Click to listen highlighted text!

ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБРЛАНГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИ ТАЪМИНЛАШ

photo_2025-09-12_19-12-42

Бугун Тошентда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган шу мавзудаги конференция бўлиб ўтди.

Тадбир бошида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М. Оллоёров, Олий суд раиси Б. Исломов, Бош прокурор Н. Йўлдошев ва Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Махкамова, кейинги йилларда мамлакатимизда шахсларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масаласида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлаб, бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида” ҳамда “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциялари талабларига риоя этилишига алоҳида аҳамият берилаётганлигини қайд этди.

Эътироф этилганидек, халқаро ташкилотларнинг тавсиялари ва илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2024 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонунда зўравонлик турлари аниқ белгилаб берилди. Ушбу тарихий ҳужжат жабрланувчи болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим муассасаларида зўравонликнинг олдини олиш чораларини кўзда тутади.

Ўз навбатида, Конституциямизнинг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги қатьий белгиланди.

Ушбу масалаларнинг кафолати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ўз аксини топиб, унга асосан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янги тизими жорий қилиниб, таълим ва меҳнат муносабатларида зўравонликнинг олдини олиш чоралари кўрилди.

Тазйиқ ёки зўравонликдан жабрланган шахсларга ҳимоя ордерини бериш тизими янада такомиллаштирилди.

Бунда ҳимоя ордерини бериш билан бир вақтда зўравонни тузатиш дастури ишлаб чиқилиб, у «Инсон» маркази билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш стандарти тасдиқланди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида миллий қонунчиликка янги жазо турлари киритилди.

Шунингдек, бу турдаги жиноятлар учун жазо чораларини, айниқса, жинсий зўравонликка оид жиноятлар учун санкцияларни кескин кучайтириш орқали бу иллатга қарши жазо муқаррарлиги таъминланди.

Қатор манфаатдор идоралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган бугунги конференцияда оилавий (маиший) зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар, шунингдек ушбу туркумдаги жиноятлардан жабр кўрган болаларга нисбатан содир этилаётган қилмишларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида фикр юритилди.

Тадбир тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга доир масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда амалга оширилиши керак бўлган чораларни атрофлича муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлди.

#thegov_button_69062b1e962a0 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69062b1e962a0:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_69062b1e962a0 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_69062b1e962a0:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!