ВАТАНПАРВАРЛИК ТАРБИЯСИ — ЖИНОЯТГА ҚАРШИ МУСТАҲКАМ ИММУНИТЕТ

Ҳаётда боланинг бегонаси бўлмайди. Донишмандлар болани ниҳолга қиёслашади. Ниҳол тўғри парвариш қилинса, келажакда азим дарахт бўлади. Худди шундай, бола тарбиясида хатога йўл қўйилмаса, у комил инсон бўлиб вояга етади. Ҳолбуки, фарзанд тарбиясида йўл қўйилган кичкина хато ҳам изсиз кетмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда “жиноятга қарши иммунитет”ни шакллантириш зарур. Бунда болалар бўш вақтини мазмунли ўтказишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, тўғри таълим-тарбия олишлари учун ота-оналар ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб боришни тизимли асосда ташкил этиш ниҳоятда муҳим.
Ҳақиқатан ҳам, боланинг жиноятчи ёки ҳуқуқбузарга айланиб қолишининг турли сабаби ва омиллари бор. Бу борада, айниқса, назоратсизлик ва таълим-тарбиядаги камчиликларни, қолаверса, вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш ҳамда унга қарши бевосита кураш олиб бориш вазифалари зиммасига юкланган органлар фаолиятидаги айрим нуқсонларни қайд этиш мумкин.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳаётий мисолларга тўхталамиз.
Жумладан, 2024 йил 21 октябрь куни соат, тахминан, 13.30 ларда жамоат жойи ҳисобланган Ангрен шаҳар ҳудудидаги умумий ўрта-таълим мактаби олдидаги бўш ер майдонида мактаб ўқувчилари – вояга етмаган Ҳуснора (исмлар ўзгартирилган) ва Дилфузахон бошқа бир вояга етмаган қизни, яъни Гулчеҳрани уриб, унга тан жароҳати етказган. Оқибатда Гулчеҳра шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судининг 2025 йил 3 мартдаги ҳукмига кўра, ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Яна бир мисол. Пскент туманида яшовчи вояга етмаган Ғуломжон 2025 йил 6 апрель тунги вақтда маҳаллалардан биридаги хонадон олдида турган “Кобалт” русумли автомашинанинг юкхонасини очиб, у ердан 200 АҚШ долларини олади ва қочиб кетади.
Аммо у тез орада қўлга тушди. Жиноят ишлари бўйича Пскент тумани судининг 2025 йил 16 майдаги ажримига кўра, унга нисбатан очилган жиноят иши жабрланувчи билан ярашилганлиги учун тугатилди.
Бошқа битта мисол. Ота-она қарамоғида яшайдиган, ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Дилмуродга жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2025 йил 21 январь кунидаги ҳукмига кўра, 1 йил 11 ой 28 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Лекин у бундан тегишли хулоса чиқармаган. Оқибатда, Дилмурод орадан бир ой ҳам ўтмасдан, 2025 йил 10 февраль куни изма-из икки марта “Дамас” русумли автомашинасини олиб қочган.
Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судининг 2025 йил 4 апрелдаги ҳукмига кўра, вояга етмаган Дилмуродга 2 йил муддатга, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2025 йил 21 январдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Вояга етмаганлар содир этган ҳуқуқбузарликларни асосан безориликлар, тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш, ўғирлик каби иллатлар ташкил этади. Баъзида оиласи иқтисодий қийинчиликни бошдан кечираётган, баъзида эса, ўзига тўқ ота-она томонидан эркин қўйилган болалар ҳам ноқонуний ҳаракатлар содир этиши кузатилмоқда.
Айниқса, ота-она томонидан назорат сусайганда ўсмирга кўчадаги тенгдошлари томонидан ўтказиладиган таъсир ошади. Болаликда тенгдошлари томонидан қабул қилинмаган ва ажратиб қўйилган шахслар жиноят содир этишга кўпроқ мойил бўлади.
Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолати Тошкент вилоят суди томонидан доимий таҳлил қилиб борилмоқда. Ушбу таҳлиллар ҳақиқий аҳволни кўрсатиб, эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишларни белгилаб беради.
Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида жорий йилнинг ўтган биринчи ярмида жами 180 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан 133 та жиноят иши кўрилган. Шундан 155 нафар ўсмирга айблов ҳукми чиқарилган бўлиб, 23 нафарига нисбатан иш тугатилган, 1 нафарига тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган.
Албатта, вояга етмаганлар жиноятчилиги таҳлили бу иллатни камайтириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим муассасалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, тегишли идоралар, кенг жамоатчилик вакилларининг доимий ҳушёрлигини, турли тарғибот ва ташвиқот ишлари орқали муттасил курашиши талаб этилишини кўрсатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ёшлар – келажагимиз. Уларни қандай тарбиялашимиз келажагимизни белгилайди. Шу маънода, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом, билимли, дунёқараши кенг ва ватанпарвар этиб вояга етказиш келажагимиз гаровидир.
Дилшод ТАДЖИБАЕВ,
Тошкент вилояти
суди раиси