Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-04-15_18-22-19

ЙЎҚОЛГАН БИЛДИРГИ ЁКИ ЎН БЕШ ЙИЛДАН СЎНГ ҚАРОР ТОПГАН ҲАҚИҚАТ

Инсон турмуши давомида дуч келадиган барча қийинчиликларга чидаши, оғир синов ва машаққатларни енгиб ўтиши мумкин, аммо ўзига нисбатан қилинган адолатсизликка чидай олмайди. Ҳақиқат қарор топгунига қадар ҳаловатдан кечиб, ноҳақ айбланганлигини исботлаш учун адолатнинг сермашаққат, олис йўлида курашади.

Яқинда худди шундай оқлов ҳукмларидан бири чиқарилди. Яъни ўн беш йил муқаддам асоссиз айблов билан судланиб, адолатнинг юзага чиқиши учун жон куйдирган Камолиддин Мухторовга оид иш Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатининг А. Жонқобилов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъати Жанубий-Ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми ҳамда Ҳарбий суд апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2021 йил 18 октябрдаги ажримини бекор қилди.

Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли К. Мухторов айбсиз деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан, реабилитация қилинди ва оқланди.

Капитан ҳарбий унвонига эга К. Мухторовнинг адолатсизлик қурбонига айланиб қолгани ҳақидаги воқеа тафсилотига мухтасар тўхталамиз.

Хабарингиз бор, бир пайтлар ҳарбий қисмлар ҳам пахта йиғим-теримига жалб қилинарди. К. Мухторов хизмат қилаётган ҳарбий қисм хизматчилари 2009 йилги мавсумда Сирдарё вилоятига сафарбар этилади.

К. Мухторовнинг никоҳ тўйи 21 ноябрь кунига белгиланганди. Аксига олиб, ўша йили йиғим-терим чўзилиб кетади. Тўйга икки кун қолганида ҳарбий қисмнинг ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари хизмати бошлиғи К. Мухторов иш жойига қайтиб келади ва таътил учун билдирги ёзади.

Билдиргига қисм команди­рининг таъминот бўйича ўринбосари И. Абдумўминов (гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди), саф бўлими бошлиғи С. Иброҳимов розилик билдириб, имзо қўяди. Энди билдиргини қисм командири А. Баратовга имзолатиш қолганди. Унинг хонасига рухсат сўраб кирса, А. Баратов округда бўладиган йиғилишга шошилаётган экан.

Камолиддин бошқаларга бергани каби қисм командирига ҳам тўйга таклифнома тутқазади ва таътил учун билдирги ёзиб кирганини айтади.

— Табриклайман, — дейди А. Баратов. — Мен округда бўладиган йиғилишга шошиляпман, билдиргини столим устига қолдиринг.

Қисм командири шундай дея, шошилганича хонадан чиқиб кетади.

Камолиддин таътил сўраб ёзган билдиргисини қисм командирининг столи устида қолдирганини саф бўлими бошлиғи С. Иброҳимовга айтади ва ўзининг қўл остида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари омбори бошлиғи вазифасида ишловчи Ф. Дадабоевга жамоа билан тўйга боришларини, иш юзасидан қўнғироқлашиб туришни тайинлаб, ўша — 2009 йилнинг 20 ноябрь куни уйига қайтади.

Эртаси куни тўй бўлиб ўтади. Таътил кунларида уни иш жойидан ҳеч ким излаб келмайди. Ф. Дадабоев билан иш юзасидан қўнғироқлашиб турганида уни бирон кимса сўроқлаётганини айтган ҳам эмас.

Бироқ таътил муддати тугаб, иш жойига қайтиб келса, хизмат таътилига буйруқ чиқмаган. Ҳарбий прокуратура Камолиддинни хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетганликда айблаб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилади.

Кейин иш судга ўтади. Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми билан К. Мухторовга Жиноят кодексининг 287-моддаси 3-қисми билан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланади.

Суд ҳукми чиққанидан сўнг К. Мухторов яна икки йил ўзининг вазифасида ишлаган. Контракт муддати тугаб, янгисини тузиш муддати етганида эса, унга судланганлигини рўкач қилишган ва у шу тариқа хизматдан бўшаб қолади.

Тафтиш инстанцияси суди қонун талабларига асосланиб, К. Мухторовнинг шикоятини қаноатлантириш лозим, деган тўхтамга келди. Чунки Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлиши кўрсатилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 455-моддасида эса, ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний деб эътироф этилиши, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари унда кераклигича тўлиқ ва юз бергани ҳақиқатга монанд тарзда аниқланган бўлса, асосли деб эътироф этилиши, суд ҳукмни фақат суд муҳокамасида текширилган далиллар билан асослаши кераклиги, суднинг ҳукмда ифодаланган барча хулосалари асослантирилган бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Аммо ушбу иш бўйича қайд этилган қонун талаблари ва Олий суд Пленуми тегишли қарорининг раҳбарий тушунтиришларига амал қилинмаган. Биринчи босқич суди К. Мухторовни никоҳ тўйи куни белгиланганлиги учун хизмат таътилига чиқишга билдирги ёзиб, хизматдошларини тўйга таклиф қилганлиги, тўй баҳона эмаслиги ҳамда ёзган билдиргиси рўйхатга олинмасдан қолиб кетгани қанчалик даражада ўзига боғлиқ эмаслиги ҳолатларига, шу каби судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари, ишдаги мавжуд далилларга тўлиқ баҳо бермаган.

Ваҳоланки, судда сўралган гувоҳлар – таъминот бўйича ўринбосар И. Абдумўминов, саф бўлими бошлиғи С. Иброҳимов билдиргига имзо қўйиб берганини тан олди. А. Баратов ҳам К. Мухторов имзо қўйдиришга кирган вақтда йиғилишга кечикмаслик учун шошиб кетаётгани учун столида қолдиришини айтгани, билдирги қаерда қолганини билмаслиги, тўйга таклиф қилингани ҳам ёдида борлигини баён қилиб, кўрсатма берди.

К. Мухторовнинг бўйсинуви остида ишлаган Ф. Дадабоевнинг кўрсатмаси судлов ҳайъатининг иш бўйича адолатли тўхтамга келишида жуда асқотди. Негаки, Ф. Дадабоев низога сабаб бўлган ойда К. Мухторов билан иш юзасидан қўнғироқлашиб турган. Агар ҳарбий қисмда ўзининг бошлиғини сўраганларида, албатта, у К. Мухторовни бу ҳақда хабардор қиларди.

Шу ўринда яна бир маълумотни келтириш жоиз кўринади. У ҳам бўлса, ФҲДЁ органи томонидан берилган никоҳни қайд этиш ҳақидаги гувоҳномадир. Унда Камолиддин Мухторов ва турмуш ўртоғининг никоҳи айнан 2009 йил 21 ноябрда қайд этилганлиги кўрсатилган.

Тафтиш инстанцияси судлов ҳайъати юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, К. Мухторовга хизмат таътили берилиши ҳақида буйруқ чиқарилмаган бўлса-да, никоҳ тўйига кетиб, хизматга узрли сабабларсиз бир ойдан ортиқ вақт ичида етиб келмаганлигини қасддан қилинган ҳаракат деб баҳолаб бўлмаслиги сабабли унинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 287-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмас, деб топди.

Никоҳ тўйидан сўнг орадан бир ой ўтгач, асоссиз айбловдан боши эгилган, эндиликда эса, уч нафар фарзанднинг отаси Камолиддин Мухторов оқлов ҳукмидан кейин ҳақиқат юзага чиқиб, адолат қарор топганидан оиласи, фарзандлари ва яқинлари олдида юзи ёруғ бўлди, кўнгли кўтарилди.

Чунки унинг оиласи ва қалбига адолат ёғдулари кириб борди. Ноҳақ айбланган инсон учун бундан ортиқ бахт борми!

Усмон КАРИМОВ,

Самарқанд шаҳар “Боғишамол”

адвокатлар ҳайъати раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-04-15_18-15-33

ҚИНҒИРЛИКНИНГ УМРИ ҚИСҚА

Халқимиз “Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик” деган ҳикматни бежизга айтмаган. Чиндан ҳам, инсон ҳалол меҳнат қилса, даромад топади ва рўзғорига барака киради, бирон-бир қинғир ишга қўл урмайди.

Ишлайман деган кишига эса, ҳамма вақт иш топилади. Бу — ҳаётий гап.

Афсуски, Ҳазорасп туманида туғилиб ўсган, қирқни қоралаб, ҳаётнинг пасту баландликларини кўрган уч нафар ҳамтовоқлар бу йўлдан бормади.

Бари 2024 йилнинг 19 июль куни туманнинг Паҳлавон Маҳмуд маҳалласида яшовчи Матёқуб Мардонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйида уюштирган зиёфатдан бошланди: тўкин дастурхон атрофидаги меҳмоннавозлик Жўрабек Сулаймонов томонидан ўртага ташланган “муҳим масала”нинг муҳокамасига уланди.

Гап мўмай даромад топиб, бир пасда бойиб кетиш хусусида кетди: аввал қўлга илашадиган маблағ топиш керак, деган хулосага келишгач, хонадон эгаси М. Мардонов ҳамтовоқларини ўзига қарашли “90 V 884 BА” рақамли “Матиз” русумли автомашинасида “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудига элтди. Уларнинг барчаси бу манзилни яхши билишарди: бу ерда аксарият хонадонларда қўй-моллар боқиларди. Автомашина шундай хонадонлардан бирининг молхонаси яқинида тўхтади.

Ҳайдовчи М. Мардонов автомашинада қолди, шериклари — Қобил ва Жўрабек эса, аста-аста қадам босиб, молхона томон кетишди. Етиб келгач, қўра эшигини секингина очиб ичкарига киришди. Улар бир бош семиз қўчқорни ипидан етаклаганча ташқарига чиқишди. Сўнг ўғирланган қўйни “Матиз”га ортиб, яна ортга қайтишди. Шумният кимсалар М. Мардоновнинг уйига етиб келишгач, ўғирланган қўчқорни ярим тун бўлишига қарамай сўйиб, гўштининг бир қисмини пиширишди, бир қисмини эса, сотишди… Сотувдан тушган пулни жиноий шериклар ўзаро тақсимлаб олишди.

Ҳамтовоқларнинг биринчи жиноий қилмиши шундай якун топди.

Орадан яна уч кун ўтгач, уларнинг моғорлаган кўнгли тағин ўғирликни қўмсаб қолди. Қобил Жуманов бу гал “ов”га якка ўзи чиқиб, “Ал-Хоразмий” маҳалласида жойлашган каттагина савдо дўконини “нишон”га олди. Чор-атроф тинч, одамлар уйқу оғушида. Қобил яқин-орада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланди: дўкон эшигини осонгина бузиб, ичкарига кирди-да, 50 қути “Pall Mall Mix” сигарети ва 5 миллион сўм миқдоридаги нақд пулни ўмариб, воқеа жойидан ғойиб бўлди.

Орадан икки кун ўтгач, тунда у яна жиноий шериги Ж. Сулаймонов билан бирга ўзаро тил бириктирган ҳолда, “ов”га чиқишди. Ҳазорасп тумани буюм бозори ҳудудидан ўтувчи катта йўл бўйида қолдириб кетилган “90 Z 905 EA” рақамли “Нексия” русумли автомашинани ўмаришди: бир зумда унинг салонидаги 480 дона кийим-кечак ва 6 миллион 720 минг сўмни қўлга киритишди.

Одам боласи учун ҳакалак отган нафсни жиловлаш амри маҳол. Қобил Жуманов ҳам шундайлар сирасидан бўлиб чиқди: яна тўрт кундан сўнг тунги соат 3 лар атрофида туман марказидаги Э. Гаёзов кўчасида жойлашган чойхонага, гарчи якка ўзи эса-да, босқин уюштирди. Бино эшигини бузиб, ичкарига кирди-да, “Honor 6X” ва “Sicco” русмли 2 та телефон ускунаси, 200 АҚШ доллари ва 7 миллион сўмни ўмарди. Аммо у бу “ўлжа” билан чекланмай емакхона эгаларининг фуқаролик паспорти ва банк пластик картасини ҳам ғаразгўйлик ниятида олиб кетди.

Аммо бу нопок кимсаларнинг қилмиши узоққа чўзилмади, жабрланувчиларнинг мурожаати асосида уюштирилган кузатув ва назорат тадбирлари ўз самарини берди: уюшган жиноий гуруҳнинг давомли кирдикорлари тўлиқ фош этилди. Ўғрибошининг асл башараси ана шу жараёнда ойдинлашди. Маълум бўлишича, Қобил Жуманов шу пайтгача ўғирлик ва бошқа жиноий қилмишлари учун жами олти марта судланиб, тегишли жазога маҳкум этилган экан. Даставвал жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судининг 2000 йил 15 майдаги ҳукмига биноан — 8 йилга, 2001 йил 19 ноябрда жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг ҳукмига мувофиқ — 4 йилга, 2003 йил 21 ноябрда жиноят ишлари бўйича Боғот туман судининг ҳукмига кўра, 5 йилга, 2006 йилнинг 30 майида жиноят ишлари бўйича Янгиариқ тумани судининг ҳукмига асосан — 2 йилга, 2008 йил 20 майда жиноят ишлари бўйича яна Урганч шаҳар судининг ҳукми бўйича — 5 йилга, 2016 йил 8 июнда Россия Федерацияси Обнинск шаҳар судининг ҳукмига биноан 8 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Кўриниб турибдики, унга нисбатан қўлланилган жазонинг аксари оғир турдаги ўғирлик жиноятлари учун тайинланган. Унинг жиноий шериги, 1979 йилда туғилган Жўрабек Сулаймонов ҳам жиноий қилмишга рўжу қўйганлардан. Бу қабилдаги қора қилмиш муқаддам уни ҳам суд даргоҳига етаклаган: ўзганинг баданига шикаст етказгани учун жиноий жазога тортилган. Афсуски, ушбу жиноий қилмишлардан сўнг бундай қора қисмат 44 ёшли Матёқуб Мардоновнинг ҳам гарданига ёғилди.

Қонун ўзгаларнинг азият чекишига сабаб бўлган қилмишларни асло кечирмайди. Бинобарин, оғир айбларнинг бари шунга монанд тарзда жазо тайинлашни тақоза этади. Тафсилоти ҳукмингизга ҳавола этилган жиноий қилмишлар юзасидан ўтказилган суд жараёнларида барча ҳолатлар синчковлик билан ўрганилди, фуқаровий даъвогарларнинг ўзларига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги мурожаати инобатга олинди.

Судланувчи Қ. Жумановнинг давомли жиноий қилмишлари: муқаддам икки марта қасддан содир қилган жинояти учун 5 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилингани, Россия Федерацияси ҳудудида янада оғир оқибатли жиноятга қўл ургани алоҳида баҳоланди ва Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан, ўта хавфли рецидивист деб топилди. Зеро, оғир жиноий қилмишлардан ўзини тия олмаганнинг жазоси ва адолатнинг яққол намунаси ҳам – шу.

Қонун қилмишнинг содир этилиш жараёнида жиноят қуролига айланган ашёвий далиллар, воситаларга бўлган муносабатни ҳам назарда тутади.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасида ифодасини топган ҳолатларга кўра, судланувчига тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилинмоғи лозим. Шунга кўра, М. Мардоновга қарашли “Матиз” автомашинаси давлат эгалигига ўтказилди. Давомли жиноий хатти-ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган шахслар эса, муқаррар жазога рўпара келдилар. Суд Қ. Жумановни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, 227-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича — 5 йил-у бир ойга, Жўрабек Сулаймоновни ушбу кодекснинг 169-моддаси 3-қисми “а” бандига мувофиқ, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Яна бир айбланувчи М. Мардонов эса, суд залидан озодликка чиқарилди. Суд уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандларига асосан, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Жиноят натижасида етказилган мулкий зиёнларни қоплаш мажбурияти Қ. Жумановнинг зиммасига юклатилди.

Албатта, буларнинг бари ҳақиқат ва адолат қарор топганидан далолат беради. Зеро, шу тариқа, халқимиз топиб айтганидек, қинғирликнинг умри қисқа эканлиги яна бир бор амалда ўз исботини топди. Чиндан ҳам, ўйламай ташланган бетайин қадамлар инсонни ҳамиша аччиқ қисмат домига етаклайди. Буни ҳеч қачон назардан қочирмаслик даркор.

Муродбек Рўзиматов,

жиноят ишлари бўйича

Ҳазорасп тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,журналист

photo_2025-04-08_15-58-25

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА АДВОКАТ ИШТИРОКИ: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишуви принципининг талаб даражада ишлашини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, адвокатлар ўз профессионал фаолиятини эркин амалга ошириши учун зарур қонунчилик базаси яратилди, адвокатуранинг конституциявий-ҳуқуқий институт сифатидаги мақоми янада мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 141-моддасида жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга кўра, адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади.

Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 3-моддасига биноан, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур кодекснинг 61-моддасида судда юридик шахс­ларнинг ишларини уларнинг қонунчиликда ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) вакиллари юритиши, агар қонунда бу бевосита назарда тутилмаган бўлса, адвокатлар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллар бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Кодексда, муҳими, судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши назарда тутилганлиги бежиз эмас.

Бундан кўриниб турибдики, адвокатнинг иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиши, жиноят-процессуал қонунчилигидан фарқли равишда, иқтисодий процессуал қонунчиликда мажбурий эканлиги назарда тутилмаган. У ихтиёрийликка ва тарафларнинг хоҳиш-иродасига асосланади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 62-моддасига биноан эса, вакилнинг судда иш юритишга доир ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишонч­номада кўрсатилган бўлиши керак.

Ишончноманинг расмийлаштирилгани адвокатга уни вакил қилган шахс номидан қандай процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқи берилганини ва судда иш юритиш ваколатлари мавжудлигини кўрсатади.

Дарвоқе, ушбу кодекснинг 63-моддасида вакилнинг ваколатлари кўрсатилган. Унга кўра, судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш, суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш бундан мустасно.

Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалала­ри тўғрисида”ги қарори 14-бандига асосан, ҳуқуқий маслаҳатхона ёки адвокатлик ҳайъати (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради, бироқ у ишончноманинг ўрнини босмайди. Шунингдек, бундай ордер адвокатга Иқтисодий процессуал кодекснинг 63-моддасида махсус назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини бермайди.

Бундан шуни англаш мумкинки, иқтисодий ишларни кўришда адвокатлик ордери адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини берса, ишончнома махсус процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Бу эса, вакил сифатида суд муҳокамасида иштирок этаётган адвокат томонидан ишончнома тақдим этилиши шартлигини билдиради. Чунки агар бундай процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ишонч билдирган шахс томонидан берилган ишончномада махсус қайд этилган бўлса, биринчи инстанция судида иштирок этувчи вакиллар апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақли ҳисобланади.

Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, бир қатор хорижий давлатлар амалиётида ҳам ушбу масалада миллий қонунчилигимиздаги каби ёндашувлар мавжуд. Жумладан, Россия Олий арбитраж суди Пленумининг “Россия Федерациясининг Арбитраж процессуал кодексини амалга киритиш билан боғлиқ айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 11-бандига кўра, адвокат ишонч билдирувчига ишончнома асосида вакиллик қилиши, федерал қонунларда белгиланган бошқа ҳолларда эса, тегишли адвокатлик тузилмаси томонидан берилган ордер асосида вакиллик қилиши мумкин.

Қозоғистон Фуқаролик процессуал кодексининг  61-моддасига кўра, муайян бир иш бўйича адвокатнинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибда адвокатлик гувоҳномаси ва вакилликни тасдиқловчи ёзма маълумотнома билан тасдиқланади. Кодекснинг 60-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган процессуал ҳаракатларнинг адвокат томонидан амалга оширилиши ишончнома билан тасдиқланади.

Яъни Россия ва Қозоғистон процессуал қонунчилигида ҳам иқтисодий судларда адвокатнинг иштироки билан боғлиқ масалалар адвокатнинг процессдаги иштироки учун ордер ва ишончноманинг чегараси аниқ белгиланган.

Бироқ Австрияда адвокатнинг фуқаролик процессидаги ҳуқуқлари ўзгача бўлиб, ушбу мамлакат Фуқаролик процессуал кодексининг 26-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи томонлар ўз манфаатларини мустақил равишда ёки вакил орқали ҳимоя қилишлари мумкин. Туман судларида даъво қиймати 5 минг евродан ортиқ бўлган ишларни кўриб чиқишда адвокатнинг иштироки мажбурийдир. Ишни кўриб чиқишда адвокат ўз ташаббуси билан ўз ваколатларини бошқа адвокатга ёки адвокат ёрдамчисига бериши мумкин. Адвокатнинг жараёнда иштирок этиш ҳуқуқи адвокатлар коллегияси томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланади.

Шу негизда, миллий ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, иқтисодий ишларда адвокат иштирокининг самарадорлигини ошириш, ишда иштирок этувчи шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, иқтисодий процессуал қонунчилигимизни такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифларимизни билдиришни лозим топдик.

Биринчи таклиф: адвокатнинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишда, ҳатто махсус процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ҳам, унинг ордери ва адвокатлик гувоҳномасидан ташқари бошқа бирон-бир ҳужжат талаб қилинмаслиги, адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахснинг процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ишончнома бериш амалиётига чек қўйилиши лозим.

Чунки “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, муайян ишни олиб боришга адвокатнинг ваколатли эканлиги ордер билан тасдиқланади. Адвокат, тараф сифатида, суд ишларини юритишнинг ҳамма босқичида процесснинг барча иштирокчилари билан тенг ҳуқуқларга эга. Мазкур қонуннинг 7-моддасига асосан, адвокатлик фаолиятини амалга оширишда бирон-бир махсус рухсатнома (ордер ва адвокат гувоҳномасидан ташқари) талаб қилиш ёки бошқа тўсиқлар вужудга келтириш ман этилади.

Иккинчи таклиф: иқтисодий процессуал қонунчиликда иқтисодий ишларда шартнома бўйича вакил сифатида адвокат иштирок этиши шарт бўлган ишлар ҳамда бепул адвокат хизматлари кўрсатилиши лозим бўлган иқтисодий ишлар рўйхати шакллантирилиши ва қонунчилик билан мустаҳкамланиши лозим. Нега деганда, қонунда фақатгина жиноят ишларида ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ишлар рўйхати белгиланган.

Бундан ташқари “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, жиноят ишларида шахс тўловга қобилиятсизлиги сабабли кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлашдан озод этилганда, жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокатнинг юридик ёрдами учун ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади. Демак, ушбу ҳолатда бепул адвокат хизмати таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, адвокатура – давлат бошқарув органи эмас, балки шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга оширадиган моҳир касб эгаларининг ҳамжамияти, фуқаролик жамиятининг муҳим элементларидан бири ҳисобланади. Зеро, мустақил адвокатура — самарали одил судловни таъминлашнинг ажралмас шартидир.

Суд процессида тарафларнинг чинакам тортишувига адвокат ва прокурор ўртасида процессуал имкониятлар тенглиги, адвокатларнинг ўз хизмат вазифаларига профессионал равишда ёндашиб, суд мажлисларида малакали тарзда иштирок этиши суд жараёнларининг шаффофлигини оширади.

Шуҳрат Шералиев,

Хуршиджон Умаров,

Наманган туманлараро

иқтисодий суди судьялари

photo_2025-04-08_15-45-14

СУДНИНГ ХУСУСИЙ АЖРИМИ АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Маълумки, суд ҳужжатлари орасида хусусий ажрим муҳим ўрин тутади. Айниқса, жиноят ишининг якуни бўйича чиқариладиган ҳукм билан бирга хусусий ажрим алоҳида аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига асосан, ишни кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқлангач, суд хусусий ажрим чиқариб, унда тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоа ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади.

Шунингдек, кодекснинг 299-моддасида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор тегишли органга жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома киритиши белгиланган. Шундай экан, тақдимнома ёки хусусий ажрим юборилган давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва кўрилган чораларнинг натижалари тўғрисида кечи билан бир ойлик муддат ичида тегишинча, суриштирувчини, терговчини, прокурорни ёки судни хабардор қилиши шарт. Қолаверса, тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда, суд ҳукм чиқариш билан бир вақтда, хусусий ажрим ҳам чиқаради. Худди шундай хусусий ажрим апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари томонидан ҳам чиқарилади.

Тақдимнома ёки хусусий ажрим бажарилмаган ёки виждонан бажарилмаган тақдирда, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг айбдор раҳбари қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади. Шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари — суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг чақирувига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, гувоҳ, мутахассис, эксперт, таржимон, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, уларнинг вакиллари, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, халқ маслаҳатчиларининг келишига тўсқинлик қилганлик, жиноятнинг сабабларига ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларга барҳам бериш тўғрисидаги суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг тақдимномасини ёки суднинг хусусий ажримини бажармаганлик ёхуд талаб даражасида бажармаганлик учун қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Бундан ташқари қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариши ҳам белгиланган. Аниқроқ айтганда, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, хусусан, жиноятни фош этишга яқиндан кўмаклашса, унинг фидойилиги албатта, инобатга олинади. Яъни зиммасидаги фуқаролик бурчини виждонан бажарган шахсни рағбатлантириш мақсадида, унинг яшаш жойи ёки ишхонасига тақдимнома юборилади. Бинобарин, Жиноят-процессуал кодексининг 300-моддасида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор — тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарини ва жамоасини жиноятнинг олдини олиш ёки уни фош этишда фуқаро юксак онглилик, жасорат кўрсатгани, ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида хабардор қилиши қонунан мустаҳкамланган.

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Бектемир тумани суди судьяси

photo_2025-04-08_15-23-29

ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНМАГАН ХОДИМ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИНИ СУД ОРҚАЛИ ТИКЛАДИ

Маълумки, фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилаётган ишларнинг муайян қисмини меҳнат муносабатларига оид низолар ташкил этади. Аммо қуйида сизнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган иш мазмунан бошқаларидан тубдан фарқ қилади.

Гап шундаки, Бувайда туманида яшовчи Саиджон Исоқов 2014-2018 йилларда тумандаги автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежи ва “MOHIR AVTO O’RGATUVCHI” масъулияти чекланган жамиятида ўқитувчи (мураббий) вазифасида фаолият юритади.

Аммо кейин муайян сабабларга кўра, тўрт-беш йил ишсиз қолади. Шундан сўнг у Бувайда туман тез тиббий ёрдам бўлимига ҳайдовчи вазифасига ишга кирмоқчи бўлади. Шу мақсадда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиали раҳбарига мурожаат қилади. Филиал директори унга ишга кириш учун талаб қилинадиган ҳужжатларни масъул ходимларга топширишини айтади. Қолаверса, ишга қабул қилишда ҳуқуқшунос хулосаси зарурлигини ҳам таъкидлайди.

Шундан сўнг С. Исоқов ишга қабул қилиш учун талаб қилинадиган барча ҳужжатларни топширади. Бунинг устига филиал ҳуқуқшуноси ҳам ижобий хулоса беради.

Бироқ орадан 1 йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, Саиджон Исоқов ишга қабул қилинмайди. Шунга қарамай, у бу орада бошқа ҳайдовчилар ишга қабул қилинганидан хабар топади. Шундан сўнг у фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиалига нисбатан ишга қабул қилиш мажбуриятини юклаш ва 15 000 000 сўм маънавий зарар ундириб беришни сўрайди.

Суд мажлисида маълум бўлишича, С. Исоқовнинг ишга кириш учун топширган барча ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказишда фойдаланиладиган объектларнинг жиҳозланишига қўйиладиган Талаблар”га тўлиқ мос келган. Яъни касб ва малака жиҳатидан уни ишга қабул қилишга монелик қилувчи ҳолатлар аниқланмаган. Лекин филиал раҳбари томонидан даъвогарни ишга қабул қилиш ёки ишга қабул қилишни рад қилиш ҳақида муносабат билдирилмаган.

Яна маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, С. Исоқов мурожаат қилганидан сўнг орадан ўтган бир йил ичида вилоятдаги туман, шаҳар шошилинч тиббий ёрдам станцияларига 42 нафар ҳайдовчи ишга қабул қилинган. Ҳатто ҳайдовчилар орасида ҳужжатларни сохталаштириш орқали ишга жойлашган шахслар ҳам бор экан. Бу ҳақда филиал ҳуқуқшуноси раҳбарга билдирги билан мурожаат қилиб, ҳужжатлар сохталаштирилган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришни ҳам сўраган. Аммо ҳуқуқшуноснинг ушбу билдиргиси эътиборсиз қолган.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 42-моддасига мувофиқ, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳамда ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 119-моддасида “Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ишга қабул қилишни рад этиш сабабларининг ёзма асосини ишга қабул қилиниши рад этилган шахснинг талабига кўра, уч кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Ёзма асосни беришни рад этиш ишга қабул қилиш қонунга хилоф равишда рад этилганлиги устидан шикоят қилинишига монелик қилмайди”, 120-моддасида эса, “Ишга қабул қилиш ўзига қонунга хилоф равишда рад этилган деб ҳисоблайдиган шахс қонунга хилоф равишда рад этилганлиги факти устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан, тегишли ишни тақдим этиш, ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. Низоларни кўриб чиқиш чоғида ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади”, дея қайд этилган.

Шу ўринда даъвогарнинг жавобгардан маънавий зарар ҳам ундиришни сўраганига тўхталсак, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасида маънавий зарар пул билан қопланиши, унинг миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб, суд томонидан аниқланиши, бунда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши, жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланиши белгиланган.

Суд юқорида баён этилган қонуний асосларга таянган ҳолда даъвогарнинг даъвосини қисман қаноатлантирди. Яъни Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона ҳудудий филиали зиммасига С. Исоқовни яшаш ҳудудига яқин бўлган тез тиббий ёрдам станцияларидаги вакант иш ўринларидан бирига ишга қабул қилишни кўриб чиқиш ҳамда ҳудудий филиалдан унинг фойдасига 700 000 сўм маънавий зарар ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, айни пайтгача судларда ишга тиклаш ва меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган моддий ҳамда маънавий зарарларни ундиришга оид ишлар кўриб келинган. Бироқ ишга қабул қилиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги даъво жуда кам учрайдиган ҳолат. Бу ҳам бўлса, ҳамюртларимизнинг инсонпарвар қонунларимизга, айниқса, судларга бўлган ишончи тобора ортиб бораётганидан далолатдир.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан судлар зиммасига ҳар бир иш бўйича адолатни қарор топтириш масъулияти юкланган.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилояти

судининг судьяси

photo_2025-04-08_14-57-52

МУЛК ҲУҚУҚИ СУДДА КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда ҳар бир шахснинг мулк ҳуқуқи қонун билан кафолатланган. Зотан, уй-жойга эга бўлиш оила фаровонлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. Элмурод Адизов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳовли жой сотиб олиш ниятида юрганда, Иттифоқ маҳалласида яшовчи Ҳалимахон Дониёрова уйини сотмоқчи эканлигини эшитиб қолади.

Сотиладиган ҳовли Э. Адизовга маъқул тушди. Фақат кўчиб киришдан олдин енгилгина таъмирдан чиқарилса, бинойидек бўлади. Қисқаси, сотувчи ва харидор ўртасида ҳовли 170 миллион сўмга баҳоланди. Шу нархга иккиси ҳам рози бўлади.

Қисқаси, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2024 йил 6 март куни олди-сотди шартнома расмийлаштирилиб, реестрга 202401461001453-рақам билан қайд этилади. Шартномада Ҳ. Дониёрова ўзига тегишли бўлган Сайхунобод тумани, “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Алишер Навоий шоҳ кўчасидаги Н.-уйни Э. Адизовга сотгани, пулни ушбу шартномани имзолаш арафасида тўлиқ олгани қайд қилинган.

Бундан ташқари шартноманинг 9-бандида Фуқаролик кодексининг 488-моддасига асосан, ушбу уй-жойда доимий рўйхатда турувчи шахслар борлиги ҳақида “Нотариус” ААТ орқали олинган ИИВнинг маълумотномаси мавжуд. Уйда доимий рўйхатда турувчи Шаҳноза Алиева ва Эътиборхон Олимова шартнома имзоланганидан сўнг бир ой муддатда турар-жойни бўшатиш ҳамда рўйхатдан чиқиш мажбуриятини олиши кўрсатилган.

Уй-жойнинг янги эгаси Э. Адизов олди-сотди шартномасига асосан, мулкни 2024 йилнинг 30 март куни кадастр идорасидан давлат рўйхатидан ўтказади. Шу тариқа уй қонуний тартибда унинг хусусий мулкига айланади.

Хуллас, Ҳ. Дониёрова, Ш. Алиева ва Э. Олимова уйни бир ой муддатда бўшатиб бериши, Э. Адизов эса, уй-жойни енгил таъмирлаб, оиласи билан кўчиб кириши керак эди.

Аммо доимий рўйхатда турган шахслар уйни бўшатишни пайсалга солишади. Бу пайтда Э. Адизов хорижга ишга кетган, унинг ўрнига отаси С. Адизов бир неча марта доимий рўйхатда турганлардан уйни бўшатишни илтимос қилади. Аммо бундан бирон-бир натижа чиқмагач, маҳалла оқсоқоллари билан бирга бориб, уйни бўшатишни сўрашади.

Бироқ жавобгарлар ўз ихтиёри билан уйдан чиқишдан бош тортишади.

Шундан сўнг Э. Адизов хориждаги ишини ташлаб, ортига қайтишга мажбур бўлади. Ўз навбатида, у ҳам жавобгарлардан уйни бўшатишни бир неча марта илтимос қилади. Аммо бундан ҳам бирон натижа чиқмагач, у пулни қайтаришни талаб қилади. Лекин жавобгарларнинг ваъдасининг адоғи кўринмайди. Шу боис Э. Адизов жавобгарлар — Ҳалимахон Дониёрова, Шаҳноза Алиева ва Эътиборхон Олимовага нисбатан уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Маълумки, судларда ҳар қандай низо Конституция ва қонунлар талаби асосида холис, шаффоф ва адолатли кўриб чиқилиб, ҳал этилади. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Бу ҳақда батафсил тўхталадиган бўлсак, Конституциямизнинг 55-моддасига биноан, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Шунингдек, Асосий Қонунимизнинг 65-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасида барча мулк шакллари тенг ҳуқуқли ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинади.

Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.

Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Суд юқорида қайд этилган қонун талабларига асосан, Э. Адизовнинг даъво аризасини қаноатлантирди.

Мухтасар қилиб айтганда, бузилган мулк ҳуқуқи судда адолатли ечим топди. Бунга гувоҳи бўлганингиздек, адолат ва демократик тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган амалдаги қонунларимиз асос бўлди.

Алишер НАМОЗОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Сирдарё туманлараро

судининг судьяси

photo_2025-04-08_11-58-28

ҚИММАТГА ТУШГАН ҚИЛМИШ

Мактаб — муқаддас даргоҳ, унда эртанги кун эгалари — фарзандларимиз таълим олади. Яъни бугун ўғил-қизларимизнинг фан сирларини чуқур ўзлаштираётгани, орзу-умидлари рўёбга чиқаётгани эртанги кунимизнинг тамал тоши ҳисобланади.

Шу маънода бугун юртимизда таълим сифатини тубдан ошириш, ёшларнинг чуқур билим олиши, улар ўзларининг салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариши йўлида барча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, ёшлар фан сирларини чуқур ўзлаштиришда шарафли касб эгалари — ўқитувчиларнинг фидойилиги, тинимсиз изланиши муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу боис ҳам мамлакатимизда фидойи ўқитувчиларнинг меҳнати доимо юксак қадрланиб келмоқда.

Аммо баъзан ўзининг инсоний фазилатлари билан ўқувчиларга ўрнак бўлиш ўрнига жаҳлини жиловлай олмайдиган ўқитувчилар ҳам учраб турадики, қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

Пойтахтдаги мактабларнинг бирида математика фанидан сабоқ берадиган Марат Валиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 9-синф ўқувчиси Бахтиёр Арслоновни дарсга кеч қолгани учун жаҳлини босолмай бир шапалоқ уриб, енгил тан жароҳати етказади. Ўқувчи гарчи дарсга бетоб бўлиб қолгани сабабли кечикиб келганини айтса-да, ўқитувчи буни инобатга олмайди.

Ўша куни бола мактабдан уйга қайтгач, қулоғи қаттиқ оғриётганидан шикоят қилади. Бундан ташвишга тушган ота-онаси уни зудлик билан касалхонага олиб боришади. Натижада ўқувчи енгил тан жароҳати олганлиги бўйича суд-тиббий экспертизасининг хулосаси олинади.

Экспертиза хулосасига кўра, ўқитувчининг зарби таъсирида ўқувчининг қулоқ пардаси йиртилиб кетган экан… Шундан сўнг М. Валиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бу нохуш воқеадан сўнг М. Валиев ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, жабрланувчининг ота-онасидан кечирим сўрайди, боланинг даволаниши учун сарфланган харажатларни қоплашини билдиради. Аммо жабрланувчининг ота-онаси буни рад қилади.

Суд М. Валиевнинг жиноий ҳаракатларини муҳокама қилиб, унинг айбига қисман иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий ва моддий шароити, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда, уни Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, ўқитувчи ўқувчиларни нафақат фан сирлари билан таништиради, балки уларга инсоний фазилатлардан ҳам сабоқ беради. Аммо М. Валиев зиммасидаги ана шу масъулиятни унутиб қўйди ва ножўя хатти-ҳаракати боис юзшувит бўлиб қолди.

Ҳамид Шамшиев,

Тошкент шаҳар

судининг судьяси

photo_2025-04-01_17-09-42

ХУСУСИЙ АЖРИМ СУД ҲОКИМИЯТИ ВАЗИФАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ПРОЦЕССУАЛ ВОСИТАДИР

Мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Мазкур қоида “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида белгиланган.

Шу асосда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.

Хусусий ажрим эса, қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлашнинг муҳим процессуал воситаларидан биридир. У қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.

Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоаат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурийдир. Хусусий ажримни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек, хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Ўз навбатида, Жиноят кодексининг 232-моддасида муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжати ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Суднинг хусусий ажримининг ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти обрўсини оширишнинг муҳим ва таъсирчан воситасидир.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддасига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.

Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади. Улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.

Мухтасар айтганда, иқтисодий судлар иқтисодий низоларни кўриш жараёнида қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши низо билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан қатъи назар, қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган ҳар бир ҳолатда хусусий ажрим чиқаришга ҳақли. Бундан кўзланган мақсад — қонунчилик бузилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва процесс иштирокчиларини ҳуқуқий тарбиялашга қаратилган.

Абдулло Аллаев,

Навоий вилояти суди раиси

photo_2024-10-14_10-49-25

ТИНЧЛИК ВА ЭРКИНЛИК КУРАШЧИЛАРИ

Зулм ва истибдодга учраган юртдошларимиз номи оқланиб, тарихий адолат тикланмоқда

Кейинги йилларда Ватанимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ҳамда фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона курашиб, азиз жонларини фидо этган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир.

Бунда, табиийки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрда имзоланган “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, дастлаб қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш ишларини уюштириш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Ишчи гуруҳнинг таркиби тасдиқланиб, асосий вазифалари белгилаб берилдики, бу мазкур йўналишдаги ишлар тизимли ва сифатли олиб борилишига замин яратди.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 19 июлда қабул қилинган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори ҳам бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, янгича қараш ва ташаббуслар асосида амалга оширишни кўзлагани билан алоҳида аҳамиятга молик. Хусусан, ушбу қарорга мувофиқ, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси юртимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонланадиган бўлди. Айни кунларда бу йўлдаги ишлар янада кучайтирилиб, янгича маъно ва мазмун билан бойитилмоқда, десак, муболаға эмас.

Бинобарин, ўтган аср бошларида миллатпарвар боболаримиз янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларига таяниб, озодлик учун мардонавор кураш майдонига чиққан. Бу фаолият “Жадидчилик ҳаракати” деган ном билан машҳур бўлган. Аслида, ушбу улуғ зотларнинг мақсади жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган халқни дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига, яъни янги тараққиёт манзилига олиб чиқишдан иборат эди. Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилди. Бу эса маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга оширишга имкон бермади.

Энг ачинарлиси, маърифатпарвар аждодларимиз шаъни “босмачи” деган ноҳақ тавқи лаънат билан топталди. Уларнинг аксарияти ноҳақ айблов, сохта далиллар билан қатағон қилинди. Бундан ҳам даҳшатлиси, маърифатпарвар боболаримизнинг кўпчилиги “учлик” деган тузилма буйруғи билан суд-сўроқсиз равишда ўлим жазосига ҳукм қилинганидир.

Шукрки, улуғ аждодларимизнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган янги Ўзбекистон ғояси замирида ана шундай улуғ ота-боболарнинг орзу-интилишлари, армону умидлари рўёби мужассам. Буни мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қатағону қувғинга дучор қилинган аждодларимизнинг пок номи оқланиб, тарихий адолат тикланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Бу ҳақда гап борганда, Олий судда шу кунга қадар 1 236 нафар қатағон қурбонига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Номлари ҳамон қора рўйхатларда қолиб кетаётган, ноҳақ айбланган қатағон қурбонларини оқлаш юзасидан олиб борилаётган ўрганишлар ҳозирги кунда ҳам жадал давом эттирилмоқда.

Хўш, мустабид тузум даврида қатағон қилинган ватандошларимиз ким бўлган? Уларнинг айби нима эди?

Аввало, Олий суд томонидан яқинда кўриб чиқилган ишлар тафсилотларига тўхталсак. Би­ринчи жиноят иши ҳужжатларида қайд этилишича, эски маҳаллий бойлар ҳисобланган Дадабой Умаралиев ва бошқалар Носирхон тўра Камолхонтўра ишига алоқадор шахслар сифатида 1929-1930 йилларда Наманган туманида аксилинқилобий ҳаракат аъзоларини қўллаб келган. Улар совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсаддаги ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган ва отувга ҳукм қилинган.

Иккинчи жиноят ишида эса, Хоразм вилоятида Эрниёз Жуманиёзов ва бошқалар босмачилик аксилинқилобий ҳаракати аъзолари билан доимий алоқа ўрнатганликда айбланган. Улар гўёки босмачилик гуруҳларини уйларида қабул қилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб, совет ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга ўзларида сақланган қуролларни топширмаслик ҳамда коллективлаштиришга қарши тарғибот юритиш орқали қаршилик кўрсатган.

Учинчи жиноят иши бўйича Матчонбек Матмуродов ва бошқалар 1931 йил февраль ойи бошларида совет ҳокимиятини ағдариш, унга қарши қуролланган босмачилик-исёнчилик курашини ташкил этиш ҳамда олдинги хонлик бошқаруви тартибини тиклаш мақсадида Афғонистондан Хива ҳудудига ўтган Жунаидхоннинг ўғли Эшимхоннинг қуролланган гуруҳларини кучайтириш учун янги кадрлар билан таъминлаш мақсадида алоқа ўрнатганликда айбланган.

Тўртинчи жиноят ишида Исмоил Юсупов (Казаков) ва бошқалар 1937 йилда Хива тумани, Жундиён қишлоғида жойлашган “Хон Исмоил ота” масжидида йиғилишлар ўтказиб, аксилинқилобий режалар тузган ҳамда “Жунаидхон”ни таниган эски бойлар сифатида қуролли тўда шакллантириб, совет ҳудудида қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий ҳаракатлар содир этишда айбланган. Уларнинг аксариятига ўлим жазоси берилган, баъзилари ўзга юртларга сургун қилинган.

Кўриб чиқилган жиноят ишлари ичида Саъдулла Қосимовга тегишли иш алоҳида ажралиб туради. Суд уни 1924 йилдан 1925 йилга қадар Тошкент вилоят судининг раиси ҳамда 1925 йил 23 декабрдан 1929 йил 3 мартга қадар Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаб, шахсий бойлик орттириш мақсадида талон-торожлик, порахўрлик, тизимли равишда тамагирлик жиноятларини содир этганликда ҳамда миллий озодлик ҳаракати “Босмачилик”, “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий ташкилотининг фаол аъзоларини қўллаб-қувватлашда айбдор деб топган.

Бироқ у билан боғлиқ тегишли жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, унинг айбдорлиги суд муҳокамаси давомида исботини топмасдан, жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланди. Ўшанда ушбу жиноят иши бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилмаган. Саъдулла Қосимов дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида қўйилган айбловни инкор қилган. Шундай бўлса-да, уни айблаш учун фақат гувоҳларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари асос қилиб олинган, холос.

Суд мажлисидаги текширув натижасида унинг келтирилган жиноятларни содир қилганини тасдиқловчи, ҳақиқатга мос келадиган мақбул ва ишончли далиллар аниқланмади. Қолаверса, унинг мазкур жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиш учун асос қилинган далиллар етарли эмас ва ҳозирги кунда қўшимча далилларни тўплаш имконияти қолмаган.

Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда олимларимизнинг илмий ўрганишлари натижалари, шунингдек, жиноят иши материаллари Саъдулла Қосимовга нисбатан юритилган жиноят иши “марказ”нинг қатъий назорати ҳамда топшириғи асосида бирор объектив далилларсиз, қандай бўлмасин, жиноий жавобгарликка тортиб, унга нисбатан энг оғир жазони тайинлаш ҳамда шу орқали мустабид тузум сиёсатига қарши шахсларнинг иродасини синдириш мақсадини кўзлаганини тасдиқлайди.

Бу борада тадқиқ этилган иш материаллари, тарихий-илмий ҳужжат ва мақолалар шуни кўрсатадики, ўша даврда ҳар қандай миллий озодлик ҳаракати шафқатсизлик билан бостирилиб, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ҳаракат иштирокчиларига отув ёки бошқа энг оғир жазолар тайинлаш Ўрта Осиёга нисбатан “марказ” сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бўлган. Бундай вазиятда, табиийки, ишларни холис кўриб, эълон қилинган айбни инкор этадиган ёки енгиллаштирадиган судьяларнинг кераги бўлмаган.

Саъдулла Қосимов эса нафақат унга эълон қилинган айб эпизодлари, балки бошқа ҳолатлар бўйича ҳам судланувчиларга нисбатан инсонпарварлик тамойилларини қўллаб келган. Бунга бир мисол.

Ўзбекистон жумҳурияти Олий суди жиноят ишлари ҳайъатининг 1926 йил 16 июндаги ҳукмига кўра, РСФСР Жиноят кодекси асосида 2 йил озодликдан маҳрум қилинган буюк адиб, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳам Саъдулла Қосимов томонидан 1926 йил 17 июнь куни киритилган тақдимномага асосан жазо муддатини ўтамасдан қамоқдан озод этилган. Пировардида Олий суд апелляция инстанциясининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми билан Абдулла Қодирий оқлангани ҳам унинг ўз даврида ҳақиқатни тиклашда изчил бўлганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексининг қонунсиз қийноқ ва қатағонларга чек қўйишга йўналтирилган суд-ҳуқуқ тизимида қонунийлик ҳамда адолатни ўрнатиш учун прокурор ва судларга кенгроқ имконият бериш назарда тутилган ислоҳоти ҳақидаги саволларга жавоб беришни сўраб Саъдулла Қосимов 1928 йил 20 июнда Москвага мурожаат юборади.

Ушбу мурожаат шусиз ҳам унинг ҳаракатлари билан муроса қила олмаётган “марказ”нинг тоқатини тоқ қилади ҳамда 1929 йил бошларида унинг фаолияти устидан текшириш ўтказиш учун комиссия юборилади.

Сўнгра комиссиянинг 1929 йил 3 мартдаги қарори асосида лавозимидан озод қилиниб, қамоққа олинади. Бироқ 3 ой давом этган текширув ва тергов натижаларига кўра, унга қўйилган айбловларнинг бирортаси исботини топмагач, қамоқдан озод қилинади.

Ҳақиқатни аниқлашдан кўра Саъдулла Қосимовни қандай бўлмасин жазолашни мақсад қилган “марказ” томонидан комиссиянинг текширув ва тергов фаолияти қаттиқ танқидга олиниб, унга нисбатан қайтадан жиноят иши очилади. Мазкур жиноят иши доирасида бирор-бир ишончли ва холис далилсиз, судсиз, терговсиз “босмачилар” ниқоби остида ўн нафар айбсиз деҳқонни отиб ташлаш, “босмачилар”ни қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлаш, пора олиш, турли моддий бойликлар эвазига фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги жиноятларини содир этиш каби ўйлаб топилган айбловлар эълон қилинган. Шу орқали мазкур жиноят ишига сиёсий тус берилиб, “Қосимовчилар иши” сифатида бўрттириб кўрсатилган.

Ўзбекистон Олий судида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан барча айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари ҳужжатлари ўрганилганда, ушбу ватандошларимизнинг айби аниқланмасдан туриб, жиноий жавобгарликка тортилгани аниқ бўлди. Иш ҳужжатлари улар ўз даврида Ватан ҳимояси, юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашганини тўлиқ тасдиқлайди. Афсусланарлиси шундаки, уларнинг эзгу интилишлари мустабид тузум томонидан топталган, ўзлари эса, энг оғир жазоларга мустаҳиқ этилган.

Дастлабки тергов даврида жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган барча шахслар аввалбошда айбловни инкор қилиб келган бўлса-да, кейинчалик қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмасини беришга мажбур бўлганини сўроқ баённомасида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари уларни айбдор деб топишда — ишга тааллуқли бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмай, текшириб чиқилмай ва баҳоланмай, биргина иқрорлик кўрсатмаларига асосланган ҳолда ҳукм чиқарилган. Иш ҳужжатларида айрим айбдор шахслар фақат ўзбек ёки бошқа тилни билиб, ўз кўрсатмаларини араб алифбосида ёзган. Шундай бўлса-да, тергов ҳаракатлари рус тилида юритилиб, гўёки уларнинг кўрсатмалари ўзбек тилига таржима қилингани қайд этилган.

Ҳолбуки, жиноят ишини тергов қилган шахслар араб алифбосида ёзиш ҳамда ўзбек тилини билганини ҳам тасдиқловчи бирор далил мавжуд эмас. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини юритишга масъул шахслар томонидан ишга таржимон ҳам жалб этилмаган. Бундай ҳолатда чиқарилган қарорларни қонуний ва асосли деб бўлмайди, албатта.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ноҳақ айбланиб қамалган ёхуд қатағон қилинган, бугунги кунга келиб оқланаётганлар орасида нафақат ўзбеклар, балки қозоқ, туркман, қирғиз, эрон, тожик, татар, рус, араб, уйғур каби жами 240 га яқин бош­қа миллат вакиллари ҳам бор.

Мисол учун, 1876 йилда Бий-Бавар туманида туғилган, миллати қозоқ бўлган Аманбаев Утеген Касап РСФСР Жиноят кодексининг 58/11-моддаси билан отувга ҳукм қилинган. Бироқ унга нисбатан бўлган жиноят иши ҳужжатлари ўрганилганда, уларнинг айбдорлиги суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, суд муҳокамасисиз жиноий жавобгарликка тортилганини кўриш мумкин.

1897 йилда Шафрикент туманида туғилган, араб миллатига мансуб Джалилов Наим Амин ҳам ЎзССР Жиноят кодексининг 14, 78-моддаси билан отувга ҳукм қилинган. Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорига кўра, у 1924 — 1929 йилларда Бухоро вилоятининг турли ҳудудларида босмачилик аксилинқилобий ҳаракати аъзоси бўлгани ҳолда қуролли тўда билан совет ҳукуматига қарши қўзғолон ва қуролли тўқнашувлар содир этганликда ноҳақ айбланган.

Шу билан бирга, 1886 йилда Самара губернияси, Бугулминский уездида туғилган, миллати татар, ўқитувчи бўлиб ишлаган, 1921 йил 16 мартда қамоққа олинган Гариф Каримов, 1903 йилда Фарғона вилояти, Шаҳрихон тумани, Ўрта Шаҳрихон қишлоғида туғилган, миллати уйғур бўлган Қамбар Содиқов, 1883 йил Пенза шаҳрида туғилган, миллати рус, Александр Юнгеров, шунингдек, бошқа миллат вакиллари ҳам ноҳақ айбланиб, қаттиқ азобларга дучор этилган.

Бугунги кунга келиб уларнинг номи оқланди ва бу каби эзгу ишлар изчил давом этмоқда. Тарихий адолат қарор топмоқда. Бу эса янги Ўзбекистонимизда олиб борилаётган бағрикенглик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик сиёсатининг амалдаги ифодасидир, десак, адашмаймиз.

Икром МУСЛИМОВ,

Олий суд раисининг

биринчи ўринбосари

(“Халқ сўзи” газетаси,

2024 йил 5 октябрь)

photo_2025-04-01_16-24-45

АРЗ ҚИЛИНГАН ТАЛАБ ЁКИ ҲОКИМЛИК ЗИММАСИГА ЮКЛАТИЛГАН МАЖБУРИЯТ

Мамлакатимизда аҳолининг ҳеч кимдан кам бўлмаган муносиб даражада турмуш кечиришига устувор вазифа ва бош мақсад сифатида эътибор қаратилиб, бу борада барча имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга доир кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Айтиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, боқувчисини йўқотган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганларга ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган янги тизим яратилди.

Ушбу тизим ўз мазмун-моҳиятига кўра, фарзанд­ларнинг ота-она бағрида ўсиб-улғайиши, муқаддас оила масканида миллий табиатимизга хос эзгу фазилатларни камол топтиришга қаратилган.

Эртанги кунимиз эгалари, хайрли ишларимизнинг муносиб давомчилари — фарзандларимизга ота-онанинг қуёш нуридек илиқ меҳри, тинч-тотув умргузаронлик қилиш, оқибатлилик ва ҳамжиҳатликни ёшлар онги-шуурига сингдирувчи оила тарбияси керак.

Шу ўринда маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, кейинги йилларда янги тизимга мувофиқ, “Меҳрибонлик уйлари”даги бир ярим минг нафарга яқин ўғил-қизлар оилаларга олинди. 116 та оилавий уй ташкил қилиниб, 700 нафарга яқин фарзандлар ота-она бағрида вояга етишлари учун шароитлар яратилди. Шунинг ҳисобига республикамизда ўнта “Меҳрибонлик уйи”, тўртта “Болалар шаҳарчаси” ва иккита “Болалар уйлари” ёпилди.

Ҳаётда ота-онасидан маҳрум бўлган, шунингдек, қонуний вакилларининг васийлигисиз қолган болалар ҳам учраб туради. Албатта, бундай фарзандлар давлатимиз ҳимояси остида. Улар давлат таъминотидаги муассасаларда ўқиб, тарбияланадилар. Вояга етганларидан сўнг уй-жой билан таъминланиб, ўзлари тарбияланган муассасани тарк этишади.

Яқинда судда “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган опа-сингил Нодира ва Моҳира Халиловалар (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг даъво аризаси кўриб чиқилди.

Воқеа тафсилоти шундай: аризачилар “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган, уларга Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 27 декабрдаги “Етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисида”ги 230-5-79-Q/21-сонли қарорига кўра, хизмат ордери ёзиш шарти билан 2 хонали турар-жой ажратилган.

Тўғри, опа-сингиллар бирга яшаганлари яхши. Лекин ўғилми, қизми, вақти етиб, мустақил оила қуради. Икки хонали уйда икки оиланинг биргаликда турмуш кечириши қийин. Шу боис қизлар ҳокимият мутасаддиларига ҳар бирига бир хонали алоҳида-алоҳида уй ажратишни сўраб, икки йил оғзаки мурожаат қилишади. Бироқ уларнинг мурожаати эътиборсиз қолиб кетади.

Ахийри, Нодира Халилова 2024 йил 19 апрелда Навоий шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиб, ўзлари яшаётган икки хонали хонадонни иккита бир хонали хонадонга алмаштиришда амалий ёрдам беришни сўрайди.

Унинг бу мурожаати Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиб чиқилган. Яъни ҳокимиятнинг 2024 йил 3 майдаги 01-04/372-сонли жавоб хати билан Нодира Халилованинг мурожаати рад қилинган. Бунга икки хонали хонадонни иккита бир хонали хонадонга алмаштириб бериш бўйича меъёрий ҳужжат мавжуд эмаслиги асос сифатида кўрсатилган.

Ўз навбатида, Нодира ва Моҳира Халиловалар ушбу жавоб хати ҳамда ҳокимлик мансабдор шахсларининг ҳаракатларидан норози бўлиб, судга мурожаат қилишди.

Айтиш керакки, суднинг ҳал қилув қарори билан аризачиларнинг талаби қаноатлантирилди. Жавобгар — Навоий шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларнинг Н. Халилова ва М. Халиловага берилган икки хонали уйни иккита бир хонали уйга алмаштириб беришни рад этишда ифодаланган хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилди. Шунингдек, Навоий шаҳар ҳокимининг 2021 йил 27 декабрдаги низоли 230-5-79Q/21-сонли қарорининг аризачиларга оид қисми ҳақиқий эмас, деб топилди.

Суднинг бундай тўхтамга келишига Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тўлиқ асос бўлди. Чунки ушбу қарорнинг 2-банди а)-кичик бандида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулк ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари)дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилиши алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнидаги тақиқлар ҳам аниқ-тиниқ кўрсатилган. Бунга кўра, битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш, шу каби икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар бундан мустасно) мумкин эмаслиги белгиланган.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан кўриниб турибдики, Н. Халилова ва М. Халиловага икки хонали эмас, балки уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида бир хонали квартира (уй-жой) мулк ҳуқуқи асосида ажратилиши керак эди. Лекин шаҳар ҳокимлиги томонидан аризачиларга низоли ҳоким қарори билан битта икки хонали квартира (уй-жой) хизмат ордери ёзиш шарти билан ажратилган. Бу билан уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси иккинчи қисмида, “… суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади” дея қайд этилган.

Шу боис суд Президент қарори ҳамда қонунда белгиланган талабдан келиб чиқиб, аризачиларнинг талабини қаноатлантирди. Жавобгар — шаҳар ҳокимлиги зиммасига Н. Халилова ва М.Халилова “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланганликлари сабабли, Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги 5216-сонли қарори талаблари асосида уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида доимий уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилди.

Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган кенг қамровли ғамхўрликлар мамлакатимизда Конституция ва қонунларимизнинг устуворлиги, инсонпарварлик, халқпарварлик ҳамда демократик тамойиллар ҳамиша бардавом эканлигининг ёрқин исботидир.

Давлат БОБОНОРОВ,

Навоий вилояти

маъмурий судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,  журналист

#thegov_button_69d62bc1a59c8 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d62bc1a59c8:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d62bc1a59c8 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69d62bc1a59c8:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!