Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-04-01_17-14-28

ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ ЖАБРЛАНУВЧИ ВА ЖАВОБГАРНИНГ ЎЗАРО ЯРАШИШИ, МАЪМУРИЙ ИШНИНГ ЭСА ТУГАТИЛИШИГА АСОС БЎЛДИ

Инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик ва йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш каби қадриятларни ўзида мужассам этган ярашув институти бугунги кунда миллий қонунчилигимизда ўзининг теран ифодасини топган эзгу мақсад — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида муҳим вазифа – ўтмиш асоратларидан имкони борича тезроқ халос бўлиш, шахс, унинг яқинларига жисмоний ва маънавий азоб берадиган, унинг қадр-қимматини камситадиган жазо турлари, жазолашнинг репрессив усулларидан воз кечиш, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонпарварлик тамойиллари асосида амалда қўлланишини таъминлаш зарур эди.

Шу мақсадда ривожланган демократик давлатларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган тамойил ва талабларга жавоб берадиган мезонлар асосида ҳуқуқбузарлик ва жазо тизими қайта кўриб чиқилиб, амалдаги Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга янги қоидалар киритилгани, айниқса, бу борада 2001 йил 29 августдаги жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ҳақидаги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ушбу қонун асосида миллий қонунчилигимизда илк бор ярашув институти жорий этилди, Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилгани муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилди.

Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён ўтган қарийб йигирма уч йил давомида қонунчилик янада такомиллаштирилиб, уни амалда қўлланиш доираси тобора кенгайиб бораётгани — унинг вақт синовларидан муваффақиятли ўтаётгани, жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда самарали восита сифатида хизмат қилаётганидан дарак беради.

Мазкур институт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам қўлланила бошланганини алоҳида таъкидлаш керак. Бунга 2021 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”даги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қонунга асосан, ярашилгани муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида белгилаб қўйилди. Унга кўра, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, А. Даминов кундуз куни ўзи ёқтирадиган қизнинг яшаш уйи ёнига келиб, уни пойлаб турган. Қиз уйдан чиқиб, автомашинасига ўтираркан, эшигини ёпаётган пайтда А. Даминов унга тўсқинлик қилган. Бу ҳам етмагандек, у қизга тегажоқлик ҳам қилган. Қиз ундан нега бундай қилаётганини сўраганида, у телефон рақамини беришни сўрайди. Қиз эса, телефон рақамини бермайди, аксинча, бу ердан кетишни, уни тинч қўйишни талаб қилади. Аммо А. Даминов ўз билганидан қолмайди, қизга тегажоқлик қила бошлайди.

Шундан сўнг қиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишга мажбур бўлади…

Суд терговида А. Даминов ўзининг қилмиши оқибатини тушуниб етгани, қаттиқ пушаймон эканини билдириб, кечирим сўради.

Судда жабрланувчи А. Даминов ўзидан астойдил кечирим сўрагани учун унинг узрини қабул қилганини, улар ўзаро ихтиёрий ярашганини, ҳуқуқбузар билан ўзаро ярашиб олишгани муносабати билан маъмурий ишни тугатишни сўради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасига мувофиқ, ушбу кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахс, агар у ўз айбига чин дилдан иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.

Суд А. Даминов ва жабрланувчининг ярашганлик тўғрисидаги аризаларини инобатга олиб, маъмурий ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-10-моддаси 1-бандига мувофиқ, ҳаракатдан тугатишни лозим топди.

Шунингдек, жабрланувчига ушбу иш юзасидан такроран судга шикоят қилиш ҳуқуқини йўқотганлиги тушунтирилди.

Буни баён қилишдан кўзланган мақсад шуки, агар ярашув институти амалга жорий этилмаганда, А. Даминов ҳуқуқбузар сифатида қилмишидан қанчалик пушаймон бўлмасин, барибир жазо олар, натижада оиласи, маҳалла-кўй олдида юзшувут бўлиб қоларди.

Ярашув институти уни ана шундай хижолатпазликдан халос этди ва ҳаётда ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмаслиги тўғрисида тасаввур уйғотди.

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман судининг

тергов судьяси

photo_2025-03-25_11-54-09

БОСҚИНЧИЛАР ҚИЛМИШИ ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Бу ҳаётда дастлаб тасодифдек бўлиб туюладиган қайсидир воқелик вақт-соати келгач, аслида, қисмат синови бўлиб чиқади. Шунда бу воқеа иштирокчиси нафс қутқусига учиб, бировнинг мулкига кўз олайтириш нечоғли тубанлик эканини англаб етади. Афсуски, бу пайтда кеч бўлади — хатони тузатишнинг имкони қолмайди.

Мисол тариқасида айтсак, Ўткир (исм-шарифлар ўзгартирилган) пойтахтда ишлаб юрарди. Бир куни кунлик иш бозорига чиққанида, “BMW” русумидаги автомашинада бир кекса киши келиб тўхтади-да, иш борлигини айтди: уйни бир сидра тозалаш керак экан.

Ўзаро келишиб олгач, Ўткир машинага ўтирди. Улар Ҳамид Олимжон номидаги метро бекати яқинидаги кўп қаватли уйлардан бирининг тўққизинчи қаватига кўтарилишди.

Ўткир тезда ишга киришди, ҳадемай буюрилган ишни бажарди. Хизмат ҳақини олгач, кейинчалик иш чиқиб қолса, айтарсиз, деб телефон рақамини уй эгасига қолдирди. У жабрланувчи билан шу тариқа танишди.

Халқимиз “Меҳнат икки кўздан иссиқ” деб бежизга айтмаган. Чиндан ҳам, астойдил меҳнат қилиб, ишингни битирган киши кўзингга яқин кўринади, у билан ўзаро таниш-билишчилик ришталари боғланади. Бу гал ҳам шундай бўлди: уй эгаси Эркин аканинг Шайхонтоҳур туманидаги ҳовлисида мавсумий ишларни бажаришга тез-тез ишчи кучи керак бўлиб турарди.

Унга яқинда танишган Ўткир маъқул туюлди: оёқ-қўли чаққон ишчан йигит экан. Шундай хаёлга борган уй эгаси бир куни Ўткир билан боғланиб, уни ҳовлисига олиб бориб, мўлжаллаган ишларни кўрсатди. Ўткир бу гал ҳам ҳамма ишларни виждонан бажарди. Буни кўриб, хонадон соҳибининг унга ишончи ортди.

Тез орада улар ўртасида мустаҳкам ишонч пайдо бўлди. Шу боис Эркин ака Ўткирнинг ижарада туришини эшитгач, уни уйига яшашга таклиф қилди. Шундан сўнг Ўткир ҳовлида яшай бошлади.

2019 йилнинг охирларига келиб, Ўткир махсус курсда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди ва Эркин аканинг ҳовлисида турган носоз автомашинани бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олди.

Шундан сўнг орадан ўтган 5 йил ичида улар бир-бири билан янада қадрдон бўлиб кетишди.

2024 йилнинг кузида Ўткир Чирчиқ шаҳрида таниши Саидни учратиб қолади. Ўзаро гурунг чоғида Ўткир Эркин ака ҳақида гапириб қолади: пули кўп экани, лекин ишлаган пулларини тўлиқ бермаганини айтиб, ёзғиради.

Шундан сўнг иккаласи Эркин аканинг пулларини ўғирлаш ҳақида ўзаро жиноий режа тузишади.

Кейин эса, икковлон жиноий режани амалга оширишга киришади. Аввало, Ўткир Саидга Эркин аканинг ҳовлисини ташқи томондан кўрсатади. Саид эса, ўйланиб туриб, бу иш иккаласининг қўлидан келмаслигини, бунга таниши Ҳамдамни ҳам жалб қилиш зарурлигини айтади. Ўткир ҳам бунга рози бўлади.

2024 йил 5 сентябрь куни Ўткир, Саид ва Ҳамдам учрашишади. Улар ўзаро тил бириктириб, Эркин аканинг ёши ўтиб қолгани, бунинг устига, эр-хотин алоҳида-алоҳида яшашини муҳокама қилишади, сўнг уйдан ўғирланган нарсаларни тенг бўлиб олишга келишади.

Эртаси куни соат 20.00 лар атрофида Ўткир билан Саид автомашинада Чирчиқ шаҳридан Чилонзор туманига етиб келишади. Уларни Ҳамдам ва унинг укаси Норбек кутиб олади. Сўнг Ўткир уларни Эркин аканинг уйига бошлаб келади. Ҳовли эшигини Эркин ака очади ва Ўткир бегона кимсалар билан бирга келганини кўриб, бирдан авзойи бузилади. У Ўткирнинг қўлига ишлаган пулининг қолган 75 минг сўмини бериб, энди кетинглар, дейди. Улар ҳовлидан чиққач, дарвозани ёпиб қўяди.

Буни кўриб, жиноий режалари чиппакка чиққанидан тўртовлон баттар дарғазаб бўлишади. Ўзларича Эркин аканинг ҳовлиси дарвозасини очишга уриниб кўришади, аммо бундан бирон-бир натижа чиқмайди.

Шунда Ҳамдам ғалати таклифни айтиб қолади: “Эркин акани эшикни очишга кўндириш учун қизлардан фойдаланиш керак!”

Буни эшитиб, Саид дарҳол Умида ва Севара исмли таниш қизларга қўнғироқ қилади. Қизлар етиб келишгач, уларга жиноий режани айтишади.

Аввалига қизлар иккиланишади, аммо ўғирликдан улуш олишни эшитгач, рози бўлишади.

Эртаси куни кечки пайт соат 20 ларда Ҳамдам билан Севара яна Эркин аканинг ҳовлиси қаршисида пайдо бўлишади: олдиндан келишилган режага кўра, эшик қўнғироғини Севара босади. Кутилганидек, эшикни Эркин аканинг ўзи очади.

Аммо у нотаниш кишиларга кўзи тушиб, бирдан авзойи ўзгаради ва бақир-чақир қилиб, бу ердан кетишни талаб қила бошлайди. Шу пайт Ҳамдам вазиятдан фойдаланиб, Эркин акани ҳовли ичкарисига судраб олиб киради-да, унинг юзига бир неча марта мушт туширади: уй эгаси бу зарбларга бардош бера олмай ҳушидан кетади. Шундан сўнг у шерикларига қўнғироқ қилиб, тезда етиб келишни буюради. Шериклар етиб келишгач, Умида билан Севара автомашинада қолади, қолганлар босқинчиликни амалга ошириш учун ичкарига киришади. Босқинчилар бир зумда ҳаммаёқни тинтиб чиқишади. Улар ертўлага тушишганда, сейфга кўзлари тушади. Аммо сейф қулфланган, уни очишнинг иложи йўқ эди. Шу боис босқинчилар Эркин акадан сейфнинг калитини беришни талаб қилишади. Эркин ака эса, ҳеч нарсани айтмайди. Шу пайт Ҳамдам қўл телефони ёритгичини ёқиб, нариги хонага ўтганида, қандайдир аёлга кўзи тушади. Аёл қаттиқ қўрқувга тушгандан дағ-дағ қалтирарди. Ҳамдам уни кўрган заҳотиёқ бирдан дўқ уради, бойлигини беришни талаб қилади.

Буткул қўрқувга тушиб қолган аёл шоша-пиша сумкасидан 500 АҚШ доллари ва 700 минг сўмни чиқариб беради.

Шундан сўнг Ҳамдам аёлдан сейфнинг калитини топиб беришни талаб қилади. Аёл буткул саросимага тушган кўйи калит қаерда сақланишини билмаслигини айтади. Шунда Ҳамдам аёлнинг қўлидаги тилла билакузукка кўзи тушиб, уни ҳам тортиб олади.

Айни шу пайт Ҳамдамнинг укаси Норбек ҳовлиққан куйи Эркин ака ҳушига келгани ва кўчага қочиб чиққанини айтиб қолади. Буни эшитиб, босқинчилар бирдан ҳушёр тортишади ва шоша-пиша воқеа жойидан ғойиб бўлишади.

Эртаси куни Ҳамдам “Авиасозлар” бозорига бориб, босқинчилик йўли билан қўлга киритган тилла билагузукни нотаниш аёлга 10 миллион сўмга сотиб юборади.

Ўткир билан Саид эса, Чирчиқ бозорида ўғирланган тилла тақинчоқларни сотаётган маҳал ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинади.

Умуман айтганда, босқинчилар жабрланувчиларга жами 60 727 600 сўм миқдорида моддий зарар етказишган эди.

Бундан ташқари боқинчилар суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Эркин Шамсиевга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказишган.

Судда айбланувчилар қилмишларига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдиришди. Суд “жиноятга жазо — муқаррар” тамойилига қатъий амал қилди. Бинобарин, Ўткир Ҳасанов, Саид Турсунов ва Ҳамдам Тўйчиев Жиноят кодексининг 164-моддаси ва 127-моддаси тегишли бандлари билан айбдор деб топилиб, узил-кесил — 11 йил, ушбу жиноий қилмишнинг бошқа қатнашчиларига эса, 7 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, ўзганинг мулкига тажовуз қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаган. Чунки бировнинг ризқ-насибаси бошқа бировга буюрмайди. Ушбу мудҳиш жиноий қилмиш иштирокчилари ҳаётнинг шу ҳақиқатини вақтида англаб етганларида гулдек умрини темир панжара ортида ўтказишга мажбур бўлишмасди. Демак, ҳаётда инсонни фақат ҳалоллик улуғлайди, нопок қилмиш эса, бадном қилади. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Акмал Мирзахонов,

жиноят ишлари бўйича

Шайхонтоҳур туман

судининг судьяси,

Жаҳонгир Саидов,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек туман

судининг тергов судьяси

photo_2025-03-14_16-53-21

СУДНИНГ АДОЛАТЛИ ҚАРОРИ НОҲАҚЛИК ВА ДИЛХИРАЛИКЛАРГА БАРҲАМ БЕРДИ

Қўшработлик Икром Мардиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ташвишли бир воқеани бошидан ўтказди.

Гап шундаки, у туманнинг “Оқтепа” ҳудудидан ўғлининг номига янги уй-жой қурганди. 2024 йил 11 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими мутахассислари мониторинг ўтказиб, 5567-контурда 348 квадрат метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, деган хулосага келишади ва ушбу ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузишади.

Аммо И. Мардиқулов қўлидаги мавжуд ҳужжатларни кўрсатиб, мулк эгаси унинг ўғли Олмос Бердиқулов эканлигини қанча тушунтирмасин, унинг сўзларига ҳеч ким қу­лоқ солмайди. Аксинча, 2024 йилнинг 26 ноябрь куни Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи Б. Суюновнинг маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорига асосан И. Мардиқуловга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми бўйича 56 миллион 250 минг сўм жарима жазоси тайинланади.

Албатта, бундан И. Мардиқулов норози бўлади ва судга мурожаат қилади.

Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, ким ҳақ, кадастр агентлиги мутахассисларими ёки ҳуқуқбузар деб топилган И. Мардиқулов?

Бу саволга судда тўлиқ ойдинлик киритилди.

Бу ҳақида фикр юритганда, шуни айтиш керакки, 2020 йилда Самарқанд вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ эгаси сифатида И. Мардиқуловнинг ўғли Олмос Икром ўғли номига кадастр йиғма жилди тайёрланган. Ҳужжат ўша пайтдаги филиал раҳбари Ф. Қўчқаров, филиал бош муҳандиси С. Эшмаматов ва ижрочи М. Абдуазизов томонидан имзоланган ҳамда филиал муҳри билан тасдиқланган. Кадастр йиғма жилди тайёрланган пайтда ушбу ер майдонида бир хонали уй ва битта ёрдамчи хона бўлган.

Судда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими бош инспектори, гувоҳ Н. Толибованинг кўрсатмаси масалага янада аниқлик киритди.

2020 йилда ушбу кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган бўлса-да, ушбу ҳужжатдаги ер участкасининг кадастр рақами электрон дастурга киритилмаган. Мониторинг ўтказиш пайтида ҳужжатда ёзилган кадастр рақами базада мавжуд бўлмаган. Шу сабабли, бино ноқонуний қурилган деб топилган. Иморатлар расмийлаштирилган кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди ҳужжати доирасида қурилган, четга чиқилмаган.

Маълумки, амалдаги қонунчиликда ерга нисбатан ўзбошимчалик билан муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, ҳуқуқбузар ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар содир этаётганини англайди ва бу ҳаракатни содир этишни хоҳлайди.

Мазкур кодекснинг 11-моддасида эса, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги ғайриҳуқуқий эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланиши қайд этилган.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, И. Мардиқулов ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширмаган. Чунки 2020 йилда Кадастр агентлиги Қўшработ тумани филиали томонидан кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилди тайёрланган ва 2024 йил 11 ноябрь куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилганига қадар И. Мардиқулов ушбу ерни ўғли О. Бердиқуловники деб ҳисоблаган ҳамда қурилиш ишларини амалга оширган.

И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширишга қаратилган қасд, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмас.

Шу сабабли, суд Кадастр агентлиги Қўшработ тумани бўлими раҳбарининг 2024 йил 26 ноябрдаги QSAM 2424105697037-рақамли маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. И. Мардиқуловнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси биринчи бандига асосан, иш юритишдан тўхтатди.

Юқорида баён қилинган воқеа давлат идоралари ходимлари ўз фаолиятида ўта эътиборли бўлиши лозимлигини, шошмашошарлик билан иш тутиш оқибати қимматга тушишини кўрсатади.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, И. Мардиқулов бу ташвиш бошига тушганда, довдираб қолмай қонуний йўл тутди, ушбу низога ойдинлик киритишни сўраб, судга мурожаат қилди. Гувоҳи бўлганингиздек, суднинг адолатли қарори ноҳақликка ва бир оила аъзоларининг дилхираликларига барҳам берди.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қўшработ тумани судининг

тергов судьяси

photo_2025-02-28_19-21-51

АДОЛАТ ВА ОҚИЛОНАЛИК ТАЛАБИ ИШНИНГ ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПИШИГА АСОС БЎЛДИ

Маълумки, судда низонинг адолатли ечим топиши томонлар манфаатига мос тушади, ҳеч кимда эътирозга ўрин қолдирмайди. Ёки аксинча, биринчи босқич судида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмагани Фуқаролик процессуал кодексининг тегишли моддасига кўра, суд ҳужжатини апелляция тартибида ўзгартиришга асос бўлади.

Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, 2022 йилнинг 2 февраль куни Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилояти филиали 2-хирургия бўлимига бемор С. Раҳмонбердиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўткир аппендицит ташхиси билан ётқизилган. Афсуски, беморнинг жарроҳлик амалиёти муваффақиятсиз ўтган, шундан сўнг унинг иккала оёғи ҳам ишламай қолган.

Хўш, нега бундай бўлди? Бунга ким айбдор?

Бу саволга Республика суд-экспертиза илмий-амалий марказининг 2022 йил 18 апрелдаги 31-сонли экспертиза хулосасидан аниқ жавоб топиш мумкин. Унда қайд этилишича, операция муолажаси жараёнида анестезиолог шифокор А. Қулмаматов анестизияни техник жиҳатдан нотўғри қўллаган. Орқа мия асаб толалари зарарланиши оқибатида беморнинг оёқлари ишламай қолган. Бу “ўртача оғир” тан жароҳатлари тоифасига киради.

Айтиш керакки, анестезиолог А. Қулмаматов ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 116-моддаси асб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, терговга тортилади. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилади. Судда А. Қулмаматов С. Раҳмонбердиевани соғлиғи тиклангунга қадар тўлиқ даволатишни ўз зиммасига олади.

Шундан сўнг тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ушбу жиноят иши ҳаракатдан тугатилади.

Аммо А. Қулмаматов судда берган ваъдасини унутади, сўзида турмайди, С. Раҳмонбердиевага умуман ёрдам кўрсатмайди.

Табиийки, бундан норози бўлган С. Раҳмонбердиева А. Қулмаматовга нисбатан моддий ва маънавий зарарлар ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

Воқеанинг давоми шундай кечади: фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2024 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қисман қаноатлантирилади. Жавобгар А. Қулмаматовдан даъвогар С. Раҳмонбердиева фойдасига 10 миллион 32 минг 500 сўм моддий ва 30 миллион сўм маънавий зарар, жами 40 миллион 32 минг 500 сўм, шунингдек, 1 миллион 81 минг 300 сўм давлат божи ундирилиши белгиланади.

Суднинг ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар А. Қулмаматов апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўрайди.

Шу ўринда судда кўрилаётган ушбу иш бўйича амалдаги қонун талабига эътибор қаратадиган бўлсак, Фуқаролик кодексининг 985-моддаси 1-қисмига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Буёғини эшитсангиз, даъвогар С. Раҳмонбердиева РШТЁИМ Сирдарё вилояти филиали “Неврология бўлими”да 2022 йил 2 февралдан — 5 апрелга қадар, Гулистон шаҳар шифохонасида 2023 йилнинг 14 апрелидан — 24 апрелигача, 28 августдан — 4 сентябргача, 25 октябрдан — 3 ноябргача ва 2024 йил 22 майдан — 31 майга қадар даволанган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар тиббиёт муассасаларида даволанган вақтида ўзининг ҳисобидан 10 миллион 32 минг 500 сўмлик дори воситаларини сотиб олган. Бу дори-дармонларнинг жами нархи “Дори-дармон” акциядорлик компанияси Сирдарё вилояти минтақавий бўлими томонидан 2024 йил 28 августда тақдим этилган 01-05/187-сонли хатда ҳамда APTEKA.UZ интернет-сайтидаги маълумотда аниқ кўриниб турибди.

Даъвогарнинг маънавий зарар ундириб бериш тўғрисидаги даъвосига тўхталадиган бўлсак, миллий қонунчилигимизда бу борада аниқ мезонлар белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, маънавий зарар уни етказувчининг айби билан содир бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан пул билан қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек, айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда, зарар етказувчининг айби даражасига қараб, суд томонидан аниқланади. Муҳим жиҳати, зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.

Биринчи босқич суди моддий зарарни ундиришда даъвогар шифохоналарда даволанган вақтида ўз ҳисобидан дори-дармон сотиб олиш учун қилинган харажатларни шифохона томонидан берилган маълумотдан келиб чиқиб, даъво талабини қисман қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Шунингдек, маънавий зарарни ундиришда жавобгар А. Қулмаматовнинг жиноий ҳаракатлари натижасида даъвогар С. Раҳмонбердиеванинг “ўртача оғир” тан жароҳати олганлиги, бу эса, даъвогарнинг маълум муддат давомида ҳаракатланиши чекланишига олиб келганлиги, ҳозирги кунга келиб ҳам, соғлиғи тўлиқ тикланмаганлиги, даволаниш муддати ҳали давом этаётгани, она сифатида фарзандига ғамхўрлик қила олмаётганлиги, қийинчиликлар вужудга келаётганлиги, шунингдек, эшитиш қобилияти ҳам йўқолганлигини инобатга олган.

Жавобгар А. Қулмаматов ўзининг апелляция шикоятида суд ажрими билан айбдор деб топилмаганлиги, унга нисбатан ҳукм чиқарилмаганлиги, даъвогар томонидан тўлов чеклари тақдим этилмаганлиги, жиноят судининг ажримида моддий зарар қопланганлиги кўрсатилганлигига эътибор берилмаганлиги, иш бир тарафлама кўрилганлиги ҳақидаги важларни келтирган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Фуқаролик процессуал кодексининг 372-2-моддасига кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги суд ҳужжатини апелляция тартибида ўзгартишга асос бўлади.

Биринчи босқич суди жиноят ишлари бўйича суднинг ажримида даъвогар С. Раҳмонбердиева зарарлар қоплаб берилганлиги ҳақида кўрсатма берганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, 2022 йил 2 февралдан 2022 йил 5 апрелга қадар бўлган даврдаги харажатларни ундириш ҳақида нотўғри хулосага келган. Шунингдек, маънавий зарар миқдорини бироз кам баҳолаган.

Мазкур ҳолатда даъвогар С. Раҳмонбердиеванинг 2023 йил 14 апрелдан 24 апрелгача, 28 августдан 4 сентябргача, 25 октябрдан 3 ноябргача ва 2024 йил 22 майдан 31 майга қадар даволанган давридаги сарф-харажатлари миқдори 2 миллион 399 минг 500 сўмни ташкил этган.

Апелляция инстанцияси шикоятда келтирилган важларни ва тарафларнинг тушунтиришларини муҳокама қилиб, жавобгар ўзининг ҳаракатлари билан жиноят содир қилганлиги суднинг ажрими билан исботлангани, натижада даъвогар “ўртача оғир” тан жароҳати олганлиги, соғлиғини тиклаш учун даволанганлиги, жисмоний ва маънавий азобланганлигини инобатга олиш лозим, деган тўхтамга келди. Биринчи босқич судининнг ҳал қилув қарорини ўзгартириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 2 миллион 399 минг 500 сўм моддий ҳамда 40 миллион сўм маънавий зарар ундиришни лозим топди.

Шунингдек, судлов ҳайъати моддий зарар миқдоридан ва маънавий зарар ҳақидаги талаб учун жавобгардан жами 1 миллион 20 минг сўм миқдорида давлат божи ундирди.

Қонунчилигимизда етказилган зарарни ундириш юзасидан белгилаб қўйилган оқилоналик ва адолатпарварлик талабининг тўлиқ таъминланиши, гувоҳи бўлганингиздек, бир фуқаролик ишининг ҳаққоний якун топишига асос бўлди.

Бекзод ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Сирдарё вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

photo_2025-02-28_19-04-58

ТАНГ АҲВОЛГА ТУШГАЧ, ҒАРАЗЛИ МАҚСАДГА КЎЧДИ

Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидаси бор. Зотан, ҳамма бирдек амал қилиши талаб этиладиган қонунларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради.

Шу ўринда фикримизни судда муҳокама қилинган бир жиноят иши мисолида давом эттирадиган бўлсак, Собир Равшанқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 18 июнь куни соат, тахминан, йигирма иккиларда Пахтакор тумани ҳудудида спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, ҳеч қандай ҳужжатларсиз танишига тегишли бўлган “Nexia-2” русумли автомашинани бошқариб келаётганида Жиззах вилояти ИИБ ЖХҲ ЙХҲБ инспектори О. Каримов томонидан тўхтатилади. Ҳайдовчи транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст холда, ҳужжатларсиз бошқарганлиги учун тегишли тартибда баённома расмийлаштирилади, автомашина эса, қонунда белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилади.

С. Равшанқулов эса, айбини тан олиш ўрнига маъмурий жавобгарликдан қутулиб қолиш чораларини излашга тушади: у шундай мақсадда Пахтакор тумани ИИБ ЙХҲБ маъмурий биносига боради-да, инспектор С. Бобоёровга учрашади. Мақсади — маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан ўзига нисбатан қўлланилаётган жаримани енгилроғига алмаштириш ва автомашинани жарима майдончасидан чиқариб кетиш эди. Бунинг эвазига у инспектор С. Бобоёровга 3 миллион сўмни пора сифатида таклиф қилади.

Ўз навбатида, инспектор унга бундай ҳаракат жиноят эканлигини батафсил тушунтиради. С. Равшанқулов эса, ўз билганидан қолмайди, инспекторга пора таклиф қилиб, уни ҳол-жонига қўймайди. Ҳатто у пора бериши оқибатида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини такрор-такрор эшитса-да, яна масалани пул билан ҳал қилмоқчи бўлаверади. Шундан сўнг С. Бобоёров Жиззах вилоят ИИБ раҳбариятига С. Равшанқуловга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, билдирги билан мурожаат қилади. Натижада Пахтакор туман прокуратураси ҳамда ИИВ ШХББ Жиззах вилояти бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади.

Шундай қилиб, С. Равшанқулов 100 АҚШ доллари ва 1 миллион 800 минг сўмни пора тариқасида С. Бобоёровнинг хизмат хонасидаги иш столининг тортмасига солиб қўйган чоғида тезкор тадбир вакиллари ва холислар иштирокида қўлга олинади…

Айтиш керакки, С. Равшанқуловнинг жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан малакаланади.

Маълумки, Конституциямизнинг 20-моддаси 4-қисмида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган. Ушбу конституциявий қоидани қайд этишдан мақсад шуки, судланувчи С. Равшанқуловнинг соғлиғи яхши эмас. Аниқроқ айтганда, Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг маълумотномасига кўра, у даволанишга муҳтож, қолаверса, оилада ягона боқувчи, шунингдек, қарамоғида ёрдамга муҳтож кекса ота-онаси бор. С. Равшанқуловнинг ўзи эса, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олганда, судланувчига нисбатан қилмиши малакаланган модда санкциясидаги озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

Шу боисдан, суд С. Равшанқуловга қилмиши малакаланган Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазосини тайинлашни лозим топди. Ашёвий далил деб топилган 100 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 800 минг сўм эса, тегишли тартибда давлат эгалигига ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтганда, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, 33 ёшли С. Равшанқуловнинг бошига тушган ташвишларга бошқа биров эмас, балки унинг ўзи сабабчи бўлди. Чунки спиртли ичимлик ичиб, ҳеч бир ҳужжатсиз танишига тегишли транспорт воситасини бошқариб, кўчага чиқмаганида бундай кутилмаган дилхираликларга рўбарў келмас, натижада фарзандлари ризқини қийиб, суд ҳукми билан тайинланган 17 миллион сўм жаримани тўлашга мажбур бўлмасди.

Бу қилмиши ҳам етмагандек, у танг аҳволда қолгач, вазиятдан осонлик билан қутулиб кетиш мақсадида, давлат хизматчисига пора таклиф қилди ва ноқонуний қилмишига яраша қонуний ҳамда адолатли жазога тортилди.

Буларни баён этишдан мақсад шуки, ҳаётда қонун талабини ҳурмат қилган, ҳалоллик ва адолатни умрининг мезони деб билган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Қонун талабини бузиш эса, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Ўлмас САТТАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пахтакор тумани

судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-02-07_16-41-24

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ: АМАЛИЁТ ВА ТАКЛИФЛАР

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва шу аснода тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бинобарин, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Юртимизда қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Кейинги саккиз йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз борганда, жумладан, тадбиркорлар манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар уларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини ошираётганини таъкидлаш лозим.

Тадбиркорларга кенг имконият ва шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.

Шу асосда қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасида иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш иқтисодий судларнинг вазифаси этиб белгиланган.

Тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган низоларни кўриб чиқиш асосий вазифаларидан бири бўлган иқтисодий судлар низоларни кўриш жараёнида ҳуқуқ ва қонунни қўллаш билан бирга тадбиркорлик фаолияти принципларини ҳам ҳимоя этишлари даркор. Негаки, тадбиркорликни ривожлантиришга замонавий ёндашув мамлакатимиз ва жаҳондаги ўзаро муносабатлар тартибини белгилаб беради.

Бунда, айниқса, “Ўзбекистон – 2030″ стратегиясида мамлакатимизда иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Янада муҳими, 2023 йил 30 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатларни ривожлантириш истиқболларининг тубдан яхшиланишига, тадбиркорлик ҳуқуқи принципларининг самарали ҳаётга татбиқ этилишига қулай имкон яратди.

Асосий қонунимизда давлатнинг барқарор иқтисодий ўсишига ёрдам берадиган конституциявий устуворликларга эътибор қаратилди. Бу ўринда, жумладан, ижтимоий адолат ва бирдамлик, фуқаролар фаровонлигини ошириш, бозор иқтисодиёти ва ҳалол рақобатни ривожлантириш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат эркинлиги принциплари конституциявий ифодасини топгани ҳақида сўз бормоқда.

Агар Наманган туманлараро иқтисодий судлари томонидан тадбиркорлик субъектлари қандай ҳуқуқий ҳимояси қилинмоқда деган саволга рақамлар мисолида жавоб берадиган бўлсак, 2023 йилда 2 минг 286 та иқтисодий низо доирасида тадбиркорлар манфаатига 286,4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириб берилганини таъкидлаш лозим. Бу кўрсаткич 2024 йилда янада кўпайди ва 314,7 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этди.

Ушбу рақамлар аввало иқтисодий судларга бўлган ишончнинг ортиб бораётганидан далолатдир. Қолаверса, бу борадаги ишлар кўлами ва ундирилган маблағ салмоғи иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик фаолияти принципларини янада кенгроқ ҳимоя этиш зарурлигини кўрсатади.

Бунга биргина ҳаётий мисол: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси даъвогар “Kiyahta Import Group 2022” масъулияти чекланган жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Umum Baraka Savdo Invest” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 1 500 000 000 сўм қарздорликни ундиришни сўраган.

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо берди. Шу асосда тарафлар вакилларининг тушунтиришларини тинглаб, даъво талабини тўлиқ қаноатлантирди.

Айтиш лозимки, иқтисодий низоларнинг юзага келишига асосий сабаблардан бири айнан жавобгар тадбиркорлик субъектлари ёки давлат идоралари томонидан тадбиркорлик фаолияти принципларига риоя қилинмаётгани, қолаверса, бу принциплар судлар қарорларида ҳам етарлича қўлланилмаётгани ва тадбиркорлик фаолияти принциплари бузилганига тизимли баҳо бериб борилмаётгани билан боғлиқдир.

Албатта, бунинг учун, фикримизча, соҳа қонунчилигини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Биринчидан, тадбиркорлик фаолиятига янада аниқ ва лўнда таъриф бериш мақсадида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда мавжуд матнни қуйидаги янги таҳрирда беришни таклиф қиламиз: “Тадбиркорлик – жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳамда тадбиркорлик фаолияти принциплари асосида амалга ошириладиган, ўз таваккалчилиги ва мулкий жавобгарлиги остида тизимли равишда даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятдир”.

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда инсофлилик принципини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш тақозо қилинмоқда. Шу мақсадда Фуқаролик кодексининг 9-моддаси тўртинчи қисмидан “тадбиркорлар эса – иш одоби қоидаларига ҳам риоя этишлари” деган сўзларни чиқариб ташлаш ва мазкур қисм матни қуйидаги тушунча билан тўлдирилса, мақсадга мувофиқ бўларди: “тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини инсоф билан, бир-бирининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, ҳалоллик ва бир-бирига ишончга асосланган хулқ-атвор қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши шарт”.

Учинчидан, тадбиркорлик субъектларини контрагентларнинг инсофсиз ҳаракатларидан ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтириш давр талабидир. Шунинг учун Иқтисодий процессуал кодексини қуйидаги мазмундаги янги модда билан тўлдиришни таклиф этамиз: “суд бир томоннинг (томонларнинг) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида бошқа томоннинг қонуний манфаатларига бепарволик билан ёки алдаш ёхуд ҳуқуқни суиистеъмол қилиш йўли билан адаштириш билан ифодаланган инсофсиз хатти-ҳаракати фактини аниқлаб, ўз мажбуриятларини бузган томоннинг айбдорлигининг исботи сифатида инсофлилик принципи бузилиши фактини баҳолайди”.

Тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини тартибга солувчи миллий қонунчиликда ва маҳаллий юридик адабиётларда тадбиркорлик фаолияти принципларининг ягона, яхлит рўйхати мавжуд эмас. Шуни инобатга олиб, Тадбиркорлик кодексида тадбиркорлик фаолияти принциплари тизимини қонунан мустаҳкамлаб қўйиш лозим.

Шунингдек, судлар иқтисодий ишларни кўриш чоғида тадбиркорлик субъектларининг хатти-ҳаракатларини улар томонидан қонунчиликда белгиланган тадбиркорлик фаолияти принципларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда баҳолаши масалалари ҳам қонунчилигимизда ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Мухтасар айтганда, тадбиркорлик фаолияти принципларини қасддан бузган ваколатли ва мансабдор шахсларга нисбатан судлар томонидан уларнинг ҳаракатларига баҳо берилиши шарт. Бунда судлар томонидан жавобгарлик чораларини кўришнинг аниқ ҳуқуқий механизмини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Шуҳрат Шералиев,

Хуршиджон Умаров,

Наманган туманлараро

иқтисодий суди судьялари

photo_2026-01-21_11-25-01

ТАЪМАГИРЛИК ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАДИ

Марҳаматлик Алишер Мирвоҳидовнинг боғдор­чиликка ихтисослашган бир гектар ер майдонида турли мевали дарахтлар, гул кўчатлари барқ уриб ўсиб ётарди. Кўркам боғ, албатта, ўтган-кетганнинг эътиборини тортмай қолмасди.

Кадастр агентлиги туман бўлими бошлиғи Тўхтамурод Давронов ҳам бу боққа назар солди. Унинг эътиборини дастлаб боғбон боғ четида қурган иншоот ўзига тортди: қонуниймикин, ноқонуниймикин?! Албатта, у буни биларди, биларди-ю, аммо…

“Каттагина ер майдонини банд қилиб турибди бу қурилма. Бир суриштириб кўриш керак. Бу ерда бир гап бор-ов…”

Унинг хаёлида шунга ўхшаш фикрлар айлана бош­лади.

Аслида А. Мирвоҳидов бу ерни раҳматли отасининг маслаҳати ва тавсияси, қисман молиявий сармояси эвазига кимошди савдосида қонуний тарзда сотиб олганди. Шундан буён боғ ҳам бола-чақасининг, ҳам ўзгаларнинг корига яраб турарди. Шу боғ бор экан, отаси айтгандек, рўзғорида қўр, барака бор…

Йиллар оралаб, у боғ четида 4 хона уй қурди. Боққа келган туман кадастр бўлими бошлиғи айнан ушбу қурилмани ноқонуний эканини айтди.

— Бузасиз, вассалом! Бу ноқонуний қурилган! — деди у.

Боғбон-ку, буни тушунди. Тушунмай ўлибдими, нақ тўрт йил собиқ пахтачилик институти тупроғини ялаган, ёш бола ҳам эмас, аммо не қилсинки, бу иморатни тиклагунча, озмунча маблағ сарфламаганди.

Шундай экан, кимдир келиб, “Буз, буз!” деса, у бир ғишт эмаски, у ердан-бу ерга силжитиб қўяверилса…

Ўша куни Т. Давронов ноқонуний қурилма учун тегишли идораларга хабар бериши, 300 миллион сўм жаримага тортилиши ҳақида ҳам айтди. Шундан сўнг А. Мирвоҳидов ўйга ботиб қолди: нима қилиш керак?! Қандай йўл тутса, ҳаммаси қонуний бўлади?!

Хуллас, у ўйлай-ўйлай Т. Давроновнинг хизмат хонасига борди.

“Қурилмани қонуний тартибда расмийлаштиришга ёрдам беринг”, деб илтимос қилди.

Кадастр бошлиғининг хаёлида эса, бошқа ўй айланарди. У ҳозир ўзини ўлжаси қаршисида турган овчидек ҳис этарди…

— Майли, сизга бир яхшилик қиламан, — деди ниҳоят у. — Шундай қиламизки, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Яъни мен айтган ҳужжатларингизни тайёрлаб бераман. Бошқа идораларга ҳам сизни югуртириб, хабарнома, далолатнома деган қоғозлар жўнатмайман. Келгусида ўзингиз айтгандек, ўша қурилмаларни расмийлаштириб бераман. Фақат, бунинг озгина чиқими бор – 6 000 доллар берасиз…

А. Мирвоҳидов унинг талабига рози бўлди, бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди.

— Бу маблағни қанча тез етказсангиз, иш шунча тез битади, — деди Т. Давронов. — Яна бир ўйлаб кўринг.

Айтишга осон, талаб қилинган пул кичкина маблағ эмас. Аммо боғбоннинг дўпписи ҳозир тор келиб турганди.

Орадан кўп ўтмай у Т. Давроновнинг хизмат хонаси эшигини тақиллатди.

— Кираверинг, — деди Т. Давронов чеҳраси очилиб. У бир неча лаҳзалар ичида кафтида пайдо бўладиган катта маблағни ўйлаб қувонарди.

— Опкелдим, — дея А. Мирвоҳидов бир боғлам хориж валютасини стол устига қўйди.

Т. Давронов эса, уни тезда олди-ю, иш столи тортмасига ташлади. Сўнг ҳужжатларни тезда расмийлаштириб беришини таъкидлади.

— Умрингиздан барака топинг, — деди А. Мирвоҳидов ва хонадан чиқди.

Шу пайт, ажабки, хонага бошқа – чақирилмаган ва кутилмаган меҳмонлар кириб келишди ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб, ўзларини таништиришди. Шу тариқа Т. Давроновнинг ғайриқонуний қилмиши якун топди.

Бу жиноий қилмиш жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани судида кўриб чиқилди ва таъмагир мансабдорнинг қилмишига қонуний баҳо берилди.

Жиноят кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган қилмишни содир этган Т. Давронов суднинг ҳукмига кўра, 2 йил кадастр тизимида ишлаш ваколатидан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу жиноий қилмишни баён этишимиздан мақсад шуки, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, таъмагирликка рўжу қўйиш ҳеч қачон изсиз кетмайди, балки муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ҳалол меҳнат, зиммадаги вазифаларга виждонан муносабатда бўлиш нафақат обрў-эътибор олиб келишини, балки кўнгил хотиржамлигини ҳам таъминлашини ҳеч қачон унутмаслик керак.

Умидахон Имомова,

Андижон вилояти судининг

 жиноят ишлари бўйича судьяси

 

photo_2026-01-13_22-51-04

ҲУЖЖАТЛИ ТАФТИШ ДАВОМЛИ ЖИНОЯТНИ ФОШ ЭТДИ

Ҳаётнинг шундай қонунияти бор: одам атрофга очиқ кўз билан қараб, яхшиликлардан ибрат олиб, ёмонликлардан хулоса чиқариб яшаса, ҳеч кимдан кам бўлмайди. Аслида ўзи, оиласи, фарзандларининг тақдирини ўйлаган, бундан кейинги ҳаёти тинч, осойишта кечишини истаган одам ҳеч қачон жиноий қилмишга қўл урмайди, ишига, бажараётган вазифасига виждонан ёндашиб, ҳалол муносабатда бўлади.

Содир этган жиноий қилмиши очиқ суд мажлисида муҳокама қилинган Фарида Худойназарова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам иш фаолияти давомида тўғриликдан тоймагани, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, охири юзшувитлик ва пушаймонлик билан якун топадиган жиноятга қўл урмаганида пешонасига судланганлик тамғаси босилмасди.

Ф. Худойназарова 2019 йил 22 майдан жиноят иши судда кўрилгунига қадар Пайариқ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида директори лавозимида фаолият юритиб келган. Унинг бажарадиган вазифаси “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун, Президентимизнинг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, таълимга оид бошқа амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган тегишли топшириқлар ижросини тўлиқ таъминлашдан иборат бўлган.

Бундан ташқари ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат муносабатлари юзасидан тегишли буйруқлар чиқариш, молиявий-хўжалик фаолиятига шахсан жавобгарлик ҳам ташкилот раҳбарининг мансаб ваколатига киради.

Аммо Ф. Худойназарова зиммасидаги вазифаларни бажаришда мансаб ваколатларини қасддан суиистеъмол қилганча, пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож этади.

Мисол учун давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳамшира вазифасида ишлаган Н. Усмонова хўжалик мудири, жисмоний тарбия ўқитувчиси ёрдамчиси, ўт ёқувчи вазифаларида умуман ишламаган.

Бироқ директор Ф. Худойназарова 2021-2023 йиллар давомида унга 4 миллион 469 минг сўм маблағни бажармаган ишлар учун иш ҳақи сифатида асоссиз тўлаб берган.

Мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатган “сахийлиги”дан С. Боймуродова ҳам четда қолмаган.

У Н. Усмоновадан кейин хўжалик мудири, жисмоний тарбия ўқитувчиси ёрдамчиси, ўт ёқувчи вазифаларида умуман ишламаган бўлса-да, унга 6 миллион 214 минг 800 сўм маблағ иш ҳақи сифатида тўлаб берилган.

Давлат ҳисобидан “ҳотамтойлиги” ортидан Ф. Худойназарова ўзига ишониб топширилган, ихтиёрида бўлган жами 10 миллион 683 минг 800 сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш оқибати кун келиб ошкор бўлишини хаёлига келтирмаган Ф. Худойназарова амалдаги қонун талабларидан четга чиққан ҳолда ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттирган. Буни “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилмагани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ушбу қонуннинг 14-моддасида “Бошланғич ҳисоб ҳужжатларини тузган ҳамда имзолаган шахслар уларнинг ўз вақтида, тўғри ва ишончли тузилиши, шунингдек, бухгалтерия ҳисобида акс эттириш учун белгиланган муддатларда топширилишига жавобгардир”, дея қайд этилган.

Бироқ Ф. Худойназарова ҳали меҳнат шартномаси тузмай туриб, К. Бойматованинг тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқни расмийлаштирган. Кейинроқ, 2022 йил 1 март санасида уни қоровул вазифасига ўтказиш ҳақидаги сохта буйруқни имзолаган. К. Бойматованинг ушбу буйруқлар билан танишганлиги тўғрисидаги ёзувларни ҳам сохталаштирган. Энг ажабланарлиси, Ф. Худойназарова уни ишлаганлиги тўғрисида иш ҳақи табелларига қалбаки ёзувлар киритган ва бухгалтерияга тақдим этган. У бу сохтакорлик ортидан К. Бойматовага 2021-2023 йиллар давомида жами 21 миллион 73 минг 400 сўм иш ҳақи ва бошқа тўловлар ажратилишига эришган. Оқибатда мажбурий ушланмалардан ташқари, жами 18 миллион 333 минг 900 сўм миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, Ф. Худойназарованинг қонун талабларини қўпол тарзда бузгани Р. Келдибекова билан бўлган сохта меҳнат муносабатларида ҳам кўзга ташланади. Ташкилот раҳбари Р. Келдибекова билан амалда бирор-бир шаклда меҳнат шартномаси тузмасдан туриб, буйруқлар китобига унинг гўёки психолог вазифасига ишга қабул қилинганлиги ҳақида 2021 йил 6 сентябрда, сўнг тарбиячи вазифасига ўтказиш ҳақида 2022 йил 1 июнда сохта буйруқлар расмийлаштирган. Оқибатда унинг номига 2021-2024 йиллар давомида жами 68 миллион 217 минг 900 сўм иш ҳақи ва бошқа тўловлар ажратилган. Иш ҳақи тўлаш тўғрисидаги табелларга сохта имзолар қўйиб, мажбурий ушланмалардан ташқари, жами 59 миллион 349 минг 600 сўм – анча миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг “ҳеч ким сўрамайди, ҳеч ким билмайди” деган хомхаёлда содир этган жиноий қилмиши ошкор бўлмасдан қолмади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, Пайариқ тумани прокуратурасининг 2024 йил 19 июндаги “Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ва ҳужжатларни олиб қўйиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилган ўрганишларда барчаси кундай равшан тортди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Ф. Худойназарованинг хизмат мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзига ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда ифодаланган жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банд билан тўғри квалификация қилинган бўлса-да, жиноятни такроран содир қилган деб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан нотўғри квалификация қилинган, деган хулосага келди.

Иш ҳолатларига кўра, суд қайд этилган асослар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, судланувчи Ф. Худойназарова жиноятларни такроран эмас, балки давомли тарзда содир қилган деб ҳисоблади. Уни Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қилмишига яраша қонуний ва адолатли жазо тайинлади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, бир ярим йил муддатга уни у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Судланувчи томонидан ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган зарарлар тўлиқ қопланганлиги инобатга олинди.

Жиноят оқибатида келтирилган зарарни қоплаш мақсадида судланувчилар ва жиноят ишининг уларга тегишли қисми тугатилган бошқа шахслар томонидан Самарқанд вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига тўланган жами 60 миллион 295 минг 800 сўм маблағ давлат бюджети ҳисобига ўтказилди.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби шахслар ушбу қилмишдан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишлари шарт. Зеро, жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Эгамберди ОЛМОСОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пайариқ тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-12-16_09-28-27

ҲАЛОЛЛИКДА ҲИКМАТ БОР. ЖИНОИЙ ҚИЛМИШ ЭСА, ҲЕЧ ҚАЧОН ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Халқимиз ҳалолликда ҳикмат бор деб бежиз айтмайди. Чунки пешона тери тўкиб, ҳалол меҳнат қилган одамнинг баракаси бўлади. Энг муҳими, ҳалоллик кўнгил хотиржамлигини таъминлаб, юзни ёруғ қилади. Шунинг баробарида ўзганинг меҳнати билан яратилган неъматларни зўравонлик билан тортиб олиш — бу нафақат ноинсофлик, балки жиноят саналади.

Шунинг учун ҳар бир жамият тараққиётида мулк дахлсизлиги ҳамиша муҳим қадриятлардан бири бўлиб келган. Мулкни зўравонлик орқали тортиб олиш, яъни босқинчилик нафақат иқтисодий барқарорликка, балки инсон ҳаёти хавфсизлигига ҳам бевосита таҳдид солувчи оғир жиноят туридир.

Дунёнинг барча ҳуқуқ тизимида босқинчилик оғир жиноят турига киритилган. Ҳуқуқ нуқтаи назаридан, босқинчилик — мулкни зўравонлик билан таҳдид қилиш орқали очиқдан-очиқ тортиб олиш ҳисобланади.

Бундай қилмиш нафақат мулк эгасининг ҳуқуқларини, балки унинг жисмоний хавфсизлигини ҳам бузади.

Янада аниқроғи, босқинчилик — “ўғрилик” ва “талончилик” ўртасидаги жиноятдир. Бунда мулкий манфаатни кўзлаган ҳолда, инсонга нисбатан зўравонлик содир этилади.

Бу жиноят турига жазо тайинлашда жаҳон тажрибасида турлича ёндашувлар мавжуд. Хусусан, англо-саксон ҳуқуқ тизимида мулкни ўғирлаш жараёнида куч ишлатиш ёки таҳдид қилишнинг ўзи жиноят деб баҳолаш учун етарли ҳисобланади. Бунда жазо чораси — умрбод қамоқ жазосигача белгиланган.

АҚШ федерал қонунчилигида босқинчилик банк, почта ёки давлат мулкига нисбатан содир этилганда, федерал жиноят сифатида баҳоланади. Қурол ишлатиш ёки оғир жароҳат етказиш ҳолатида умрбод озодликдан маҳрум этишгача жазо тайинланиши мумкин.

Шунингдек, континентал ҳуқуқ тизимида, масалан, Германия Жиноят кодексида босқинчилик “зўравонлик билан мулкни тортиб олиш” деб таърифланган ва 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Франция Жиноят кодекси талабига кўра, зўравонлик билан қилинган ўғирлик оғир жиноят ва бунинг учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилади. Шу тариқа Европа ҳуқуқ тизимида ҳам босқинчилик фақат мулкий эмас, балки инсонга қарши жиноят сифатида баҳоланади.

Мамлакатимиз ҳуқуқ тизимига келсак, амалдаги Жиноят кодексининг 164-моддасида босқинчилик қуйидагича таърифланган: “Мулкни зўравонлик ишлатиб ёки шундай зўравонлик билан таҳдид қилиб, очиқдан-очиқ тортиб олиш босқинчилик деб ҳисобланади”.

Бу жиноят тури учун жазо чоралари қандай? Оддий ҳолда — 3 йилдан 5 йилгача; қурол билан ёки гуруҳ бўлиб содир этилганда — 5 йилдан 10 йилгача; оғир ҳолатларда — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

Афсуски, юртимизда ана шундай жиноий қилмишга қўл урадиган кимсалар ҳам учраб туради. Масалан, судланувчи Р. Санжаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши Д. Холбоев ва дастлабки тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктирган.

Улар жабрланувчи М. Маъмуров қурилиш ишлари олиб бораётган Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Май” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги рақамсиз уйга ғайриқонуний равишда бостириб кирган. Р. Санжаров ҳеч бир сабабсиз жабрланувчи М. Маъмуровнинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказган.

Судланувчи Д. Холбоев эса, жабрланувчининг баҳоси 14 000 000 сўмлик телефони ва 25 500 000 сўм пулини босқинчилик йўли билан эгаллаб олган.

Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, босқинчилар томонидан М. Маъмуровга ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Босқинчилар М. Маъмуровни Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги овлоқ жойга олиб бориб, ўлдириш билан таҳдид қилганча 30 000 АҚШ доллари беришни талаб қилади.

Албатта, босқинчилар бу қабиҳ қилмиши учун қонун олдида жавоб беришди. Суд томонидан уларга нисбатан қонуний ва адолатли жазо тайинланди.

Бинобарин, юртимизда жиноятга жазо муқаррар. Айниқса, босқинчилик жинояти жаҳон юриспруденциясида оғир жиноятлар қаторида саналади.

Чунки у мулкка қарши жиноий қилмиш бўлиши билан бирга, инсоннинг ҳаёти ва хавфсизлигига ҳам таҳдид солади.

Давлатимиз ҳуқуқ тизимида ҳам босқинчилик жиноятининг олдини олиш, бунинг учун жазо чораларини кучайтириш ва профилактик тадбирларни самарали ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда. Негаки, ҳаётда борига шукур қилиб, қаноат билан яшаган одам сира кам бўлмайди.

Чиндан ҳам, шукроналик ҳисси одамни улғайтиради, қолаверса, инсонга тинчлик-хотиржамликдан зиёд бахт йўқ. Буни жиноятга мойил шахслар билиб қўйса, ўзига ҳам, жамиятга ҳам яхши бўлади.

Арофат АЛИМОВА,

жиноят ишлари бўйича

Қибрай тумани суди судьяси

photo_2025-11-26_12-10-19

ФИРИБГАРНИНГ ҚИЛМИШИ ТЕГИШЛИ ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, ўттиз ёш инсон учун бирор-бир касбни мукаммал эгаллаши, танлаган йўлининг пасту баландини чамалай олиши, қисқаси, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун етарли фурсат саналади. Асакалик Шодмонбек Ҳамидов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам аллақачон ўттиз ёшга тўлган ва у савдо-сотиқнинг ҳавосини олган, деб айтиш мумкин. Ҳар ҳолда, у ўн йилдан буён турмуш ўртоғи билан кийим-кечак савдоси билан шуғулланиб келар ва шундан топган даромади билан рўзғорини тебратарди.

Албатта, савдо-сотиқ ҳамма вақт ҳам бирдек даромад келтиравермайди, баъзан харидорларнинг қадами узилиб, сусайиб қолади. Ш. Ҳамидов ҳам бир гал шундай ҳолатга тушди. Аммо у сабр қилиш ўрнига, кўпроқ пул топиш мақсадида, расталарни янги турдаги кийим-кечаклар билан тўлдириш йўлларини излай бошлади. Шу мақсадда таниши Гавҳархон Расуловадан 2 минг АҚШ доллари атрофида қарз олди. Орадан ўн беш кунлар ўтгач, тағин Г. Расуловани йўқлаб борди.

– Сизда доим ортиқча пул бўлади, – деди Ш. Ҳамидов. – Менга яна озроқ ёрдам қилиб турмасангиз, бўлмайди.

Қисқаси, Ш. Ҳамидов Г. Расулованинг ишончига кириб, қарз эвазига олган маблағи тез орада 40 минг АҚШ долларига етади.

– Сиздан олган қарзларим ҳам кўпайиб кетди, аммо сира хавотир олманг, ўзимнинг ҳам насияга берган товарларим пуллари йиғиляпти, эртага кечга қадар қарзларимнинг ҳаммасини қайтараман, – деди у охирги марта қарз олаётиб.

– Майли, сизга ишонганим учун қарз беряпман-да, – деди Г. Расулова.

Халқимиз “оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним”, деб бежизга айтмаган экан. Қарз олаётганда ваъдани қуюқ қилган Ш. Ҳакимовнинг кутилмаганда фикри ўзгариб қолди, қарзни қайтармаслик пайига тушди.

Аввалига у Г. Расуловани “эрта-индин қарзни қайтараман”, дея алдаб юрди, сўнг эса, буткул қорасини кўрсатмай қўйди.

Г. Расулова қарзга берган пулини қайтариб олиш учун сарсон-саргардон бўлиб юрган кунларда Ш. Ҳамидов яна бир таниши – Нодира Ўрмоновани ҳам чув туширди.

– Автомашина олди-сотдиси билан шуғулланяпман, – деди у киприк қоқмай ёлғон гапириб. – Даромади жуда зўр экан. Яна битта янги машина олаётгандим, 15 кунга қолмай фойдаси билан сотиб юбораман. Шунга 11 минг доллар етмай турибди. Илтимос, қарз бериб туринг, узоғи билан икки ҳафтада қайтараман. Сизни ҳам қуруқ қўймайман…

Хуллас, Нодира Ўрмонова унинг гапларига лаққа тушиб, сўралган пулни қандай қилиб қўлига тутқазганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Буёғини сўрасангиз, Ш. Ҳамидов аллақачон тўғри йўлдан адашган, савдо-сотиқни йиғиштириб қўйиб, фирибгарликни касб қилиб олганди. У ҳар ойда камида бир-икки нафар танишини алдов йўли билан чув туширар, аммо бундай қилмиши жиноят эканини, эрта албатта, қонун олдида жавоб беришини хаёлига ҳам келтирмасди.

Бу фирибгар кимса Бахтиёр Тўйчиевнинг ҳам ишончига кириб, унинг “Жентра” русумли автоуловини 12 минг долларга – пулини 20 кунда бериш шарти билан насияга сотиб олади. Аммо у тез орада автомашинанг бошқа кишига сотиб юборади, бироқ Б. Тўйчиевга қарзини беришни “унутиб” қўяди.

Шунингдек, Баҳодир Абдувалиевни ҳам айнан шундай йўл билан алдайди, яъни унинг “Жентра”сини ҳам 14 минг долларга “бор барака” қилади-да, бошқа харидорга сотиб юборади, пулини эса, чўнтагига уради.

Ёки таниши Фахриддин Зокировнинг ишончига кириб, автомашина савдоси ва бошқа тадбиркорлик юмушлари учун айланма маблағ етмаётганини важ қилиб, қарийб 85 минг АҚШ долларига тенг маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Бу фирибгар кимса худди шу йўсинда Фурқат Ҳошимовнинг 50 минг, Насрулло Раҳимовнинг 64 минг, Икром Иззатовнинг 17 минг, Ойсулув Убайдуллаеванинг 5 минг, Нозим Собировнинг 12 минг 500, Карим Йўлчиевнинг 10 минг, Шамсиддин Давроновнинг эса, 108 минг АҚШ долларини алдов йўли билан қўлга киритади.

Юқорида қайд этилган катта миқдордаги маблағдан ҳам кўринадики, Ш. Ҳамидов содир этган жиноят кўлами ниҳоятда катта.

Жабрланувчилар охир-оқибат алданишганини тушуниб етишди ва Ш. Ҳамидовга нисбатан тегишли чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишди. Шундан сўнг бу фирибгар кимсага нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилди ва Шодмонбек Ҳамидовга нисбатан тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, суднинг ҳукмида Ш. Ҳамидовдан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Агар эътибор берсангиз, Ш. Ҳакимов аксарият ҳолларда ўзининг яқин танишларини алдов йўли билан чув туширган. Бу қилмиши билан у, аввало, танишлари билан ўртасидаги ўзаро ишончни суиистеъмол қилган.

Танишлари ҳам унинг ғаразли ниятини пайқашмаган ва ишониб, қарз беришган.

Маълумки, ҳар қандай жиноий қилмишнинг келиб чиқиш сабаби ва унинг содир этилишига имкон берган шароит бўлади. Масаланинг киши эътиборини тортадиган жиҳати шундаки, баъзи ишонувчан одамларнинг амалда белгилаб қўйилган тартиб-қоидаларга риоя этиш ўрнига мўмай даромад орзусида фирибгарнинг ёлғонига ишонгани кишини афсуслантиради.

Тафсилоти баён этилган воқеадаги жабрланувчилар ақли расо шахслар ҳисобланади. Агар жабрланувчилар амалдаги қонун талабига риоя этган ҳолда иш тутишганда, бу ҳолга тушмаган бўлишарди. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамиша долзарб вазифа экани кўрсатади. Зеро, ҳар бир ишни қонун асосида амалга оширган киши ҳеч қачон адашмайди. Буни асло унутмаслик зарур.

Раҳматжон Раҳимов,

жиноят ишлари бўйича

Асака тумани суди раиси

#thegov_button_69cc4edae5e20 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc4edae5e20:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc4edae5e20 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc4edae5e20:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!