Click to listen highlighted text!

ИСМИ – ҲАЛИМА, ТАҚДИРИ – МАТОНАТ ТИМСОЛИ

photo_2026-09-15_11-26-43

Инсон умрининг қадри унинг қандай яшагани, кимларга яхшилик қилгани ва ўзидан қандай из қолдирганида намоён бўлади. Ўзини ва ўзлигини англашга интилган киши бир саволга жавоб излайди: умрнинг моҳияти нимада?

Умр – гоҳ равон, гоҳ ўнқир-чўнқир йўллардан ўтадиган сафар. Бу йўлда инсон ҳар қадамда ўз виждони билан юзлашади. Қийинчилик қаршисидаги саботи, ўзганинг дардига эътибори ва ҳақиқатни ҳимоя қилишдаги жасорати унинг кимлигини намоён этади.

Инсоннинг ҳақиқий бойлиги – пок виждони, ҳалол меҳнати, одамларга кўрсатган меҳри ва ҳақиқат йўлидаги жасоратидир. Ана шу маънавий бойлик умрга мазмун бағишлайди.

Эзгуликка бағишланган бир кун ҳам одамлар хотирасида йиллар давомида яшаши мумкин.

Бурчга садоқат ва зиммасидаги масъулиятни виждонан адо этиш инсонни улуғлайди. Адолат тарозисини тўғри тутиш масъулияти юкланган киши учун бу фазилатлар бутун ҳаётнинг бош мезонидир.

Зеро, ҳар бир суд қарори ортида инсон тақдири, унинг орзу-умидлари, шаъни ва қадр-қиммати туради. Одил қарор инсоннинг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш билан бирга, одамларнинг адолатга бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлайди.

Умрини ана шундай масъулиятли ва шарафли хизматга бағишлаган матонатли аёл – Ҳалима Қодировна Муҳитдинова ҳақида ҳикоя қиламиз.

У кишининг ҳаёт йўлида адолатга садоқат, метин ирода ва инсонга меҳр бир-бирини тўлдириб, ибратли бир тақдирни яратган.

Бу улкан тақдирнинг маънавий илдизларини теранроқ англаш учун қаҳрамонимиз туғилиб ўсган заминга, уни улғайтирган оила ва муҳитга назар ташлаш лозим. Зотан, инсон қалбидаги эзгуликнинг илк уруғлари она юрт тупроғида, ота-она меҳри ва тарбияси билан униб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси архивида сақланаётган Ҳалима Муҳитдинованинг шахсий йиғмажилдида 1953 йил 9 июлда рус тилида ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳоли мавжуд.

Унда қаҳрамонимизнинг 1916 йил 1 январда Наманган вилояти Уйчи туманининг Бирлашкан қишлоғида туғилгани қайд этилган. 

Шу ўринда Ҳалима опанинг ушбу таржимаи ҳоли оддий бир маълумот эмас, балки қаҳрамонимизнинг машаққатли болалиги, ўта оғир дамлардаги масъулияти, билимга интилиши ва юксак давлат лавозимларигача босиб ўтган шарафли йўлини ўз овози орқали ҳикоя қилувчи бебаҳо тарихий ҳужжат эканлигини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Ҳалима Муҳитдинованинг осон кечмаган шарафли ҳаёт йўли, самарали меҳнат фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритиш, энг муҳими, у кишининг юксак инсоний фазилатлари, бошқаларга кўрсатган меҳру-муҳаббати, одамийлиги, ғамхўрлиги ва ниҳоятда баланд интеллектуал салоҳиятининг илдизларини излаб топиш ва теранроқ англаш мақсадида, Опа туғилиб ўсган юртга йўл олдик.

Наманган вилояти, Уйчи туманининг Ғайрат қишлоғига шу йил 22 июль куни эрта тонгда етиб бордик. Аҳоли тилида айни пайтда Наримонов участкаси деб юритиладиган бу қишлоқ илгари Бирлашкан қишлоғи деб аталган.

Опа туғилиб ўсган қишлоқда бўлганимизда, матонатли бу аёлни нафақат қавму-қариндошлари, балки қишлоқ аҳолисининг жуда кўпчилиги яқиндан билиши, у кишининг номини чексиз ҳурмат ва самимий ифтихор билан тилга олишининг гувоҳи бўлдик ва бундан ниҳоятда қувондик.

Ҳалима опа ҳақида сўз очилиши билан суҳбатдошларимизнинг кўзларида аллақандай чақин, юзларида илиқлик пайдо бўлар, гўзал хотиралари тилларига кўчгани сайин, мана шундай ҳурматли бир инсон билан бир қишлоқда туғилиб ўсганликлари улар учун қанчалик фахр эканини чуқур ҳис этиб борардик.

Зеро, инсоннинг асл тийнатини фақат эгаллаган лавозимлари, ижтимоий ҳаётда эришган ютуқлари ёки унга берилган китобий таърифлар белгилаб бера олмайди.

Унинг ким экани, аввало, ўзи туғилиб ўсган юрт, бирга улғайган инсонлар, меҳри ва ғамхўрлигини ҳис этган яқинлари берадиган баҳода намоён бўлади.

Шу маънода, ғайратлик юртдошларининг хотиралари Опанинг нафақат юксак салоҳиятли ҳуқуқшунос ва фидойи раҳбар, балки оқибатли қариндош, меҳрибон қишлоқдош ва камтар инсон бўлганини ёрқин очиб берди.

Ҳалима Муҳитдинова ҳаётининг салмоқли қисми пойтахт Тошкент шаҳрида ўтган. Камдан-кам инсонларга насиб этадиган турли масъулиятли лавозимлар:

Ўзбекистон Коммунистик Партияси Марказий қўмитаси котиби;

Ўзбекистон ССР Адлия вазири ўринбосари;

Ўзбекистон ССР Олий суди раиси ўринбосари;

Ўзбекистон ССР Олий суди раиси каби вазифаларда самарали фаолият юритган.

Бир сўз билан айтганда, серташвиш хизмат фаолияти ва катта шаҳар ҳаёти уни тақдир тақозоси билан туғилиб ўсган қишлоғидан анча олисга олиб кетган. Аммо бу олис масофа унинг оловқалби билан она қишлоғи ўртасидаги боғлиқликни заррача сусайтиролмайди.

Ҳалима опа учун Наримонов қишлоғи шунчаки бир туғилган манзил эмас, балки болалиги, илк орзулари, ота-она меҳри ва инсон сифатида шаклланишининг мустаҳкам илдизлари мужассам бўлган муқаддас маскан эди. Ҳалима опа умрининг охиригача қишлоғидан “қадами узилмагани” ҳам айнан шу садоқатнинг ёрқин ифодасидир.

Опа қанчалик юксак мансаб ва мартабаларга эришмасин, қандай масъулиятли лавозимларда ишламасин, ўзининг оддий қишлоқ фарзанди эканини ҳеч қачон унутмаган. Қавму қариндошлари билан алоқаларини сақлайди, қишлоқдошларига меҳр ва эътибор кўрсатади, туғилиб ўсган юртига бўлган муҳаббатини бир умр қалбида авайлаб келади.

Аслида, инсоннинг ҳақиқий юксаклиги фақат унинг қанчалик баланд лавозимларга кўтарилгани билан эмас, балки ўшандай мансабларда туриб ҳам, ўзининг тарихий илдизларига қандай муносабатда бўлгани билан ҳам ўлчанади. Ҳалима Муҳитдинованинг ҳаёт йўли шу ҳақиқатнинг ҳаётий тасдиғидир: у мансаб ва мавқени элу халқидан узоқлашиш учун эмас, инсонлар билан меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилдирадиган имконият деб билган. Шунинг учун ҳам ғайратликлар уни бугунга қадар фақат машҳур қишлоқдоши сифатида эмас, балки ўзларидан ҳеч қачон узилмаган, меҳрини аямаган азиз инсон сифатида ёдга олишади.

Шу ўринда дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматовнинг мазкур пурмаъно ҳикмати ёдга тушади: “дарҳақиқат, инсон туғилиб ўсган отаюртда тақдирга дастлаб пойдевор қўйилади. Муҳими – отаюртдан олган ва юқтирган нарсаларни қалб қўри билан илитиб, худди бол тўплаётган асалари мисоли юракка жойлаб олишинг керак.

Шубҳасиз, ҳар қандай инсоннинг дунёқараши бир кунда ёки бир йилда тўлиқ шаклланиб қолмайди: унинг қалбига муҳрланган қадриятлар, меҳнатга муносабати, бошқаларнинг дардига бефарқ бўлмаслик туйғуси, аввало, оила ва ўзи улғайган муҳит бағрида камол топади”.

Ҳалима опанинг умр йўли фақатгина ютуқ ва амалий натижалардан ёки эгалланган лавозимлардангина иборат эмас. Бу йўлда суронли даврнинг турли синовлари ҳам, тақдирнинг аччиқ имтиҳонлари ҳам, аёл қалбига оғирлик қиладиган ташвишлар ҳам бор эди. Аммо ҳаёт бу матонатли аёлни қанчалик синамасин, асло иродасини эга олмаган. Аксинча, ҳар бир машаққат Ҳалима Муҳитдинованинг бардошини мустаҳкамлайди, ҳар бир тўсиқ матонатини тоблаб боради, ҳар бир имтиҳон бу инсоннинг ҳақиқатга ва адолатга бўлган ишончини кучайтиради.

Инсон ҳаётида шундай бир ниҳоятда муҳим палла бўладики, унгача босиб ўтилган барча йўллар, енгиб ўтилган турли синовлар, орттирилган билим ва бой ҳаётий тажриба, гўёки, бир нуқтада бирлашади.

Ҳалима Муҳитдинова ҳаётида ҳам шундай бир ўта муҳим давр бор: Ҳалима опа болалигида кўп азоб-уқубатларни, айрилиқларни, ҳатто маълум бир муддат муҳтожликни ҳам бошидан ўтказган. Уруш йилларининг оғир синовларидан мардона яшаб ўтган.

Аммо буларнинг барчаси унинг ҳаётидаги энг масъулиятли давр – Ўзбекистон Олий суди раҳбариятидаги йигирма икки йиллик самарали фаолият учун катта ҳаёт мактаби вазифасини бажарган.

Бу масъулиятли йиллардан нақ ўн икки йили Олий суд раиси ўринбосари, кейинги ўн йили эса, Олий суд раиси сифатида кечган.

Шу ўринда бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлаш лозим: Ҳалима Муҳитдинованинг Олий суддаги фаолияти ҳақида фикр юритишда “фидойи ишлади”, “катта ҳисса қўшди”, “юксак обрў қозонди” каби умумий, қуруқ гап-сўзларга таянишдан осони йўқ…

Лекин тарих умумий гапдан кўра далилни яхши кўради. Бахтимизга, бу далиллар керагидан ортиқчаси билан бор…

Ўзбекистон давлат архивида сақланаётган Ҳалима Муҳитдинованинг шахсий йиғма жилдида унинг Олий суддаги фаолиятига дахлдор юзлаб фармойишлар, буйруқлар, тавсифномалар, шахсий варақалар, таржимаи ҳоллар, хизмат сафарларига оид ҳужжатлар ва бошқа ноёб материаллар сақланиб қолган.

Сарғайган бу саҳифалар орадан ярим асрдан зиёд вақт ўтиб, бугун бир мўътабар инсон ҳақида сўзламоқда.

Давлат архивида сақланаётган энг муҳим тарихий ҳужжатлардан бири – 1960 йил 1 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 791-сон Фармонидир.

Унда шундай қарор қилинган: Олий Советнинг навбатдаги сессияси тасдиқлагунга қадар Ҳалима Кадировна Муҳитдиновага Ўзбекистон ССР Олий суди раиси ўринбосари вазифасини бажариш юклатилсин.

Мазкур Фармонга ўз даврининг машҳур раҳбар аёлларидан бири, таниқли давлат ва жамоат арбоби Ёдгора Насриддинова имзо чеккан.

Орадан ўн икки кун ўтиб, 1960 йил 13 декабрда Олий суд раиси вазифасини бажарувчи Ш.Усмановнинг 228-сон буйруғи чиққан. Ушбу ҳужжатга кўра, Ҳалима Муҳитдинова 1960 йил 6 декабрдан Ўзбекистон ССР Олий суди штатига раис ўринбосари лавозимида қабул қилинган.

Буйруқнинг ҳуқуқий асоси сифатида ҳам Олий Совет Президиумининг юқоридаги фармони кўрсатилган. Ташқаридан бир қарашда, бу икки ҳужжат Олий суд тизимида навбатдаги кадрлар тайинланишига оид расмий қоғоздек кўриниши мумкин.

Аслида эса, улар Ҳалима Муҳитдинова тақдирида янги ва улкан бир даврнинг бошланганини тасдиқловчи тарихий гувоҳномалар эди.

Шубҳасиз, Ҳалима Муҳитдинова Олий суд раиси ўринбосари лавозимига қандайдир бир тасодиф билан келмаган. Айни шу вақтга келиб, Ҳалима Муҳитдинова ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда, адлия тизимида (вазир ўринбосари), давлат ва партия идораларида катта тажриба орттирган эди.

Айниқса, у кишининг 1949-1952 йилларда Ўзбекистон ССР адлия вазирининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлагани ҳам алоҳида эътиборга молик.

Кейинчалик хотин-қизлар билан ишлаш, тарғибот-ташвиқот ва ташкилий соҳалардаги раҳбарлик вазифалари уни “одамларни таниш”, кадрлар билан ишлаш ва катта жамоалар олдида масъулият ҳис қилишга ўргатганлиги — бор гап.

1964 йил 14 майда Ҳалима опага берилган расмий тавсифнома бу фик­римизнинг нечоғлик тўғри эканлигини исботлаб беради.

Энг аҳамиятлиси, ушбу тавсифномада унга қуйидагича баҳо берилган:

“Ўз ишини жуда яхши билади, юридик ва сиёсий жиҳатдан саводли, ишда принципиал…”

Бу ҳар қандай ходимга бериб келинадиган одатдаги мақтов сўзлари эмас эди. Уни Олий суд раиси, бошланғич партия ташкилоти раҳбарияти ва маҳаллий қўмита раиси имзолаган расмий тавсифнома тасдиқларди: “ишда принципиал”.

Айнан ана шу икки сўздан иборат таъриф Ҳалима опанинг кейинги бутун суд тизимидаги самарали фаолиятини тушуниш учун ўзига хос калит вазифасини бажаради. Ва шунинг баробарида бу аёлнинг энг муҳим ҳаётий тутумини ҳам кўрсатиб туради.

Арслон ЭШМУРОДОВ,

журналист

#thegov_button_6ab1e45296362 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab1e45296362:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6ab1e45296362 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6ab1e45296362:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!