photo_2026-10-27_11-40-17

ТАДБИРКОРНИ ОВОРА ҚИЛГАН ҚАРОР СУД ТОМОНИДАН ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛДИ

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, соҳа вакилларининг эркин фаолият юритиши, ўз салоҳият ва имкониятларини тўлиқ намойиш этишига қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Зотан, тадбиркорлик тараққиёти халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз ривожининг асосини ташкил этади.

Аммо ҳаётда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўладиган баъзи ҳолатлар ҳам учраб туради.

Шу ўринда суд амалиётдан мисол келтирсак, Фарғона вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосарининг 2026 йил 7 январдаги 00023-хс-сонли буйруғига асосан, “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятнинг 2023 йил 1 январдан 2026 йил 5 январгача бўлган даврдаги фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя этилиши юзасидан солиқ аудити ўтказиш белгиланган. Мазкур аудитни ўтказиш учун бошқарма вакили Б. Тожиусмонов хизмат сафарига юборилган. Буйруқда солиқ аудитини 2026 йил 7 январдан 2026 йил 21 январга қадар ўтказиш қайд қилинган.

Бироқ жамият раҳбари солиқ аудити ўтказилишидан орадан 5 кун ўтгач, яъни вилоят солиқ бошқармасининг 2026 йил 12 январдаги хабарномаси орқали хабардор қилинган.

Қисқаси, Б. Тожиусмонов томонидан корхонада солиқ аудити ўтказилиб, унинг натижаси юзасидан 2026 йил 20 январь куни далолатнома расмийлаштирилган. 2026 йил 11 февраль куни эса, Фарғона вилояти солиқ бошқармасининг 117.1-сонли қарори қабул қилиниб, унга асосан, масъулияти чекланган жамиятга нисбатан 916 миллион 433 минг сўм қўшимча солиқ ҳамда 836 миллион 513 минг сўм молиявий жарима қўллаш белгиланган.

Табиийки, тадбиркор бундан жиддий норози бўлади. Шу боис у Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, солиқ бошқармасининг юқорида келтирилган қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўрайди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 1-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 175-176-бандларида солиқ аудитини ўтказиш жараёнида солиқ органларининг мансабдор шахслари мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, ҳақиқатда мавжуд мол-мулкни бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан қиёслаш, мажбуриятлар ҳисобда тўғри акс эттирилганлиги юзасидан инвентаризация тайинлаш ва ўтказиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Бундан ташқари ишлаб чиқариш заҳиралари ва солиқ тўловчига қарашли бўлмаган, бироқ бухгалтерия ҳисобида қайд этилган (масъулиятли сақлашда бўлган, ижарага олинган, қайта ишлаш учун олинган) бошқа турдаги мол-мулк, шунингдек, бирор-бир сабабга кўра, ҳисобга олинмаган мол-мулк инвентаризация қилиниши лозим.

Аммо “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган аудитда ушбу Низом талабларига риоя этилмаган. Хусусан, тақдим этилган товар моддий заҳиралар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот ҳамда электрон ҳисобварақ-фактуралар солиштирилганида, жамият томонидан кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товар моддий заҳиралар сотуви амалга оширилмаган. Ушбу товарлар кирим-чиқими ва йил якуни учун кўрсатилган қолдиқ кўрсаткичлар солиштирилганида эса, товар қолдиғида ҳам камомад аниқланмаган. Аудит ўтказган вакил ушбу товарларнинг номларига аҳамият қаратмай, товарларнинг тури бўйича камомад ҳисоблаган.

Янада аниқроқ изоҳласак, солиқ бошқармаси вакили жамиятнинг товар моддий заҳиралари ҳақиқатда мавжудлигини бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан солиштириш чораларини кўрмаган. Оқибатда харид қилинган ва сотилган айнан бир турдаги товарлар аудит баённомасида бир-бирига номутаносиб тарзда қайд этилган. Бу ҳолатга аниқлик киритиш учун солиқ текширув материалларини кўриб чиқиш жараёнига жамият раҳбарининг иштироки таъминланмаган. Бундай вазиятда солиқ органининг тилга олинган қарорини қонуний ва асосли деб бўлмайди.

Солиқ кодексининг 157-моддасида “Солиқ органларининг мансабдор шахслари томонидан ушбу кодексда белгиланган талабларга риоя этмаслик юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин. Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тартиб-таомилининг муҳим шартларини бузиш юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан солиқ органининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш ва (ёки) солиқ суммаларини қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш учун асос бўлади. Бундай муҳим шартлар жумласига ўзига нисбатан солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлаш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконини таъминлаш киради” дея белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўриниб турибдики, Фарғона вилояти солиқ бошқармасининг низоли қарори қонун ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига биноан, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади. Ана шу асосларга таянган Фарғона туманлараро маъмурий суди тадбиркорнинг шикоят аризасини қаноатлантириб, вилоят солиқ бошқармасининг 2026 йил 20 февралдаги 117.1-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Шу билан бирга, суд айни қарор қабул қилинишида қонунбузилиш ҳолларига йўл қўйилганлигига вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг эътиборини қаратиб, унинг зиммасига юз берган қонунбузилиш сабаблари ва унга имкон яратган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбуриятини юклаш тўғрисида хусусий ажрим чиқарди. Аммо…

Аммо вилоят солиқ бошқармаси вакиллари ўз хатоларини тан олиш ўрнига Фарғона туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва аризачининг талабларини рад этган ҳолда янги қарор қабул қилишни сўраб, Фарғона вилояти маъмурий судига кассация шикояти билан мурожаат қилишди.

Шуни унутмаслик керакки, аудит ўтказиш натижасида муайян солиқ суммалари ва молиявий жарималар ҳисобланганининг ўзи солиқ органи қарорининг қонунийлиги ҳамда асослилигини тасдиқламайди. Чунки қўшимча солиқ ҳисоблаш ва молиявий жарима қўллашдан олдин солиқ органи ҳуқуқбузарликнинг объектив ҳолатларини, солиқ базаси ва унга таъсир қилувчи товарлар ҳаракатини, товарларнинг кирим-чиқимини, миқдори ҳамда қийматини, бирламчи ҳужжатларни, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ишончли ва етарли далиллар билан аниқлаши лозим. Мазкур ишда солиқ аудити натижаларининг асосланганлиги товар номларининг формал фарқи билан эмас, балки товарларнинг ҳақиқий иқтисодий ҳаракати билан баҳоланиши лозим.

Яна бир гап. Товарнинг номи қисқартирилган ёки техник жиҳатдан турлича ифодаланган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда унинг ўлчов бирлиги, миқдори, тури, нави, ўлчами, физик хусусиятлари, етказиб берувчи ва харидор маълумотлари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, шартномалар, товар-транспорт ҳужжатлари, омбор ҳисоботи ҳамда бошқа бирламчи ҳужжатлар ўзаро солиштирилиши лозим. Мабодо, ушбу белгиларнинг асосий қисми ўзаро мувофиқ келса, фақат товар номи тўлиқ бир хил ёзилмаганлигига таяниб, бир товарни бошқа товар деб баҳолаш ва шу асосда уни камомад ёки ҳужжатсиз товар сифатида ҳисоблаш мумкин эмас. “Ishonch sement” масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган аудитда ҳам солиқ идораси ходими товар номларининг турлича ифодаланганлигига асосланиб, бир харидни камомад, яна бир реализацияни эса, кирим ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товар сифатида баҳолаган.

Бинобарин, вилоят маъмурий суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва вилоят солиқ бошқармасининг кассация шикоятини рад этиш юзасидан ажрим чиқарди.

Хулоса қилиб айтганда, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фақат судлар зиммасига юклатилган вазифа эмас, балки ҳар бир давлат органи фаолиятининг устувор йўналиши бўлиши лозим. Назорат қилувчи органлар қонун талабларига қатъий риоя этиши, ҳар бир қарорни холис, пухта ўрганилган далиллар асосида қабул қилиши ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчиликларга дуч келишининг олдини олиши шарт. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жойдагина тадбиркорлик ривожланади, давлат идораларига бўлган ишонч мустаҳкамланади.

Акмалхўжа НИЗАМИДИНОВ,

Фарғона туманлараро

маъмурий суди судьяси

#thegov_button_6ae07205655de { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ae07205655de:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ae07205655de { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ae07205655de:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Click to listen highlighted text!
Skip to content