
ҲУШЁРЛИК БОЙ БЕРИЛСА… ФАЛОКАТ ОЁҚ ОСТИДАН ЧИҚАДИ
Ҳовлида тун чўккан, хонадон аҳли эртанги кун ташвишини ўйламай ширин ухламоқда. Уйнинг бир бурчагида икки қизалоқ — Мафтуна ва Нигора (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам бехавотир уйқуда эди.
Аммо инсон ҳаётида шундай воқеалар рўй берадики, атиги бир неча дақиқа бутун умрнинг мазмунини ўзгартириб юбориши мумкин. Ўрта Чирчиқ туманидаги бир хонадонда 2025 йил 9 сентябрдан 10 сентябрга ўтар кечаси ана шундай фожиа юз берди.
Оилавий келишмовчиликлар, бир-бирига айтилган оғир сўзлар, йиллар давомида йиғилган алам ва энг ачинарлиси, ғазабни ақлдан устун қўйиш оқибати бир инсон ҳаётдан бевақт узилишига, яна бир инсоннинг эса, ўн етти йиллик қамоқ жазосига маҳкум бўлишига олиб келди.
Суд ҳужжатида маълум бўлишича, Евгений Шаханов аммаси Гулмира Шахановани пичоқлаб ўлдирган ва кейин воқеа жойидан қочиб, яширинган. Бир қарашда, бу — жиноят ҳақидаги навбатдаги суд ҳужжати.
Унда моддалар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари жамланган.
Аммо ҳужжатнинг расмий сатрлари ортида бир оиланинг иссиқ уйи, қариндошларнинг ўзаро муносабати, болаларнинг қўрқуви ва онадан айрилган фарзандларнинг изтироблари турибди.
Ҳар қандай фожиа бирдан пайдо бўлмайди. Кўпинча унинг илдизи анча олдин бошланади.
Суд ҳужжатларида қариндошлар ўртасида аввалдан келишмовчиликлар бўлгани, марҳума Гулмира Шаханова Евгений Шахановнинг спиртли ичимлик истеъмол қилиши ва турмуш тарзи ҳақида танқидий фикрлар билдириб келгани, бу гаплар кейинчалик ўзаро тортишувларга сабаб бўлгани қайд этилган. Гувоҳларнинг кўрсатмаларида ҳам марҳума билан Евгений Шаханов ўртасида ўзаро низо бўлгани қайд этилган.
Судланувчининг суддаги кўрсатмаларига кўра, у ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилганидан сўнг аммасининг олдига борган, мақсади оиласига нисбатан айтилган гаплар юзасидан гаплашиб олиш бўлган.
Аммо бу кутилмаган ташриф фожиа билан тугаган.
Қарасаки, соат тун ярмини кўрсатаяпти. Ҳамма ухлаяпти: бир хонада Гулмира Шаханова, унинг ёнида эса икки ёш бола — Мафтуна ва Нигора ухлаб ётибди. Е. Шаханов ғараз мақсадини амалга ошириш учун аммаси Г. Шахановага ошхона пичоғи билан ташланади ва ожиз аҳволдаги аёлга 6 марта тиғ санчади. Бу хунрезлик оқибатида оғир тан жароҳати олган аёл воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади. Қотил эса қочиб, яширинади.
Вояга етмаган гувоҳлар — марҳума Гулмира Шаханованинг қизлари Мафтуна ва Нигоранинг кўрсатмаларига кўра, улар уйқудан кучли бақириқ овозидан уйғониб кетган, сўнг қоронғи хонада қора кийимдаги одамни кўрган, кейин у хонадан қочиб чиқиб кетган, марҳума эса, қонга беланган ҳолда ётган…
Судда Евгений Шаханов қилмишидан пушаймон эканини билдираркан, марҳуманинг яқинларидан кечирим сўради. Суд эса, унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги ва муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, маст ҳолатда жиноят содир этганини эса, оғирлаштирувчи ҳолат деб топди.
Лекин пушаймонликнинг ҳам ўз мавриди бўлади. Айрим пушаймонликлар эзгуликка эришиш имкониятидан кеч қолади. Аниқроғи, энди ҳеч қандай пушаймонлик Гулмира Шахановани ҳаётга қайтаролмайди. Қизлари онасининг меҳридан баҳраманд бўлолмайди.
Энг ёмони, қотилликка гувоҳ бўлган болалар ўша тунни бир умрга хотираларидан ўчира олмаслиги мумкин.
Инсоннинг энг катта ғалабаси рақибини енгиш эмас, балки ўз ғазабини жиловлашдир. Донишмандлар асрлар давомида инсонни айнан шу ҳақиқатга даъват этиб келганлар. Инсоннинг комиллиги ўзини тийиш, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва инсонийликни сақлаш билан белгиланади.
Қолаверса, бу воқеага фақат “қотил” ва “қурбон” деган икки тушунча орқали қараш ҳам етарли эмас. Чунки жиноят содир этган одам ҳам бир вақтлар ёш бола бўлган. Уни кимдир бағрига босган, кимдир биринчи марта қўлидан тутган, кимдир “ўғлим” деб меҳр берган. Қачондир унинг қалбида ҳам яхшилик ва ёмонлик ўртасида ихтиёрий танлов бўлган.
Демак, инсонийлик тарбияси — бир кунлик иш эмас. У аввало оилада бошланади: фарзандга айтилган ҳар бир сўз, унга кўрсатилган ҳар бир муносабат, катталарнинг бир-бирига бўлган муомаласи унинг келажакдаги маънавий қиёфасига ибратомуз таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ҳам, халқимиз “қуш уясида кўрганини қилади”, деб нақл қилади. Бу ҳикматнинг маъноси жуда теран: бола аввало эшитганини эмас, кўрганини ўрганади: агар уйда ўзаро меҳр бўлса, меҳрли бўлиб ўсади; агар уйда ҳурмат бўлса — ҳурматни, кечиримли муҳит бўлса — кечиришни ўрганади.
Мабодо уйда ҳақорат, адоват ва зўравонлик бўлса, унинг қалбида ҳам шу муҳит из қолдириши аниқ. Шунинг учун инсонийлик ҳақида гап кетганда, фақат жиноят содир бўлгандан кейин жазо ҳақида эмас, жиноятга олиб борувчи маънавий муҳит ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.
Суд ҳукмига кўра, Евгений Шаханов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Баъзан кимларгадир кўрсатилган меҳр ҳам жавобсиз қолиб кетар, бироқ яхшилик инсонни инсонлигича сақлаб қолади. Шундай экан, Ўрта Чирчиқда содир бўлган бу фожиа фақатгина бир оиланинг бахтсизлиги эмас. У барчамиз учун сабоқ бўлиши лозим.
Чунки инсонпарварлик катта минбарларда айтилган баландпарвоз сўзлардан эмас, ўзаро инсоний муносабатлардан бошланади: ота-она ва фарзандлар ўртасида; ака ва ука, умуман, барча туғишганлар, бир дастурхондан насиба еганлар орасида; қайнона ва келин муносабатларида; қўшнилар ҳамжиҳатлигида намоён бўлади.
Акс ҳолда, яъни инсонийлик сўнса, энг тинч хонадон ҳам хавф-хатарлар остида қолади. Инсонийлик туйғулари барқарор бўлса, энг оғир вазиятда ҳам кечириш, сабр ва раҳм учун йўл топилади.
Шундай экан, инсонийликни асрайлик. Чунки уни йўқотиш учун баъзан бир дақиқа кифоя, қайта тиклаш учун эса, бутун умр ҳам етмаслиги мумкин.
Саъдулла АШИРМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича
Ўрта Чирчиқ тумани суди раиси

