Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-03-07_09-29-54

ОЛИЙ СУДДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

Олий судда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Маълумки, ҳар бир жамият ва халқнинг маданияти нечоғлик юксак эканлиги, маънавий баркамоллиги энг аввало, аёлларга бўлган муносабат, уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор билан белгиланади.

Чунки аёл деганда, аввало ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда меҳрибон оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз ва латофатли қизларимизнинг нурли чеҳраси намоён бўлади.

Шунинг баробарида аёллар оиламиз бекаси, миллатимиз давомчиси ҳисобланган фарзандларимизни оқ ювиб, оқ тарайдиган, уларга муносиб тарбия берадиган меҳрибон ва оқила зотлардир.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов аёлларни самимий қутлар экан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, уларнинг оғирини енгил қилиб, муносиб турмуш тарзини яратишга қаратилган улкан ислоҳотлар қатъият билан амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда юксак билим ва малакага эга оқила аёлларимиз суд тизимида ҳам турли лавозимларда самарали фаолият юритиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Қайд этилганидек, суд тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг 31 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади, судьяларнинг 15 фоизи аёл судьялар ҳиссасига тўғри келади. Олий судда эса бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, 2017 йилда аёл судьяларнинг сони 115 нафарни ташкил қилган бўлса, сўнгги йилларда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда аёл судьяларнинг сони 225 нафарга етди.

Ҳозирда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш ва суд тизимида гендер тенгликка эришиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилаяпти.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аёл судья ва ходимлар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятимизда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Тадбирда Олий суд раиси ўринбосарлари ва масъул ходимлар ҳам ушбу нафосат ва назокат байрами муносабати билан қадрли ва эъзозли аёлларимизга самимий тилаклар билдирди.

Шукуҳи ва қувончи тамоман ўзгача бўлган бугунги тантанали тадбирда бир гуруҳ аёл суд фахрийлари, судья ва ходимлар Олий суд раисининг Фармойиши билан таъсис этилган “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ аёл судья ва суд ходимларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.

Бундай байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида ҳам ўтказилди.

photo_2025-11-10_15-43-37

МЕҲНАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – ИНСОН ҲАЁТИ ВА ИШ САМАРАДОРЛИГИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Маълумки, меҳнат хавфсизлиги ҳар қандай жамиятда иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга муҳим масала ҳисобланади. Меҳнат хавфсизлиги нафақат инсон ҳаёти, сиҳат-саломатлиги муҳофазасига қаратилган ҳуқуқий талаб, балки жамиятда иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, агар ишчи иш жойида жароҳат олса, корхона нафақат тиббий ва моддий тўловлар тўлайди, балки иш жараёнидаги тўхташлар ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайиши оқибатида моддий зарар ҳам кўради. Шу боис меҳнат хавфсизлиги ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, унинг талабларига қатъий риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун Жиноят кодексининг 257-моддасида “Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш орқали оғир тан жароҳати етказган шахсга нисбатан жарима, маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси” тайинланиши белгилаб қўйилган. Меҳнат кодексининг 359–363-моддаларида эса, иш берувчи иш жойларини хавфсиз ҳолда сақлаши ва ходимларни зарур ҳимоя воситалари билан таъминлашга мажбурлиги қайд этилган.

Шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18, 24 ва 25-моддаларида ходимларни йўриқномадан ўтказиш, малакасини текшириш ва иш жойларини хавфсиз ҳолатда сақлаш талаблари белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб айтганда, меҳнат хавфсизлигининг қуйидаги 5 та муҳим қоидалари мавжуд:

1. Йўриқнома ва тайёргарлик — ҳар бир ходим ишга киришдан олдин хавфсизлик бўйича йўриқномадан ўтиши ва имзо билан тасдиқлаши шарт.

2. Шахсий ҳимоя воситалари — махсус кийим, пойабзал, қўлқоп, каска, кўзойнак каби воситалардан доимо фойдаланиш.

3. Баландликда ишлаганда қўшимча ҳимоя — панжаралар, хавфсизлик арқонлари ва қўллов воситалари ёрдамисиз ишламаслик.

4. Иш жойини хавфсиз ҳолатда сақлаш — полдаги мой ёки сувни ўз вақтида тозалаш, хавфли ускуналарни белгилаш.

5. Мунтазам назорат — ҳар ойда иш жойи ва ускуналар ҳолатини текшириш.

Маълумотларга қараганда, юртимизда 2024 йилда иш жараёнида 1 минг 200 дан ортиқ бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бу кўрсаткичнинг 65 фоизи хавфсизлик талабларига риоя этмаслик оқибатида содир бўлган. Шу жумладан, баландликдан йиқилиш 40 фоизни ташкил этади. Бу бахтсиз ҳодисанинг ҳар тўртинчиси шахсий ҳимоя воситаларининг йўқлиги сабабли содир бўлган.

Шу ўринда фикримизни мисоллар асосида давом эттирсак, жомбойлик Шариф Маматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) “Жомбой яшил чироқлари” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Аммо у ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани оқибатида масъулияти чекланган жамиятининг хом ашё омбори ишчиси Шокир Бекжонов бахтсиз ҳодисага учраган.

Экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчи Ш. Бекжонов бахтсиз ҳодиса туфайли бош мияга қон қуйилиши, кўкрак қафаси шикастланиши, суяклар синиши ва ҳаёт учун хавфли бошқа оғир тан жароҳатлар олган. Текширув далолатномасида ҳодиса иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса сифатида қайд этилган.

Албатта, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди, масъулияти чекланган жамиятнинг масъул ходими Ш. Маматов қонун олдида жавоб берди.

Судда ишни кўриш жараёнида Ш. Маматов айбига тўлиқ иқрорлик билдирди, қилмишидан пушаймон эканини қайд этди. Шунингдек, у жабрланувчига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплади. Ўз навбатида, жабрланувчи ҳам судланувчини кечириб, даъвоси йўқ эканини билдирди.

Мазкур жиноят иши қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари боис томонларнинг ўзаро ярашуви билан якун топди.

Бу, ўз навбатида, иш берувчининг меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этмаслиги ўта нохуш якун топишини кўрсатади.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси

photo_2025-08-26_12-44-00

ИККИ НАФАР ЯНГИ СУДЬЯ ҚАСАМЁД ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари мажлисида айрим жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларига илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьяларнинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 24 февралдаги қарорига муфовиқ судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг судьясига лавозимига тайинланган Дилбар Чориева ва жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьяси лавозимига тайинланган Севара Юлдашеванинг қасамёди эшитилди.

Қасамёд қабул қилган 2 нафар янги судьяга судьялик гувоҳномалари билан бирга “Судьялар одоби кодекси” топширилди.

photo_2025-03-07_09-45-46

МУНОСИБ УЙ-ЖОЙГА БЎЛГАН ҲУҚУҚНИ ТАЪМИНЛАШ, ЖУМЛАДАН МАЖБУРИЙ КЎЧИРИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ

Олий судда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, жумладан мажбурий кўчиришни амалга ошириш бўйича суд амалиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир БМТнинг Муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ бўйича махсус маърузачиси Балакиршнан Ражагопалнинг 2024 йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни амалга ошириш доирасида ўтказилди.

Иштирокчилар фуқароларнинг муносиб турар-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш ва ҳимоя қилиш борасидаги суд амалиёти билан ўртоқлашиб, фикр алмашар экан, мамлакатимизда барча жабҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш учун хизмат қилиб келаётганлиги қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов давра суҳбати иштирокчиларига мурожаат қилиб, муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида миллий қонунчилик ва суд амалиётини янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади ҳамда БМТ тавсиялари Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири эканлигини билдирди. Шунинг баробарида Олий суд фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро стандартларни ҳисобга олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бериш, шу жумладан халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳадаги суд амалиётини такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириши маълум қилинди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер ўзининг онлайн мурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди ва инсон ҳуқуқлари, хусусан, муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ соҳасидаги халқаро стандартларни янада жорий этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу фуқароларни ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмларини жорий этиш имконини беришини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер БМТ Махсус маърузачисининг асосий хулоса ва тавсияларини тақдим этиб, суд жараёнларининг шаффофлиги ва аҳолининг заиф қатламларига тизимли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарурлигига эътибор қаратди.

Давра суҳбати давомида иштирокчилар мажбурий кўчириш ва уй-жой ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Судлар ўз қарорларида нафақат қонун ҳарфи, балки инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиб, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ва манфаатларини инобатга олиши таъкидланди.

Муҳокамаларда уй-жой масалалари бўйича судьялар малакасини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш;

– фуқароларга ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун суд органлари, тегишли давлат муассасалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

– БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тузилмалари тавсиялари ва илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, суд амалиётини фуқаролар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш йўналишида мослаштириш;

– тартиб-таомилларнинг шаффофлигини ошириш ва жамиятнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун уй-жой соҳасида жамоатчилик иштироки ва фуқаролик назорати механизмларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати якунида бундай тадбирлар илғор тажриба алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

photo_2025-03-03_16-30-25

“РАҚАМЛИ СУД” КОНЦЕПЦИЯСИ: СУД ТИЗИМИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ СОҲАДА АДОЛАТНИ ТАЪМИНЛАШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал суръатларда ривожланаётгани кўплаб соҳаларда, жумладан, суд тизимида ҳам ижобий ўзгаришларга асос бўлмоқда. Айниқса, “Рақамли суд” концепцияси ушбу жараённинг узлуксиз ва муҳим қисмига айланиши кутилмоқда.

“Рақамли суд” концепцияси – суд жараёнлари самарали, тезкор ва шаффоф бўлишини таъминлашга қаратилган инновациявий ёндашув саналади. Замонавий технологиялар ёрдамида судларда иш юритувини оптималлаштириш орқали судларга бўлган ишончни янада ошириш, адолатни таъминлаш ва фуқаролар учун қулайликлар яратилади.

Аввало, “Рақамли суд” концепциясининг ҳуқуқий асоси яратилди. Яъни 2025 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон ва Давлат дастуридан 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва ҳар бир йўналиш кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар ўрин олган. Давлат дастурининг “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” номли 4-йўналишида 25 та амалий тадбир, 28 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва 29 та мақсадли кўрсаткич назарда тутилган.

Хусусан, “Судлар фаолиятини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш” вазифаси доирасида – судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларни босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклда юритиш амалиётини жорий қилиш ҳамда Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари марказини ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 14 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини кенг таҳлил қилган ҳолда, мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш вазифалари белгилаб берилди. Шу нуқтаи назардан, “Рақамли суд” тушунчаси тўғрисида батафсил тўхталиш жоиз.

“Рақамли суд” – замонавий технологияларни ва сунъий интеллектни суд тизимига жорий қилиш орқали суд ишларини тезлаштириш, самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлашга йўналтирилган янги ёндашувдир.

Шу жиҳатдан, “Рақамли суд” концепцияси асосида кўплаб хорижий давлатларда суд иш юритуви йўлга қўйилган, унинг мақсади суд ишларини тўлиқ электрон шаклда юритиш ва суд жараёнларини автоматлаштиришга қаратилгани жуда муҳим. “Рақамли суд” концепцияси асосига бир қатор муҳим воситалар киради.

• Биринчи восита – электрон суд тизимлари. Бу ўринда суд ишларини электрон шаклда юритиш, ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш, суд қарорларини рақамли форматда чиқариш ва электрон имзоларни қўллаш кабилар назарда тутилмоқда.

• Иккинчи восита – сунъий интеллект (AI). Судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишларни таҳлил қилишда AI ёрдамида қарорлар қабул қилишда ёрдам бериш тақозо этилади. Масалан, AI судланувчиларни ёки ҳуқуқий масалаларни таҳлил қилишда ва олдиндан прогнозлар беришда қўлланилади.

• Учинчи восита – блокчейн технологияси. Суд қарорларининг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлаш учун блокчейн технологиясини қўллаш зарур. Бу технология суд ҳужжатлари ўзгаришининг олдини олиш ва уларни хавфсиз сақлаш имконини беради.

• Тўртинчи восита – видео конференциялар ва онлайн суд мажлислари. Суд жараёнларини масофадан туриб ўтказиш, шунингдек, гувоҳлар ёки тарафларни видео орқали тинглаш бугунги янги даврнинг муҳим талабларидандир.

• Бешинчи восита – маълумотлар базаси ва аналитика. Суд ишлари ва маълумотларни таҳлил қилиш орқали суд тизимининг самарадорлигини ошириш, кечикишларни камайтириш ва натижаларни аниқлашда муҳим ўрин тутади.

Шу маънода, “Рақамли суд” концепцияси тизими суд жараёнларининг янада очиқлиги ва тезкорлигини таъминлашга ёрдам беради. Бу тизим орқали суд ишлари бир неча марта тезлашади.

Шу ўринда “Рақамли суд” концепцияси, бошқача айтганда, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятининг бугунги суд тизимидаги ролига тегишлича баҳо бериш мақсадга мувофиқдир.

Айни вақтда судлар фаолиятида, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, ишларни электрон шаклда юритиш амалиёти юзасидан амалий тадбирлар аллақачон бошланган.

Хусусан, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд муҳокамаси иштирокчиларини ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиш каби имкониятлар судлар фаолиятида бир қатор қулайликларни вужудга келтирди.

Бунга мисоллар келтирамиз. Олий суднинг my.sud.uz порталидаги:

• “Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларга, маъмурий ва иқтисодий судларга электрон шаклда мурожаат қилиш”;

• “Фуқароларнинг судларга мурожаат қилишида ҳужжатларнинг тайёр намуналаридан фойдаланиш имконияти”;

• “Тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлаш”;

• “Барча тўловларни, шу жумладан, давлат божини ҳисобга олиш ва тўлашнинг ягона электрон тизими”;

• “Ишларни суд мажлисида кўриб чиқишга тайинланган санаси ва вақти ҳақида онлайн тарзда хабардор бўлиш”;

• “Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш”;

• “Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда ҳал қилув қарорларига шарҳлар”;

• “Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларда, маъмурий ва иқтисодий судларда ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш”;

• “Видеоконференцалоқа тизими орқали масофадан туриб суд мажлисида иштирок этиш”;

• “Ишда иштирок этувчи тарафлар суд хабарномаларини ва чақирув қоғозларини онлайн тарзда олиш имконияти”;

• “Мурожаатларни TELEG­RAM BOT орқали йўллаш”;

• “Суд ҳужжатларига апостиль қўйиш ҳақида электрон мурожаат юбориш”;

• “Суд қарорларини онлайн олиш имконияти” каби интерактив хизматлар воситасида аҳолига кенг кўламли қулайликлар яратилди.

“Рақамли суд”нинг афзалликлари ҳақида сўз борганда, биринчидан, бу тизим ёрдамида суд ишларининг кўп қисмини автоматлаштириш ва электрон платформалар орқали юритиш имкони туғилганини таъкидлаш лозим.

Бу, ўз навбатида, суд жараёнларининг кечикишига сабаб бўладиган ресурс ва вақтни тежашга имкон бермоқда. Шу билан бирга, электрон ҳужжат айланиши вақтини тежашга ҳам ёрдам беради.

Иккинчидан, блокчейн технологиялари ёрдамида суд қарорлари ва ҳужжатларининг ўзгаришсиз ва хавфсиз сақланиши суд тизимининг шаффофлигини таъминлайди. Aҳоли ўзига тегишли ишлар ҳолатини кузатиши ва суд қарорларига бўлган ишончини ошириш имкониятига эга бўлади.

Учинчидан, ушбу тизим орқали фуқаролар суд жараёнларига масофадан туриб иштирок этишлари, ҳужжатларни онлайн тарзда топширишлари, суд қарорларини тезкорлик билан олишлари мумкин. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун жуда катта қулайлик яратади.

Хулоса қилиб айтганда, “Рақамли суд” концепцияси суд тизимини рақамлаштириш орқали унинг самарадорлигини ошириш, жараёнларни тезлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш имконини беради.

Технологиялар воситасида суд тизимини модернизация қилиш суд тизимида адолатни таъминлашга ёрдам беради ва фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини оширади.

Бу замонавий технологик тизим суд тизимининг келажакда янада самарали фаолият юритишини таъминлайди. Бинобарин, судлар фаолиятида “Рақамли суд” концепциясини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад — адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқчил, ихчам, замонавий тизимни шакллантириш орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, низоларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш ҳамда судьянинг иш юкламасини енгиллаштиришдан иборат.

Ҳумоюн Абдуразақов,

Олий суд катта консультанти

photo_2025-10-07_15-06-04

ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ЁКИ ҚОНУН ЗЎРАВОНЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Конституция ва қонунларимизда инсон эркинлиги, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида мустаҳкамланган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида белгилаб қўйилганидек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларидаги амалий фаолиятларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.

Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ушбу муҳим масала теран акс этган. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқларга барҳам бериш ҳамда ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш бўйича қатор қонунлар қабул қилинди.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Нега деганда, зўравонлик жамиятдаги энг ёмон иллат сифатида инсонлар ўртасидаги тенгликка, эркинликка путур етказади. Қарамлик, қуллик, бошқалар устидан ҳукм юритиш, уларни таҳқирлаш ва камситишга олиб келади. Шунинг учун хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, бундай иллатларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратишга масаласига давлатимиз ва жамиятимиз томонида жиддий эътибор қаратилмоқда.

Афсуски, ҳаётда баъзан Конституция ва қонунлар талабларини, маънавият ва ахлоқ тамойилларини писанд қилмайдиган кимсалар ҳам учраб турибди. Бунга мисол сифатида судланувчи В. Шодиевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) жиноят иши тафсилотларига мухтасар тўхталамиз.

Нарпай туманида истиқомат қиладиган фуқаро В. Шодиев Гулнисо Бобоқулова билан турмуш қурган. Уларнинг вояга етмаган икки нафар фарзанди бор.

В. Шодиев шу йилнинг 4 январь куни хотини билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолади.

Натижада у хонада бўлган ёғоч стул билан аёл танасининг турли соҳаларига уриб, жароҳат етказади. Суд-тиббий экспертиза хулосасида ушбу жароҳатлар “ўртача оғирликдаги шикастлар” гуруҳига кириши қайд этилди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда В. Шодиевнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчидан кечирим сўраганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, деб баҳолади. В. Шодиевнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар топилмади.

В. Шодиев суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 5-қисми “и” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мухтасар айтганда, инсонпарвар, демократик тамойиллар асосига қурилган қонунларимиз борки, гендер тенглик таъминланади, зўравонликка йўл бермайди. Чунки мамлакатимизда жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барча фуқаролар қонунларимиз томонидан бир хил – адолатли ҳимоя қилинади.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

photo_2025-10-07_14-58-02

ТАҚИҚЛАНГАН ТАРҒИБОТ

Бундай ноқонуний қилмишни интернет тизими орқали амалга оширган шахслар жиноий жавобгарликка тортилди.

Аввало шуни қайд этиш жоизки, амалдаги “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига кўра, ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. Аммо алоҳида бир шахснинг ҳуқуқ ва ваколатлари доирасида олинган ахборот ўзга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳияти, юрт тинчлиги, хавфсизлигига дахл қилмаслиги керак.

Ахборотни тарқатиш имкони унинг қонуний ёки хавфсиз эканини англатмайди. Ахборотга эгалик қилувчи шахс унинг тўғри ва ҳаққонийлигини аниқлаши ҳамда текшириш маданиятига қатъий риоя этиши, бу борада етарлича ҳуқуқий билимга эга бўлиши шарт. Бунда умум манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари устувор ўринда эканлигини албатта, назарда тутмоқ даркор.

Афсуски, қўшкўпирлик Лазиз Қодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) қонуннинг шу талабига беписанд муносабатда бўлди. Бунинг оқибати эса, яхшиликка етакламади. Навқирон ёшли (2002 йили туғилган) Л. Қодиров маъмурий ҳуқуқбузар сифатида жавобгарликка тортилди. Унинг узоқ давом этмаган ноқонуний қилмиши тергов судида кўриб чиқилди.

Л. Қодировни суд маҳкамасига етаклаган бу қилмиш ўтган йил ва жорий йилда бир неча марта такрорланди. Аниқроқ айтганда, судланувчи бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи орқали миллий, ирқий, этник адоватни тарғиб қилувчи бузғунчи даъватларни излаб топиш, тўплаш ва уни ўз танишларига тарқатиш билан шуғулланди. Бу каби хатти-ҳаракатлари билан у Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом (2022 йил 14 апрель) талаблари, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ушбу турдаги қонунбузарликларга тааллуқли 184-3-моддаси талабларини бузган.

Диний ишлар қўмитасининг 2025 йил 31 январдаги экспертиза хулосаси ҳам Л. Қодировнинг қилмишига тўлиқ ойдинлик киритди. Хусусан, экспертиза хулосасида Л. Қодиров томонидан тайёрланган диний даъват ва мулоҳазалар аҳоли ўртасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиши, уларни юртимизга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақиқ қўйилгани қайд этилган.

Л. Қодиров суд муҳокамаси жараёнида айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан қаттиқ афсусда эканини билдирди. Суд ушбу турдаги қилмиш айбланувчи тарафидан ўз хатти-ҳаракатлари оқибатини англамаган ҳолда биринчи марта содир этилгани, унинг ёш экани, муқаддам жавобгарликка тортилмаганини инобатга олди. Ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди, ашёвий далил сифатида эътироф қилинган “IPhone 13” русумли телефон ускунаси давлат эгалигига ўтказилди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, қўшкўпирлик Дилмурод Раҳмонов ҳам халқимиз табиатидаги олижаноб туйғуларга беписандлик билан қарагани боис тегишли жавобгарликка тортилди. Аниқроқ айтганда, юртимиздаги ялпи тинчлик, осойишталик, баҳамжиҳатлик муҳитини тажовузкорлик руҳидаги даъват ва чақириқлар билан издан чиқаришга уринди. Бу кимса ўзининг ғайриқонуний даъватларини шу йил январь ойи бошида Интернет жаҳон ахборот тизимининг “Instagram” ижтимоий тармоғидаги “sanjar_isanov” саҳифасига жойлаштирди. Натижада фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги тўғрисидаги Конституциямизнинг 60-моддасида белгиланган қоида талабини қўпол тарзда бузди. Фақат унинг сўқир кўзлари қонун сўровига рўпара келиб, маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг очилди. Ўзининг қилмиши одамлар орасида қўрқув ва саросима солишга қаратилганини англаб етди. Судга тақдим қилинган айбномада қайд этилганидек, у ўз ножўя ҳаракатларини ғайриқонуний нодавлат нотижорат ташкилотлари, оқимлар, секталар фаолиятига қўшилмаган ҳолда якка тартибдаги қўпол қилмишлари асносида амалга оширган.

Амалдаги қонун талабига кўра, бундай қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-1-моддаси бўйича малакаланди. Суд маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган Д. Раҳмоновга базавий ҳисоблашнинг 10 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинлади.

Ўз элини севмоқ, қадриятларини қадрламоқ, тинчлик, тотувлик аталмиш неъматларни эъзозламоқ — Ватанимиз фуқароларининг муқаддас бурчи.

Унга хиёнат қилиш эл юзига оёқ қўйиш билан баравар. Ўзи ва ўзлигини билган, англаган, қадрлаган инсон бу каби қабиҳ қилмишларга ҳеч қачон қўл урмайди. Юқорида номлари зикр этилган кимсалар бу борадаги бурч ва мажбуриятларини кеч бўлса-да, англаб етишди. Муҳими ҳам – шу.

Бахтиёр Рўзметов,

жиноят ишлари бўйича

Қўшкўпир тумани суди тергов судьяси

photo_2025-04-22_10-56-06

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ: ЖАРИМА БАЛЛАРИ БЕЛГИЛАНИШИНИНГ МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ

Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаётига жиддий хавф солади. Ушбу ҳодисалар нафақат одамларнинг саломатлиги ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, балки мамлакатлар иқтисодиётига ҳам катта зарар етказади.

Шу боис мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва ҳар бир фуқаронинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишини назоратга олиш бугунги кунда долзарб масалага айланган.

Статистик маълумотларга кўра, биргина 2024 йилда мамлакатимиз ҳудудида 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган.

Бунинг оқибатида 2 минг 203 киши ҳалок бўлган, 8 минг 901 киши турли даражада жароҳат олган. Мазкур кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга кам, бироқ йўлларда хавфсизликни янада кучайтириш зарур.

Шу боисдан, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, хусусан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини ошириш, мавжуд йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштирган ҳолда, ҳаракат хавфсизлиги назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини янада ошириш мақсадида, жорий йилнинг 20 февраль куни «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга бир қатор муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчалар, айниқса, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима баллари тизими такомиллаштирилиши туфайли транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан боғлиқ жазо тадбирлари мустаҳкамланди.

Яъни ушбу кодексда “йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун” маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жумладан, янги киритилган 34-1-модданинг биринчи қисмига кўра, ушбу кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси иккинчи қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган “асосий жазо билан бирга жарима баллари” ҳисобланади.

Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима баллининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак. Жарима баллари юқорида белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади ва бир йил ўтгач, улар транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда олиб ташланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Шунингдек, бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланган бўлиб, маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.

Мисол учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган. Янги киритилган тартибга кўра, агар ҳайдовчи ушбу ҳуқуқбузарликни содир этса, у нафақат белгиланган жаримани (БҲМ 2 баробари) тўлайди, шу билан бирга унга нисбатан қўшимча жарима балларини ҳам ҳисоблаш бошланади.

Бунда агар йиғилган жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида 12 баллдан ошмаса, тўпланган баллар автоматлаштирилган тарзда ўчирилади ва юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлардан бири янгидан содир этилган кундан жарима балларини қайта ҳисоблаш бошланади.

Аксинча, бир йил ичида қонун билан белгиланган 12 баллдан ошадиган бўлса, ҳайдовчи қўшимча жазо сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бироқ бунда жарима баллари ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун 2 баллдан ошмаслиги талаб қилинади ва балларни ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликни амалга оширишда янги ва муҳим механизмлардан бири ҳисобланади. Янги тизимнинг асосий мақсади — йўл ҳаракати қоидабузарликларининг олдини олиш, ҳайдовчилик маданиятини шакллантириш ва жавобгарликни оширишдир.

Шунингдек, мазкур тизим қуйидаги жиҳатлари билан аҳамиятлидир:

биринчидан, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва мониторинг қилиш: жарима баллари тизими ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва тизимли тарзда ҳисобга олишга хизмат қилади. Ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун белгиланган жарима баллари тизими, қоидаларни бузган ҳайдовчиларнинг фаолиятини автоматик равишда мониторинг қилиш имконини беради ва жарима балларини ҳисоблаш орқали ҳайдовчиларнинг ўтмишдаги ҳуқуқбузарликларини кузатиш ва уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилади;

иккинчидан, ҳайдовчиларнинг интизомини ошириш: жарима баллари тизими ҳайдовчиларнинг қоидаларга риоя қилишга бўлган интизомини оширишга қаратилган. Ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун балл йиғилиши ҳайдовчиларга уларнинг иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида эслатиб туради. Жарима балларини йиғиш ҳайдовчиларни қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракатланишга ундайди, чунки баллар кўпая борган сари, уларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини йўқотиш хавфи ҳам ортиб боради;

учинчидан, мазкур тизим ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузишини мониторинг қилишга қаратилгани боис, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний тарзда олишга ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

Ҳайдовчининг жавобгарлигини ошириш ва қоидаларга риоя қилишга ундаш орқали тизим ҳар қандай ҳуқуқбузарликка, шу жумладан, ҳайдовчини ноқонуний йўл билан ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга қарши курашишга қаратилган профилактик таъсирни тақдим этади.

Хулоса қилиб айтганда, жарима баллари тизими маъмурий жавобгарликнинг самарадорлигини ошириш, қоидабузарликларни камайтириш ва жамиятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.

Қаҳрамон МИРСАФОЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

photo_2025-03-25_15-19-09

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИККА БЕПАРВОЛИК ЖИНОЯТГА ЙЎЛ ОЧАДИ

Қонунчиликдаги “жиноят” ва “ҳуқуқбузарлик” деган тушунчаларни ҳар ким турлича қабул қилади. Аниқроғи, кўпгина маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима жазоси тайинланиши боис баъзилар бепарво муносабатда бўлиши ҳам учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқбузарликлар сони ортишига сабаб бўлади.

Бинобарин, амалдаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, тегишли модда санкциясида белгиланган жазо чоралари енгилроқ деб топилганлари бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда. Масалан, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни оладиган бўлсак, бу борадаги аксарият ҳуқуқбузарликлар ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига онгли равишда итоат этмаслиги туфайли юз бераётганини кузатиш мумкин.

Шу маънода айтганда, жорий йил 20 февралда қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун моҳият-мазмунига кўра, ҳайдовчиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш” дея номланган 131-моддасидаги жавобгарлик кучайтирилди. Яъни ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши — транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, ҳайдовчи базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима жазосига тортилади ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олинади.

Шу ўринда ҳаётий мисолга эътибор қаратсак, Жалақудуқ тумани Олмазор маҳалласида яшовчи Шуҳрат Муҳсинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2025 йил 22 февраль куни кечки овқатланишда спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилади. Аммо у мастлигига қарамай, “Матиз” русумли автомашинасида йўлга чиқади. Соат 19:12 ларда қўшни Қўрғонтепа туманининг Ойим маҳалласи ҳудудида автомашинасини бошқариб бораётганда, туман ИИБ профилактика инспектори томонидан тўхтатилади. Ш. Муҳсиновнинг ҳужжатларини текширар экан, ундан таралаётган спиртилик ичимлик ҳидини инспектор сезади. Шунинг учун ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Оқибатда унинг мастлиги тиббий баённома билан ҳам тасдиқланади. Автомашина эса, жарима майдонига жойлаштирилади. Қолаверса, Ш. Муҳсиновга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Мазкур ишни кўриб чиққан суд ҳуқуқбузарни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, уни 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этди. Шу билан бирга, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида, яъни ўн беш миллион сўм жарима жазоси ҳам тайинлади.

Бундан ташқари юқоридаги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилиши” деб номланган 34-1-модда билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, кодекснинг 125-моддаси учинчи ва бешинчи қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси биринчи қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси иккинчи қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида, 137-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам ҳисобланади. Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари ушбу кодекснинг 34-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач, транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу кодекснинг 24 ва 28-моддаларига мувофиқ, қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади. Транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Зеро, йўл фақат қонуний ҳаракатланишни талаб қилади. Буни ҳеч бир ҳайдовчи унутмаслиги зарур.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳуқуқбузарлик каттами-кичикми, айбдор шахс унинг моҳиятини теран англаб етиши шарт. Аксинча, бепарволик сабаб бўлиб маъмурий ҳуқуқбузарликлар бора-бора жиноятга йўл очиши ҳеч гап эмас. Жиноят эса — аянчли оқибат демакдир.

Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жалақудуқ туман судининг

тергов судьяси

photo_2025-02-28_18-16-09

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ФАҚАТ ҚОНУНИЙ ЮРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бунга бир жиҳатдан транспорт воситалари сонининг ортиши, қолаверса, йўлларнинг носозлиги билан изоҳланса, иккинчидан кўпгина ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига онгли равишда итоат этмаслиги, қасддан бузиши, қоидаларни очиқдан-очиқ менсимаслигига боғлиқ бўляпти.

Бинобарин, айни йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг масъулиятини, жавобгарлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу маънода айтганда, жорий йилнинг 20 февраль куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

2025 йил 1 январдан буён маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар тергов судьялари томонидан кўрила бошлангани боис мен юқоридаги қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида тушунтириш бермоқчиман.

Дастлабки ўзгартириш кодекснинг “Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги” деб номланган 17-1-моддасига киритилди. Яъни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахс тортилади. Ваҳоланки, айни пайтгача транспорт воситасининг мулкдори жавобгар бўларди.

Юридик шахсга қонунчиликка мувофиқ тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахс тортилади.

Шунингдек, кодекс “Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилиши” деб аталган 34-1-модда билан тўлдирилди.

Унга мувофиқ, кодекснинг 125-моддаси 3 ва 5 қисмларида, 126-моддасида, 127-моддаси 1 қисмида, 128-3-моддасида, 128-4-моддаси 2 қисмида, 128-5, 128-6, 128-8, 128-9, 129, 130-моддаларида ва 137-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур моддаларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади.

Бунда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори икки баллдан ошмаслиги керак.

Жарима баллари ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.

Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодекснинг 24 ва 28-моддаларига мувофиқ қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.Транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Энг муҳими, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс айнан ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини оширадиган 128-8, 128-9 ва 128-10 моддалар билан тўлдирилди. Эътибор беринг, 128-8-модда “Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш” дея номланди. Негаки айрим йўловчи ташувчи ҳайдовчилар йўлда кетаётганда фуқароларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, номаъқул ҳаракатлар қилади. Шу боис одам ташиш қоидаларини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Автобус ва микроавтобусларда ички ишлар органларининг ҳамроҳлигисиз одам ташиш, агар уларнинг ҳамроҳлигида одам ташиш шарт бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

128-9-моддага биноан эса транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузган ҳайдовчи базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима жазосига тортилади.

Бундан ташқари, 128-10-модда билан йўл безорилиги учун маъмурий жазо белгиланди. Йўл безорилиги, яъни транспорт воситалари ҳайдовчиларининг бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, ҳаракатланиш бурчагини ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпантириши (дрифт), ўз йўналишида ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз кескин равишда уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартириши (бундан махсус ажратилган жойларда содир этиш мустасно) ёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи ёхуд транспорт воситасида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизликда ифодаланган бошқа хатти-ҳаракатларни намойишкорона содир этиши транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан икки йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Агар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчининг йўл безорилигини содир этса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жаримага тортилади ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олинади.

Хулоса ўрнида айтганда, йўл фақат қонуний ҳаракатланишни талаб қилади.

Буни ҳеч бир ҳайдовчи унутишга ҳақли эмас.

Нодиржон Кимсанов,

жиноят ишлари бўйича

Косонсой туман судининг

 тергов судьяси

#thegov_button_69cc1a51ac56e { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc1a51ac56e:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cc1a51ac56e { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cc1a51ac56e:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!