Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 740 994 нафар шахсга нисбатан 613 142 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 469 568 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди.

Ярашилганлиги муносабати билан 94 886 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳақорат қилиш, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Апелляция тартибида 9 899 нафар шахсга нисбатан 8 297 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 581 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 945 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Кассация тартибида 7 124 нафар шахсга нисбатан 6 657 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 2 644 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 863 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 919 нафар шахсга нисбатан 1 769 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 359 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 464 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 5,6 трлн. cўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 964 195 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 533 019 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 405 252 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 63 940 таси бўйича талабларни қаноатлантиришдан рад қилинган, 57 349 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 6 478 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишлардан 177 711 таси битимлар, 63 843 таси никоҳдан ажратиш, 21 043 таси уй-жой муносабатлари, 20 539 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 8 029 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳамда 3 405 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 32 217 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 23 569 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 5 832 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 225 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

3 217 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 456 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 1 219 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 459 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 83 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 116 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 2 283 та қарор бекор қилиниб, 797 та суд қарори ўзгартирилди. Кассация тартибида 5 411 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 974 та қарор бекор қилиниб, 416 та суд қарори ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 4 525 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 422 та қарор бекор қилиниб, 109 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 227 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 89 та қарор бекор қилиниб, 26 та суд қарори ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 436 102 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,5 трлн. сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.

Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 68 567 та иқтисодий иш кўриб чиқилди ҳамда улар фойдасига 6,7 трлн. сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланди.

Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этди.

Апелляция тартибида 6 257 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 852 та қарор бекор қилиниб, 607 та суд қарори ўзгартирилди.

Кассация тартибида 2 250 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 390 та қарор бекор қилиниб, 253 та суд қарори ўзгартирилди.

Тафтиш тартибида 2 360 та иқтисодий иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилиниб, 94 та суд қарори ўзгартирилди.

Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 426 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 136 та қарор бекор қилиниб, 30 та суд қарори ўзгартирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2025-02-04_11-02-57

СУДЛАР ТОМОНИДАН 2024 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2024 йилда маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 15 373 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 6 338 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 6 991 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2 720 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 933 та аризаси қаноатлантирилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 3 174 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 385 та қарор бекор қилиниб, 14 та қарор ўзгартирилди. Кассация тартибида 1 208 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 130 та қарор бекор қилиниб, 4 та қарор ўзгартирилди. Тафтиш тартибида 1 649 та иш кўриб чиқилди. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 141 та қарор бекор қилиниб, 2 та қарор ўзгартирилди.

Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 2 132 та шикоят ва протест ўрганиб чиқилиб, шундан 309 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 95 таси бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик билан алоқалар маркази

photo_2025-02-07_15-32-20

ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ҲУҚУҚЛАРИНИ СУД ОРҚАЛИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАРИ АМАЛДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маъмурий суд соҳасидаги янгиланишлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоясини кафолатли таъминлаш, одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари­ни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Ушбу қарорга мувофиқ:

• давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;

• давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;

• маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

• фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;

• давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;

• маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Президент қарорида қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш масаласига устувор аҳамият берилган. Шу мақсадда қарори, ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилди.

Бўлажак қонун лойиҳасида, жумладан:

• давлат органи қарори ёки унинг мансабдор шахси ҳаракати ё ҳаракатсизлиги устидан берилган аризани маъмурий судларда кўришда мансабдор шахс ёки унинг вакили зарур тушунтиришлар бериш учун суд муҳокамасида иштирок этиши шарт ҳисобланиши;

• давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирок этиши зарур деб топилган ҳолларда маъмурий ишни кўриб чиқиш кейинга қолдирилиши, унинг иштироки ишнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилинишига тўсқинлик қилмаган тақдирда, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз кўриб чиқилиши;

• давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаган ва унинг келмаганлиги суд томонидан узрли деб топилмаган тақдирда, мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўлланилишини белгилаш назарда тутилди.

Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, маъмурий суд иш юритувида ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган дастлабки эшитув институтини жорий этиш белгиланмоқда.

Унга кўра:

• маъмурий суд иш юритувида дастлабки эшитув қонунда назарда тутилган ҳолларда ўтказилади;

• дастлабки эшитувда аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозлари аниқлаштирилади, аризадаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади;

• талабларни исботлаш учун аризачига зарур далилларни ҳамда жавобгарга фикрни ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар берилади;

• аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга судья томонидан дастлабки ҳуқуқий баҳо берилади, яъни талабларни аниқлаштириш, ишга дахлдор бўлмаган тарафларни алмаштириш, қўшимча жавобгарни жалб қилиш ва бошқалар амалга оширилади. Бунда кўрилаётган ишнинг мазмунан ҳал этилиши бўйича якуний фикр билдиришга йўл қўйилмайди;

• дастлабки эшитув ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилади, ушбу муддат суд муҳокамаси учун белгиланган муддатга киритилмайди;

• дастлабки эшитув натижасига кўра, аризани қайтариш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Маъмурий судларнинг нуфузи ва ролини кучайтириш мақсадида Президент қарори билан маъмурий судга низоларни ҳал этиш жараёнида судга ҳурматсизлик қилиниши ва суднинг хусусий ажрими бўйича чоралар кўрмасликка оид ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати берилмоқда.

Маъмурий суд соҳасида амалга оширилиши белгиланган ушбу ислоҳотлар кенг қамровли ва уни амалга ошириш жараёни муайян вазифалар бажарилишини талаб қилади. Шу сабабли Президент Қарорининг 7-банди билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия тасдиқланди.

Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар ё ҳаракатсизликдан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

Шу маънода давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш зарур.

Шунинг учун Концепциянинг:

– “Маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш” деб номланувчи бўлимида 20 та вазифа;

– “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш” деб номланувчи бўлимида 5 та вазифа;

– “Маъмурий суд ишларини юритишга халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ янги институт ва тартибларни жорий этиш” деб номланувчи бўлимида 13 та вазифа – жами 38 та вазифа белгилаб берилди.

Президент қарори билан тасдиқланган Идоралараро комиссия зиммасига ҳам қатор вазифалар юкланган. Хусусан, Комиссия уч ой муддатда янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнига халқаро ташкилотларнинг экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини таъминлаши ҳамда 2026 йил 1 июлга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини белгиланган тартибда Президент Администрациясига киритиши лозим.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Президентининг суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мазкур қарори “Инсон қадри учун” ғояси асосида қабул қилинган бўлиб, у адолатли суд тизимини шакллантириш, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини суд йўли орқали самарали ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Акмал Муродов,

Навоий вилояти

маъмурий суди раиси

photo_2025-02-17_19-09-44

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ВАКОЛАТЛАРИ ЯНГИ ҚОНУН БИЛАН БЕЛГИЛАНДИ

Мамлакатимизда 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишини юритишга масъул шахслар рўйхатига “тергов судьяси” лавозими қўшилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июнда қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу янги лавозимнинг жорий этилишига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Мазкур Фармондан келиб чиққан холда, 2025 йил 28 январда “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди.

Янги қонунга мувофиқ, тергов судьялари томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш босқичида процессуал қарорларга санкция бериш ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш масалаларини қонунчиликда белгилаш мақсадида, тергов судьяларининг ваколатлари жумласига киритилган ишларни кўриб чиқиш асослари ҳамда тартибини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахслари рўйхатига янги субъект – тергов судьяси ва унинг ваколатлари киритилди. Тергов судьяси якка тартибда иш юритиши, қонунда белгиланган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга ошириши белгиланди.

Қонун билан тергов судьясининг асосий ваколатларига:

– қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш;

– қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш;

– ушлаб туриш муддатини 48 соатгача узайтириш;

– паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш;

– айбланувчини лавозимидан четлаштириш;

– шахсни тиббий муассасага жойлаштириш;

– айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш;

– мурдани эксгумация қилиш;

– почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш;

– прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш;

– тинтув ўтказиш;

– телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш;

– мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш кабилар кириши белгиланди.

Эътиборлиси, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари тергов судьяси томонидан алоҳида хонада чиқарилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатмаларини олдиндан мустаҳкамлаш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш ва мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш суриштирув ва дастлабки тергов юритилаётган жойдаги тергов судьяси томонидан кўрилади.

Мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёки унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар бўлган тақдирда, иш Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан, тегишли суднинг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, қонунда илгари қонун ҳужжатларида тартиби аниқ белгиланмаган тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни қўзғатиш, кўриб чиқиш ва бу бўйича тергов судьяси томонидан чиқариладиган суд ажрими талаблари, суд ажримини апелляция тартибида кўриш тартиби ҳам белгиланди.

Янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли ўзгартишлар киритилди. Ушбу кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу кунгача кўриб келинаётган барча маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан кўриб чиқилади. 

Бундан ташқари “Судлар тўғрисида”ги қонунга жиноят ишлари бўйича судлар таркиби билан боғлиқ ўзгартиш киритилди. Яъни “жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди раис, судьялар, тергов судьялари ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади”, деб белгиланди. Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликдаги ушбу ўзгартишлар тергов устидан суд назоратини амалга оширишда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан тўла, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқишга асосланган ҳолда далилларга тўғри баҳо беришда, ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланишига яқиндан ёрдам беради.

Шерзод Абдуқодиров,

жиноят ишлари бўйича

Бўка тумани суди раиси

photo_2025-01-31_18-47-04

ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ФАОЛИЯТИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНДИ

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан буён туман, шаҳар судларида тергов судьялари ўз фаолиятини бошлади.

2025 йил 28 январь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Мазкур қонун асосида Жиноят-процессуал кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Аввало, Жиноят-процессуал кодекси янги 31-1-модда билан тўлдирилиб, тергов судьясининг ваколатлари белгиланди. Унга кўра, тергов судьяси якка ўзи иш тутиб, ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда судга қадар иш юритиш босқичида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан суд назоратини амалга оширади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш тергов судьясининг ваколатлари жумласига киради.

Қолаверса, кодекснинг 121-3-моддаси “Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув, дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади” деган сўзлардан иборат биринчи қисм билан тўлдирилди.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодекси аввал мавжуд бўлмаган 158-1, 158-2 ва 158-3-моддалар билан ҳам тўлдирилдики, улар тинтув ўтказиш жараёни билан боғлиқ. Дарҳақиқат, тинтув ўтказиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда прокурор, терговчи ёки суриштирувчи тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида уни ўтказиш учун асосларни баён этган ҳолда қарор чиқаради. Бу қоида кодекснинг 158-1-моддасида ўз аксини топган.

Тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади. Прокурор эса илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, ўша қарор ва зарур материалларни судга юборади.

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тинтув терговчининг ёки суриштирувчининг қарорига асосан суднинг розилигисиз ўтказилиши мумкин, бироқ кейинчалик суд ва прокурор ўтказилган тинтув ҳақида йигирма тўрт соат ичида хабардор қилинади. Хабарномада кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар аниқ кўрсатилиши керак. Тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорнинг қонунийлигини текшириш учун мазкур хабарномага терговчининг ёки суриштирувчининг тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорининг, тинтув баённомасининг ва зарур материалларнинг кўчирма нусхалари илова қилинади. Мазкур хабарномани ва унга илова қилинган материалларни олгач, судья ўтказилган тинтувнинг қонунийлигини қирқ саккиз соат ичида ушбу Кодекснинг 158-2 ва 158-3-моддалари тартибида текширади ҳамда унинг қонунийлиги ёки қонунга хилофлиги тўғрисида ажрим чиқаради. Агар судья ўтказилган тинтувни қонунга хилоф деб топса, тинтув ўтказиш чоғида олинган барча далиллар ушбу Кодекснинг 95-1-моддасига мувофиқ номақбул деб топилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг тергов судьяси томонидан, мазкур суднинг судьяси бўлмаган ёхуд тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоят, Тошкент шаҳар суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг тергов судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Суд мажлисида прокурор, зарур бўлган тақдирда терговчи, суриштирувчи иштирок этади. Бу суд мажлиси прокурорнинг маърузаси билан бошланади, у мазкур тергов ҳаракатини ўтказиш заруратини асослаб беради. Кейин тақдим этилган материаллар текширилади.

Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

Судья илтимосномани кўриб чиққач, тинтув ўтказиш ёки уни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради. Судьянинг тинтув ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши керак. Мазкур ажрим ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Суд тинтув ўтказишни прокурорга, суриштирувчига ёки терговчига топширади.

Судьянинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ёки тинтув ўтказишни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан ўзига нисбатан тинтув ўтказилган шахс ажрим ижро этилган кундан эътиборан йигирма тўрт соат ичида апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор ажрим чиқарилган кундан эътиборан шу муддат ичида апелляция тартибида протест билдириши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) ажримни чиқарган суд орқали берилади, мазкур суд йигирма тўрт соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт. Апелляция инстанцияси судининг судьяси мазкур материалларни шикоят (протест) билан бирга келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соатдан кечиктирмай якка тартибда кўриб чиқиши керак.

Эслатиб ўтиш жоиз, апелляция шикояти (протести) берилиши суднинг тинтув ўтказиш тўғрисидаги ажрими ижросини тўхтатиб турмайди.

Тинтув ўтказиш рад этилган тақдирда, мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга тинтув ўтказишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда йўл қўйилади.

Юқоридаги қонунга биноан, Жиноят-процессуал кодексига телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича
Косонсой туман судининг
тергов судьяси

photo_2025-01-28_09-26-10

АДОЛАТПАРВАРЛИК МАҚОМИГА ЭРИШГАН УСТОЗ

Убайдулла Мингбоев Ўзбекистон суд тизимининг йирик арбоби, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган судья ва раҳбар, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилган етук инсон. У кишининг саъй-ҳаракатлари натижасида суд тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, одил судловнинг самарадорлиги ошди, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, судьялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида муҳим қадамлар ташланди.

Устознинг ҳаёти ва фаолияти адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган десам, муболаға бўлмайди.

Самарали меҳнатлари, адолат ва ҳақиқат йўлидаги хизматлари мамлакатимиз суд тизимининг юксалишида муҳим аҳамият касб этади. У кишининг раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Одамлар доимо инсонлардаги ҳалоллик ва поклик, тўғрисўзлик ва адолатпарварлик каби хислатларни қадрлашади. Убайдулла Мингбоевда ҳам мана шундай хислатлар уйғунлашган. У ҳар бир ишга масъулиятни ҳис қилган ҳолда сабр-тоқат ва диққат билан ёндашиши, адолатни таъминлаш учун интилиши, ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан одамлар, халқ эътиборини қозонган.

Судьяликдек улуғ касбнинг юксак масъулияти ва машаққатини мус­таҳкам иродаси, пок виждони, имон-эътиқоди билан оқлаб келиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Чунки судьянинг қабул қилган биргина қарори инсонларнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Шу сабабли ҳам судьядан адолатли бўлиш учун, аввало, ўз устида ишлаши, чуқур билим, етарли ҳаётий тажриба ва устозлар ўгитларига мудом амал қилиб бориши талаб этилади. Юртимизнинг одил судлов тизимида ҳалол, меҳнатсевар ва адолатли судьяларнинг етишиб чиқишида, уларнинг касбий этикасини ривожлантиришда устознинг хизматлари ниҳоятда катта.

Убайдулла ака одил судловни таъминлаш борасида салмоқли ишларни амалга ошириш билан бир қаторда инсонларнинг маънавиятини юксалтириш, уларга маърифат улашиш мақсадида адолат, билим ва маърифат, олийжаноблик, меҳр-муҳаббат ва ахлоқий қоидаларни сингдирувчи асарлар ҳам яратган. У кишининг қаламига мансуб “Олий суд: кеча ва бугун”, “Суд шундай ҳокимиятки…”, “Суд – фуқаролар ҳимоячиси”, “Одил судлов маданияти ва одоби”, “Етти пуштни билмоқ истаги”, “Касб-корим адолат бўлди”, “Адолат мезони”, “Истакларим”, “Судьялик – улкан масъулият”, “Шукрона”, “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” ва “Покланиш палласи” каби асарлар бугун адолатни қарор топтиришга масъул бўлган судьяларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу асарлар турли соҳа ва барча ёшдаги китобхонларнинг жавонидан ўрин олган.

Адолатпарварлик судьяларнинг эл олдидаги обрў-эътибори ошишида муҳим омил ҳисобланади. Суд маҳкамаси нуфузининг ошишида, ҳуқуқий ҳокимиятнинг чинакам мустақиллиги таъминланишида, одил судловга эришиш даражасини юксалтиришда Убайдулла Мингбоевнинг муносиб ҳиссаси бор. 

Шунингдек, у кишининг ташаббуси билан Ўзбекистон судьялари ассоциацияси ва Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази ташкил этилиб, бугунги кунда улар тўлақонли фаолият юритиб келаётганлигини эътироф этиш жоиз. Ана шу ташкилотларнинг фаолияти самараси ўлароқ, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш мақсадида суд тизими фахрийлари билан алоқалар яхши йўлга қўйилган. “Устоз ва шогирд” мактаби яратилиб, фахрийлар ҳолидан хабар олиш, байрамларда йўқлаб, бир дастурхон атрофида суҳбатларидан баҳраманд бўлиш яхши анъанага айланган. Ўтказилаётган “Уч авлод учрашувлари”да соҳа фахрийлари, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар ва судьялик лавозимига захирада турган ёш номзодлар, талабалар учрашиб, суд тизими фахрийларининг ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашмоқдалар.

У. Мингбоевнинг беқиёс хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, “Жасорат” медали, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган. Албатта, бу мукофотлар устознинг ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик меҳнатлари самарасидир.

Бутун умрини адолатни қарор топтиришга, жамиятда суд тизимининг обрўсини ошириш ва нуфузини юксалтиришга, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаган Убайдулла Мингбоев бугун табаррук тўқсон ёшни қарши олмоқда. Қутлуғ довон билан юзлашган устознинг умр дафтарига назар солган киши унинг ҳақиқий жонкуяр, фидойи, бошқаларни ҳам комилликка етакловчи, қалбларга зиё сочувчи улуғ сиймо эканлигига амин бўлади. У шу ёшда ҳам шогирдларига дунёни англашга кўмаклашиб, инсонийлик ва ҳаётий доноликни ўргатиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, Убайдулла Мингбоевнинг ярим асрдан ошиқ самарали хизматларини эътироф этиб, уни адолатпарварлик мақомига эришган фидойи устоз десак, ҳақ гапни айтган бўламиз. Шогирдларга устозлик йўлида чарчаманг! 

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

Қашқадарё вилоят суди раиси

 

photo_2025-08-26_17-28-28

ТЎРТ НАФАР ЯНГИ СУДЬЯ ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида айрим фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ҳамда туманлараро иқтисодий судларга илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 22 январдаги қарорига муфовиқ судьялик лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган Ў. Мадрохимов, Ш. Якубов, Г. Эрназарова ва З. Мажидовнинг қасамёди эшитилди.

Тадбирда иштирок этган судьяларнинг ота-оналари ва яқинлари уларга энг яхши тилакларни билдирди.

Қасамёд қабул қилган 4 нафар янги судьяга судьялик гувоҳномалари билан бирга “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

photo_2025-01-27_17-08-10

ОДИЛ СУДЛОВНИНГ МАҚСАДИ – АДОЛАТ ВА ИНСОНПАРВАРЛИК

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон суд тизимидаги шиддатли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган устоз Убайдулла Мингбоев моҳир ҳуқуқшунос, тажрибали судья ва покдил, фидойи, юксак маънавиятли ҳамда адолатпарвар ватандошимиз сифатида мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ идораларида қарийб 60 йилдан буён фаол меҳнат қилмоқда. Бу хизматлари жамиятимиз ва давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, Убайдулла ака “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Жасорат” медали билан тақдирланган ва устозга Олий малака тоифаси берилган.

“Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат суд тизими вакиллари, судьялар олдига ана шундай ҳаққоний талабни қўйди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган тарихий учрашувида сўзлаган нутқи замирида суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад ўз мужассамини топган.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз ваколати доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрорламайдиган тизимни шакллантиришимиз шарт, деган қатъий мақсадни белгилаб берди.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.

Убайдулла ака Олий суднинг ўзида салкам 20 йил фаолият олиб борган, шу жумладан, қарийб 12 йил давомида – 1991-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси лавозимида хизмат қилган.

Шунингдек, 2009 йилдан буён Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

Маълумки, Истиқлолнинг дастлабки даврида, тарихан жуда қисқа муддатда, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигидаги Конституциявий комиссия иштирокида мустақил Ўзбекистон Конституцияси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Устоз Убайдулла Мингбоев ҳам аъзоси бўлган ушбу Комиссия саъй-ҳаракатлари билан Асосий Қонунимизда суд ҳокимиятининг конституциявий асосларининг устувор принциплари аниқ ифодалаб берилди.

Хусусан, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқларига бўлиниши энг муҳим конституциявий принцип сифатида белгиланди. Конституцияда, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг давлат манфаатларидан, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларининг эса, миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлиги мустаҳкамланди.

Айни вақтда, судларни жазоловчи ва фақат давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи органдан қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи органга айлантиришга қаратилган яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси кун тартибидан жой олди. Шу асосда юртимизда Конституциявий суд, Олий суд, умумий юрисдикция судлари жорий этилди. Жиноят, жиноят-процессуал, суд-ҳуқуқ ва бошқа йўналишларда қонунчилик асосини ташкил этувчи ҳуқуқий база яратилди.

Миллий тараққиётимизнинг ке­йинги мантиқий босқичида, яъни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияси негизида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми сифатида чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича янги концепция изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Сўнгги йилларда судлар ихтисослаштирилди, фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича алоҳида судлар ташкил этилди. Судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги бундай ҳаётбахш ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, соҳа вакилларини нафақат мамнун этмоқда, айни чоғда, ўз фаолиятида самарали натижаларга эришишга рағбатлантирмоқда. Убайдулла ака Мингбоев бу борадаги энг тажрибали ва пешқадам инсонлардан, десак, асло муболаға бўлмайди.

Устоз Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси бўлиб ишлаган йиллари, шунингдек, 2003-2017 йилларда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, 2017-2018 йилларда ушбу Ассоциациянинг раиси сифатида фаолият кўрсатган даврда ўзининг кўп йиллик бой тажрибаси, самарали амалий ва маърифий-ижодий фаолияти билан ушбу янгиланишлар жараёнида фаол қатнашди.

Убайдулла ака Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 29 июндаги қарори билан 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозимида хизмат қилди.

Бугунги кунда устоз Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзосидир.

Бу ҳақда сўз юритганда, авваламбор, Президентимиз томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни янги босқичга кўтаргани хусусида мухтасар тўхталиш лозим.

Ҳозирги куннинг конституциявий тамойилларидан келиб чиқиб, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш тизимли йўлга қўйилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида бир боби – ХХIII боб “Суд ҳокимияти” деб номланган. Бу бобдан 11 модда ўрин олган. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг:

• 130-моддаси – одил судлов;

• 131-моддаси – суд тизими;

• 132-133-моддалари – Конституциявий суд фаолияти;

• 134-моддаси – Олий суд фаолияти;

• 135-моддаси – Судьялар олий кенгаши фаолияти;

• 136-моддаси – судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги;

• 137-моддаси – судларнинг очиқлиги;

• 138-моддаси – суд ҳужжатларининг мажбурийлиги;

• 139-моддаси – суд ишлари юритиладиган тиллар;

• 140-моддаси – судлар фаолиятини молиялаштиришга оид нормалардан иборатдир.

Президентимиз ҳар гал суд тизимидаги ўзгаришларга тўхталганда, авваламбор, адолат мавзусида атрофлича сўз юритиши бежиз эмас.

Чунки адолат тантана қилишида давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Ушбу соҳа вакиллари инсон ҳаёти билан боғлиқ фаолият олиб боради.

Содда қилиб айтганда, иши судда кўрилган шахснинг кейинги тақдири кўп ҳолларда судья қабул қилган қарорга боғлиқ бўлади. Бирор кишининг ноҳақ айбланиши, масалан, қилмаган айби учун узоқ йилга озодликдан маҳрум этилишининг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас.

Биз Мир Алишер Навоийни улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, илм-фан ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси, саховатпеша зот, авлиёлар авлиёси сифатида яхши биламиз ҳамда юксак қадрлаймиз.

Айни чоғда, Алишер Навоий серқирра ҳаётининг яна бир муҳим жиҳати борки, бу ҳам бўлса, ул зотнинг фиқҳ, яъни ҳуқуқшунослик илми билимдони эканидир.

Алишер Навоий ҳуқуқ бобидаги билим ва тажрибасини нафақат асарларида, балки давлат арбоби сифатида амалий фаолиятида ҳам изчил қўллаган. Ҳазрат асарларини мутолаа қилиш асносида, ҳуқуқ атамалари улуғ шоир томонидан жуда кенг маъноларда, айни вақтда, ниҳоятда аниқ ва жуда нуктадонлик билан ишлатилганини кўриш мумкин.

Масалан, Навоий “адл” сўзини адолат, тўғрилик, инсоф тушунчаларини англатиш учун ишлатса, ўз навбатида, “адолат” сўзини ҳаққоният, шафқатлилик, одиллик, диёнат маъноларида қўллаган. Эътибор қилинг, ушбу тушунчалар бугунги кунда адолат ва юксак инсонпарварлик негизида тубдан ислоҳ этилаётган мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятининг асосий мазмун-моҳияти билан том маънода уйғун ва ҳамоҳанг эзгу тамойиллардир!

Давлатимиз раҳбарининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг изчил ҳамда мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжат одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Модомики, Убайдулла аканинг бу борадаги ҳиссаси ҳақида сўз борар экан, устоз ўз касбини улуғлаш масаласига нафақат амалий, айни чоғда ижодий жиҳатдан ҳам, муносиб улуш қўшиб келаётганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. У киши соҳанинг тарихи ва истиқболларига, бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига оид кўплаб рисолалар муаллифи ҳисобланади.

Устознинг “Олий суд: кеча ва бугун” (Тошкент, “Ўзбекистон”, 1994), “Суд шундай ҳокимиятки…” (Тошкент, “Шарқ”, 1999), “Суд – фуқаролар ҳимоячиси” (Тошкент, 2001), “Одил судлов маданияти ва одоби” (Тошкент, “Адолат”, 2004), “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” (Тошкент, “ILM-ZIYO-ZAKOVAT”, 2021), “Судья ва суд ходимларига мурожаат” (Тошкент, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, 2023) китоблари шулар жумласидандир.

Хусусан, устознинг “Судья ва суд ходимларига мурожаат” китобидан ўз ҳамкасбларига шундай чорлови ўрин олган: “Судьянинг касбий маҳорати шундаки, у ҳар бир мурожаатчи билан одоб-ахлоқ ва қонун-қоида тамойилларига қатъий риоя этган ҳолда муносабатга киришиши талаб этилади. Албатта, буларнинг барчаси сиз, азизларнинг маънавиятингиз ва олган тарбиянгизга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ”.

У. Мингбоев катта ҳаёт мактабини кўрган устоз аллома сифатида “Етти пуштни билмоқ истаги” (Тошкент, “Қатортол-Камолот”, 1999), “Касб-корим адолат бўлди” (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2003), “Адолат мезони” (Тошкент, “Нур-полиграф”, 2009), “Судьялик – улкан масъулият” (Тошкент, 2014), “Шукрона” (Тошкент, “Turon zamin ziyo”, 2015), “Истакларим” (Тошкент, 2017), “Покланиш палласи” (Тошкент, “Олтин қалам”, 2024) каби бир қатор оммабоп китоблар ҳам ёзган.

Убайдулла ака отахон судья сифатида, турли босқич судларида судья, суд раисининг ўринбосари ва суд раиси сифатидаги узоқ йиллик фаолияти натижаларига таянган ҳолда, суд маданиятининг моҳиятига назар ташлар экан, “одил судловнинг мақсади – адолат ва инсонпарварликдир”, деган эзгу хулосага келади. Бу фикр ҳар бир китобда суд жараёнининг маданияти, судда фуқароларни қабул қилиш маданияти, судьялик этикаси ҳамда суд маданиятининг замонавий моддий-техника таъминотига алоқадорлиги каби долзарб мавзулар ва ҳаётий мисолларда имкон қадар кенг очиб берилади.

Устоз Убайдулла аканинг ҳар бир янги китобини мутолаа қилиш асносида Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги туб ижобий ўзгаришлар жараёнида суд ишини амалга ошириш ваколатига эга ва бунга маънавий ҳуқуқи бор процессуал шахс саналган судьялар олдига қўйган қатъий талаблар билан ўзим ўқиётган асар муаллифининг ҳаётий тамойиллари ўртасида ўзига хос муштарак хусусиятлар мавжуд эканига амин бўламан. Бу уйғун жиҳатлар, фикримча, қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчидан, судьялар ва суд ходимлари ўз хизмат фаолиятини адо этишда маънавий-ахлоқий қиёфаси, касбига доир вазифаларни бажариш билан боғлиқ ахлоқий меъёрларга эга бўлишлари шарт.

Иккинчидан, судьялар ўзларининг намунали интизоми, хушмуомалалиги ва муносиб хулқ-атворини намоён этиб, ҳамиша адолатга таянган ҳолда, қонун устуворлигини таъминлаши талаб этилади.

Учинчидан, судьяларнинг Ўзбекистон Республикаси номидан суд ҳужжати қабул қилишлари – улар зиммасига бениҳоя шарафли ва масъулиятли вазифа юклатилганини англатади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, судьяларнинг ўз бурчига содиқлиги, тегишли ваколатларини нечоғли ҳалол ҳамда сидқидилдан адо этиши мустақил суд ҳокимиятининг обрўсини ва фуқароларда одил судлов ҳамда адолатга бўлган ишончни тубдан оширади.

Тўртинчидан, одил судловнинг бош мақсади – адолат ва инсонпарварликдир. Инсонпарварликнинг замирида юксак маданият мужассам. Маданият, ўз навбатида, халқимизнинг узоқ ўтмишига бориб тақалади. Негаки, халқимизнинг миллий табиатига хос бўлган жамики эзгу инсоний фазилатлар ана шу маданиятимизда жамланган. Шу маънода, судьяларнинг маданиятлилиги суд ишларини холисона, билимдонлик асосида, жамият ва халқ манфаати учун куюнчаклик билан адолатли ҳал этишида кўзга ташланади.

Бешинчидан, судьяларнинг жамоатчилик вакиллари олдида ўзини тута билиши, мулоҳаза билан иш тутиши, хушфеъл, одобли, камтарин ва ширинсухан бўлиши – бу нафақат судьянинг, балки мустақил суд ҳокимиятининг ҳам обрўсини оширади. Бурч масъулиятини чуқур англаган судья ўз устида мунтазам ишлаб, билим ҳамда тажрибасини ошириб бориши лозим.

Олтинчидан, судьялар ўз қасамёдига ҳамиша содиқ қолиши, виждонан иш тутиши, сабр-тоқатли ва мустаҳкам ирода эгаси бўлиши даркор. Халқ ва Ватанга бўлган садоқатини, ўзининг фидойилигини ўзгаларга муносабатида намоён этиши зарур.

Еттинчидан, судьялар зиммасидаги ваколатларни масъулият ва шараф билан адо этиши баробарида, обрў-эътиборли, адолатпарвар инсон сифатида атрофдагиларда яхши таассурот қолдириши ҳам фарзу қарз.

Адолат халқимиз учун азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Амир Темур бобомиз “Куч — адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришган. Улуғ аждодимиз узук-муҳридаги ушбу адолатпарвар шиор муҳташам Оқсаройнинг ҳозирги кунгача сақланиб келаётган асосий пештоқида “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиори!”, деган янада чуқур мазмунда битиб қўйилганини таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда устоз Убайдулла Мингбоевнинг “Етти пуштни билмоқ истаги” номли китобида битилган мана бу ҳаётий сатрлар Соҳибқирон аждодимиз ўгитларига нечоғли ҳамоҳанг эканлигига эътиборни қаратгимиз келди: “Инсон эсон-омон юрса, сабр-қаноат билан яшаса, кўп нарсани кўрар экан. Мен бу гапларни ўз ҳаётим мисолида айтяпман. Гоҳида ўйга толаман, мустақил Ўзбекистонимиз Олий судининг биринчи раиси бўлганимдан, биринчи Конс­титуциямиз лойиҳасини тузишда иштирок этганимдан қониқиш ҳосил қиламан. Республикамизда биринчи бор “Судлар тўғрисида”ги қонунни тайёрлашда ишчи гуруҳга раҳбарлик қилганимни ҳам, 30–35-йилларда қатағон қилинганларнинг, 83-86-йилларда “Ўзбеклар иши” деб ноҳақ қамоқда ётганларнинг кўпларига адолатли суд қарорлари чиқарганимизни ҳам Тангри таолонинг менга кўрсатган инояти, берган неъмати деб биламан. Ҳарқалай, бу ишлар ҳам осонликча кечгани йўқ. Гоҳида ҳар бир иш учун, ундаги ҳар бир тақдир учун бевосита кураш олиб боришга тўғри келди… Мен қаерда ва қайси мансабда ишламай, адолатли фикр юритишни ва ҳар ишда беғараз бўлишни касб қилдим, оиладагиларимдан ҳам, дўстларимдан ҳам, қўл остимда ишлайдиган шогирдларимдан ҳам шуни талаб қилдим”.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, судья шахсида ўз мужассамини топган жамики яхши фазилатлар – одил судловни таъминлашнинг муҳим шарти. Бинобарин, Убайдулла аканинг маънавий-маърифий асарлари ёш авлодни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида, адолатпарвар, ҳақиқатсевар, бир сўз билан айтганда, баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ишончимиз комилки, таниқли ҳуқуқшунос Убайдулла Мингбоевнинг қарийб олтмиш йиллик самарали фаолияти бугунги ва келажак авлодлар учун суд тизими, судьялик касби, судьянинг вазифаси ва масъулияти ҳақидаги етарлича фойдали ҳамда ибратли маълумотлар хазинасидир.

Президентимиз таъкидлаганларидек, «Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат».

Акмал Саидов,

академик

#thegov_button_69cc352fe5b3d { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc352fe5b3d:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc352fe5b3d { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc352fe5b3d:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!