Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ПРОФИЛАКТИК ЧОРА ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИ ТАРТИБГА СОЛАДИ

photo_2024-07-22_13-44-02

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 21-моддасида инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахслар, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шартлиги белгиланган. Ушбу қоида нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади. Аммо фуқаролик суд ишларини юритишда процесс иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларни суистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бунга амалдаги Фуқаролик процессуал кодексида процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш тушунчаси ва унинг ҳуқуқий оқибатларига таъриф берилмагани асосий сабаб бўлаётганини қайд этиш жоиз.

Шу ўринда процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш тушунчасига аниқлик киритадиган бўлсак, у қонунда назарда тутилган процессуал ҳуқуқлардан инсофсиз фойдаланишда намоён бўлади. Бундай ҳаракатлар сирасига суд процесснинг меъёрдагидек ўтишига ҳалақит қилиш, суд жараёнларини секинлаштириш, муддатларни чўзиш, суд процесси иштирокчилари вақтини олиш каби ҳолатларни киритиш мумкин.

Аслида процессуал ҳуқуқни суи­истеъмол қилиш ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг бир тури ҳисобланади. Ушбу тамойил моҳиятан фуқаролик суд ишларини юритишни тартибга солишга қаратилган.

Шу ўринда бу борадаги хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, кўплаб тараққий этган мамлакатларда ҳуқуқларни суиистеъмол қилишни тақиқлаш конституциявий принцип сифатида белгиланган.

Масалан, Япония Конституциясининг 12-моддасида халқ эркинлиги ва ҳуқуқларни суиистеъмол қилишдан сақланиш зарурлиги қайд этилган.

Греция Конституциясининг 25-моддасига асосан ҳуқуқларни суиистеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Бундай қоида Болгария Конституциясининг 57-моддаси, Германия Конституциясининг 74-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Бу эса, ўз навбатида, миллий қонунчилигимизда айни шу масалада бўшлиқ мавжудлигини кўрсатади.

Шу боис амалдаги Фуқаролик процессуал кодекснинг “Фуқаролик суд ишларини юритиш принциплари” деб номланган 2-бобига қуйидаги мазмундаги янги “Процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилмаслик” принципини киритиш мақсадга мувофиқ:

“16-2-модда. Процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилмаслик

Фуқаролик суд ишларини юритиш иштирокчилари уларга берилган ҳуқуқлардан виждонан фойдаланиши ва процессуал мажбуриятларга риоя қилишлари шарт.

Процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш суд томонидан ушбу кодексда назарда тутилган процессуал чоралар қўлланилиши ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъсир чоралари қўлланилишига сабаб бўлади”.

Фуқаролик процесси доирасида процессуал ҳуқуқларни суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик принципининг қонунда алоҳида принцип сифатида белгиланишининг аҳамияти шундан иборатки, у биринчидан, ҳуқуқларни суиистеъмол қилишнинг ҳар қандай шаклини олдини олишга қаратилган профилактик чора вазифасини бажаради. Иккинчидан, фуқаролик процесси иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқлари мазмунини ҳамда ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш чегараларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмини оптималлаштириш имконини беради.

Давлатжон Ҳабибуллаев,

ТДЮУ профессори

#thegov_button_67444b763394a { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67444b763394a:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_67444b763394a { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_67444b763394a:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!