Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2026-03-31_12-44-19

«ЎЗБЕКИСТОН – 2030» СТРАТЕГИЯСИ ЭРКИН, ФАРОВОН, ҚУДРАТЛИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛ ХАРИТАСИ

Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий салоҳияти, бугунги ислоҳотлар самаралари, тадбиркорларнинг фаоллиги, хорижий шериклар билан ҳамкорлик ўсиб бораётгани ҳисобига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мўлжалланган бир қатор марраларга муддатидан аввал эришилгани ва бир қатор марраларга жорий йилнинг ўзида бемалол эришиш мумкинлиги ҳисобга олиниб, ушбу Стратегия яқинда қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланди.

Бу, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Парламентга ва халқимизга тақдим этган Мурожаатноманинг ёрқин амалий натижаларидан биридир.

Бу борада, даставвал, жорий йил 16 февралда Президентимизнинг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Фармонда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича 2030 йилга қадар бажариладиган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларидан фойдаланиш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улушини 45 фоизгача, ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни 3 фоизгача ва аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларни ҳам 3 фоизгача камайтириш белгиланди.

Судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш улушини 20 фоизга етказиш ва маъмурий судларда ишларнинг келиштириш чоралари орқали ҳал этилиш даражасини 50 фоизга ошириш талаб этилади. Бундан кўзланган мақсад — давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳам олдимизда турган муҳим мақсадлардандир. Бу борада судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш белгиланди.

Ўз навбатида, Президентимиз томонидан жорий йил 16 февралда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича ўта оғир жиноятларга доир ишларни судда жамоатчилик вакилларидан иборат халқ вакиллари ҳайъати иштирокида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш, жиноят процессида мажбурлов чоралари қўлланиши устидан суд назоратини кучайтириб, тергов судьялари ваколатларини кенгайтириш, коррупция, гиёҳвандлик, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш каби устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Шу асосда йил давомида судлар фаолиятига халқаро андозаларга мос янги институтларни жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада оширишга жиддий эътибор қаратилади. Бунда жиноят ишлари бўйича суд процессларини халқ вакиллари ­ ҳайъати (jury) иштирокида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиб, жиноят ишларида халқаро тан олинган «Хабеас корпус» институти доирасида тергов судьяларига қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги ва бошқа эҳтиёт чораларини ўзгартириш ва бекор қилиш ваколати берилиши муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, суд ишларини юритишда ҳимоя институти ҳам изчил такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси билан бирга «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш тартибини жорий этиш, жиноят ишида ҳимоячига ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ёки жабрланувчи иштирокида ўтказилган процессуал ҳаракатларга оид ҳужжатлар ҳамда далиллар билан танишиб, ундан нусхалар олиш, суриштирув ва дастлабки тергов давомида исталган вақтда ўз ҳимояси остидаги гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан юритилаётган жиноят ишини қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарорлардан нусха олиш ваколатларини бериш бўйича қизғин иш олиб борилмоқда.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, қонунчиликдаги коррупциявий омилларни бартараф этиш долзарб вазифалар сирасига киради. Бу борада қонунчиликда коллизиялар, номувофиқликлар, «ноаниқ» қоидалар, «оқ доғлар» ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида давлат хизматчисининг малакасини ошириш амалиётини йўлга қўйиш, очиқ маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашишга хизмат қилувчи дастурий таъминотлар, онлайн платформалар ишлаб чиқиш бўйича танлов ўтказишга қаратилган амалий ишлар аллақачон бошланган.

Бунинг учун, ўз навбатида, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжати хатловдан ўтказилмоқда. Натижада ушбу ҳужжатлардаги коллизиялар, номувофиқликлар, “ноаниқ” қоидалар ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш имкони юзага келади.

Бундан ташқари гиёҳвандлик ва наркожиноятларга, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Айни мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бири, Фармонда белгиланганидек, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ҳисобланади.

Шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик каби жамият олдида турган долзарб муаммоларга қарши курашиш бўйича самарали ишлайдиган тизим йўлга қўйилмоқда. Бу борада Президентимиз 2026 йил 3 мартда имзолаган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон билан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашишнинг аниқ янги нормалари белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Қолаверса, жорий йил бўйича Давлат дастурида мажбурий ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий ва технологик шароитлар яратилиши билан боғлиқ вазифалар белгилаб қўйилгани ҳам жуда муҳим вазифа.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекис­тон — 2030” стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ бажарилиши, шубҳасиз, шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг орзуларини рўёбга чиқаришга, халқимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишга, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига асос бўлади.

Шундай экан, ҳар биримиз бу борада зиммамиздаги улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, айни эзгу мақсадлар ижобати учун хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан меҳнат қилсак, албатта, ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришамиз. Зотан, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Миллий бирлик жуда муҳим. Бирдамлик кучдир!”

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани суди раиси


 

photo_2025-12-16_10-07-20

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: ИСЛОҲОТЛАР ЗАНЖИРИНИНГ МАНТИҚИЙ ДАВОМИ

Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияда гендер тенглиги ва оила ҳимояси нормалари алоҳида мустаҳкамланди. Хотин-қизларни, болаларни таҳқирлаш ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича бир қатор қонунлар ва қонун ҳужжатлари қабул қилинди, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияларида гендер тенглиги устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.


 Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 3 март куни имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони ушбу муҳим соҳадаги ислоҳотлар занжирининг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Бу жараён ўлкамизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарди.

Хусусан, Фармонда норматив янгиликлар, уларнинг миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашдаги роли, аёллар ва болалар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришдаги аниқ механизмлар белгиланиб, унда эрта никоҳнинг тизимли равишда олдини олиш, рақамли ҳимоя воситаларини жорий этиш, ёшларнинг мустақил ҳаёт қуришини рағбатлантириш, замонавий жиноят таркибларини миллий ҳуқуққа киритиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш орқали Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши муҳим аҳамиятга эга. 

Унга кўра, никоҳ ёшига етмаган (18 ёшдан кичик) шахслар билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришишни, яъни расмийлаштирилмаган “эрта никоҳ”ни тўхтатишга эришиш мақсади белгиланиб, бунда эрта никоҳ нафақат қиз болаларнинг таълим олиш имкониятини чеклайди, балки соғлиқ учун ҳам жиддий хавф туғдириши, эрта ҳомиладорлик ўсмирлар орасида ўлимнинг асосий сабабларидан бири эканлиги инобатга олинган.

Мазкур ҳужжат билан молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни давлат томонидан рағбатлантириш орқали 21 ёшда биринчи маротаба никоҳ тузган жуфтликлар учун қўшимча имтиёзлар белгилаб берилмоқда, шунингдек, зўравонликка қарши тизимни мукаммаллаштириш мақсадида аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин қисқартириш, жабрдийдаларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, оила ва хотин-қизларни “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш кабилар назарда тутилмоқда.

Жумладан, никоҳланувчи ҳар иккала тараф камида 21 ёшда биринчи никоҳ тузган оилаларга давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилиб, унда давлат томонидан солиқ, ижтимоий, молиявий соҳаларда қўшимча имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, ижтимоий реестрга киритилган 21 ёшдан кейин никоҳ тузган оилаларга субсидия, ссуда ва грантлар қонунчиликда белгиланган миқдорлардан 1,5 баравар кўп берилиши, никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш орқали иқтисодий низоларни олдини олиш ва ажралиш чоғида мулкий можароларни кескин камайтириш, аёлларнинг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, аёлларни молиявий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг самарали воситаси сифатида никоҳ шартномаси тузган никоҳланувчилар никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, бош Қомусимизда белгиланган ҳар бир фуқаро таълим олиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норманинг кафолати сифатида ҳамда таълимни тарк этишга мажбур бўлган аёлларнинг иш бозорига кириш имконияти чекланишини олдини олиш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбиячиларига олий таълимни давом эттириши учун курсдан қолган ёки талабалар сафидан чиқарилган шахсларга фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони берилмоқда, аёлларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳомиладор талабаларга академик таътил даврида масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имконияти яратилиши таклиф этилмоқда.

Фармонда вояга етмаган шахс билан никоҳ тузишга даъват этганлик ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклифи ҳам илгари сурилмоқда.

Ҳужжатда эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатларини яшириб қолмаслик ва латентлигини олдини олиш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар), ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора вакилларига мажбурий хабар бериш вазифаси юклатилиб, ушбу органлар ва шахслар хабар бермаган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилиши асос сифатида белгиланмоқда. 

Шунингдек, ҳужжат матнида 2026 йил якунига қадар Ички ишлар вазирлигининг электрон тизимида эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари тўғрисида хабар бериш учун “Ўсмир-сигнал” модулини ишлаб чиқиш ва бу борада самарали мониторинг ва тез муносабат кўрсатиш имконини бериш мақсадида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳаллалар), ФҲДЁ органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, диний идора ва бошқа  идораларнинг ахборот тизимлари ИИВнинг тизимига «Электрон ҳукумат» платформаси орқали интеграция қилиниши, эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш белгиланмоқда.

Фармоннинг яна бир асосий жиҳатларидан бири тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш йўналиши бўйича қуйидагилар назарда тутилмоқда: 

– ҳимоя ордери тизимини технологик воситалар билан мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига «my.ihma.uz» мобил иловасини уларнинг розилиги билан ўрнатиш орқали «SOS» тугмасида зудлик билан хабар бериш имкониятини бериш;

– масъул идоралар томонидан руҳий бузилиш белгилари мавжуд зўравонлик содир этган шахсни мажбурий амбулатор психиатрик кўрикдан ўтказиш ва руҳий бузилиш аниқланган тақдирда тиббий муассасага жойлаштириш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш;

– ишларнинг ўта нозиклиги ва жабрдийда ҳуқуқларини мустаҳкамроқ таъминлаш, объективлик, одиллик нуқтаи назаридан ва ихтисослашган ёндашув зарурати туфайли 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш), 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш), 121 (шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 128-1 (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида назарда тутилган жиноятлар бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки терговни фақат прокуратура органлари томонидан амалга ошириш тартибини белгилаш;

– вояга етмаган шахсга нисбатан шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий иш ҳужжатларини прокурор томонидан жиноят аломатлари йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг судга юбориш тартибини белгилаш;

– бу тоифадаги жиноятларни қайта содир этиш (рецидив) хавфини минималлаштириш учун Жиноят кодексининг 118 (номусга тегиш) ва 119 (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахсларни манзил-колонияга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритиш ва педофилия жиноятини содир этган шахсларни психологик реабилитациясиз жамиятга қайтариш улар томонидан жиноятни такроран содир этиш эҳтимолини оширишини инобатга олган холда ушбу жиноятлар учун жазо ўтаётган маҳкумларни психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан сақлаш шартларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйиш;

– 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик жиноятлари, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиш ва судда кўриш;

– 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартлар асосидаги дастур бўйича тайёрланади ва аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилади;

– 2026 йил 1 сентябрдан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, ИИВ академияси ва Одил судлов академиясида “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” дастури ташкил этиш;

– вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун муқаддам судланган шахслар томонидан 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилаш;

– 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бир гуруҳ томонидан содир этганлик учун оғирроқ жавобгарлик белгилаш орқали 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) жинояти диспозициясига аниқлик киритиш;

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жазо санкцияларини ошириш, шунингдек, жиноят ишини қўзғатиш рад этилган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган ҳолларда жавобгарликка тортиш тартибини такомиллаштириш;

– аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий амалиётни ўрганган ҳолда хотин-қизларни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш (фемицид), оила аъзоларини қасддан ўлдириш (фамилицид), шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш (сталкинг), интернет ёки ижтимоий тармоқларда содир этиладиган зўравонлик (киберзўравонлик), вояга етмаган шахслардан жинсий фойдаланиш ҳамда шу мақсадда интернет орқали вояга етмаган шахснинг ишончини қозониш (онлайн груминг) учун қонунчиликда жавобгарлик белгилаш;

– профилактик ёндашув, яъни фақат жазолаш эмас, зўравонлик сабабларини бартараф этиш мақсадида зўравонлик содир этган шахслар (агрессор) билан ишлаш тизимини такомиллаштириш.

Умуман олганда, мазкур Фармон аёллар, болалар ҳуқуқий ҳимояси соҳасида тарихимиздаги кенг кўламли ва комплекс норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланиб, Ўзбекистоннинг аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий базасини янги босқичга кўтаради. Пировардида, аёллар ва болалар дахлсизлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини давлат сиёсатининг марказида туришини таъминлашга хизмат қилади.

Шерзод Абдуқодиров,

Одил судлов академияси ректори,

 юридик фанлар доктори

 

photo_2026-03-04_10-13-10

МАЪМУРИЙ ИШДАГИ ДАЛИЛ ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Ҳеч кимга сир эмаски, судда фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни кўриш жараёнида жиноят аломатлари ҳам аниқланиб қолади. Бундай ҳолатда суд прокурорга хабар қилади. Натижада иш бўйича адолат юзага чиқиб, қонун устуворлиги таъминланади.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Савдо-саноат палатасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан акциядорлик тижорат “Халқ банки” манфаатини кўзлаб, Фарғона туманлараро маъмурий судига киритилган ариза-шикоятни кўриш жараёнида ҳам жиноят аломати аниқланди.

Унда Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармаси мансабдор шахсларининг 2024 йил 11 декабрдаги хабарномасида ифодаланган ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, бошқарма зиммасига 2021 йил 14 сентябрь куни нотариал тасдиқланган ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш сўралган.

Гап шундаки, нотариал тасдиқланган ипотека шартномасига биноан, фуқаро Ҳафизахон Сўпиевага (исм-шарифлар ўзгартирилган) тегишли, Қувасой шаҳар Ю. Муян номидаги маҳаллада жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бино-иншоотлари ҳамда фуқаро Ҳайитхон Аҳмаджонова эгалигидаги молхона бино-иншоотлари гаровга қўйилган.

Натижада кредит шартномасига асосан, “Халқ банки”нинг Қувасой тумани филиали томонидан “Quvasoy Shohimardon durdonalari” фермер хўжалигига наслли чорва молларни сотиб олиш мақсадида, йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 84 ой муддатга 856 миллион 800 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган.

Бироқ мижоз кредитни ўз вақтида қайтармагани сабабли Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси банк манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси киритган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 7 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, фермер хўжалиги, қўшимча жавобгарлар Ҳафизахон Сўпиева ва Ҳайитхон Аҳмаджоновадан жами 1 миллиард 75 миллион 403 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни гаровдаги мулкларга қаратиш белгиланган.

Шундан сўнг Мажбурий ижро бюроси Қувасой шаҳар бўлими томонидан ушбу ҳал қилув қарори бўйича ижро иши юритилган. Ижро ҳаракатлари давомида эса, нотариал тасдиқланган ипотека шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмагани аниқланган. Бинобарин, банкнинг Фарғона вилояти филиали Давлат кадастрлар палатаси Фарғона вилояти бошқармасига мурожаат қилиб, ипотека шартномасини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам сўраган.

Маълумки, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонуннинг 61-моддасида “Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида нотариус ёки банк рўйхатдан ўтказувчи органга ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризанинг, ипотека тўғрисидаги шартноманинг, кредит шартномасининг ёки қарз шартномасининг электрон кўчирма нусхасини тақдим этади”, деб белгиланган.

Шу боис бошқарманинг 2024 йил 11 декабрдаги жавоб хатида мулкдор ёки унинг ишончли вакили мурожаат қилганидан сўнг ипотека шартномаси давлат рўйхатидан ўтказиб берилиши маълум қилинган. Албатта, бу жавоб банк филиалини қониқтирмаган. Оқибатда Фарғона туманлараро маъмурий судига юқоридаги ариза шикояти киритилган.

Суд мажлисида нотариал тасдиқланган ипотека шартномасида қайд этилган нотурар бино-иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари билан бугунги кунда “UzKAD” платформасидаги ҳужжатларда қарама-қарши ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар борлиги аниқланди. Буни судда иштирок этган тарафларнинг ўзлари ҳам инкор этишмади. Ҳозирги кунда ҳужжатлардаги қарама-қаршилик ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тўғрилаш имконияти мавжуд эмаслиги ҳам аён бўлди.

Энг ажабланарлиси, нотариус томонидан ҳужжатнинг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиш ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатишга мулки гаровга қўйилган, яъни ипотека шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилишига қаршилик кўрсатаётган тарафлар монелик қилганлиги аниқланди. Ваҳоланки, ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этмай туриб, ипотека шартномасини қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб бўлмайди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 174-моддасида “Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилади”, 189-моддасида эса, “Суд агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади” деб белгиланган.

Ана шу асосларга таянган суд шикоят аризасини рад этиш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Шу билан бирга, “Халқ банки”нинг Қувасой тумани филиали, Қувасой шаҳар “Ермулккадастр” давлат корхонаси, “Quvasoy Shohimardon durdonalari” фермер хўжалиги, Ҳафизахон Сўпиева ва Ҳайитхон Аҳмаджоноваларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш учун Қувасой шаҳар прокуратурасига хабарнома юборди.

Буни қарангки, суд хабарномаси юзасидан ўтказилган текширишда “Quvasoy Shohimardon durdonalari” фермер хўжалиги томонидан ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Яъни фермер хўжалиги мансабдор шахслари 856 миллион 800 минг сўм эвазига Украина давлатидан 32 бош наслли қорамол олиб келади. Аммо қорамолларни нақд пулга сотиб юборишади.

Улар қорамолларни сотишдан тушган пулларни кредит қарздорлигига йўналтириш ўрнига шахсий эҳтиёжларига сарфлайди. Шунинг учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қувасой шаҳар бўлими томонидан фермер хўжалиги мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Президентимиз томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига фермер ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларни ҳимоя қилиш масаласи энг долзарб вазифалардан бири сифатида қўйилган. Шундай экан, соҳа вакиллари ҳам бу юксак ишончни суиистеъмол қилмасликлари керак.

Солижон ҚУРБОНОВ,

Фарғона вилояти

маъмурий суди судьяси

 

photo_2026-03-31_12-56-44

ТАДБИРКОРГА ҚАРШИ ДАЪВО СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛДИ

Мамлакатимизда хусусий тиббиёт жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги саккиз йилда хусусий клиника ва лабораториялар сони 3 карра кўпайиб, 9 мингга, улардаги шифо ўринлари эса, 57 мингга етди. Бу ҳам бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соха тараққиётига қаратилаётган юксак эътибор самарасидир.

Пойтахтимизда яшовчи тадбиркор М. Жафаров ҳам яратилган ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бундан 5 йил муқаддам “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсата бошлади. Бунинг учун 2021 йил 22 апрелда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга 29803167-рақамли лицензия тақдим этилди.

Албатта, ўтган йиллар мобайнида клиникага 300 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилди. Натижада 74 нафар шифокор доимий иш билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилалар вакили бўлган беморлар учун 100 га яқин жарроҳлик амалиётлари бепул ўтказиб берилди. Биргина 2025 йил давомида давлат бюджетига 1 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар тўланди. Аммо…

Аммо барчанинг кўнглини бирдек олиш қийин. Шу маънода айтганда, фуқаро М. Ҳисомиддинова ўзига кўрсатилган хизматдан кўнгли тўлмай, юқори идорага мурожаат қилади. Оқибатда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг тегишли буйруғи асосида 2025 йилнинг 11-20 ноябрь кунлари “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятда текширув ўтказилади. Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шу боис текширув мобайнида айрим камчиликлар аниқланади.

Хусусан, ассистент врач (пластик хирург) М. Нарзиеванинг хирургия ихтисослиги бўйича, ҳамшира З. Эргашева ҳамда Д. Буртешованинг камида биринчи малака тоифага эга эмаслиги лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш, деб топилади. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга берилган лицензияни бекор қилишни сўраб, Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Айтиш керакки, амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаби ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш лицензияни бекор қилишга асос бўлади. Шунингдек, қонунда суд айнан қайси ҳолларда лицензияни бекор қилиши ҳам белгиланган. Жумладан, лицензия эгаси ҳужжатнинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни ваколатли орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда, лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ноқонунийлиги ёки лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда, лицензия талаблари ҳамда шартлари бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба бузилганда, лицензия талаблари ҳамда шартларини бир маротаба қўпол равишда бузиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ҳамда атроф-муҳитга, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солса, бекор қилиниши қайд этилган. Бироқ “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятдаги текширишда бундай ҳолат аниқланмаган. Қолаверса, текшириш ўтказишга асос бўлган аризачи М. Ҳисомиддинованинг ҳам ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган. Иш ҳужжатларида унинг “MEDICAL CENTER CHINOR” масъулияти чекланган жамиятга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳақида тилхати мавжуд. Ана шу асосларга таянган суд даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентимиз 2025 йил 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, илғор ташаббуслар ҳам улардан чиқаётгани қувонарли ҳол эканини таъкидлади.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбари томонидан судлар зиммасига тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш долзарб вазифалардан бири сифатида юкланган. Зеро, республикамиз тараққиётини тадбиркорлик фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Муҳиддин СУЛТОНОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси ўринбосари

photo_2026-03-31_12-49-18

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАР, СУД АМАЛИЁТИ ВА МИЛЛИЙ ТАЖРИБА

Мамлакатимизда жамият тараққиётига жиддий хавф солаётган, адолат мезонини оғдираётган ва инсон виждонини синовдан ўтказаётган иллат — коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.

Президентимиз бу иллатни “давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид” деб баҳолаб, 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида, мамлакатда коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат” эълон қилиш ҳақида мурожаат қилганлиги бежиз эмас. Чунки коррупция — бу фақат пора олиш ё бериш эмас, балки омонатга хиёнат, ўзаро ишончга зарба ва адолат тарозисининг қасддан оғдирилиши ҳамдир.

Аслида, ҳар қандай жиноят, аввало, нопок кўнгилда пайдо бўлади, яъни «қасд» пайдо бўлади. Демак, коррупция — фақат қонунбузарлик эмас, балки зудлик билан ислоҳ қилинишга муҳтож маънавий таназзулдир.

Шунинг учун ҳам, бугунги глобаллашув шароитида коррупция фақат миллий муаммо эмас, балки халқаро хавф сифатида эътироф этилмоқда.

Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши Конвенция коррупцияга қарши курашда ягона универсал ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилмоқда. Ушбу Конвенция давлатлар олдига: коррупциянинг олдини олиш, жазо муқаррарлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик ва активларни қайтариш сингари долзарб устувор вазифаларни қўяди. Негаки, коррупциянинг таркибий таҳлили пора олиш ва бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат активларини ўзлаштириш ва қонунни айланиб ўтиш каби шаклларда намоён бўлади.

Шу маънода суд амалиёти таҳлилига назар ташласак, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2025 йил давомида коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ 462 нафар шахсга нисбатан 264 та жиноят иши кўриб, тамомланган, 453 нафар шахсга 256 та айблов ҳукми чиқарилган, 3 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган, 6 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган. Албатта, бу рақамлар судларнинг айблов ва оқлов ўртасида холис мувозанат сақлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга жазо тайинлашда ҳам мутаносиблик ва индивидуал ёндашув таъминланган: судланганларнинг 19,6 фоизи — жарима, 12,6 фоизи — ахлоқ тузатиш ишлари, 22,1 фоизи — озодликдан чеклаш, 33,3 фоизи озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган бўлса, 8 фоизига шартли жазо тайинланган. Шунингдек, 188 нафар судланувчи қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилган. Бу амалиёт халқаро стандартларга, хусусан, давлат хизматининг шаффофлиги ва жавобгарликни оширишга қаратилган халқаро Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) тавсия этган жазонинг муқаррарлиги ва самарадорлиги принципларига мос келади.

Шу ўринда мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қ. Қосимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Тошкент халқаро аэропортида масъул лавозимида фаолият юритган. Аммо у мансабдор шахс сифатида ўз хизмат мавқеидан ғаразли ниятда фойдаланган ҳолда чет эл ва юртимиз фуқароларига чиқиш визаларини расмийлаштириб бериш эвазига турли миқдордаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келган.

Масалан, чет эллик фуқаро М. А.дан ўзининг хизмат хонасида 1 000 000 сўм олиб, унга “Exit” визасини расмийлаштириб берган.

Умуман айтганда, А. Қосимов 31 та ҳолатда фуқаролардан пора олган. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, 2025 йил 19 июль куни у фуқаро А. С.дан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ҳукми билан А. Қосимовга 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, солиқ тизимида фаолият юритган С. Толибов ва У. Хурсандов ўзаро жиноий тил бириктириб, порахўрлик жиноятини содир этишган.

Яъни улар ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасини ўрганиб, унинг иш юритувчисига солиқ текширувларини ўтказмаслик ва шохобча фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилишган. Аммо улар бу маблағни пора сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд томонидан ҳар иккала судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга солиқ соҳасида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупцияга қарши кураш — бу фақат жазо чораси эмас, балки ҳуқуқий маданият, шаффоф бошқарув ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш жараёни ҳамдир. Шу боисдан ўтган 2025 йил натижалари суд амалиётида жазонинг муқаррарлиги, зарарни қоплаш механизмининг самарадорлиги, профилактиканинг кучайтирилгани каби ижобий тенденцияларни намоён этганини эътироф этиш жоиз. Зеро, адолат устувор бўлган жамиятда ишонч шаклланади.

Ишонч бор жойда эса, барака ва фаровонлик қарор топади.

Фарҳод Ғаниев,

Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2026-02-05_11-25-25

ОЛИЙ СУДДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Олий судда 2025 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоялаш борасида қилинаётган ишлар, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда «Инсон қадри» ғояси асосида ўтказилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатлари янада кучайтирилди.

Фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловдан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайтирилгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, аҳолининг судга мурожаат қилишига оид масалалар тўлиқ рақамлаштирилди. Ариза йўллаш, ишда иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларни кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Натижада, судлар фаолиятининг очиқлиги таъминланиши билан бирга аҳолининг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий онги ва маданиятини ошишига эришилмоқда.

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш, одил судлов соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, суд соҳасини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, судларда фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор муҳим қарор ва фармонлар имзоланди.

Жиноят иш юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида «Хабеас корпус» институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда, 205 та жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида 263 нафар тергов судьялари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиб, одил судловни амалга оширмоқда.

Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди.

Суд соҳасини рақамлаштириш, суд тизимининг моддий таъминотини яхшилаш, судьялар корпусини малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонлари қабул қилинди.

«Рақамли суд» концепцияси асосида «Ақлли суд» заллари ташкил этиш, судлар фаолиятига энг илғор сунъий интеллект технологиялари жорий этиш, судларга замонавий бинолар қуриш, шунингдек, одил судлов соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг замонавий, ихчам ва оптимал тизими йўлга қўйиш белгиланди.

Олий суд томонидан ишларни кўриш жараёнида суд амалиётида аниқланаётган муаммолар доимий равишда ўрганилиб, «суд кўзи билан» таҳлил этиб бориш йўлга қўйилди.

Ўтказилаётган таҳлиллар асосида аниқланган камчиликлар ва қонунчиликдаги зиддиятларни бартараф этиш, шунингдек одил судлов самарадорлигини ошириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Олий суд Пленуми томонидан суд амалиётида қонунчиликни қўллашнинг долзарб масалалари юзасидан тушунтиришлар берилиб, давлат органлари ва ташкилотлар учун ягона суд амалиётини яратишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Олий суд Пленуми томонидан 28 та қарор қабул қилиниб, уларнинг 20 тасида бевосита қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Ушбу тушунтиришларнинг мазмун-моҳиятида жамиятдаги энг долзарб масалалар бўйича ягона суд амалиётини ўрнатиш мақсад қилинган.

Олий суд Раёсати томонидан 2025 йилда 21 та масала кўрилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

Фуқароларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

 

photo_2026-02-24_17-44-27

ТАЪМАГИРЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, коррозия ҳодисаси — металлни, коррупция эса, жамиятни емиради. Жамиятни емириши шунда намоён бўладики, фуқароларнинг давлатга, амалдаги қонунларга бўлган ишончи сусаяди. Бинобарин, биз, судьялар коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қатъиятлик билан жазонинг муқаррарлигини таъминлашимиз шарт.

Шу ўринда фикримизни бир жиноят иши мисолида давом эттирсак, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида яшовчи Талъат Бекқулов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 1998 йилда ички ишлар органлари тизимига ишга киради. Кейинчалик ИИБ тезкор вакили лавозимини эгаллайди.

Мазкур хизмати мобайнида ошна-оғайнилари, маҳалла-кўй ва бошқа таниш-билишлари ўртасида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонади. Шу тариқа Т. Бекқулов тизимда 18 йил ишлайди. Аммо нафс қутқусига учраб, шунча йил мисқоллаб йиққан обрўсини ўзи тўкиб қўяди. Аниқроғи, 2016 йилда Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган “Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш” жиноятини содир этади. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2017 йил 24 январдаги ҳукмига кўра, мазкур модда билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Бироқ 2016 йил 12 октябрдаги амнистия акти қўлланган ҳолда жазодан озод қилинади.

Аслида, амнистия актининг қўлланилиши ўша шахсга қилмишидан ўзига тегишли хулоса чиқариб олиши ва такроран жиноятга қўл урмаслиги учун берилган имкониятдир. Афсуски, Т. Бекқуловнинг кўзи очилмаган экан.

Ачинарлиси, бу гал ҳам у нафс қутқусига учиб, жиноят содир этади.

Гап шундаки, анчадан буён Т. Бекқулов тумандаги тадбиркорлик субъектларидан бирида ишлаб келаётганди. 2025 йил август ойларида эски бир таниши унга Шаҳноза Нажимовани рўбарў қилади. Аниқроғи, Ш. Нажимова ўзининг шахсий муаммоси юзасидан маслаҳат сўрайди.

— Дугонам сизни илгари ички ишлар идорасида ишлаганингизни айтиб қолди. Шунинг учун менга йўл-йўриқ кўрсатсангиз, — дейди у.

— Сизга қанақа йўл-йўриқ керак? — аёлнинг гапни узоқдан бошлаганидан таажжубланади Т. Бекқулов.

Маълум бўлишича, Ш. Нажимова муқаддам — 2020 йилда жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг ҳукми асосида судланган эди.

Бинобарин, аёл ўзининг судланганлик ҳолатини олиб ташлаш йўли бор-йўқлигини сўрайди. Бироқ Т. Бекқулов аёлга қонуний маслаҳат бериш ўрнига вазиятдан “унумли” фойдаланиб қолишни ўйлайди.

— Харажатини берсангиз, мен вазирликдаги ҳамкасбларим билан гаплашаман. Судланганлик ҳолатингизни компьютердан ўчириб ташлашади, — дея оғиз тўлдириб гапиради у.

— Қанча беришим керак? — сўрайди Ш. Нажимова бироз иккиланиб.

— Биласиз, электрон база фақат уларнинг қўлида. Ҳар ким ҳам ҳал қилиб беролмайди бу муаммони, — дейди собиқ ходим.

У шундай деб 4 000 АҚШ доллари эвазига ички ишлар органларида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтади. Лекин аёл бу таъмагирликни қабул қилолмайди. Бинобарин, Т. Бекқуловнинг талабидан норози бўлиб, ички ишлар идорасига мурожаат қилади. Оқибатда мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Унда кўзи очилмаган Т. Бекқулов 2025 йил 11 сентябрь куни Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчасида жойлашган ишхонаси ёнида Ш. Нажимовадан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланади.

Шундан сўнг Т. Бекқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди эса, уни Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Хулоса ўрнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 27 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидаги бир фикрига эътиборингизни қаратмоқчиман. Давлатимиз раҳбари “Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса — ислоҳотларимизга хиёнатдир. Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз” дея алоҳида таъкидлади.

Демак, жамиятимизда хавфсиз муҳитни таъминлаш, коррупция иллатига қарши муросасиз курашиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини унутмайлик.

Дилноза ХОЛИҚНАЗАРОВА,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани

суди судьяси

photo_2026-02-24_13-08-41

АВЕЗОВ АЙБДОР ЭМАС!

Бугунги кунда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилган янгиланиш ва ўзгаришлар амалда кутилган самараларни бермоқда. Жумладан, судлар томонидан 2025 йилда 422 нафар шахс оқлангани судьялар мустақил қарор қабул қилаётганидан далолатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида давлат ҳамда жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ва яширин иқтисодиёт бўйича таъсирчан чораларни белгилаш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида судьяларнинг хизматини ана шундай эътироф этгани бежиз эмас.

Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судлари томонидан 2024 йилда — 16 нафар, 2025 йилда 19 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди. Ўтган йили 10 нафар шахсга нисбатан чиқарилган оқлов ҳукмлари биринчи босқич судлари ҳиссасига тўғри келган бўлса, апелляция босқичида — 5 нафар, кассация ва тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатлари суд мажлисларида 4 нафар шахс оқланган.

Суднинг адолатли қарори билан оқланган шахслар орасида “Бухоро қурилиш моллари савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғайбулла Авезов ҳам бор.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, Ғ. Авезов 2020 йил 14 сентябрда “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти шаҳар филиали билан ичимлик суви етказиб бериш ва тўловни амалга ошириш бўйича тузилган шартномага кўра, ҳар ойнинг 20-25 санаси оралиғида сарфланган ичимлик суви бўйича ҳисобот топшириши, сув таъминоти учун 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириши керак эди. Аммо 2023 йил 25 апрель ҳолатида истеъмол қилинган ичимлик суви учун 15 миллион 256 минг сўмлик қарздорлик юзага келади.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 109-бандига асосан, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли хўжалик юритувчи субъектлар тармоқдан узиб қўйилади. Бироқ улар умумий фойдаланишдаги сув қувури тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2023 йил 15 июндан 19 июнга қадар 88 миллион 561 минг 285,6 сўмлик ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилган. Бу ўзбошимчалик оқибатида “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиалига жами 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм – жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.

Тергов органи томонидан ана шу ҳисобланган зарар айбловга асос қилиб олинган. Ўз навбатида, масъулияти чекланган жамият раҳбари Ғ. Авезовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга ўтказилган.

Биринчи босқич судининг 2024 йил 7 мартдаги ҳукмига кўра, Ғ. Авезов Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б”, “д” бандлари билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 3 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчидан “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият фойдасига 1 миллиард 217 миллион 717 минг 677,9 сўм етказилган зарарни ундириш белгиланган.

Қонун мезонларига эътибор қаратадиган бўлсак, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун Жиноят–процессуал кодексининг 82-моддасида назарда тутилган талаблар исботланган бўлиши керак. Бунда жиноят объекти, жиноят туфайли етказилган зиённинг хусусияти ва миқдори, содир этилган жиноятнинг вақти, жойи, усули, қилмиш ва рўй берган ижтимоий хавфли оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш, шунингдек, жиноятнинг ушбу шахс томонидан содир этилганлиги, жиноят тўғри ёки эгри қасд билан ёхуд бепарволик ёки ўз-ўзига ишониш оқибатида содир этилганлиги, жиноятнинг сабаблари ва мақсадлари аниқланиши шарт.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарори 4-бандидаги раҳбарий тушунтиришларга кўра, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин.

Бунда иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак.

Судланувчининг жиноят содир қилганлигини ҳам фош этадиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, Жиноят–процессуал кодексининг 95-моддасига мувофиқ, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Афсуски, Ғ. Авезовга нисбатан юритилган жиноят ишида юқоридаги процессуал қонун талаблари исботланмаган. Шунингдек, Олий суд Пленуми қароридаги раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмаган.  

Иш ҳолатидан англашилишича, Ғ. Авезов раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга қарашли бозор ҳудудида 100 га яқин тадбиркорлик субъекти қурилиш моллари савдоси фаолияти билан шуғулланади. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилган.

Фойдаланилган ичимлик суви учун назоратчилар тадбиркорлик субъектларидан пул йиғиб чиқишади ва бухгалтерия орқали ёки тўғридан-тўғри “Бухоро сув таъминот” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали ҳисоб рақамига тўлаб берилади.

Судланган Ғ. Авезов иш жойида ичимлик сувидан қарздорлик юзага келганлигидан хабарсиз бўлган. Қарздорликни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро шаҳар бўлимига чақиртирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати олганларида билган.

“Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият шаҳар филиали томонидан сув қувури муҳри бузилганлиги ҳолати бўйича далолатнома расмийлаштирилганини ҳам ўша ерда эшитган.

Ғ. Авезов судда берган баёнотида таъкидлашича, сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномага у имзо қўймаган. У шартнома шартлари билан ҳам таниш эмас.

Ғ. Авезов ёки у раҳбари бўлган масъулияти чекланган жамиятга сув қувури тармоғидан яширинча фойдаланишдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки сувдан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Ҳар бир тадбиркор ишлатган сувнинг пулини ўзи тўлайди.

Мантиқан олганда, сув қувури тармоғи муҳрларига қасддан шикаст етказиб, ўзбошимчалик билан уланиш ва ундан ноқонуний фойдаланиш Ғ. Авезовга ўзи нимага керак?

Судланган Ғ. Авезовга қўйилган Жиноят кодексининг 185-2 ва 169- моддаларида кўрсатилган жиноятлар эса, қасддан содир этилган ҳисобланади. Нега деганда, ушбу жиноятлар субъектив томондан ҳамма вақт қасддан содир этилади. Бироқ на тергов органи ва на биринчи босқич судида айнан Ғ. Авезов томонидан сув қувурининг муҳри бузилганлиги ва ичимлик сувдан ноқонуний фойдаланилганлиги ҳақида бирор-бир далил тўпланмаган.

Янада қизиғи, сув қувурининг муҳри тўрт марта ким ёки кимлардир томонидан бузилиб, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланилганлиги юзасидан “Бухоро сув таъминоти” масъулияти чекланган жамият ходимлари Ғ. Юнусов, М. Юнусов, С. Шоҳимардонов, Ҳ. Товбаев, “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Тўраев (исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан далолатномалар расмийлаштирилган. Истеъмолчи вакили сифатида Л. Элмуродов баъзи далолатномаларга киритилган, аммо у имзо қўйишдан бош тортганлиги қайд этилган.

Л. Элмуродовнинг далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлигининг сабаби бор. У шу яқин атрофидаги “Когон сардор сервис савдо” жамияти раҳбари вазифасида ишлайди, Ғ. Авезов раҳбар масъулияти чекланган жамиятга алоқадор эмас. Л. Элмуродов уни чақирганлари учун сув таъминоти ходимлари олдига борган, маҳалла фуқаролар йиғини раисига ҳам, сув таъминоти жамиятидагиларга ҳам, гўёки бозорнинг раҳбари Ғ. Авезов эканлигини айтган.

Шу ўринда яна иш ҳолатларига қайтадиган бўлсак, далолатномаларни расмийлаштиришда жамият вакили иштирок этмаган, ушбу қоидабузарлик ҳақида жамиятга маълум ҳам қилинмаган. 2023 йил 19 июнь куни расмийлаштирилган далолатномада қувур муҳри бузилганлиги қайд этилган бўлса-да, ана шу муҳрнинг рақами кўрсатилмаган. Қувур қайтадан муҳрланганда ҳам, қандай рақамдаги муҳр қўйилганлиги ёзилмаган.

Суднинг сўровига “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамияти томонидан бу ҳақда маълумот тақдим этилмаган.

Бухоро вилояти ИИБ ЭКМнинг хатшунослик экспертиза хулосаси сув таъминоти жамияти билан тузилган шартномадаги имзо бошқа шахсга тегишли эканлигини кўрсатди. Бундай ҳолатда Ғ. Авезов тузилган шартнома юзасидан бирор-бир мажбуриятга эга эмас.

Шу тариқа Ғ. Авезов қувурнинг муҳрини бузиб, ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлиги ўз исботини топмаган. Унинг айбдорлигига оид шубҳаларни бартараф этиш имкониятлари эса, тугаган. Шунинг учун судлов ҳайъати биринчи босқич судининг Ғ. Авезовга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилди ва содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли уни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 3-бандига асосан, оқлади.

Хулоса шуки, бировнинг жиноий қилмиши учун айбсиз одам жазоланмаслиги керак. Ғайбулла Авезов жамиятимизда қонун устуворлиги, одил судлов таъминланаётганлиги, жиноятга дахли йўқлиги сабаб оқланди. Оиласи, яқинлари, маҳалла-кўй, таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлишига эришди.

Лекин жиноятни ким ёки кимлар содир этган? Айбдор ёки айбдорлар топилиши, жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланиши керак. Судлов ҳайъати, Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддасига кўра, мазкур жиноятни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун ишни прокурорга юборди.

Илёсжон УСМОНОВ,

Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2026-03-31_11-37-49

МЕДИАЦИЯ ИНСТИТУТИ: СУД ТИЗИМИДАГИ ЮКЛАМАНИ КАМАЙТИРИШ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ОШИРИШДАГИ ЎРНИ ҲАМДА АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда жаҳонда суд тизими ортиқча юклама, ишларни кўриш муддатларининг чўзилиб кетиши ва қарорларни ижро этиш муаммоларига дуч келаётгани ҳақидаги илмий тадқиқотлар кенг ёритилмоқда. Бундай вазият­да низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари, айниқса, медиация институти замонавий ҳуқуқий тизимнинг муҳим элементи сифатида шаклланаётгани жуда муҳим.

Медиация – низолашувчи тарафларнинг холис воситачи (медиатор) иштирокида ўзаро мақбул келишувга эришиш орқали низони ҳал этиш жараёнидир. Суд жараёнидан фарқли равишда у ихтиёрийлик, махфийлик, процессуал соддалик, тарафлар муносабатини сақлаб қолиш тамойилларига асосланади.

Ўзбекистонда “Медиация тўғрисида”ги қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилиниб, 2019 йилдан амалга жорий этилган. Қонун медиацияни:

— фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар;

— тадбиркорлик ва банк-кредит муносабатлари;

— суғурта низолари;

— меҳнат ва оилавий низолар каби соҳаларда қўллашни назарда тутади.

Медиациянинг энг муҳим устунлиги — “win-win” (икки тараф ҳам ютади) моделига асосланишидир. Яъни судда бир томон ютса, иккинчи томон, албатта, ютқазади. Медиацияда эса, ҳар икки томон ўз манфаатини сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Шу сабабли медиатив келишувларнинг қарийб 90 фоизи ихтиёрий равишда ижро этилади.

Халқаро статистик маълумотларга кўра, медиация орқали ҳал этилган ишларнинг 70-85 фоизи муваффақиятли якунланади. Бундай ишлар суд муҳокамасига қараганда ўртача 3-5 баробар тез ҳал этилади, шунингдек, давлат бюджети ва иштирокчилар харажатлари сезиларли даражада қисқаради.

Тадқиқотларда қайд этилишича, суд тизимига тушаётган ишлар сонининг 20-30 фоизини медиацияга йўналтириш орқали судлардаги навбат ва кечикишларни бартараф этиш мумкин.

Бугунги кунда дунёда Италия, Туркия, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Америка Қўшма Штатлари медиация институционал ривожланган давлатлар ҳисобланади.

Масалан, Сингапурда тижорат низоларининг 80 фоиздан ортиғи медиация орқали ҳал этилади, Буюк Британияда эса, медиация тижорат соҳасида бир йилда миллиардлаб фунт стерлинг иқтисодий самара келтиради.

Японияда судга келган ишлардан катта қисми аввал медиация орқали кўрилади.

Энг муҳими, бугунги кунда медиация жараёнлари халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2019 йилда Сингапур Конвенцияси қабул қилингани халқаро медиатив келишувларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлади. Шу негизда медиация глобал ҳуқуқий механизм сифатида эътироф этилди.

Айтиш керакки, медиациянинг аҳамияти суд тизимидаги ортиқча юкламани камайтириш билан чекланиб қолмайди. Бу институт жамиятда низоларни инсонпарварлик йўли билан конструктив ҳал этиш маданиятини шакллантиради, шахсларни ўзаро мулоқотга, муросага ва ҳуқуқий масъулиятга ўргатади. Бу эса, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим ижтимоий-психологик асосини ташкил этади.

Илмий-социологик тадқиқотларда медиациянинг ҳуқуқий маданиятни шакллантиришдаги кучли таъсири алоҳида таъкидланади. Шунингдек, медиация шахсларни мулоқотга, муросага келишга, ҳуқуқ ва мажбуриятларни англашга ўргатиши ҳамда низоларни зўравонликсиз ҳал қилиш маданиятини шакллантириши алоҳида қайд этилади.

Бу жараён жамиятда ҳуқуқий онгни оширади ва давлатга нисбатан ишончни мустаҳкамлайди. Тикловчи адолат (restorative justice) концепциясига кўра, медиация нафақат ҳуқуқий, балки маънавий тикланиш воситаси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда 2021 йилда 4,8 минг та иш медиация орқали ҳал қилинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 7,2 мингтага етган ва ўсиш 50 фоизни ташкил этган.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва низоларни инсонпарварлик йўли билан ҳал этишга қаратилган “Ҳуқуқий эксперимент” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа низоларни судгача медиация орқали ҳал этишни, жумладан:

— жиноят ва маъмурий ишларда — тикловчи медиация;

— фуқаро ва давлат органлари ўртасидаги низоларни ҳал этиш;

— ижтимоий аҳамиятга эга ишларда бепул (про боно) медиация;

— медиатив келишувлар ижросини тизимли мониторинг қилишни назарда тутади.

Тошкент шаҳрида 2023 – 2025 йилларда иқтисодий ишлар бўйича 3 214 та медиация келишувига эришилган. Бу рақам, ўз навбатида, медиациянинг равнақ топаётгани ва самарадорлиги ошаётганини кўрсатади.

Медиация жараёни, одатда, 60 кундан ошмайди. Кўп ҳолларда эса, бир неча кун ёки муайян соатлар ичида якунланади.

Шу маънода, медиация институтининг истиқболларига доир қуйидаги 5 та амалий таклифимизни билдиришни лозим топдик:

биринчидан, қонунчиликда судлар томонидан муайян тоифадаги ишларни кўриб чиқишда медиация тартиб-таомилини қўллашнинг мажбурийлигини жорий қилиш;

иккинчидан, вазирлик ва идораларда, шунингдек, судларда медиация хоналарини ташкил қилиш;

учинчидан, Италия ва Буюк Британия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, апелляция ва кассация босқичларида ишларни фақат ҳуқуқий баҳс нуқтаи назаридан эмас, балки тарафларни яраштириш имконияти нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш, хусусан, апелляция инстанциясида медиатив тартиб-таомилни мажбурий таклиф қилиш (mandatory mediation offer), кассация босқичида эса, тарафлар розилиги асосида ихтиёрий медиацияни қўллаш суд юкламасини камайтириш ва ишларни тезроқ ҳал этиш имконини беради;

тўртинчидан, тарафларни судда “ютқазиш-ютиш” моделига кўра, “келишувга келиш” моделини рағбатлантириш мақсадида апелляция ва кассация босқичларида медиатив келишувга эришилган тақдирда, давлат божи (суд йиғими)нинг бир қисмини қайтариш, иш юритишни тугатишни процессуал жиҳатдан соддалаштириш ҳамда медиатив келишувни ижро варақасига тенг ҳужжат сифатида тан олиш механизмларини кенгайтириш;

бешинчидан, Сингапур ва Хитойда онлайн медиация орқали ҳал қилинган ишларнинг 60-70 фоизи муваффақиятли якунланганлигини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда “Рақамли суд” концепцияси доирасида онлайн медиация платформасини ишлаб чиқиш ва уни:

• апелляция шикоятлари қабул қилиниши билан автоматик равишда таклиф этиладиган босқич сифатида жорий қилиш;

• видеоконференция орқали медиатив учрашувларни ўтказиш;

• электрон медиатив келишувларни суд томонидан тезкор тасдиқлаш механизмини жорий этиш.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, медиация институти янги Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида муҳим ўрин эгалламоқда ҳамда келажакда медиацияни кенг тарғиб қилиш ва қўллаш орқали суд тизимида юклама камайтирилади, давлат харажатлари қисқартирилади, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалади ҳамда жамиятда тинчлик ва ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади.

Келгусида онлайн медиация, мактаб ва оилавий медиация, давлат органлари иштирокидаги медиация механизмларини ривожлантириш орқали медиация институти ҳуқуқий адолатни таъминлаш ва жамиятда муроса маданиятини шакллантиришда стратегик аҳамият касб этади.

Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси


 

photo_2026-03-11_12-20-09

КАФИЛЛИК ШАРТНОМАСИ — МАЖБУРИЯТ

Маълумки, кредит ташкилотлари кредит таъминоти сифатида қарз олувчи ёки бошқа субъектнинг мол-мулкини гаровга қўйиш орқали кредит ажратилишини тавсия қиладилар. Қонун талаби ҳам шуни тақозо этади. Аммо кейинги пайтда айрим фуқаро ёки тадбиркорлик субъектлари кафиллик масъулиятини ҳис қилмаган ҳолда кафиллик шартномаларини имзолаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.

Хўш, аслида кафиллик нима?

Бунга жавобан шуни айтиш керакки, кафиллик — учинчи шахснинг бошқа шахс кредитори олдидаги мазкур шахснинг кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича тўлиқ ёки қисман жавобгар бўлиш мажбуриятидир.

Айтиш керакки, кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади. Кафиллик шартномаси бўйича мажбуриятнинг мазмуни қарздор асосий мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафилнинг қарздор билан бирга кредитор олдида жавоб бериш мажбурияти ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беради. Фақат қонун ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмасагина бундай жавобгарлик келиб чиқади.

Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради.

Жумладан, у фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимлари ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Албатта, кафил кредиторнинг талабларига қарши ўз эътирозларини билдиришга ҳақли. Банкнинг қарз олувчи ва кафилларга нисбатан кредит ҳамда фоизларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан иқтисодий иш кўрилиб, кафилни хабардор қилмасдан шартнома шартлари ўзгартирилгани ва белгиланган муддат ўтганидан кейин даъво қўзғатилганлиги сабабли даъвонинг мазкур кафилга оид қисмини қаноатлантириш рад этилади.

Бу борада статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2025 йилда Андижон вилояти иқтисодий судлари томонидан кредит, кафиллик ва гаров шартномалари юзасидан келиб чиққан низоларга доир жами 940 та иқтисодий иш кўрилган. Шундан 709 таси қаноатлантирилган, 50 тасини қаноатлантириш рад этилган, 177 таси кўрмасдан қолдирилган ва 2 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Суд амалиётида кредит ундириш билан боғлиқ низолар кўрилганда, тўланмаган кредит ва фоизлар кредит олувчи билан бирга кафил бўлган фуқаролардан, аксарият ҳолатларда, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларидан ундирилиши уларни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.

Бундан ташқари суд амалиётида белгиланган муддатларда тўланмаган кредит ёки фоиз қарздорликлар гаровга қўйилган мулклар ҳисобидан ҳам ундириб келинмоқда.

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Масалан, “С. И.” фермер хўжалиги иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – тижорат банкига нисбатан даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқни олиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Андижон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар зиммасига даъвогарга тегишли нотурар бино-иншоотга қўйилган тақиқини олиш мажбурияти юклатилган.

Ўз навбатида, жавобгар – банк мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан судга мурожаат қилган.

Апелляция инстанция судида ушбу ҳал қилув қарорида кўрсатилган 750 000 000 сўмлик гаровга қўйилган бино-иншоотлар учун фермер хўжалиги томонидан жавобгар – банк ҳисоб-рақамига 750 000 000 сўм маблағ тўлаб берилгани ва шу билан даъвогар, фермер хўжалигинниг гаров шартномасига асосан, ўзига олган мажбуриятлар тўлиқ бажарганлиги аниқланди.

Шу боис банкнинг апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Чунки Фуқаролик кодексининг 283-моддаси биринчи қисми биринчи бандида гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида, гаров бекор бўлиши белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир шартнома мажбуриятдир. Кредит шартномаси, кафиллик шартномаси ёки гаров шартномасини имзолашдан аввал келгусида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарликни, яъни қарздор билан бирга солидар (шерик) жавобгар бўлиши, гаровга қўйган мулклар ундирувга қа­ратилиб, сотилиб кетиши каби ҳолатларни пухта ўйлаб, шартнома тузилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, шартнома тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида тузилади.

Қонунга зид равишда тузилган битимлар манфаатдор шахснинг даъво аризаси асосида ҳақиқий эмас, деб топилади. Агар битимнинг қонунга хилоф тузилганлиги исботланмаса, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилиши мумкин.

Алишер Мадаминов,

Андижон вилояти

суди судьяси

#thegov_button_69cba3d2d840b { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cba3d2d840b:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cba3d2d840b { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cba3d2d840b:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!