Click to listen highlighted text!

РАСМИЙ АХБОРОТ

photo_2024-02-26_15-33-00

Бугун, 2024 йил 26 февраль куни, Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра:

Сингх Рагвендра Пратап (1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,209-моддаси 1-қисми билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2, 3-бандларига асосан оқланди. Сингх Рагвендра ПратапЖиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди.

Б. Камбаралиев (1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Мирзаахмедова (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н. Мирзаахмедовага нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Э. Мирзаахмедов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С. Кариев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Азимов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Н. Мусаев (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Г. Салиева (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Шодманов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ж. Эркиний (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 212-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

С. Саидов (1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж. Шамшетов (1991 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган), А. Джалилов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган,  “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакопея қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган) ва Г. Халилова (1963 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси етакчи мутахассиси) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Г. Болтабаева (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

М. Хамдамов (1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. М. Хамдамов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 2 йил 10 ой 1 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Холмуродов (1992 йилда Навоий вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Холмуроодов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 4 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Шукуруллаева (1988 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Н. Шукуруллаева Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми “а” банди, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 110 баравари миқдорида, яъни 33 000 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят кодекснинг 62-моддасига асосан 17 190 000 сўм жарима жазоси қолдирилиб, тайинланган жаримани давлат фойдасига ундириш белгинади.

Ш. Абдуганиев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган), Ф. Файзиев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) ва И. Мирзаёқубов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Абдуганиев, Ф. Файзиев ва И. Мирзаёқубов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.


Ф. Талипов (1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси, Фармакология қўмитаси бош мутахассиси лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Ф. Назаров (1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Origin Solution” ва “Medreg” МЧЖлар директори) Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н. Мирзаахмедова, С. Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Судланувчи Ш. Шодмановдан олган пора миқдори қиймати – 881 814 000 сўмни, судланувчилар А. Азимов ва Н. Мусаевдан солидар тартибда – 93 810 000 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига жиноят доирасида етказилган моддий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Сингх Равендра Пратап, Б. Камбаралиев ва Э. Мирзаахмедовдан солидар тартибда 5 420 177 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

#thegov_button_6751573e1e972 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6751573e1e972:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6751573e1e972 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6751573e1e972:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!