Click to listen highlighted text!

«КЕЧИККАН» ҚАРЗ СУД ТОМОНИДАН УНДИРИБ БЕРИЛДИ

photo_2025-05-13_11-37-48

Бугун мамлакатимизнинг қай бир ҳудудига борманг, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуси туфайли тадбиркорлик фаолияти кун сайин ривожланиб бораётгани, шу орқали юртдошларимизнинг турмуш тарзи ҳам фаровонлик касб этаётганига гувоҳ бўлишингиз аниқ. Шу маънода айтганда, судлар ҳам тадбиркорларнинг чинакам ҳуқуқий ҳимоячиси ва таянчига айланиб бормоқда.

Тошкент туманлараро иқтисодий судига Юнусобод тумани адлия бўлими томонидан “POYTAXT G‘OYA TAOM” масъулияти чекланган жамият манфаатини кўзлаб, киритилган даъво аризаси ҳам фикримизга мисол бўла олади.

Гап шундаки, 2022 йил 5 январь куни “POYTAXT G‘OYA TAOM” масъулияти чекланган жамият билан Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўртасида ҳудуддаги 13 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини амалдаги санитария қоидалари ҳамда гигиена меъёрларига мувофиқ ҳолда бир кунда 3 маҳал (нонушта, тушлик, иккинчи тушлик,) ҳафтада 5 кун овқатлантиришни ташкил этиш бўйича 1- ва 2-сонли шартномалар имзоланган.

Шундан сўнг тадбиркор 13 та боғчага озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш орқали 4 миллиард 725 миллион 418 минг сўмлик иш бажарган.

Бироқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими шартномада кўрсатилган қарзини бир ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида тўламаган.

Ваҳоланки, юқорида қайд этилган шартномаларнинг 4.1.1 ҳамда 4.6.1-бандига мувофиқ, тўловлар олдиндан 15 фоиз миқдорида, қолгани эса, ҳисоб фактура ва бажарилган ишлар далолатномаси расмийлаштирилгач, 5 иш куни мобайнида амалга оширилиши керак эди. Ҳолбуки, Фуқаролик кодексининг 244-моддасида агар қонунчилик ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мажбуриятни бажаришни кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб бажаришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Буни қарангки, “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида иш тутган туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими “POYTAXT G‘OYA TAOM” масъулияти чекланган жамиятнинг 2024 йил 26 августда юборган қарздорликни бартараф этиш хусусидаги 26/24-сонли талабномасини ҳам оқибатсиз қолдирган.

Бинобарин, жамият раҳбари Воҳиджон Бургутов Юнусобод туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, амалий ёрдам беришни сўраган.

Таъкидлаш лозимки, Бош Қомусимизнинг 55-моддасига асосан, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 703-моддасида “Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса, бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади”, 705-моддасида эса, “Буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт” дея қайд этилган.

Ана шу асосларга таянган Тошкент туманлараро иқтисодий суди адлия бўлимининг даъвосини тўлиқ қаноатлантириб, Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан “POYTAXT G‘OYA TAOM” масъулияти чекланган жамият фойдасига 4 миллиард 725 миллион 418 минг сўм маблағни ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шу ўринда яна бир мулоҳазани ҳам қайд этиш жоиз. Гап шундаки, суд қарорида жавобгардан 94 миллион 508 минг сўм миқдорида давлат божи ундириш ҳам белгиланди. Бошқача айтганда, шартномавий муносабатга нисбатан эътиборсизлик, мажбуриятни ҳис қилмаслик Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига шунча миқдорда зарар етказди.

Албатта, судлар фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратилмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган, тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир.

Баҳодир СУЛТОНОВ,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди судьяси

#thegov_button_6842c20bce825 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6842c20bce825:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6842c20bce825 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6842c20bce825:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!