қайтаришини тайинлайди. Бу ҳам етмагандек, И. Исоқовнинг “Спарк” русумли автомашинаси техник гувоҳномаси ва ҳайдовчилик гувоҳномасини гаров тариқасида олиб қолади.

Ўша пайтда И. Исоқов моддий жиҳатдан анчагина қийналиб қолганди. Шу боис О. Мусажоновдан олган қарзини қайтариш бир кунга кечикиб, пулни 26 октябрда беради. Бироқ О. Мусажонов унинг мушкул вазиятини тушунмай, тўнини тескари кийиб олади.

– Кечикканинг учун энди минг доллар қилиб қайтарасан, – дейди у тап тортмай.

– Ака, ундай қилманг. Мен бунча пулни тополмайман. Ўзи қарзимга етарли маблағни зўрға олиб келдим, – деб ялинади И. Исоқов.

Лекин қарз берувчи барибир кўнмайди. Бу ҳам етмагандек, қарздорнинг “Спарк” русумли автомашинасини гаров тариқасида олиб қолади.

Буни қарангки, ўз навбатида, О. Мусажоновнинг Боситхон исмли маҳалладошидан қарзи бор эди. Шунинг учун Боситхон иккаласи “Спарк”ни гаровга қўйиб, қорамол олди-сотдиси билан шуғулланувчи М. Қосимовдан бир бош сигирни 16 миллион сўмга баҳолаб, насияга олади.

Аммо О. Мусажонов сигирни ўша ернинг ўзида бошқа бир харидорга 13 миллион сўмга сотиб юборади. Шундан сўнг у сигир пулининг 5 миллион сўмини Боситхон Шариповга олган қарзи эвазига беради. Илёс Исақовнинг қарзи ҳисобига эса, 2 миллион сўм ва 100 АҚШ долларини олиб қолади.

Қизиғи шундаки, О. Мусажонов 2 миллион 200 минг сўмни шахсий эҳтиёжларига сарфлайди. Қолган 2 миллион 500 минг сўмнигина И. Исақовга беради.

Орадан кўп ўтмай, М. Қосимов сигирининг пулини беришни талаб қилади.

Шунда Д. Мусажонов И. Исоқовга нисбатан товламачилик қилишга ўтади.

— Миржалол акага ўн олти миллион сўм пул берасан. Аксинча, машинангни қайтиб кўрмайсан, “запчасть” қилдириб сотиб юбораман, – дея дўқ уради.

И. Исоқовнинг ўша топдаги аҳволини тасаввур қиляпсизми? Негаки, у ҳаётда бундай ноҳақлик ва сурбетликни ҳеч қачон кўрмаганди-да.

Бинобарин, О.Мусажоновнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ҳолда қонуний чора кўришни сўраб, Наманган вилояти ички ишлар бошқармасига мурожаат қилади.

Шундан сўнг ушбу мурожаатга асосан, тезкор тадбир ўтказилади. Оқибатда О. Мусажонов И. Исоқовдан товламачилик йўли билан 600 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланади.

Айни ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Косонсой туман суди эса, “қаҳрамон”имизни Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми ва 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога ҳукм этди.

Хулоса қилиб айтганда, О. Мусажонов каби шахслар бу каби қилмишлар сабоғидан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишлари шарт. Зеро, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Абдурасул НАРЗУЛЛАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой тумани суди раиси

photo_2025-10-15_08-02-41

ИЛДИЗ ОТГАН АДОВАТ МУДҲИШ ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛДИ

Ҳаётда ўзаро аразлашган икки инсон кечиримли ва бағрикенг бўлиши ўрнига бир-бирига нисбатан адоват ва гина сақлаши охир-оқибат яхшилик билан якун топмайди. Энг ёмони, бундай иллат авлоддан-авлодга ўтиши, маҳалла-кўй, қўни-қўшни, ошна-оғайни ва қариндош-уруғ ўртасидаги меҳр-оқибатга путур етказиши мумкин.

Шунинг учун ҳам, халқимиз адоват ва кек сақлаш каби иллатларни азалдан қоралаб келган.

Қуйида баён этиладиган фожианинг рўй беришида ҳам адоват сабаб бўлди.

2023 йил декабрь ойида Ёзёвон туманида яшовчи Машраб Латипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйланди. Келин-куёвнинг бахтиёр дамларига қариндош-уруғ, қўни-қўшни, синфдошлари – дўсту дугоналари шерик бўлишди.

Тўй жуда яхши ўтаётганди. Аммо бир пайт кутилмаганда, куёвнинг икки дўсти – Илҳом Мамарозиқов ва Муҳсин Исроилов ўзаро жанжаллашиб қолишади. Бундай нохушлик, табиийки, меҳмонларнинг кайфиятига ҳам таъсир қилади.

Тўйдан сўнг бир ой ўтар-ўтмас М. Исроилов ишлаш учун хорижга жўнаб кетади. Аммо у олдинда ўзини қандай аянчли қисмат кутиб турганини билмасди.

Хуллас, орадан 8 ой ўтгач, яъни 2024 йил август ойида М. Исроилов хориждан қайтиб келади. Шундай фурсатни кутиб юрган Илҳом Мамарозиқов уни таъқиб қилишга тушади.

Гап шундаки, М. Латиповнинг тўйидаги жанжалдан сўнг Илҳом Мамарозиқовнинг кўнглида М. Исроиловга нисбатан кучли адоват, кек сақланиб қолганди. Шу боис у М. Исроиловга “муносиб” жавоб қайтаришни, аниқроғи, рақибининг “кўзини очиб қўйиш”ни кўнглига тукканди.

– Бугун аканг билан ҳам, сен билан ҳам гаплашиб оламан. Кечқурун бирон хилватроқ жойда кўришиб, орани очиқ қилиб оламиз. Аканг жуда-а-а зўр бўлиб кетибди, – дейди И. Мамарозиқов 2024 йил 7 сентябрь куни соат 11.00ларда “Damas” русумли автомашинасида йўл четида тўхтаб турган Мираҳмадга.

– Бизни тинч қўйинг, – деди унга жавобан Мираҳмад Исроилов.

Аммо ўша куни оқшом пайти Илҳом Мамарозиқов улар яшайдиган маҳаллага келади.

– Акангни чақириб юбор, гап­лашиб олишимиз керак, – дейди у уйига қайтаётган Мираҳмад Исроиловга.

Мираҳмад эса, унинг гапини дарҳол акасига етказади.

– Чиқманг, кутиб-кутиб кетиб қолади, – дейди жанжал чиқишидан хавотирланган Мираҳмад акасига.

Шундан сўнг у автомашинасида қаёққадир кетади. Лекин соат 21.00ларда Муҳсин Исроиловнинг телефони жиринглайди. Гўшакни кўтарса, Илҳом Мамарозиқовнинг укаси Шаҳзод қўнғироқ қилаётган экан.

– Акам сизни кўчангиз бошида кутяпти, чиқар экансиз, – дейди у.

Шундан сўнг Муҳсин Исроилов ноилож кўча бошига чиқиб боради. У уйдан чиққан заҳотиёқ хотини Зебо қайнукаси Мираҳмадга қўнғироқ қилади.

– Акангизни анави Илҳом телефон қилиб чақирди, шекилли, уйдан чиқиб кетдилар. Кўнглим жуда алағда бўлаяпти, – дейди у йиғламсираб.

Буни эшитиб, Мираҳмад дарҳол маҳаллага қайтади. Бу пайтда Илҳом Мамарозиқов Муҳсин Исроилов билан ёқалашаётганди. Бинобарин, у машинадан шоша-пиша тушиб, уларни ажратмоқчи бўлади. Аммо бунга Илҳом Мамарозиқовнинг укаси Шаҳзод қаршилик қилади, ажратишга қўймайди. Лекин М. Исроилов унинг қаршилигига қарамай уларни ажратиш, жанжални тинчитишга уринади. Бироқ И. Мамарозиқов Муҳсиннинг ёқасидан маҳкам тутиб олгани боис уларни ажратолмайди.

Бир чоғ М. Исроилов жон ҳолатда бақириб юборади. Чунки И. Мамарозиқов унинг кўзига қўлини тиқиб олганди. Акасининг аянчли аҳволини кўриб, Мираҳмад чидаб туролмайди, у ғазабини босолмай чўнтагидан қайирма пичоғини олиб, И. Мамарозиқовнинг бўйнига тирайди.

– Ҳозир акамни қўйиб юбор, йўқса… – дейди у қаҳр билан.

– Аввал сен пичоғингни ол, сўнг акангни қўйиб юбораман, – дея И. Мамарозиқов ҳам шарт қўяди.

М. Исроилов унинг гапига кўниб, муросага боради, пичоқни унинг бўйнидан олиб, нарига кетади. И. Мамарозиқов ҳам унинг акасини қўйиб юборади.

Кейин М. Исроилов акасини машинага ўтирғизиб, касалхонага олиб бормоқчи бўлади. Аммо И. Мамарозиқов кутилмаганда, қўлига тош олиб, машинанинг йўлини тўсади. Айни шу дамда унинг укаси Зуҳриддин Мамарозиқов ҳам аллақаёқдан пайдо бўлади. Бу пайтда И. Мамарозиқов қўлидаги тош билан Мираҳмаднинг юзига уради. Оқибатда у бошқарувни йўқотиб, машинанинг орқа қисми билан дарахтга бориб урилади. У ҳали ўзини ўнглаб олмай туриб, уч ака-ука Муҳсинни машинадан тортқилаб тушириб, яна дўппослай бошлашади. Буни кўриб, баттар ғазабланган Мираҳмад отилиб машинадан тушади-да, қўлидаги пичоқни И. Мамарозиқовнинг қорнига санчади. Шаҳзод билан Зуҳриддин эса, ҳануз Муҳсинни уриб-тепкилашаётганди. Шу боис Мираҳмад З. Мамарозиқовга ҳам тиғ санчади…

Буни қарангки, гарчи қорнидан жароҳат олган бўлса-да, Илҳом Мамарозиқов яна Муҳсин Исроиловга ташланади. Буткул ақл-ҳушини йўқотган Мираҳмад эса, яна унга пичоқ санчади. Бунинг оқибатида И. Мамарозиқов воқеа жойида жон таслим қилади.

Шундан сўнг М. Исроилов туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, айбига иқрорлик билдиради. Жароҳатланган Л. Мамарозиқовни эса, шифохонага олиб кетишади.

Албатта, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди Мираҳмад Исроиловни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми ва 25,97-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Бу фожиа ҳақида ўйлаганда, кўнгилда бир талай фикр-мулоҳазалар пайдо бўлади. Аввало, И. Мамарозиқовнинг адоватга берилиши, кўнглида кек сақлаши фожиага сабаб бўлган. Бу, ўз навбатида, унинг оиласида тарбия ҳаминқадар бўлгани, кечиримлилик, меҳр-оқибат сингари инсоний қадриятлардан бебаҳра ўсганини кўрсатади. Буни яна унинг икки укаси акасига қўшилиб, қасд олишга шайлангани ҳам тасдиқлайди.

Яна кишини ҳайрон қолдирадиган томони шундаки, бу фожиа қандайдир хилват жойда эмас, балки маҳалла ичида рўй берган. Аммо икки гуруҳ бўлиб жанжаллашаётганларни ажратиб қўйиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага зудлик билан хабар бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Яъни маҳалла аҳлининг бепарво ва лоқайдлиги ҳам фожиа рўй беришига сабаб бўлган.

Демак, бағрикенглик, кечиримлилик, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш жамиятда ҳамжиҳатлик, аҳил-иноқ ва тотувликни таъминлаш билан бирга турли хил иллатларни бартараф этишнинг муҳим омили эканини унутмайлик.

Беҳзод ЭРГАШЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Олтиариқ тумани

суди раиси

#thegov_button_69cc4edb147af { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc4edb147af:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc4edb147af { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc4edb147af:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!