Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00
photo_2024-03-11_11-08-46

СОХТА БЛОГЕР ТОВЛАМАЧИЛИК ҚИЛАЁТГАНДА УШЛАНДИ  

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни, осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.

Риштонлик Улуғбек Маликов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 30 ёшдан ошса ҳам уйланиб, оила қурмади. Боз устига бирор жойда ёлчитиб ишламади. Унинг феъл-атворидаги қусурлари бизга номаълум. Аммо ҳалолу ҳаромнинг фарқига бормагани аниқ. Акс ҳолда товламачилик қилиб, юзи шувит бўлмас эди.

Гап шундаки, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори А. Алиев дислокацияга асосан Бувайда туманининг А. Навоий кўчасида хизмат олиб бораётган пайтда қарздорлиги ва ҳужжатларини текшириш учун фуқаро Ш. Юлдашев бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинани тўхтатади. Машина тўхтагач, у фуқародан ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим қилишини сўрайди.

– Узр, командир, “права” ва бошқа ҳужжатларим уйда қолиб кетибди, – дейди Ш. Юлдашев транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасини инспекторга узатиб.

Қонун талабига асосан ҳолат бўйича маъмурий баённома расмийлаштириб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига қўйилиши керак. А. Алиев ҳайдовчига шуни тушунтиради.

Бироқ Ш. Юлдашев онаси касаллиги сабабли машина жуда зарурлигини, жарима тўлашга ҳам имкони йўқлигини билдириб, инспекторга пора таклиф қилади. Яъни, у чўнтагидан бир даста пул чиқариб, санай бош­лайди. 

– Бу ишингиз жиноят эканлигини билмайсизми? Жаримани эса менга эмас, банкка тўлайсиз, – деб хизмат автомашинаси томон кетади ходим.

Аслида бунақа вазиятда инспектор ҳайдовчининг ноқонуний таклифи юзасидан ИИБ бош­лиғи номига билдирги билан мурожаат қилиши лозим эди. Лекин Ш. Юлдашев онаси касаллигини айтгани боис унинг оилавий шароитини инобатга олиб, инспектор билдирги ёзмайди. Ана шу кўнгилчанлиги эса ўзига панд беради. 

Буни қарангки, ҳайдовчи Ш. Юлдашев инс­пектор билан суҳбати ва ўзининг чўнтагидан пул чиқариб санаётганини гўёки ходим пора сўрагандек ҳолатда уяли телефони орқали видеотасвирга тушириб олган экан. Воқеанинг эртасига “қаҳрамон”имиз Улуғбек Маликов Бувайда туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи бошлиғи Д. Юлдашевнинг хизмат хонасига кириб боради.

– Ҳамкасбингиз менинг бир танишимдан пора олибди, – дейди меҳмон баландпарвоз оҳангда.

– Бўлиши мумкин эмас, мен ишонмайман, – дея унинг сўзларини рад этади бошлиқ.

– Мана, мен сизга ёлғон гапирармидим, – деб уяли телефонидан ўша видеотасвирни очиб кўрсатади У. Маликов.

Шундан сўнг Улуғбек асл мақсадга ўтади.

– Ўша инспекторингиз ёш, тизимга яқинда ишга кирган ходим экан. Тағин куйиб қолмасин, деб сизнинг олдингизга келдим.

У шундай дея видеотасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик ёки блогерларга юбормаслик ҳамда юқори турувчи идораларга шикоят қилмаслик эвазига А. Алиев 15 000 АҚШ доллари бериши лозимлигини таъкидлайди. Қолаверса, видеотасвирни бошлиқнинг телефонига телеграмм орқали жўнатиб қўяди. Кейин эртага яна келишини айтиб чиқиб кетади. 

Албатта, сохта блогер У. Маликовнинг товламачилигига нисбатан қонуний йўл тутилади. Аниқроғи, инс­пектор вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги киритади. Икки кундан сўнг эса мазкур ҳолат бўйича ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Улуғбек Маликов Бувайда туман ИИБ ЙҲХ гуруҳи биносида А. Алиевдан талаб қилинган 15 000 АҚШ долларидан 10 000 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Афсуски, тилга олинган товламачилик У. Маликовнинг ягона жинояти эмас экан. Негаки, жиноят ишини тергов қилиш мобайнида унинг Олтиариқ туманидаги “Водий авто ўргатувчи” МЧЖ раҳбари Ғуломжон Эрназаров, жияни Асалхон Қодирова ҳамда жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувига ажратилган фуқаро А. Раҳмонов билан бирга ҳам жиноят содир этгани аниқланади. Маълум бўлишича, улар аслида “Водий авто ўргатувчи” МЧЖда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқимаган А. Қодированинг 2018 йил 20 апрелдан 2018 йил 21 июлгача “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўқиб, амалий машғулотларни топширганлиги ҳақидаги расмий ҳужжатларни сохталаштиришади. Натижада Асалхон “Ҳайдовчининг шахсий имтиҳон варақаси” ва тегишли рақамдаги гувоҳномани Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ Риштон тумани 2-сонли рўйхатга олиш ва имтиҳон олиш бўлимига тақдим этиб, “В” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга эришади.

Шу аснода Ғ. Эрназаровнинг ҳам муқаддам содир этган жинояти фош бўлади. Аниқланишича, Ғуломжон 2021 йил май ойидан буён 1 йил мобайнида Олтиариқ туманидаги “Шарофатхон интенсив боғи” фермер хўжалигига ҳам раҳбарлик қилиб келган. Ўша пайтда – 2021 йил 25 майда туман ҳокимининг 496-сонли қарорига асосан “Шарофатхон интенсив боғи” фермер хўжалигига интенсив лимонария ташкил қилиш учун 1 гектар ер майдони ажратиб берилади. Аммо хўжалик раҳбари ўзбошимчалик билан ўша ернинг 0,24 гектар қисмига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш лабораториясини қуриб олади. Натижада суғориладиган ернинг унумдор қатлами йўқолишига сабабчи бўлиб, давлат манфаатларига 120 миллион 54 минг сўм зарар етказади.

Бундан ташқари, Ғуломжон Эрназаров 2022 йил март ойида таниши Жаҳонгир Махсит­алиев ва дастлабки тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахс билан жиноий тил бириктириб, қурилган бино-иншоотларга кадастр ҳужжатларини қалбакилаштириб тайёрлайди. Сўнгра қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳолда давлат ташкилотларига тақдим этиб келган. Бинобарин, мазкур ҳолатлар бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, юқоридаги жиноятга бирлаштирилади.

Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди судланувчиларни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, У. Маликовни озодликдан маҳрум қилиш, Ғ. Эрназаровни озодликни чеклаш, А. Қодирова ва Ж. Махситалиевни эса ахлоқ тузатиш иши жазосига маҳкум этди. Шунингдек, суд ҳукмида Ғуломжон Эрназаровдан давлат фойдасига 120 миллион 54 минг сўм зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Иномжон НОРМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Қува туман судининг судьяси

photo_2024-05-10_15-35-13

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТОРТИШУВ ҲАҚОРАТ ВА ТУҲМАТГА УЛАНИБ КЕТДИ

Андижонлик дугоналар Назира Амирбоева ва Мафтуна Эгамбердиева (судланувчиларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган) мушук ишқибозлари. Аниқроғи, улар зотдор мушукларни парвариш­лаш ҳамда кўпайтириб сотиш орқали даромад топишни ўзларига касб қилиб олишганди. Афсуски, охир-оқибат иккала аёл ана шу ишқибозликлари туфайли суднинг қора курсисига ўтиришди.

Гап шундаки, Telegram мессенжерида “Водий мушук бозори” номли гуруҳ мавжуд. Яна бир андижонлик ишқибоз Раъно Қўрғонова 2022 йил январь ойида қизига мушук олиб бериш мақсадида мазкур гуруҳга қўшилади.

Натижада Наманган вилоятида яшовчи нотаниш кимсадан бир дона зотдор мушук сотиб олади. Кейин эса ўз мушугини бош­қа зотдор мушукка қўшиб, кўпайтирмоқчи бўлади. Шу боис 2022 йил март ойида юқоридаги гуруҳга эълон жойлаштиради. 

Эълонга кўзи тушган, Олтинкўл туманида яшовчи Назира Амирбоева Р. Қўрғонова билан алоқага чиқади. 

– Сиз сўраган зотдор эркак мушук менда бор, – дейди у мулоқот чоғида. 

Н. Амирбоева шундай деб мушугининг расмини Раънога юборади ва 50 АҚШ доллари эвазига мушугидан насл олишга рози бўлади. Раъно Қўрғонова урғочи мушугини Назираникига элтиб беради. Хизмат ҳақи сифатида олдиндан 300 000 сўм пул ҳам тўлайди.

Гарчи Р. Қўрғонова 50 АҚШ доллари беришга розилик билдирган бўлса-да, аслида бу нарх унга қимматлик қилади. Шунинг учун у арзонроқ мушук қидириб, olx.uz сайтига киради.

Буни қарангки, olx.uz сайтида нафақат арзон мушуклар, ҳатто бепул бериладиган мушуклар ҳақида ҳам эълонлар жойлаштирилган экан.

Ушбу эълонларни ўқиб, Раъно баъзи мушук­ларни 50-100 минг сўмдан, айримларини эса бепул олиб, яшаш хонадонида парвариш­лай бошлайди. Шу билан бирга, жониворларнинг расмларини “Водий мушук бозори” гуруҳига жойлаштириб, кимгадир арзон нархда сотади, лозим топганларини эса бош­­қа бировларга ҳадя қилиб юборади. Табиийки, унинг бу ҳаракатлари фақат моддий манфаат эвазига иш қиладиган Назира Амирбоевага ёқмайди. Оқибатда Telegram гуруҳида иккала аёл тортишиб қолишади. Уларнинг можаросига Н. Амирбоеванинг дугонаси Мафтуна Эгамбердиева ҳам қўшилади. Бу ҳам етмагандек, Назира Раънони “Водий мушук бозори” Telegram гуруҳидан чиқариб ташлаб, унинг профилини блоклаб қўяди ҳам. Шу боис Р. Қўрғонова ижтимоий тармоқда “Андижон мушук бозори” номли янги гуруҳ яратиб олади. Кўп ўтмай, Н. Амирбоева бундан хабар топиб, янги гуруҳга қўшилиб олади.

Лекин бу ҳолат гуруҳ обуначиларига ёқмайди. Бинобарин, Раъно Назирани ўзи очган гуруҳдан чиқариб, профилини блоклаб қўяди. 

 

Айнан мана шу ҳолатдан кейин Раъно ва Назира ўртасидаги зиддият янада кескинлашади. Келишмовчилик шу даражага етадики, Н. Амирбоева ва М. Эгамбердиева “Водий мушук бозори” гуруҳида Р. Қўрғоновани турли беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилишади. Бундан ҳам қаноатланмай, иккала дугона Раънонинг бегона эркаклар билан кўнгилхушлик қилиб юришини айтиб, унга туҳмат қилишади. У ёғини сўрасангиз, Telegram гуруҳига 6 296 нафар обуначи аъзо бўлиб, Назира ва Мафтуна ўзлари отаётган ҳақорат ва туҳмат тошларидан шунча одам хабар топишини яхши билишарди.

Бундан ташқари, Н. Амирбоева 2023 йил 6 февраль куни Раъно истиқомат қиладиган “Саноат” МФЙ раисининг олдига бориб, ёлғондан унинг бегона эркаклар билан дон олишиб юришини айтиб, туҳмат қилиб кетади.

Албатта, бундай ҳақорат ва туҳматга ҳеч ким тоқат қилолмайди. Шунинг учун Р. Қўрғонова ИИБ ходимларига мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқдаги ўзига қаратилган ҳақорат ва туҳмат гаплар тасвирини қонун ҳимоя­чиларига тақдим этади. 

Шундан сўнг Назира Амирбоева ва Мафтуна Эгамбердиеваларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди эса уларни Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми ва 140-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди. 

Бош қомусимизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асос­ланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бош­қа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” дея қайд этилган. Шундай экан, кўпчилик орасида ўзгаларни беҳурмат қилиб, ҳақорат ва туҳмат тошларини отишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Шохруҳ ВАҲОБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Булоқбоши туман суди раиси

photo_2024-05-10_15-30-47

ТЕЛЕФОН ЎҒРИСИГА СУДДА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Урганч туманида яшовчи Б. Рўзимбоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳали 20 ёшга тўлмасдан безорилик жиноятини содир этгани учун унга нисбатан мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди. Аммо у бундан ўзига тўғри хулоса чиқармади. Аксинча, ўтган йилнинг баҳорида компьютер марказида ишловчи Озод Бобоназаровдан дўстига қўнғироқ қилиши учун қўл телефонини бериб туришни илтимос қилади. О. Бобоназаров унинг гапини ерда қолдирмайди. Аммо Б. Рўзимбоев телефон эгасининг кўзини шамғалат қилиб, жуфтакни ростлайди. “Ови” бароридан келган фирибгар телефон аппаратини 2 миллион сўмга сотиб, пулини ўз эҳтиёжига ишлатади.

Орадан кўп вақт ўтмасдан, Б. Рўзимбоев шаҳардаги қаҳвахоналардан бирида туғилган кунини нишонлаётган таниши Нурали Ҳайитовдан телефони уйида қолиб кетгани сабабли қўнғироқ қилиши учун бериб туришини илтимос қилади. Н. Ҳайитов оқкўнгиллик билан нархи 7 миллион 700 минг сўмлик “IPhone 11” русумли телефон аппаратини Б. Рўзимбоевнинг қўлига тутқазади. Бироқ Б. Рўзимбоев тезлик билан катта кўчага отилиб чиқиб, номаълум тарафга ғойиб бўлади. Сўнг у телефон аппаратини сотиб юборади. Кейинги гап у бозорда ишловчи таниши А. Ваисжоновнинг нархи 1 миллион сўмлик “Huawei” русумли телефон аппаратини ҳам синалган “эски усул”да қўлга киритади.

Фирибгарлик борасида анча “тажриба” тўплаган Б. Рўзимбоев кейинчалик бу ишни бошқанинг қўли билан амалга оширишни режалаштиради. Бунга вояга етмаган Пўлат Ҳожиевни жалб этади. Унинг бевосита йўл-йўриғи ва кўрсатмалари асосида П. Ҳожиев М. Жумабоева, Ш. Солиҳов, И. Матқурбонов, Г. Матёқубова, Д. Жуманиёзов, И. Собированинг умумий қиймати 25 миллион сўмлик телефонларини ўғирлаб, уларни “устози”га олиб келиб беради. Телефон аппарати сотувидан тушган пул ўртада тақсимланади.

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деганларидек, тез орада фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларини содир этган Б. Рўзимбоев ва П. Ҳожиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Тергов ва суд жараёнида уларнинг жиноий хатти-ҳаракатлари кузатув-назорат камералари орқали олинган тасвирлар, суратлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида тўлиқ исботланди. Суд Б. Рўзимбоевни Жиноят кодексининг 168, 169, 171 ва 127 моддалари бўйича айбдор деб топди ва унга нисбатан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ҳакалак отган ҳавойи ҳавас ва нафсни жиловлай олмаслик навқирон ёшдаги Б. Рўзимбоевга қимматга тушди. Бу гал у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, ажаб эмас. Чунки тўғри сабоқ кишини ҳамиша эзгу амалларга етаклайди. Бинобарин, бахт ва омад эзгу амалларда мужассам эканини асло унутмаслик зарур.

Элёр Бобожонов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси

photo_2024-05-10_15-11-10

ФОШ БЎЛГАН ҚИНҒИРЛИК

“Агробанк”нинг Нурота филиалида ҳуқуқшунос лавозимида ишлаган Жавоҳир Облоқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишни кўзлайди.

Шу мақсадда у тумандаги “Бўдиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси Илҳом Зоҳидов билан ўзаро жиноий тил бириктиради. Улар 2020 йил июнь ойида Н. Раҳматова, К. Саъдуллаев, А. Юсуфалиев, Н. Бекмуродов, К. Синдаровнинг ишончига кириб, сохта ҳужжатлар асосида уларнинг номига “Ҳунармандчилик” йўналиши учун йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 165 000 000 сўм имтиёзли кредит маблағини ажратилишига эришишади. Шундан сўнг ушбу маблағни “Farina-Nur Kelajagi” хусусий корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб, нақдлаштиришган.

Нақд пулни эса, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишган. Аммо кредит қарздорлигини тўлашни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Охир-оқибат уларнинг фирибгарлиги фош этилиб, жиноят иши қўзғатилди.

Суд судланувчилар ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир қилган жиноятининг ҳуқуқий оқибатларини тўлиқ англаб етгани, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганини инобатга олди ва адолатли жазо тайинлади.

Ҳаётда ўзганинг ҳақи бировга ҳеч қачон буюрмайди. Бу аллақачон исботини топган ҳақиқат. Фирибгарлик йўли билан бошқаларнинг ҳақини ўзлаштирмоқчи бўлган Ж. Облоқулов ва И. Зоҳидов ҳам ниятларига етолмади. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўташи тайин.

Фурқат Раҳмонов,

жиноят ишлари бўйича

Нурота тумани суди раиси

photo_2024-05-10_14-45-12

ЖАЗОНИ ЕНГИЛЛАШТИРУВЧИ ҲОЛАТЛАР: МУАММО ВА ЕЧИМ

Президентимизнинг 2018 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясида миллий хусусият ва шароитлар, илғор халқаро стандартлар ва хорижий амалиётни эътиборга олган ҳолда жиноят қонунчилигига хорижий давлатлар тажрибасини имплементация қилиш, шу жумладан, жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини белгиловчи меъёрларни кенгайтириш зарурлиги назарда тутилган. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни такомиллаштиришда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ушбу институтни ривожлантиришнинг янгича методологик асосларини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда айтиш керакки, аксарият хорижий давлатларнинг жиноят қонунчилигида жиноят содир этган шахсга нисбатан жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойилларига амал қилишга устувор аҳамият берилган.

Хорижий давлатлар жиноят қонунчилигидаги жазони енгиллаштирувчи ҳолатларнинг қиёсий таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу енгиллаштирувчи ҳолатларни аниқлаш ва қўллаш бўйича жиддий тафовутлар мавжуд эмас.

Хусусан, Беларус Республикаси Жиноят кодексида жазони енгиллаштирувчи 11 та ҳолат назарда тутилган. Беларус Республикасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади. Ушбу тартиб Эстония Республикаси Жиноят кодексида ҳам белгиланган.

Миллий қонунчилигимизда жиноят содир этган шахснинг кекса ёшда экани қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини камайтирадиган ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 37-банди учинчи хатбошисига асосан, судланувчининг кекса ёшда экани жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлардан биридир. Аммо амалдаги Жиноят кодексининг 55-моддасида кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилмаган. Шу боис қонунчилигимиздаги ушбу ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ҳамда инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексига кекса ёшдаги шахснинг жиноят содир этгани жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва такрор жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак. Масалага мантиқан ёндашилса, кекса ёшдаги шахснинг содир этган жинояти учун енгилроқ жазо қўлланилиши жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлидир.

Бундан ташқари аксарият хорижий давлатларнинг Жиноят кодексида жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида эътироф этилган. Масалан, Россия Федератив Республикаси, Озарбайжон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилигида жиноят содир этилганидан кейин айбдорнинг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб белгиланган.

“Жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш” деганда, жиноят содир этган шахс томонидан жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун келиб чиққан оқибатлардан қатъи назар кўрсатиладиган турли хил ёрдамлар тушунилади.

Тиббий ёрдам кўрсатилиши жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғи учун, айниқса, жиноят аҳоли пунктларидан узоқда содир этилган бўлса, кўпроқ зарарли оқибатлар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шу сабабли амалдаги Жиноят кодексига жиноят содир этилганидан сўнг жабрланувчига дарҳол тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатишни жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида киритишни таклиф этамиз.

Бу таклиф иккита амалий жиҳатни ўзида ифода этади:

— биринчидан, жиноят қонунчилигини замонавий юриспруденция талаблари асосида халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади;

— иккинчидан, жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллаш орқали айбдор шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлайди.

Жиноят содир этган шахснинг қарамоғида вояга етмаган ёш болалар борлиги ҳам айрим хорижий давлатларда (Россия, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Арманистон) жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири ҳисобланади.

Қонунда назарда тутилмаган бўлса-да, судлар томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин бўлган ҳолатлардан бири судланувчининг қарамоғида ёш боласининг борлигидир. Ушбу ҳолатни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида белгилашда айбдорнинг бола тарбиясида тутган ўрни, ёш боланинг айбдор билан бирга яшаши ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Бунда ёш болалар ҳақиқатдан ҳам, айбдор билан бирга яшаши ва унга нисбатан жиноий жазонинг қўлланиши ёрдамга муҳтож бўлган болани оғир аҳволга солиб қўйиши мумкинлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, айбдорнинг ёш боласи билан бирга яшаши ҳар доим ҳам унинг фарзандини тарбиялаш ва моддий таъминлашда иштирок этишидан далолат бермайди. Айбдор улар билан бирга яшамаса-да, лекин моддий жиҳатдан таъминлаб туриши ҳам мумкин. Шунингдек, айбдор ёш болани моддий жиҳатдан таъминламасдан туриб, унинг тарбияси билан шуғулланишига оид ҳаётий мисоллар бор.

Демак, бу ўринда энг муҳим омил айбдорнинг қарамоғида ёш боласининг бўлиши ҳамда уни моддий таъминлаш ёки тарбиялашда иштирок этишидир.

Агар айбдор ёш боласига нисбатан қўпол муносабатда бўлса, уни жиноят ёки бошқа ахлоққа зид хатти-ҳаракатлар содир этишга жалб қилса ёки болага нисбатан жиноят содир этса, бу жазони енгиллаштириш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Беларус, Озарбайжон қонунчилигида енгиллаштирувчи ҳолатлар ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи бор эркаклар ва аёлларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Мамлакатимиз Жиноят кодексида жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг борлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида назарда тутилмаган. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, жиноят содир этган шахс қарамоғида вояга етмаган ёш болаларнинг мавжудлиги ҳолатини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида Жиноят кодексига киритиш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари Молдова Республикаси Жиноят кодексининг 76-моддаси ҳамда Латвия Республикаси Жиноят кодексининг 47-моддасига асосан ақли норасо шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолати ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади.

Мамлакатимиз Жиноят кодексининг 18-моддаси иккинчи қисмида ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгиланган.

Фикримизча, жиноят содир этиш вақтида ақли расо шахсга ҳамда ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига кўра, бир хил ёндашувнинг мавжудлиги адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мос эмас. Чунки бу тоифадаги шахс жиноят содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англамаган (интеллектуал элемент) ёки уларни бошқара (иродавий элемент) олмаган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда шахс субъектив тарафнинг интеллектуал ва иродавий элементларини назорат қилиш имкониятига эга бўлмайди.

Шу боис Жиноят кодексига ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахс томонидан жиноят содир этиш ҳолатини ҳам жазони енгиллаштирувчи ҳолатлардан бири сифатида белгилаб қўйиш лозим.

Юқорида баён этилган таклифлар амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқ ва ноаниқликларни бартараф этиб, келгусида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва одил судлов сифатининг ошишига хизмат қилади, деган умиддамиз.

Абдулло Аллаев,

Навоий вилояти суди раиси

photo_2024-04-30_14-00-16

ИЛЛАТЛАР ГИРДОБИ БИР ИНСОН УМРИГА ЗОМИН БЎЛДИ

Ўтган йил 27 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Оқариқ” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторининг уяли телефонига нотаниш киши қўнғироқ қилиб, маҳалладаги новвойхона ёнида бир одамнинг пичоқлаб кетилгани ҳақида хабар беради. Профилактика инспектори ички ишлар бўлими навбатчилик қисмини содир этилган жиноятдан хабардор қилиб, зудлик билан воқеа жойига етиб боради.

Шу ўринда гапни узоқдан бошласак, Фарғона шаҳрида яшовчи Лутфулла Мамадалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) андижонлик Зокир Қобилов билан техникумда бирга ўқишган эди. Л. Мамадалиев З. Қобиловнинг ошпазлигу новвойлик қўлидан келишини яхши биларди. Шу боис у курсдошини ўтган йилнинг май ойида ҳовлисида қурган новвойхонани юритишга таклиф этади. Шундан сўнг З. Қобилов танишлари Элбек Юнусов ва Мақсуд Ғофуров билан бирга нон ёпа бошлайди. Йигитлар ўз ишининг устаси бўлгани сабабли нонвойхонада савдо юришиб кетади.

Аммо орадан кўп вақт ўтмасдан Мақсуд Ғофуров уйига кетиб қолади.

Ўша куни икки шерик ишни тугатишгач, Э. Юнусов новвойхона яқинидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўконга йўл олади.

– Менга ҳам бир шиша ароқ олиб кел, – дея илтимос қилади унга З. Қобилов.

Э. Юнусов дўконга бориб, 300 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилади.

Қайтаётганда З. Қобиловнинг “буюртмаси”ни олиб келади.

Бироздан сўнг З. Қобилов ҳам сархуш бўлиб қолади. Шу боис иккаласи кўрпачада ёнбошлаганча суҳбатлашади.

– Мен ишдан жуда чарчадим. Шунинг учун уйга бориб, бир ҳафта дам олиб келаман, – дейди Э. Юнусов гап орасида.

– Йўқ, ҳозир кетмай тур, – дея эътироз билдиради З. Қобилов. – Аввал ўрнингга ишчи топай, сўнг уйингга кетарсан. Агар ҳозир кетсанг, иш тўхтаб қолади.

– Ўзим хоҳлаган пайтда кетаман, сендан сўраб ўтирмайман, – деб қайсарлик қилади Э. Юнусов.

Шу зайлда шериклар аввал гап талашиб қолишади. Сўнгра З. Қобилов қўлига илинган буюм билан Э. Юнусовнинг дуч келган жойига ура бошлайди. Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Э. Юнусов стол устидаги пичоқни қўлига олиб, З. Қобиловнинг қорин ва кўкрак қисмига санчади. З. Қобилов жон аччиғида новвойхонадан қочиб чиққан бўлса-да, оғир жароҳатлари туфайли узоққа боролмай, йиқилади.

Буни қарангки, ўша пайтда новвойхона ёнидаги дорихона сотувчиси бақир-чақирни эшитиб, кўчага чиқади. У оғир жароҳатланган З. Қобиловга дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга, “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилади. Бироқ жабрланувчи шифохонага етиб бормасдан йўлда жон таслим қилади. Шундан сўнг Э. Юнусовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Э. Юнусовни  Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Жазо тайинлашда Э. Юнусовнинг муқаддам жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2023 йил 9 августдаги ажрими билан алмаштирилган ва ўталмай қолган 9 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам инобатга олинди.

Бир қарашда ушбу қотиллик оддий тортишув оқибатида юз бергандек туюлади. Лекин Э. Юнусовнинг муқаддам 4 маротаба судланганини назарда тутсак, кўп нарса ўз-ўзидан ойдинлашади. Унинг суд томонидан белгиланган ахлоқ тузатиш жазосини ўташдан бўйин товлаб келгани ҳам бунинг исботидир. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2021 йил 14 октябрдаги ҳукмига асосан, Э. Юнусов Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон тумани судининг 2022 йил 24 июндаги ажримига биноан ўталмай қолган 1 йил 3 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Аммо у яна қонун талабини менсимай, жазони ўташдан бўйин товлашда давом этган. Учинчи маротаба жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судининг 2023 йил 9 августдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 9 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.

Шу тариқа қонунни менсимаслик, қилган хатоларидан тўғри хулоса чиқармаслик, ичкиликбозлик каби қусурлар фожиали якун топди. Агар санаб ўтилган иллатлар ўз вақтида бартараф этилганда бир инсон бевақт ҳаётдан кўз юммаган, иккинчиси умрининг анча қисмини панжара ортида ўтказмаган бўларди. Бу эса, ўз навбатида, бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Тожиддин ВАҲОБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар суди раиси

photo_2024-03-29_16-29-50

СУД ҚАРОРИ БИЛАН УНДИРИЛГАН КРЕДИТ ҚАРЗДОРЛИГИГА НИСБАТАН ФОИЗ ВА ПЕНЯ ҲИСОБЛАШ ТЎХТАТИЛАДИ

Жорий йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, ушбу кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди. Бу янги тартиб давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.

Қарорда белгиланган вазифалар бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда фикр юритганда, жорий йил 27 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолия хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бунга қадар кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра, кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда, кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келганди. Шу сабабли янги қонун Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартибни белгилашга қаратилган.

Эндиликда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Амалдаги тартибга кўра, кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда – шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда – кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақлидир. Кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган.

Эндиликда қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда.

Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлса-да, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам тадбиқ қилинади.

Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

Шу маънода суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзига нисбатан 2024 йил 1 январдан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.

Айни чоғда суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилиниши назарда тутилмаганини ҳам эслатиб ўтиш лозим.

Гулруҳ Мамараимова,

фуқаролик ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси

photo_2024-04-30_09-19-51

АСОССИЗ ДАЪВО ОРТИҚЧА ОВОРАГАРЧИЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Ҳаётда адолатнинг йўли ҳамиша ҳам равон кечавермайди. Ўтган йили Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидаги 68-контурда жойлашган 120 квадрат метр ер майдонини Умрбек Йўлдошбоев (исм-шарифи ўзгартирилган) ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани сабабли уни давлат захирасига қайтариш, ушбу ерда чала қурилган бинони унинг ҳисобидан буздириб ташлаш, ҳудудни асл ҳолига келтиришни сўради.

Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди шу йил 8 январ куни даъвони қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Бундан норози бўлган У. Йўлдошбоев дастлабки босқич суди ишдаги далил-исботларга етарлича аҳамият бермагани, низо сабабларини чуқур ўрганмаганини асос сифатида келтириб, Хоразм вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция ҳайъатига мурожаат қилди.

Ишни мазкур босқичда кўриш асносида жавобгар мақомидаги Чамангул Йўлдошбоева ва унинг 5 нафар фарзанди судга ариза ёзиб, ишни ўзларининг иштирокисиз кўриб чиқишни сўради.

Амалдаги Фуқаролик-процессуал кодекснинг 220-моддаси 4-қисмига мувофиқ, тарафлар ишни ўзининг иштирокисиз кўриш ва ўзларига суднинг ҳал қилув қарори кўчирма нусхасини юборишни илтимос қилишга ҳақли.

Шу боис суд ишни жавобгарларнинг иштирокисиз кўриб чиқди.

Суд муҳокамасида Гурлан тумани ҳокимининг 1998 йил 31 декабрдаги 370-сонли қарорига мувофиқ Қурбонбой Давлатёровга якка тартибда турар жой қуриш учун “Янгиобод” маҳалласи ҳудудидан 118,5 квадрат метрдан иборат ер майдони ажратиб берилгани, аммо унга нисбатан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани маълум бўлди. Бундан ташқари Қ. Давлатёров 2020 йил 4 апрелда вафот этган ва у ўзига тегишли ер майдонининг 120 квадрат метрини ўлимидан олдин У. Йўлдошбоевга сотган. Лекин бу бўйича эришилган битим нотариал идорада расмийлаштирилмаган. Бунга ер майдони кадастр идорасида Қ. Давлатёровнинг номига ўз вақтида расмийлаштирилмагани сабаб бўлган.

Ушбу хатолик унинг ўлимидан сўнг яқин қариндошлари тарафидан бартараф этилиб, шу йилнинг 17 январида марҳумнинг ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи расман тикланган. Харидор У. Йўлдошбоев ўзи сотиб олган ерда марҳум томонидан чала тикланган бино қурилишини давом эттирган.

Ўз навбатида, ушбу ҳолат У. Йўлдошбоевнинг 120 квадрат метр ер майдонини ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олмаганини кўрсатади. Чунки Қ. Давлатёров томонидан низоли 120 квадрат метр ер майдонида қурилган бино унинг ҳуқуқий ворислари — умр йўлдоши Чамангул Йўлдошбоева ва фарзандларига тегишлидир.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасига кўра, фуқаролар билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши зарур.

Қолаверса, Фуқаролик-процессуал кодекснинг 72-моддаси биринчи қисмига асосан, судда ҳар бир тараф ўзининг талаб ва эътирозларини исботлаши шарт. Бироқ судда Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими ўз даъвосини исботлай олмади. Бўлим мутасаддилари низоли ернинг бирламчи ҳужжатлари бор ёки йўқлигини аниқламасдан шошма-шошарлик билан иш тутиб, судга даъво аризаси киритган.

Ана шу асосларга таянган апелляция ҳайъати биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди. Адолат тикланиб, мулкдорлар ҳуқуқи ҳимоя қилинди.

Халқимиз “Етти ўйлаб, бир кес”, деб бежизга айтмаган. Афсуски, Кадастр агентлиги Гурлан тумани бўлими мутасаддилари бунга амал қилмагани оқибатида ортиқча оворагарчилик юзага келиб, мулкдорларнинг ҳаловати бузилди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир идора масъулллари, айниқса, юридик хизмат ходимларининг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши зарурлигини кўрсатади. Ана шунда асоссиз низо ва оворагарчиликка ўрин қолмайди.

Мавсума Йўлдошева,

Хоразм вилояти

суди судьяси

photo_2024-04-22_15-08-33

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ ТУЗОҚ

ТАЛАБ

– Агар 15 миллион сўмни 3 кунда топиб келмасанг, менга юборган сурат, ёзишма, овозли ва видеохабарларингни интернетга қўйиб, овоза қиламан…

Рашиддан бу гапни эшитган Баҳора дастлаб қулоқларига ишонмади (исм-шарифлар ўзгартирилган). Кўзларини катта-катта очиб, савол назари билан қаради:

– А?

– Ҳа, интернетга қўйвораман.

– Ахир, биз оила қурмоқчимиз-ку?!

– Қанақа турмуш? – дея қизнинг сўзини шарт кесди Рашид. – Мен аҳмоқманми сенга уйланиб, ким билади яна кимларга суратларингни юборгансан?

– Мен фақат сизга… яхши кўрганим учун, айтганингизни қилиш учун юборгандим. Бошқа ҳеч ким билан гаплашмаганман.

– Хуллас, гап шу – ё айтилган вақтда пулни берасан, ё сени ҳаммаёққа овоза қиламан!

– Ҳеч қаерда ишламасам, пулни қаердан топаман?

– Ана, хорижда ишлаётган онангга айт, сенинг шаънингни ўйласа, юборади…

Бу гапларни эшитиб, совуқда шундоғам дилдираб ўтирган Баҳора музлади-қолди: энди нима бўлади?..

ВИРТУАЛ ТАНИШУВ

Ҳа, уларнинг танишуви мана шундай бошланганди. Аввал “Одноклассники”да дўстлашишди, салом-аликлар бўлди, сўнгра телефон рақамлар алмашилди. Энди “Телеграм” орқали меҳр-муҳаббат кўрсатилар, изҳорлардан иборат суҳбатлар узоқ давом этарди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, икки ёш бирор марта юзма-юз кўришмаган бўлса-да, кўп йиллик қадрдонлардек эди. Рашид бисотидаги бор сўзлар билан қизни сийлар, Баҳора орзусидагидек йигитни топганидан боши осмонга етганди. У билан бирор дақиқа суҳбатлашмаса, юраги ҳаприқиб, безовта бўларди. Буни сезган Рашид устамонлик билан ғараз мақсадини амалга ошира бошлади. Изҳорларни ёзишга вақт камлик қилганидан овозли тарзда алмашиладиган бўлишди. Кейинчалик бу ҳам камлик қилди, суратлар улашилди. Ундан кейин… суратлар сўралди. Баҳора дастлаб бу таклифни рад этса-да, талабни бажармаса, йигит ишонмаслик белгиси деб тушуниши ва муносабатлари барҳам топишини эшитгач, кўнди-қўйди.

Рашиднинг айтишича, ҳозирги замонавий ёшлар тўйгача бир-бирлари ҳақида “ҳар томонлама” маълумотга эга бўлиши керак ва бу ҳолат ўзаро ишончни мустаҳкамлар экан. Хуллас, суратли мулоқотлар ҳам оддий ҳолга айланибгина қолмай, видеолавҳага уланди. Нафси ҳакалак отган Рашидга бу ҳам камлик қилди, у ўз мобил телефонида яна бир “Телеграм” аккаунти очиб, унга Баҳоранинг рақамини киритди. Тегишли компаниядан келган тилсим рақамни киритса бўлди, олам гулистон – қизнинг барча ёзишмаларини ўқиб ўтиради.

– Баҳора, компаниядан келган кодни айтиб юбор?

– Нима учун?

– Жами ёзишмаларингни кўриб турмасам бўлмайди, сени ҳаммадан қизғонаман…

– Истасангиз, қасам ичаман.

– Унда нега юбормаяпсан, айтганимни қилсанг, эртагаёқ кўришамиз, бўлмаса, яхши қол, мени безовта қилма…

Баҳорага усиз ҳаёти ҳозирданоқ зимистон кўриниб кетди, маънисиз кунларга дош беролмаслиги, буни уддалолмаслигини билди. Ўша ондаёқ калит рақамни жўнатди… Шу билан “ишонч” мустаҳкамланди шекилли, эртасигаёқ дийдорлашишди. Туман марказида кўришишгач, аҳду паймонлар янада қатъийлашди — Рашид дам олиш куни совчи юборишини, баҳорга тўй бўлишини айтди. Илк учрашув тағин ажойиб кунга тўғри келибди – Рашиднинг туғилган кунида. Буни эшитган Баҳора йигитни қўярда-қўймай савдо дўконлари сари бошлади, таваллуд кун соҳиби ҳам “зўрға” рози бўлди, унга қимматбаҳо қўлсоат ва юракчали тақинчоқ ҳадя этди. Навбатдаги учрашувда Рашиднинг юпунлигига раҳми келиб, куртка ва кўйлак олиб берди. “Ошиқ” ҳадемай катта ишга ўтса, қизнинг харажатларини қайтаришини айтиб, миннатдорлик билдирди. Қиз ундан кейингисида телефон аппарати совға қилди. Рашид иш бошлагунча суҳбатлари узилиб қолмаслиги учун пайнет тўловлари ҳам қизнинг ҳисобидан бўлди. Хуллас, қиз йигитга қаттиқ боғланиб қолди. Бу итоаткорлик йигитнинг анчадан бери ўйлаб юрган ҳамда бирин-кетин амалга ошаётган ғаразли режасининг энг сўнггисини рўёбга чиқариш муддати келганидан далолат берарди. Барча зарур маълумотлар йиғиб бўлинган, шармсиз суратлару ундан кам бўлмаган суҳбатлар, аудио ва видеолавҳалар… Энди арқонни тез тортиб олмаса бўлмайди, вақтни чўзишдан фойда йўқ. Қизни қўрқитиб, ундан яхшигина пул ундира олишига кўзи етди ва юқоридаги қарорини билдирди: “Шарманда бўлишни истамасанг, пулни олиб кел!”.

ТУЗОҚ

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш товламачиликдир (бундай жиноятни содир этиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Воқеалар ривожига эътибор берган бўлсангиз, Рашиднинг асосий мақсади Баҳорадан мулкий манфаат кўриш бўлган ва бунинг учун босқичма-босқич равишда унинг ишончига кириб, сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни йиққан. Сўнгра далилларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, қиздан мулкий манфаатлар беришни талаб қилади ва уни бунга мажбурлайдиган шароитга солиб қўяди. Баҳоранинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлашдан йироқмиз, унинг миллий менталитетимизга мутлақо мос бўлмаган одобсизлиги, кўнгил майлига қуллиги боис ҳаё ва ибони бир четга йиғиштириб қўйиши, оиладек муқаддас қўрғонга эгри йўллар орқали кирмоқчи бўлганини асло кечириб бўлмайди. Ўз вақтида янгаси ҳам уни бу йўлдан қайтаришга уринган, аммо унинг сўзлари кор қилмаган эди. Бироқ Рашиднинг сўнгги таҳдидидан сўнг руҳий изтиробга тушиб қолган Баҳора минг пушаймонда эканини айтиб, янгасидан мадад сўрайди. Кундай аёнки, айтилган маблағни бир амаллаб топиб-тутгани билан ҳаммаси якун топмайди, товламачи товламачилигини давом эттираверади. Бунга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Уч кун ичида бирор-бир чора топмаса, ҳаммаси остин-устун бўлиб кетади. Уйқусиз кечган тунларда янгаси ўйлаб топган режа унинг зимистон кўнглига оз бўлса-да, ёруғлик олиб киргандек бўлди: “Дастлаб Рашиднинг таҳдидини овозли тарзда ёзиб олиш ва уни асос қилиб ички ишларга ариза бериш керак!” Баҳора дарҳол телефонига овоз ёзиш дастурини ўрнатди ва Рашидга қўнғироқ қилиб, фикридан қайтишни, маълумотларни йўқ қилишни илтимос қилди. Аммо йигитнинг дағдағаси унинг умидларини пучга чиқарди: пичинг ва ҳақоратга тўла жавоб (ҳозирча пулнинг камида ярми – 600 АҚШ долларини етказиши шартлиги) қўрқувини ошириши баробарида тегишли органга кечиктирмасдан мурожаат қилиш жоизлигини англатди. Шу ондаёқ туман ички ишлар бўлимига бориб, вазият ҳақида хабар берди.

ЎЗИ ҚАЗГАН ЧОҲ

Кўп такрорланадиган ибратли мақолимиз бор: “Бировга чоҳ қазима, унга ўзинг тушасан”. Рашид ҳам шундай бўлди. Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида дорихона ёнида сўралган маблағнинг бир қисми, яъни 600 АҚШ доллари микдоридаги махсус кимёвий ишлов берилган пулларни Баҳорадан олган вақтда Рашид қўлга олинди. Қизнинг фотосуратлари, аудио ва видеоёзувлари сақланаётган мобил телефони далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди.

Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судининг ҳукмига асосан судланувчи Рашид Абдукаримов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва унга 4 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Жазо талабига кирадиган қўшимча чек­ловларга мувофиқ у бу муддатда яшаш жойидан ҳар куни кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 07:00 гача чиқмайди, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмайди, алкогол ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмайди, кафе, бар ва ресторанларга бормайди. Энг муҳими, интернетдан фойдаланмайди!

Хулоса

Бугунги кунда ахборот технологиялари жадал суръатда ривожланиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда турли фойдали маълумотлар билан бирга зарарли ғоялар ҳам тарқатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, доимий ҳушёр бўлишни, аслни қалбакисидан фарқлашни, бир сўз билан айтганда, ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш малакасини эгаллашни тақозо этмоқда. Бунга билим, маданият ва маърифат орқали эришиш мумкин. Демак, ҳаётга теран кўз билан боқиб, яхшини ёмондан ажратиб олиш энг долзарб вазифадир.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

photo_2024-04-22_12-04-29

ЕРГА ОИД НИЗОЛАРНИ МАЪМУРИЙ СУДЛАРДА КЎРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Сўнгги йилларда маъмурий судларда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилиниши баробарида ерга оид оммавий низолар кўрилиб, ҳал этилмоқда. Яъни, ерга оид низоларнинг аксарияти маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш масалаларидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тегишли органларнинг ваколатига тааллуқли масалалар судлар томонидан ҳал қилинмайди. Айтайлик, Ер кодексининг 23-моддасига асосан ер участкасини бериш (реализация қилиш) бўйича ваколатли органлар белгиланган. Хусусан, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ваколатига эга. Бу ваколатларни фақат шу органнинг ўзигина бажаради. Борди-ю, ваколатли давлат органи тегишли тартиб-таомилга риоя қилмаса ёки қонунга зид равишда ҳаракатланса, ушбу ҳаракат(ҳаракатсизлик) ёхуд ноқонуний қарор устидан маъмурий судларга мурожаат қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, маъмурий органнинг объектни танлов ёки аукционга чиқаришга қадар амалга оширган ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ёхуд қарори билан боғлиқ оммавий-ҳуқуқий низолар маъмурий судларда кўриб чиқилиб, ҳал этилса, аукцион ёки танлов натижаси юзасидан вужудга келган низолар эса (масалан, битим, ким ошди савдосини ёки танловни ҳақиқий эмас деб топиш, битимни бекор қилиш, ўзгартириш) тегишинча фуқаролик ишлари бўйича судлар ёинки иқтисодий судларда кўриб чиқилади. 

Ерга оид низо билан судга мурожаат этишда Ер кодексининг 31- ва 33-моддаларига асосан ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келганлиги ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эканлиги муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенг­лик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишонч­ли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш, шу жумладан, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган. Шунинг­дек, Қорақалпоғис­тон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ҳамда ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилган. Гарчи 2021 йил 16 августда Ер кодексининг 23-моддасига ўзгартишлар киритилган бўлса-да, 2021 йил 9 июндан бош­лаб туман (шаҳар) ҳокимларининг ер участкаларини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ажратиш(реализация қилиш) ваколати чекланган.

Фуқаролар ва юридик шахслар ерга оид ўзларининг ҳуқуқларини бузаётган қарор ёки хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) маъмурий органнинг ваколати доирасида амалга оширганлигига аҳамият қаратишлари лозим.

Зеро, айрим маъмурий органларда ҳуқуқий билим ва салоҳияти етарли бўлмаган кадрлар ўзлари билмаган ҳолда фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларни бузишга сабаб бўлган қарор чиқариш­лари, хатти-ҳаракат(ҳаракатсизлик) содир этиш ҳолатлари учраб туради.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасига асосан маъмурий органннинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг улар мансабдор шахс­ларининг қарори, ҳаракати(ҳаракатсизлиги) устидан манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайт­дан эътиборан олти ой ичида ариза(шикоят) билан маъмурий суд­га мурожаат қилишлари талаб этилади. Узрсиз сабабларга кўра муддатни ўтказиб юбориш эса манфаатдор шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланмаслигига олиб келади. 

Қонунларимиздаги мазкур қоидаларни билиш, уларга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиб, эркин ва фаровон ҳаётнинг гарови ҳисобланади.

Зайнабхон ЎРИНОВА,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

#thegov_button_69cd73f054239 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd73f054239:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cd73f054239 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cd73f054239:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!