Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2025-05-26_10-40-36

ПЛЕНУМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР СУДЛАРДА ҚОНУН НОРМАЛАРИ БИР ХИЛ ТАЛҚИН ҚИЛИНИШИ ВА ЯГОНА АМАЛИЁТ ЯРАТИЛИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Кейинги йилларда амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Шу боис яқинда Олий суд Пленумининг тегишли қарори қабул қилинди.

Пленум қарорига биноан амалдаги 136 та қарордан 55 тасига 147 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳуқуқий янгиланишлар амалиётда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларнинг келгусида олдини олиш, айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона амалиёт яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуннинг 12 ва 28-моддаларига асосан, Болалар омбудсмани боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Шундан келиб чиқиб, Олий суд Пленумининг 1993 йил 16 апрелдаги “Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида”ги қарори 5-банди иккинчи хатбошисига вояга етмаган фарзандларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида даъволарни киритиш ваколатига эга бўлган шахслар қаторига ота-онаси, васий (ҳомий) ва прокурор билан биргаликда Болалар омбудсмани ҳам киритилди.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2010 йил 14 майдаги “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори 13-бандида шартнома бўйича айрим вакиллар ишга киришишига ижозат берилиши учун судга, ишончномадан ташқари, бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар берилган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасида шартнома бўйича ихтиёрий вакил бўла олиши мумкин бўлган шахслар тоифасида юридик шахсларнинг ходимлари ва нотижорат ташкилотлар ваколатли вакиллари кўрсатилган. Бироқ Пленум қарорида ушбу шахслар томонидан қандай қўшимча ҳужжат тақдим қилиниши лозимлиги ёритиб берилмаган. Шу боис мазкур банд ушбу шахслар ишонч билдирган ташкилотда ишлашини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилиши лозимлиги ҳақидаги тушунтириш билан тўлдирилди.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 22-банди иккинчи хатбошисида, фарзандликка олинаётган боланинг вафот этган отаси ёки онаси қариндошларига нисбатан ҳуқуқлари – сақланиб қолинган ҳолларда ота-­онанинг алимент тўлаш мажбуриятлари тугатилмаслиги ва алимент миқдорини ўзгартириш, уни тўлашдан озод қилиш масалалари даъво иши юритиши тартибида ҳал этилиши лозимлиги ҳақида берилган тушунтиришлар Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига зид бўлганлиги сабабли чиқариб ташланди.

Чунки ушбу қонун нормаларида шахснинг вафоти билан унинг алимент тўлаш мажбурияти тугатилиши назарда тутилган.

Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги қонун такомиллаштирилиши муносабати билан Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари Пленум қарорининг 25-банди биринчи хатбошиси янги таҳрирда баён этилиб, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 276-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ суд қарорининг жавобгар зиммасига аризачининг ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш ёки уларни амалга оширишдаги тўсқинликларни бартараф этишга оид мажбурият юклаш ҳақидаги қисми ижроси маъмурий органга ижро муддати кўрсатилган ҳолда юборилиши лозимлиги судларга тушунтирилди.

Бу билан жавобгар зиммасига аризачининг ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклашга оид юкланган мажбурият ижроси бўйича ижро варақаси берилиши талаб этилмаслиги ҳамда маъмурий акт ҳақиқий эмас деб топилганда, ушбу масалада алоҳида маъмурий акт қабул қилиниши шарт эмаслиги борасида ойдинлик киритилди.

Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 20-моддаси 1-қисмида ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори юқори инстанция суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно эканлиги белгиланган.

Шу боис Олий суд Пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори, процессуал кодекснинг ушбу моддасида назарда тутилган қоидалар аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишдан тугатиш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларга ҳам нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги тушунтиришлар билан тўлдирилди.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб, тарафлар келишув битими тузганлиги натижасида иш юритиш тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга биринчи инстанция судида — тўланган давлат божининг 70 фоизи, апелляция ва кассация инстанцияси судларида эса — тўланган давлат божининг 30 фоизи миқдорида давлат божини қайтариш тартиби жорий этилди.

Ушбу тартибни қўллашга оид тушунтириш ҳисобига Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 17-банди иккинчи хатбоши билан тўлдирилди.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори айрим бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳамда янги тушунтиришлар билан тўлдирилмоқда.

Хусусан, Пленум қарори “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги 32-2-банди билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари 2023 йил 27 сентябрдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддаси биринчи қисми 9-банди янги таҳрирда берилиб, ишни апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари суд мажлисида кўришда ҳимоячи иштироки шарт эканлиги белгиланганди. Шу боис Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 27-банди тўртинчи хатбошисидаги ишни ушбу инстанцияси судида маҳкум ҳимоячидан воз кечган ҳолларда, башарти воз кечиш суд томонидан қонунда назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса, ҳимоячи иштирокисиз кўришга йўл қўйилиши ҳақидаги тушунтириш чиқариб ташланди.

Шу билан бирга, Пленум қарорининг 31-банди Жиноят-процессуал кодексининг 50-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги қарори талабларига мувофиқлаштирилиб, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячиси сифатида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чоралари, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари давлат ҳисобидан қопланиши тартиби кўрсатиб ўтилди.

Хулоса қилиб айтганда, Пленум қарорларига киритилган ўзгартишлар келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри ва бир хил қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш ва қонуний қарорлар қабул қилинишида ўзининг самарасини кўрсатади.

Гулнора Мирзаева,

Олий суд судьяси

photo_2025-05-06_16-04-44

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚИЙ ВА АДОЛАТЛИ ДАВЛАТ ҚУРИШНИНГ ЁРҚИН МАЁҒИ

“Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”. Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш йўли билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидан кейинги икки йил ичида Ўзбекистон Президентининг ушбу эътирофи нечоғлик ҳаққоний экани қайта-қайта ўз исботини топди.

Маълумки, 2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демок­ратик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу – конституциявий ислоҳотни амалга ошириш ташаббуси эди.

Ўз навбатида, 2021 йил 6 ноябрдаги Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқида конституциявий ислоҳотнинг назарий асоси сифатида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегия­си белгилаб берилди.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ҳам конституциявий ислоҳотга алоҳида бир фасл бағишланган.

Ҳақиқатан ҳам, ҳуқуқий давлатда Конституция билан жамият ривожи ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда 2022-2023 йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳот – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тақозосига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Ўзбекистон Президенти томонидан Конституциявий комиссия фаолиятининг учта босқичи аниқ белгилаб берилди.

Шу асосда Конституциявий комиссия 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум олдидан конституциявий ислоҳотларнинг барча ташкилий-ҳуқуқий тадбирларида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади”.

Бу ҳақда сўз борганда, Конституциямизнинг 9-моддасида: “Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумхалқ овозига – референдумга қўйилади. Ўзбекистон Республикасида референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади”, деган норма мустаҳкамланганлигини таъкидлаш ўринлидир.

Шу ўринда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳаси бўйича референдум қандай ташкил этилгани ҳақида мухтасар тўхталиш лозим, деб ўйлайман.

Даставвал, 2023 йил 9-10 март кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилинди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни ўтказиш санаси – 2023 йил 30 апрель деб белгиланди.

Депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг референдумни ўтказиш тўғрисидаги қарори юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди хулосасини олиш тўғрисидаги масала ҳам қўллаб-қувватланди. Бинобарин, 2023 йил 13 март куни мазкур қарорнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарори қабул қилинди.

Яъни, Конституциявий суд томонидан тегишли Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмади. Конституциявий қонун лойиҳасини референдумга қўйиш Конституцияга мувофиқ деб топилди. Конституциявий суд қарори Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатига юборилди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Конституциявий қонун лойиҳаси 2023 йил 14 март куни Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилди. Мажлисда, таъкидланганидек, конституциявий ислоҳот мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштиради.

Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарор қабул қилиниб, унга кўра, референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди. Шу асосда мамлакатимизда тарихий референдум ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига кўра, референдумда овоз берувчиларнинг 84,51 фоизи иштирок этгани инобатга олиниб, 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳақиқий, деб топилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни референдумда умумхалқ овози билан қабул қилинган, деб ҳисобланди.

Эътибор беринг: янги таҳрирдаги Конституциямиздаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди.

Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 7 турдаги назарий ва амалий, илмий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айниқса, илмий муассаса ва таълим ташкилотлари янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси юзасидан таклифлар киритиш борасида алоҳида пешқадамлик кўрсатди.

Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тегишли тузилмалари, айниқса, фаол ҳамкорлик қилди.

Халқаро ҳамжамият намояндалари Ўзбекистон конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос моделини яратиш учун бетакрор тажриба тўплаганини эътироф этдилар. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Ўз навбатида, Янги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.

Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.

Айни чоғда, Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.

Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Унда белгиланганидек, янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.

Фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ушбу Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни қабул қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Шу асосда бир қатор қонунларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мутлақ ваколатларини ҳамда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартиби ва қонунларни қабул қилишнинг янги тартиби амалдаги қонунчиликда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдирилди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг асосий ғоявий руҳлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, конституциявий ислоҳотнинг бош ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами ҳисобланади. Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ислоҳотлар самараларини таъминлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аҳамияти беқиёсдир.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 депутати

3I5A8850

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

Бугун Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд раиси Б. Исломов раислик қилган йиғилишда Олий суд ва қуйи судларнинг судьялари, Бош прокурор, Конституциявий суд, Адвокатлар палатаси ва Судьялар ассоциацияси раислари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Судьялар олий кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга оид бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Шунга кўра, жорий йилда Олий суд Пленумининг судларга раҳбарий тушунтириш беришга қаратилган биринчи қарори ҳам айнан маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш масаласига бағишланган бўлиб, бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда тайёрланган муҳим ҳужжатдир.

Маъмурий судлар ташкил этилганлигига қарийб 8 йил бўлиб, статистик маълумотлар ушбу даврда суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришга оид кўрилган аризалар сони йилдан йилга ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, 2021 йилда бундай аризалар 396 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 499 тани, 2023 йилда 526 тани, 2024 йилда эса 573 тани ташкил этган.

Амалиётда суд қарорларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш институти қоидаларини ўринсиз ва нотўғри қўлланилиши суд қарорларининг барқарорлигига завол бўлиши, бу эса ўз навбатида, жамиятнинг ҳуқуқий барқарорлигига ҳам путур етказиши сабабли бу тоифадаги аризалар кўрилишига оид суд амалиётини бирхиллаштириш ўта муҳим ва жиддий масала ҳисобланади.

Айнан шу туфайли ҳам, бу тоифадаги аризаларни ҳал этишда  судьялардан янги очилган ҳолат сифатида келтирилаётган ҳолатларнинг қонунчиликдаги асосларга мувофиқ келиш-келмаслигини фарқлай олиш салоҳияти, ўткир касбий профессионализм, чуқур билим ва кўникмалар талаб  этилади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўришнинг 4 та асоси кўрсатилган бўлсада, бу асослар аниқ ёритиб берилган тушунтиришлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда судларда турли хил амалиёт шаклланган бўлиб, Олий суд томонидан ўтказилган суд амалиётини умумлаштириш натижаларидан ҳам кўриш мумкин.

Шундан келиб чиққан ҳолда Пленумнинг “Маъмурий судлар томонидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқилди.

Қарорда янги очилган ҳолатларга тушунтириш берилган бўлиб, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилинганидан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги,  балки янги ариза (шикоят) билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Кодексда суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилиши белгиланган. Шунга кўра, қарорда бундай ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кўрсатилди. Унга кўра, тарафлар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), учинчи шахслар (уларнинг ҳуқуқий ворислари), прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида тушунтириш берилди.

Шу билан бирга амалиётда ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиш ҳолатлари учраётган бўлиб, бироқ қонунчиликда уларни суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши назарда тутилмаган. Шу сабабли Пленум қарорида қонунда бу шахсларнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўриш ҳақида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эканликлари белгиланмаганлиги боис улар суд ҳужжати устидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилиши лозимлиги судларга тушунтирилмоқда.

Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича судга мурожаат қилиш муддати юзасидан ҳам амалиётда айрим номувофиқликлар мавжуд эди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги бир ойлик муддат ичида ариза берилиши, ўтказиб юборилган муддат ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкинлиги ҳам қарорда ўз аксини топди.

Қарорда иш учун муҳим ҳолат сифатида суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, агар улар ҳақида маълум бўлганида бошқача қарор қабул қилинишига олиб келиши мумкин бўлган янги аниқланган ҳолатлар тан олиниши мумкинлиги, шунингдек, суд ҳужжати қабул қилингандан кейин талабни асословчи далилнинг тақдим этилиши тарафнинг процессуал эътиборсизлиги ва янги далил тақдим этилиши сифатида баҳоланиши, бу суд ҳужжатни янги очилган ҳолатларга кўра қайта кўришга асос бўла олмаслиги инобатга олиниши лозимлиги ҳам тушунтирилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги кунга қадар тушунмовчиликларга олиб келаётган “суриштирув ёки тергов органининг иш учун аҳамиятли бўлган қарори” суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақидаги масалага ҳам қарорда тегишли тушунтириш берилди. Амалиётда жуда кўплаб ҳолатларда мансабдор шахсларнинг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)да жиноят аломатлари мавжудлиги тергов органининг қарори билан аниқланган бўлса-да, жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилинади. Ўз навбатида, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс талабларида фақатгина суднинг ҳукми билан аниқланган жиноий хатти-ҳаракат суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришга асос бўлишлиги назарда тутилганлиги сабабли тергов органининг қарори инобатга олинмасдан келинётганлиги ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Шу сабабли қарорда суднинг ажрими, суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг жиноят ишини муддатнинг ўтиши ва бошқа турли сабабларга кўра, тугатиш ҳақидаги қарорлари билан аниқланган ҳолатлар ҳам, агар суд ушбу ҳолатларни иш учун муҳим деб топса, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўлишлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Шунингдек, мажлисда қонунчиликнинг такомиллашувидан келиб чиқиб, айрим Пленум қарорлари матнларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи Олий суд Пленумининг “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Пленум қарорлари матнлари Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ахборотномаси” ва “Куч – адолатда” газетасида эълон қилинади.

 

IMG_2769

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ XX ЙИҒИЛИШИ

2025 йил 23 апрель куни Олий суд раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Ханчжоу шаҳрида Хитой Халқ Республикаси раислигида ўтказилган йигирманчи йиғилишида иштирок этди.

Шунингдек, йиғилишда Беларус Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари, ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкор-мамлакатлар – Озарбайжон ва Туркия Олий судлари раислари, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакиллари қатнашди.

Дўстона ва ишчанлик муҳитида, ўзаро тушуниш ва ишонч руҳида ўтган йиғилишда томонлар умумманфаатли одил судловнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш баробарида суд органларининг ҳуқуқнинг турли йўналишлари бўйича ҳамкорлиги истиқболларини ҳам кўриб чиқишди.

Бугунги анжуманда киберхавфсизликка доир масалалар муҳокама қилинар экан, иштирокчилар бир овоздан бу борадаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, кибержиноятчиликка қарши курашишда суд органлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди.

Шунингдек, судлар фаолиятига сунъий интеллектни татбиқ этишга доир тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш давомида низоларни судгача ва суд жараёнида ҳал этишнинг муқобил усуллари ҳақида тажрибалар ўртоқлашилиб, бу соҳада судларнинг ролини мустаҳкамлаш лозимлиги эътироф этилди.

Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчилари вояга етмаганларнинг суд ҳимоясига оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда бола ҳуқуқ ва манфаатларини бузганлик учун қатъий жазо чораларини қўллаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, ШҲТ минтақасида бола ҳуқуқлари ҳимоясига оид қонунчиликни такомиллаштириш, вояга етмаганлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни бошқариш, бу борадаги тажриба алмашинувини янада кенгайтириш, бола ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш доирасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда вояга етмаганлар учун соғлом ҳуқуқий муҳит яратишга келишиб олдилар.

Йиғилиш кун тартибидан зўравонлик ва терроризм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш мавзуси ҳам ўрин олди.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раислари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мақсад ҳамда тамойилларига таянган ҳолда келгусида ШҲТга аъзо давлатлар суд органларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида олий суд органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, ишонч ва дўстликка асосланган алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Йиғилиш иштирокчилари миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига асосланган ШҲТга аъзо давлатлар суд тизимларини ривожлантириш мақсадида Олий судлар ўртасидаги мазмунли мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг XX йиғилиши конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорлик муҳитида ўтди.

Йиғилиш якуни бўйича Қўшма баёнот имзоланди.

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг йигирма биринчи йиғилиши 2026 йилда Эрон Ислом Республикасида ўтказилишига келишиб олинди.

photo_2025-08-28_12-16-38

АНТИҚА ФИРИБГАРЛИК

Ҳаётда очиқкўнгиллик, ишонувчанлик, самимийлик энг олийжаноб фазилатлар саналади. Аммо бу фазилатлардан фирибгар кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ўта моҳирлик билан фойдаланиши афсусланарлидир.

Шифохонага янги келтирилган беморни кўздан кечириб, ҳамширага тегишли муолажаларни буюргач, шифокор А. Файзиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўз хонасига кирганда, кутилмаганда қўл телефонига қўнғироқ бўлди. Қўнғироқ қилган шахс ўзини Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили “Ойбек Муродович”, яъни малака ошириш аттестация бўлими бошлиғиман деб таништирди. Сўнг аллақандай хижолатомуз овозда Хоразмдан текширувдан қайтишаётганда, йўлда автомашиналари бузилиб қолганини айтди…

“Ҳамкасб, бунинг устига вазирлик ходими экан, — дея кўнглидан кечирди А. Файзиев. — Демак, ёрдамга муҳтож, таниш бўлмасак-да, менга қўнғироқ қиляпти”.

— Сизга қандай ёрдам керак, Ойбек Муродович, — деб сўради А. Файзиев.

— Хижолатдаман, — жавоб қилди Ойбек Муродович. – Автомашинамиз кутилмаганда бузилиб, шу десангиз, бироз харажатга қийналиб қолдим. Таъмирлатиш учун икки миллион эллик минг сўм керак бўляпти. Шуни имкон бўлса, пластик картамга ташлаб берсангиз, ишга қайтган заҳотиёқ пулингизни пластик карточкангизга ташлайман.

Қисқаси, А. Файзиев унинг сўзларига зиғирча шубҳа қилмади, аксинча, вазирликда ишлайдиган ҳамкасбига ёрдами тегишини ўйлаб, ичидан мамнун бўлди.

Шу боис у ўзига тегишли пластик картадан 1 миллион 700 минг сўм, турмуш ўртоғининг пластик картасидан 350 минг сўм, жами 2 миллион 50 минг сўмни унинг пластик картасига ўтказиб берди. Кейин пул тушганини билиш учун унга қўнғироқ қилди.

— Катта раҳмат, пул тушди, тезда қайтараман, — деди Ойбек Муродович.

*    *    *

А. Файзиев вазирлик ходимига ёрдам берганидан мамнун бўлиб ўтирган пайтда, буни қарангки, тиббиёт бирлашмасининг бошқа бир хонасида бош ҳамшира З. Турсунованинг ҳам қўл телефони тўсатдан жиринглаб қолади.

Қўнғироқ қилувчи ўзини Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили “Ойбек Муродович”, яъни малака ошириш аттестaция бўлими бошлиғи деб таништиради. Ўртадаги суҳбат худди А. Файзиев билан қандай кечган бўлса, шундай рўй беради.

З. Турсунова ҳам унинг сўзларига ишонади ва ўзининг пластик картасидан 2 миллион эллик минг сўм ўтказиб беради.

*    *    *

Нарпайлик икки жабрланувчига ўзини “Ойбек Муродович” дея таништирган ўша кимса Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот таҳлил бўлими бошлиғи Д. Мамадиёровга телефон қилади. Бу гал у ўзини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ишловчи “полковник Ибрагимов” деб таништиради. Шундан сўнг муддаога кўчиб, делегация билан бирга қўшни республикадан хизмат сафаридан қайтиб келаётгани, ҳозир Хўжаобод туманидаги “Дўстлик”  чегара пости орқали ўтаётганини айтаркан, Хўжаобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи билан алоқа ўрнатиб беришини сўрайди.

Ўз навбатида, Д. Мамадиёров туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи А. Назаровни “полковник Ибрагимов” излаётганидан дарҳол хабардор қилади ва унинг телефон рақамини беради. А. Назаров ҳам қўнғироқ қилганда, нариги тарафдаги киши ўзини “полковник Ибрагимовман” дея таништираркан, Қирғизистондан Ўзбекистонга қайтаётганини маълум қилиб, “…тўлов қилишим керак, шунга пулим етмаяпти, агар пулингиз бўлса, 3 миллион 700 минг сўм пластик картамга ўтказиб юборсангиз, илтимос. Тошкентга қайтган заҳотиёқ пулни қайтариб бераман,” дейди.

Аксига олиб, Алишер Назаровнинг пластик картасида бунча пул йўқ эди. У дарҳол ҳамкасби Олимжон Келдиёровга қўнғироқ қилади ва вазиятни тушунтиради. “Полковник Ибрагимов”га пул кўчириб беришини, кечгача ўзи унинг пулини қайтаришини айтади. О. Келдиёров ҳамкасбининг, Алишер Назаров эса, янги танишнинг илтимосини шу тариқа бажаришади.

Орадан кунлар ўтади. Аммо ваъда қилинган пулдан дарак бўлмайди.

Шундан сўнг А. Назаров танишларидан сўраб-суриштирганда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Ибрагимов” деган шахс умуман ишламаслиги маълум бўлади. Бундан ҳайрон бўлган А. Назаров бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, ариза билан ички ишлар идорасига мурожаат қилади.

Гапнинг ўзани фирибгарлик қилмиши томон кетаётгани, юқорида баён этилган икки нафар тиббиёт ходими ҳам алдов қурбони бўлганини аллақачон англаган чиқарсиз.

Ҳа, шундай, ўзини мансабдор шахс деб таништириб, такроран алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини такроран қўлга киритишда ифодаланган жиноятни содир этган бу кимса аслида, бухоролик, ҳозирда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, бир эмас, икки эмас, олти марта ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини содир этиб, судланган, тайинланган жазоларни ўтаб чиқса-да, аммо сўқир кўзи очилмаган Фаррух Орзиқулов эди.

Энди воқеа тафсилотларига ойдинлик киритадиган бўлсак, бу кимса Бухородан Тошкентга қайтаётиб, Мирбозор қўрғонига тўхтаган. Телефон-ахборот хизмати туну кун ишлашини яхши билган Ф. Орзиқулов “1009” рақамли сўров-ахборот хизматига уланиб, Нарпай туман Тиббиёт бирлашмаси қабул бўлими телефон рақамини олади. Сўнг қабул бўлимига қўнғироқ қилиб, бирлашма жонлантириш бўлими бошлиғининг исм-фамилияси ва телефон рақамини билиб олади.

Шундан сўнг у икки нафар тиббиёт ходимини алдов йўли билан “чув” туширади.

Ўзгаларни алдаб, осон бойлик топиш илинжида олис манзилларни кўзлаган бу кимса Андижон вилоятининг Хўжаобод туманига борган ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ф. Назаровни нишонга олган.

Аммо бу фирибгар кимса қанчалик маккор ва устомон бўлмасин, барибир муқаррар жазодан қутулиб қололмади. Охир-оқибат қилмишлари ошкор бўлиб, қонун олдида жавоб берди.

Суд фирибгарликни касбга айлантирган Ф. Орзиқуловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топди ва қилмишига яраша қонуний ҳамда адолатли жазо тайинлади.

Атрофимизда очиқ кўнгил, самимий инсонлар кўп. Лекин ўзининг чиркин мақсадидан бошқасини ўйламайдиган фирибгар кимсалар ҳам йўқ эмас.

Бунинг устига, бундай кимсаларнинг пешонасига фирибгар деб ёзиб қўйилмаган.

Бундай вазиятда ҳаётга очиқ кўз билан қараш, ҳушёрлик ва огоҳлик кишини бундай иллатлардан муҳофаза қилишини унутмаслик керак.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси

photo_2025-05-30_16-02-22

МЕҲНАТ НИЗОСИ СУДДА ҚОНУНИЙ ЕЧИМ ТОПДИ

Ҳаётда иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат билан боғлиқ низолар учраб туради. Бундай паллада ўзининг қонуний ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган фуқаро судга даъво тартибида мурожаат қилади.

Чунончи, Конституциямизнинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Худди ана шу конституциявий қоидалар амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, яқинда фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи тумани судининг сайёр мажлисида даъвогар С. Сатторовнинг жавобгар — тумандаги 64-сонли умумтаълим мактаби директорига нисбатан дарс соатларини олиб бериш мажбуриятини юклатиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши кўриб чиқилди.

Аниқланишича, С. Сатторов ушбу мактабда ўқитувчи сифатида фаолият юритиб келган ва унга 2023-2024 ўқув йилларида 14 соат дарс ажратилган. Аммо 2024 йилнинг август ойида мактаб директори З. Турдиева томонидан дарс соатлари олиб қўйилиб, даъвогарга фақат икки соат уй синфи қолдирилган.

Табиийки, даъвогар бундан норози бўлиб, туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига мурожаат қилган. Бўлим ходимларининг талаби билан 10 соат дарс ўқитувчига яна қайтариб олиб берилган. Аммо бу билан мактаб раҳбарининг дарс соатларини тортқилаши тугамаган. 2025 йил январь ойида З. Турдиева яна С. Сатторовнинг 10 соат дарсини бошқа ўқитувчига олиб берган. У яна 2 соат уйга таълим дарслари билан қолаверган.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, тарафлар ўртасида меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган. Яъни унда мактаб ўқитувчилиги С. Сатторовнинг асосий иши ҳисобланиши кўрсатилган. Бундан кўриниб турибдики, даъвогарнинг бошқа қўшимча даромад манбаи мавжуд эмас.

Судда даъвогар ўзига нисбатан қисмини ғайриқонуний деб топишни сўраётган мактаб директорининг 2025 йил 22 январдаги ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тўғрисидаги буйруғига асос бўлган мактаб педагогик кенгашининг 2025 йил 6 январдаги йиғилиш баёнини расмийлаштиришда Халқ таълими вазирининг 2016 йил 30 майдаги буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талаблари жиддий тарзда бузилганлиги маълум бўлди.

Чунки ушбу йиғилиш баёни тегишли тартибда рақамланмаган, у ип ўтказиб тикилмаган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими масъул ходими томонидан имзоланиб, муҳрланмаган.

Ваҳоланки, юқорида қайд этилган Низомнинг 23-бандида мазкур намунавий Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлиши кўрсатилган.

Даъвогар С. Сатторов масаласига қайтадиган бўлсак, у мактабда рус тили фанидан 12 соат дарс соатига эга бўлган. Иш берувчи Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда 3271-сон билан давлат рўйхатига олинган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда 2016 йил 9 июнда 2799-сон билан давлат рўйхатига олинган “Умумий ўрта таълим муассасасининг педагогик кенгаши тўғрисида”ги намунавий Низом талабларини бузган ҳолда, ҳеч бир асоссиз унинг дарс соатларини қисқартирган.

Бундай ҳолатда мактаб директори З. Турдиеванинг 2025 йил 22 январдаги 13-5-77-ДУМ/2025-сонли буйруғини қонуний деб бўлмайди.

Шу сабабли, суд мазкур буйруқнинг С. Сатторовга тегишли қисмини ғайриқонуний деб топди. С. Сатторовдан асоссиз олиб қўйилган 10 соат дарсни даъвогарга қайтариб бериш мажбуриятини мактаб директори З. Турдиева зиммасига юклатиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, дарс соатларини тўғри тақсимлаш борасидаги баҳсли масала судда ўзининг қонуний ечимини топди. Бу мамлакатимизда иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларида Конституция ва меҳнат қонунчилиги талаблари доимо устувор аҳамият касб этишининг амалий исботидир.

Баҳодир БОБОҚУЛОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Хатирчи тумани суди раиси

photo_2025-04-22_11-32-13

АДОЛАТ МЕЗОНИ ЖАЗОНИНГ МУҚАРРАРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

…2010 йилнинг 3 март куни Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида туғилган, кейинги пайтда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида вақтинча яшаб келган мактаб ўқувчиси Мурод Раҳмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳали вояга етмай туриб, икки марта оғир жиноий қилмишга қўл урди. Дастлаб шу йилнинг 9 январь куни у ўзга фуқарога тегишли автомашинани ноқонуний тарзда эгаллаб олиб, ўғирлаб қочиб кетган.

Бироқ унинг “сайри” узоқ чўзилмайди, тезда жиноят устида қўлга тушади.

Тергов суди шу воқеа юзасидан қўзғатилган жиноят ишини эътироф этди.

Жиноят кодексининг транспорт воситасини олиб қочишга доир 267-моддаси 1-қисми бўйича олиб борилган тергов-суриштирув тадбирлари якунида иш суднинг ҳукмига ҳавола қилинди. Навбат қилмишнинг сўровига етди. Афсуски, бу жараёнда яна бир нохуш ҳодиса рўй берди. М. Раҳмонов бошқа автомашинани ўғирлаш йўли билан навбатдаги жиноий ҳаракатни содир этган. Маълум бўлишича, айбланувчи оғир оқибатли жиноий қилмишлар тоифасига кирувчи бу қилмишни унинг ножўя хатти-ҳаракати суд тарафидан муҳокама қилинаётган бир пайтда, яъни 2025 йилнинг 21 февралидан 22 февралига ўтар кечаси ярим тунда содир этган.

Ўша куни М. Раҳмонов Марбугат маҳалласидаги қариндошининг уйига меҳмонга боради. Тун алламаҳали бўлганда, у меҳмондорчиликдан қайтаётиб, шу ҳудуддаги Умидбахш кўчасидаги уйлардан бирининг олдида турган “Кобальт” русумли автомашинага кўзи тушади-ю, фикри бузилади.

Б. Ўрозматовга қарашли автоулов шу аснода М. Раҳмоновнинг ўлжасига айланди.

Аммо автомашина игна эмаски, ерга тушиб, ғойиб бўлса. Шу боис ўғирланган автомашинани ахтариб топиш кўпам мушкул бўлмади. М. Раҳмонов яна жиноий қилмиш устида қўлга тушди.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, бундай жиноий қилмишлар, ҳақиқатан ҳам, асоратли ва оғир оқибатли жиноий ҳодисалар туркумига киради.

Бунинг устига бундай қилмиш суд ёки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган пайтда бевосита айбланувчи шахс тарафидан ва такроран содир қилинса, унинг оқибати янада оғир кечиши турган гап. Шу маънода айтганда, М. Раҳмонов томонидан такроран содир этилган қилмиш Жиноят кодексининг ўта оғир жиноий қилмишни назарда тутувчи 267-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича малакаланди. Тергов ва суд жараёнида гумонланувчини ўз тарбиясига олган отаси ва тоғаси зиммаларидаги бурч ва мажбуриятга лоқайд қарашгани маълум бўлди. Бор-йўғи, бир ярим ой ичида содир этилган икки жиноий қилмиш айнан шундай эътиборсизлик ва лоқайдликларнинг мантиқий якуни сифатида бўй кўрсатди.

Суд масаланинг айнан шу жиҳатини ҳам назарда тутди. Тергов органининг М. Раҳмоновни жамиятдан вақтинча ажратиш тўғрисидаги сўрови гумонланувчининг қонуний вакили, жараёнга жалб қилинган таълим ташкилоти вакили ва адвокат иштирокида кўриб чиқилди. М. Раҳмоновнинг хатти-ҳаракатида янада оғир қилмишга мойиллик аломати яққол сезилаётгани алоҳида қайд этилди. Бундай вазиятда шахсни назоратсиз қолдиришнинг оқибати хайрли тугашига ишонч йўқ. Суд эҳтимол тутилган бу каби ҳолатларни эътибордан четда қолдирмади.

Гумонланувчига нисбатан, гарчи ҳали анча ёш бўлса-да, вақтинчалик ҳибсда сақлаш эҳтиёт чорасини қўллашни мақсадга мувофиқ деб топди.

Агар 10 кун ичида айб эълон қилинмаган тақдирда, уни қамоққа олишга оид суд ажрими бекор қилиниши мумкинлиги тушунтирилди.

Маъмурий хуқуқбузарликнинг бу каби ажри Гурлан туманидаги Ёрмиш маҳалласида яшовчи Сотимбой Ҳожибоевни ҳам сўроқлаб келди. У ўзининг 4 нафар фарзандига оталик фарзини муносиб тарзда адо этишдан бўйин товлагани, аниқроғи, зиммасидаги мажбуриятни кўр-кўрона бажармагани ошкор бўлди.

Аниқланган фактларга қараганда, у собиқ турмуш ўртоғи Д. Тожиевага фарзандлари тарбияси учун алимент тўлови юзасидан 2013 йил 28 мартда чиқарилган суд буйруғига беписандлик билан қараган.

Зиммасидаги тўлов мажбуриятини адо этишдан кам эмас, нақ 12 йил мобайнида бўйин товлаб келган. Бу вақт мобайнида фарзандлар тарбияси учун тўланмай қолган алимент маблағлари миқдори осмонга ўрлаб, қиймати ҳам тўхтовсиз ортган. Юзага келган катта миқдордаги қарзни узиш,собиқ турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги бурчи ва мажбуриятларини адо этишга қаратилган талаб ва огоҳлантиришлардан наф чиқмаган. Қарздорликнинг умумий миқдори 2025 йилнинг 1 мартига келиб, нақ 207,1 миллион сўмни ташкил этган.

Зиммасидаги оталик бурчини бажармаган, фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаган С. Ҳожибоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси, 1-қисми бўйича жавобгарликка тортилди. Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар суднинг эътиборига ҳавола қилинди. Суд маъмурий ишни батафсил ўрганиб чиқди. Жавобгар айбидан тонмади, унга иқрорлик билдирди. Шу билан бирга, қонун мурувватига умидворлик оҳангида айрим ҳолатларни инобатга олишни сўради. Унинг айтишича, 2013-2017 йиллар оралиғида тўрт нафар фарзанди унинг қарамоғида бўлган. Тегишли суд маҳкамасининг 2017 йилги қарорига асосан, икки нафар фарзанди собиқ умр йўлдоши Д. Тожиеванинг қарамоғига олиб берилган. Қолган 2 нафар фарзанднинг тарбияси унинг зиммасига юклатилган.

С. Ҳожибоев ҳозир фарзандларининг барчаси вояга етгани ва Тошкент шаҳрида таълим олаётгани, уларнинг тарбиясига бефарқ қарамаётгани: маблағ ва озиқ-овқат билан таъминлаб келаётганини таъкидлади. Бироқ ўз гарданига юкланаётган катта миқдордаги алимент қарздорлиги нотўғри ҳисоблангани, бунча ҳажмдаги маблағни қоплаш имкони мавжуд эмаслигини қайд этди.

Судда жабрланувчи мақомида кўрсатма берган Д. Тожиева жавобгарнинг бу иддаосини тан олмади ва С. Ҳожибоевга нисбатан қонуний жазо тайинлашни сўради.

Суд жавобгар ва жабрланувчининг баёнотини далил ва ҳужжатлар асосида текширди. Бунда С. Ҳожибоевнинг Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлаётгани тўғрисидаги важлари ўз исботини топмади.

Бундай вазиятда айбланувчи шахсни жазодан ва зиммасидаги тўлов мажбуриятидан озод қилишнинг имкони йўқ. Жавобгарнинг суддаги кўрсатмаси факт ва далиллар асосида ўз тасдиғини топса, масалани унинг фойдасига ҳал қилиш мумкин. Суд бу ҳолатни назарда тутиб, С. Ҳожибоев қарийб 12 йилдан буён адо этилмай келаётган ва бугунги кунга келиб, 207 миллион сўмдан ошиб кетган алимент тўлови учун жавобгар, деган хулосага келди.

Чиндан ҳам, фарзанд – оила бахти, бутун жамиятнинг иқболи, келажак бунёдкори. Уни муносиб даражада камолга етказиш эса, биринчи галда, ҳар бир ота-онанинг бурчи, зиммасидаги мажбурият саналади. Афсуски, С. Ҳожибоев зиммасидаги бу мажбуриятга беписандлик билан қаради, оталик фарзи ва қарзини муносиб даражада адо этишдан очиқчасига бўйин товлади. Қонун ва жамият бу ҳолга бефарқ эмас. Суд ана шу хулосага суянган ҳолда ҳуқуқбузар С. Ҳожибоевни маъмурий қамоқ жазосига маҳкум этди. 207,1 миллион сўмлик алимент тўлови мажбуриятини унинг зиммасида қолдирди.

Дилмурод Юсупов,

жиноят ишлари бўйича

Гурлан тумани судининг

тергов судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

photo_2025-09-22_17-25-22

ҚОНУН ТАЛАБИГА МУВОФИҚ РАСМИЙЛАШТИРИЛМАГАН ДАЪВО АРИЗАСИНИ СУДГА ТАҚДИМ ЭТИШ ОҚИБАТЛАРИ

Судга мурожаат қилиш, аввало, даъво аризаси тақдим этишдан бошланади. Шу маънода, Иқтисодий процессуал кодексда даъво тақдим этиш, иш қўзғатиш асослари, даъво аризасининг шакли ва мазмуни, унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориш, шунингдек, тегишли ҳужжатларни илова қилишга оид меъёрлар аниқ белгилаб қўйилган. Судга даъво аризаси билан мурожаат қиладиган тараф, албатта, ушбу қонун талабларига риоя қилиши шарт.

Аммо қонун талабларига риоя қилмаган ҳолда иқтисодий судга даъво аризаси бериш ҳолатлари ҳам баъзан учраб туради. Бундай қонунбузилиши ҳолатига мисол сифатида суд амалиётида кўрилган бир иқтисодий иш тафсилотига мухтасар тўхталамиз.

Даъвогар — Навоий давлат Ўрмон хўжалиги судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — «Навоий магистрал электр тармоқлари» корхонасидан 86 963 078 сўм асосий қарзни ундириб беришни сўраган.

Суднинг 2025 йил 14 апрелдаги ажрими билан ушбу даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган. Чунки даъво аризасини ўрганиш жараёнида даъвогарнинг масъул ходими ўз меҳнат фаолиятида бир қатор хато-камчиликларга йўл қўйгани, бунинг оқибатида қонунчилик талаблари бузилгани, даъвогар манфаатларига зарар етгани ва келгусида мазкур ҳолатларнинг олдини олишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги аниқланган.

Хусусан, даъвогар жавобгарга нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан судга 2025 йил 28 февралда даъво аризаси билан мурожаат қилган. 

Аммо даъвогар раҳбари Б. Жумаев номидан кирититлган ушбу даъво аризасини бошқа шахс имзолаган бўлиб чиқди. Яъни даъво аризаси Б. Жумаев номидан имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган ҳолатда судга тақдим қилинган.

Қонун талабига биноан, даъвогар ходимига тегишли тартибда даъво аризасини имзолаш ваколати берилган бўлса, у ҳолда даъво аризаси ўша шахснинг мансаб мавқеи ҳамда фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда унинг ўзи томонидан имзоланиши ва бунга ваколати мавжудлигини тасдиқловчи далил илова қилиниши лозим.

Нега деганда, Иқтисодий процессуал кодекснинг 151-моддасига кўра, агар даъво аризаси вакил томонидан имзоланган бўлса, унга даъво аризасини имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши назарда тутилган.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддаси биринчи қисми 3-бандига кўра, даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Шу боис, суд даъво аризаси уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланганлиги сабабли даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

Маълумки, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш тартиби қайд этилган. Айни чоғда, Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддаси биринчи қисми 3-бандида даъво аризаси кўрмасдан қолдирилганда давлат божи қайтарилиши мумкинлиги белгиланмаган.

Шунга кўра, суд даъво аризаси кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини даъвогарнинг зиммасига юклади.

Бунда суд даъвогар томонидан судга даъво аризасини тақдим қилишда олдиндан 1 739 276 сўм давлат божи ва 37 500 сўм почта харажати тўланганлигини инобатга олиб, мазкур суд харажатини даъвогардан ундирмасликни лозим топган.

Бу эса, даъво аризасини расмийлаштириш ва судга тақдим этишда юқорида қайд этилган қонунчилик талаблари даъвогар масъул ходими томонидан бузилганлиги оқибатида даъвогар манфаатларига зарар етказилишига олиб келган.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, Меҳнат кодексининг 300 ва 301-моддалари талабига кўра, интизомий жавобгарлик – ходим томонидан интизомий қилмиш  содир этилганлиги учун юзага келадиган ва ушбу ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган ҳуқуқий жавобгарликдир.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 200-моддаси биринчи қисмига кўра, ишни кўриш вақтида давлат органи ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.

Шу асосда суд томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича қонунбузилишига йўл қўйилганлиги боис хусусий ажрим чиқарилди.

Ажримда кўрсатилган салбий ҳолатларга келгусида йўл қўймаслик мақсадида, Навоий давлат Ўрмон хўжалиги томонидан айбдорни аниқлаб, унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш вазифаси юклатилди.

Мухтасар айтганда, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқларини бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмасдан амалга ошириши, мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариши, қонунларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим. Бу мезонлар ҳуқуқий маданиятнинг энг муҳим шартлари ҳисобланишини эътибордан соқит қилмайлик.

Шерзод Ғофуров,

Зарафшон туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2025-10-07_14-21-47

ОНАХОН СУД ЭШИГИНИ ҚОҚДИ

Ҳаётда турли-туман воқеалар рўй беради. Масалан, Ҳанифа Ҳакимова етмиш беш ёшга тўлганда туғилганлик фактини аниқлаш ҳақида ариза ёзиб, суд эшигини қоқди.

Бу хабарни эшитиб, эҳтимол, ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ҳа, ҳаётда баъзан шунақаси ҳам учраб туради. Қонунларимизда бу каби масалаларни ҳал этишнинг аниқ мезонлари белгилаб қўйилган, улар асосида фуқаро мурожаати ўз вақтида суд томонидан қонуний ечимини топади.

Онахоннинг аризаси ва суд мажлисидаги тушунтиришидан маълум бўлдики, Ҳ. Ҳакимова 1950 йил 25 январда Пастдарғом туманида туғилган.

Ота-онасининг турмушларидан етти нафар фарзанд туғилган бўлиб, у — тўнғичи.

Ҳанифа она дунёга келган пайтида ота-онаси унга туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олган. Гувоҳномаси борлиги боис ўрта мактабда таълим олган.

Вояга етгач, ана шу гувоҳнома асосида шахсини тасдиқловчи фуқаролик паспортига эга бўлган.

Айниқса, кексайганда шахсий ҳужжатлар тўлиқ ва тўғри бўлгани яхши экан. Чунки мерос масаласини ҳал қилишга зарурият юзага келганида Ҳанифа момо қарасаки, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқ. Сандиқда, ҳужжатлар орасида бўлиши керак эди, лекин қайта-қайта қидириб уни тополмайди. Анча йиллардан бери зарурият бўлмагани учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига кўзи тушмагани кўнглидан кечади ва туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилади. Буни қарангки, ФҲДЁ бўлимида ҳам унинг туғилгани қайд этилганлиги ҳақида маълумот топилмайди. Шундан сўнг Ҳ. Ҳакимова вилоят адлия бошқармаси ФҲДЁ архивига мурожаат қилади.

Афсуски, бу архивда ҳам Ҳ. Ҳакимованинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзуви топилмайди. Шундан сўнг Ҳ. Ҳакимова фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади.

Судда аниқланишича, Ҳ. Ҳакимовага Пастдарғом тумани Ички ишлар бўлими хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан 2018 йил 28 августда берилган фуқаролик паспортига қараганда, у 1950 йил 25 январда Пастдарғом туманида туғилган. Аммо аризачининг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви туман 1-сон ФҲДЁ бўлими архивида ҳам, Самарқанд вилояти ФҲДЁ архивида ҳам мавжуд эмас. ФХДЁ архиви томонидан 2025 йил 7 апрелда унга бу ҳақда маълумотнома берилган.

Шу ўринда бу борадаги қонуний асосларга тўхталадиган бўлсак, амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 295-моддаси 1-қисмига кўра, суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

Ушбу модданинг 2-қисми 3-бандида, суд оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилганлик вақтини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўриши қайд этилган.

Суд юқоридаги қонун талабига риоя қилган ҳолда Ҳ. Ҳакимованинг 1950 йил 25 январь куни Пастдарғом туманида туғилганлигини тасдиқловчи фуқаролик паспорти борлигини, аммо архив маълумотномаларида унинг туғилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмаслигини, бу фактни белгилаш аризачига мерос масаласини ҳал қилиш учун зарурлигини инобатга олди. Ҳ. Ҳакимованинг туғилганлик фактини аниқлаш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Ушбу ҳал қилув қарори туман 1-сонли ФХДЁ бўлимига юборилди.

Гувоҳи бўлганингиздек,кекса онахон ҳаётда дуч келган бир муаммо қонун йўли билан судда ечим топди. Инсонпарварлик, халқпарварлик, демократик тамойиллар руҳи билан суғорилган қонунларимиздаги мезон фуқаро мурожаатининг қаноатлантирилишига асос бўлди.

Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Пастдарғом тумани

суди судьяси

photo_2025-07-14_11-02-21

НОҲАҚЛИККА УЧРАГАН ИНСПЕКТОР 15 ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНИБ, ЎЗ ИШИГА ТИКЛАНДИ

Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Бу ҳикматнинг нечоғли топиб айтилганига Фарғона вилоят божхона бошқармасининг “Андархон” божхона пости инспектори вазифасида хизмат қилган Шавкатжон Қудратов ўз бошидан машаққатли синовларни ўтказгач, яна бир карра амин бўлди.

Ш. Қудратов 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитасининг тегишли буйруғи билан инспектор вазифасига ишга қабул қилингач, 10 йил давомида сидқидилдан хизмат қилади. Аммо 2009 йил апрель ойида кутилмаганда унинг бошига жиддий ташвиш тушади.

Аниқроғи, 2009 йил 20 апрель куни Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб, қамоққа олинади.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг 2009 йил 26 апрелдаги 60 ш/т-сонли буйруғи билан лавозимидан озод этилиб, қуролли кучлар захирасига бўшатилади. Ушбу буйруққа Фарғона вилоят божхона бошқармасининг 2009 йил 20 апрелдаги хулосаси асос қилиб олинган.

Бундан ташқари Ш. Қудратов жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2009 йил 24 августдаги ҳукмига биноан, Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари, 210-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 10 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади.

Суднинг 2009 йил 14 октябрдаги кассация ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилади.

Шундан сўнг Ш. Қудратов 5 йилдан кўпроқ вақт мобайнида жазо муддатини ўтаб, 2014 йил 5 декабрда озодликка чиқади. Аммо унинг кўнглига чироқ ёқса, ёришмас, ҳаётида рўй берган бу ноҳақлик уни қаттиқ қийнарди.

Қисқаси, орадан йиллар ўтиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошлагач, Ш. Қудратовнинг кўнглида ҳам адолатни қарор топишига ишонч пайдо бўлди. Шу боис у ўзининг айбсизлиги, ўша пайтда турли хил тазйиқ ва босим остида ишдан бўшатилиб, жиноий жавобгарликка тортилганини таъкидлаган ҳолда Олий судга мурожаат қилди.

Албатта, Олий суд томонидан Ш. Қудратовга оид жиноят иши қонун доирасида батафсил ўрганиб чиқилди ва унинг айбсизлиги ўз исботини топди: Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси томонидан 2024 йил 21 октябрда чиқарилган ажримга мувофиқ жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2009 йил 24 августдаги ҳукми ҳамда 2009 йил 14 октябрдаги кассация ажрими бекор қилиниб, у оқланади.

Тафтиш инстанцияси ажримида оқланган инспекторга ўзига етказилган мулкий ва маънавий зиён оқибатларини бартараф қилиш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Бинобарин, Ш. Қудратов фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси киритиб, Фарғона вилоят божхона бошқармасининг 2009 йил 20 апрелдаги хулосасини ҳақиқий эмас, деб топиш, Давлат божхона қўмитасининг 2009 йил 26 апрелдаги 60 ш/т-сонли буйруғини бекор қилган ҳолда, уни хизматга тиклаш ҳамда ўзига меҳнат дафтарчасининг берилиши кечиктирилган вақт учун пуллик компенсация ва маънавий зарарларни ундириб беришни сўради. Суднинг 2025 йил 9 апрелдаги ҳал қилув қарори асосида даъво аризаси қаноатлантирилди, Ш. Қудратовни Фарғона вилоят божхона бошқармасининг “Андархон” божхона пости инспектори ёки унга тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш, Фарғона вилоят молия бошқармасининг марказлашган жамғармасидан 70 миллион сўм миқдорида маънавий зарар, шунингдек, Давлат божхона қўмитасидан меҳнат дафтарчасининг берилиши кечиктирилган вақт учун 10 миллион 488 минг сўм миқдорида компенсация ундириш белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, ноҳақликка учраган инспектор 15 йилдан сўнг оқланиб, ўз ишига тикланди. Айни пайтда Ш. Қудратов “Андархон” божхона пости инспектори лавозимида хизмат қилмоқда. Энг асосийси, унинг ҳамкасблари, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй ва таниш-билишлари олдида юзи ёруғ бўлди. Бу ҳам бўлса, “Янги Ўзбекистон – янги ислоҳотлар” тамойилининг амалий ифодасидир.

Қамбарали АБДУЛҲАЕВ,

“Адолат шамчироғи”

адвокатлик фирмаси раҳбари (Қўқон)

#thegov_button_69cbe18815e15 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbe18815e15:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69cbe18815e15 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69cbe18815e15:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!