Click to listen highlighted text!
1
Режим работы Верховного суда Республики Узбекистан – понедельник – пятница: 9:00 – 18:00

Category: Янгиликлар

photo_2024-03-01_17-04-47

КУНЧИҚАР ЮРТ ТАЖРИБАСИ

Шу йил 8 январдан – 9 февралга қадар JICA ва UNAFEI ташкилотлари томонидан Япониянинг Токио шаҳрида бир ой муддатга ташкил этилган ўқув семинарида иштирок этдим.

UNAFEI – БМТнинг Узоқ Шарқ, Африка ва Америка давлатлари учун филиали ва JICA (Япония халқаро алоқалар агентлиги) халқаро ташкилотлари шафелигида Токио шаҳрида ўтказилган “Жиноий одил судлов ва жиноятчиликнинг олдини олиш сиёсати ва амалиётини такомиллаштириш” мавзусидаги ўқув семинари дастурида дунёнинг 14 та мамлакатидан 17 нафар вакил иштирок этди.

Машғулотларда Япония суд-ҳуқуқ тизими, жиноятлар учун жазо тайинлаш амалиёти, қамоқхоналар ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида маҳбусларни сақлаш тартиби, уларга яратилган шароитлар, шунингдек, маҳкумларни муддатидан аввал ёки шартли озод қилиш тартиби ва жазони ижро этиш тизими ҳамда унинг фаолиятининг самарадорлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Японияда суд тизими Олий суд, юқори инстанция судлари, округ судлари, умумюрисдикция ва оилавий судлардан иборат.

Умумюрисдикция судларининг сони 438 та бўлиб, улар ҳудудларда, яъни туман ва шаҳарчаларда фаолият юритади ва даъво миқдори 1 миллион иенадан ортиқ бўлмаган барча фуқаролик ишлари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноят ишлари умумюрисдикция суди судьяси томонидан якка ва соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.

Япониядаги округ судлари 203 та бўлиб, уларда барча тоифадаги жиноят ва фуқаролик ишлари биринчи инстанция сифатида кўрилади. Округ суди судьялари ҳам ишларни одатда якка тартибда кўришади, фақат иш тайинлаш босқичида ҳайъатда кўриш тайинланган ёки бир йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноят ишлари ҳайъат таркибида кўрилади.

Оилавий судлар судьяси оилавий муносабатларга оид фуқаролик ишлари, ярашувга оид ишлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ишларини якка тартибда кўриб чиқади.

Японияда оилавий судлар сони 200 тадан ортиқ.

Юқори судлар Япониянинг 14 та йирик шаҳрида жойлашган бўлиб, уларда қуйи судлар, яъни умумюрисдикция, округ ва оилавий судлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан берилган шикоятлар уч нафар судья иштирокида апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Япония Олий суди суд тизимининг энг юқори инстанцияси бўлиб, юқори судларда кўрилган ишлар устидан берилган шикоятларни апелляция тартибида кўриб чиқади. Олий судда раис ва 14 нафар судья фаолият юритади.

Ўқув-семинар дастури давомида Япониянинг жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларга яратилган шароитлар билан ҳам танишдик.

Жумладан, Хиросима шаҳридаги вояга етмаган ёшлар махсус мактабида жиноят содир этган вояга етмаган шахсга нисбатан Япония жиноят қонунчилигига мувофиқ содир этган жиноятига мос тарзда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо қўлланилишига гувоҳ бўлдик.

Японияда вояга етмаган судланувчиларга имтиёзлар бериш, шартли ҳукм сингари ҳолатлар учрамайди. Япон ҳуқуқшуносларининг фикрича, вояга етмаган шахсни жиноятга қўл урган заҳотиёқ қайта тарбиялаш зарур. Шу боис маҳкум жазони ижро этиш муассасаси ҳисобланган махсус мактабга жойлаштирилиб, уни ўқитиш ҳамда касбга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу ўринда Японияда шахс 20 ёшга тўлгунга қадар вояга етмаган ҳисобланишини ҳам таъкидлаш лозим.

Японияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларнинг қарийб 70 фоизи ўғрилик жиноятини содир этган шахслар бўлиб, ўғриликлар асосан уй ва хонадонларда содир этилар экан. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар содир этган ва тан жароҳати етказгани учун судланиб жазо ўтаётганлар фоизи ҳам бошқа жиноятларга нисбатан юқори. Фирибгарлик жиноятининг салмоғи ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш жиноятидан ҳам камроқ фоизни ташкил этади.

Ўтган аср бошларида жамоат арбоби Мэйзен янги ҳаракатни, яъни озод бўлган собиқ маҳкумларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси этиб қайтариш борасида жамоатчилик ҳаракатини бошлаган. Бу ҳаракатга ҳукумат ҳам эътибор қаратгач, жазо муассасаларидан озод бўлган шахслар учун махсус жойлар – “Hogoshi’s House” ва “Half-way House” фаолияти йўлга қўйилган.

Бу масканларда жазодан озод бўлган шахслар бир неча ойдан 1,5 йилга қадар яшаш ва ҳаётга қайта мослашишлари мумкин бўлади. Ушбу уйларда барча шароитлар мавжуд, шунингдек, бу ерда психолог, тиббиёт ва ижтимоий хизмат ходимлари фаолият кўрсатади. Улар озод бўлган шахсга ҳар томонлама кўмак кўрсатади. Бу судланган шахснинг қайта тузалиши ва келгусида такроран жиноят содир этмаслигига қаратилган самарали халқаро тажрибадир.

Эътиборли жиҳати шундаки, Японияда судьяларга нисбатан ишонч ва ҳурмат жуда юқори бўлиб, япон жамияти суд тизими ва судьялар мустақил равишда ишларни фақат қонун асосида ҳал қилишига тўлиқ ишонади.

Буни 2023 йил давомида биринчи инстанция судлари чиқарган жами қарорларнинг бор-йўғи 11 фоизи устидан шикоят берилганида ҳам кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Япониянинг бутун дунёда энг илғор, етакчи ва тараққий топган мамлакатга айланишида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг муносиб ҳимоя қилингани ҳамда суд ва судьяларнинг мустақиллиги тўлиқ таъминлангани муҳим омил бўлган. Шу боис кунчиқар юрт суд-ҳуқуқ тизимининг илғор тажрибаларини ўрганиш фойдадан холи эмас.

Зафаржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси

photo_2024-03-29_16-10-42

ТАДБИРКОРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТИ СУДДА ҲИМОЯ ҚИЛИНДИ

Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризасида вилоят “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига 2022 йилнинг январь ва февраль ойларида “Rolled stell plus” масъулияти чекланган жамияти томонидан сарфланган 401 минг 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархлар асосида қайта ҳисоблаш мажбуриятини юклаш сўралган.

Суд мажлисида маълум бўлишича, 2022 йил 21 февралда газ таъминоти филиали ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш ҳамда қабул қилиш бўйича 02/179-сонли шартнома тузилган. Шартномада таъминотчи корхона ҳар бир куб метр табиий газни тадбиркорлик субъектига 660 сўмдан етказиб бериши белгиланган. Аммо 2022 йилнинг январь ва февраль ойида “Rolled stell plus” корхонасида сарфланган табиий газнинг ҳар бир метр куби 924 сўмдан ҳисобланган.

Бошқача айтганда, корхонага етказиб берилган маҳсулот учун 106 миллион 86 минг 656 сўмлик ортиқча тўлов талаб этилган. Табиийки, бундан норози бўлган корхона 2022 йил 11 февраль куни эътироз хатини юборган. Аммо у оқибатсиз қолдирилган. Шундан сўнг тадбиркорлик субъекти Фарғона вилояти прокуратурасига мурожаат қилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Фуқаролик кодексининг 357-моддасида “Шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади” дея қайд этилган. Бундан ташқари Иқтисодий процессуал кодекснинг 184-моддасида пул маблағларини ундириш ёки мол-мулкни топшириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклатиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганда суд ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида амалга оширилиши керак бўлган ҳаракатларни, шу ҳаракатларни амалга ошириши шарт бўлган шахсни, шунингдек, уларнинг амалга оширилиш жойи ва муддатини кўрсатиши белгиланган. Шу боис Фарғона туманлараро иқтисодий суди даъвони қаноатлантириб, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти зиммасига ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, беш кунлик муддатда “Rolled stell plus” корхонасига етказиб берилган 401 654 куб метр табиий газни шартномада белгиланган нархда қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятини юклади.

Буни қарангки, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти масъуллари “Oliy sifat sari savdo” масъулияти чекланган жамиятининг ҳам ҳуқуқларини бузган экан. Аниқланишича, 2022 йил 25 декабрда икки корхона ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш” қоидаларига мувофиқ, табиий газ истеъмолчиларининг бошқа тоифаларига табиий газ фақат шартномалар асосида етказиб берилади.

Бироқ таъминотчи Адлия вазирлигида 2018 йил 1 июнда 3018-сон билан рўйхатдан ўтган “Табиий газ етказиб бериш, транспартировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномани асос қилиб, истеъмолчига 2023 йил август ойи учун 44 552 куб метр газни қўшимча ҳисоблаган. Оқибатда “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан 44 миллион 551 минг сўм маблағ асоссиз ечиб олинган. Бундан норози бўлган тадбиркорлик субъекти Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан асоссиз ечиб олинган маблағни ундириб беришни сўраган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд мажлисига мутахассис сифатида жалб қилинган “Ўзнефтгазинспекция”си Фарғона вилояти бошқармаси вакили “Oliy sifat sari savdo” корхонаси ҳисоб рақамидан асоссиз равишда маблағ ечиб олинганини эътироф этди. Қолаверса, даъвогарнинг шахсий варақаси кўчирмалари ҳам тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилганини кўрсатди.

Ана шу асосларга таянган суд “Oliy sifat sari savdo” корхонаси фойдасига “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳисобидан 44 миллион 551 минг сўм ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши иқтисодиётни юксалтириши баробарида янги иш ўринларини яратиб, жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига салмоқли ҳисса қўшади.

Тоҳиржон МАМАТОЖИЕВ,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди раиси

photo_2024-03-29_16-03-48

ҚАЙТА МАЛАКАЛАШ СУДЛАНУВЧИНИНГ СУД ЗАЛИДА ҚАМОҚДАН ОЗОД ҚИЛИНИШИГА АСОС БЎЛДИ

Миллий қонунчилигимизда инсонпарварлик, адолатпарварлик, кечиримлилик каби кўплаб олижаноб тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган. Масалан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятни очишга фаол ёрдам берган, етказилган зиённи қоплаган шахслар жавобгарлик ва жазодан озод қилиниши мумкин. Бунга қуйидаги воқеа тафсилоти ҳам яққол мисол бўлади.

Нарпай туманида яшовчи Элбек Одиловнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) қишлоқдоши Адиба Раҳматова билан унаштирилганига кўп вақт бўлмаган.

Ўтган йилнинг кузида А. Раҳматовага опаси телефон қилиб, поччаси Сарвар Қодиров хориждан келгани муносабати билан уйига танишларини меҳмондорчиликка таклиф этгани, шунга ёрдам бериш зарурлигини айтади. Табиийки, А. Раҳматова опасининг гапини ерда қолдирмайди.

Зиёфат тугаб, Адиба вояга етмаган укаси Алишер ва жияни Лочинбек билан уйга қайтаётганда поччаси С. Қодиров ҳам уларни кузатиш учун кўчага чиқади. Шу пайт кўча четида турган автомашинадан тушган Э. Одилов А. Раҳматовага “Ярим тунда кўчада нима қилиб юрибсан?” — дея бақира бошлайди. Хорижга ишга кетган Сарвар Қодиров бошқа маҳаллада яшовчи Элбек Одиловни танимас эди. Шу боис у Э. Одиловнинг қўлидан тортиб, бу ҳаракатнинг сабабини сўрамоқчи бўлади. Аммо бундан жаҳли чиққан Э. Одилов С. Қодировнинг чап юз соҳасига зарб билан мушт туширади. Кутилмаган зарба туфайли С. Қодиров ерга йиқилиб, боши бетон тўсиққа урилади. Бошидан қон оқаётганини кўрган Э. Одилов С. Қодировнинг ўрнидан туришига ёрдам беради ва ундан кечирим сўрайди.

Кейинчалик даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонларни ҳам олиб беради.

Шундан сўнг Э. Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, унинг хатти-ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “б” банди билан малакаланади.

Яқинда ушбу жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд муҳокамасида С. Қодиров Э. Одиловни кечиргани, унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди. Судда гувоҳ тариқасида сўралган суд-тиббий экспертиза эксперти Ш. Воитовнинг кўрсатмаси ҳақиқий ҳолатни тўлиқ ойдинлаштирди. У С. Қодиров енгил тан жароҳати олгани ҳақида хулоса берди.

Суд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, Э. Одиловнинг содир этган жиноий ҳаракати тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди билан нотўғри малакаланган, деган хулосага келди. Чунки Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарори 2-бандида “баданга шикаст етказишга оид ишлар бўйича қилмишни тўғри квалификация қилиш учун айб шакли, баданга шикаст етказиш мотиви, мақсади ва усули, айбдорнинг қилмиши билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлиги, шунингдек, ишнинг тўғри ҳал этилиши ва айбдорга адолатли жазо белгиланиши учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар батафсил аниқланиши лозим” дея қайд этилган.

Суд ушбу қарорнинг 22-банди 1-хатбошисида қайд этилган раҳбарий тушунтиришларга ҳам таянди. Унда айбдор қўллаган зўрлик унинг айби билан қамраб олинмаган ҳолатлар бўйича келиб чиққан бўлса, Жиноят кодексининг 111 (эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш) ёки 102 (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) оддалари билан малакаланиши белгиланган. Бундай пайтда баданга қасддан етказилган шикастлар алоҳида юридик баҳоланиши керак. Бундай ҳаракатларда жиноий жазога тегишли қилмиш белгилари мавжуд бўлса, жавобгарлик жиноятлар мажмуи бўйича келиб чиқади.

Воқеа тафсилотидан маълумки, Э. Одилов С. Қодировни ургани натижасида у зинапояга йиқилган. Йиқилиши оқибатида бошидан жароҳат олган. Бироқ Э. Одилов С. Қодировга ўрнидан туришига ёрдам берган. Бу эса, унинг қилмиши оқибатларига бефарқ бўлмагани ва бундай оқибатлар рўй беришини истамаганини кўрсатади. Шу боис суд Э. Одиловнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми билан қайта малакалади.

Бундан ташқари Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори 2-бандига мувофиқ Э. Одилов намунали хулқи билан ўзини кўрсатганини инобатга олиб, у содир этган жиноят ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган деб ҳисоблади. Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) га асосан Э. Одиловни жазодан озод қилди ва у суд залида қамоқдан озод этилди.

Шу тариқа қонунларимизда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойиллари туфайли навқирон ёшдаги Э. Одилов жазодан озод этилди.

Бундай бағрикенглик унга келгусида адашмаслик, ҳаётини тўғри йўлга солишга катта ёрдам бериши шубҳасиз.

Баҳодир АҲМЕДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Нарпай тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

photo_2024-03-29_15-48-22

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН… ОНА

Одатда алимент қарздорлиги ҳақида гап кетганда собиқ рафиқасига зарда қилиб, фарзандини моддий таъминлашдан бош тортиб юрган, бу билан унинг хунобини ошираётган эркак кўз олдимизда гавдаланади. Аммо баъзан қарздор аёл киши ҳам бўлиши мумкин.

Андижон шаҳрида яшовчи Ёрқиной Долимова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шундай оналик мажбуриятини бажармаган ҳамюртларимиздан бири эканига нима дейсиз?

Маълум бўлишича, Ёрқиной бир неча йил муқаддам фуқаро Қобилжон Долимов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Натижада 2007 йилда қизи Маликахон Қобулжонова, 2010 йилда эса ўғли Муҳаммаджон Қобулжонов туғилишган. Аммо вақт ўтиши билан эр-хотиннинг ўртасига совуқчилик тушиб, оиладан жанжал аримай қолади. Охир-оқибат Қобилжон билан Ёрқиной 2016 йилда ажрашиб кетишади. Ҳатто икки фарзанд­ ҳам уларни бир-бирига боғлаб қололмайди. Энг ачинарлиси, аёл жигарбандларини хўжайинига ташлаб кетади. Бундай бағритошлик бутун маҳаллани, қариндош-уруғ ва таниш-билиш­ларнинг ҳам дилини хуфтон қилади. 

Шундан сўнг Қ. Долимов Ё. До­лимовадан алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Суднинг 2016 йил 13 октябрдаги суд буйруғига асосан бераҳм онадан собиқ хўжайини фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Лекин…

Лекин Ёрқиной бошқа шахс билан турмуш қуриб, яна 3 нафар фарзандли бўлади. Малика ва Муҳаммаджоннинг моддий таъминоти ҳақида эса умуман ўйламайди. Яъни, зиммасидаги мажбуриятини йиллар мобайнида бажармайди. Аниқроғи, 2022 йилга келиб, унинг алиментдан қарздорлиги 85 миллион 896 минг сўмга етади. Оқибатда 2022 йил 15 декабрда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг қарорига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари – 300 минг сўм миқдорида жарима жазосига тортилади.

Аммо Ё. Долимова шунда ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармай, 2023 йил 13 апрелдан 2023 йил 1 декабр­га қадар алиментни тўламайди.

Қарабсизки, ҳаш-паш дегунча аёлнинг бўйнида яна 15 миллион 677 минг сўм қарздорлик пайдо бўлади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади… 

Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Ёрқиной Долимовани Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисми билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 700 минг сўм жарима жазосига маҳкум этди. Шунинг­дек, суд ҳукмида судланувчидан Қ. Долимов фойдасига 15 миллион 677 минг сўм алимент пулларини ундириш ҳам белгиланди. 

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича 

Андижон шаҳар судининг судьяси

photo_2024-03-29_15-36-39

ГУЛТУВАКДАГИ “ОҒУ”

Гиёҳвандлик инсон ҳаётини издан чиқариб, жамиятда турли оғир муаммоларни юзага келтирадиган хавфли жиноий қилмиш ҳисобланади. Шу боис дунё миқёсида ушбу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан унинг домига тушиб қолаётган кимсалар йўқ эмас.

Шаҳрисабзлик Манзура Усмонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўзи англаб-англамаган ҳолда ноқонуний қилмишга қўл урди. Аниқроғи, айни пайтда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланган гиёҳвандлик балосига қарши курашиш  ҳар бир шахс учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлган бир даврда у ўз хонадонида гиёҳвандлик моддаси бўлган “марихуана” ўсимлигини гултувакда экиб, пинҳона парваришлаб келган. Бу қалтис ишни умр йўлдоши ва фарзандларидан ҳам сир тутгани ҳам унинг қинғир ниятда эканини яққол исботлайди. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилганда унинг қилмиши ошкор бўлди.

Суриштирув ва тергов жараёнида Манзура Усмонова тегишли жазодан қутулиш илинжида турли хил важ ва баҳоналарни рўкач қилиб, сувдан қуруқ чиқиб кетишга уринди. Аммо рад этиб бўлмас далиллар унинг важларини тўлиқ инкор этди.

Айтиш керакки, жиноий қилмиш қай кўринишда бўлмасин, унга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тайин. Шу боис судда Манзура Усмоновага нисбатан қонуний жазо тайинланди.

Азал-азалдан шоиру фузалолар, аҳли донишлар ўз асарларида аёл қалбини, унинг кўрку латофатини масъумлик тимсоли бўлган гулга қиёслаб келган. Бироқ М. Усмонованинг анвойи гуллар экиб, атрофни чаманзорга айлантириш ўрнига инсонни залолат  чоҳига етакловчи оғуни ўз қўли билан экиб, парваришлаб келаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, ўзи, оиласи, яқинлари, бутун жамият тақдирини ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Зеро, гиёҳвандлик инсон ҳаётига таҳдид солувчи энг хавфли иллатдир.

Шавкат ТУРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрисабз тумани суди раиси,

Абдунаби  БОБОЁРОВ,

журналист

photo_2024-03-29_15-11-06

ИЖРОСИ КЕЧИКТИРИЛГАН ЖАЗО

Маълумки, ҳаётда жиноий қилмиш содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашдан кўзланган мақсад — уни ахлоқан тузатиш ва бошқа жиноятлар содир этишининг олдини олишдан иборатдир. Бироқ айрим кимсаларнинг бундан тўғри хулоса чиқариш ўрнига яна жиноятга қўл уриши афсусланарлидир.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, каттақўрғонлик Фарида Холмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилган) икки нафар фарзанди билан оиласидан ажрашгани етмагандек, муқаддам Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ф. Холмуродовага нисбатан қонунчиликдаги инсонпарварлик тамойили татбиқ этилиб, у жазони ўташдан муддатдан илгари шартли равишда озод этилган.

Аммо Ф. Холмуродова ўзига нисбатан кўрсатилган бағрикенгликнинг қадрига етмади. Аксинча, у яна жиноят содир этди. Аниқроғи, Ф. Холмуродова жазодан шартли равишда озод қилингач, “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Каттақўрғон туманлараро маркази”да вақтинча яшаётган пайтда М. Маликованинг нархи 1 миллион 700 минг сўмлик телефон аппаратини ўғирлади.

Табиийки, унинг бу қилмиши тез орада ошкор бўлди ва суд мажлисида унинг жиноий қилмишига ҳуқуқий баҳо берилди. Унга нисбатан икки йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Айтиш керакки, қонунларимизда инсонпарварлик тамойиллари ўзининг теран ифодасини топган. Буни таъкидлашдан мақсад шуки, судланувчи Ф. Холмуродовага нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси (ҳукмнинг ижросини кечиктириш) 1-қисми 3-банди қўлланилди. Чунки Ф. Холмуродованинг қарамоғидаги 2021 йил 10 сентябрда туғилган фарзанди ҳали уч ёшга тўлмаган. Шу сабабли унга нисбатан суд томонидан тайинланган жазо ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилди.

Ф. Холмуродова ўзига кўрсатилган бу бағрикенегликдан қандай хулоса чиқаришини энди олий ҳакам бўлган вақт кўрсатади.

Темур АЛМАМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон тумани суди раиси

photo_2024-03-29_14-12-35

ҚИММАТГА ТУШГАН БЕПИСАНДЛИК

Маълумки, шахснинг тайинланган озодликни чеклаш жазоси чекловларини бузиши унга нисбатан оғирроқ турдаги бошқа жазога алмаштиришга сабаб бўлади.

Масалан, Жомбой туманида яшовчи Акмал Ҳасанбоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) содир этган жиноий қилмиши учун уч йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазосини ўташ тартибини менсимай, белгиланган чекловларни бузган. Шу боис Жомбой тумани ички ишлар бош бошқармаси пробация бўлими судга тақдимнома билан мурожаат қилиб, А. Ҳасанбоев томонидан ўташдан бўйин товланган озодликни чеклаш жазосининг ўталмасдан қолган муддатини оғирроқ жазо турига алмаштиришни сўради.

Шундан сўнг хатосини англаб, нима қилишни билмай қолган А. Ҳасанбоев пробация гуруҳи инспектори Э. Абдуназаровга учрашади ва унга тақдимномани суддан қайтариб олиш эвазига 1 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади.

Пробация гуруҳи инспектори бундай ҳаракат қонунга хилоф эканини қайта-қайта тушинтирса-да, А. Ҳасанбоев инспекторнинг олдига 7 миллион 450 минг сўмни қўяди. Инспектор дарҳол бу ҳақда билдирги ёзиб, раҳбариятдан чора кўришни сўрайди. Ушбу билдирги асосида А. Ҳасанбоев қўлга олинади ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Суд мажлисида А. Ҳасанбоевнинг айби тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Судланувчи А. Ҳасанбоев Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан айбдор деб топилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) га биноан жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани судининг 2021 йил 23 июлдаги ҳукми билан тайинланиб, жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судининг ажрими билан алмаштирилган икки йил ўн тўққиз кун озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмасдан қолган муддати тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосига қисман қўшилиб, узил-кесил икки йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, қонунни менсимаслик, устига-устак пора беришга уриниш А. Ҳасанбоевга қимматга тушди. У халқимизнинг “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деган нақлининг мағзини чақолмади.

Натижада коррупциядек хавфли жиноятга қўл урди. Бу эса, ўз навбатида, қонуний жазога асос бўлди.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Жомбой тумани суди раиси

photo_2024-03-28_16-36-39

ОИЛАГА БЕФАРҚЛИК ОХИР-ОҚИБАТ АЯНЧЛИ ЯКУН ТОПДИ

Ҳаётда инсон учун оиладан муқаддас ва азиз гўша топилмайди. Чунки ҳар биримизнинг умримиз асосан оилада кечади, бу муқаддас даргоҳда келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимиз туғилиб, улғаяди. Айниқса, халқимизга хос миллий қадрият ва эзгу анъаналар ушбу муқаддас гўшада ривож топишини эътиборга олсак, унинг нақадар улуғлиги янада яққолроқ намоён бўлади. Халқимиз қушнинг ҳам ини бузилмасин, дея бежизга айтмаган. Нега деганда, бир оиланинг бузилиши, нафақат эр ва хотин, балки фарзандлар тақдирида ҳам аянчли из қолдиради. Бу ҳақида бежизга фикр юритаётганимиз йўқ. Чунки турли хил иллатлар сабабли бузилиб кетаётган оилалар ҳамон учраб туради.

Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

Шофиркон туманида яшовчи Аббос Мирзақулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан ўн тўққиз йил бурун Сарвиноз Тўхтаева билан турмуш қуради. Бу орада улар икки нафар фарзанд кўришади. Чамаси ўн йил олдин А. Мирзақулов хорижий давлатга ишлашга кетади. Шундан буён у йилига бир марта қишлоққа келиб-кетиб туради.

Аммо у ўтган йилнинг 2 июнида кутилмаганда она юртига қайтиб келади.

Бироқ бу гал ўзининг уйига эмас, балки тўппа-тўғри укаси Валишерникига боради. Бунинг сабаби умр йўлдоши ҳақида нохуш хабар эшитганида эди.

Гап шундаки, ўтган йил май ойида С. Тўхтаева даволаниш учун касалхонага ётади. Кунларнинг бирида қайнсинглиси Тўлғаной ундан хабар олиш учун шифохонага борганда унинг оқ рангли “Cоbаlt” русумли автомашинада бегона эркак билан гаплашиб ўтирганини кўриб қолади.

Шунда қайнсингилнинг кўнглида С. Тўхтаевага нисбатан шубҳа-гумон пайдо бўлади. У укаси Валишерга қўнғироқ қилиб, кўрганини оқизмай-томизмай айтиб беради. Бу хабарни эшитгач, Валишер ҳам тинчини йўқотади. У дарҳол касалхона атрофидаги кузатув камераларини кўздан кечиришга тушади. Видеотасвирларда С. Тўхтаеванинг қўшни қишлоқда яшовчи дўкончи билан учрашгани акс этган эди.

Валишер ғазаб ва аламдан ўзини қаерга қўйишни билмай дарҳол ушбу видеотасвирларни акаси А. Мирзақуловга жўнатади. Ўз навбатида, у хотинидан видеотасвирлардаги ҳолатни тушунтириб беришни талаб қилади. Бунга жавобан С. Тўхтаева дўкончи билан муносабатини очиқчасига тан олади. Бундай хиёнатни кутмаган А. Мирзақулов хотини билан ажрашишга қарор қилади ва айни мақсадда хориждан қайтиб келади.

Қисқаси, А. Мирзақулов укасининг уйига келгач, С. Тўхтаевага қўнғироқ қилиб, уйдан чиқиб кетишни талаб қилади. Аммо С. Тўхтаева унинг талабига рози бўлмайди. Шундан сўнг А. Мирзақулов қонуний тартибда ажрашиш мақсадида ҳимоячи билан шартнома тузиб, фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига С. Тўхтаева билан тузилган никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво ариза билан мурожаат этади. Шунингдек, C. Тўхтаева билан бирга ҳудуд профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар бўйича вакилига учрашиб, уларни мақсадларидан хабардор қилади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, А. Мирзақулов С. Тўхтаева билан никоҳдан ажрашишда баъзи масалаларни келишиб олиш мақсадида уйига боради.

Ўғли ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳон топширишга, қизи аммаси Тўлғанойнинг уйига кетгани сабабли С. Тўхтаева ёлғиз эди.

Инсон табиатида шундай қусур бор: баъзилар баҳс-мунозара чоғида бир гапдан қолмайди. Ана шу қусур кўпинча жанжалга гўёки мой сепиб, аксарият ҳолларда унинг фожеали якунланишига сабаб бўлади.

— Алимент ундириш учун судга даъво аризаси бердим, — дейди важоҳат билан С. Тўхтаева. — Бундан ташқари мол-мулкнинг ҳам тенг ярмини оламан…

А. Мирзақулов эса, С. Тўхтаева хиёнат кўчасига кирмаганида бу гаплар бўлмаслигини уқтирмоқчи бўлади.

— Ким билан бирга бўлишим сизни қизиқтирмасин, — дея овозини баландлатади аёл. — Хоҳлаганимни қиламан…

С. Тўхтаеванинг бу гаплари А. Мирзақуловнинг нафсониятига тегиб, кўнглида рашк ва алам ўтини аланглатади. У ғазаб билан у С. Тўхтаевани кўксидан итариб юборади. Аёл тўшакка йиқилгач, ёстиқни унинг юзига узоқ вақт босиб туради. С. Тўхтаева жон ҳолатда типирчилаб, эрининг чангалидан қутулмоқчи бўлса-да, бунинг уддасидан чиқолмайди. Ўз хотинининг қотилига айланган А. Мирзақулов ички ишлар бўлимига бориб ариза ёзади.

— Хотинимни ўлдириш ниятим йўқ эди, — деди суддаги кўрсатмасида А. Мирзақулов. — Гаплари рашк ва жаҳлимни қўзғади, ўзимни тутиб туролмадим. Марҳуманинг яқинларидан кечирим сўрайман…

Суд судланувчига нисбатан жазо тайинлашда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни эътиборга олди. А. Мирзақуловни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ушбу аянчли қисмат ва аччиқ тақдир тафсилотини баён этишдан кўзланган мақсад хиёнати сабаб ҳаёти эрининг қўлида хазон бўлган аёлнинг оиласи ва фарзандлари тақдирига бефарқлигини таъкидлашдан иборат. Қолаверса, бу фожианинг келиб чиқишига А. Мирзақуловнинг йиллаб оила бағрига қайтмагани, эр-хотин ўртасидаги меҳрнинг музга айланишига сабаб бўлмадимикин?

Нима бўлганда ҳам хиёнат бир оиланинг тақдирига қора чаплади, эр-хотиннинг турмушини барбод қилди. Энг ёмони, бирининг ширин жони бевақт фожиали хазон бўлиши, иккинчисининг умри темир панжара ортида ўтишига сабабчи бўлди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Улуғбек БОЗОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шофиркон тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

photo_2024-03-28_16-02-08

ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРДА!

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътибор кундан-кун ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, барча давлат бошқаруви органлари, жумладан, судлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкламоқда. Хусусан, Олий судда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона ҳуқуқий тизим яратилиб, соҳага тааллуқли ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Олий суд Раёсатининг 2021 йил 9 ноябрдаги қарорига асосан “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва қуйи судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома янги таҳрирда тасдиқланди. Унда суд тизимида фуқаролардан умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш тартиби белгиланди.

Маълумки, судларга икки хил тоифада, яъни процессуал ва умумий мазмундаги шикоят аризалари билан мурожаат қилинади. Умумий мазмундаги мурожаатлар – хат, ариза, таклиф ва шикоят бўлса, процессуал мазмундаги мурожаатларга муайян низо ёки суд қарори билан боғлиқ бўлган ариза, даъво аризаси, илтимоснома, апелляция ва кассация тартибидаги шикоятлар киради.

Қонунчиликка мувофиқ, барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Умумий мазмундаги мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” қонунда белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлиб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Агар ариза ва шикоят муддати узайтирилса, бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

Кейинги йилларда судларга жисмоний ва юридик шахслардан мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада камайган. Жумладан, 2023 йилда судларга 138 минг 821 та мурожаат келиб тушган.

Шундан Олий судга 52 минг 287 та, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 66 минг 840 та, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга 17 минг 17 та, маъмурий судларга 2 минг 235 та, республика ҳарбий судларига 442 та мурожаат келиб тушган.

Олий судга келиб тушган мурожаатларнинг 20 минг 607 таси ёки 39,4 фоизи умумий мазмундаги, 31 минг 680 таси ёки 60,6 фоизи кассация ҳамда такрорий кассация тартибидаги шикоятларни ташкил қилган.

2023 йил давомида умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар олдинги йилдаги 24 минг 480 та мурожаатга нисбатан 15,8 фоизга камайган. Аммо кассация ҳамда такрорий кассация тартибидаги мурожаатлар 1 минг 84 тага ёки 3,5 фоизга кўпайган.

Албатта, мурожаатларнинг кўпайишини аҳолининг суд тизимига нисбатан ишонч ортиб бораётгани билан изоҳлаш жоиз.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят қилишга бўлган ҳуқуқ маҳкумга, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакилига, жабрланувчига ва унинг вакилига, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли, деб кўрсатилган.

Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар, яъни судланувчи ё маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари судга таъсир ўтказиш мақсадида юқори идораларга мурожаат йўллаш ҳолати кузатилмоқда.

Олий судга 2023 йил мобайнида айни шундай юқори идоралардан жами 6 минг 292 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 673 таси бошқа идораларга, 1 минг 329 таси қуйи судларга юборилган ва 3 минг 482 таси бўйича судга мурожаат қилиш талаби тушунтирилган.

Мурожаат қилиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик:

биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш;

иккинчидан, суд қарорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига, натижада муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлишига олиб келмоқда.

Фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратиш мақсадида Олий суд ташаббуси асосида 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекс, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекс, Иқтисодий процессуал кодекс ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга муҳим ўзгартиришлар киритилди. Шу асосда иш бўйича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қарорларини илова қилиш талаби бекор қилинди.

Бундан ташқари Олий суд раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахс вакилларини қабул қилиш жараёни кенг йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, 2023 йилда 5 минг 900 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинган.

Шундан 1 минг 863 нафар фуқаро сайёр қабул жараёнида, 3 минг 785 нафари бевосита идорада, 252 нафари видеоконференцалоқа орқали қабул қилинган. Олий суд раиси томонидан 2 минг 355 нафар жисмоний ва юридик шахс вакили қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналаридан Олий судга 2023 йилда 66 минг 840 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 63 минг 932 таси бўйича мурожаат муаллифларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ҳамда 2 минг 908 та мурожаат ижобий ҳал этилган.

Кези келганда шуни алоҳида қайд этиш жоизки, аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фаолиятида кенг қўллаш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Шу негизда фуқароларнинг Олий судга мурожаат қилиши учун қулай усулда кенг имкониятлар яратилмоқда.

Олий суднинг электрон почтаси (info@supcourt.uz), Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz), Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш (qabul.sud.uz) ва “SudUz” Телеграм-бот ишга туширилган. Фуқаролар Телеграм-бот орқали фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича мурожаат қилиш ва қисқа вақт ичида жавоб олиш имкониятига эга.

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимини жорий этиш орқали жисмоний ва юридик шахсларни судларга мурожаат қилишида қулайлик яратиш масаласи давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида турибди. Бу борада Президентимиз томонидан:

• 2017 йил 30 августда “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”;

• 2020 йил 3 сентябрда “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”;

• 2022 йил 29 январда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.

Янада муҳими, 2023 йил 16 январда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш, «Е-XSUD» ахборот тизимини такомиллаштириш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Мухтасар айтганда, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг мақбул йўли сифатида ҳаётимизга жорий этилган мазкур механизм суд тизимида ҳам қисқа фурсатларда ўз амалий натижаларини бера бошлади.

Олий суд ва қуйи судларда халқимизни рози қилиш йўлида аҳоли билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳар тарафлама тўлиқ, холисона ҳамда қонуний кўриб чиқилиши орқали адолатли қарорлар қабул қилиниши таъминланмоқда.

Султанмурат Ходжамуратов,

Нодирбек Комилов,

Олий суд масъул ходимлари

photo_2024-03-11_11-26-23

ЮЗАГА ЧИҚҚАН ҲАҚИҚАТ

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексига киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳукми, қарори ва ажримининг қонуний, асосли ҳамда адолатли бўлиши, ишларнинг шаффоф ва холисона кўриб чиқилиши, тарафлар тенглиги таъминланиши, шу тариқа одил судловга эришишда муҳим асос бўлмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган йил 23 октябрь куни суд иш юритувига Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айбланган Шеҳруз Тоғаев (исм-шарифлар ўзгартирилган)га оид жиноят иши келиб тушган. Айблов далолатномасида қайд этилишича, Ш. Тоғаев “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига тегишли “Нексия-3” русумли автомашинани бошқариб бораётиб, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-банди, 11-банди “г” кичик банди ва 77-банди талабларини қўпол равишда бузиши оқибатида автоҳалокат содир этган.

Аниқроғи, Ш. Тоғаев автомашинаси билан йўлни кесиб ўтаётган пиёда Н. Руминани уриб юборган. Бунинг оқибатида жабрланувчи тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Экспертиза хулосасида қайд этилишича, автоҳалокат оқибатида Н. Руминани биринчи, иккинчи, учинчи бел умуртқа суяклари синиши сингари умумий меҳнат қобилиятининг учдан биридан кўпроғини турғун йўқотишига сабаб бўлган оғир тан жароҳати олган.

Шу ўринда қонуний асосларга мурожаат этадиган бўлсак, Жиноят-процессуал кодексига киритилган дастлабки эшитув институти жиноий иш юритувининг судгача ва судлов жараёни орасидаги масофани белгилайди.

Мазкур процессуал жараён суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олади.

Қолаверса, дастлабки эшитув институти суд мажлисида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш билан бирга жиноят ишини очиқ суд мажлисида мукаммал муҳокама қилиш учун тайёргарлик кўришнинг энг афзал усулидир.

Дастлабки эшитув институтига тўхталишимизнинг боиси шундаки, 2023 йил 8 ноябрь кунига тайинланган суд мажлиси жараёнида жабрланувчи Н. Румина вафот этгани маълум бўлди. Марҳуманинг синглиси З. Румина судга опаси Н. Руминанинг ўлим ҳақида далолатнома ёзуви қайд қилинган 109-сонли маълумотномани тақдим этди ва ўзини жабрланувчи сифатида эътироф этишни сўради. Бу ҳақда судга илтимоснома киритди.

Илтимосномада Н. Румина 2023 йилнинг 12 октябрида вафот этгани ва марҳуманинг ўлими йўл-транспорт ҳодисаси натижасида олинган тан жароҳатлари билан боғлиқ эканини инобатга олиб, қонун нормаларини тўғри қўллаш учун жиноят ишини прокурорга қайтаришни сўраган.

Суд Жиноят-процессуал кодексининг 415-1-моддаси 2-қисми талабидан келиб чиқиб, жабрланувчининг илтимосномасини қаноатлантирди. Ш. Тоғаевга оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 416-моддасига асосан айбловни оғирроғи билан алмаштириш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материаллар илова қилинган ҳолда Самарқанд шаҳар прокурорига юборилди.

Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари томонидан тасдиқланган Ш. Тоғаевга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан эълон қилинган айблов иши яна суднинг иш юритувига қабул қилинди.

Мазкур жиноят ишидаги суд экспертиза марказининг 12-сонли хулосаси Ш. Тоғаевни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айблаш учун асос қилиб олинган. Яъни экспертиза хулосасида марҳуманинг тан жароҳатлари автомашинанинг ташқи бўртиб чиққан қисмлари урилиши натижасида юзага келгани, ушбу жароҳатлар “оғир тан жароҳатлари” турига кириши, бу ўз навбатида, ўлим сабаби билан бевосита боғлиқ экани қайд этилган.

Жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилаётганда, жабрланувчи З. Румина судланувчи Ш. Тоғаевга нисбатан даъвоси борлигини айтиб, баёнот берди. Чунки йўл-транспорт ҳодисасига қадар опаси соғлом бўлган. Шифохонага ётқизилгач, у олган жароҳатларидан сўнг умуман ўрнидан турмаган. Аммо ҳайдовчи Ш. Тоғаев бирон марта келиб унинг ҳолидан хабар олмаган, моддий ёрдам бермаган.

Жабрланувчи З. Румина судланувчидан жарроҳлик операцияси ва дори-дармон харажатларига сарфланган 16 миллион 930 минг сўмни ундириб беришни сўраб, касса чипталарини ҳам судга тақдим қилди.

Суд мажлисида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси вакили ва фуқаровий жавобгар С. Файзибоевнинг кўрсатма беришича, Ш. Тоғаев корхонага 2021 йилнинг 1 июлида ишга қабул қилинган ва бу ҳақда буйруқ мавжуд. Корхонанинг “Нексия-3”русумли автомашинаси унга бириктирилган. У ҳар куни автомашинани техник кўрикдан ўтказиб, тегишли йўлланма асосида хизмат қилиб келмоқда. Ш. Тоғаев айни вақтда ҳам корхонада ҳайдовчи сифатида ишлаб келмоқда, автоҳалокатдан сўнг автомашина таъмирланган, судланувчига нисбатан даъвоси йўқ.

Суд судланувчи Ш. Тоғаевнинг эҳтиётсизлик натижасида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузгани оқибатида одамнинг ўлимига сабабчи бўлишда ифодаланган жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган, деб топди.

Айтиш керакки, мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари Конституция ва қонун билан ҳимоя қилинади. Хусусан, Конституциямизнинг 29-моддасида “Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланиши ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қопланиши учун шарт-шароитлар яратади”, дея қайд этилган.

Аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, ҳайдовчиси Ш. Тоғаев автомобилларда ташиш хизмати кўрсатиб келиб, фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахс ҳисобланади.

Шунга кўра суд З. Руминанинг 16 миллион 930 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъвосини муҳокама қилишда амалдаги Фуқаролик кодексининг 999-моддасига таянди. Ушбу моддада “фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмаса, тўлаши шарт” деб кўрсатилган.

Суд юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, электр корхонаси ва судланувчи Ш. Тоғаев дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси давомида жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида зарар юзага келганини исботлай олмагани сабабли З. Руминанинг даъвосини қаноатлантирди. З. Руминанинг фойдасига 16 миллион 930 минг сўм миқдоридаги моддий зарарни “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”ҳисобидан тўлиғинча ундиришни лозим топди.

Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда Олий суд Пленумининг 2015 йил 26 июндаги “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 25-банди раҳбарий тушунтиришларига асосан уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашнинг имконияти йўқ, деган хулосага келди.

Шеҳруз Тоғаевга нисбатан қўлланилган муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди. Унга нисбатан икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа жиноят иши адолатли якунланди. Миллий қонунчилигимиз инсонпарварлик, одиллик ва демократик тамойиллар асосига қурилгани амалда яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари буйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,журналист

#thegov_button_69d06757adae4 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d06757adae4:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69d06757adae4 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69d06757adae4:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!