Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-03-28_11-14-48

МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ: ҚОНУНЧИЛИК НАЗАРИЯСИ ВА СУД АМАЛИЁТИ

Айнан шу долзарб мавзу бугун Олий судда бўлиб ўтган конференцияда кенг муҳокама этилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов конференцияни кириш сўзи билан очар экан, бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминлаш йўлида қатъий қадамлар қўйилаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни халқаро принциплар ва андозалар асосида такомиллаштириш бўйича салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, 2022 йил 28 октябрда янги Меҳнат кодекси қабул қилинди. Кодексда ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар белгиланди.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституцияда ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига оид муҳим қоидалар ўз аксини топди.

Жумладан, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун камситишларга йўл қўймаслик, ҳар бир ходимга меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, энг асосийси, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги янгиланган Конституцияда қатъий муҳрланди.

Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар туфайли мамлакатда фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Ўз навбатида, 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш бериб ўтилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф. Эшматова, Бош прокурор ўринбосари С. Артикова, Адвокатлар палатаси раиси Ш Садиков, фуқаролик ишлари бўйича судьялар, ҳуқуқшунос олимлар ва адвокатлар, қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этган бугунги анжуманда маълум қилинганидек, ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан меҳнат низоларига оид 13 065  та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, шундан даъво аризаларининг 7 913 таси ёки 60,6 фоизи қаноатлантирилган. 91,8 млрд. сўмлик иш ҳақини ундириш юзасидан 6 965 та суд буйруғи чиқарилган.

Судларда кўрилаётган меҳнат низоларининг аксариятини ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик, меҳнат таътили билан боғлиқ низолар, пулли компенсация ундириш ва бошқа низолар ташкил этади.

Меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштиришда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан прокуратура органлари томонидан моддий зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида судларга 2024 йилда 94 та даъво ариза киритилган бўлиб, уларнинг 88 таси қаноатлантирилган.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ўтган йилда кўрилиб, тамомланган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклашга оид ишлар умумлаштирилди. Умумлаштириш натижаси бўйича Фуқаролик процессуал қонунчилигига меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни умумий тарзда бир ой муддатда кўриб чиқилиши юзасидан таклиф берилди.

Бугунги тадбирда йиғилган тажрибали мутахассис ва экспертлар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судда кўриш амалиёти, мехнат қонунчилигига риоя қилинишида прокурорнинг роли, меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ва тартиби, давлат ташкилотларини қайта ташкил этиш ва уларнинг бўйсунувини ўзгартиришда меҳнат қонунчилигини тўғри қўллаш билан боғлиқ масалаларни атрофлича муҳокама қилди.

Шунингдек, анжуманда Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнат-ҳуқуқий муносабатларда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат текширувларини ўтказиш ва ходимларга интизомий жазоларни қўллаш тартиби ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш асослари, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларига оид масалалар ҳам кўтарилиб, ўзаро тажриба алмашилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан меҳнат қонунларини қўллашда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ва бу борадаги янгича назарий қарашлар, меҳнат соҳасида қонунчиликни таъминлаш, амалиётда юзага келадиган масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Конференция якуни бўйича хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

photo_2026-03-11_11-49-10

ЭКСПЕРТНИ ЧАЛҒИТГАН ДАЛИЛ НОҲАҚ ЖАЗО ТАЙИНЛАНИШИГА САБАБ БЎЛДИ

Инсон тақдири – ўйинчоқ эмас. Айбсиз одамга айб тўнкаб, ноҳақ жазога тортиш муқаддас динимизда оғир гуноҳ сифатида қораланади. Конституциямизда эса, инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Чунончи, Конституция ва қонунларимиз ҳар бир шахсни ҳимоя қилади, ҳеч кимнинг асоссиз ва адолатсиз жазога тортилишига йўл қўймайди.

Қуйидаги жиноят иши тафсилотлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Чунки маъмурий ҳуқуқбузарлик иши номақбул далил туфайли жиноят ишига айланиб кетган ва судланувчига ноҳақ жазо тайинланишига сабаб бўлган.

Ҳаммаси бир-бирини танийдиган, тўй-маъракаларда бирга қатнашадиган одамларнинг арзимас сабаблар билан ораларига совуқчилик тушганига бориб тақалади.

Элёрнинг оиласи билан Ф. Ҳақбердиевлар (жабрланувчи ва гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди) ўртасида аввалдан келишмовчилик бор эди. Фахриддин 2024 йил 10 июнь куни ўзи ижарага олган боққа ишлагани борса, Элёр қорамолларини боғлаб қўйибди. Ўртада жанжал чиқади. Э. Усмонов уни аввал ҳақоратлайди, кейин қасддан уриб, енгил тан жароҳати етказади.

Шу куни уларнинг ҳар иккаласи Когон шаҳар шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилган. Ф. Ҳақбердиевнинг бурнида синиш аниқланмаган. 

Ички ишлар бўлими профилактика инспектори Элёрни маҳалла биносига чақириб, ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгар бўлишини айтган. Бор-йўқ гап шундан иборат.

Бироқ орадан эллик кун ўтиб, 30 июлда ички ишлар бўлими терговчиси Элёрга қўнғироқ қилади-да, устидан жиноят иши қўзғатилганини айтади.

Қисқаси, тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши судга ўтказилади.

Биринчи босқич суди Э. Усмоновни Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлайди.

Судланувчи Э. Усмонов суд ҳукмига нисбатан ҳимоячи иштирокида вилоят судига апелляция тартибида шикоят билан мурожаат қилади. Апелляция шикоятида жиноий жазога тортилишига асос бўлган жанжал чоғида жабрланувчининг бурни синмагани, иккала тиббий экспертиза хулосаси ҳам бир эксперт томонидан берилгани, жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, жиноят ишини тугатиш ва оқлов ҳукми чиқариш сўралади.

Жиноят кодексининг 9-моддасида шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмиши учунгина жавобгар бўлиши белгиланган. Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига кўра, суд жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни аниқлаши ва ҳисобга олиши лозим.

Судлар адолатли, қонуний ва асосли ҳукм чиқаришларида қонунчилигимизда белгилаб қўйилган юқоридаги мезонларга қатъий амал қилишлари зарур. Бу борада Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги қарорида ҳам раҳбарий тушунтириш берилган.

Бироқ иш ҳолатларидан аниқ бўлдики, биринчи босқич судида қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя этилмасдан, Э. Усмоновга нисбатан асоссиз ҳукм чиқарилган. Бунга ҳар иккала экспертиза хулосалари бир эксперт томонидан берилганига эътибор қаратилмаганини кўрсатиш мумкин.

Шунингдек, биринчи босқич суди судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги важларини қайта ва комиссион суд-тиббий экспертиза хулосаларини олиш орқали ўрганиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаган. Жабрланувчида тан жароҳатларининг мавжудлиги, уларнинг оғирлик даражасига аниқлик киритмасдан Э. Усмоновни жавобгарликка тортган.

Гувоҳ С. Рўзибоев иш бўйича тиббий экспертизадан ўтказганда жабрланувчининг бурни сингани ҳақида хулоса берган. Э. Усмонов жабрланувчининг бурни синганига эътироз билдиргач, Когон шаҳар ички ишлар бўлими тергов гуруҳи терговчиси Ш. Мамадиёровнинг қарори асосида қўшимча тиббиёт экспертизаси ўтказилган. Бухоро вилоят шифохонасида рентген қилиниб, Ф. Ҳақбердиевнинг бурун соҳаси синганлиги аниқланган ва бу ҳолат эксперт хулосасида ёзилган.

Аммо бемор Ф. Ҳақбердиевни кўрикдан ўтказган ва даволаган шифокорларнинг судда берган гувоҳликлари экспертиза хулосаларига мос эмас, аксинча, уларни инкор қилади. Хусусан, туман поликлиникаси шифокори М. Ҳайитмуродова жанжал бўлган куннинг эртасига, яъни 11 июнь куни тиббий кўрикдан ўтказганида бемор Ф. Ҳақбердиев унга бурни синганини айтган.

Агар бурун синганида унинг устида шиш бўлиши керак эди. Лекин бурун синиши аниқланмаган, кўз атрофи кўкарган бўлган. Қарийб 30 йиллик иш тажрибасига эга М. Ҳайитмуродова беморга бурни синмаганлигини айтиб, уни травматолог кўригига юборган. Травматолог шифокор А. Раҳимов рентген расмида Ф. Ҳақбердиевнинг бурнида синиш аломатини кўрмаган.

Жарроҳ шифокор С. Эрйигитовнинг гувоҳлигини келтирадиган бўлсак, у Ф. Ҳақбердиевни тиббий кўрикдан ўтказиб, касаллик варақаси очган, ўнг кўз лат ейиши енгил тан жароҳати ташхисини қўйган. Беморда бурун синиши бўлмаган, чунки бурун соҳасидан қон келмаган.

Шундан сўнг апелляция судлов ҳайъати судланувчининг айбсизлиги ҳақидаги важларини текшириш, ҳақиқатни аниқлаштириш учун қайта суд-тиббий экспертизаси тайинлади. Бу иш Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали экспертлари томонидан амалга оширилди. Улар томонидан берилган қайта экспертиза хулосасидан Ф. Ҳақбердиевда ”бурун суяклари эски синиб битиши” ҳолати мавжудлиги маълум бўлди.

Орадан узоқ муддат ўтганлиги сабабли бурун синиши айнан қачон юзага келганлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Рентгенологлар томонидан бурун суяги синиши эски эканлиги кўрсатилмаганлиги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали Когон пункти давлат суд-тиббий эксперти С. Рўзибоевни чалғитганлиги мазкур қайта экспертиза хулосасида қайд этилган.

Судлов ҳайъати экспертиза хулосалари ўртасидаги тафовут ва жиноят ишидаги қарама-қаршиликларни бартараф қилишда холисликни таъминлаш, қонуний ва асосли якуний хулосага келиш мақсадида қайта комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинлади. Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг қайта комиссион суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳақиқатни тўлиқ ойдинлаштирди.

Хулосада билдирилишича, бирламчи экспертиза тиббий текширувида бурун суяги синишининг клиник белгилари, яъни пайпаслаганда оғриқ, бурун шакли ўзгарганлиги, бурундан нафас олиш, нафас йўлларида қон излари борлиги ҳақидаги маълумотлар қайд этилмаган. Рентген суратида аниқланган бурун суягининг синиш четлари силлиқлашган, учлари тўмтоқлашган бу эски синиш белгилари ҳисобланади. Бемор жароҳат олгач, тўрт кунда бундай ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас.

Судлов ҳайъати биринчи босқич суди судланувчига нисбатан айблов ҳукми чиқаришда Э. Усмонов боши билан бурнига уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳақидаги жабрланувчининг нотўғри кўрсатмасини ҳамда РШТЁИАМ Бухоро филиали Когон пунктининг Ф. Ҳақбердиевга оид 2024 йил 25 июндаги ва 2024 йил 15 июлдаги асоссиз қўшимча экспертиза хулосаларини мақбул далил сифатида баҳолаб, хатоликка йўл қўйган, деб ҳисоблади ва номақбул далилдан иборат ушбу экспертиза хулосаларини инобатга олмасликни лозим топди.

Апелляция судлов ҳайъатининг ҳукми билан биринчи босқич судининг Элёр Усмоновга оид ҳукми бекор қилинди. У айбсиз деб топилди ва оқланди.

И. Усмоновнинг жабрланувчига енгил тан жароҳати етказганлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор. Шу сабабли суд унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан жиноят ишининг ушбу қисмини алоҳида иш юритувига ажратиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш ва мазмунан кўриб чиқиш учун Когон шаҳар Ички ишлар бўлимига юборди.

Мухтасар айтганда, томонлар ўртасида аввалдан давом этиб келган ўзаро келишмовчилик, адоват ва хусумат ана шундай дилхираликларга сабаб бўлди, номақбул далил экспертни чалғитгани туфайли маъмурий иш жиноят ишига айланди. Бироқ апелляция судлов ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида биринчи босқич судида йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилди, иш қонун талаблари асосида синчковлик билан, ҳар томонлама, чуқур ўрганилгани одил судловни таъминлади, адолат ва ҳақиқатни юзага чиқарди.

Бу каби ҳаётий мисоллар – инсон ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият саналган мамлакатимизда ҳеч бир шахс ноҳақ жиноий жазога тортилмаслигининг ёрқин далили, деган хулосага келишга асос бўлади.

Суҳроб ҲАМРОҚУЛОВ,

Бухоро вилояти судининг 

жиноят ишлари бўйича судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

photo_2026-03-24_16-59-21

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАСЛИК ОҚИБАТИ

Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр  экан, аввало, бахтли турмуш кечиришни ният қилади. Аммо бунинг учун фақат ният ва истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт ҳамиша ҳам рисоладагидек бир текис кечмайди. Бу эса, эр ва хотиндан сабр-тоқатли, аҳилиноқ бўлишни, оиланинг масъулиятини чуқур ҳис этишини талаб этади. Йўқса, арзимаган гап-сўзлар, ўткинчи келишмовчиликлар боис оилавий муносабатлар боши берк кўчага кириб қолиши мумкин.

Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчи Равшан Муҳсинов (исм-шарифлар ўзгартирилган) яхши орзу-ният билан Шарофатга уйланади. Орадан йиллар ўтиб, улар ўғил ва қизли бўлишди. Аммо фарзандларнинг дунёга келиши оила риштасини мустаҳкамлай олмади. Оиладаги майда-чуйда гап-сўзлар охир-оқибат оилани ажралиш остонасига олиб келиб қўйди.

Оила бузилгач, Шарофат анча муддат фарзандларини ёлғиз ўзи тарбия қилди.

Суднинг буйруғига асосан Р. Муҳсиновга вояга етмаган фарзандлари моддий таъминоти учун ҳар ойда ойлик ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ у алимент тўлашдан қасддан бўйин товлади.

Ўз навбатида, фарзандлари таъминотидан қасддан бўйин товлаш тегишли жавобгарликни келтириб чиқарди. Алимент пулларини қасддан тўламай келган Р. Муҳсинов суднинг ҳукмига кўра, айбдор, деб топилди.

Аниқроғи, суд фарзандлари таъминотига панжа орасидан қараган отага бир йил  бир ой  муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ота-онанинг фарзанд олдидаги мажбуриятидан бири вояга етмаган болаларига таъминот беришидир. Бу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаган ота қонуний жавобгарликка тортилади. Ҳаётда ўз фарзандлари тақдирига бефарқ қарайдиган оталар учраб туриши  афсусланарли ҳолат, албатта.

Оила жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланиб, унинг мустаҳкамлиги юртнинг келажагини белгиловчи омилдир. Шундай экан, муқаддас даргоҳ — оила бутунлигини сақлаш ва фарзандлар таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмайлик.

Баҳодир ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой тумани суди судьяси

photo_2026-02-24_13-02-20

ЖАМОАВИЙ АРИЗА БЕРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ ?

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хорижий давлатлар тажрибасидан муваффақиятли ўтган институт ва тамойилларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун кўплаб хорижий давлатлар маъмурий судларида жамоавий ариза бериш институти кенг қўлланилади. Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам маъмурий судларда ушбу тартибда ариза беришни жорий этиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Хўш, судларга қандай тартибда жамоавий ариза билан мурожаат қилинади? Бунинг қандай қулай ва афзал жиҳатлари бор?

Айтиш керакки, хорижий давлатлар суд амалиётида жамоавий аризаларнинг бир нечта тури мавжуд. Жумладан, маъмурий судларда, асосан, қурилиш-архитектура билан боғлиқ, атроф-муҳитга зарар етказилишига тегишли ва маълум бир ҳудудда яшовчи фуқароларнинг жамоат манфаатларини ҳимоя қилишга тааллуқли низолар кўриб чиқилади.

Бундай низо турлари орасида идоравий-норматив ҳужжатлар билан боғлиқ жамоавий низолар алоҳида ўрин тутади. Чунки мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш кенг доирадаги ҳуқуқий нормалар ўзгаришига олиб келиши мумкин.

Аксарият хорижий давлатларда жамоавий тарзда ёзилган аризани судга тақдим этиш билан иш шакллантирилади. Масалан, АҚШ федерал қонунчилигига кўра, жамоавий аризалар суднинг ташаббуси билан судга тақдим этилган бир нечта аризани бирлаштириш орқали ҳам шакллантирилиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: судга жамоавий ариза тақдим этишда аризачилар сонини белгилаш керакми? Негаки, аризачилар сони аниқ белгиланмаса, 3-4 нафар шахс томонидан берилган ариза ҳам жамоавий ариза, деб топилиши мумкин. Бу, ўз навбатида, аризалар билан жамоавий аризаларнинг фарқини ажратишни қийинлаштиради.

Шу маънода АҚШ қонунчилигида жамоавий аризачилар сони 100 нафар ва ундан кўп бўлиши талаб этилади. Россия қонунчилигида эса, 20 нафардан кўп фуқаронинг аризага қўшилиши назарда тутилган.

Шунингдек, АҚШ тажрибасига кўра, аризачилар сони 100 нафар ва ундан кўп бўлган ҳолларда ҳар бир фуқаро гуруҳларга бириктирилади ва фақат бу гуруҳларнинг вакиллари судда иштирок этади. Фуқаролар ўзлари хоҳлаган вақтда ушбу гуруҳдан чиқиши ёки бошқа гуруҳга қўшилиши мумкин. Суднинг қарори ҳам умумий жамоа манфаатларини инобатга олган ҳолда қабул қилинади.

Албатта, миллий суд амалиётимизга ушбу тартибнинг жорий этилиши фуқароларга янги қулайлик ва имкониятлар яратиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу мавзуга доир мавжуд суд амалиётлари таҳлил қилинганда, жамоавий ариза беришнинг шундай ўзига хос жиҳатлари кўзга ташланади: жамоавий ариза беришда барча аъзоларнинг бир хил ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказилган бўлиши керак.

Мабодо аъзолардан бирининг бошқа ҳуқуқлари ёки манфаатига зарар етказиладиган бўлса, у ҳолда, бундай ариза жамоавий ариза деб эътироф этилмайди. Суд иши юритилаётган вақтда юқоридаги ҳолат аниқланса, тегишли шахсни жамоавий аризадан чиқариш ваколати судьяга берилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки жамоавий ариза билан боғлиқ суд ҳужжати барча учун бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятни келтириб чиқаради. Бироқ ушбу суд ҳужжати кенгроқ доирада ўз таъсирини кўрсатади, айрим ҳолларда жамият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, Маъмурий суд ишларини юритиш кодексига “127-1-модда. Жамоавий ариза бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби” деган янги ҳуқуқий нормани киритишни таклиф этамиз. Ушбу моддада қуйидаги нормалар ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўларди:

Жамоавий аризалар йигирма ва ундан кўп аризачиларнинг умумий аризасига асосан ёки айни бир асос ва айни бир предметдан иборат бир нечта аризачиларнинг аризасини бирлаштириш орқали шакллантирилади. Бунда аризачилар шахсан иштирок эта олмаган ҳолларда, ушбу аризада ўз вакилларини кўрсатишлари лозим. Ўз навбатида, ушбу вакилнинг ҳам бошқа аризачилардек ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган бўлиши шарт ҳисобланади.

Жамоавий ариза судда кўрилаётганда, бошқа шахс томонидан алоҳида худди шундай талаб, асос ва предмет билан ариза берилса, суд томонидан ушбу шахсга жамоавий аризага қўшилиши мумкинлиги тушунтирилади, тегишли шахс рози бўлмаса, унда унинг аризаси кўрилмайди ва жамоавий аризага чиқарилган қарор қонуний кучга киргунича тўхтатиб турилади. Судда жамоавий ариза юзасидан иш мавжуд бўлса ёки суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, шу жамоанинг иштирокчиси томонидан қайтадан худди шундай асос ва предмет бўйича судга индивидуал тарзда ариза бериш мумкин эмас.

Мухтасар айтганда, жамоавий ариза бериш хорижий суд амалиётида кенг қўлланилмоқда. Унинг афзалликлари шундаки, барча иштирокчилар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эга бўлибгина қолмасдан, балки далилларни тақдим этиш, иш ҳолатларга аниқлик киритишда биргаликда ҳаракат қилишлари суд харажатларини камайтиришга олиб келади. Натижада қимматли вақт ва маблағ тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади.

Ситора Садриддинзода,

Самарқанд вилояти маъмурий суди

судьяси катта ёрдамчиси

 

photo_2026-02-11_11-02-51

ДАЪВО МУДДАТИ: ТАЛАБ, ЗАРУРИЯТ, ЭҲТИЁЖ

Бугунги шиддат билан ривожланаётган даврда вақтнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Чунки вақтдан унумли фойдаланиш инсонга фойда келтирса, вақтни беҳуда ўтказиб юбориш уларнинг зарарига ишлайди. Чунончи, вақтнинг ўтказиб юборилиши қонунчилигимизда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича мурожаатларини қаноатлантиришни рад қилишга асос бўлади.

Фуқаролик кодексининг 5-кичик бўлими даъво муддати, муддатларни ҳисоблаш масаласига бағишланган. Унга кўра, даъво муддати бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Амалдаги қонун талабига кўра, умумий даъво муддати уч йил этиб белгиланган. Айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.

Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби, даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар, судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланилади.

Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлайди. Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек, суд томонидан тайинланадиган муддат тақвим сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади.

Даъво муддати ўтганидан сўнг мажбуриятни бажарган шахс ижро этиш пайтида даъво муддатининг ўтиб кетганлигини билган ёки билиши лозим бўлганлигидан қатъи назар, бажарган нарсасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли эмас.

Асосий талаблар бўйича даъво муддати ўтиши билан қўшимча талаблар (неустойка, гаров, кафолат ва шу кабилар) бўйича даъво муддати ҳам ўтган ҳисобланади.

Қонун талабига кўра, даъво муддати қуйидагиларга жорий қилинмайди:

• шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

• омонатчиларнинг ўз омонатларини бериш тўғрисида банкка қўядиган талабларига;

• фуқаронинг ҳаётига ёки соғлиғига етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга.

Даъво муддати ўтганидан сўнг қўзғатилган талаблар даъво қўзғатилишидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади;

• жиноят туфайли етказилган зарарни тўлаш ҳақидаги талабларга;

• мулкдорнинг ёки бошқа эгалик қилувчининг ўз ҳуқуқини ҳар қандай бузишларни, шу жумладан, эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган бузишларни бартараф этиш ҳақидаги талабларига;

• мамлакат мустақиллиги эълон қилинишидан олдин унинг чегараларидан ташқарига олиб чиқиб кетилган тарихий, маданий ва илмий-бадиий қийматга эга бўлган мол-мулкни ҳамда бошқа қимматбаҳо объектларни қайтариб бериш ҳақидаги талабларга;

• қонунда белгиланган ҳолларда бошқа талабларга.

Шу ўринда хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратсак, Англияда фуқаролик даъволари билан боғлиқ масалалар 1980 йилда қабул қилинган “Чеклаш тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ва унда ҳар бир иш бўйича алоҳида муддатлар белгиланган.

Жумладан, агар қарз берувчи ҳеч қандай тўлов олмасдан олти йил ўтишига йўл қўйган бўлса, қарзни ундириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинади. Шунингдек, болаларнинг олган жароҳатлари учун етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддатини ҳисоблаш улар 18 ёшга тўлганларидан сўнг бошланади.

Туҳмат қилганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш бўйича даъво муддати 1 йил ҳисобланади.

Бундан кўринадики, Англияда даъво муддати алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Ўзбекистон қонунчилигида эса, бундай ҳужжат мавжуд эмас, лекин бунга катта эҳтиёж бор.

Гарчанд Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида даъво муддатининг умумий тушунчаси ёритилган бўлса-да, Меҳнат кодексида даъво муддати алоҳида, Оила кодексида алоҳида белгиланган.

Бу борада барча қонун ҳужжатларини бир-бирига мувофиқлаштириб, ягона қонун ҳужжати, яъни “Даъво муддати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари қонунчилигимизда даъво муддати турлича бўлиб, баъзида улар бир-бирини истисно қилиб келади. Масалан, Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи тушунчаси шундай таърифланган: “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир”.

Оила кодексининг 27-моддасида эса, никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.

Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 28-бандига кўра, Оила кодексининг 27-моддаси тўқ­қизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозимлиги (Фуқаролик кодексининг 154-моддаси биринчи қисми) кўрсатилган.

Айни вақтда Оила кодексининг 23-моддасига асосан, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра, мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам, эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Фуқаролик кодекси билан мулк ҳуқуқи муддатсизлиги белгиланган бўлса-да, Оила кодексининг мазкур нормаси мулкдорнинг мулк ҳуқуқлари чекланишига олиб келмоқда.

Шундай қилиб, фикримизча, қонунчилигимиздаги бир-бирига зид бўлган нормаларни мувофиқлаштириш учун Оила кодексининг 27-моддаси 9-қисмини никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан даъво муддати қўлланилмайди, деб баён қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Нодирбек ФАЙЗИЕВ,

Бухоро вилояти суди раисининг ўринбосари

 – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

 

photo_2026-02-05_18-40-45

КЎНГИЛ ТУБИДАГИ ҒАРАЗ ВАҚТ ЎТИШИ БИЛАН ЯНА ГАЗАК ОЛДИ ВА БИР ОДАМНИНГ БЕВАҚТ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛДИ

… Хонқалик Пирназар ва Дониёр ўз касб-кори боис таниш эди. Дониёр хонанда, Пирназар эса, унинг овозини аудио тасмаларига муҳрлаш билан шуғулланарди. Аммо кейинчалик уларнинг ораларидан “ола мушук” ўтди, бир-биридан аразлашди. Пирназарнинг айтишича, Дониёр билан оралари бузилишига унинг бежо қилиғи сабаб бўлган.

Аниқроғи, у мижоз сифатида Пирназарни йўқламай қўяди, хизматидан воз кечади. 2023 йилнинг январь ойида яқин танишларидан бирининг хонадонидаги базмда эса, Дониёр тилини тиёлмай ножоиз гапларни айтади. Қисқаси, оддийгина араздан бошланган келишмовчилик кейинчалик кек ва ғаразга айланади. Бироқ улар кўнгилларидаги ғаразни бир-биридан сир сақлашган. Хонқа тумани марказидаги тўйда улар яна бир-бирига рўпара келишади ва иккаласи ҳам сир бой бермай худди эски дўстдек бир-бирига қучоқ очиб, кўришишади.

Тўй қизигандан-қизийди. Собиқ ҳамкорлар ўзаро “ярашув”ни ана шу тариқа нишонлашади. Тўйдан сўнг Дониёр даврадошлари: Даврон Болтаев, Зафар Қиличев ва Пирназар Абдуллаевни уйига таклиф этади.

Улар ҳам унинг таклифини рад этишмайди. Тун алламаҳалида Дониёрнинг уйида зиёфат янада авжига чиқади.

Ичкилик таъсирида улар буткул маст бўлиб қолишади. Шу мастлик боис бир неча йилдан буён Пирназар ва Дониёрнинг кўнгил тубида пинҳона қолиб келаётган кек ва ғараз яна жунбушга келади. Шу пайтгача ўзаро ҳурмат юзасидан бир-бирини “сиз”лаб келган рақиблар тўсатдан сенсирашга ўтишади. Бу “сенсираш” тез орада ўзгача ўзанга кўчади.

Томонлар бир-бирини спортча “тирсаклар жанги”га таклиф қилишади. 

Унда Дониёрнинг қўли баланд келади. У ўз “ғалабаси”ни ошкора равишда рақибидан кўра анча кучли ва чапдаст эканлиги билан изоҳлайди. Унинг бундай оҳангдаги маломатли дашномидан, табиийки, Пирназар баттар ғазабга минади. Шу боис “қўл жанги” ростмана кураш, кейин эса, даҳанаки олишувга айланади. Уйда кўтарилган шовқинни эшитиб, Дониёрнинг онаси ва турмуш ўртоғи хавотирга тушганча етиб келишади. Бироқ бу мажорани четдан туриб кузатаётган Даврон ва Зафар она ва келинга ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, шунчаки ҳазил, дейишади.

Аслида, Дониёр ўзини йўқотиб қўйгудек даражада маст эмасди. Шундай бўлса-да, анча вақтдан буён қасд ва ғараз ўтида ёниб келаётган Пирназарнинг важоҳати олдида барибир ожиз қолади. Пирназар эса, пайт пойлаб, унинг орқа тарафидан келиб, бўйнидан бўғиб олади. Фақат орадан бироз фурсат ўтгач, қўлини рақибининг бўйнидан олди. Дониёр эса, ҳушини йўқотиб, “шилқ” этиб ерга қулайди. Пирназар эса, бамайлихотир кийиниб, ҳамроҳларига қарата ғолибона оҳангда сўз қотди.

Ерга чўзилиб ётган Дониёрга ишора қилиб, унинг бўйнидаги уйқу томирини топгани ва тинчлантириш ниятида ухлатиб қўйгани, уйқу эрталабки соат 10 гача давом этиши ва шундан сўнггина кўзини очишини айтади. Бунга нафақат Дониёрнинг ошналари, балки унинг онаизори ва турмуш ўртоғи ҳам ишонишади. Улар тунги соат 3 ларда уй-уйларига тарқалишади.

Уйига келиб, уйқуга кетган Пирназарни эса, тонгги соат 5 ларда ички ишлар ходимлари уйғотишади. Маълум бўлишича, меҳмонлар тарқалгач, онаси ва умр йўлдоши Дониёрни ўзининг хонасига ўтиб, ўрнига ётишга уннашган. У эса, она ва келиннинг сўровига жавоб қайтармаган. Унинг нафаси сўнганини ана шунда пайқашган. Ҳаялламай етиб келган “Тез ёрдам” шифокорлари аллақачон рўй берган ўлим ҳолатини қайд этишган.

Пирназар судда ҳам, терговда ҳам Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдиришга доир 97-моддаси 1-қисми бўйича ўзига қўйилган айбни тан олмади.

Албатта, жиноий кирдикорлар, айниқса, жиддий ва оғир оқибатли қилмишларни шахснинг зиммасига асоссиз равишда юклаш мумкин эмас.

Бундай мазмундаги даъво айбловга оид жиддий фактлар, далил-исботларни талаб қилади. Мавҳум ва тўлиқ текширилмаган, охиригача аниқланмаган факт ва далиллар айблов учун асос бўла олмайди.

Конституциямизнинг 27-моддасида таъкидлаганидек, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Суд ва тергов органлари масаланинг бу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишди.

Суд жиноят қонунчилигининг бу борадаги талабларига қатъий риоя этди.

Факт ва далилларнинг мақбуллиги тамойилига суянди. Жабрланувчининг қонуний вакили У. Искандарова, гувоҳлар М. Зарипова, Д. Болтаев, З. Қиличевнинг кўрсатмалари далил сифатида инобатга олинди. Шу янглиғ текширувлар, аниқлов тадбирлари асносида асл ҳақиқат юз кўрсатди. 

Д. Исмоиловнинг ўлими у ва гумонланувчи П. Абдуллаев ўртасидаги азалий низо, қасд ва ғараз боис келиб чиққан жанжал натижасида юз бергани, бу ҳодиса ичкилик таъсирида содир бўлгани тўлиқ ойдинлашди.

П. Абдуллаев ўз рақибини қасддан ўлдириш мақсадида унинг учун ҳаётий муҳим саналган бўйин қисмини билаги билан бўғиб, нафас йўлларини буткул бекитиб қўйгани, ушбу қилмишни ўз хатти-ҳаракатининг ижтимоий хавфли оқибатларини англаган, унга кўзи етган ҳолда амалга оширгани яққол маълум бўлди.

Инсон ҳаётига суиқасд, чиндан ҳам, ўта оғир ва кечирилмас жиноят.

Конституциямизнинг 25-моддасида қайд қилинганидек, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади.

Суд айбланувчи П. Абдуллаевга нисбатан жазо тайинлашда ана шу тамойилга қатъий амал қилди. Судланувчининг оилавий аҳволини, муқаддам судланмаганини — жазони енгиллаштирувчи, қилмиш мастлик ҳолатида содир этилганини эса оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолади. Жазо Жиноят кодексининг юқорида баён этилган 97-моддаси 1-қисми талабига монанд тарзда тайинланди. Судланувчи 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жабрланувчининг қонуний вакилига эса, жиноят натижасида етказилган бошқа моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Инсон – жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси. Таъкидланганидек, уни ҳаётдан маҳрум этиш, соғлигига рахна солиш ёки ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини бошқача тарзда бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йуқ.

Тафсилоти юқорида баён этилган жиноий ҳодиса ва унинг аянчли интиҳоси одамларни ҳушёр торттирмоғи, бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмиши, яна бир шахснинг узоқ йиллик умри ҳибсда ўтиши билан боғлиқ ачинарли қисмат ҳаммага сабоқ бўлмоғи лозим. Инсон ҳаёти ва турмуши шундагина ўз ўзанини топади, чинакам ҳурлик ва бахтиёрлик умр мезонига айланади. Бу янглиғ дориламон ҳаётга не етсин?!

Шуҳрат Раззоқов,

Хоразм вилояти судининг

жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2025-05-06_15-40-42

АСОССИЗ АЙБЛОВ СУДДА РАД ЭТИЛДИ, ШАХС ОҚЛАНДИ

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида такси ҳайдовчиси гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланувчи кимсаларга дуч келиб қолгани, ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор тадбирида уларнинг жиноий шеригига айланиб, биринчи босқич судининг ҳукми билан ўн ярим йилга судлангани, фақат вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг ажрими билан оқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.

Сирдарё туманининг Бахт шаҳрида яшовчи Акрам Муртозақулов жиноят ишлари бўйича туман судининг 2024 йил 7 августдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо белгиланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўн йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Сирдарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 11 октябрдаги ажримига кўра, биринчи босқич судининг Аминжон Шокиров (бошқа судланувчиларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди), Истам Рамазонов ва Акрам Муртозақуловга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Хўш, аслида, қандай жиноий қилмиш рўй берганди?

Суд ҳукмида қайд этилишича, судланувчилар — А. Шокиров, И. Рамазонов ва А. Муртозақулов “гашиш” гиёҳванд воситасини сотиш мақсадида, ўзаро жиноий тил бириктиришган. Бахт шаҳрининг “Тинчлик” маҳалласи ҳудудида И. Рамазонов билан А. Муртозақулов тадбирга харидор сифатида жалб этилган “С.”, “Р.” ва “И.” исмли шахслар билан учрашган ва улар “С.”дан гиёҳвандлик воситаси учун 1 миллион 550 минг сўм олишган.

Шундан сўнг А. Муртозақулов билан И. Рамазонов “Нексия” автомашинасида туманнинг “Аҳиллик” маҳалласи Бахтли болалик кўчасида А. Шокиров билан учрашиб, юқорида қайд этилган пулга 4 минг 247 грамм — кўп миқдорда “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сотиб олишган.

Улар ортга қайтаётганда, А. Муртозақулов гиёҳвандлик воситасининг 0,521 граммини ўзи истеъмол қилиш учун олиб қолиб, 3 минг 726 граммини “С.”га бераётганда назорат тадбири иштирокчилари томонидан ушланади.

Тезкор тадбирдан сўнг ўттиз икки кун ўтгач, И. Рамазонов таниши А. Муртозақулов ўзи истеъмол қилиш учун олган 0,521 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини туман ички ишлар бўлими биносининг 1-қавати 12-сонли хизмат хонасидаги диван остига яшириб қўйганини ариза билан маълум қилади. Ушбу хона кўздан кечирилганда, икки дона рангсиз полиэтилен пакет бўлагига ўралган ўткир ҳидли, тўқ жигарранг тусдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилади. Шу сабабли, дастлабки тергов идораси томонидан А. Муртозақулов кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан сақлаганликда ҳам айбланади.

Айтиш керакки, А. Муртозақулов ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятда дастлабки тергов ва биринчи босқич суди ишни айблов йўсинида, бир ёқлама олиб боргани, И. Рамазоновнинг илтимосига кўра, А. Муртозақулов уни А. Шокировнинг уйига олиб бориб-келгани, гиёҳвандлик воситаси олди-сотдисига аралашмагани, аммо унинг важлари инобатга олинмагани, ички ишлар бўлими биносида гиёҳвандлик воситасини яширмагани, ушбу гиёҳвандлик моддаси унга тегишли эмаслигини қайд этган. Шунингдек, тафтиш тартибидаги шикоятда И. Рамазонов томонидан ёзилган аризадаги ҳолатлар нотўғри экани, туман жиноят қидирув бўлими бошлиғининг “Назорат остига олиш” тезкор тадбири ўтказиш тўғрисидаги билдиргисида айнан А. Муртозақулов кўрсатилмагани, 2024 йил 20 майдаги кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳақидаги баённомада А. Муртозақулов иштирок этмагани, унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари бузилгани, 2024 йил 18 апрель куни ушланган пайтда шахсий тинтувдан ўтказилгани, бироқ орадан ўттиз икки кун ўтиб, ички ишлар бўлими биносидан топилган гиёҳвандлик воситасини олиш жараёни видеотасвирга олинмагани, бу ҳолат, ўз навбатида, Жиноят-процессуал кодекси ва Олий суд Пленуми қарорлари талаблари бузилганини кўрсатиши ҳақида важлар қайд этилиб, суд ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқариш сўралган.

Ҳақиқатан ҳам, тафтиш инстанцияси суди шикоятда келтирилган важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқиши жараёнида А. Муртозақуловни Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблаш ҳақидаги қисми ўз тасдиғини топмади. Шунинг учун тафтиш инстанцияси А. Муртозақуловни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2 ва 3-бандларига асосан, реабилитация этиб, оқлаш ва унга шу модда билан тайинланган жазони бекор қилишни лозим топди.

Энди А. Муртозақуловнинг ушбу модда бўйича оқланишига тўхталадиган бўлсак, И. Рамазоновнинг аризасидан сўнг 2024 йил 20 май куни туман ички ишлар бўлими биноси 1-қават 12-сонли хизмат хонаси кўздан кечирилган. Ётоқ дивани тагидан икки дона рангсиз полиэтилен пакет бўлагига ўралган ҳолатдаги ўткир ҳидли, тўқ жигарранг тусдаги гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган ва холислар иштирокида расмийлаштириб олинган. Шу сабабли, А. Муртозақулов кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан сақлаганликда айбланган.

Конституциямизнинг 28-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши, айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланиши, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган.

Шунингдек, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиши шарт. Шунингдек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда уларнинг ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, мазкур органлар ҳамда уларнинг раҳбарлари ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни тиклаш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда айбдорларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шартлиги белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 2-бандида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно) назарда тутилган.

Биз буларни бежизга келтирмадик, чунки А. Муртозақуловга оид жиноят ишини тергов қилиш жараёнида юқорида қайд этилган қонун талабларига риоя қилинмаган.

Тафтиш инстанцияси судида сўралган туман ички ишлар бўлими 12-сонли хизмат хонасига бириктирилган тезкор ходимлар Ш. Мамадиёров, И. Бойқобилов ва В. Алижонов ва фаррош З. Салимова хонада турган ётоқ диванини бир киши кўтаролмаслиги, унинг усти тўлиқ ёпилганлиги, фақат икки киши кўтариб, остига бирор-бир нарса қўйиш мумкинлигини қайд этишди.

Гарчи судланган И. Рамазоновнинг тергов ва суд давридаги А. Муртозақулов А. Шокировдан олган гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини целлофан бўлагига ўраб, ўзига олганлиги ҳақидаги важлари ишончга сазовор деб ҳисобланган тақдирда ҳам, тезкор тадбирда барча гумон қилинувчилар, шу жумладан, А. Муртозақулов ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тўлиқ тинтув қилинган.

Худди шундай тинтув туман ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғининг хизмат хонасида ҳам ўтказилган. Ҳар икки тинтув чоғида А. Муртозақуловдан 0,521 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилмаган. Бундай вазиятда А. Муртозақулов ушбу гиёҳвандлик моддасини диван тагига яшириб қўйгани ҳақидаги важ ўта шубҳали.

Видеотасвирдан кўриниб турибдики, барча тинтувлар жараёнида А. Муртозақуловнинг қўлига кишан солинган ҳолатда бўлган. Бу ҳолатда у хонадаги диванни кўтариб, унинг тагига гиёҳвандлик воситасини яшириб қўйиш имкониятига эга бўлмаган. И. Рамазонов ва тезкор тадбирда иштирок этган туман ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳам судда ушбу ҳолатни тасдиқлашди. Демак, бундан кўринадики, тергов ҳаракатлари бирёқлама олиб борилган.

Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 3-бандида Жиноят-процессуал кодексининг 95-1-моддасига кўра, агар фактик маълумотлар қонунга хилоф усуллар орқали ёки жиноят процесси иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёки бу ҳуқуқларни чеклаш йўли билан ёхуд Жиноят-процессуал кодексининг талаблари бузилган, шу жумладан, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, таржимон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилган ҳолларда олинган бўлса, мақбул эмас, деб топилиши ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Мазкур ҳолатда И. Рамазоновнинг орадан 32 кун ўтиб А.Муртозақуловга нисбатан туман ички ишлар бўлими 12-сонли хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини қолдиргани ҳақидаги аризаси ишончга сазовор эмас, чунки ариза терговчининг рухсатисиз, адвокат иштирокисиз олинган ва бу билан ҳимоя қилиш ҳуқуқи бузилган.

Шу боис судлов ҳайъати А. Муртозақулов Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан ҳам нотўғри айбланган деб ҳисоблади. Негаки, туман ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими бошлиғи С. Бердимуродовнинг билдиргисида “С.” исмли шахснинг аризаси асосида “Истам” ва “Аминжон” исмли шахсларнинг гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги учун уларга нисбатан назорат остига олиш тезкор тадбири ўтказишга рухсат сўралган. Тезкор ходим, гувоҳ М. Шерйигитов ҳам назорат остига олиш тезкор тадбири А. Шокиров ва И. Рамазоновга нисбатан ўтказилгани, шунингдек, исми сир сақланишини сўраган “И.” исмли шахс ҳам А. Шокиров ва И. Рамазоновга нисбатан ариза берганини тафтиш инстанцияси судида билдирди.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 29-моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади. Ҳар бир шахс — жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса, унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан, ўз танловига кўра, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 3-бандига кўра, ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишнинг барча босқичида таъминланиши лозим. Қонунга асосан, жиноят ишини юритишга масъул барча давлат органлари ва мансабдор шахслар (суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья) гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтиришлари ва ўзига тегишли ҳимоя ҳуқуқидан амалда фойдаланиши учун реал шароит яратиб беришлари шарт.

Яна юқоридаги воқеага қайтсак, 2024 йил 18 апрель куни соат 12.30 ларда тезкор тадбир ўтказилиб, унинг иштирокчилари томонидан А. Шокиров, И. Рамазонов ва А. Муртозақуловга Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган.

Аммо А. Муртозақуловнинг эркинлиги амалда чекланган, ундан адвокат иштирокисиз иқрорлик мазмунида тушунтириш хати олинган. Шу боис ҳимоя ҳуқуқи бузилган ҳолда олинган ушбу тушунтириш хати номақбул далил сифатида далиллар мажмуидан чиқарилди.

Судлов ҳайъати И. Рамазоновнинг А. Шокировдан гиёҳвандлик воситасини сотиб олиб, тезкор тадбирга жалб этилган шахсларга сотишида судланган А. Муртозақулов иштирок этмагани, гиёҳвандлик воситасини сотганлиги исботланмагани, аммо у бу ҳақда аниқ билгани ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага хабар бермаган, деган хулосага келди. Унинг бу ҳаракатини Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмидан Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмига қайта малакалади. Ушбу моддага асосан, унга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 2024 йил 18 апрелдан 2025 йил 11 мартга қадар қамоқда сақланган ўн ой, йигирма уч куннинг ҳар бир куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилди, натижада А. Муртозақулов жазони тўлиқ ўтаган деб ҳисобланди.

Шундай қилиб, тафтиш инстанцияси суди Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисми билан судланган А. Муртозақуловга оид жиноят иши бўйича тергов ва терговга қадар текшириш ўтказишда қўпол қонунбузилишларга йўл қўйган Сирдарё тумани ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлими бошлиғи, тезкор вакиллари ҳамда терговчисига нисбатан хусусий ажрим чиқарди. Мазкур хусусий ажрим Сирдарё вилоят прокурорига ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун юборилди.

Шундай қилиб, асоссиз  айблов суд томонидан рад этилди, А. Муртозақулов оқланди. Бу ўз навбатида, судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатли ҳимоя қилинаётганининг амалдаги тасдиғидир.

Жавлон ЖАББОРОВ,

Сирдарё вилояти судининг

 жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2025-03-11_16-50-03

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАИСИНИНГ СУДЬЯЛАР ВА СУД ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТИ

Ҳурматли судьялар ва суд аппарати ходимлари!

Бугун шиддат билан ўзгараётган дунёдаги долзарб муаммолардан бўлган коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласига, мамлакатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 5 март куни ҳурматли Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишларга баҳо бериб, келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб бердилар.

Хусусан, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш – бу одил судловга соя солиш деб баҳоланиши” ҳамда бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида барчани огоҳлантирдилар.

Бундан олти ой аввал, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам ҳурматли Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътиборни бешта устувор йўналишга қаратиб, улардан бири сифатида коррупциядан холи, адолатли суд тизимини яратиш масаласини давлат сиёсати даражасида мустаҳкамлаб қўйгандилар.

Шу ўринда, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш ҳамда суд ҳокимияти тизимида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишни самарали йўлга қўйиш бўйича “инсон-жамият-давлат” тамойили асосида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Судларни кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйишда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида Олий суд ва қуйи судларда кадрлар захирасини шакллантириш, номзодларни очиқ танлаш ҳамда лавозимларга тайинлаш механизмлари такомиллаштирилиб, ҳар бир номзодни комплекс ўрганиш тартиб-таомили йўлга қўйилди.

Суд тизимини ҳалол, пок кадрлар билан тўлдириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш ҳамда судларда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш мақсадида республиканинг юридик кадрларни тайёрловчи 13 та йирик олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Судья ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириш ва уларнинг иш юкламасини нормаллаштириш мақсадида судьялар корпуси ҳамда суд аппаратлари учун қўшимча штат бирликлари ажратилмоқда.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур тартибга риоя қилган судья ва суд аппарати ходимлари муносиб рағбатлантирилмоқда.

Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, суд ишларини юритиш сифати ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини ошириш ишлари такомиллаштирилди.

Хусусан, судларда ишларни рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобини юритиш, ишларни судьялар ўртасида автоматик тақсимлаш, ижро варақаларини электрон юбориш, судларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва бошқа функцияларни назарда тутувчи қатор ахборот тизимлари ишга туширилди.

Бундан ташқари, Олий суднинг расмий веб-сайтида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун мўлжалланган алоқа каналлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.

Коррупцияга қарши ички назорат гуруҳига онлайн хабар юбориш учун махсус платформа ишга туширилди. Судья ва суд аппарати ходимлари мазкур ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича ўқитилди.

Азиз ҳамкасблар!

Бугун, давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга “халқчил ва адолатли суд тизимини яратиш” масаласини қатъий қўймоқдалар.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Шу боис, ҳар биримиз ўз фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиб, тегишли хулосалар қилишимиз зарур.

Судья аввало, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Судьяларнинг дахлсизлиги, мустақиллиги Конституция ва қонун билан мустаҳкамланган бўлиб, улар фақат Конституция ҳамда қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши, одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўймаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлишини билишлари, бу каби салбий ҳолатларга тоқатсиз бўлишлари талаб этилади.

Судья дахлсизлик ҳуқуқини имтиёз деб эмас, балки ўзининг жамият олдидаги улкан масъулияти деб тушуниши керак.

Судьялар одоби кодекси қоидаларига, жамиятда ва турмушда юриш-туриш, одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя этиш судья одоб-ахлоқининг ажралмас қисмидир.

Афсуски, орамизда нафсини жиловлолмай коррупцияга қўл ураётганлар ҳам учрамоқда.

Коррупциявий жиноятлар учун айбдор шахсларга ҳукм чиқарадиган судьянинг ўзи шундай жиноятларга қўл уруши барчамизни чуқур хавотирга солиши керак.

Биз бундай ҳолатларни мутлақо қабул қилмаймиз ва қоралаймиз. Аксинча, бир жамоа бўлиб, ушбу иллатга қарши аёвсиз курашиб, биргаликда олдимизга қўйилган вазифаларни ҳалоллик билан амалга оширишга қодирмиз деб, ҳисоблайман. Зеро, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир.

Таъкидлаш жоизки, коррупция иллати нафақат давлатларни жар ёқасига олиб келади, балки жамият тараққиётининг асосига зарба бериб, унга қўл урган инсон тақдирини пароканда қилади.

Коррупцияга йўл қўйган ҳар бир шахс онгли равишда ўз Ватани, оиласи, яқинлари, қолаверса, фуқаролик ва инсоний бурчига хиёнат қилади.

Бинобарин, ҳар биримиз тақдиримизни қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатни қарор топтириш билан боғлар эканмиз, ўзимизнинг фидойи меҳнатимиз билан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги сари сидқидилдан хизмат қилишимиз лозим.

Коррупцияга оид жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қатъиятлик билан жазо муқаррарлигини таъминлашимиз;

судларда кўриладиган коррупциявий жиноятлар, давлат харидлари, ер муносабатлари ва бошқа ишлар бўйича чиқариладиган хусусий ажримларнинг таъсирчанлигини ошириш, бу тоифадаги ишларни чуқур таҳлил қилиб, ҳудудий кенгашларга мунтазам равишда ахборот киритиб боришимиз;

судларни рақамлаштиришни жадаллаштириб, соҳага сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш, ишларни юритишнинг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиб, инсон омилини кескин камайтириш орқали коррупциявий хавф-хатарларни олдини олишимиз;

коррупциянинг илдизи бўлмиш – ортиқча ҳашамат ва дабдабага барҳам бериш, ҳалоллик билан рўзғор тебратиш ҳамда суд ҳокимияти вакили сифатида ўзимизнинг камтарона турмуш тарзимиз билан барчага намуна бўлишимиз шарт ва зарур.

Қадрли ҳамкасблар!

2025 йилга мўлжалланган давлат дастурида судьяларнинг мақоми ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосини, суд тизимини молиялаштириш учун маблағлар ажратишда ушбу ҳамжамиятнинг иштирок этиш кафолатларини алоҳида қонун даражасида мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар белгиланди.

Бу, ўз навбатида, зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклаши ҳамда тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар кун тартибини янги мазмун билан бойитиши ҳеч кимга сир эмас.

Касбимиз улкан ақл-идрок ва кўп йиллик ҳаётий тажрибани, холислик ва беғаразликни, интизом ва ҳалолликни тақозо қиладиган ўта масъулиятли, мураккаб, шу билан бирга, шарафли касб эканлигини зинҳор унутмаслигимиз керак. Ваҳоланки, ҳар бир қароримиз инсон тақдири, керак бўлса, унинг ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бу борада, давлатимиз раҳбарининг “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”, деган гаплари барчамиз учун ҳаётий дастуруламал бўлмоғи лозим.

Шу боис, барчангизни судьялик қасамёди ва касбий одоб-ахлоққа содиқ бўлган ҳолда жамиятимизда адолатни қарор топтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишда фаол бўлиб, “Одил судлов – жамият фаровонлигининг пойдевори” деган ғоя асосида бирлашишга чақираман.

Бахтиёр Исломов,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг раиси

photo_2026-01-26_17-27-13

ФИРИБГАРНИНГ ҚИЛМИШИ ҚОНУНИЙ ЖАЗО БИЛАН ЯКУН ТОПДИ

Ҳаётда ҳалол меҳнат, тўғри сўзлик нафақат одамнинг шаънини улуғлайди, балки кўнгил хотиржамлиги, тинчлик ва осойишталигини ҳам таъминлайди. Бунинг акси бўлган ҳалол меҳнатдан бўйин товлаб, нопок йўлга қадам босиш эса, охир-оқибат аянчли якун топади. Масалан, 1995 йили Хива шаҳрида туғилган Олим Солиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ризқ-насибасини нопок ва нохолис манзиллардан излади.

Ҳаммаси 2024 йил апрель ойида хивалик Нигора Эрниёзова билан Телеграм мессенжери орқали танишишдан бошланди. О. Солиев Нигора билан дастлабки суҳбатдаёқ бозорда сотувчи бўлиб ишлашини айтди.

Орадан кўп ўтмай эса, ўз шахсига доир бир нечта ҳужжатларни унга кўрсатди. Улар орасида О. Солиев 2021-2022 йилларда Хива туман ички ишлар бўлими тегишли бўғинида ишлаган пайтлари милиция ходими либосида тасвирга олинган бир нечта сурати ҳам бор эди. Н. Эрниёзова буни кўриб, янги таниши анойилардан эмаслиги, унинг кўмагида баъзи хуфя “юмушлар”ни амалга ошириш мумкинлигини кўнглидан ўтказди.

Галдаги суҳбатларнинг бирида у О. Солиевни уйига меҳмондорчиликка таклиф қилди. Бу шунчаки меҳмондорчилик эмас, балки “базму-жамшид” эканига шама қилиб ўтди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бу аёл нопок иш — қўшмачилик билан шуғулланар, уйини исловотхонага айлантирганди.

Албатта, О. Солиев Н. Эрниёзованинг бу таклифидан хурсанд бўлди, аммо меҳмондорчиликка боришга негадир кўпам шошилмади. Шу алфозда орадан ярим йилча вақт ўтди.

2024 йил 15 октябрь куни Н. Эрниёзова О. Солиевга нохуш хабар жўнатди.

Маълум бўлишича, ўша куни унинг уйида икки нафар йигит ва қизнинг яхшигина “ўтириши” бўлган. Аммо орадан кўп ўтмай уйида қўшмачилик билан шуғулланадиган Н. Эрниёзованинг қилмиши ички ишлар ходимлари томонидан фош этилган. Унинг О. Солиевга йўллаган хабарига қараганда, башарти, тезда чора кўрилмаса, жавобгарликка тортилиши аниқ бўлиб қолганмиш.

Н. Эрниёзованинг “илтижоси” О. Солиевни бефарқ қолдирмади. Аслида, у шу йўл билан Н. Эрниёзованинг мўмайгина пулини қўлга киритишни кўзлади. Шу сабабли ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Лекин пули тўланмаса, телефон қурғур сас-садо бермайди. О. Солиев даставвал Н. Эрниёзовадан тегишли танишлари билан телефон орқали унинг муаммосини гаплашиш учун алоқа операторига 30 минг сўм миқдорида пул тўлашни сўради. Н. Эрниёзова бу сўровни шу ондаёқ адо этди. Шу орада О. Солиевдан тағин хабар келди. У Н. Эрниёзовага “вазият” анчайин хавфли эканлигини лўнда тарзда тушунтирди. Айни чоғда вилоятдаги танишлари билан алоқа боғлагани, 500 минг сўмлик харажати борлигини айтди. Н. Эрниёзова бу гал ҳам ҳаялламади. О. Солиев эса, таваккалчиликни бир четга сурди, ярим миллион сўм миқдоридаги пулни ўз қўли билан санаб олишдан ҳайиқди, чоғи, уни яқин ошналаридан бирининг банк пластик картасига ўтказиб беришни илтимос қилди.

Уқтирилганидек, Н. Эрниёзова бу талабни ҳам бажо келтирди. Нақд 520 минг сўм миқдоридаги пулни орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ О. Солиевнинг танишларидан бирининг банк пластик картасига ўтказиб берди.

Аммо Н. Эрниёзова ҳам анойилардан эмасди. У О. Солиев билан суҳбатлашиш асносида ўз “ҳожатбарори”нинг асл қиёфасини яққол кўра олди, унинг ҳакалак отган нафсининг бандисига айланганини аниқ-равшан англаб етди. Айни пайтда ўз қилмишига ҳам иқрорлик билдирди. Унинг амалдаги ифодаси О. Солиевнинг таъмагирлик, фирибгарлик ва пора беришга доир қилмишлари юзасидан тегишли идорага қилинган мурожаатида намоён бўлди. Унга биноан О. Солиевнинг пул ювиш ва уни аллакимларгадир пора беришга қаратилган ҳаракати назорат ва кузатувга олинди.

Қисқаси, Н. Эрниёзова О. Солиевга пул электрон тартибда айтилган манзилга етказиб берилганини айтади. О. Солиев эса, шошилгандан-шошилди. Пул яқин танишининг пластик картасига келиб тушганини шу куннинг ўзидаёқ шахсан текширди ва орадан бир неча дақиқа ўтмаёқ уни банк тўлов тизими (банкомат) орқали нақдлаштириб олди. Бу пулларни ҳатто ўз шахсий эҳтиёжлари учун харжлашга ҳам улгурди. Бироқ ғишт аллақачон қолипдан кўчгани, қилмиши назорат остида эканини англамай қолди. Гумонланувчи пул фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган куннинг эртасигаёқ терговга рўпара келди.

О. Солиев қилмишидан тонмади. Айбига иқрорлик билдирди. Н. Эрниёзовани алдагани, ички ишлар органи орқали унинг хонадонида содир бўлган нохуш воқеани пул эвазига босди-босди қилишга ваъда бергани, аммо мазкур идорада таниш-билишлари йўқлигини тан олди.

Таъмагирлик йўли билан олинган пулларни эса, эгасига қайтарди.

Буларнинг бари пировардида Жиноят кодексининг фирибгарликка оид 168-моддаси 1-қисми ва пора беришга суиқасд қилишга доир 28,211-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айбни мазкур кодекснинг белгиланганидан камроқ жазо тайинлашни назарда тутувчи 57-моддаси талаблари асосида бирмунча енгиллатиш гаровига айланди.   

Судланувчи ўзига қўйилган ҳар икки айб бўйича 2 йил-у 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилган ҳолда оиласи бағрида қолдирилди.

Дарҳақиқат, унинг ризқу насибани ҳаром-ҳариш қилмишлар асносида излаш йўлидаги нохолис орзуси ана шу тарзда чиппакка чиқди, саробга дўнди.

Бу ҳолат ўз бахтини ҳалоллик, поклик янглиғ нурафшон йўллардан излашни истамаган шахслар учун ҳам жиддий сабоқ бўлади, деган умиддамиз. Зотан, ҳаётда ҳалол ризқ-насиба, кўнгил хотиржамлиги, оила тинчлиги, фарзандлар қувончидан ортиқ бойлик йўқ. Бу эса, ўз навбатида, ҳар биримиздан, ҳалолликни умримиз мезони деб билишни талаб қилади.

Жамол Жуманиёзов,

жиноят ишлари бўйича

Хива шаҳар суди раиси

 

photo_2026-01-23_15-57-11

10 ДОНА “ТАБЛЕТКА”ГА 10 ЙИЛ

Пойтахт аҳолиси ширин уйқудалигида 22 ёшли йигит “Кобалт” русумли автоуловга ўтириб, шаҳар ташқарисига йўл олади. Содиқ Ярашев (исм-фамилия ўзгартирилган) белгиланган манзилга етиб келгач, атрофни кузатиб, ҳар галгидек эҳтиёткорлик билан белгиланган жойдан “таблеткани”, яъни гиёҳвандлик моддасини олар экан, кутилмаганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари қаердан пайдо бўлишганини англаёлмай қолди… 

Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқ орқали 2 нафар шериги билан “таблетка” савдоси билан шуғулланиш ҳақида ёзишган. Дастлаб 10 дона “таблетка”ни 7,5 АҚШ долларига сотган. Шунингдек, 1 грамм кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддани 60 АҚШ долларига сотиш ҳақида савдолашиб, кучли таъсир қилувчи психотроп дори қўйилган манзилнинг локациясини ташлаган. Суд экспертизаси хулосасида Содиқ Ярашевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари эканлиги тасдиқланган. 

Тенгдошлари олийгоҳларни тугатиш арафасида келажак режаларини тузиб, орзулари сари қадам ташлаётган пайтда 22 ёшли Содиқ Ярашев осон даромад топиш мақсадида қинғир йўлга киради. Болалагидан меҳнатга бўйни ёр бермаган С. Ярашев ўрта мактабни тугатгандан кейин ҳам бирон ишнинг бошини тутмаган. У ўғрилик ва фирибгарлик қилгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган. Ёшлиги, биринчи марта жиноят қилаётгани каби турли сабаблар туфайли жазо енгиллаштирилган. Бироқ бу хатосидан тўғри хулоса чиқара олмаганлиги, тўғри йўлга кирмагани туфайли яна жиноят йўлига кирди. Бу гал у икки нафар шериги билан жиноят содир этган. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди. 

Судланувчи Содиқ Ярашев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Содиқ дори олди-сотдиси қонунан таъқиқланганлигини билса-да, даромад топиш мақсадида кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган, бироқ Содиқнинг навбатдаги “ови” юришмади. Суд судланувчи содир этган жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, жазо тайинлади. 

Давлатимиз қонунлари адолатли, шу билан бирга барчага баробар. С. Ярашев бир гал енгил жазо олгач, берилган имкониятдан самарали фойдаланиши, унинг қадрига етиши, тўғри йўлга кириши, ҳалол меҳнат билан яшашни мақсад қилиши лозим эди. Аммо нафсига қул бўлиб, қинғир ишнинг қийиғи чиқишини англамаган ёки билса ҳам жиноят турини ўзгартирганлиги боис энди “қўлга тушмаслиги”га ишонган бу йигит суд ҳукми билан 10 йил муддатга, унинг 2 нафар шериги эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Натижада улар ҳаётининг энг гўзал ёшлик даврини панжара ортида ўтказишга мажбур. Қилмиши қора кимсалар ҳозирги кунда қамоқда жазо муддатини ўтамоқда. Улар шундай жазоланиши мумкинлигини билишарди, аммо нафс балосини енга олишмади, бир ҳунарни эгаллаб, ҳалол меҳнат қилиб, қонуний даромад топишни исташмади. Улар бу заҳри қотилни сотишлари эвазига қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаёти завол топиши, оилаларнинг барбод бўлиши, болаларнинг ногирон туғилиши, етим қолиши, жамиятдаги соғлом муҳитга зарар етказишлари мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмади…

Баҳодир ҚАЮМОВ, 

жиноят ишлари бўйича 

Яккасарой туман судининг судьяси

 

#thegov_button_69cbfc5651d57 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbfc5651d57:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbfc5651d57 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbfc5651d57:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!