Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-04-25_16-02-24

НИЗОЛИ ҚАРОР СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган туб ислоҳотлар қонун устуворлиги ва одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Хусусан, маъмурий суд ишларини тафтиш тартибида кўриш амалиётининг амалга жорий этилгани суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бу фикрларимизнинг тасдиғи сифатида ҳаётий бир мисолга эътибор қаратамиз. Яъни “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамият мутасаддилари судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Хоразм вилояти солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 апрелдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Аммо ушбу даъво аризаси Урганч туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 12 июндаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантиришдан рад этилган.

Хоразм вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июль, шунингдек, вилоят маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 октябрдаги қарорлари билан биринчи босқич суди қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шундан сўнг масъулияти чекланган жамият мутасаддилари Олий судга тафтиш тартибида мурожаат қилди.

Иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, вилоят солиқ бошқармасининг 2023 йил 5 сентябрдаги буйруғига асосан, “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятда камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган.

Текширув якуни бўйича эса, хулоса тузилиб, масъулияти чекланган жамиятга солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида талабнома юборилган.

Аммо масъулияти чекланган жамият томонидан талабномага асосан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ҳамда асослар тақдим қилинмаган. Шу сабабли, солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 февралдаги буйруғига кўра, “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятда солиқ аудити текшируви ўтказиш белгиланган.

Ўтказилган текширув натижалари юзасидан солиқ бошқармасининг 2024 йил 11 апрелдаги қарори билан масъулияти чекланган жамиятга:

– 2022 йил учун фойда солиғига 343 763,7 минг сўм, кечиктирилган ҳар бир кун учун 17 995,05 минг сўм пеня;

– 2023 йил 2-чорак бўйича фойда солиғига 460 644,7 минг сўм;

– Солиқ кодексининг 224-моддасига асосан, 160 881,6 минг сўм, жами 983 285,05 минг сўм жарима ҳисобланган.

Шу ўринда ушбу низоли ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларига батафсил тўхталадиган бўлсак, Хива туман ҳокимининг 2012 йил 1 майдаги 447-сонли қарорига асосан, Хива шаҳри, Амир Темур кўчасида жойлашган умумий ер майдони 20 минг 848,83 квадрат метрдан иборат “Пахта тайёрлов маскани” бино ва иншоотлари ҳамда ер участкаси “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятга тегишли бўлган.

Мазкур кўчмас мулк объекти туман ҳокимининг 2017 йил 22 мартдаги 865-сонли қарорига кўра, Хива шаҳрининг бош режасига асосан, ишлаб чиқилган лойиҳани амалга ошириш жараёнида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, бино ва иншоотлар бузиб ташланиши белгиланган.

2019 йил 26 январда тарафлар ўртасида 40-сонли келишув шартномаси расмийлаштирилган. Унга кўра, мулк эгаси компенсация тўловидан воз кечиши ва Хива шаҳри ҳокимлиги томонидан белгиланган тартибда Қиёт маҳалласининг 858-сонли контуридан турар жой бинолари қуриш учун 3 гектар ер участкаси ажратиб берилишига келишилган. Бироқ вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиянинг 2019 йил 22 февралдаги йиғилишида ер участкаси алоҳида қимматли ерлар тоифасига кириши сабабли, бу келишув рад этилган.

Келишув шартномаси мажбуриятлари Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан бажарилмаганлиги боис, масъулияти чекланган жамият мутасаддилари судга мурожаат қилган.

Хива шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 29 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан ҳокимлик зиммасига 20 минг 848,83 квадрат метр ер майдонини масъулияти чеклаган жамиятга Хива шаҳар ҳудудидан ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.

Аммо шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 апрелдаги 224-сонли қарори билан “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамиятга суд қарорида кўрсатилганидан анча кам, аниқроғи, 6 минг квадрат метр ер участкаси ажратиб берилган, холос.

Ўз навбатида, компенсация тўлиқ берилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси масъулияти чекланган жамият манфаатини кўзлаб, судга мурожаат қилади. Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 1 мартдаги қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган Боғот туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан, Хива шаҳар ҳокимлигидан “Моҳир қўллар” масъулияти чекланган жамият фойдасига 3 миллиард 70 миллион 965 минг сўм компенсация суммасини ундириш белгиланади.

Солиқ бошқармаси томонидан текширув давомида жамиятнинг банк айланма ҳаракатлари ўрганилганида, жамият ҳисоб рақамига етказилган зарарни қоплаш учун 100 фоиз тўлов, жами 3 миллиард 70 миллион 965 минг сўм ўтказилганлиги аниқланган.

Ушбу аниқланган суммага нисбатан Солиқ кодексининг 297-моддаси учинчи қисми 17-банди ва 301-моддасини қўллаб, фойда солиғи ҳисоблаган.

Айтиш керакки, Солиқ кодексининг 297-моддаси учинчи қисми 17-бандига кўра, қарздор томонидан эътироф этилган ёхуд қарздор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати асосида шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек, зарарларнинг ўрнини қоплаш суммалари даромадга киради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган ва 2021 йил 9 июнга қадар амалда бўлган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 37, 38-бандларида, мулкдорларнинг розилиги олингандан сўнг инвестор, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мулкдор ўртасида уч томонлама келишув имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланиши, компенсация миқдори, турлари ва уни бериш муддати келишувда назарда тутилиши қайд этилган.

Мазкур Низом талабларидан келиб чиқиб айтганда, келишув компенсация тўлаб бериш учун асос бўлувчи ҳужжат ҳисобланади. Бироқ келишув асосида масъулияти чекланган жамиятга ер участкаси ажратиб берилмаган.

Суд қарори билан эса, ер участкаси эмас, балки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши белгиланган ер участкасига тенг пул маблағи ундириш белгиланган.

Яна бир эътиборли томони, туман ҳокимлиги масъулияти чекланган жамиятдан қарз олмаган, шу боис, улар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келмаган. Компенсация суммаси — шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялардан келиб чиқмаган. Қолаверса, компенсация суммаси 2023 йилда тўлаб берилган.

Бунда масъулияти чекланган жамиятга бузилишга тушган ер участкаси ва бино-иншоотларига тенг компенсация берилган, бу ҳолатда жамият кўчмас мулк объектини йўқотган. Лекин потенциал равишда шунга тенг қисман ер участкаси ва пул маблағи олган.

Бухгалтерия ҳисоботида йўқотилган кўчмас мулк юқорида қайд этилган туман ҳокимининг 2017 йил 22 мартдаги 865-сонли қарори бўйича асосий воситаларни тугатиш сифатида бошқа харажатлар ҳисоботида акс эттирилади. Бу – сотиш эмас, балки кўчмас мулк объектини тугатиш бўлган.

Кейинчалик олган компенсация суммаси актив қийматга киритилади.

Компенсация суммаси дастлабки бузилишга тушган ер участкаси қийматига тенг бўлганлиги учун солиқ солиш объектига, яъни солиққа тортиладиган даромадга кирмайди.

Солиқ кодексининг 42-моддасига кўра, нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф даромад деб эътироф этилади. Мазкур кодекснинг 297-моддасида жами даромадларга таъриф берилган бўлиб, ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга берилган компенсация даромад сифатида келтириб ўтилмаган.

Шу каби Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 29 августда 1401-сон билан рўйхатга олинган “Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида”ги Низомда ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши сабабли асосий воситаларнинг корхона балансидан чиқиб кетиши назарда тутилмаган.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 266-7-моддаси биринчи қисми 2-бандига кўра, суд шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга ҳақли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати қуйи инстанция судларининг қарорларини қисман бекор қилишни, бекор қилинган қисми бўйича аризани қисман қаноатлантириб, низоли қарорнинг 2023 йил иккинчи чорак бўйича фойда солиғига 460 миллион 644 минг 700 сўм ва унга ҳисобланган 92 миллион 128 минг 940 сўм жарима қўллаш қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топди.

Шундай қилиб, Урганч туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 12 июндаги ҳал қилув қарори, Хоразм вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июлдаги қарори ва вилоят маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 22 октябрдаги қарори қисман бекор қилинди. Вилоят солиқ бошқармасининг 2024 йил 1 апрелдаги 193-сонли қарорининг 2023 йил 2-чорак бўйича ҳисобланган фойда солиғи ва унга ҳисобланган жарима қисми ҳақиқий эмас, деб топилди.

Солиқ идорасининг низолашилган қарорининг қолган қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги, 2022 йил учун фойда солиғи тўғри ҳисобланганлиги сабабли, низолашилган қарорининг шу қисмини рад этиш ҳақидаги қуйи инстанция судларининг хулосалари ўзгаришсиз қолдирилди.

Дурдона АБДУҚАҲҲОРОВА,

Олий суд судьяси

photo_2025-09-22_17-32-30

АДОЛАТ ТАНТАНАСИ ЁХУД ИСБОТИНИ ТОПМАГАН АЙБЛОВ  СУД ТОМОНИДАН РАД ЭТИЛГАНИ ҲАҚИДА

Ўтган йил гурланлик икки нафар фуқаро: туман Электр таъминоти корхонасининг истеъмолчилар билан ишлаш бўлими муҳандиси Зоир Ўрозматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ва “Xorazm Shoh Abbos” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Сафарниёзовга нисбатан жиддий айблов эълон қилинди.

Аниқроғи, тергов органи Электр таъминоти корхонаси муҳандиси З. Ўрозматовга нисбатан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларини қўпол тарзда бузгани учун “гаров” эҳтиёт чорасини қўллаб, оиласи бағрида қолдирилган бўлса, тадбиркорлик корхонаси раҳбари Э. Сафарниёзовни вақтинчалик ҳибсга олди. Қўзғатилган жиноят иши тафсилотлари эса, тафтиш-тергов жараёнларида аниқланди. Айбловга оид ҳужжатларда қайд қилинишича, электр таъминоти корхонаси масъул ходими З. Ўрозматов 2021 йилнинг июль ойида тадбиркор Э. Сафарниёзовнинг сўровига биноан, унга қарашли ғишт заводи ҳудудида “TЕ-73 S-G 1-3” русумли, “114210105929” рақамли электр ҳисоблагични ўрнатиш ишларига бош-қош бўлган. Мазкур ускуна тергов даврида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган ёлланма ишчилар томонидан ўрнатилган. Бу жараёнда ускунанинг “В” ва “С” фазалари технологик қоидага хилоф равишда алмаштириб уланган.

Натижада ускунанинг қувват коэффиценти сезиларли даражада сусайиб, электр энергиясини фойдаланганидан анча кам ҳисоблаган. Бу ҳол 2021 йилнинг июль ойидан то 2024 йилнинг июль ойигача давом этган.

З. Ўрозматов қурилма умумий фойдаланишдаги электр тармоғига уланганидан сўнг ёлланма ишчилар томонидан хатоликка йўл қўйилганини жойига бориб ўрганмаган. Йўл қўйилган хатоликнинг оқибатлари ундан кейин ўтказилган назорат тадбирлари чоғида ҳам аниқланмаган. 2024 йилнинг 7 июль куни амалга оширилган навбатдаги назорат тадбири якунлари бўйича расмийлаштирилган 33208-07/01.24-сонли далолатномага қалбаки ёзувлар киритилган: ғишт заводи биносига ўрнатилган электр ҳисоблагич амалдаги қоидага биноан тўғри улангани, ускуна кўрикдан ўтказилгани, ўлчов асбобида камчиликлар аниқланмагани, электр қурилмаси бир маромда ишлаётгани қайд қилинган. Гумонланувчилар айни шу куни масьулияти чекланган жамияти ва корхона ўртасида янгидан тузилган 149277-сонли шартномани электр тармоқлари корхонасига тақдим қилишган. Расмийлаштирилган ҳужжат Э. Сафарниёзовга қарашли ғишт заводини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга янада кенг йўл очган. Ҳар икки мутасаддининг қонунга зид ҳаракати 2024 йил 19 июлда Республика ишчи гуруҳи ва “Ўзэнергоинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбир жараёнида барҳам топган. “В” ва “С” фазали электр симлари алмаштирилган ҳолда улангани махсус техник мутахассис ходимлар иштирокида ўтказилган текшириш асносида аниқланган.

Симларнинг алмаштириб улангани ва корхонага ўрнатилган электр трансформатори ҳамда ҳисоблагич соз ҳолда ишлаётгани юзасидан 2024 йил 7 июлда расмийлаштирилган далолатнома катта миқдордаги талон-торожлик ва бу борадаги хатти-ҳаракатларнинг давом этишига сабаб бўлган. Дастлабки тафтиш ва терговгача ўтказилган тадбирнинг ўзидаёқ жами 222 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлаш ҳолати юз бергани маълум бўлган.

Бу каби ҳолатларнинг бари пировардида текширувчи шахслар, тафтиш ва тергов идоралари ходимлари, бир қатор гувоҳлар томонидан ўзаро тил бириктирган ҳолда содир қилинган жиддий қонунбузарлик сифатида талқин этилди. Содир қилинган қилмиш Жиноят кодексининг ўғирликка доир 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва қалбакилаштиришга оид 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан малакаланди.

…Судга ҳавола қилинган жиноят иши содир этилган қилмиш тафсилотларини тўлиқ ифода этди. Суд бу ҳолатларни алоҳида эътироф қилди. Бу жараёнда масаланинг бир қатор янги жиҳатлари ҳам намоён бўлди. Судда кўрсатма берган вилоят Ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамиятининг етакчи муҳандиси Илҳом Саидов ҳажми 222 миллион сўм қилиб кўрсатилган камомад ғишт заводидаги ҳисоблагичнинг эмас, балки электр таъминоти корхонасидаги бош электрон ҳисоблаш ускунасининг техник нозозлиги боис келиб чиққани, ундаги чалкашлик оқибатида истеъмол қилинган электр энергияси нотўғри ҳисоблангани, ҳозирга келиб, бу камчилик бартараф қилинганини таъкидлади. Гувоҳнинг сўзига қараганда, корхонадаги электр ҳисоблагичнинг “В” ва “С” фазали симлари З. Ўрозматов ва Э. Сафарниёзовнинг ўзаро тил бириктириш натижасида қасддан ва ғаразли мақсадда алмаштириб улангани ҳақидаги даъво асоссиз. Бу жиддий хато ҳисоблагични бевосита тармоққа улаган шахс ёки шахсларнинг бепарволиги, техник хатоси оқибатида содир этилгани ҳақиқатга яқинроқ.

Судда гувоҳлик берган вилоят “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг электр энергиясини автоматлаштирилган ва электрон тарзда ҳисоблаш бўлими бошлиғи Санжар Худойберганов масаланинг бу жиҳатини янада батафсилроқ изоҳлади, ҳисоблагични техник кўрикдан ўтказиш жараёнида истеъмолчи ундан қандай бўлса, шундайлигича фойдаланиб келгани, ускуна тармоққа уланганидан буён ўтган 3 йил мобайнида унга ташқи томондан бирон-бир тарзда таъсир кўрсатилмагани аниқланганини билдирди.

Бу фикрни бошқа гувоҳлар ҳам тасдиқлади. Бу борадаги асл ҳақиқат судга ҳавола этилган аксарият ҳужжатлар, факт ва далилларда намоён бўлди.

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ва Республика ишчи гуруҳи ҳамда “Ўзэнергоинспекция” маҳкамасининг “Хоразм Шоҳ Аббос” масъулияти чекланган жамиятида ўтказган назорат-текшириш тадбири юзасидан тузилган хулосалар масалага узил-кесил ойдинлик киритди. Экспертиза маҳкамасининг хулосасида қайд этилишича, масъулияти чекланган жамиятига қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводига 2021 йилнинг июль ойида ўрнатилган электр ҳисоблагичга 2024 йилнинг июль ойигача бўлган муддат ичида ташқи тарафдан таъсир кўрсатиш ҳолати ёки уни ўрнатиш жараёнида хатоликка йўл қўйилганига оид маълумотлар мавжуд эмас. Махсус комиссиянинг маълумотномасида эса, истеъмолчига дахли бўлмаган техник хатолик сабабли, ҳисобга олинмаган электр энергиясининг ҳақиқий миқдори 246 минг 686 киловаат соатни ташкил этгани қайд қилинган.

Бундай вазиятда истеъмолчини электр энергиясини ўғирлаш йўли билан талон-торож этганликда айблаб бўлмайди. Мазкур айбни тасдиқловчи далилларнинг мавжуд эмаслиги шуни тақозо этади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сонли қарорига асосан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 135-бандига кўра, ҳисоблаш тизимига таъсир қилмаган ҳолда, иккиламчи ток занжиридаги кириш ва чиқиш симлари ўзаро алмаштириб уланган ҳолатлар учун истеъмолчини айблаб бўлмайди. Судга ҳавола этилган жиноят ишида эса, масъулияти чекланган жамиятига қарашли ғишт заводига ўрнатилган электр ҳисоблагичга З. Ўрозматов ва Э. Сафарниёзов томонидан ташқи таъсир кўрсатилгани, ундаги уланиш қоидалари жиноий тил бириктирган ҳолда қасддан алмаштирилганини тасдиқлайдиган ишончли далиллар мавжуд эмас ва бундай далиллар судлов жараёнида ҳам аниқланмади.

Суд бу ҳолатларни эътиборга олди. Шунингдек, жиноят иши очилишига туртки бўлган омиллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда мазкур органларнинг ташаббусига асосан, терговга жалб қилинган шахсларнинг гувоҳлик кўрсатмалари ҳам инобатга олинди. Шу билан бирга суд қонундаги айбсизлик презумпцияси, далилларнинг мақбуллиги прниципига алоҳида эътибор қаратди.

Шуни таъкидлаш жоизки, қонун талабига кўра, айблов ҳукми суд жараёнида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстлар тўлдирилган, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликлар бартараф этилган ҳамда ишончли далиллар йиғилган тақдирдагина чиқарилади.

Амалда ҳам шундай бўлди. Уқтирилганидек, электр энергиясини ўғирлаш йўли билан талон-торож қилишга қаратилган ножўя хатти-ҳаракатлар бўйича таъминот корхонаси масъул ходими З. Ўрозматов ва тадбиркор Э. Сафарниёзовни айблаш юзасидан илгари сурилган даъвони етарлича тасдиқловчи далил-исботлар топилмади. Суд ана шу асосга кўра, ҳар иккала айбланувчини Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди бўйича оқлаб, қўйилган айбни уларнинг зиммасидан соқит қилди.

Суд жараёнида Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган ножўя ҳаракат тафсилотлари ҳам тўлиқ ойдинлашди.

Мазкур қилмиш, чиндан ҳам, содир этилгани аниқланди. Бироқ рўй берган қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани эътироф қилинди.

Жиноят кодексининг 70-моддаси бу сингари ҳолатларда тайинланиши муқаррар бўлган жазони сезиларли даражада енгиллаштиришни тақозо этади. Суд кодекснинг ана шу талабига биноан, Зоир Ўрозматов ва Эркин Сафарниёзовни жазодан озод қилди.

Адолат ва одиллик принципи ана шу тариқа тантана қилди. Башарти, синчковлик салоҳияти, билим ва малака бисёр бўлгани, етти ўлчаб, бир кесилганида зикр қилингани янглиғ кўнгилсиз ҳолат содир бўлмасди. Бу эса кўпчиликка сабоқ бўлиши керак.

Шуҳрат РАЗЗОҚОВ,

Хоразм вилояти суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

photo_2025-08-28_15-20-01

ҚИСТОВ ОСТИДА ЁЗИЛГАН АРИЗА: НОҚОНУНИЙ БУЙРУҚ СУД ТАРТИБИДА БЕКОР ҚИЛИНДИ, ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Ҳаётда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда шошмашошарликка йўл қўйиш ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Аниқроқ айтганда, айби қонуний тарзда исботланмай туриб, ходимни ишдан четлатишга уриниш турли хил дилхираликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Давлат кадастрлар палатаси Пахтачи тумани филиали раҳбари З. Нуриллаевни (исм-шарифлар ўзгартирилди) кутилмаганда шошилинч тарзда вилоят бошқармасига чақиришди.

З. Нуриллаев бошқармага етиб келгач, кутилмаганда нега шошилинч чақиришганининг сабаби аён бўлди. Пахтачи туманида яшайдиган С. Бобоқулов З. Нуриллаевнинг устидан Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи номига шикоят билан мурожаат қилган экан.

Бор-йўқ гап шу.

Аммо бошқарма мутасаддилари аллақачон ҳаммасини ҳал этиб қўйишган экан. Шу боис унга “вақтинчалик ишдан бўшаш тўғрисида ўз ихтиёрингиз билан тезда ариза ёзинг, ёзмаган тақдирингизда, хизмат текшируви тайинлатилади, барибир ишдан бўшатиласиз” дейишди.

Буларни эшитиб, З. Нуриллаев, табиийки, гангиб қолди ва ўзининг айбсиз эканлиги, шикоят ариза асоссизлигини айтса-да, унинг гапларига ҳеч ким қулоқ солмади.

Фақат вазият ўнгланиб кетса, уни яна вазифасига ишга қабул қилишга ваъда беришди.

Қисқаси, З. Нуриллаев аросатда қолади. Охир-оқибат эса, бошқарма мутасаддиларининг қистови билан ариза ёзишга мажбур бўлади. Бу воқеа ўтган йил 5 ноябрь куни рўй берганди. Айнан шу санада З. Нуриллаев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича иш берувчи билан Меҳнат кодексининг 157-моддаси талабидан келиб чиқиб, келишув битими имзоланади.

Хўш, З. Нуруллаев ишдан қонуний тарзда бўшатилдими?

Бу саволга бир сўз билан “йўқ” деб жавоб бериш мумкин. Чунки аввало, Давлат кадастрлар палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси мутасаддилари туман филиали раҳбарини ишдан четлатиш ваколатига эга эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сон қарори ҳамда Кадастр агентлиги директорининг 2023 йил март ойидаги 77-14-сонли буйруғига кўра, филиал раҳбарлари меҳнат шартномаси асосида Кадастр агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Шу ўринда юқоридаги воқеага ойдинлик киритадиган бўлсак, бошқарма мутасаддилари З. Нуриллаевнинг аризасини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори С. Маҳмудовга юборишади. Ўз навбатида, С. Маҳмудов З. Нуриллаев билан юзма-юз суҳбатлашмай туриб, устига-устак, шахсан ўзи ариза олмасдан туриб, 2024 йил 13 ноябрь санаси билан ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Буни қарангки, орадан кўп ўтмай Пахтачи туман прокуратураси томонидан З. Нуриллаевнинг устидан шикоят қилган фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқилади. Шикоятда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмайди, З. Нуриллевнинг айбсиз эканлиги аниқланади.

Шундан сўнг З. Нуриллаев ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогарнинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги буйруқ чиқарилишига асос сифатида тарафларнинг келишуви ва З. Нуриллаевнинг аризаси асос қилиб олинган.

Шу ўринда қонун талабига эътибор қаратсак, Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек, муддатли меҳнат шартномаси исталган вақтда, тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиниши мумкин. Меҳнат шартномаси мазкур асос бўйича бекор қилинадиган сана ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра, бекор қилиш меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши шарт.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли қарори 14-бандида тушунтирилишича, судлар тарафларнинг келишувига кўра, (Меҳнат кодексининг 157-моддаси) меҳнат шартномаларининг барча турлари ва уларнинг ҳар қандай вақтда бекор қилиниши мумкинлигини эътиборга олишлари керак.

Тарафларнинг келишуви меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув билан ёзма шаклда расмийлаштирилади, унда меҳнат шартномаси бекор қилинадиган сана, қўшимча келишув тузилган сана ва тарафларнинг реквизитлари кўрсатилиши керак.

Меҳнат шартномасини, ушбу асосга кўра, бекор қилиш юзасидан низо чиққан тақдирда, судлар мазкур тартибга ва қўшимча келишув шартларига риоя қилинган-қилинмаганлигини текширишлари лозим.

Даъвогар З. Нуриллаевнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасида меҳнат шартномасини 2024 йил 5 ноябрь кунидан бекор қилиш сўралган. Лекин иш берувчи томонидан даъвогарни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ 2024 йил 13 ноябр куни чиқарилган.

З. Нуриллаев эса, 2024 йил 12 декабрь кунига қадар иш фаолиятини давом эттирган. Бу ҳолат фуқаролик ишида мавжуд бўлган даъвогар З. Нуриллаев томонидан бошқарма бошлиғига, турли давлат ташкилотлари ҳамда фуқароларга филиал бош­лиғи сифатида юборилган сўров хатлари ва сўров хатларига берилган жавобларда аниқ кўриниб турибди.

Бундан ташқари “Топшириш – қабул қилиш тўғрисида”ги далолатнома ҳам 2024 йил 12 декабрь куни тузилган. Бу ҳолат ҳам даъвогар З. Нуриллаев филиал раҳбари сифатида шу санага қадар ишлаб келганидан далолат беради ва бундай ҳолатда ишдан бўшаш тўғрисидаги ариза ўз кучини йўқотган ҳисобланади.

Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 26-сонли қарори 21-бандида қайд этилишича, меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу ташкилотдаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади.

Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширишлари лозим.

Бунда судларнинг эътибори ходимни ариза ёзишга нафақат мажбурлаш, босим ёки тазйиқ ўтказиш, балки ходимда меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб, иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаш ҳаракатлари ҳам қистов сифатида баҳоланиши лозимлигига эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган.

З. Нуриллаев судга тақдим этган даъво аризасида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувга ўз ихтиёри билан эмас, балки иш берувчининг тазйиқи ва босим ўтказиши оқибатида имзо қўйгани, агар келишувга имзо қўймаса, бошқа модда, яъни меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига асосан бекор қилинишини айтиб, уни келишув тузишга мажбур қилишганини таъкидлаган.

Қонун талабига кўра, ходимнинг аризаси, ҳақиқатан ҳам, унинг ишдан бўшаш истаги ва ташаббусини билдирувчи асосий ҳужжат саналади. Аммо З. Нуриллаевни ишдан бўшатиш ташаббуси, аслида, раҳбардан чиққан.

Туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар бўлган суриштирув натижалари ҳам ходимдан ишдан бўшаш ҳақидаги аризани қистов, босим ва тазйиқ йўли билан олинганлигини тасдиқлайди.

Меҳнат кодексининг 561-моддасига кўра, меҳнат шартномаси асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёхуд ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига, шунингдек, аввалги меҳнат шартларини ҳам тиклайди.

Суд юқорида кўрсатилган қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар З. Нуриллаев босим остида ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини инобатга олди. Шу боис Кадастр агентлигининг 2024 йил 13 ноябрдаги 00281-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди ва бекор қилди. З. Нуриллаев Давлат кадастрлари палатаси Пахтачи туман филиали бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига ишга тикланди. Жавобгар — Кадастр агентлигидан З. Нуриллаев фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун, солиқ ва мажбурий тўловлар сақланган ҳолда, 46 миллион 316 минг 481,7 сўм иш ҳақи ҳамда маънавий зарар учун 10 миллион сўм товон ундирилди.

Хулоса шуки, Конституция ва қонунлар ҳамиша устувор саналган юртимизда адолат – одил судлов мезони сифатида яна бир карра ўз исботини топди.

Зафар РАВШАНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро судининг раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-08-25_16-49-20

ЭНАГАДАН ЧИҚҚАН ТОВЛАМАЧИ

Ўттиз бир ёшли Муҳайё Даминова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бир нафар фарзанднинг онаси. У Балиқчи туманидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ёрдамчи тарбиячи – энага вазифасида ишларди. Аммо у ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратиш ўрнига нафс қутқусига учиб, қинғир ишга қўл урди.

Аниқроқ айтганда, М. Даминова бундан 7-8 йил аввал тумандаги боғчаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда таълим-тарбия жараёнига оид янгиликларни Facebook ижтимоий тармоғида ёритиб борарди. Албатта, бундан кўпчилик хурсанд бўларди. Бироқ вақт ўтиши билан унинг нияти бузилди. Аниқроғи, мактабгача таълим муассасаларидаги хато ва камчиликлар ёки қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаб, уларни ошкор қилмаслик эвазига таъмагирлик қила бошлади.

Ўшанда 2022 йилнинг март ойи эди. М. Даминова тумандаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси М. Норбобоевага қўнғироқ қилади.

— Ҳам боғчадаги ишлар, ҳам сизнинг устингиздан шикоят бор, — дейди М. Даминова кутилмаганда дағдағали оҳангда.

— Қанақа шикоят экан? — ҳайрон бўлиб сўрайди мудира.

Бунга жавобан М. Даминова ходимлар унинг боғчага мудира этиб тайинланганидан норози экани, бунинг устига боғчада ҳам таълим-тарбия ишлари яхши эмаслигини айтаркан, буларни “Facebook” ижтимоий тармоғига чиқармаслик эвазига 100 АҚШ доллари беришини талаб қилади.

М. Норбобоева унинг ваҳимали сўзларини эшитиб, бирдан довдираб қолади ва унинг талабига рози бўлади: 100 АҚШ доллари ҳисобидан 1 080 000 сўм пул маблағни М. Даминованинг пластик картасига ўтказиб беради.

Ўша йили апрель ойида эса, М. Даминова тумандаги 1-давлат мактабгача таълим муассасаси мудираси Х. Аҳмаджоновага нисбатан товламачилик содир этади.

Аниқроғи, унинг Лочинбек исмли йигит билан шахсий муносабатларига оид ёзишмаларидан хабари борлигин айтаркан, бу ҳақда оиласи ва яқин қариндошларига хабар беришни, ҳатто “Facebook”да эълон қилишини айтиб, қўрқитади. Бундай кутилмаган дағдағадан қўрқиб кетган мудира товламачи сўраган 500 АҚШ долларидан 4 528 000 сўмга тенг 400 АҚШ долларини беришга мажбур бўлади.

Орадан уч ой ўтгач, яъни 2022 йил 29 июлда товламачи бу аёл тумандаги 14-умумтаълим мактаби директори Ш. Нурматовани нишонга олади.

— Ялангоёқ бўп олиб, қоматингизни кўз-кўз қилиб, ҳиндча қўшиққа роса ўйнабсиз, — дейди у мактаб директорига кинояли оҳангда.

Шундан сўнг мақсадга ўтади:

— Хуллас, ўз хоҳишингиз билан ишдан бўшаш тўғрисида розилик хати ёзиб берасиз. Йўқса, рақсга тушган видеонгизни “Facebook”да кўрасиз…

Бу гапларни эшитиб, бирдан қўрқиб кетган Ш. Нурматова ялинишга тушади:

— Илтимос, жон синглим, унақа қилманг…

Директордан худди шу илтижони кутиб турган товламачи аёл очиқ-ошкор 500 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Чорасиз қолган мактаб раҳбари эса, 3 272 433 сўмга тенг бўлган 300 АҚШ долларини унга қўшқўллаб топширади.

Шу тариқа М. Даминова 2023 йил февраль ва март ойларида яна аввалги усулда товламачилигини давом эттириб, тумандаги 9 ҳамда 35-давлат мактабгача таълим муассасаси мудиралари Д. Маҳмудова ва М. Ҳамдамоваларнинг ҳар биридан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағни қўлга киритади.

Буни қарангки, 2024 йилнинг март ойига келиб, юқорида тилга олинган 7-сонли боғча мудираси М. Норбобоева яна М. Даминованинг “тузоғи”га илинади. Лекин бу пайтда у тумандаги 36-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси мудирлигига тайинланганди.

— Боғчангизни СЭС текшириб, камчилик топганидан хабарим бор. Агар шу камчиликларни “Facebook” орқали тарқатсам, боғчангизни ёпиб қўйишади. Қолаверса, обрўингизга ҳам путур етади, — дейди М. Даминова.

Аввал ҳам бу товламачи аёлга “иши” тушган М. Норбобоева унинг ниятини англаб, дарров мақсадга ўтади:

— Хўш, қанча беришим керак?

— Тушунган аёлсиз-да, опагинам, — дейди М. Даминова мамнун бўлганча. – Кўп эмас, бир ярим минг…

М. Норбобоева товламачининг талабини эшитиб эсанкираб қолади. Бироқ у билан тортишиш бефойда эканини тушуниб, талаб қилган маблағни беради.

Бу товламачи аёл тумандаги 25-умумтаълим мактаби директори М. Турсуновдан ҳам видео тасвирни “Facebook” ижтимоий тармоғига жойламаслик эвазига 2 000 АҚШ доллари беришни талаб қилади.

Оқибатда мактаб директорининг 1 500 АҚШ долларини қўлга киритади.

Ўтган йилнинг 6 ноябрь куни соат 10.00 ларда М. Даминова Балиқчи тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Н. Ҳакимовага қўнғироқ қилади ва қаердасиз, деб сўрайди.

— Иш жойимдаман, — дейди Н. Ҳакимова кутилмаганда асаби бузилиб.

Орадан кўп ўтмай унинг олдига М. Даминова етиб келади.

— Учта боғча мудираси устидан шикоят бор, — дейди у салом-аликдан сўнг.

— Қайси мудиралар?

— Ўн тўрт, ўттиз бир ва ўттиз учинчи боғча мудиралари устидан шикоят қилишган.

— Нима деб шикоят қилишибди? — деб сўрайди Н. Ҳакимова.

Унга жавобан товламачи аёл бирма-бир изоҳ беради:

— Ўн тўртинчи боғча мудираси умуман ишга келмас экан. Ишни масофадан туриб бошқарармиш, ўрнига ҳамшираси иш юритади. Ўттиз биринчи боғчада тайёрланган овқатдан пашша чиққан, менда видеотасвирлари ҳам бор.

— Қани менга кўрсатинг-чи, ўша видеотасвирни?!

— Йўқ, кўрсатмайман, ким юборганини ҳам айтмайман, – дейди М. Даминова. – Ўттиз учинчи боғчанинг мудираси ҳам ишга бориб-бормайди. Қолаверса, у Шербек исмли йигит билан гаплашиб юради. Хуллас, учала мудирангизни чақириб, тегишли чора кўрасизми ёки ўзим бу масалани бошқарма бошлиғингизга олиб чиқайми?

— Майли, ўзим гаплашаман, чора кўраман, — дея Н. Ҳакимова вазиятни юмшатади.

Қисқаси, Н. Ҳакимова ўша куниёқ 31 ва 33-мактабгача таълим муассасалари мудираларини чақириб, суҳбатлашади. М. Даминова айтган камчиликлар, чиндан ҳам, бор-йўқлигини, агар мавжуд бўлса, дарҳол бартараф этиш лозимлигини уқтиради. Бироқ 14-боғча мудираси билан гаплашишга улгурмайди. Эртаси куни эса, иш юзасидан Андижон шаҳрига, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига мажлисга борганда, кимдир унга қўнғироқ қилиб, Балиқчи туман ички ишлар бўлимига етиб боришини айтади.

Н. Ҳакимова туман ИИБга келгач, маълум бўладики, М. Даминова ўз жиноятига туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходими Зулайҳо Арзиевани ҳам шерик қилган экан. Яъни М. Даминова З. Арзиевага 14-давлат мактабгача таълим муассасасига оид салбий маълумотлар борлигини айтади. Сўнг ушбу маълумотларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим қилмаслик эвазига мудира Гулзода Насруллаева 600 АҚШ доллари беришини талаб қилади. З. Арзиева эса гўёки “Элчига ўлим йўқ” қабилида иш тутиб, бу талабни Г. Насруллаевага етказади.

— Қандай маълумотлар экан? — ҳайрон бўлиб сўрайди боғча мудираси.

— Билмадим, айнан нималигини менга айтмади, — дейди З. Арзиева.

Шундан сўнг Гулзода Насруллаева ўйлай-ўйлай М. Даминова ва З. Арзиеванинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Оқибатда З. Арзиева Г. Насруллаевадан талаб қилинган 600 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далил билан ушланади.

Бинобарин, тезкор тадбир давом эттирилади. Яъни М. Даминова З. Арзиевадан 600 АҚШ долларини олиб, 100 АҚШ долларини унга улуш сифатида қайтарган пайтида қўлга олинади.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Тергов-суриштирув жараёнида М. Даминованинг қариндошлари 25-мактаб директори М. Турсуновга етказилган 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги моддий зарарни қоплашади.

Шундан сўнг ушбу иш жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида кўриб чиқилди. Суд М. Даминовани Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари, З. Арзиевани эса, шу модданинг 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топиб, тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида М. Даминовадан жабрланувчи М. Норбобоева фойдасига жами 20 миллион 595 минг сўм моддий зарар ундириш ҳам белгиланди.

Албатта, М. Даминованинг тубан қилмиши — товламачиликни ўзига касб қилиб олиши ўта афсусланарлидир. Чунки у, аввало, аёл, нафс қутқусига учмай фарзандига, оиласига меҳр кўрсатганида, бошига бу ташвиш тушмас, иснодга қолмасди.

Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, жамиятда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслик жоиз.

Улуғбек ШЕРАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Балиқчи тумани суди раиси

photo_2025-08-15_08-24-04

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШНИНГ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА ИЖТИМОИЙ ОҚИБАТЛАРИ БОР?

Боланинг таълим-тарбияси, соғлиғи ва ҳуқуқларини таъминлаш ота-онанинг асосий вазифалари ҳисобланади. Аммо баъзи ҳолларда ота-оналар ўз вазифаларини бажармай, болага нисбатан бепарволик ёки зўравонликка йўл қўяди. Бундай ҳолларда суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин.

Бу қандай тартибда амалга оширилади? Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Бобир Исломов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Оила кодексининг 79-моддасига асосан, ота-она ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан, алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра, ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан, жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка рўжу қўйган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Агар болаларга нисбатан ота-она эмас, балки оила аъзолари шафқатсиз муомалада бўлсалар, боланинг ота ва онаси бунга қаршилик қилмаса, бундай ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқлари Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ чекланиши мумкин.

Боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота-она томонидан қасддан жиноят содир қилиниши ўта оғир ва жамоат учун хавфли ҳисобланади. Бундай асосларга кўра, ота (она)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга фақат суднинг қарори бўлгандагина йўл қўйилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг нусхаси суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органига ва боланинг туғилгани қайд этилган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юборилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан, ундан таъминот олиш, шунингдек, болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёз ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қиладими?

– Йўқ, болага таъминот бериш мажбурияти сақланиб қолади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг бундан кейин бола билан биргаликда яшаш ёки яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Бола фарзандликка олинган бўлмаса, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунингдек, ота (она)си ва бошқа қон-қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган барча мулкий ҳуқуқларини, жумладан, мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Оила кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ота-онани болаларини таъминлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шу сабабли, суд жавобгарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишда Фуқаролик процессуал кодексининг 251 ва 254-моддаларининг қоидаларига асосланиб, ундан алимент ундириш тўғрисидаги масалани, бундай даъво қўзғатилган-қўзғатилмаганидан қатъи назар, биргаликда ҳал этиши шарт.

Оила кодексининг 107-моддасига асосан, вояга етмаган болани ота-онасидан олиш ва уни болалар тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини чиқаришда суд ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига ушбу кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда алимент ундиради. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.

– Ушбу йўналишдаги суд амалиётига тўхталиб ўтсангиз.

– Мазкур туркумдаги ишлар судларда кўрилганда, энг аввало, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш охирги чора эканига алоҳида аҳамият қаратилади.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида 226, 2023 йил давомида эса 239 фуқаролик иши кўрилган.

2024 йил давомида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги кўрилган ишларнинг 59,7 фоизи қаноатлантирилган, 22,6 фоиз даъво аризаларни қаноатлантириш рад қилинган, 17,7 фоиз даъво аризалар кўрмасдан қолдирилган.

– Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахслар бу ҳуқуқни қайта тиклай оладими?

– Оила қонунчилигида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартибидан ташқари ўз хатти-ҳаракатларида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришган ота ёки онанинг ҳуқуқларини тиклаш ҳам белгиланган.

Оила кодексининг 82-моддасига асосан, ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири)нинг даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек, прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.

Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини инобатга олган ҳолда ота-она (улардан бири)нинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақли.

Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, судлар ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъволарни кўришда ота-оналарнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзи ўзгарган-ўзгармаганини, уларнинг болаларини тарбия қила олиш-олмасликларини синчиклаб текшириши лозим. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш боланинг манфаатларига мос келсагина амалга оширилади.

Айтиш керакки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институти бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим восита ҳисобланади. Бироқ, бу чора фақат юқори стандартлар асосида, бола манфаатини устувор қилиб, адолатли ва шаффоф суд тартибида амалга оширилиши лозим. Суд амалиётида бир хил ёндашув, ҳуқуқий ёрдамни таъминлаш ва бола фикрини инобатга олиш каби тамойиллар кафолатланиши шарт.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг кескин ва таъсирчан ҳуқуқий чоралардан бири бўлиб, унинг амалга оширилиши боланинг ҳаёти ва келажаги учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис, мазкур институтдан фойдаланиш фақат фавқулодда ва зарур ҳолатларда, боланинг ҳуқуқлари ва манфаатлари аввалги ўринга қўйилган ҳолда амалга оширилиши лозим.

Норгул Абдураимова,

ЎзА мухбири

photo_2025-08-05_11-20-41

ИЧКИЛИК КАСРИ МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Бу ҳаётда баъзан ўйламай гапириш, кимнингдир шаънини таҳқирлаш кутилмаган ташвишларни келтириб чиқаради.

Бунга ҳаётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, риштонлик Ҳамиджон Бозорбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) айни пайтда 45 ёшда. Уч нафар фарзанднинг отаси. Бироқ у ҳанузгача “ичкилик” дея аталмиш иллатдан воз кечолмаган. Оқибатда оиласида тинчлик йўқ, кунда-кунора жанжал. Унинг бундай хурмача қилиқларидан қўшнилари ҳам аллақачон безор бўлишган.

Жорий йилнинг 6 январь куни ҳам Ҳ. Бозорбоев хурмачаси тўлганча ичиб, буткул маст бўлиб қолади. Сўнг соат 22:30 ларда уйига келиб, хотини билан жанжаллашади.

— Бақириб-чақириб, қўшниларнинг ҳам тинчини бузаяпсиз, дадаси. Уйга кириб, ухланг, — дея хотини Д. Ниёзова уни тартибга чақиради.

Аммо Ҳ. Бозорбоев аёлининг гапига қулоқ солмайди. Аксинча, уни баттар ҳақорат қилади. Бу ҳам етмагандек, у хотинига қўл кўтариб, тан жароҳати ҳам етказади.

Ҳ. Бозорбоевнинг ҳовлисидаги тўс-тўполон қўшниси Даврон Бегматовнинг ҳам тинчини бузади. Бинобарин, у асабийлашиб кўчага чиқади. Шунда у уйдаги жанжалдан қочиб, дарвоза олдида йиғлаб ўтирган қўшнининг болаларига кўзи тушиб, баттар тутақиб кетади. Оқибатда ўзини босолмай қўшнисининг уйига кириб боради.

— Бу қилиқларинг билан ҳамманинг жонига тегдинг, — дейди у жаҳл устида.

— Сен кимсан?! — дейди Ҳ. Бозорбоев ҳам баттар жазавага тушиб. — Нега менинг ишимга аралашяпсан?

У қўшнисини ҳақорат қилганча, қўл кўтаради. Даврон Бегматов ҳам қараб турмайди, уни уриб, енгил тан жароҳати етказади. Шундан сўнг қўшнилар хабар беришгач, ИИБ ходимлари келиб, Ҳ. Бозорбоевни олиб кетишади.

Оқибатда унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси 2-қисми ва 194-моддаси 1-қисми, Д. Бегматовга эса, кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилади.

Шу ўринда яна бир мисолга эътибор қаратсак, туманнинг Воҳим маҳалласида яшайдиган С. Умаров ҳам 2024 йил 25 декабрь куни арзимайдиган келишмовчилик туфайли хотини Шоҳиста Умарова билан тортишиб қолади.

Гап шундаки, ўша куни Ш. Умарова отасининг уйига бориш учун эридан рухсат сўрайди. Кечки пайт эса, поччаси Жаҳонгир Эрматов автомашинасида уларни олиб келиб қўяди.

Шундан сўнг оқшом маст ҳолда уйига қайтган С. Умаров аёли ва болаларини божаси автомашинасида олиб келганини эшитиб, кутилмаганда жанжал кўтаради. Хотинини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади. Бунинг оқибатида Ш. Умарова фарзандлари билан бирга яна отасининг уйига аразлаб кетади. Орадан бир ҳафта ўтгач, 2025 йил 1 январь куни қайноғалари Исломжон ва Илҳомжон Раззоқовлар унинг уйига келишади: ниятлари — сингилларининг кўч-кўронини олиб кетиш эди. Аммо бунга С. Умаров қаршилик қилади. Оқибатда улар ёқалашиб кетишади. Натижада Исломжон ва Илҳомжон шовқин-сурон кўтариб, қўни-қўшниларнинг тинчини бузишади. С. Умаровни ҳақорат қилиб, майда безорилик содир этишади. Шу боис ака-укага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилади.

Албатта, қайд этилган ҳар икки ҳолат ҳам жиноят ишлари бўйича Риштон туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жарима жазолари тайинланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасида “Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, суд ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин” дея белгиланган.

Бинобарин, суд ҳуқуқбузар Д. Бегматовнинг қарамоғида 1 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, Ҳ. Бозорбоевнинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, уни кечирганлиги, айбига иқрорлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилди.

Хулоса ўрнида бир мулоҳазани баён этсак. Баъзи юртдошларимиз жаҳл устида бир-бирлари билан тортишиб, тилларига эрк бериб юборишади.

Ваҳоланки, инсон ҳар қандай вазиятда ҳам ўзга инсонга тили билан озор беришга, айниқса, бировнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳақорат қилишга ҳақли эмас. Бунинг учун амалдаги қонунларимизда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак.

Пўлатжон МАМАТУСМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Риштон тумани суди тергов судьяси

photo_2025-07-04_17-17-25

СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ВА АМАЛИЙ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда суд қарорларини қайта кўришда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўрта бўғин судларида суд қарорларини кўриб чиқиш ва қонуний, адолатли ҳамда асосли бўлишини таъминлаш орқали фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурияти вужудга келди. Бу, ўз навбатида, тафтиш институтини ривожлантириш йўналишида давр ва жамият талабларига жавоб берадиган ўзгаришларни амалга ошириш масаласини кун тартибига қўйди.

Тафтиш – суд ҳужжатларини юқори инстанцияда ҳуқуқий жиҳатдан текшириш ва қайта баҳолаш жараёни бўлиб, суднинг қонуний кучга кирган қарорларига нисбатан қўлланилади.

Мамлакатимизда 2021 йилдан бошлаб суд ҳужжатларини қайта кў­риб чиқишнинг янги механизлари жорий этила бошланди. Бироқ узоқ изланишлар ва хорижий тажрибалардан келиб чиқиб, 2024 йилдан янгича тартиб — бевосита тафтиш инстанцияси жорий қилинди.

Бу янгилик “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилди. Натижада ўтган қисқа даврда одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, аҳолининг судма-суд овора бўлиб юришига барҳам берилди.

Бунда биринчи инстанция судининг қарори ёки ажримидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, уларнинг ҳам натижасидан қониқмаса, ушбу иш мазкур судларда тафтиш тартибида кўриб чиқилади. Биринчи ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судлари томонидан қабул қилинган қарор ёки ажримда моддий ва процессуал қонун нормаларига риоя қилинганлиги тафтиш тартибида ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилади.

Суд қароридан яна норози бўлинган тақдирда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар Олий суднинг судлов ҳайъатларида қайта кўриб чиқилади. Бу жараёнда қуйи инстанция судлари иш юритувига ва ишнинг қонуний ечимига баҳо бериш билан бирга суд амалиётини бир хилда шакллантиришга эришилаётганини қайд этиш лозим.

Бошқача айтганда, тафтиш инстанция судлари судьяларига янада катта масъулият юкланиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинди. Айни шу омил ҳам суд ҳужжатидан норози шахснинг юқори инстанцияга ишончини мустаҳкамлайди.

Соҳага татбиқ этилган янгиликлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтирмоқда. Шунингдек, иш бўйича барча ҳолатлар суд инстанциялари томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилишига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган ишончи янада ошишига хизмат қилмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексининг янги таҳририда суд ҳужжатларини қайта кўриш учта босқич орқали амалга оширилиши белгиланган. Яъни, бу жараён:

• апелляция – биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан;

• кассация – қонуний кучга кирган биринчи инстанция судининг суд ҳужжати устидан;

• тафтиш – апелляция ёки кассация (тафтиш) инстанциясининг ажримлари устидан берилган шикоятлар юзасидан амалга оширилади.

Тафтиш институтида асосий урғу ҳуқуқий хато ва процессуал бузилишларни бартараф этишга қаратилган. Шу билан бирга, янги очилган ҳолатлар асосида ҳам суд ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Судлар томонидан тафтиш инстанциясида 2024 йилда кўрилган ишлар таҳлилига қараганда, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан 4 минг 525 та тафтиш шикояти кўриб чиқилган. Бунда қуйи судларнинг 422 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 109 таси ўзгартирилган.

Олий судда ўтган йили 227 та шикоят юзасидан 89 та суд ҳужжати бекор қилинган ва 26 таси ўзгартирилган. Яъни суд ҳужжатларининг қарийб 12 фоизи тафтиш тартибида ўзгаришга учраган.

Бу ҳолат суд қарорларини қабул қилишдаги хато ва камчиликлар ҳали ҳам мавжудлигини англатади. Шу боис, тафтиш институти фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини тиклашда муҳим механизм бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, тафтиш инстанциясида иш бўйича нафақат моддий ва процессуал қонун нормалари тўғри қўлланилганлигини текшириш, балки уларга тўлиқ суд муҳокамасини иш материаллари асосида ўтказиш орқали аниқланган камчиликни бартараф этиш ёхуд қайта апелляция ёки кассация инстанция судига юбориш ваколати ҳам берилгани жуда муҳим.

Бундан мақсад суд қарорлари барқарорлигини таъминлашдир.

Бу борадаги халқаро тажрибани мухтасар тарзда таққослама таҳлил қилиб кўрамиз.

Масалан, Францияда тафтиш вазифасини Кассация суди амалга оширади.

Бу суд моддий ҳуқуқ нормаларини эмас, фақат процессуал ҳуқуқ бузилишларини текширади. Россияда эса, назорат (“надзор”) институти мавжуд бўлиб, у ҳам прокурор ёки юқори суд раисининг протестига асосан, ишга қайта баҳо бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистондаги тафтиш институти, ушбу тажрибалардан самарали жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, миллий ҳуқуқий амалиётга мослаштирилган. Айниқса, суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш механизми қонунийлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлайди.

Ўз навбатида, тафтиш тартиби амалиётида айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда. Жумладан:

• ишга тараф сифатида жалб қилинмаган шахсларни тафтиш инстанциясида ишга жалб қилиш имконининг мавжуд эмаслиги;

• суд ҳужжатларининг етарли даражада асослантирилмаганлиги;

• шикоятларни кўриб чиқиш муддатларининг жуда қисқалиги;

• тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмаслиги ва кўриб чиқмаслиги каби омиллар шулар сирасига киради.

Қолаверса, тафтиш инстанциясининг судида:

• ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги;

• талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги;

• ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар мавжуд эмас. Шунингдек, қонунда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмаслиги каби ҳолатлар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Шу муносабат билан тафтиш инстанциясини такомиллаштириш бўйича айрим таклифларимизни билдирамиз.

Биринчи таклиф: судьялар малакасини ошириш курсларида республикадаги тафтиш амалиётини ўргатиш ва таҳлил қилиш.

Иккинчи таклиф: суд қарорларининг таҳлиллари ва статистик маълумотларини оммавийлаштириш, доимий суд амалиёти обзорлари базасини тайёрлаб, электрон шаклда шакллантириб бориш ишларини ташкил қилиш.

Учинчи таклиф: суднинг ҳар қандай босқичида, жумладан, апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида ишга жалб қилинмаган тарафларни ишга жалб қилиш имконини берувчи “агар ушбу ҳолат ишни тўғри ҳал қилиш учун зарур ва шарт бўлса” деган аниқ қоидани қонун нормаси сифатида киритиш.

Тўртинчи таклиф: тафтиш тартибида шикоят бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, ушбу муддатни тиклашда узрли ҳолатларнинг аниқ рўйхати ва энг узоқ муддати чегарасини белгилаш.

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳужжатларини тафтиш тартибида қайта кўриш институти фуқаролик судловининг мустаҳкам пойдеворларидан бири сифатида шаклланди. Тафтиш инстанцияси орқали суд қарорларида йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклаш, суд адолатини таъминлаш мумкин.

Амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан ушбу институтни такомиллаштириш фақатгина суд тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиб, жамиятда қонун устувор бўлишини таъминламоқда ва адолатли суд тизимига ишончни мустаҳкамламоқда.

Ушбу омил, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин – вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг вақтлари ва судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилмоқда.

Икром АЛМАНОВ,

Омон САТТОРОВ,

Тошкент шаҳар судининг

 фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьялари,

Камолиддин Жалилов,

Судьялар олий мактаби тингловчиси

photo_2025-07-04_16-05-25

36 ЙИЛЛИК ОРЗУ СУД ҚАРОРИ АСОСИДА УШАЛДИ

Маълумки, айрим юртдошларимиз ҳаётида узоқ йиллар мобайнида ечимини кутаётган муаммолар ҳам учраб туради. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Учкўприк туманида истиқомат қилувчи Ниғматулла бобо Умаровни узоқ йиллар бир муаммо қайнаб келарди. Гап шундаки, бобонинг фарзандлари қўшни республикада яшашади. Уларни кўргани борай деса…

Ниғматулла бобо 1938 йил 5 августда Фарғона вилояти Учкўприк тумани Тожик қишлоғида туғилган. Кейинчалик қўшни Қозоғистон Республикасига кўчиб кетган. 1961-1979 йилларда Қозоғистоннинг турли идора ва хўжаликларида электромонтёр ҳамда инспектор вазифаларида ишлаган.

Бу даврда уйланиб, 8 нафар фарзанд кўрган. 1979 йил 5 март куни унга “И-КТ № 667795” рақамли собиқ иттифоқ паспорти берилган.

1989 йилда эса, Н. Умаров яна Учкўприк туманига кўчиб келган. Аммо собиқ Иттифоқ паспортини Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортига алмаштиролмаган. Бинобарин, шунча йил мобайнида туғилган қишлоғидан ташқарига чиқмаган.

Н. Умаров ҳужжатсиз бўлгани боис фарзандлари ҳар йили келиб, унинг ҳолидан хабар олиб туришади. Аммо улар Қозоғистон Республикаси фуқароси ҳисобланади.

Учкўприк тумани адлия бўлими ходимлари Тожик маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги билан бирга “Ҳар бир уйга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси доирасида уйма-уй юришган пайтда Ниғматулла Умаровни 36 йилдан буён қийнаб келаётган муаммо аниқланди. Шу боис туман адлия бўлими томонидан Н. Умаровнинг 1989 йилдан буён Учкўприк тумани Тожик қишлоғида доимий яшаб келаётганлик фактини белгилашни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Таъкидлаш лозимки, Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддасига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин. Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

2020 йил 13 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Ўзини Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил доимий яшаб келаётган ва мазкур давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади” дея белгиланган.

Суд ушбу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди: Н. Умаровнинг 1989 йилдан буён Учкўприк тумани Тожик қишлоғида доимий яшаб келаётганлик факти белгиланди.

Шундан сўнг Н. Умаровга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти (ID карта) берилди.

Бундан ташқари шу куни Учкўприк тумани давлат хизматлари маркази орқали Ниғматулла бобо Умаровнинг номидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учкўприк тумани бўлимига қилинган мурожаат натижасида ёшга доир пенсия ҳам тайинланди.

Бир сўз билан айтганда, суд қарори асосида Ниғматулла бобо Умаровнинг 36 йилллик орзуси ушалиб, унинг бир йўла иккита ҳуқуқи тикланди. Энди у бемалол Қозоғистон Республикасига соғинган фарзанду невараларини кўргани бориб-келиши мумкин.

Бош Қомусимизнинг 54-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди” деб, 138-моддасида эса, “Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир” дея қайд этилган.

Бугунги кунда судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг амалий ифодаси таъминланмоқда. Зеро, Президентимиз томонидан биз, судьялар олдига қўйилаётган талаб ҳам, аслида, шундан иборат.

Байрамали НОРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўқон туманлараро суди судьяси

photo_2025-05-29_11-26-31

ҚИНҒИРЛИК БАРАКА КЕЛТИРМАЙДИ

Ҳаётда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар қайта-қайта жиноий қилмишга қўл уришига қарамай бундан тегишли хулоса чиқариш, тўғри йўлни топиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Масалан, В. Набижоновани шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин. Чунки у қирқ ёшга тўлгунга қадар бир эмас, икки эмас, нақ йигирма тўққиз марта жиноий қилмишга қўл урган. Аниқроқ айтганда, у кимнидир алдов йўли билан чув туширган, ниманидир ўғирлаган. Бунинг оқибатида “хавфли рецидивист” деб топилган.

Бу ҳақда батафсил фикр юритадиган бўлсак, В. Набижонова 2023 йил 13 август куни, тахминан, соат 17.40 да алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида, пойтахтдаги йирик савдо мажмуасига бориб, телефон аппаратлари сотиладиган дўконга киради-да, сотувчидан “Samsung S22” телефон аппаратини кўрсатишни сўрайди. Ўз навбатида, сотувчи ёрдамчисига у сўраётган телефон аппаратини кўрсатишни буюради. В. Набижонова телефон аппаратини қўлига оларкан, атайдан уни айлантириб кўргандай бўлади-да, сотувчи ёрдамчисидан аппаратнинг қувватловчи USB симини ҳам кўрсатишни сўрайди. Уни ҳам қўлига олиб, синчиклаб кўраверади.

Аслида, у сотувчиларнинг бошқа ишга чалғиб қолишини — ўзига қулай фурсат пайдо бўлишини пойларди, шундай имкон бўлган заҳотиёқ қўлидаги телефоннинг пулини тўламай қочиб қолади. Буни кўриб, сотувчилар дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар беришади.

Судда маълум бўлишича, В. Набижонова ўғирлаган телефон аппаратини пойтахтимиздаги “Малика” бозорида нотаниш кишига 250 АҚШ долларига сотиб юборган экан.

Орадан уч ой ўтгач, аниқроғи, 2023 йил 20 ноябрь куни у яна жиноий қилмишга қўл уради: ўша куни соат 15 ларда у ўғли билан бирга тилла тақинчоқлар билан савдо қилувчи дўконда пайдо бўлади ва ўзининг 30 граммлик тилла буюмини сотиш ниятида эканини айтади. Сотувчи аёл унинг тилла буюмини ўлчаб кўради ва ҳар бир граммини 410 000 сўмдан сотиб олишини билдиради. Бунга В. Набижонова рози бўлгач, сотувчи жиянига қўнғироқ қилиб, 12 миллион 300 минг сўм олиб келишини тайинлайди. Орадан кўп ўтмай сотувчининг жияни пулни олиб келади. В. Набижонованинг ҳийла-найрангини қарангки, у пулни санаб олгач, шошиб ташқарига чиқади-да, аллаким билан телефон орқали гаплашиб, яна дўконга қайтиб киради. Сўнг дўкон эгасига юзланиб, узр, укам зарур бўлган пулни топибди, энди тилла буюмни сотишга ҳожат қолмабди, дейди. Шунинг учун пулни олиб, тилла буюмни қайтариб беришни сўрайди. Сотувчи унга эътироз билдирмайди ва тилла буюмни қайтариб беради. Буни қарангки, айни шу пайт В. Набижонованинг кутилмаганда яна фикри ўзгариб қолади, у сотувчига тилла буюмни узатиб, “бояги пулни бера қолинг, тиллани сотаман”, дея яна 12 миллион 300 минг сўмни олиб, шошиб дўкондан чиқиб кетади.

Дўконда В. Набижонованинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган сотувчининг жияни кўнглида шубҳа пайдо бўлади, у холасидан мижоз қолдирган тилла буюмни кўрсатишини сўрайди. Шунда улар тилла буюмни тарозига тортиб кўришса, В. Набижонова бошқа — аввалгисидан ҳажми анча кичик тилла буюмни бериб кетган экан. Шундан сўнг улар ҳам дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади.

Халқимиз “қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деб бежизга айтмаган. В. Набижонованинг қилмишлари ҳам тезда ошкор бўлди. Судда судланувчи В. Набижонованинг айби ўзининг қисман иқрорлигидан ташқари жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, юзлаштириш, нарсани қабул қилиб олиш ва кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси, ашёвий далил деб эътироф этиш ҳақидаги қарор ҳамда бошқа объектив далиллар билан ўз тасдиғини тўлиқ топди.

Суд судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва унга шу модда билан Жиноят кодексининг 57, 59, 61-моддаларига асосан жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 68 000 000 сўм жарима ва 5 йил 11 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар ким пешона тери тўкиб, ҳалол яшаса, рўзғорига ҳам барака киради, ҳам кўнгли хотиржам бўлади. Афсуски, В. Набижонова бу йўлдан бормади, аксинча, ўзига — аёл шаънига қинғирликни раво кўрди. Қинғирлик эса, ҳеч қачон барака келтирмайди.

Буни эсдан чиқармаслик лозим.

Фарҳод Ҳикматуллаев,

жиноят ишлари бўйича

Сирғали тумани суди раиси

photo_2025-04-15_18-28-32

ОИЛА-НИКОҲ ИНСТИТУТИ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ҳар бир жамиятнинг равнақида унинг бирламчи бўғини бўлмиш оиланинг ўрни беқиёсдир. Оила институти фуқаролик жамиятининг муҳим таянч нуқтаси ва барқарор пойдеворидир. Зеро, айни шу муқаддас даргоҳда инсон дунёга келади, улғаяди, маънан ва ахлоқан тарбия топади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги кафолатланган. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятлари, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқликка асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларни яратади.

Ўз навбатида, Оила кодексига кўра, никоҳ фақат фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар эр ёки хотиннинг аризасига биноан судлар томонидан ҳал этилади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатдики, Наманган вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратиш бўйича жами 4 минг 505 та иш кўриб, тамомланган. Шундан 4 минг 134 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, айни кўрсаткич 2023 йилда 4 минг 232 тани ташкил этганди.

Бошқача айтганда, кўрилган ишлар сони 2024 йилда 2023 йилдагига нисбатан 154 тага, судларнинг ҳал қилув қарорлари асосида никоҳдан ажратиш белгиланган ишларнинг сони эса, 182 тага камайган.

Судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш, фарзандларнинг келажагини таъминлаш ва оиладаги вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбурлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Яна бир эътиборга молик жиҳат шундаки, эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига кўра, улардан бундай таклиф чиқмаган ҳолатда эса, ўз ташаббусига кўра, ишнинг кўрилишини кейинга қолдиришга, эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача муҳлат белгилашга ҳақли.

Бу муҳлат мобайнида ҳам оилани сақлаб қолиш масаласи барибир судларнинг эътиборидан четда қолмайди. Қонунчиликка биноан, суд яраштириш учун берилган муддатда эр-хотинни яраштириш мақсадида жамоатчилик асносида қўшимча чора-тадбирларни кўриш учун суд ажрими нусхаларини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинларига юбориши лозим.

Судлар томонидан якуний қарор қабул қилишда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосаларини олиш ҳам муҳим ўрин тутади.

Судьялар никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда асосий эътиборни имкони борича оилаларни сақлаб қолиш билан бир қаторда, бу борада профилактика чора-тадбирларини татбиқ этишга ҳам қаратадилар.

Кейинги пайтда жамиятимизда аёлларнинг оилавий зўравонликка учраши ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтмоқчиманки, оилавий зўравонлик кўринишларига нафақат жисмоний зўравонлик, балки иқтисодий ва маънавий зўравонликлар ҳам киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Афсуски, бир жиҳатдан, ҳуқуқий маданият даражасининг етарли бўлмаганлиги оқибатида жамиятимизда аксарият қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатлари қўпроқ содир этилмоқда. Ваҳоланки, қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган бўлади.

Ўз-ўзидан, бу тоифадаги аёллар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оила мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли никоҳни расмийлаштиришда, албатта, қонунга риоя қилиш муҳим.

Ўрни келганда яна шуни айтиш керакки, қонун томонидан яратилган имкониятлардан бири — никоҳ шартномасини тузишдир. Оилани мустаҳкамлаш кафолати саналувчи ушбу шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мол-мулкига доир ҳуқуқий тартиботни аниқлаштирувчи муҳим ҳужжатдир.

Оилаларни мустаҳкамлаш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида 2024 йил февраль ойидан бошлаб, “Оила судьялари” ташкил этилгани айни муддао бўлди.

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан соҳага оид қонун нормалари, ҳуқуқий ҳужжатлар ва суд амалиётини ўз ичига олган 500 дан зиёд нусхада ҳуқуқий қўлланмалар чоп қилиниб, барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилди. Бундан мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, оилавий низоларнинг олдини олиш, никоҳ ва оила муносабатларини мустаҳкамлашдир.

Бу борадаги ишларни келгусида янада кучайтириб борамиз. Зеро, мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлаш, уларда соғлом муҳитни вужудга келтириш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиш воситасида жамиятимиз равнақига ҳисса қўшишдан иборат.

Бахтиёр Алимжонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси

#thegov_button_69cc352e6e530 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc352e6e530:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc352e6e530 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc352e6e530:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!