НОҲАҚЛИККА УЧРАГАН ХОДИМ АПЕЛЛЯЦИЯ СУДИДА ОҚЛАНДИ

Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишга масъул тизим — ички ишлар идораларидир. Бинобарин, ҳамюртларимиз орасида мазкур шарафли касбни танлаганлар жуда кўп.
Шундай инсонлардан бири андижонлик Авазбек Абдураҳмонов олий маълумотли бўлгач, 2010 йилда ички ишлар идоралари сафига ишга киради. Сўнгра вилоят ички ишлар бошқармаси тизимида турли лавозимларида фаолият юритди. 2023 йил февраль ойида эса, Андижон вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2-туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади.
Шундан сўнг А. Абдураҳмонов янада масъулият билан хизмат қила бошлайди. Фуқароларга миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини, автотранспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, тақиққа олиш ва чиқариш, суд қарорларига асосан ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларни қайд этиш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўқотган фуқароларни қайта малака имтиҳонларини топширишга йўналтириш каби вазифаларни сидқидилдан бажариб келади. Аммо…
Аммо 2024 йил охирларида турли айбловлар билан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани судининг 2025 йил 26 июндаги ҳукми билан Авазбек Абдураҳмонов жиноий жавобгарликка тортилади.
Суд ҳукмига кўра, А. Абдураҳмонов Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларини бузиб, фуқаролар Ш. Назаров, И. Ҳабибуллаев ва С. Маҳмудовга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини тайёрлаб берганликда айбланган.
Шу боис биринчи инстанция суди уни Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 57 ва 59-моддалари тартибида 1 йил мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимлари ва ички ишлар идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 55 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.
Бироқ А. Абдураҳмонов бундан норози бўлиб, ҳимоячиси билан бирга Андижон вилоят судига апелляция шикояти бидан мурожаат қилади.
Чунки у ўзини айбсиз деб биларди.
Дарҳақиқат, апелляция суди мажлисида А. Абдураҳмоновнинг айбсизлиги аён бўлди. Гап шундаки, жиноят ишини тергов қилишда ҳамда биринчи инстанция судида кўришда А. Абдураҳмоновнинг хатти-ҳаракатлари натижасида жиноий ҳодиса юз берган-бермаганлиги синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширилмасдан судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаш чоралари кўрилмаган.
Натижада Жиноят-процессуал кодексининг 82-моддасида назарда тутилган, жиноятнинг ҳукм қилиш учун асос бўлиб ҳисобланадиган тўлиқ доираси, тафсилотлари, усули, сабаб ва мақсадлари аниқланмаган.
Бундан ташқари ҳукмда суднинг судланувчига нисбатан хулосасига асос бўлган далиллар ва бошқа далилларни рад этиш сабаблари ёритилмаган.
Судланувчининг кўрсатмалари, ҳар бир далилнинг ишга алоқадорлиги мақбуллик ва ишончлилик нуқтаи назаридан баҳоланмаган.
Қолаверса, жиноят иши ҳужжатларида айнан А. Абдураҳмонов томонидан ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш билан боғлиқ жиноят содир этилганлиги ҳақида гувоҳ ёки бошқа судланувчиларнинг кўрсатмалари мавжуд эмас.
Биринчи инстанция судининг ҳукми учун асос қилиб олинган у билан инспектор М. Олимов ўртасида дастлабки тергов жараёнида ўтказилган юзлаштириш баённомаси апелляция инстанциясида қайта текширилди ва юзлаштириш жараёнидаги кўрсатмаларга асосан номақбул далил деб эътироф этилди.
Жиноят-процессуал кодексининг 485-моддасида ҳукмда, ажримда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ эмаслиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида ҳукмни, ажримни бекор қилиш ёки ўзгартиришга асос бўлиши кўрсатилган. Ана шу асосларга таянган Андижон вилояти суди жиноят ишлари бўйича Пахтаобод тумани суди ҳукмининг Авазбек Абдураҳмоновга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади.
Апелляция судида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Хулоса шуки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кутилган самараларни бермоқда. Бу муҳим омил, ўз навбатида, “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодасини таъминлаб, фуқароларнинг одил судловга ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Фурқатжон СОБИРОВ,
Андижон вилояти суди судьяси

