12 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНГАН ИНСПЕКТОР СУД ҚАРОРИ БИЛАН ИШГА ТИКЛАНДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни амалда кутилган самараларни бермоқда. Буни муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг оқланиши ҳамда ўз ишига тикланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шу ўринда фикримизнинг исботи тариқасида бир фуқаролик ишига эътибор қаратсак, Ҳусан Ниғматов 2009 йил май ойидан 2013 йилнинг февраль ойига қадар божхона идораларида турли лавозимларда фаолият юритиб келган. Аниқроғи, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона постининг “Юкларни божхона кўригидан ўтказиш, рўйхатга олиш ва расмийлаштириш гуруҳи инспектори” лавозимида хизмат қилган. Албатта, бу давр мобайнида Ҳ. Ниғматов зиммасига юклатилган вазифаларни белгиланган талаблар асосида бажарган.
Аммо 2014 йилда унинг бошига жиддий ташвиш тушади: жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2014 йил 19 ноябрдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 210-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топилиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Бунинг устига ҳали суд ҳукми эълон қилинмай туриб, тергов жараёнидаёқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади. Ваҳоланки, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида “Божхона органи ходимини эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш ҳақида жиноят иши бўйича суд қарори чиқарилганида у эгаллаб турган лавозимидан озод этилади ва аввалги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган қуйи ёки тенг лавозимга тайинланади ёхуд божхона органлари ихтиёрида қолдирилади” дея қайд этилган. Шунга қарамай, собиқ инспектор 2017 йил 7 декабрга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. Аммо…
Аммо Ҳусан Ниғматов ўзини айбсиз деб биларди. Бинобарин, сўнгги йилларда юртимизда кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширила бошлангач, у ҳимоячиси билан бирга Олий судга мурожаат қилади. Натижада Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2026 йил 15 январдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2014 йил 19 ноябрдаги ҳукми ва 2016 йил 9 августдаги апелляция инстанцияси ажримининг Ҳусан Ниғматовга тегишли қисми бекор қилинади ва у Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан, оқланади. Ҳ. Ниғматовга оқлангач, ўзига етказилган мулкий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.
Таъкидлаш лозимки, Тошкент вилояти судининг 2026 йил 10 июндаги ажримига биноан, Ҳусан Ниғматовга 576 339 038 сўм иш ҳақи, ўша пайтда суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилган 15 380 890 сўм, жами 591 719 928 сўм маблағ ундириб берилди. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2026 йил 12 майдаги ҳал қилув қарорига асосан эса, унга қонунга ҳилоф тарзда ҳукм этилиши оқибатида етказилган 350 000 000 сўм маънавий зарар ҳам ундирилди.
Шундан сўнг Ҳ. Ниғматов аввалги лавозимига тиклашни сўраб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги божхона қўмитасига мурожаат қилди.
Бироқ, қўмитанинг 2026 йил 24 февралдаги жавоб хати билан унинг мурожаати рад этилган ҳолда ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши тушунтирилади.
Шу боис собиқ инспектор фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритиб, Божхона қўмитаси раисининг 2014 йил 16 январдаги 2ш/т-сонли буйруғининг ўзига оид қисмини ғайриқонуний деб топиш ва бекор қилишни ҳамда ўз ишига тиклашни, шунингдек, ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилиши оқибатида мажбурий бекор юрган даврларини иш стажига қўшишни сўради.
Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 310-моддасига мувофиқ, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим, корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим. Бу қоида Меҳнат кодексининг 561-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
Реабилитация этилган шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.
Қисқаси, суд юқорида баён этилган ҳуқуқий асосларга таяниб, Ҳусан Ниғматовнинг даъвосини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Суд қарорига биноан, Давлат божхона қўмитасининг 2014 йил 16 январдаги 2 ш/т-сонли буйруғининг унга оид қисми ноқонуний деб топилиб, бекор қилинди. Энг муҳими, Ҳ. Ниғматов Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси “Навоий” чегара божхона пости юкларни божхона кўригидан ўтказиш, рўйхатга олиш ва расмийлаштириш гуруҳи инспектори лавозимига ёки унга тенг бошқа лавозимга ишга тикланадиган бўлди. Қолаверса, Ҳусан Ниғматовнинг лавозимидан бўшатилган кунидан то ишга тиклангунга қадар бўлган даври ихтисослик бўйича иш стажига қўшилиши белгиланди.
Халқимиз “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди” дея бежиз айтмаган. Ҳусан Ниғматов суд ҳукми билан оқланиб, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириб олгач ҳамда ишга тиклаш юзасидан киритган даъвоси суд томонидан қвноатлантирилгач, бу ҳикматнинг нечоғлик тўғри эканлигига яна бир карра амин бўлди. Аслида, Президентимиз томонидан судлар олдига қўйилган энг муҳим вазифа ҳам ҳар бир иш бўйича ҳақиқатни, адолатни юзага чиқаришдир.
Озода ШАМСИДДИНОВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Учтепа туманлараро суди судьяси

