Click to listen highlighted text!

ТАСВИРГА ОЛИНМАГАН КИНО ЁХУД ФИРИБГАРНИНГ АНТИҚА АЛДОВИ

photo_2024-07-12_17-10-32

“Самарқанд шаҳрида илк маротаба 7 ёшдан 70 ёшгача ўткир сюжетли “Қабр” номли фильмга кинокастинг ўтказилади! Шошилинг, имкониятни қўлдан бой берманг! Манзил: Пастдарғом тумани “Маданият” бўлими зали”.

Айтиш керакки, Жума шаҳридаги “Маданият” бўлими биноси ва гавжум масканларга осиб қўйилган ушбу эълон катта-кичикни бирдек қизиқтириб қўйди. Айниқса, бу эълон интернет тармоқлари орқали ҳам тарқатилгач, нафақат пастдарғомликлар, балки қўшни тумандагиларнинг ҳам эътиборини тортди.

Бу ёғини сўрасангиз, суратга олиниши режалаштирилаётган фильм режиссёри Раҳмат Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) пойтахтдан келган, бир қатор фильмларда маҳорат билан роллар ижро этган экан.

Қўлида “Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари” деган гувоҳномаси ҳам бор.

Орадан кўп вақт ўтмай, Жума шаҳридаги “Маданият” бўлимига кинода роль ижро этиш истагидаги талабгорлар омадларини синаб кўриш учун оқиб кела бошлади. Р. Раҳимов дастлаб уларга шу кунгача олган фильмлари ҳақида маълумот берар ва лавҳаларини қўл телефони орқали кўрсатар эди. Сўнгра энди суратга олиниши режалаштирилаётган “Қабр” фильми, воқеалар ривожи, қаҳрамонлар, қаерда олиниши, муваффақияти хусусида тўлиб-тошиб гапирарди. Айниқса, фильмнинг кенг қамровлилиги, бир эмас, 5 нафар бош қаҳрамон ва катта-кичик ёшдаги ёрдамчи қаҳрамонлар образидан иборатлиги талабгорларнинг қизиқишини баттар оширарди.

*      *      *

– Сиз бош қаҳрамон ролига жуда муносибсиз! – деди Р. Раҳимов ўзини Шаҳрўз Имомов деб таништирган, баланд бўйли, 26 ёшли йигитга. – Аммо кинога суратга тушишнинг ўзига хос шартлари бор. Аввало харажатлар учун 1 200 АҚШ доллари тўлашингиз керак. Чунки ҳар ким ўз роли учун кетадиган сарф-харажатни ўзи қоплаши лозим. Бош қаҳрамон бўламан деганлар жуда кўп, харажатига ҳам тайёр, фақат уларнинг ташқи кўриниши тўғри келмаяпти. Бу фильмда кўпгина машҳур актёрлар ҳам рол ижро этишади, улар орқали таниқли бўлиб кетишингиз аниқ. Вақт жуда қисқа, кечгача ўйлаб кўриб, аниқ жавобини айтинг…

Кинода роль ижро этиш орзуси ушалаётган Ш. Имомов ўйлаб ҳам ўтирмай талаб қилинган пулни дарҳол Р. Раҳимовга олиб келиб беради. Шундан сўнг режиссёр бўлажак актёрга тез орада суратга олиш жараёни бошланишини айтгач, иккиси эски таниш­лардек қуюқ хайрлашишади.

Ботир Ғаффоров ҳам кинодаги ролини бошқа биров илиб кетмаслиги учун режиссёр талаб қилган 900 АҚШ долларини тўлайди. “Кастинг”дан муваффақиятли ўтган яна бир талагор, 7-синф ўқувчиси Ҳалимжон Самадов кинода суратга тушиш учун 150 АҚШ доллари ва 300 минг сўм беради. Унинг холаваччаси Анвар эса, 50 АҚШ доллари эвазига фильмда роль ижро этиш имкониятини қўлга киритади.

Хуллас, саккиз кун давом этган “кастингда” 30 нафар фуқаро иштирок этиб, уларнинг 13 нафари (тўғрироғи, пул тўлаганлар) танлаб олинади.

Талабгорлардан 23 619 814 сўм миқдордаги маблағни қўлга киритган Р. Раҳимов уларни пойтахтга олиб кетади. Йўл харажатларини ҳам ўзлари қоплашган бўлажак актёрлар пойтахтдаги “Макро” супермаркетининг 3-қаватидаги ресторанда йиғилишади. Аммо негадир суратга олиш жараёни жуда қисқа кечади – атиги 3-4 дақиқа, холос. Р. Раҳимов буни вақтнинг тиғизлиги билан изоҳлаб, фильмнинг қолган қисмлари Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларида суратга олинишини маълум қилади.

*      *      *

Орадан икки ҳафта ўтгач, Р. Раҳимов бош роль ижрочиси Шаҳруз Имомовга қўнғироқ қилиб, пойтахтга тезроқ етиб келишни тайинлайди.

– Раҳбарият фильмнинг давомини хорижда суратга олиш ҳақида топшириқ берди. Тўртта давлатда тасвирга олинади, — дейди Р. Раҳимов Ш. Имомовни қучоқ очиб кутиб оларкан. – Шунинг учун яна 4 800 АҚШ доллари тўлашингизга тўғри келади. Фақат сизни олиб кетамиз, қолган барча лавҳаларни олиб бўлдик. Кейинги ойда хорижга жўнаб кетамиз…

Р. Раҳимовнинг гапини эшитгач, Ш. Имомовнинг кўнглида шубҳа туғилади: “Битта роль учун 6 000 доллар (аввал 1 200 тўлаган) кўп эмасми?! Ҳақиқатан ҳам, шу фильм суратга олинадими? Нега ҳалигача бирорта таниқли актёрнинг қораси ҳам кўринмайди?! Бу ерда бирон-бир алдов йўқми, ишқилиб?!”.

Қисқаси, ана шундай шубҳа-гумонлар гирдобида қолган Ш. Имомов кинофильмнинг ўзи, суратга олиш жараёнлари ҳақида сўраб-суриштиришга тушади ва охир-оқибат буларнинг бари алдов экани, унинг ўзи фирибгар усталик билан қўйган тузоққа тушганини англаб етади.

Шундан сўнг у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Натижада Р. Раҳимов Ш. Имомовдан 4 800 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинади.

*      *      *

Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди Р. Раҳимовга дастлабки тергов томонидан қўйилган айбловни муҳокама қилиб, унинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади. Айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, ёши, шахси, оилавий шароити, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганини инобатга олиб, Р. Раҳимовга ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорида давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Шу ўринда кимдадир “Бу жазо унга нисбатан енгил-ку, шунча қилғиликни қилган кимсани озодликдан маҳрум этиш, янада оғирроқ жазо тайинлаш лозим эди”, деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Тўғри, Р. Раҳимов эгрилик йўлини тутди, ўзгаларнинг ҳуқуқи ва ишончини суиистеъмол қилди. Бироқ инсонпарварлик тамойилларига йўғрилган амалдаги қонунларимизда жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши белгиланган. Бундан кўзланган мақсад — бир тарафдан, жабрланувчиларнинг ҳуқуқини қисқа вақтда тиклаш бўлса, иккинчи тарафдан эса, жавобгарга оиласи, фарзандлари, жамиятдан ажралмаган ҳолда тузалиш йўлига ўтишга имконини беришдир.

*      *      *

Ҳар бир жиноят, унинг келиб чиқиши, иштирокчилари, сабаб ва омиллари, жавобгарлари-ю жабрланувчиларнинг хатти-ҳаракатлари таҳлил этилганда шу савол доимо кўндаланг бўлади: “Аслида айб кимда? Ушбу фирибгарлик жиноятининг содир этилишига нима сабаб бўлди?”.

Албатта, аксарият ўқувчилар “айб жиноятчида!” дейиши тайин. Аслида ҳам шундай. Аммо масалага чуқурроқ ёндошиб, батафсил таҳлил қиладиган бўлсак, жабрланувчиларнинг ҳам айби борлиги ойдинлашади.

Зеро, суд очеркларини ёзишдан асосий мақсад ҳам шу: рўй берган жиноий қилмишни таҳлил этиш орқали унинг келиб чиқишига сабаб бўлган иллатларни кўрсатиш, жамоатчиликни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этишдир.

Р. Раҳимов судда берган кўрсатмасида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, икки йил муқаддам “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган иккита фильмда рол ижро этгани, 2018 йил август ойида Ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар Кенгаши қошидаги “Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари” лавозимига ишга қабул қилингани, кейинчалик ишдан кетгани, 2019 йил январь ойида пулга муҳтож бўлиб қолгани сабабли фирибгарлик йўлига киргани, ғаразли ниятини амалга ошириш учун ўзининг компьютерида эълон тайёрлаганини маълум қилди. Шундан сўнг Жума шаҳридаги “Маданият” бўлимига бориб, раҳбариятга ўзини режиссёр сифатида таништиргани, исботи юзасидан тушган киноларининг нусхаларини кўрсатгани ва уларнинг розилигидан сўнг эълон орқали “кастинг” ўтказганини тан олди.

Шу ўринда ушбу фирибгарлик қилмиши ҳақида фикр юритганда, унинг рўй беришининг бир қатор сабаблари бор эканини таъкидлаш жоиз. Хусусан, фирибгар кимса ғаразли қилмишини амалга оширишни кўзлаган жой — Жума шаҳридаги “Маданият” бўлими мутасаддилари “кастинг” ўтказишига розилик беришидан аввал фирибгарнинг тегишли ҳужжати – кино олиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги махсус рухсатномаси бор-йўқлигини сўраши керак эди. Аммо “Маданият” бўлими мутасаддилари бунга масъулиятсиз билан қарашган ва ўз навбатида, бу эътиборсизлик ва лоқайдлик фирибгар ўз қилмишини эмин-эркин амалга оширишига имкон яратган.

Иккинчидан, Р. Раҳимовнинг қўлидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати ҳам аллақачон ўтганига ҳеч ким эътибор бермаган. Ҳолбуки, бу фирибгар кимса Ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар Кенгаши томонидан берилган “Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари” гувоҳномасини рўкач қилиб, талабгор ва ота-оналарнинг ишончига кирган. Буни айтишдан мақсад шуки, масъул ташкилот уни ишдан бўшатаётганида ушбу гувоҳномани қайтариб олиш масаласига эътиборсизлик билан қарамаганда, эҳтимол, бу фирибгарлик қилмиши рўй бермасди.

Шунингдек, ушбу фирибгарлик қилмишидан жабр кўрган ёшлар ва уларнинг ота-оналари хатти-ҳаракатини ҳам сира оқлаб бўлмайди. Чунки улар ўткинчи ҳою-ҳавасга берилиб, фирибгарнинг алдовига осонгина ишонишган. Ҳолбуки, улар бунга ҳушёр ёндошиб, барчасини сўраб-суриштирганда, овораю-сарсон бўлишмасди.

Юқорида баён этилганлардан ҳам кўринадики, ҳар қандай жиноий қилмиш, жумладан, фирибгарлик жинояти ҳам ҳушёрлик ва огоҳлик йўқолган, лоқайдлик ва эътиборсизлик пайдо бўлган муҳитда рўй беради.

Хулоса ўрнида айтиш керакк, ҳар бир ишда қонунийликка риоя этилса, ҳеч қандай муаммога ўрин қолмайди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

журналист

 

#thegov_button_6740380984a04 { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740380984a04:hover { color: rgba(255,255,255,1); }#thegov_button_6740380984a04 { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(48,98,198,1); }#thegov_button_6740380984a04:hover { border-color: rgba(49,49,49,0); background-color: rgba(38,83,172,1); } Skip to content Click to listen highlighted text!