ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОҚИБАТИ
Йўлларда хoҳ пиёда, хoҳ ҳайдовчи сифатида ҳаракатланаётганда амалдаги қоидаларга қатъий риоя этишимиз, масъулият ва ҳушёрликни унутмаслигимиз ҳaр биримизнинг ҳaётимиз хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Серқатнов йўл эса, тасодифлардан холи эмас. Афсуски, кўпинча ҳайдовчининг эътиборсизлиги ёки йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этмаслиги оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар учраб туради. Бунга қуйидаги воқеа ҳам мисол бўла олади.
Судланувчи О. Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2023 йил 21 октябрь куни соат 1.00 ларда бошқарувидаги “Nexia-1” русумли автомашинани Бахмал тумани ҳудудидан “Ўсмат — Ғаллаорол” йўналиши бўйлаб ҳайдаб бораётиб, кутилмаганда тезликни оширади ва натижада бошқарувни йўқотади. Оқибатда кўз очиб юмгунча ўтган фурсатда мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Бунинг натижасида автомашина салонида бўлган йўловчи Қ. Афтондилов оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этади.
Суд-тиббий экпертизасининг 2023 йил 31 октябрдаги 65-сонли хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига қўш жароҳатлар: бош миянинг ёпиқ жароҳати, бош мия пардалари устига, остига ва мия тўқималарига кўп миқдорда қон қуйилиши, тўқималарнинг эзилиши, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғининг ёпиқ жароҳати, ўнг томондан кўплаб қовурғаларнинг синиши сингари жароҳатлар сабаб бўлгани қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг ҳукмига кўра судланувчи О. Мирзаев Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди, унга 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Гувоҳи бўлганингиздек, ҳайдовчининг биргина йўл ҳаракатлари қоидаларига амал қилмагани, ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни унутгани бир одамнинг умрига зомин бўлди. Шунинг учун ҳам, жамиятдаги барча қонун-қоидалар яхшиликка қаратилган эзгу мақсадлар эканлигини эсдан чиқармаслик лозим.
Мақсуд Эрназаров,
жиноят ишлари бўйича Бахмал тумани суди раиси