Click to listen highlighted text!

ОЛИЙ СУД РАИСИ UNICEF ВАКИЛИ БИЛАН УЧРАШДИ

photo_2026-07-14_14-38-42

Олий суд раиси Робахон Махмудова БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижио билан учрашди.

Мулоқот аввалида меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадрини улуғлаган ҳолда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда улар туфайли одил судлов соҳасида юз берган катта ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилганлиги, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритилганлиги ҳамда аёллар ва болалар ҳимояси кучайтирилганлиги бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон, айниқса вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Шунингдек, сўнгги йиллар давомида Олий суд томонидан UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, хусусан болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишига доир бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўтказилган тадбирлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.

Бу соҳада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг Богота ҳаракатлар чақируви ҳамда Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянс доирасида олган халқаро мажбуриятлари ижросига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 3 мартида қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармонда эса судлар олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилди.

2024 йил 1 февралдан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган “Оила судьялари” институти жорий этилиб, бугунги кунда улар барча ҳудудларда фаолият юритмоқда.

UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 18 февралда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хона ташкил этилганлиги алоҳида қайд қилинди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорликда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида келгусида амалга ошириш мумкин бўлган масалалар ҳақида фикр алмашди.

Шу ўринда ўзаро ҳамкорликни тизимли ва институционал босқичга олиб чиқиш мақсадида Олий суд ва UNICEF ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва миллий қонунчиликда судларга юклатилган вазифалар ижроси бўйича қўшма чора-тадбирларни қамраб оладиган ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва имзолаш таклифи билдирилди.

Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш масаласи доимо Олий суднинг диққат-эътиборида эканлиги алоҳида қайд этилиб, ушбу йўналишда UNICEFнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳар томонлама ва амалий ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

#thegov_button_6a5aa19c117aa { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5aa19c117aa:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6a5aa19c117aa { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6a5aa19c117aa:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); }
Skip to content Click to listen highlighted text!