Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-08-18_08-34-06

ТУПРОҚҚА КЎМИЛГАН АЖАЛ

Касбинг зийнатинг бўлсин, уни шу Ватан, шу халқ равнақи ва саодати йўлида сарфла. Акс ҳолда… у сени чоҳга тортади.

Лола Зайниева – 25 ёшда, бўлажак геолог, пойтахтдаги номдор университетнинг геология факультети учинчи босқич талабаси. Бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этгани учун 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган. Жазонинг ярмидан кўпроғи ҳали ўталмаган.

Комила Зайниева – 27 ёшда, Лоланинг опаси. Ўша факультетнинг 1-босқич талабаси.

Даврон Аҳадов – 19 ёшда, маълумоти ўрта-махсус. Комиланинг таниши.

Лола, нима бўлди-ю, телеграмм орқали россиялик Зина исмли аёл билан танишиб, қисқа вақтда апоқ-чапоқ бўлиб кетди. Айниқса, Зинанинг суратларига боқиб, унинг мўмай даромад топувчи замонавий аёл экани диққатини тортди. Янада яқинроқ танишишни истади.

– Қандай иш билан шуғулланасиз, сир бўлмаса? – сўради у Зинадан.

– Жуда масъулиятли, аммо сердаромад иш, – деди Зина. – Истасангиз, сиз ҳам шуғулланишингиз мумкин, йўл-йўриқларини кўрсатаман.

У шундай дея “сердаромад иш”нинг номини ёзиб, уни Телеграмдан “излов” буйруғи орқали ўзи топиб олишини тайинлади. Суҳбатлари тугаши билан Лола Зина айтган манзилни тармоқдан излай бошлади. Мана, топди! Рўйхатдан ўтиш керак экан, ўтди!

Сал ўтмай телефон рақамига қўнғироқ бўлди ва қўнғироқ қилган кимса бу “иш”ни бошлашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши, чунки ўта хавфлилиги, лекин эҳтиёткорлик билан шуғулланса, тез орада катта фойда кўришини айтди.

– Қарорим қатъий, – деди Лола. – Вазифаларимни тушунтиринг!

Барчаси тушунтирилди: вазифаси, ишлаш тартиби, вақти, хизмат ҳақи…

Ҳатто унга алоҳида бошлиқ ҳам тайинланди. Лола келгусида топшириқни ана шу бошлиқдан олади ва унинг кўрсатмалари асосида иш юритади, унинг рухсатисиз ортиқча бир қадам ҳам ташламайди. Лолани ижтимоий тармоқда аввалдан мавжуд бўлган бир гуруҳга қўшиб қўйишди. Ўзаро жиноий гуруҳ ҳисобланмиш бу “ҳамкасблар” топшириқни шу ердан олишади ва бажаришади. Маошлари эса, уларнинг электрон ҳамёнларига ўтказилади.

Қисқаси, Лола тайёрлов босқичидан ўтгач, бошлиқдан хабар келди: “Сенинг асосий вазифанг – Телеграм орқали юборилган манзилларга бориб, кўмиб қўйилган яхлит “товар”ни топиб олиш, уни турли оғирлик ва ҳажмдаги бўлакларга бўлиб, қайта қадоқлаш ва келгусида интернет тармоғи орқали сотишимиз учун бизнинг кўрсатмамиз бўйича Тошкент шаҳри ва вилояти туманларидаги ҳудудларга қайта кўмиб чиқишдан иборат! Иш вақти тонгги соат 4.00 дан кундузги соат 11.00 гача”. Ва унга илк вазифасини амалга оширадиган манзиллар рўйхати ҳам юборилди.

Тошириқни қабул қилиб олган Лола синглиси Комила билан бирга Давроннинг “Спарк” русумли автомашинасида Бўстонлиқ тумани сари отланишди. Тонгги соат 4 да ўша манзилга етиб боргач, “ҳамкасблари” томонидан кўмиб кетилган “товар”ни қазиб олишди. Сўнг оғирлиги 100-150 грамм миқдоридаги қадоқланмаган синтетик гиёҳвандлик воситасини ижара уйига олиб келишди. Кейин эса, гиёҳвандлик воситасини кичик-кичик бўлакчаларга бўлишди ва қадоқлашгач, Телеграм орқали хабар жўнатди. Орадан кўп ўтмай бошлиқ қадоқланган гиёҳвандлик воситаларини кўмиб келиш учун янги “локациялар” юборди. Яна учовлон тун қоронғусида йўлга тушишди ва бу гал қадоқланган гиёҳвандлик воситаларини Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларидаги тегишли ҳудудларга кўмиб чиқишди.

Кундан кунга жўнатмалар вазни ҳам, унга тўланадиган ҳақ миқдори ҳам ортиб борарди. Лола май ойида нотаниш шахсдан навбатдаги жўнатма – 3 дона қоғоз қутини қабул қилиб олди. Жўнатмада сув насоси бўлиб, унинг ичида қоғозга ўралган 700 дона таблетка, 300-400 грамм гиёҳвандлик воситаси жойланган эди. Кўрсатмага биноан, учовлон аввал таблеткаларни майдалаб кукун ҳолига келтиришди. Сўнг оздириш учун ишлаб чиқарилган воситаларнинг капсулаларини бўшатиб, ўрнига гиёҳвандлик воситасини жойлашди-да, бошлиқ айтган жойларга кўмиб келишди. Бу манзилларнинг аксарияти олий ўқув юртлари, мактаб ва коллежлар бинолари жойлашган ҳудуд атрофи эди…

Ҳамтовоқлар ишлари бароридан келаётгани ва мўмайгина даромад топишаётганидан хурсанд эдилар.

Кейинги сафар янада катта миқдорда “товар” келди: ҳамтовоқлар Олмазор туманидан Тошкент тумани Ҳасанбой шаҳарчасигача тасвирланган манзилдан “товар”ни олиши керак эди. Опа-сингил Даврон бошқарувидаги уловга ўтириб, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги “Фаввора” қаҳвахонаси ёнидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг орқа тарафидаги майдонга етиб боришди. Режага кўра, опа-сингиллар автомашинада кутиб турадиган, Даврон эса, юкни топадиган бўлди. Даврон уловдан тушди, Телеграмдаги “локация” бўйича ҳаракатланиб, бинодан 50 метрлар наридаги далада, ўтлар орасига кўмиб қўйилган “товар”ни қийналмай топди. Полиэтилен пакетга жойланган гиёҳвандлик воситасининг вазни 3,9 килони ташкил этарди.

“Товар мўл-ку! – деди Даврон ўз-ўзига хурсандлигини ичига чиғдиролмай. – Демак, даромади ҳам зўр бўлар экан-да!”

Аммо унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Гиёҳвандлик воситасини ҳали ердан олишга улгурмай туриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди. Шу тариқа кўплаб ёшлар, хусусан, талабалар, ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналарини тубсиз жарликка ғарқ этиши мумкин бўлган оғунинг тарқалиши олди олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбир давомида фош бўлган ушбу модда республикамиз ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳванд воситалари туркумига кириши аниқланди.

Жиноятга жазо муқаррар. Суд ишни батафсил кўриб чиқиб, Лолага муқаддам тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, Комила — 6 йил, Даврон эса, 10 йил муддатга озодлик деган бахтни туймайдиган бўлишди.

Умид қиламизки, бу жазо ҳамтовоқлар қилмишлари нақадар жирканч ва тубан эканини тушуниб етиши, хатоларидан тўғри хулоса чиқариш учун сабоқ бўлади. Зеро, жиноятга жазо тайинлашдан асосий мақсад ҳам шу, аслида. Тафсилотларимиздан ниятимиз эса, барчани янада ҳушёрликка чорлаш, аср вабоси бўлмиш гиёҳвандликка, унинг бугунги тезкор ахборот майдонидаги учқур ҳаракатига қарши ҳар биримиз курашишимиз ва бу борада янада жипс­лашишимиз зарурлигини уқтиришдир.

Ғафур АМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нурафшон шаҳар суди раиси

photo_2025-08-15_12-11-56

ОЛИЙГОҲДАГИ ҚИНҒИРЛИК ОХИР-ОҚИБАТ ФОШ БЎЛДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида кенг кўламли ислотҳотлар амалга оширилди. Натижада олийгоҳлар сони аввалгига нисбатан салкам 4 карра ошди. Ўқишга киришда шаффофлик таъминланди. Мавжуд мутахассисликлар мақбуллаштирилди. Ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

Албатта, бу янгиланиш ва ўзгаришлар ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни комил инсонлар сифатида вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Аммо ҳаётда бундай эзгу мақсадлардан ўзларининг чиркин мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётган кимсаларнинг учраши жуда афсусланарлидир.

Масалан, Андижон давлат университети ректори Акрамжон Юлдашев бундай кенг имкониятларнинг қадрига етиб, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, муассасанинг маънавий ва илмий салоҳиятини юксалтириш ўрнига бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудов ҳамда унинг гумашталарига шерик бўлди.

Оқибатда ректор, бош ҳисобчи, унинг ўринбосари Ҳамидулло Шарипов, молия-режа бўлими бошлиғи Лутфулло Солиев, университет бош аудитори Дилшод Абдимўминов, ҳисобчилар – Искандарбек Исроилов, Исроилжон Меҳмонов, Абдураҳим Ғанижонов, Убайдулло Мамиров, Ҳикматилло Каримов, ғазначи Шуҳратбек Мамажонов, ўқитувчи Аъзамжон Ҳамрақулов ва ишлар бошқармаси бошлиғи Нодирбек Рўзибоевлар гўёки ўзларини хазиналар оролига тушиб қолгандек ҳис қилишди.

Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 18-бандида тўлов-контракт асосида таълим олаётган, ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари фақат “аъло” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабалар стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида жамғарма ҳисобидан рағбатлантирилиши белгиланган. Аммо юқорида исм-шарифлари қайд этилган жиноий гуруҳ аъзолари 2019-2023 йиллар мобайнида стипендия тайинлаш тўғрисидаги буйруқларга барча талабалар аъло баҳога ўқиётганлиги тўғрисидаги сохта маълумотларни киритишган. Гарчи стипендиялар банк пластик карталари орқали тўланган бўлса-да, нақд пул шаклида тарқатилганлиги бўйича сохта тўлов варақалари тузиб, рағбатлантирилган талабалар сонини сунъий равишда оширишган. Бу ҳам етмагандек, талабаларнинг имзоларини қалбакилаштириб, нақд пулларни талабаларга тарқатмасдан 98 миллиард 819 миллион сўм бюджет маблағини талон-торож қилишган.

Жиноий гуруҳ томонидан талабаларнинг имзоларини қалбакилаштириш, такроран сохта тўлов варақалари тузиш 2021 йил 1, 2, 3 ва 9 декабрь кунлари ҳам содир этилади. Бунинг натижасида 7 миллиард 538 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2013 йил 19 мартдаги “Олий таълим муассасаларида касса операциялари устидан назоратни янада кучайтириш тўғрисида”ги 87-сонли буйруғида олийгоҳларда нақд пул тарзидаги контракт тўловлари фақат банк муассасалари ёки муассасаларда ташкил этилган банк шаҳобчалари орқали қабул қилиниши белгиланган. Аммо жиноий гуруҳ аъзолари А. Маҳмудов, И. Исроилов, Х. Шарипов, А. Юлдашев, Д. Абдимўминов, И. Меҳмонов, А. Ғанижонов, У. Мамиров ва Х. Каримов 2019-2023 йиллар давомида талабаларнинг “UzАSBО” дастурий мажмуасида шакллантирилган тарихига гўёки пул маблағлари тўланганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритган ҳолда 14 миллиард 408 миллион сўмни ўзлаштиришади. Буни қарангки, жиноий гуруҳ аъзоларининг нафси шунчалик ҳакалак отиб кетганки, улар талабларнинг стипендияси ва контракт маблағларига қаноат қилмай қўйишган. Аниқроқ айтганда, улар талабаларнинг ётоқхона учун тўловларига ҳам кўз олайтиришган. Қарабсизки, 2019-2023 йиллар мобайнида талабалар томонидан тўланган 2 миллиард 663 миллион сўм миқдоридаги турар-жой ижараси маблағларини расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш ва сохта ҳисоботлар тузиш йўли билан талон-торож қилишган.

Бундан ташқари жиноий гуруҳ аъзолари 2021 йил 22 апрелдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддаси талабларини ҳам бузишади. Қонуннинг ушбу моддасида давлат харидлари қийматини бозор нархларига мувофиқлигини баҳолаш учун давлат буюртмачиси очиқ ахборот манбаларидаги ахборотлардан ёки бошқа ишончли манбалардан фойдаланиши қайд этилган. Жиноий гуруҳ томонидан аслида ҳеч қандай маҳсулот етказиб бермаган ва хизмат кўрсатмаган, университет ғазначиси Шуҳратбек Мамажонов раҳбарлигидаги “Азиза-Асилбек Люкс” масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига 545 миллион 193 минг сўм маблағни ортиқча ўтказиб бериш йўли билан ўзлаштиришган.

Устамонликни қарангки, жиноий ҳамтовоқлар 2022-2023 йиллар давомида жиноий фаолиятидан олинган даромадларини легаллаштиришни ҳам унутишмаган. Жумладан, бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудов жиноий шериклари, таниш-билишлари ва “Азиза-Асилбек Люкс” масъулияти чекланган жамияти номига “BMW Х7”, “ONIX”, “LACETTI”, “COBALT” русумли 7 та автомашина харид қилган. 2023 йил 10 октябрь куни эса, ўғли О. Маҳмудовнинг таниши Ш. Пирматов номига “Анорбанк” акциядорлик жамиятида очилган банк пластик картасига “бор-йўғи” 6 миллиард 621 миллион сўм маблағни ўтказиб олган. Оқибатда жиноий фаолиятдан топилган 9 миллиард 652 миллион сўм маблағни легаллаштирган.

Нафси ҳакалак отган кимса ҳатто ҳомиладор аёлларнинг ҳақидан ҳам қўрқмас экан. Нега деганда, университет ректори Акрамжон Юлдашев, бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудов ҳамда жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган Х. Эгамов билан жиноий тил бириктириб, 3 нафар аёл ходимга ҳомиладорлик ва туғруқ таътили пулларини бериш учун асос бўлган иш ҳақларини асоссиз тарзда ортиқча ҳисоблаб, 10 миллион 863 минг сўмни талон-торож қилишган.

Айтиш жоизки, Меҳнат кодексининг 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган таҳрири 299-моддасида “Интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан, касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди” дея таъкидланган. Аммо ректор, бош ҳисобчи ва ёшлар ишлари бўйича проректор А. Ҳамроқулов 2021-2022 йиллар мобайнида амалда интизомий жазоси бўлган 32 нафар ходимни моддий рағбатлантириш бўйича буйруқ чиқариб, уларга жами 169 миллион 704 минг сўм миқдоридаги маблағни асоссиз ва ортиқча тўлаб юборишган.

Судда аён бўлишича, фуқаро Евгений Кулюкин узоқ йиллар мобайнида бош ҳисобчи А. Маҳмудовнинг хонадонида ишлаб келган. Лекин ректор, бош ҳисобчи ва жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган ҳисобчи А. Латипов университет ректорининг 2015 йил 10 декабрдаги 125-к сонли буйруғи билан уни ҳовли супурувчи вазифасига ишга қабул қилишган.

Сўнгра сохта табелларни тузиб, 2022 йил 1 июлга қадар Е. Клюкин номига ёзилган 108 миллион 685 минг сўм миқдоридаги иш ҳақини ўзлаштиришган.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, Андижон давлат университетида ин қурган жиноий гуруҳнинг кирдикорлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фош этилди. Бинобарин, жиноий гуруҳнинг юқорида тилга олинган 13 нафар аъзосига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди ушбу ишни кўриб чиқди. Суд А. Юлдашев, А. Маҳмудов, Ҳ. Шарипов, Л. Солиев, Д. Абдимўминов, И. Исроилов, И. Меҳмонов, А. Ғанижонов, У. Мамиров, Ҳ. Каримов, Ш. Мамажонов ва А. Ҳамрақуловни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Шунингдек, судланувчилардан университетга етказилган зарарнинг қопланмаган қисмини ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, нафс имон-иродаси бўш инсонни ўз домига шундай тортадики, гўёки кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Бироқ нуфузли олийгоҳнинг обрў-эътиборли мансабдор ва масъул шахслари бу ҳақиқатни англаб етишмади.

Яна бир гап. Университет — муқаддас даргоҳ. Унда қандай мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланишидан қатъи назар, жамоа зиммасида катта масъулият бўлади. Ректордан тортиб, то оддий ўқитувчигача буни ҳис қилиши шарт. Аммо “қаҳрамон”имиз – Андижон давлат университети ректори жиноий гуруҳга қўшилиб, фикр-хаёли чўнтагини қаппайтириш бўлгандан кейин таълим муассасасидаги таълим-тарбия жараёнига, албатта, путур етган. Афсуски, бундай маънавий йўқотиш ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Андижон вилояти суди раиси ўринбосари

photo_2025-03-14_15-55-51

ЕР УЧАСТКАЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ МЕХАНИЗМЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ерларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ айрим ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса, ўз навбатида, айни соҳада давлат назоратини янада кучайтиришни тақозо этади.

Прокуратура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ваколатли давлат органлари томонидан жойларда ер тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси ўрганилганда, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, улардан ноқонуний фойдаланиш ва сотиш, кадастр ҳужжатларини сохталаштириш, аукцион савдоларига сохта маълумотлар киритиш орқали ер участкаларини қўлга киритиш каби қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Бу борада Президентимиз томонидан 2024 йил 15 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун алоҳида аҳамиятга эга.

Қонунда ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши, шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби жиноятлар прокуратура органларининг терговига тааллуқлилиги алоҳида белгилаб қўйилди.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги учун, агар худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, ушбу кодекснинг 229-1-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари санкциясидаги жавобгарлик чоралари тегишинча, беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан кучайтирилди.

Жиноят кодексининг ер бериш тартибини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 229-4-моддасига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Яъни ер бериш тартибини бузиш жинояти учун, агар шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-4-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари санкциясидаги жавобгарлик чоралари тегишинча, бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан кучайтирилиб, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, шундай жиноятнинг содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиши белгиланди.

Шунингдек, ерга оид қонун бузилиши ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси иккинчи қисми билан ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинса, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг — ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса, етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу Кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмига биноан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишлари амалга оширилса, фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдорининг — икки юз баравари, мансабдор шахслар эса, тўрт юз баравари миқдорида жаримага тортилади.

Шу билан бир қаторда, қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекс ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи янги 23-2-боб билан тўлдирилди.

Илгари бу борада фуқаролик ва иқтисодий ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун 10 кун, ишларни судда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун 30 кун, қабул қилинган ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши учун яна 20 кун вақт талаб этилар эди. Битта ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги суд ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши ва ижрога қаратилиши 80 кун муддатни ташкил қиларди.

Муддатларнинг бундай узоқ белгиланганлиги ноқонуний қурилиш бошланган вақтда аниқланган тақдирда ҳам, суднинг ҳал қилув қарори ваколатли ижро органига келиб тушгунига қадар ушбу қурилишнинг давом эттирилишига шароит яратилиб, келгусида унинг бартараф қилинишида муайян қийинчиликларни келтириб чиқарарди.

Шу боис, юқорида қайд этилган қонун билан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва бундай ер участкаларида қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бош­қа кўчмас мулк объектларини бузиш бўйича ишларни қисқартирилган муддатларда кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларини қайтариш ва бундай ер участкаларида қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш бўйича ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш тизими жорий этилганлиги ҳамда судларда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида, бундай ишлар бўйича даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати аниқ қайд этилди.

Бундай ишларни судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бир неча ҳолатларда яққол намоён бўлади:

биринчидан, иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади;

иккинчидан, жавобгар ёки унинг вакили томонидан даъво аризаси юзасидан имзоланган ёзма фикр даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга, асосланаётган ҳужжатлар ва далиллар илова қилинган ҳолда, тақдим этилиши мумкин ва унга ёзма фикрнинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома ҳам илова қилинади;

учинчидан, даъво аризасининг судга юборилиши тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди;

тўртинчидан, бундай иш бўйича келишув битими ёки медиатив келишув тузилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилганда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида, ушбу кодексларда назарда тутилган маълумотлардан ташқари, қайтарилаётган ер участкасининг майдони ва жойлашган жойи (манзили), ер участкаси тасарруфига қайтарилаётган давлат органи ҳам кўрсатилиши лозим.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантирилганда эса, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ушбу кодексларда кўрсатилган маълумотлардан ташқари ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг манзили ва тавсифи, бузилиши лозим бўлган иморат ҳам кўрсатилиши керак. Агар ушбу талаблар биргаликда билдирилган ва улар қаноатлантирилган бўлса, у ҳолда, суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида юқорида кўрсатилган маълумотлар қайд этилади.

Суднинг ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради.

Яна бир эътиборли жиҳат: бундай иш бўйича суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси у қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади ёки тилхат асосида топширилади. Башарти, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлса, у ҳолда, ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Шундай қилиб, эндиликда ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги суд ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириш ва ижрога қаратиш муддати 80 кундан 40 кунга қисқартирилди.

Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда прокурор, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, унинг устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин ва иш апелляция шикояти (протести) судга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан белгиланган муддат ичида умумий тартибда кассация шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори устидан белгиланган тартиб ва муддат ичида тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 8 ва 9-моддалари биринчи қисмлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ишлари бўйича судларда ва иқтисодий судларда ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи тегишинча, 22-1 ва 37-1-бандлар билан тўлдирилди.

Мазкур қонун нормаларининг иккинчи қисмларига киритилган қўшимчаларга кўра, ушбу шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахсларнинг ўзидан талабларининг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Шу маънода, ушбу қонун талаби маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан судларга асоссиз равишда даъво аризалари тақдим этилишининг олдини олишга қаратилгандир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ҳолатларининг олдини олишга, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ қилмишларни содир этганлик учун қўлланиладиган таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги принципларини таъминлашга хизмат қилади.

Иброҳим Алимов,

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

photo_2025-08-13_08-45-35

АСОССИЗ БУЙРУҚ СУД ТОМОНИДАН БЕКОР ҚИЛИНДИ

2024 йил август ойида “Урганчтрансгаз” унитар корхонасининг “Заунгур” магистрал газ қувурлари бошқармасида газ истеъмолини ҳисоблаш бўйича муҳандис вазифасида фаолият юритиб келаётган Аҳмаджон Маткаримовнинг бошига кутилмаганда ташвиш тушди: у бошқарма бошлиғи Д. Фозиловнинг 2024 йил 13 августдаги буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан бошқармада шакллантирилган комиссия тарафидан А. Маткаримовнинг иш унумдорлиги паст экани хусусида берилган хулоса ҳамда 2024 йил 12 августдаги касаба уюшмаси йиғилишининг розилик бериш ҳақидаги қарори муҳандисни вазифасидан озод этиш учун асос бўлди.

Бу жараёнда А. Маткаримов ва яна 2 нафар ходимга улар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 2-бандига асосан, икки ойдан сўнг бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати ҳам берилди. Огоҳлантириш хатида ходимларни ишдан озод қилиш “Ўзтрансгаз” акционерлик жамиятининг 2024 йил 8 майдаги ҳамда “Урганчтрансгаз” унитар корхонасининг 2024 йил 10 майдаги буйруқларига асосан амалга оширилаётгани қайд этилди.

Айни ҳужжатларнинг бари қонун талаблари асосида расмийлаштирилди.

Бироқ одамзод қалбида ҳақиқат ва адолатга ташналик ҳисси ҳам борки, бу туйғу ўз хизмат вазифасидан озод қилинган А. Маткаримовнинг қалбини ҳам жунбушга солди. Ҳақиқат ва адолатни суд даргоҳидан излади.

Дастлабки босқич суди унинг бу борадаги талабини қисман қаноатлантирди. Аммо бу ҳолат даъвогарни ҳам, унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилаётган Хива туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини ҳам қаноатлантирмади.

Шу боис туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ишсиз қолган фуқаро номидан юқори босқич судига мурожажат қилиб, даъвогарни хизмат вазифасига қайта тиклаш, мажбурий ишсизлик даври учун тегишли миқорда иш ҳақи ундириш ва 30 миллион сўмлик маънавий зарарни қоплаш талабини такроран илгари сурди. Хоразм вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича апелляция ҳайъати масалани судлар мустақиллиги принципига қатъий риоя этиб, ҳавола қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига суянган ҳолда кўриб чиқди.

Хусусан, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, судлар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини буйруқда кўрсатилган асослар бўйича текшириши лозим.

Айни шундай ўрганишлар асносида А. Маткаримов олий маълумотга, етарли малака ва иш тажрибаси ҳамда тегишли сертификатга эга экани ҳақидаги факт ва далилларга алоҳида эътибор қаратилди. Ходимнинг кейинги даврдаги фаолияти, ўз касбига лаёқати, билим-малака даражаси Меҳнат кодексининг 369-моддаси талабларига асосан сичиклаб ўрганилди.

Айни жараёнда иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида масаланинг бу жиҳатини, яъни А. Маткаримов Тошкент кимё ва технология институтининг нефть ва газни қайта ишлаш кимёвий технологияси мутахассислиги бўйича тугаллаб, олий маълумотга эга бўлгани, ўз касби бўйича 13 йилдан буён узлуксиз меҳнат қилиб келаётганини инобатга олмагани маълум бўлди. Бу ҳолат ходимнинг касбий меҳнати ва билимини баҳолаш чоғида, айниқса, янада аниқ кўзга ташланди.

Гап шундаки, А. Маткаримов газ сизиб чиқишини аниқлашда ишлатиладиган “JL-269” мосламаси ва масофавий лазерли газ сизиб чиқишини аниқловчи мобил автолаборатория ёрдамида ишлай олиш лаёқати қониқарсиз баҳоланган. Ваҳоланки, иш берувчи тарафидан 2023 йил 25, 26, 27, 28, 29, 30 март ҳамда 1, 4 апрель кунлари тузилган далолатномаларда муҳандис А.Маткаримов “JL-269” русумли ускунаси ёрдамида газ сизиб чиқиши ҳолатларини тўғри аниқлагани расман қайд этилган.

Аппеляция суди жараёнида А. Маткаримовга нисбатан йўл қўйилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг бошқа жиҳатлари ҳам юзага қалқиб чиқди. Хусусан, унинг компьютер техникаси билан эркин ишлай олиш салоҳияти йўқ экани ҳақидаги даъво соҳа мутахассисини жалб қилган ҳолда аниқланмаган, шу ҳақда бирон-бир ҳужжат расмийлаштирилмаган экан.

Бунинг устига стандарт меъёрлари асосида ишлаш лаёқати ходимнинг хизмат йўриқномасида қайд этилмаган бўлса-да, уни бу борадаги талабни бажармаганликда айблашгани аниқланди. Ходимнинг бошқарма ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш борасидаги фаолияти ҳам “йўқ”қа чиқарилган. Мутасаддилар бу ҳолатни ходимнинг меҳнат унумдорлиги пастлигига йўйишган.

Меҳнат кодексининг 396-моддасига кўра, ходимнинг корхона ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаслигини малака ва меҳнат унумдорлиги сифатида баҳолаб бўлмайди. Судлов ҳайъати бу айбни ҳам асоссиз, деб топди.

Айни пайтда даъвогар – “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси томонидан 2024 йил 15 январда тасдиқланган раҳбар ва муҳандис-техник ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бўйича билимларини синовдан ўтказиш саволномаси юзасидан ўтказилган синовдан муваффақиятли ўтганлиги инобатга олинди.

Суд юқоридаги ҳолатларни назарда тутар экан, А. Маткаримов билан тузилган меҳнат шартномаси қонуний асосларда бекор қилинганини исботловчи далиллар тақдим этилмагани, Меҳнат кодексининг 174-моддаси саккизинчи қисмига асосан, низоларни кўриб чиқиш чоғида меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини исботлаш иш берувчининг зиммасида эканини алоҳида урғулади.

Апелляция ҳайъати ишни кўриш жараёнида апелляция шикоятини қисман қаноатлантириш ва фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг ҳал қилув қарорини қисман бекор қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблади.

Ишни кўриш якунида чиқарилган ажримга мувофиқ, “Заунгур” магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғининг Аҳмаджон Маткаримов билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилди. Даъвогар 2024 йил 13 августдан эътиборан муқаддам адо этиб келган вазифасига қайта тикланди.

Айни пайтда “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси зиммасига А. Маткаримов мажбуран бекор юрган даври учун унга жами 51,1 миллион сўм иш ҳақи ҳамда 10,5 миллион сўмлик маънавий зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.

Шундай қилиб, ишдан ноҳақ бўшатилган бир инсон бошидан ғусса кўланкаси ариди. У энди адолат қўрғонидан нажот топганидан хурсанд.

Муҳими шу.

Жамолиддин Қуриёзов,

Хоразм вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси

photo_2025-07-14_11-31-21

ХУСУМАТ ОҒИР ФОЖИАГА САБАБ БЎЛДИ

Тоғли Зомин қишлоқларидан бирида икки қўшни ўртасида мол-мулк юзасидан келиб чиққан ўзаро келишмовчилик охир-оқибат фожиали якун топди.

Аслини олганда, бу ҳаётда муросаю мадора, ақл-идрок, кенг феъллик билан ҳар қандай низо ва келишмовчиликни ҳал этиш мумкин. Аммо баъзан узоқни кўра билмай иш тутиш, жиззакилик ва жоҳилликка берилиш кутилмаган фожиага сабаб бўлади.

Судда инсоннинг Конституция билан қўриқланадиган яшашга бўлган ҳуқуқига тажовуз қилиб, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда бир гуруҳ бўлиб, ўта шафқатсизлик билан икки шахснинг умрига зомин бўлган Болиқул Арзиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ва Элбек Ҳакимбоевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, ж”, “п” бандлари ва 173-моддаси 2-қисми “в ” банди билан айбдор деб топди. Судланувчи Б. Арзиқулов — йигирма, Э. Ҳакимбоев ўн тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Хўш, аслида, улар томонидан қандай жиноят содир этилганди? Бу жиноий қилмишнинг рўй беришига нима сабаб бўлганди?

Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, ушбу фожианинг келиб чиқишига, аввало, халқимизга хос қадрият — қўни-қўшничилик одоби, ўзаро аҳил-иноқликка беписанд қараш сабаб бўлган. Чунки жабрланувчи билан судланувчилар узоқ йиллар давомида девор-дармиён қўшни яшаб келишган.

Айтиш керакки, улар яшайдиган ҳудудда, одатда, қорамоллар далага ҳайдаб боқилади. 2024 йилнинг 2 май куни Нурали Маҳкамовнинг икки бош ҳўкизи нимагадир даладан уйга қайтмайди.

Аммо Н. Маҳкамовнинг болалари ҳар қанча қидирмасин, ҳўкизлар топилмайди. Қўни-қўшнилардан, жумладан, Б. Арзиқуловнинг оиласидан ҳам сўраб-суриштиришади, лекин ҳеч қаердан ҳўкизларнинг дараги чиқмайди.

Фақат орадан уч кун ўтиб, маълум бўладики, йўқолган ҳўкизларнинг бири қўшниси Б. Арзиқуловнинг оғилхонасида қамаб қўйилган экан. Буни эшитиб, Н. Маҳкамовнинг хотини Мастура ўғли Баҳромни эргаштириб, қўшнисининг ҳовлисига киради. Аммо Б. Арзиқуловнинг хотини Гулсара қизи Нафосат билан Мастурани важоҳати бузилган ҳолда қарши олади. Бу ҳам етмагандек, кутилмаганда, унга чанг солиб, жанжаллашиб кетади.

Икки ўртада қолган Баҳром эса уларни ажратишга уринади. Лекин Гулсара сира жаҳлдан тушадиганга ўхшамасди.

Гулсара қизи билан бирга онасини аёвсиз юлиб-юлдалаётганига чидаёлмаган Баҳром қўлидаги калтак билан қўшни аёлнинг бошига уради.

Унинг кучли зарбидан аёл бошини чангаллаганича ерга ўтириб қолади.

Шундан сўнг Мастура ўғли билан ҳўкизни етаклаб, ҳовлидан чиқиб, кетади. Гулсара Арзиқулова эса, жароҳат олгани боис шифохонага ётқизилади.

Айни шу нохуш воқеадан сўнг Болиқул Арзиқулов ва унинг ўғли Элбекнинг кўнглида қўшниларга нисбатан тийиқсиз адоват пайдо бўлади. Энг ёмони, ота-ўғил қўшниларидан ўч олиш мақсадида жиноий режа тузишади.

Ота-ўғил ана шундай ғараз ниятда пайт пойлаб юрганда, Б. Арзиқулов қўшниси автомашинада қишлоққа кириб келаётганини кўриб қолади ва дарров ўғлига хабар беради. Ўша куни соат ўн уч-у ўттизларда Н. Маҳкамов бошида қора қуюн айланаётганидан мутлақо бехабар “LASETTI” русумли автомашинада турмуш ўртоғи билан Зомин шаҳридан уйига қайтиб келаётганди. Ғазабкор ота-бола эса, унинг уйи олдидан ўтган автомобиль йўлида темир бўлаклари билан қуролланиб, кутиб туришади.

Қисқаси, ўша куни кўзлари қонга тўлган Б. Арзиқулов йўлнинг ўртасида туриб олиб, Н. Маҳкамовдан автомашинани тўхтатишни талаб қилади.

Аммо у бунга ҳам сабри етмай қўлидаги темир бўлаги билан тезлиги пасайган автомашинанинг олдинги ойнасига бир неча марта уради.

Автомашина ойнаси чил-чил синади.

Шундан сўнг қутуриб кетган Б. Арзиқулов Н. Маҳкамовни автомашинадан куч билан судраб, пастга туширади-да, қўлидаги темир бўлаги билан уни уришга тушади. Бу зарбалар оқибатида Н. Маҳкамовнинг боши, елкаси, кўкрак қафасига оғир жароҳат етади.

Энг афсусланарлиси, кейинчалик шифокорлар қанчалик ҳаракат қилишмасин, барибир Н. Маҳкамовнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмайди…

Б. Арзиқулов Н. Маҳкамовни аёвсиз ураётган пайтда автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Мастура Маҳкамова азбаройи қўрқиб кетганидан “дод-вой” кўтарганча одамларни ёрдамга чақиришга тушади. Аммо Б. Арзиқуловнинг ўғли қўлидаги темир билан унинг бошига бир неча марта қаттиқ уради. Мастура бу зарбанинг таъсирида ҳодиса жойидаёқ дунёдан кўз юмади.

Буткул қутуриб кетган ота-ўғилнинг ғазаби бу қабиҳликдан сўнг ҳам босилмайди, аксинча, улар жиноий фаолиятини давом эттириб, автомашинага ўт қўйиб юборишади…

Албатта, бу қабиҳ жиноий қилмишни содир этган ота ва ўғил қонун олдида жавоб берди.

Айтиш керакки, Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди, натижада биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг очиқ суд мажлисида судланувчи Э. Ҳакимбоевнинг адвокати томонидан келтирилган тафтиш тартибидаги шикоят ҳам кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда Конституция ва қонунунларда қатъий белгилаб қўйилганидек, айбсиз одам ҳеч қачон жавобгарликка тортилмайди. Жиноят кодексининг 42-моддасида жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланиладиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси эканлиги белгилаб қўйилган.

Судлов ҳайъати адвокатнинг ўз ҳимоясидаги Э. Ҳакимбоев Н. Маҳкамов ва М. Маҳкамовани қасддан ўлдирмаганлиги ҳақидаги тафтиш шикоятида келтирган важларни асоссиз, деган тўхтамга келди ва рад қилишни лозим топди.

Нега деганда, айнан Э. Ҳакимбоев жиноий шериги — отаси Б. Арзиқуловнинг топшириғига асосан, М. Маҳкамованинг бошига темир бўлаги билан бир неча марта уриб, оғир тан жароҳатлари етказган.

Бу ҳам етмагандек, у отаси билан бирга Н. Маҳкамовга тегишли автомашинага ўт қўйган.

Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, судлов ҳайъати судланган Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевларнинг жиноят содир этилгунга қадар бўлган феъл-атвори, ўзаро муносабатлари, шунингдек, уларнинг жиноят содир этилгандан кейинги ҳаракатларига ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, жабрланувчининг қонуний вакили С. Маҳкамовнинг кўрсатмасига қараганда, Б. Арзиқулов ва уларнинг оиласи ўртасида олдиндан ўзаро келишмовчилик бўлган. Элбек Ҳакимбоев юқорида баён этилган оғир жиноят юз беришидан икки кун олдин қўлида темир бўлагини кўтариб, тоғалари Ҳасан ва Ҳусан Муродовлар билан бирга жабрланувчининг акаси Баҳромни излаб, уларнинг уйига келган, важоҳати бузилиб, ўлдириш билан таҳдид қилган.

Бундан ташқари 7 ва 8-май кунлари ҳам Элбек тоғаси Ҳ. Муродов билан бирга Баҳромни излаб, далага борган, аммо тополмаган. Шунингдек, жабрланувчи Б. Маҳкамов воқеа жойига келганида ота-онаси ёқиб юборилган автомашина яқинида ётгани, судланувчилар уларга ёрдам кўрсатиш ўрнига ҳовлисида ўтиришганини кўрган.

Бундан кўриниб турибдики, Б. Арзиқулов ва Э. Ҳакимбоевнинг кўнглида марҳум Н. Маҳкамов ва М. Маҳкамовага нисбатан олдиндан адоват бўлган ва уларни ўлдириш мақсадида жиноий режа тузишган. Натижада бир гуруҳ бўлиб, ушбу жиноий қилмишни содир этишган.

Қисқаси, тафтиш инстанцияси суди жиноят ишини батафсил ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди: мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тўлиқ олиб борилган, биринчи ва апелляция инстация судлари томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 439-448-моддаларига ҳамда Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарори талабларига риоя қилинган. Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, иш бўйича исботланиши лозим барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилган.

Ҳукмда баён қилинган суднинг хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўла мос бўлиб, суд ҳукми Жиноят-процессуал кодексининг 26, 455-моддалари талабларига асосланган ҳолда чиқарилган.

Юқорида қайд қилинган асосларга кўра, судлов ҳайъати тафтиш шикоятида келтирилган важлар суд ҳукми ва ажримини ўзгартириш ва бекор қилиш учун асос бўла олмайди, деб ҳисоблаб, ушбу важларни рад қилишни лозим топди.

Дарвоқе, инсон ҳаётига тажовуз қилиш — ўта оғир жиноят. Бундай қилмиш муқаддас ислом динида ҳам энг оғир гуноҳ саналган. Ота-бола асло кечириб бўлмас ана шу қотиллик жинояти учун суд ҳукми билан жиноят қонунчилигимизда назарда тутилган узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Низомиддин ЭРНАЗАРОВ,

Жиззах вилоят судининг жиноят

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

photo_2025-07-04_16-54-46

ОТА БЎЛИШ ОСОН ЭМАС, ОНА БЎЛМОҚ УНДАН-ДА МУШКУЛ

…Феруз бугун ҳам мактабдан юзи қонталаш ҳолда қайтди. Аммо онаси Гулнора бунга эътибор ҳам бермади, аксинча, ўғлини уйда ёлғиз қолдириб, шошганча аллақаёққа кетди. У тун алламаҳал бўлганда қайтди.

Феруз шу куни туз тотмади. Бунинг устига танидаги оғриқдан қийналиб, дастурхондаги қотган нон бўлакларига қайрилиб ҳам қарамади. Охири ухлаб қолди.

Тун алламаҳалида кимдир эшикни бир неча бор зарб билан тақиллатди.

Тош қотиб ухлаётган бола буни эшитмади. Охир-оқибат эса, зарбанинг таъсирида эшик ўз-ўзидан тарвақайлаб очилди. Остонада икки киши: эркак ва аёлнинг бесўнақай гавдаси пайдо бўлди. Улар ухлаб ётган болага эътибор ҳам бермай ётоқхонага киришди.

…Таассуфки, ярим тунда уйига қайтган Гулнора ётоқда эри Давронни бегона аёл билан кўрди. Аммо бунга жиддий эътибор бермади, бошқа хонага кириб ухлагани ётди. Фақат эртаси кун чошгоҳга етганда, эр-хотин ва бегона аёлни ўз домига тортган тундаги мастлик тарқагач, даҳанаки жанжал бошланди. Буларнинг бари мурғак фарзанд Ферузнинг кўз ўнггида содир бўлди. Афсуски, бундай ғавғо-жанжаллар биринчи марта рўй бераётгани йўқ эди. Эр-хотин Д. Матёқубов ва Г. Қодирова (исм-шарифлар ўзгартирилган) мана бир ярим йилдирки, шундай нотинч турмуш домида яшаб келишади. Аммо улар оилани асраб қолиш, фарзандлари тақдирини ўйлашни хаёлларига ҳам келтиришмади. Фақат улар яшайдиган Урганч шаҳрининг 6-даҳаси аҳлининг сабри аллақачон тугаган. Бу оиладаги нотинчлик, ахлоққа мутлақо зид қилмишлар ҳақидаги нохуш хабарлар даставвал шу ердаги ҳуқуқ тартиботи идораси, пировардида эса, судгача етиб келди. Охир-оқибат эр ва хотинни оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кун тартибига чиқди.

Афсусланарли томони шундаки, Д. Матёқубов ва Г. Қодирова ўз фарзанди олдидаги бурч ва мажбуриятларини бажаришмагани, бунга панжа орасидан қарашгани суд жараёнида рўй-рост маълум бўлди. Уларни ота ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этишдан бошқа чора қолмади. Бунга фарзанд – Ферузнинг ўзи ҳам рўйхушлик бермади. Унинг онаси ва отасига мутлақо лоқайд муносабатда экани суд мажлиси чоғи берилган саволлар ва унинг жавоблари асносида яққол аён бўлди. Аммо болани ота ва она тарбиясидан маҳрум қилиш ўта оғир. Бироқ мурғак болани ичкилик ва маиший бузуқликка берилган шахслар қарамоғида қолдириш унинг ҳаётини барбод этиш билан баробар.

Суд муҳокамаси асносида энидигина 10 ёшни қаршилаган Ферузни махсус тарбия масканида жойлаштиришга ҳожат қолмади. Унинг 64 ёшли бувиси Шарофат момо судда кўрсатма берар экан, қизи ва куёвига нисбатан нафратини яшира олмади. Уларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этишга қарши эмаслигини билдирди, набираси Ф. Матёқубовни эса, ўз тарбиясига беришни сўради. Суд унинг талабини қаноатлантирди.

Шу ўринда яна бир марта қайд этиш зарурки, шахсни ўз фарзанди тарбиясидан маҳрум этиш ғоятда оғир, етти ўйлаб бир кесишни тақозо қилувчи масъулиятли вазифа. Бу борада қонуннинг ҳам талаби бор, унда шахсни оталик ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этишнинг барча тартиб-тамойиллари тўлиқ ўз ифодасини топган.

Хусусан, Оила кодексининг 79-моддасига кўра, шахс ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, жумладан, алимент тўловидан бўйин товласа; узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишни рад этса; ота-­оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, шунингдек, жисмоний куч ишлатса ёки салбий руҳий таъсир кўрсатса; муттасил равишда ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлса; ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир этса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, юқорида уқдирилганидек, суд тартибида амалга оширилади.

Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканлиги кўрсатилган. Ота ёки онанинг айби тасдиқланган тақдирда ҳам, суд унинг хулқ-атвори хусусиятларини, шахсини ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этиш, васийлик ва ҳомийлик органларига бу борадаги мажбуриятларнинг бажаришини назорат қилиш вазифасини юклаш, жавобгарнинг болалар тарбиясига нисбатан муносабатини ўзгартириши бўйича огоҳлантиришга ҳақли эканлиги тушунтирилган.

Агар суд ота ёки онани бола ҳуқуқларини жиддий бузган деб топса, уларни мазкур ҳуқуқдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Судлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўришда оила ва бола манфаатларини устувор ўринга қўйиши зарур. Бу турдаги ишларни жавобгарларни суд мажлисига жалб қилиш, боланинг тўлақонли оилада, ота-онаси қарамоғида тарбияланишига имконият яратиш, жавобгарнинг хулқи ва бошқа ғайриқонуний ҳаракатлари сабабли, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласида, ёлғиз ва қаровсиз қолган боланинг ҳуқуқини таъминлаш чораларини белгилаш, бу ишни маъсул идоралар зиммасига мажбурият сифатида юклаш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқдир.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ушбу ҳуқуқдан қайси болага нисбатан маҳрум қилинган бўлса, шу болага доир қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлар, жумладан, ундан таъминот олиш, шунингдек, болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш имониятларидан маҳрум бўладилар.

Агар ота ёки она ўзининг ножоиз хатти-ҳаракатларини бартараф этса, ўз фарзанди манфаатларига зарар етказмайдиган шароит яратса, ота-оналик ҳуқуқини тиклаш юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи вужудга келади. Суд бундай вазиятда ишни бола манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш, ҳали эслатилганидек, бола манфаатлари устувор бўлган ҳолларда қўлланиладиган оғир ва охирги чорадир. Шунинг учун ҳам, бу жараён қатъий ҳуқуқий меъёрларга асосланади ва ҳар бир ҳолат алоҳида тартибда одилона ва адолатли равишда кўриб чиқилади.

Хушнуд Болтаев,

Хоразм вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2025-06-25_16-49-38

УШАЛМАГАН ОРЗУ ЁКИ ФИРИБГАРЛИКНИНГ ЯНА БИР АНТИҚА УСУЛИ ҲАҚИДА

Мамлакатимизда жамият тараққиёти, турмуш фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашнинг муҳим асоси саналган аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Айниқса, бу борада ҳуқуқий асосларни изчил такомиллаштириш орқали янги иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва қулайликлар жорий этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Аммо ана шундай эзгу мақсаддан айрим ғаразли ниятли кимсалар ўзларининг чиркин мақсади йўлида фойдаланишга уринаётгани ўта афсусланарлидир.

Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди томонидан шундай кимсалардан бирининг қилмишларига қонуний баҳо берилди.

Судга тақдим этилган факт ва далилларга қараганда, ҳатто одам етти ухлаб тушига кирмайдиган бу жиноий қилмишлар эндигина мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган Бобур Иброҳимов (2000 йил Хива туманида туғилган, туманнинг “Қиёт” маҳалласида яшайди) томонидан содир қилинган. 2022 йилнинг сентябридан 2023 йил март ойигача ўтган давр мобайнида жами 18 нафар фуқаро унинг фириб тўрига илинган. Бу жараёнда “ғаройиб” воқеалар рўй берган. Б. Иброҳимовнинг аслида йўқ “ҳолваси”ни кўрмаёқ кўпгина соддадил кишиларнинг “оғзи чучиган”. Бундан ҳам афсусланарлиси шундаки, ўзини ҳар қандай ишга қодир санаган валломат “ҳожатбарор”нинг аслида кимлигини сўраб-суриштириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

Маълумки, мамлакатимиз фуқароларининг хорижда меҳнат фаолиятини юритиши амалдаги қонун ва тартиб-таомиллар асосида ваколатли идоралар тарафидан амалга оширилади. Албатта, бу борадаги қонунчиликка риоя этган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Буни ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича фаолият юритувчи агентлик билан ҳамкорлик қилаётган фуқароларнинг хориждаги иш фаолияти ҳам яққол тасдиқлайди.

…Б. Иброҳимов одамларга хорижда ишлашни ваъда қилар экан, “осилсанг, баланд дорга осил” қабилида иш тутди, узоқ Европа мамлакатларини мўлжалга олди. Ўзини ана шу юртларга ишчи кучи етказиб беришга қобил-у қодир валломат шахс сифатида намоён этишга уринди. Тузоғига тушганларнинг ишончини қозониш учун турфа сохта амаллар, ҳийла-найранг ва сўнгсиз ваъдаларни ишга солишдан тап тортмади. Шу аснода унинг йўлида хивалик Қамбар Исмоилов пайдо бўлди. Б. Иброҳимовнинг фуқароларни миграцион меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шартнома асосида чет элларга жўнатиш билан бевосита боғлиқ “хизмат вазифаси” Қ. Исмоилов учун айни муддао бўлди.

У Б. Иброҳимовнинг бу борадаги сўзию ваъдаси, баён этган “ишончли далил”ларига чиппа-чин ишонди. Унинг асли ва наслини суриштиришдан эса ўзини тийди. “Осмондан тушган ҳожатбарор” йигитнинг этагидан тутган кўйи фарзандлари К. Аҳмедов ва И. Аҳмедовни узоқ Европанинг Скандинавия ярим оролидаги Норвегия давлатига ишга йўллаш учун сўралган 5 минг 100 АҚШ долларини ҳаялламаган ҳолда унинг қўлига тутқазди. Айни шундай мазмундаги ваъдадан сал фурсат ўтмаёқ хивалик яна бир фуқаро Бахтиёр Ражабовнинг ҳам дили ёришди. Б. Иброҳимов унга талабгор фуқаролар, биринчи галда эса, яқин танишларини Европа давлатлари, хусусан, Норвегиядаги сердаромад корхоналарга ишга жўнатиш билан машғул эканлигини айтади. Бунинг устига у ўзининг яқин танишига кўрсатилажак “хизмат” ҳақини 2 минг 200 АҚШ доллари миқдорида белгилайди. Омадни қаранг: ушбу маблағнинг 1 минг 800 АҚШ доллари орадан бир неча кун ўтмаёқ Б. Иброҳимовнинг чўнтагидан жой олди.

Ўз навбатида, чўнтаги томон оқиб кела бошлаган пуллар Б. Иброҳимовни янада дадилликка ундади. Ўзини хориждаги меҳнат масканларига ишчи кучларини тўхтовсиз жўнатаётган валломат шахс сифатида намоён этишга астойдил интилди. Узоқ Норвегиядаги даромадли ишнинг дарагини эшитган хивалик Ойбек Мирзаев ҳам Б. Иброҳимов томонидан “хизмат ҳақи” сифатида сўралган 2 минг 200 АҚШ долларини дарров унинг қўлига тутқазади.

Туманнинг Қиёт маҳалласида яшовчи Д. Отаназаров эса, насия ваъданинг янада зўри ва каттасидан “баҳраманд” бўлади. Канада давлатига ишга жўнатиш учун бу фирибгар кимса томонидан белгиланган “беминнат хизмат”нинг миқдори 10 минг АҚШ долларига чиқади. Д. Отаназаров йўл-йўлакайига тўлаш асносида бу пулнинг 2 минг 800 долларини унинг қўлига тутқазади.

Бундан ташқари фирибгар кимсанинг алдовларига кўр-кўрона ишониш хивалик бошқа бир фуқаро Улуғбек Жуманиёзовга бир эмас, бир неча марта панд берди. Аниқроқ айтсак, Б. Иброҳимов аввалига унинг ўзини чув туширди. Ишлаш учун яқин 3 ой ичида Норвегия давлатига жўнатиш шарти билан 1 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини қўлга киритди. Кейинчалик эса У. Жуманиёзовнинг қариндоши Д. Умаржонов, С. Юнусов, М. Қурбоновани ҳам унинг воситачилигидан фойдаланган ҳолда устамонлик билан алдади. Уларнинг ҳар биридан алдов йўли билан Норвегиядаги сердаромад меҳнатни “кафолатлаган” ҳолда 1 минг 500 АҚШ долларини ундирди.

Дунёнинг Норвегия, Англия, Канада сингари тараққий этган мамлакатларида меҳнат қилиб, мўмай даромад топишни ким ҳам истамайди, дейсиз?

Б. Иброҳимовнинг бу юртларга ишчи кучларини ҳаялламай, узоғи билан 2-3 ой ичида жўнатишга қаратилган “жўшқин” фаолияти” шундай ниятда юрган кишиларнинг юрагини баттар жунбушга солди.

Бу фирибгар кимсани излаб келувчилар, телефон, ҳатто интернет алоқа тизими орқали мурожаат қилувчилар сони ортиб боради. Бунинг оқибатида Б. Абдушарипов, Д. Рўзимбетов, Ш. Ҳасанов, И. Қобулов, М. Рўзиматовнинг ҳар биридан 1 минг 500, Д. Оллоберганов ва К. Мадримовдан жами 4 минг, Р. Абдиёзов ва Р. Отажоновнинг ҳар биридан 1 минг, Б. Мадраҳимовдан 3 минг, М. Сафоевдан эса 700 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни алдов йўли билан қўлга киритади.

Албатта, фирибгар бу кимса пулларнинг барини нақдинасига санаб олади.

Аммо ваъдаси насия бўлади. Бошқача айтганда, ўзининг мисқоллаб йиққан маблағини Б. Иброҳимовга қўшқўллаб топширган фуқароларнинг орзуси ора йўлда қолади. Чет элда меҳнат қилиб, даромад топиш бахти бирон-бир фуқарога насиб этмайди.

Ҳаётда оларининг берари ҳам бор. Аммо Б. Иброҳимов ҳаётнинг бу муҳим талабию тақозосини менсимади: оларининг берарини ўйламади.

Ваъданинг вафосини сўраган фуқаролар эса, унинг турфа баҳоналарига дуч келишди. Даъвогар Бахтиёр Ражабов шундай адоқсиз ваъда ва баҳоналарга рўпара келган фуқаролардан бири. У судда кўрсатма берар экан, Б. Иброҳимовнинг 2 ой муддат ичида Норвегияга жўнатиш ҳақида берган ваъдаси пуч бўлиб чиққани, чет эл визаси ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўз қўли билан расмийлаштириб бериш, авиачипталар билан таъминлаш борасидаги ваъдасидан қўл силтаганини очиқ баён этди.

Маълум бўлишича, бу ҳол ўзининг 1 минг 800 доллар миқдоридаги маблағини Б. Иброҳимовнинг қўлига тутқазган фуқарони ташвишлар гирдобига ташлаган. Аммо Б. Иброҳимов унинг эътирозини парвойига илмаган. Узоқ Норвегия корхоналарида бўш иш ўринлари қолмаганини рўкач қилиш ва хоҳласа, Англия давлатига юбориши мумкинлигини таъкидлашдан нарига ўтмаган. Шунингдек, О. Мирзаев, Б. Абдушарипов, Д. Рўзимбетев, С. Юнусов ва М. Қурбонова, У. Жуманиёзов, Б. Мадраҳимов, Ш. Ҳасанов ҳам айнан шундай баҳоналарга дуч келишган.

Бироқ уларга на Норвегия, на Англия, на Канадага бориб ишлаб насиб этган, ҳатто улар Б. Иброҳимовга берган пулларини ҳам қайтариб олишолмаган.

Судда фуқаровий даъвогарларнинг айтишича, Б. Иброҳимов аввалига қуюқ ваъда бериб, барчани ишонтирган. Аммо унинг ўзи белгилаган 2-3 ойлик муддат ўтгач, ўзини пана-пастқамга урган. Ўзини телефон орқали излаб топган омадсиз мижозларга эса, гоҳ Тошкент, гоҳ Россияда эканлиги, сал фурсат ичида қайтиб бориб хорижга ишга жўнатиши ҳақида яна қуюқ ваъда берган. Кейинчалик эса, у телефон қўнғироқларига умуман жавоб бермай қўйган.

Б. Иброҳимов судда ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Қилмишидан қаттиқ пушаймон эканлигини айтди. Шунингдек, у бир қатор фуқаролардан фириб ва алдов йўли билан ўзлаштирилган маблағнинг муайян қисмини суд ва тергов жараёнида эгаларига қайтарганини таъкидлаб, ўзига нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради. 

Албатта, суд айбланувчининг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги боис жазони енгиллатувчи омилларга эътибор қаратди: унинг ҳали ёшлиги, яқиндагина оила қургани, муқаддам судланмагани, шунингдек, жиноят оқибатида етказилган зарарни, қисман бўлса-да, қоплаганини инобатга олди. Шу билан бирга, содир қилинган жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унга нисбатан мавжуд бўлган фуқаровий даъво талабларини ҳам назарда тутди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 25,168-моддаси 3-қисми бўйича қўйилган айбларни асосли, деб топди. Судланувчига Жиноят кодексининг айбни енгиллатувчи 57-моддаси талабалари асосида жазо тайинланди.

Судланувчи 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Фуқаровий даъвогарларга етказилган моддий зарар қисман қоплангани инобатга олинди. Шу билан давомли жиноий қилмишга қонуний баҳо берилди.

Фуқаровий даъвогарларга миллий валютамиз ҳисобида етказилган жами 410 миллион сўмлик моддий зарар судланувчи Б. Иброҳимов ҳисобидан ундириладиган бўлди.

Бу ҳақда ўйлаганда, кишини бир ҳолат таажжубга солмай қолмайди: Б. Иброҳимовнинг алдовига ишонган фуқароларнинг лоақал биронтаси ҳаммани адоқсиз ваъдалар билан алдаётган, “чув” тушираётган бу кимсанинг аслида ким эканлиги, қайси маҳкамага мансублиги, ҳуқуқий ваколати, унинг кўмагида муқаддам кимлар ишга ёлланганини сўраб-суриштирмаган. Оқибатда эса, фирибгарнинг тузоғига осонгина илинишган.

Бундан кўринадики, огоҳлик, ҳушёрлик ва эътиборсизлик йўқолган жойда турли хил иллатлар, хусусан, юқорида баён этилгани каби қилмишлар рўй беради.

Демак, ҳаётга очиқ кўз билан қараш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиш, ҳар бир ишга қонун талабидан келиб чиқиб ёндашиш тинч ва осойишта турмуш тарзимизнинг муҳим кафолати эканини доимо ёдда тутайлик.

Жамол Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

Хива шаҳар суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2025-06-25_16-36-00

ИҚРОРЛИК КЕЛИШУВИ

Фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг жисмоний дахлсизлиги ва соғлиғини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қилиш энг муҳим вазифалардандир.

Бу борадаги ислоҳотларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишда, судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки судлар томонидан жиноят учун жазонинг тўғри тайинланиши одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Адолатли жазо тайинланиши ундан кўзланган мақсадларга – маҳкумни ахлоқан тузатиш, маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маълумки, 2021 йил 18 февралдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексига янги 62-1-боб, яъни айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти киритилди. Унга мувофиқ:

• жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан, назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича келишув тузилади;

• Жиноят кодексининг 57-2-моддасига асосан, содир этилган жиноят учун ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган муддат ёки миқдорда жазо тайинланади.

Шу ўринда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат: айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув фақат икки асосга кўра, яъни Жиноят-процессуал кодекснинг 61-бобида белгиланган тартибда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса ва шахс томонидан бир нечта жиноят содир этилган бўлиб, улардан лоақал биттаси ушбу моддада белгиланган талабларга тўғри келмаса, тузилиши мумкин эмас.

Бу эса, оғир жиноят учун жазо ўтаётган маҳкумлар, ўта хавфли рецидивист деб топилган шахслар, шунингдек, оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар билан ҳам айбга иқрорлик келишуви тузиш истисно қилинмаслигидан далолат беради.

Бундай шахслар билан айбга иқрорлик келишуви тузилиши ва уларга Жиноят кодексининг 57-2-моддасига мувофиқ, содир этилган жиноят учун ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган муддат ёки миқдорда жазо тайинланишини адолатли, деб бўлмайди.

Мухтасар айтганда, суд амалиётидан ҳамда содир этилган жинояти учун жазоланиши керак деб топилган судланувчига реал ва адолатли жазо тайинлаш принципларидан келиб чиқиб, айбга иқрорлик келишувини рад қилиш асослари назарда тутилган Жиноят-процессуал кодексининг 586-1-моддаси 3-қисмини келишувни рад қилишга асос сифатида, “қасддан содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун жазо ўтаётган ва судланганлик ҳолати тугалланмаганлар” ҳамда “ўта хавфли рецидивистлар”га нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги норма билан тўлдириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шаҳзод Бахтиёров,

жиноят ишлари бўйича

Деҳқонобод тумани суди раиси

photo_2024-11-11_12-33-01

ОЛИЙ СУД РАИСИ АДВОКАТЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИ

Бугун Олий суд раиси Бахтиёр Исломов Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Садиков ва республикада фаолият юритаётган адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид бошқа долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган учрашувда таъкидланганидек, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда малакали ва билимли адвокатлар сони сезиларли даражада ортиб, пировардида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи муносиб таъминланаётгани алоҳида қайд этилди.

Очиқ мулоқот чоғида суд жараёнида жисмоний ва юридик шахсларни ишончли ва малакали ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, одил судловга эришиш борасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш ҳамда суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш борасида зарур таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Келгусида уларнинг қонуний ечимини топиш юзасидан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва тегишли чоралар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Конструктив руҳда ўтган тадбир сўнгида иштирокчилар томонидан билдирилган умумманфаатли таклифларни амалга татбиқ этиш ва бу каби мулоқотларни яна давом эттиришга келишиб олинди.

photo_2025-06-25_15-53-05

СОХТА ДЎСТЛИК ЁКИ ЧОЙХОНАДА ПИШИТИЛГАН ЖИНОИЙ РЕЖА ОҒУФУРУШЛАРНИ ПАНЖАРА ОРТИГА ЕТАКЛАГАНИ ХУСУСИДА

Марҳамат туманида соя-салқин, одамлар дам оладиган хушҳаво масканлар кўп. Шулардан бири туман марказидаги “Чин дўст” чойхонаси бўлиб, унинг эгалари бу маскан яқин дўстлар, ошна-оғайнилар учрашадиган, дийдорлашадиган жой бўлсин, деган ниятда шундай ном билан аташган. Дарҳақиқат, агар дўстлар бир-бирига оқибатли ва қадрдон бўлса, дўстлик ғараз ёки манфаатдорлик эвазига қурилмаса, бундай чин инсоний муносабатга фақат ҳавас қилса арзийди.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ҳодиса ҳам “Чин дўст” чойхонасида бошланиб, шу ернинг ўзида якун топди.

Ўзларини чин дўстлар деб билган Давронбек Турғунов ва Музаффар Умаралиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) анчадан буён учрашишмаган эди. Шу сабабли чойхонада анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Лекин икковининг ҳам қўпол хатоси — ўзаро учрашувни спиртли ичимлик ичиш учун баҳона деб билишганида бўлди. Улар бир соат ичида бир неча шишани бўшатишди, суҳбат мавзуси ҳам фақат олди-қочди гаплардан нарига ўтмади. Музаффар гап орасида Россияда бирга ишлаган таниши ундан гиёҳвандлик моддаси сўрагани, у жуда бой бўлиб, анча-мунча пулнинг юзига қарамаслигига алоҳида урғу бериб гапиради.

Давронга бу гаплар мойдай ёқиб тушади. Шу боис у шеригига мижозни қўлдан чиқармасликни, қанча гиёҳвандлик моддаси керак бўлса, топиб беришини айтади. Сўнг улар Музаффарнинг уйига боришади ва молхона девори орасига яшириб қўйилган гиёҳвандлик моддасини қидиришга тушишади. Аммо гиёҳвандлик моддасини ҳадеганда топишолмайди. Улар ақл-ҳушини йўқотадиган аснода маст эди.

Қисқаси, улар узоқ вақт излаб, гиёҳвандлик моддасини тополмагач, Даврон яна бир карра яхши мижозни қўлдан чиқармасликни уқтираркан, “тишининг ковагида” сақлаб турган гиёҳвандлик моддасини беришга тайёр эканини айтиб, шеригини уйига бошлаб келади. Ҳақиқатан ҳам, у уйида қонунга хилоф равишда сақлаб келган “гашиш” гиёҳвандлик моддасини Музаффарга бераркан, уни қимматроқ нархда сотишни тайинлайди.

Бу ёғини сўрасангиз, ҳамтовоқларнинг гиёҳвандлик моддаси олди-сотдиси билан боғлиқ қилмишидан аллақачон ички ишлар ходимлари хабар топган, шу сабабли уларнинг ҳар бир ҳаракати кузатув остида эди.

Алалхусус, Марҳамат тумани марказидаги “Чин дўст” чойхонаси олдида Д. Турғунов ва М. Умаралиев “махсус харидор”га оғирлиги 288,1 грамм бўлган, кўп миқдордаги “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 3 500 АҚШ долларига сотаётган пайтда ушланади.

Шундан сўнг ғалати воқеа рўй беради: гарчи, гумондорлар чойхонада учрашиб туришса-да, аслида, улар умуман дўст эмаслигини айтиб, бир-бирини айблашга тушади. Уларнинг кўрсатмалари асосида М. Умаралиев уйининг молхонасида сақлаб келаётган оғирлиги 294,7 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳам топилиб, ашёвий далил тариқасида олинди.

Ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар. Шу сабабли, Д. Турғунов ва М. Умаралиев Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига қилмишига яраша жазо тайинланди.

Судланувчилар судда ҳам айбни бир-бирига ағдариб, ўзининг ҳалол инсон экани, фақат шериги сабабли жиноят кўчасига кириб қолганини айтиб, суддан енгиллик беришни сўрашди. Бу ҳолат, ўз навбатида, ҳақиқий дўстлик эзгу ишларда, олижаноб мақсад ва ибратли фаолиятда намоён бўлишини кўрсатади.

Зеро, ёмон ният, ғаразли мақсадларда ҳеч қачон дўстлик бўлмайди, бундай қилмишларга бош қўшиш вақтинчалик ҳамтовоқлик ёки жиноий шериклик бўлиб, қилмишлар фош бўлгач, бундай “дўст”лар бир-бирини тезроқ “сотиш”, ёмонлаш ва шу йўллар билан жавобгарликдан қутулиб қолиш ёки жазони енгиллаштириш пайида бўлишади. Шундай экан, умрни эзгу мақсадларга бағишлаш, ҳақиқий дўстлар даврасида ҳаётдан завқланиб яшашга нима етсин!

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича

Андижон тумани суди раиси

#thegov_button_69cc695a6c503 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc695a6c503:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc695a6c503 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc695a6c503:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!