Click to listen highlighted text!

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИМИЗНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ КАФОЛАТИ

photo_2025-12-15_17-00-37

Мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-ҳуқуқий давлат сифатида демократик ривожланиш йўлини танлаганлигини бутун жаҳонга яққол намойиш этди. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари конституциявий жиҳатдан кафолатланган юртнинг иқболи порлоқ, тараққиёт одимлари жадал ва салмоқли, фаровонлик кўрсаткичи юқори бўлиши табиийдир.

Асосий Қонунимизда бу борадаги ҳуқуқий нормалар янада ёрқин акс эттирилди. Унга кўра, демократик тартиб-таомилларни амалда таъминлаш, ҳуқуқий омилларни кафолатлаш ва ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ вазифаларнинг салмоқли қисми судлар зиммасига юклатилди.

Бинобарин, демократиянинг асосий мақсадларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бу борадаги нормаларнинг бутун мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри ва ҳамма жойда бирдай амал қилишини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий шартларидан бири эканлигини назарда тутиш даркор. Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – унда акс этган меъёрларнинг шахс–жамият–давлат муносабатларида бевосита қўлланилишидир.

Асосий Қонунимизнинг 15-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Бу эзгу мақсадларнинг амалдаги рўёби халқимизнинг Конституция ва қонунларга бўлган ҳурмат-эътибори ва унга нисбатан итоаткорлик туйғуларини мустаҳкамлабгина қолмасдан, халқаро майдондаги обрў-нуфузини ҳам сезиларли даражада оширади.

Конституциямизнинг 31-моддасига асосан, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бинобарин, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун конституциявий нормаларга бевосита мурожаат қилган ҳолда, давлат бошқаруви органлари ва судга мурожаат қилиши мумкин.

Бу борада судларга алоҳида катта ваколат берилди. Унга кўра, суд конституциявий нормаларни тўғридан-тўғри, қўшимча миллий қонунчиликка эҳтиёж сезмасдан қўллайди.

Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш амалиёти фуқароларни давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатларидан ҳимоя қилади. Яъни ушбу норма шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган тақдирда, уларни одил судлов орқали адолатли ва самарали тарзда ҳимоя қилиш имкониятини янада оширади.

Шу муносабат билан Олий суд Пленумининг 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг яна бир муҳим бурилиш нуқтасига айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Мазкур қарор талабларини амалда бажариш йўлидаги муҳим қадамларни вилоятимиз судлари фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.

Конституциямизнинг 28-моддаси 2-қисмида айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган. Асосий Қонунимизнинг ушбу талаби Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми бўйича жавобгарликка тортилган фуқаро Меҳриддин Сайидовни (исм-шарифлар ўзгартирилган) оқлаш учун асос бўлди.

Суд мажлислари асносида М. Сайидовга тақалган айб асоссиз экани аниқланди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди айбланувчининг хатти-ҳаракатларида қонунбузарлик аломатлари мавжуд бўлмагани боис унга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди асосида оқлов ҳукмини чиқарди.

Яна бир ҳаётий мисол: фуқаро Моҳира Мадраҳимованинг вояга етмаган 3 нафар фарзандига ҳозирда бирга яшамаётган турмуш ўртоғи Умид Оллоназаровдан таъминот маблағи ундиришга қаратилган аризаси фуқаролик суди тарафидан қаноатлантирилди. Мурожаатни ўрганиш чоғи Конституциямизнинг бола тарбиясига оид 78-моддасида аксини топган нормалар назарда тутилди.

Суд фарзандлар тарбияси учун биринчи галда ота-она, қолаверса, давлатнинг ўзи ҳам масъул эканлигини қайд этар экан, уч нафар кичкинтойнинг моддий таъминоти учун ғамхўрлик қилишни, яъни қонунда белгиланган миқдорда алимент пули тўлаш мажбуриятини ота бўлмиш У. Оллоназаровнинг зиммасига юклади.

Шунингдек, Конституциямизнинг 55-моддаси 5-бандида: “Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”, деб белгиланган норма иқтисодий суднинг даъвогар Комилжон Матмуродов ва маҳаллий ҳокимлик ўртасида жами 45,7 миллион сўм қийматидаги мерос мулк бўйича келиб чиққан низони бартараф этиш гаровига айланди.

Суд томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига биноан, даъвогарнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилди. Юқоридаги миқдордаги компенсация пулини даъвогарга тўлаш ва ушбу мажбуриятни жавобгарнинг зиммасига юклаш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Зеро, Олий суд Пленумининг тегишли қарори қабул қилинганидан буён ўтган салкам 2,5 йил мобайнида вилоят, шаҳар ва туман фуқаролик судлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига доир жами 10 минг 255 та, Иқтисодий судларда 21 минг 649 та, жиноят ишлари бўйича судларда эса, 18 минг 716 та суд ишлари кўриб чиқилди.

Муҳими, бу каби мисоллар Конституциямизнинг нақадар катта куч ва қудратга эканлигини аниқ-равшан тасдиқлаб турибди. Буларнинг барчаси мамлакатимиз Қомуси халқ, давлат ва жамият тараққиёти, нурли истиқболи, тўкин-сочинлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг гарови сифатида майдонга келганидан далолат беради.

Шуҳрат Камолов,

Хоразм вилояти

суди раиси

 

#thegov_button_69425a6a9a4fe { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69425a6a9a4fe:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69425a6a9a4fe { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69425a6a9a4fe:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!